Видеолавҳалар

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан қабул қилинган “Мева-сабзавот маҳсулотлари, узум, полиз, дуккакли экинлар, шунингдек, қуритилган сабзавот ва меваларни маҳаллий экспорт қилувчиларни қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида “Ўзстандарт” агентлиги томонидан тадбиркорларга янада қулайлик яратиш мақсадида “Ҳалол” стандарти яратилгани ҳақида хабар берган эдик. 

“Ўзстандарт” агентлиги томонидан “Ҳалол” стандартини тарғиб қилиш, унинг аҳамиятини аҳолининг кенг қатламига тушунтириш мақсадида видеолавҳа тайёрланди. Унда муқаддас Қуръони карим оятларидан иқтибос келтирилган. 

Бақара сураси 168-оятида “Эй, инсонлар! Ердаги ҳалол-пок нарсалардан енглар ва шайтоннинг изидан эргашманглар! Шубҳасиз у сизларнинг очиқ душманингиздир” дейилгани айтиб ўтилган. 

Лавҳада “Ҳалол” белгиси остида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларга Европа Иттифоқи, АҚШ, Буюк Британия, Австралия, Канада, Хитой, Ҳиндистон, Лотин Америкаси давлатлари, Янги Зеландия ва Таиланд каби мамлакатларда ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бундан ташқари, дунёда мусулмон аҳлининг ортиб бориши (тахминан 1,8 млрд одам, ер аҳолисининг 24 фоизи дегани) “Ҳалол” белгиси остида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларга талабнинг янада ошишини таъминлаётгани маълум қилинган. 

“Ўзстандарт” агентлиги томонидан “Ҳалол” стандартининг қабул қилиниши, тадбиркорларимиз томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг сифати ва хавфсизлигини юқори стандарт талаблари асосида таъминлашга замин яратиши қайд этилган. 

ЎМИ Матбуот хизмати

6606 марта ўқилди
Мавзулар

Видеолавҳалар

Top