muslim.uz

muslim.uz

Озарбайжон Республикасида дин уламоларининг ягона базасини яратиш билан боғлиқ ишлар олиб борилмоқда. Бу ҳақда islam-today нашри хабар берди.

Озарбайжонда ташкил этилган "Диний таълим: бугунги ҳолат ва мақсадлар" номли анжуманда нутқ сўзлаган Илоҳиётшунослик институти ректори Жейхун Мамедов бу ҳақда ўз нутқида айтиб ўтди. Таълим вазирлиги билан ҳамкорликда диний таълимнинг янги стандартлари ишлаб чиқилаётгани ҳам таъкидланган.

Эндиликда мамлакатда турк тилида бўлган бўлажак имомлар учун дарсликлар ўрнига янги ўқув қўлланмалар тайёрланади.

Маълумот учун, жорий йилнинг бошида Озарбайжонда Илоҳиётшунослик институти ташкил этилиши айтилган эди. Ушбу даргоҳнинг жорий йилнинг сентябрь ойидан ўз фаолиятини бошлаши маълум қилинди.



ЎМИ Матбуот хизмати

Биласиз-ми, аслини олсак, одатда ўзимизни ўзимиз алдаймиз…

Қанақа қилиб, дейсиз-ми…

Қайсидир ҳолат бизга умримиз ўқдек ўтаётганини эслатган онда: “Энди қирқ ёшни қарши олдим… Ҳали ёшман, қари эмасман…”, деб-да…

Мана, аслида шу сўзларнинг ўзини айтиш билан ҳам 7-8 сонияга қаридик…

Унинг таъсирида алданиб, қанчадан қанча бесамар ўтказадиган навбатдаги умр онларимизга яна қариймиз…

Нафақат ўзимиз…

Балки, шу онларда бизни, бизнинг меҳримиз ва эътиборимизни ҳақли равишда интизор кутаётган қайсидир ОНА, ОТА, РАФИҚА, ЖАЖЖИ ФАРЗАНД ва ҳоказо азизларимизни ҳам ўша онларга қаритмоқдамиз…

Аслида инсон вақт ўтиши билан қаримайди… Аксинча, ўтаётган ҳар бир онидан унумли фойдаланса умрига умр қўшиш имкониятига эга бўлади…

Қайсидир сонияда ким учундир меҳр берса, ҳеч йўқса табассум қила олса ўша он унинг умрига умрларни қўшади…

Айтадилар-у, “Илоҳим, мингга кир, минг йил яша!”, деб…

Ҳа, инсон минг йил яшамайди… Лекин, фазилатлари ва яхшиликлари билан тарихда, инсонлар хотирасида минглаб йиллар давомида яшаши мумкин…

Хулоса:

Яқинларингиз даврасида бўлсангиз уларни бутун борлиғингиз билан тингланг, уларга меҳрингизни борини беринг…

Улар Сиздан олисда бўлсалар ёхуд иш ё хизмат билан юрган бўлсангиз улар ҳақида кўпроқ ўйланг, уларга яхши тилаклар билдиринг… Уларни соғиниб яшанг…

Уйингиз эшиги олдига келдингизми, эшикни қоқишга шошилманг…

Ўзингизга келиб олинг!

Чунки Сиз дунё ва охират саодат калитларингиз истиқомат қилаётган даргоҳга кириб келмоқдасиз…

Ҳа, ҳа, улар шу жойда… Улар Сизни интизор кутмоқда…

Улар Сизнинг ЖАННАТИНГИЗ

Сиз улар олдига Фалончи машҳур инсон ёки фустончи ғариб одам бўлиб кириб кетманг… Асло ва асло унақа қила кўрманг…

Аксинча, Сиз кўчадаги барча чексиз муваффақиятларингиз  ёки ҳадсиз ташвишларингизни унутинг! Уйингиз остонасида Сизни интизор кутаётганларингизнинг оддий бир ФАРЗАНДИ, УМР ЙЎЛДОШИ, ОТАСИ бўлиб киринг…

Муваффақият ёки ташвишларингиз уларга эътибор қаратишдан Сизни асло чалғита олмасин… Уларнинг барчасини кўчада қолдиринг!

Уларнинг кўзларига қараб гаплашинг… Уларни шунчаки эшитиш эмас, қалбан тинглашга куч топинг… Кўз никоҳларингизни уларнинг соғинчга тўла кўз нигоҳларига қаданг…

Телефон жиҳози, интернетдаги телеграм саҳифалари, телевизор бошқарув пультини бир четга қўйинг… Зотан, улар Сизни кутгани ва соғингани ЙЎҚ… Кутмайди ва соғинмайди ҲАМ

Шунда кўпдан кўп яшайсиз… Мингга кирасиз… Асло қаримайсиз ва ЎЛМАЙСИЗ! Бу ҲАҚИҚАТ!

Тошкент вилоят бош имом-хатиби ўринбосари

Нурали МАВЛАНОВ

 

 بسم الله الرحمن الرحيم

ИСЛОМ ГЎЗАЛ АХЛОҚҚА ЧОРЛАЙДИ

Муҳтарам жамоат! Гўзал ахлоқда ислом оламига намуна бўлган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз умматларини доимо ҳусни хулқга, хуш муомалага, ўзаро меҳр-оқибатга, катталарга иззат-ҳурмат, кичикларга эса раҳм-шафқатли бўлишга, ўзгани айб-нуқсонларини ва саҳв-хатоларини кечиришга ва ҳоказо каби гўзал ахлоқлар билан зийнатланишларига чақирганлар. Айни пайтда Пайғамбаримиз алайҳиссалом биринчи даражадаги ахлоқи ҳамида соҳиби эканларига асло шубҳа йўқ. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримда:  “Албатта, Сиз буюк хулқ узрадирсиз!” (Қалам сураси, 4-оят) деб марҳамат қилган.

 Динимиздаги барча ибодатларнинг негизи ва моҳиятида гўзал ахлоқ ётади. Бунга мисол тариқасида қуйидаги оятни келтириш мумкин:

إِنَّ الصَّلَاةَ تَنْهَى عَنِ الْفَحْشَاءِ وَالْمُنْكَرِ

яъни: “Албатта, намоз фаҳш ва ёмон ишлардан қайтарур” (Анкабут сураси, 45-оят). Шу каби рўза, закот, ҳаж ва бошқа ибодатларнинг мукаммал ва Аллоҳнинг ҳузурида мақбул бўлишида ҳам гўзал ахлоқ асосий ўрин тутади. Зеро, имон барча гўзал ахлоқларни ўзида мужассам этади. Мусулмон кишининг гўзал ахлоқи унинг соғлом эътиқоди ва имонининг комиллигига далолат қилади. Бу ҳақда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар:

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قال: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: "أَكْمَلُ الْمُؤْمِنِينَ إِيمَانًا أَحْسَنُهُمْ خُلُقًا وَخِيَارُكُمْ خِيَارُكُمْ لِنِسَائِهِمْ خُلُقًا" (رواه الإمام الترمذي). 

яъни: “Мўминларнинг ичида энг имони комили хулқи чиройли бўлганидир. Сизларнинг яхшиларингиз аёлларига яхши хулқ билан муносабатда бўладиганингиздир”, (Имом Термизий ривояти).

Киши имони қандайлигини билмоқчи бўлса, унинг тарозуси чиройли хулқдир. Айниқса, ўзидан заифлар (хотин, бола ва қўл остидаги ходимлар)га чиройли муомалада бўлиш энг яхши мўъминлар қаторига кириш ҳисобланади.

عَنْ جَابِرٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: "إِنَّ مِنْ أَحَبِّكُمْ إِلَيَّ وَأَقْرَبِكُمْ مِنِّي مَجْلِسًا يَوْمَ الْقِيَامَةِ أَحَاسِنَكُمْ أَخْلَاقًا"  (رواه الإمام الترمذي).

яъни: Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбар алайҳиссалом айтадилар: “Сизларнинг менга суюклироғингиз ва қиёмат куни менга яқинроғингиз ахлоқи гўзалларингиздир” (Имом Термизий  ривояти).

Ҳусни хулқ инсондаги барча фазилатларнинг энг олий ва афзалидир. Чунки унинг эгасидан доимо яхшилик кутилади. Яна бир ҳадисда шундай келади:

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رضي الله عنه قَالَ: سُئِلَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم عَنْ أَكْثَرِ مَا يُدْخِلُ النَّاسَ الْجَنَّةَ؟، قَالَ: تَقْوَى اللهِ وَحُسْنُ الخُلُقِ  (رواه الإمام الترمذي).

яъни: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам инсонларни жаннатга киришларига кўпроқ сабаб бўладиган нарса ҳақида сўралдилар. Шунда У зот “Аллоҳга тақво қилиш ва ҳусни хулқли бўлиш” - деб жавоб бердилар, (Имом Термизий  ривояти).

Инсон чиройли хулқи сабаб охиратда улуғ даражаларга эришиши ҳадиси шарифларда зикр қилинади:

عَنْ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُمَا قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم: إِنَّ الْعَبْدَ لَيَبْلُغُ بِحُسْنِ خُلُقِهِ عَظِيْمَ دَرَجَاتِ الْآخِرَةِ، وَالْخُلُقُ الْحَسَنُ يُذِيْبُ الْخَطَايَا كَمَا يُذِيْبُ الْمَاءُ الْجَلِيْدَ، وَالْخُلُقُ الْسُوءُ يُفْسِدُ الْعَمَلَ كَمَا يُفْسِدُ الْخَلُّ الْعَسَلَ )رواه الإمام الطبراني.(

яъни: Ибни Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Албатта, банда чиройли хулқи сабабли охиратда улуғ даражаларга эришади. Чиройли хулқ, худди сув музни эритгани каби, гуноҳларни йўқотади, ёмон хулқ эса, худди сирка асални бузгани каби, амални бузади” (Имом Табароний ривояти).

عَنِ ابْنِ أَبِي حُسَيْنٍ رضي الله تعالى عنه قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: "أَلَا أَدُلُّكُمْ عَلَى خَيْرِ أَخْلاقِ أَهْلِ الدُّنْيَا وَالآخِرَةِ:  أَنْ تَصِلَ مَنْ قَطَعَكَ، وَتُعْطِيَ مَنْ حَرَمَكَ، وَتَعْفُوَ عَمَّنْ ظَلَمَكَ" (رواه الإمام البيهقي).

яъни: Ибни Абу Ҳусайн розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади Пайғамбар алайҳиссалом дедилар: “Сизларни дунё ва охират аҳлининг энг яхши хулқларига далолат қилайми”? - деб “Сендан алоқани узган (қардошинг)га боғланмоғинг, сендан қизғанган кишига бермоғинг, сенга зулм қилганни кечирмоғинг” дедилар, (Имом Байҳақий ривояти).

عَنْ عَبْدِ اللهِ رَضِيَ اللهُ تَعَالَى عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: "لَيْسَ الْمُؤْمِنُ بِالطَّعَّانِ وَلَا اللَّعَّانِ وَلَا الْفَاحِشِ وَلَا الْبَذِيءِ" (رواه الإمام الترمذي).

яъни: Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Мўмин таъначи, лаънатчи, фаҳшчи ва уятсиз бўлмайди”, – дедилар, (Имом Термизий  ривояти).

Демак, гўзал хулқли киши, таъна қилиш, лаънатлаш, фаҳш сўзларни гапириш, уятсиз гап-сўзлар ва хатти-ҳаракатлар каби ёмон хулқлардан тийилиши лозимдир.

عَنْ عَبْدِ اللَّهِ بْنِ المُبَارَكِ رضي الله عنه، أَنَّهُ وَصَفَ حُسْنَ الخُلُقِ فَقَالَ: هُوَ بَسْطُ الوَجْهِ، وَبَذْلُ المَعْرُوفِ، وَكَفّ الأَذَى

яъни: Абдуллоҳ ибн Муборак раҳматуллоҳи алайҳ гўзал хулқни: “Очиқ юзлилик, яхшилик қилиш ва азият беришдан тийилиш” дея таърифлаганлар.

Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу дедилар: “Гўзал хулқ учта хислат билан ҳосил бўлади: ҳаромдан тийилиш, ҳалолни излаш, аҳлига бағрикенглик қилиш”. 

Саҳл ибн Тустарий раҳматуллоҳи алайҳдан гўзал хулқ ҳақида сўрашганда: “Гўзал хулқнинг энг қуйи даражаси машаққатларни кўтариш, мукофотдан кечиш, золимга раҳм-шафқат қилиб, уларга мағфират тилаш”, дедилар.

سُئِلَ ذُو النُّونِ الْمِصْرِي قُدِّسَ سِرُّهُ مَنْ أَدْوَمُ النَّاسِ عَنَاءً؟ قَالَ: أَسْوَؤُهُمْ خُلُقاً

яъни: Зуннун Мисрий қуддиса сирруҳудан: “Энг кўп ғам-ғусса чекадаган киши ким?”, деб сўрашганида у зот: “Энг хулқи ёмон кимса”, деб жавоб берганлар.

Юқоридаги ҳадиси шариф ва уламолар ўгитларидан хулоса қиладиган бўлсак, инсон чиройли хулқларга одатланиши ва ёмон хулқларни тарк этиши бу динимизнинг асоси  ва Пайғамбаримизнинг асосий ўгитларидир. Чиройли хулқлар инсонни дунё ва охиратдаги мартабасини баланд қилади, ризқини кенг қилади. Ёмон хулқ эса икки дунёда ҳам хорлик ва надоматга сабаб бўлади.

Кейинги пайтларда юртимизда “оммавий маданият” номи остида мусулмонларга хос бўлмаган  ҳаёт тарзини тарғиб қилиш кўзга ташланмоқда. “Оммавий маданият” ёшларга ҳаёсиз, масъулиятсиз бир ҳаёт тарзини безаб кўрсатмоқда. Яъни, ҳеч нарсада ҳалол, ҳаром деган чегара йўқ, бу дунёга бир марта келинади, ўйнаб кулиб қолиш керак, дунё лаззатларини тотиб қолиш керак, каби фикрларни ўртага ташламоқда. Тўғри, худди мана шу ғоялар билан яшаганлар тарихда ҳам бўлган. Уларнинг ҳаммаси бало, офат ва Аллоҳнинг азобига дуч келиб, қирилиб кетдилар. Ўзига дин диёнат ва чиройли хулқни шиор қилиб олганларнинг эса ишлари, авлодлари, динлари ҳануз давом этмоқда. Қуш уясида кўрганини қилади, деганларидек, ёш авлодга биз катталар ўрнак бўлишимиз керак. Айниқса, катта масъулият эркакларнинг зиммасига тушади. Агар фарзандлар тарбиясига беъэтибор бўлсак, уларни “оммавий мадания”нинг қўлига топшириб қўйсак, динимиз, келажагимиз ва миллатимиз хавф остида қолади.

Муҳтарам жамоат! Мавъизамизнинг давомида суюкли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг гўзал хулқларидан баъзиларини қисқача баён қиламиз. Уламолар қуйидаги одобларга риоя қилиб, уларни ўзининг доимий одатига айлантириб олган киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хулқлари билан хулқланган бўлади, дедилар:

  1. Барча ёмон сўз ва ишлардан тийилиш;
  2. Одамлар билан муомала қилишда овозни баландлатмаслик;
  3. Кечиримли бўлиш;
  4. Зиммадаги вазифани бажаришда сусткашлик қилмаслик;
  5. Кўп кулишдан сақланиш;
  6. Эҳтиёжмандларнинг ҳожатларини раво қилишни ортга сурмаслик;
  7. Аҳли-оиласига уй ишларида кўмаклашиш;
  8. Бировга азият бериши мумкин бўлган сўзларни ҳазиллашиб ҳам айтмаслик;
  9. Ширин сўзли бўлиш;
  10. Фақат рост гапни гапириш;
  11. Инсонларга ҳам, бошқа ҳайвонларга ҳам раҳм шафқатли бўлиш;
  12. Бахиллик қилмаслик;
  13. Ғазабланмаслик, ғазаби келган пайтда "аъузу биллаҳи минаш шайтонир рожийм" дейиш;
  14. Кўп гапиришдан тийилиш;
  15. Шижоатли бўлиш, ўзининг зарарига бўлса ҳам ҳақни гапириш;
  16. Инсонларнинг насиҳатларини қабул қилиш;
  17. Инсонларнинг азиятларига сабрли бўлиш;
  18. Ўзи учун яхши кўрган нарсани бошқаларга ҳам бўлишини яхши кўриш;
  19. Саломни кўпайтириш.

Аллоҳ таоло барчамизни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хулқларини ўрганиб, ҳаётимизга татбиқ қилиб яшаш бахтига муваффақ айласин. Омин!

Олий Мажлис Сенатининг ўн бешинчи ялпи мажлисида сўзлаган Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири А.Комилов Ўзбекистоннинг хорижий мамлакатлар билан делегация алмашинуви натижасида январь-май ойларида 33 бизнес-форум ташкил этилганини қайд этди.
 
Ушбу даврда 200 тақдимот ва давра суҳбатлари такшил этилиб, Ўзбекистоннинг иқтисодий имкониятлари ва экспорт салоҳияти ҳақида маълумотлар берилди.
 
Хорижий оммавий ахборот воситаларида Ўзбекистон инвестиция имкониятлари ҳақида 290 материал чоп этилди. Улар орасида Европа, Осиёнинг ривожланган давлатлари, АҚШ ва бошқа мамлакатларнинг етакчи ОАВлари бор.
 
Ўзбекистоннинг диққатга сазовор туристик манзиллари ҳақида 13 давлатнинг 29 телеканали орқали қўрсатувлар намойиш этилди.
 
Бундай чора-тадбирлар натижасида, шунингдек Ўзбекистонга айрим давлатлар фуқаролари учун визасиз режим жорий этилгани, виза муддатлари узайтирилгани юртимизга келаётган сайёҳлар оқимини кучайтирди. Ўтган беш ойда Ўзбекистонга 2, 2 миллиондан ортиқ хориж фуқаролари ташриф буюрди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 93 фоиздан кўпроқдир.
 
Ўзбекистон туристик салоҳиятини янада ривожлантириш учун зиёрат туризмини чуқурлаштириш ва кенгайтириш устида иш олиб борилмоқда.
 
Шуни ҳам қайд этиб ўтиш керакки, мурожаатлар ва улар билан ишлаш долзарб масаладир. Бу борада Ташқи ишлар вазирлигига жорий йилнинг ўтган даврида Президент виртуал қабулхонаси орқали мингга яқин мурожаат келиб тушган. 700 дан зиёди белгиланган тартибда ҳал этилган, қолганлари кўриб чиқилмоқда.
 
Ўзбекистоннинг чет элдаги фуқаролари манфаатларини таъминлаш бўйича доимий иш олиб борилмоқда. Албатта, бу борада кўп ишлар қилинди.
 
Шу мақсадда махсус бўлимлар ташкил этилди. Аммо, одатда, фуқароларимиз чет элга кетганда ҳеч кимни хабардор қилмайди, борган жойида рўйхатдан ўтмайди. Фақат оғир вазиятга тушгандагина консуллик идораларига мурожаат қилади. Шунинг учун фуқароларга консуллик телефон рақамларини етказиш, маълум қилишга ҳаракат қиляпмиз. Бу борадаги ишлар яна кучайтирилади. Ҳеч ким эътибордан четда қолмайди.
 

 

Норгул Абдураимова, ЎзА

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрининг Олмазор туманига ташриф буюради.

«Xabar.uz» манбасининг хабарига кўра, мазкур ташриф бугун, 29 июнь куни амалга оширилади.

Ташрифнинг асосий мақсади жойлардаги бунёдкорлик ишлари билан танишиш, аҳоли билан мулоқот қилишдан иборат бўлиб, куннинг иккинчи ярмида фаоллар билан йиғилиш ўтказилиши ҳам кутилмоқда.



ЎМИ Матбуот хизмати

Видеолавҳалар

Top