muslim.uz

muslim.uz

 

 Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус диний таълим муассасаларида абитуриентларнинг ҳужжатларини онлайн қабул қилиш бошланди.

Диний таълим муассасаларида 2020-2021 ўқув йили учун абитуриентларни онлайн рўйхатга олиш Ҳадис илми мактаби ва ўрта махсус ислом таълим муассасалари бўйича 2020 йилнинг 20 июнидан 10 июлигача (шу куни ҳам), Тошкент ислом институти ва Мир Араб олий мадрасаси бўйича 2020 йилнинг 20 июнидан 20 июлигача (шу куни ҳам) давом этади.

Мазкур тизим мамлакатимизда пандемия шароитида карантин тартибларидан келиб чиқиб, абитуриентлар ва уларнинг ота-оналарига қулайликлар яратиш мақсадида Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг muslim.uz сайтида qabul.muslim.uz сайти орқали онлайн шаклда амалга оширилмоқда.

Қабул жараёнлари ва қабул имтиҳонлари бўйича абитуриентлар ва уларнинг ота-оналарини қизиқтирган саволларга батафсил маълумот бериш мақсадида ҳар бир таълим муассасасида “Кол-марказ”лар ташкил этилди. “Кол-марказ”лар душанбадан шанбагача ҳар куни соат 09:00 дан 17:00 гача фаолият олиб боради.

Шунингдек, таълим йўналишлари, қабул имтиҳонлари ва таълим муассасалари фаолияти тўғрисида таълим муассасаларининг интернет сайтлари ва телеграм каналлари орқали маълумотлар бериб борилмоқда.

Таълим муассасаларида абитуриентларни онлайн рўйхатга олиш
2020-2021 ўқув йилидан бошлаб илк бор жорий қилинган бўлиб, абитуриентлардан фақатгина маълумоти тўғрисидаги ҳужжати ва паспортининг электрон нусхаси талаб этилади.

Абитуриент томонидан сайт орқали тўлдирилган аризалар таълим муассасалари Қабул ҳайъати томонидан кўриб чиқилади ҳамда абитуриентнинг ҳужжатлари қабул қилингани ёки маълум сабабларга кўра рад этилгани тўғрисида “СМС” хабарнома жўнатилади ёки сайтни ўзида “Ариза ҳолатини текшириш” қисмига паспорт серияси ва рақами ҳамда туғилган санасини киритиш орқали билиб олади.

 

Таълим ва илмий-тадқиқот бўлими

1-ўгит:  Қўпол, қалби қаттиқ бўлманг!

Аллоҳ таоло айтади: “Аллоҳнинг раҳмати ила уларга мулойим бўлдинг. Агар қўпол, қалби қаттиқ бўлганингда, атрофингдан тарқаб кетар эдилар. Бас, уларни авф эт. Уларга истиғфор айт ва улар билан ишларингда машварат қил. Азму қарор қилганингдан сўнг Аллоҳга таваккал қил. Албатта Аллоҳ таваккал қилувчиларни севадир”. (Оли имрон сураси, 159-оят)

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, Аллоҳ таоло мулойимдир. Ва ҳар бир ишда мулойимликни яхши кўради”, дедилар. (Муттафақун алайҳ)

Хулоса:

  1. Мулойимлик Аллоҳ таолонинг раҳматидир.
  2. Мулойимликни Аллоҳ яхши кўради.
  3. Қўполлик дўст-у, ёрларни камайишига сабаб бўлади.
  4. Дўстларни хатосини кечирмоқ керак.
  5. Дўстларнинг ҳаққига дуолар қилиш лозим.
  6. Ишларда маслаҳат қилмоқ зарур.
  7. Аввал азму қарор қилиб, сўнгра Аллоҳга таваккул қилинади.
  8. Аллоҳ таваккул қилувчи бандаларини яхши кўради.
  9. Аллоҳ таоло мулойим Зотдир.

 

Аллоҳ таоло барчамизни ушбу ўгитга амал қилувчилардан қилсин. Ҳамда ҳалимлик либоси билан сийласин!

 

 

Олмазор туманидаги   

“Мевазор” масжиди имом ноиби: 

Ёрбек Исломов

Пятница, 19 Июнь 2020 00:00

“Халқни маломат қилма”

Фузайл ибн Иёз розияллоҳу анҳуга бир киши келиб: “Менга насиҳат қилинг”, деди. Фузайл ибн Иёз розияллоҳу анҳу шундай дедилар:

“Сенга беш нарсани насиҳат қиламан уни ёд ол ва доимо унга амал қил:

  1. Сенга нима етса, Аллоҳнинг тақдиридан деб бил, халқни маломат қилма;
  2. Тилингни сақла, халойиқ ундан саломат бўлсин. Шунда Аллоҳнинг азобидан саломат бўласан;
  3. Аллоҳнингсенга ризқ бераман деган ваъдасини рост бил, шунда мўмин бўласан;
  4. Ўлимга тайёр тур, шунда ғофил ҳолда ўлмайсан.
  5. Қаерда бўлсанг ҳам, Аллоҳ таолонинг зикрини кўпайтир, шунда гуноҳлардан сақланасан”.

Абу Лайс Самарқандийнинг

 “Танбеҳул ғофилийн” китобидан

Пятница, 19 Июнь 2020 00:00

ДИҚҚАТ ЭЪЛОН!!!

Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги Олий ва ўрта махсус ислом таълим муассасаларига абитуриентларнинг ҳужжатларини қабул қилиш жараёнлари техник сабабларга кўра

  • Ҳадис илми мактаби ва ўрта махсус ислом таълим муассасаларида

2020 йилнинг 20 июнидан 10 июлигача (шу куни ҳам),

  • Тошкент ислом институти ва Мир Араб олий мадрасасида 2020 йилнинг 20 июнидан 20 июлигача (шу куни ҳам) бўлиб ўтиши белгиланди.

 

Ҳазрати Оиша розияллоҳу анҳо онамиздан ривоят қилинган ҳадисда: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:

“Бирортангиз бир иш қилса, Аллоҳ ўша ишни яхшилаб қилишингизни яхши кўради”.

Зеро, ҳар бир ишни энг мукаммал ўринга қўйиб бажариш эҳсондир. 

Ҳадиси шарифлардан бирида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар:

“Иш ўз эгасининг қўлидан бошқасига ўтса, қиёматни кутаверинг”.

Ҳар бир ишнинг ўз эгаси – мутахассиси бор. Кучли, билимли, омонатдор ва ҳалол мутахассис ўзига топширилган вазифани маромига етказиб бажаради. Қолаверса касб соҳиби яъни иш эгаси ўз касбини севадиган ва унга умрини бағишлаган бўлади. Айнан мана шу омил касб эгалари учун энг муҳим мезонлардандир.

Зеро, касб танлаш инсон ҳаёти ва тақдирига таъсир этиши мумкин.

Олимларнинг таъкидлашича, ҳар бир инсон касб танлашда ўзининг феъл-атвори, қизиқишларини ҳисобга олиши керак. Касбнинг “обрўли”, “сердаромад” ва “имконияти катта” жиҳатлари эмас, балки ҳар бир инсоннинг феъл-атвори ҳамда дунёқарашига мос келиши – жуда муҳим. Агар аксинча бўлса, ҳар қанча кўп пул тўланмасин, иши унмай, касалликларга чалиниш хавфи шунча кўп бўлар экан. Номақбул иш фаолияти – инсон ҳаётига алькоголь, наркотик моддалари ва урушлардан ҳам кўпроқ хавф солади, дейди олимлар. Бу борада дунё бўйлаб кузатилган статистика қуйидагича:

Ҳар йили ишлаб чиқаришда ва касб касалликларидан 2 миллиондан зиёд инсон нобуд бўлади — шунингдек, уруш ва ҳарбий можаролардан 650 мингга яқин инсон нобуд бўлар экан.

Айниқса, ривожланган мамлакатларда иш учун берилаётган қурбонлар сони юқори. Масалан, ҳар йили бир неча юзлаб япон ўта толиқиш оқибатида тўппа-тўғри иш жойининг ўзида бандаликни бажо келтиради.

Ёкоҳома университети тадқиқотчилариниг ёзишича ҳафтасига ўрта ҳисобда бир нафар одам руҳий зўриқишларга дош бера олмай, депрессия оқибатида турли ноҳушликларга дуч келар экан.

Илгари хавфли касблар ҳақида гап кетганда, журналистика ва кончи-шахтёрлик касблари тилга олинарди. Аслида, бу мезонлар ҳам ўзгарувчандир.

Бизнингча, у ёки бу касбнинг “хавфлилиги”ни аниқлагандан кўра, ҳар ким аввало, ўзига мос касбни танлагани маъқул. Ҳадисда айтилганидек “Иш ўз эгасининг қўлидан бошқасига ўтса, қиёматни кутаверинг”.  Қайси касб эгаси бўлишидан қатъий назар, агар одам ўз ишининг ҳақиқий устаси бўлса, унга бўлган талаб доимо юқори бўлади. Ўз навбатида бундай кишининг соғлиғи, обрўси, кайфияти ва даромади ҳамиша яхши бўлаверади.

Олимлар ўтказган тадқиқотлар натижасига кўра, қуйидаги касб эгалари руйиҳ зўриқишга ўта мойил бўлар экан:

1 – ўрин. Олимлар ва ўқитувчилар. Узлуксиз изланиш, такрорий тадқиқотлар олимларни, ота-оналар, раҳбарият томонидан назорат ва босимнинг кучайиши, болаларнинг қулоқсизлиги ва бир маромдаги иш эса педагоглар асаб тизимини ишдан чиқариши барчамизга маълум.

2 – ўрин. Ижод аҳли – шоирлар, ёзувчилар, журналистлар ва режиссёрлар. Бу касбларнинг эгалари аксарият ҳолларда машаққатли ижод қилиб, вақтида дам олмайдилар. Қолаверса бу тоифа кишилари мақтовга ўч ва танқидни суймайдиганлар тоифасига киради. Бундан ташқари, уларга бироз манманлик хусусияти хос бўлиб, бу ҳам ортиқча асаббузарлик келтириб чиқаради.

3 – ўрин. Жамоатчилик фаоллари – телебошловчилар, сиёсатчилар ва шоу-бизнес вакиллари. Сабаби – турмуш тарзидан қатъи назар, улар жамоатчилик олдида доим яхши кайфиятда бўлишга мажбур.

Тадқиқот натижаларига кўра, сўнгги ўрин хизмат кўрсатиш соҳаси ходимларига тааллуқли. Баъзи инжиқ мижозларнинг талаблари бу соҳа вакилларининг силласини қуритиб юборади.

Аммо, нима бўлганда ҳам ҳар бир инсон ўзига муносиб, ишидан завқланадиган касб ёки ҳунарни эгаллагани мақсадга мувофиқдир. Шунда, жамият ҳам ривожланиб, мамлакатмиз янада тараққий этади.

         Манбалар асосида Саидаброр Умаров тайёрлади

          

        

Видеолавҳалар

Top