Рамазон-2019

Надомат

Танловга!

Дунёнинг бир чеккасида номи оламга маълум ва машҳур бўлган бир шаҳар бор эди. Шаҳар ниҳоятда обод; кўркам бинолари, озиқ-овқатга тўлиб тошган расталари ҳар қандай кишининг ҳавасини уйғотар, одамлари ўзига тўқ, деярли муҳтожликда яшайдиган одамнинг ўзи йўқ эди.

Бу ерда ҳар куни зиёфатлар, кўнгилочар томошалар, ва бир-биридан қизиқарли тўй-у тантаналар бўларди. Дастурхонларда бўш ернинг ўзи қолмас, ортиб қолган нарсаларни эса биров бир тийинга олмас эди...

Жазирама кунларнинг бирида ўша бадавлат шаҳарнинг ичида бир нотаниш кимса пайдо бўлди. У оппоқ ёпинчиқ ўраб юзини беркитиб олган, кўчада кимни кўрса унга салом бериб кўнглини олган, одамларга илиқ сўзлар айтиб эзгуликка даъват қилар эди.

Бу ҳол шаҳар маъмурининг қулоғига етиб боргач, ўша ҳар йили бир пайдо бўладиган нотанишнинг мақсадини билмоқчи бўлиб, уни ҳузурига чақиришларини буюрди. Бироз ўтиб, нотанишнинг ўзи шаҳар маъмурининг ёнида пайдо бўлди. Ва унга қараб:

−   Салом сенга эй Аллоҳнинг бандаси, – гап бошлади у, − қутлуғ кунларинг муборак бўлсин!

−   Нималар деяпсан ўзинг?! Ўзи шундоқ ҳам ҳар кунимиз қутлуғ бўлса, яна қанақа кун ҳақида айтяпсан? – ҳайрон бўлиб сўради маъмур.

− Қандай бўларди, Яратганга кечалари дуо қиладиган, ундан гуноҳларни кечиришликни сўраб илтижо қилинадиган, кечалари ибодатга қоим бўлиб, унга истиғфорлар айтиладиган, одамларга ҳайр-у саҳоват қилиб, уларнинг кўнгилларини оладиган, кўзни, қўлни, тил ва дилни гуноҳлардан муҳофаза қилиб, фақат яхшиликлар қилинадиган кунларни айтяпман-да! – жавоб берди нотаниш.

Маъмур унинг сўзларини тинглаб, истеҳзоли кулиб қўйди. Ва деди:

−  Менга қара ҳой нотаниш йўловчи! Бизнинг ҳеч нарсадан кам жойимиз йўқ! Ҳар нарсамиз етарли, одамларнинг қорни тўқ, устлари бут! Ҳар кунимиз байрам, зиёфат! Энди менга айтчи, сен айтган ишларни қилишликдан бизга нима наф?! Сен яхшиси, йўлингдан қолма...

Нотаниш кимса бошқа сўз айтмади. Ва бир зум ўтмай кўздан ғойиб бўлди.

Орадан бир неча кунлар ўтди. Шаҳар аҳли ҳар доимгидек «ширин» ҳаётида яшашда давом этди. Ҳар кунлари бир хилликда – базм-у жамшидларда ўтар, бу кунларнинг ўз поёнига етиши эса ҳеч кимсанинг ҳаёлига ҳам келмас эди.

Бир куни шундай бўлди: шаҳарда қурғоқчилик бошланиб, экинлар нобуд бўлди. Расталар тез орада бўшаб одамлар оч қола бошлади. Энди ўша тотли дамлар йўқ, ҳаммаёқни қаҳатчилик эгаллаб бўлган эди. Ушбу ҳолатни кўриб одамлар негадир ўша нотаниш кимсани йўқлаб қолишди. «Балки унинг айтганларини қилсак, Яратган бизларни кечириб, яна аввалги ҳолимизга қайтариб қўяр?!» деб ўйлашарди улар. Шаҳар маъмури зудлик билан ўша нотанишни олиб келишга буюрди. Бироқ...Энди кеч эди! Ўша нотанишни ҳеч қаердан топа олишмади...

  Ўша нотанишнинг исми – Рамазони Шариф эди! Шаҳар аҳлининг ҳолига тушишликдан Аллоҳнинг ўзи сақласин...

Шерзод  ҲАЙДАРБЕКОВ

42514 марта ўқилди

Видеолавҳалар

Top