muslim.uz

muslim.uz

Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган «Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик» мавзусидаги конференция халқаро доирада катта қизиқиш уйғотди. Чунки бу конференция нафақат минтақамиз, балки бошқа ҳудудларга ҳам таъсир ўтказаётган Афғонистон масаласига бағишланган, деб хабар бермоқда давлатимиз раҳбари Матубот котиби Комил Алламжонов.
Унинг айтишича, ушбу халқаро анжуман 26-27 март кунлари Тошкентда бўлиб ўтади. Унда 20 дан ортиқ давлатлар, нуфузли халқаро ташкилотлар делегациялари иштирок этади.
“Жумладан, Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Муҳаммад Ашраф Ғани, БМТнинг Афғонистондаги махсус вакили Тадамити Ямамото, Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили Федерика Могерини Тошкентга келади. АҚШ Давлат котибининг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Томас Шэннон, Россия Федерацияси ташқи ишлар вазири Сергей Лавров, Эрон Ислом Республикаси ташқи ишлар вазири Жавад Зариф, Покистон Ислом Республикаси ташқи ишлар вазири Муҳаммад Асиф ҳам конференцияда қатнашишини тасдиқлаган. Шунингдек, Хитой, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Ҳиндистон, Япония, Туркия, Буюк Британия, Германия, Италия, Франция, Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари каби давлатлар делегациялари қатнашиши режалаштирилган. Тошкент конференциясига дунё оммавий ахборот воситалари ҳам катта эътибор қаратмоқда. Мамлакатимизда аккредитациядан ўтган оммавий ахборот воситалари вакилларидан ташқари «ВВС», «DPA» «Deutsche Welle», «Times», «The New York Times», «NHK», «Жэньминь жибао» каби нуфузли хорижий ОАВлар конференцияни ёритиш истагини билдирган”, - деди Алламжонов.


Ўзбекистон мусулмонлар идораси матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг биринчи маслаҳат учрашувида иштирок этиш учун амалий ташриф билан Қозоғистонга жўнаб кетди.

Шавкат Мирзиёев Остона шаҳрига нафақат Ўзбекистон Президенти, балки мазкур минтақавий учрашувнинг ташаббускори сифатида ташриф буюрмоқда. 
Ташриф бир кунга мўлжалланган.

 http://www.president.uz

Кеча, 13 март куни Тошкент шаҳрига Деҳли шаҳри Жоме масжидининг бош имоми, Ҳиндистондаги Нақшбандия тариқатининг намояндаларидан бири Саид Аҳмад Бухорий раҳбарлигидаги диний делегация ташриф буюргани ҳақида хабар берган эдик.

Бугун, 14 март куни ҳиндистонлик меҳмонлар Самарқанд шаҳрига етиб бордилар. Уларни Самарқанд вилоят вакиллиги мутасаддилари кутиб олиб, расмий музокаралар олиб бордилар.

Меҳмонлар юртимизда ислом дини ривожи йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар билан танишиш, табаррук қадамжоларни зиёрат этиш, қадимий обидалар, тарихий ёдгорликларни кўздан кечиришни мақсад қилганлар.

Делегация аъзолари дастлаб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тошкент ислом университетида бўлиб, бу ерда ўқитувчи ва талабалар учун яратилган шароитлар билан танишди.

Мамлакатимизда инсон манфаатлари ҳамда эркинликларини таъминлашга, миллий ва диний қадриятларни янада юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, йўлга қўйилган диний таълим тизими замонавий талабларга жавоб беради. Тошкент ислом университетида юксак маънавиятли, мустақил фикрловчи, диний бағрикенглик тамойиллари асосида тарбияланган мутахассислар етишиб чиқмоқда.

Айни пайтда мазкур ўқув даргоҳида диний ҳамда дунёвий фанлар ўзаро уйғунликда ўрганилиб, илмий тадқиқотлар олиб борилаётир. Жумладан, университет қошида таъсис этилган Исломшунослик илмий-тадқиқот маркази Қуръони карим ва ҳадисларнинг диний ақидапарастлик ҳамда мутаассибликка қарши курашдаги ўрнини очиб бериш, ислом маданиятининг умуминсоний маданият ривожига қўшган ҳиссасини тизимли ўрганиш ва бошқа йўналишларда самарали фаолият юритмоқда.

— Қутлуғ заминингизга қадам қўйишимиз билан қалбимизни чексиз қувонч, сурур эгаллаб олди, — дейди Саид Аҳмад Бухорий жаноблари. — Зеро, бу тупроқ не-не муборак зотларни камолга етказган. Уларнинг қилган ишлари, илму амалидан таралган ёғду бугун ҳам инсонлар қалбини ёритиб, юртингизда эзгулик соғиниб яшаш, меҳр-оқибат, бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлаб турибди.

Ўзбекистонда ислом динини янада ривожлантиришга йўналтирилган ишлар таҳсинга лойиқ. Самарқандда Имом Бухорий номидаги халқаро илмий-тадқиқот маркази, Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази, Ислом академияси фаолиятининг йўлга қўйилиши дунё аҳли эътиборини яна бир бор мамлакатингизга қаратди. Ўзбекистонда “Жаҳолатга қарши маърифат” тамойили асосида олиб борилаётган ишлар, илмнинг ҳамма учун очиқлиги таъминланаётгани бугун тобора долзарблашиб бораётган дин масаласидаги жаҳолатга барҳам беришда муҳим аҳамиятга эга.

Ўзбекистон раҳбарининг БМТ Бош Ассамблеясининг Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтган 72-сессиясида сўзлаган нутқи бутун дунёда, жумладан, Ҳиндистонда катта қизиқиш билан кутиб олинди. Президентингиз ислом дини эзгулик ҳамда тинчликка, асл инсоний фазилатларни асраб-авайлашга даъват этишини алоҳида таъкидлади. Ўз навбатида, муҳим таклифларни ўртага ташлади. Хусусан, Шавкат Мирзиёевнинг БМТнинг “Маърифат ва диний бағрикенглик” деб номланган махсус резолюциясини қабул қилиш ташаббуси бутун ислом оламида қувонч, ғурур-ифтихор уйғотди. Бу таклифлар ҳозирги мураккаб давр учун ғоят долзарб аҳамиятга эга. Экстремизм, радикализмга қарши курашишда исломнинг асл манбалари — Имом Бухорий, Ҳаким ат-Термизий ҳадислари, Насафий тафсирларига мурожаат қилиш керак. Ўйлайманки, ислом маданиятини тушунмоқчи бўлганлар, албатта, Ўзбекистонга келишлари зарур. Бу ҳам илм, ҳам зиёрат бўлар эди.

Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада рўй бераётган ижобий ўзгаришлар, зиёрат туризмини қўллаб-қувватлаш ҳамда ривожлантириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар, юртингиздаги табаррук манзилларда сайёҳлар учун яратилаётган қулай шароитлар бу борада муҳим ўрин тутади.
Тадбир давомида меҳмонлар Тошкент ислом университетида сақланаётган халифа Усмон Мусҳафи нусхаси, Бурҳониддин Марғиноний ўз қўли билан ёзган “Ал-Ҳидоя” асари, таълим даргоҳида олиб борилаётган илмий изланишлар билан таништирилди.

ЎМИ Матбуот хизмати

Ўзбек ва тожик халқларининг қанчалик яқин эканини таърифлашни ният қилган ҳар бир киши “Икки тилда гаплашувчи бир халқ”, дейди. Зотан, ушбу икки халқнинг қардошлигига бундан бошқа ҳар қандай таъриф камлик қилади.
Бинобарин, Марказий Осиёдаги ўзбек, қозоқ, қирғиз, туркман, тожик халқларининг қадим аждодлари бир бўлган. Шунинг учун ҳам бу халқларнинг, айниқса, ўзбек ва тожикнинг урф-одатлари, миллий анъаналари бир хил, фақат тил бошқа, холос.
Собиқ шўро даврига қадар бу халқлар аралаш яшаган, бири иккинчисига бошқа миллат вакили у деб ётсираб қарамаган. Истиқлол даврига келиб эса ўша шўролар ўрнатиб берган чегаралар мустаҳкамлана бошланди. Минтақанинг қувватланиб боришини истамаган, уларни ёвлаштириб, шунинг ҳисобига жиловини қўлида ушлаб туришни истаган “кўринмас” кучлар ўзларининг интеллектуал институтлари яратиб берган сиёсий ўйинларини ишга солиб бу ҳудуддаги давлатлар ўртасига низо чиқаришга жидду жаҳд этди ва бу мақсадларига маълум маънода эришдилар ҳам. Натижада Тожикистонга келин бўлиб тушган ўзбекистонлик аёл ватанига келолмайдиган бўлди. Ўзбекистонга тушган келиндан эса чақалоғи тортиб олиниб ўзи депортация қилинди. Икки давлатда яшайдиган ака укани, опа сингилни кўра олмас бўлди. Улар ҳатто дийдор қиёматга қолди дея тушкунликка ҳам тушдилар. Чунки улар учун чегара постларига келиш арслоннинг қошига келиш билан баробар бўлиб қолган эди.
Қариндош-уруғни бир-биридан жудо қилиш ҳар икки халқ вакилларига зулм эди. Шунинг учун президентимиз Шавкат Мирзиёев вазиятни ўнглашга сайъ-ҳаракат қилди. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан 1 март кунидан бошлаб Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида 9та назорат-ўтиш пунктларининг фаолияти қайта ишга туширилди, 8та автомобиль йўли ҳамда 1та темир йўл фаолияти тикланди. Бундан ташқари, 2017 йил апрел ойида «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК узоқ муддатдан сўнг, Душанбе шаҳрига илк парвозни амалга оширганди. Яқинда икки мамлакат ўртасидаги авиарейслар тўлиқ тикланадиган бўлди.
Юртбошимиз бу иши билан ўзбек ва тожик халқининг дуоларини, олқишларини, мақтовларини олди. Навоий бобомиз: “Кимки бир кўнгли бузуғнинг хотирин шод айлагай,/ Онча борким Каъба вайрон бўлса обод айлагай” деганидек, икки давлатнинг чегаралари очилиши қанча ёшли кўзларнинг дардини аритди. Янада севинчлиси, 9 март куни Тожикистонга илк ташрифи давомида Ўзбекистон ва Тожикистон фуқаролари ўртасида визасиз тартиб ўрнатилгани ҳақида муҳим ижтимоий ҳужжат имзоланди.
Эндиликда икки давлат фуқаролари эндиликда 30 кун давомида ҳеч қандай рухсатнома ёки таклифномани тақдим этмаган ҳолда чегарадан ўтиши, қўшни давлатда муайян муддат яшаш ҳуқуқига эга. Бу келишув икки давлат раҳбарлари, Шавкат Мирзиёев ва Имомали Раҳмон томонидан имзоланган ҳужжатда акс эттирилган.
Маҳалламизда яшайдиган қўшнимиз айтади: “Хўжандда яшайдиган синглим инсульт бўлиб қолган эди. Инсультнинг асоратидан қаттиқ азият чекаётувди бечора. Шу муштипаргина синглимнинг бир мартагина ҳолидан хабар оламан деб борганимда чегара постидаги текшир-текширу биз ўрганмаган муомалаларни кўриб ўзим инфаркт бўлаёзган эдим. Шукрки, яхши кунларга етдик. Уни Тошкентга олиб келдим. Энди бу ердаги малакали дўхтирларга қаратаман насиб этса”.
Буни қаранг, одамларимиз фақат дийдордан эмас, бошқа томонлардан ҳам азият чекаётган экан. Энди ана шундай масалалар ҳам изига тушиб кетади, иншоаллоҳ.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистон Республикасига давлат ташрифи давомида ўтказилган самарали музокаралардан сўнг Душанбе шаҳрининг “Кўҳи Борбад” санъат саройида Ўзбекистон ва Тожикистон санъат усталари иштирокида концерт бўлиб ўтди,
Ўша тантананинг Интернет сайтларида суратларини кўрган киши томошабинларнинг қайси бири ўзбек, қайси бири тожик эканини ажрата олмайди. Ё тавба, эт билан тирноқни ажратиб бўларканми... Тил бошқа бўлса нима бўлибди. Кўнгиллар бир-ку! Ахир улуғларимиз тиллар сўзлашади, кўнгиллар дўстлашади демаганмиди!
Ўзбекистоннинг ҳудуди Тожикистон тарафга, Тожикистон чегарасининг Ўзбекистон тарафга кенгайгани, ўзбек халқининг тожик халқи ҳисобига кўпайгани, тожик халқининг ўзбек халқи ҳисобга кўпайгани муборак бўлсин, азизлар.


ЎМИ Матбуот хизмати

Мурувват, ўзгаларга яхшилик қилиш, ғамгин қалбларга хушнудлик улашиш халқимизга хос қадриятларимиздандир.

Юртимизда баҳор фасли кириб келиши билан имом-хатибларимиз томонидан мурувват улашиш ишлари жадал суратларда бошлаб юборилди.

Самарқанд туманидаги “Имоми Аъзам” жоме масжиди имом-хатиби А.Пўлатов ташаббуси билан ҳомийларни жалб қилган ҳолда қатор хайрия ишлари амалга оширилди. Жумладан,

Самарқанд шаҳридаги 1-сонли Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари ҳолидан хабар олиниб, баҳор айёми билан муборакбод этилди. Уларни ўқишга, илм олиб ўз касбининг етук мутахассислари бўлишга қизиқтирилди, ҳаётий мисоллар ила мурғак қалблар руҳлантирилди. Шунингдек, 140 нафар тарбияланувчи учун зиёфат дастурхони ташкил этилди.

Бундан ташқари, имом-хатиб ташаббуси билан ёнғин сабабли уйига жиддий талофат кўрган Самарқанд туман Жўй-Сой маҳалласида яшовчи Ш.Э.га қурилиш моллари ва моддий кўмак, Самарқанд туман Конигил маҳалласида яшовчи жигар касаллиги (эхинокок) билан оғриган фуқаро К.Сга дори дармон учун моддий ёрдамлар кўрсатилди.

ЎМИ Матбуот хизмати

Видеолавҳалар

Top