Видеолавҳалар

Тегишли қонунчиликка кўра, “Вақф” хайрия жамоат фонди ташкил этилганида фондга бириктирилган тарихий-меъморий аҳамиятга эга зиёратгоҳларни сақлаш, таъмирлаш, ободонлаштириш ва зиёратчилар учун зарур шароитлар яратиш фонднинг асосий вазифаларидан қилиб белгиланган эди.

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида “Вақф” хайрия жамоат фонди ахборот хизмати раҳбари Саидаброр Умаров иштирокидаги брифингда шу хусусда сўз борди.

Қайд этилишича, “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан ўтган 2018-2022 йиллар давомида тарихий-меъморий аҳамиятга эга зиёратгоҳларни ободонлаштириш, таъмирлаш учун 15 миллиард 249 миллион 400 минг сўмдан зиёд маблағ сарфланган. Зиёратгоҳларнинг ишчи-ходимларини моддий қўллаб-қувватлаш ва иш ҳақлари учун 22 миллиард 390 миллион 100 минг сўмдан ортиқ маблағ ажратилган.

Ўтган 2021 йилда фонд томонидан республика бўйича 15 та объектга жами 2 миллиард 626 миллион 400 минг 950 сўм миқдорида маблағлар ажратилган. Хусусан, Самарқанд шаҳридаги “Шоҳи-Зинда” ёдгорлик мажмуасига 442 миллион 661 минг 808 сўм, Хоразм вилоятидаги “Паҳлавон Маҳмуд” зиёратгоҳига 734 миллион 413 минг 502 сўм, “Саид Аловуддин Пир” зиёратгоҳига 541 миллион 727 минг 470 сўм миқдорида маблағлар ажратилган.

Шундан, Қорақалпоғистон Республикаси Беруний туманида жойлашган “Султон Увайс Бобо” мажмуаси қурилиш-таъмирлаш ишлари учун 700 миллион сўм, “Ҳаким ота Сулаймон Боқирғоний” зиёратгоҳидаги мақбара ва масжид таъмири учун 90 миллион сўм сарфланган.

Жорий йилнинг ўтган 11 ойи давомида республикамиз бўйича жами 16 та объектга 1 миллиард 949 миллион 890 минг 735 сўм ажратилган.

 

1587 марта ўқилди

Видеолавҳалар

Top