Видеолавҳалар

Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ахборот хизмати раҳбари Шерзод Маматов маълум қилди.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан муҳаддислар султони – Имом Бухорийнинг ислом оламида машҳур бўлган “Биррул волидайн” (Ота-онага яхшилик қилиш) асари илк марта ўзбек тилига таржима қилинди.

Мазкур лойиҳа давлатимиз раҳбари томонидан Бухоро вилоятига қилинган ташриф давомида буюк аждодимиз Имом Бухорий асарларини ўзбек тилига таржима қилиб, халқимизга етказиш бўйича берилган топшириқлар ижроси асносида амалга оширилиб, китоб таржимаси асосида халқчил рисола тайёрланди.

Китобда фарзанд тарбияси, амалларнинг афзали – ота-онага яхшилик қилиб, ҳурмат кўрсатиш, уларнинг дуоларини олиш, ота-онанинг фарзанди ҳаққига қилган дуоси мустажоб бўлиши ва силаи раҳм фазилати, қариндошларга яхшилик қилиш каби мавзулардаги 76 та ҳадис жамланган. Ҳадисларнинг халқчил ва тушунарли бўлиши учун изоҳ ва шарҳлар ёзилди. Асарни шарҳлашда 50 дан ортиқ ишончли тарихий манбадан фойдаланилди.

Таржимада ушбу асарни ўзида асраб, шогирдларига ўқитган кейинги уламолардан бири имом, ҳофиз Муҳаммад Абдулҳай Каттоний томонидан сақланган нусха асос қилиб олинди. Матн бошқа нусхалар билан биргаликда қиёсий ўрганилди, лозим ўринларда тузатишлар киритилиб, маҳаллий ва хорижий исломшунос олимлар, атоқли уламолар билан илмий мулоқотлар олиб борилди.

Китоб ва халқчил рисола Дин ишлари қўмитасида белгиланган тартибда давлат диншунослик экскпертизасидан ўтказилган.

Мазкур янги китобни Бирлашган Араб Амирликлари , Туркия, Миср, Россия, Буюк Британия, Франция каби мамлакатлардаги нуфузли кутубхона ва фондларига тақдим этиш ҳамда мамдкатимиз ва хорижнинг илмий-диний жамоатчилиги орасида тарғиб қилиш режалаштирилган.

Ушбу китоб ва халқчил рисола муқаддас динимизнинг асл инсонпарварлик моҳиятинит очиб бериш, фарзандларимизни ота-онага ҳурмат, Ватанга садоқат руҳида одоб-аҳлоқли этиб тарбиялашга хизмат қилади.

Вазирлар Маҳкамаси қарори билан тасдиқланган Алломалар илмий меросини тадқиқ этиш ва кенг жамоатчиликка етказиш бўйича “Йўл харитаси” ижроси юзасидан ислом маърифати ривожига беқиёс ҳисса қўшган буюк аллома аждодларимиз асарларини ўзбек тилига таржима қилиш, халқимизга етказиш ва халқаро илмий доираларда кенг тарғиб қилиш бўйича ишлар тизимли тарзда давом эттирилмоқда.

579 марта ўқилди

Видеолавҳалар

Top