muslim.uz

muslim.uz

Олий маъҳаддан “Сардобага ёрдам” хайрия акцияси: 15 миллион сўм ва оила учун зарурий ашёлар сирдарёликларга етказилди

Республикамизда ўтказилаётган “Сирдарёликларга кўмак” акциясида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги барча таълим муассасалари фаол иштирок этиб келмоқда. 

Президентимиз томонидан халқимизнинг тарихий ва маънавий қадриятларини, меҳр-саховат, оқибат ва ҳиммат каби юксак фазилатларини инобатга олган ҳолда, “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатини йўлга қўйиш ташаббуси жамиятимизнинг барча қатламлари қатори, диний ташкилотлар томонидан ҳам кенг қўллаб-қувватланмоқда.
Хабарингиз бор, Тошкент ислом институти жамоаси томонидан Сардоба туманида содир бўлган офатдан азият чеккан сирдарёликларни моддий-маънавий қўллаб-қувватлаш мақсадида “Сардобага ёрдам” хайрия акцияси ташкил этилди. 

Қисқа вақт ичида саховатли ҳамюртларимиз томонидан жамғармага 15 миллион сўм пул маблағи ва оила учун бирламчи зарурий ашёлар (эркак ва аёллар, болалар кийими ва юмшоқ ўйинчоқлари, гиламлар, чойшаблар, кўрпачалар, жойнамозлар, рўзғор буюмлари ва зарур гигиеник воситалар ҳамда тиббиёт ниқоблари) келиб тушди. 

Шаҳримиздаги  саховатпеша инсонлар томонидан тўпланган маблағларни ўз “эга”ларига топшириш мақсадида 7 май куни институт ректори Уйғун Ғафуров бошчилигида бир гуруҳ ўқитувчи ва ходимлар 1 та Damas LABO ва 6 та енгил автомашиналарда Сардоба туманига ташриф буюрдилар.

Олий маъҳад вакиллари Сардоба тумани имом-хатиблари ҳамроҳлигида сув тошқинидан зарар кўрган маҳаллаларда бўлиб, азият чеккан шахслар билан учрашдилар. Суҳбат давомида уларга руҳий далда бўлиб, йиғилган биринчи зарурий маҳсулот ва маблағлар ёрдамида аҳолининг эҳтиёжманд қатламларига тарқатилди. Акция доирасида йиғилган 15 миллион сўм 15 та оилага 1 миллион сўмдан тақсимлаб берилди.

Рамазон ойида машаққатда қолган юртдошларимизга ўз ёрдам қўлларини чўзаётган азизларимизга самимий миннатдорлигимизни билдирамиз. Зеро Аллоҳ таоло Ўзининг каломида марҳамат қилганидек: “Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилинг” (Моида, 2). Ҳадиси шарифда эса: “Мўмин киши мўмин биродарини ёрдамсиз қолдирмайди”, дейилган (Имом Бухорий ривояти) Аллоҳ таоло қилаётган эҳсонларни ўз даргоҳида қабул қилсин, ажру савобларини зиёдаси билан ато этсин.

“Сардобага ёрдам” хайрия акциямиз давом этади, навбатдаги саховат карвонига ўз ҳиссангизни қўшинг:
Узоқ муддат сақланадиган озиқ-овқат маҳсулотларини топшириш учун алоқа телефони: +99890 955 39 75
Пул маблағларини ўтказиш учун пластик карта (Мадаипов Аҳрор номида):
8600021978323304
Хориждаги ҳамюртлар томонидан пул маблағларини ўтказиш учун пластик карта (Абдуҳаким Олимов номида):
4790912210624575
Манзил: Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом инсититути. Олмазор тумани, Зарқайнар 18-берк кўчаси, 47-уй.
Мўлжал: Ҳазрати Имом масжиди

Аллоҳ таоло қилаётган хайру саҳоватингизни қабул қилиб савобларини кўпайтириб берсин, юртимизни барча балолардан асрасин. Сирдарё аҳлини бу кулфатдан тез фурсатда чиқиб олишларини насиб этсин!

Манба: https://islaminstitut.uz/

Аллоҳга беҳисоб шукрлар бўлсин, фазилатли рамазоннинг биринчи ярми ҳам деярли ортда қолди. Бу ойнинг ўзига хос хислатларидан бири бу хайру саҳоват ва меҳр-оқибатнинг жонланишидир.

Рукнимизнинг бу галги суҳбатдоши бир нечта диний-маърифий интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқлардаги каналлар муаллифи, “Меҳр улаш” хайрия гуруҳи ташкилотчиларидан бири, ижодкор, журналист, блоггер ва тарғиботчи, Тошкент шаҳридан Жамшид ака Назаров. Жамшид ака Рамазонни қандай ўтказаётганлигини биз билан бўлишди.

“Барча мўмин-мусулмонлар қатори биз ҳам ҳар йили рамазон ойини оилавий интизорлик билан кутамиз. Бу йилги рўза кунлари бутун дунёда таралган вирус пандемияси вақтига тўғри келгани биз каби хайрия гуруҳи ташкилотчиларнинг елкасига янада кўпроқ масъулият юклади. Биз ҳар йили рамазонни масжидларни тўлдириб таробеҳ ўқиш ва қориларнинг қироатини интернет орқали медиа оламига тарқатиш билан машғул бўлар эдик.

Карантиннинг ҳам ўз ҳикмати бор экан. Ўтган йиллар давомида ижод билан бўлиб ота-онам ва оилам билан деярли ифторлик ва саҳарлик қилмаган эканмиз. Шундай бахтларга ҳам мушарраф бўлдик!

Рўзанинг илк кунлариданоқ рамазон режасини тузиб олдик.

Ота-онам, ака-укаларим билан ёнма-ён қўшни бўлиб яшаганимиз сабаб, саҳарликни ота-онам билан бирга қиляпмиз. Саҳарликдан сўнг бироз суҳбатлашиб бўлгач отам, акам, укам ва биз (фарзандларим билан) оилавий катта жамоа бўлиб бомдод намозини адо этамиз. Бомдоддан сўнг соат ўнларгача сайт ишлари билан шуғулланаман. Ундан сўнг фарзандларимнинг онлайн дарслари билан машғул бўламан.

Яна бир ҳурсанчилик, ҳар куни muslim.uz сайти ва ижтимоий тармоқлардаги каналлари орқали бериб борилаётган рамазон суҳбатлари ва мақолалар, хусусан “Топишмоқли 40 ҳадис” рукнини қолдирмасдан кузатиб, ўрганиб боряпмиз, айниқса болаларим катта қизиқиш билан ўрганяпти.

Аср вақтига келиб яна жамоа бўлиб намозни адо этамиз. Аллоҳ таоло бизга ошпазликни ҳам юқтирган, беҳисоб шукр. Шу сабаб асрдан сўнг ота-онам учун махсус ифторликка атаб таом пишираман. Дуоларини олиш биз учун шараф.

Ифторлик ва шом намозидан сўнг то хуфтон вақтигача яна бир бор сайт ишларига қарайман.

Хуфтон ва таровеҳ намозини жамоат бўлиб ўқиймиз. Алҳамдулиллаҳ катта ўғлим билан бига ҳар куни бир порадан хатм қилиб боряпмиз. Кичик ўғлим тасбеҳ айтиб туради ва сўнгидаги дуони отажоним қилиб, юртга халққа тинчлик, фаровонлик ва мусибатлардан тезроқ чиқишни Аллоҳдан сўраб илтижо қиламиз.

Ҳафтада 2-3 кун режага асосан шериклар билан хайрия ишларини ҳам амалга оширамиз. Аллоҳ қабул қилсин!

Аллоҳга беҳисоб шукрлар бўлсинки бу йилги рамазон ҳам ўзига хос ҳикмат билан келди. Оилавий бирдамлик, силайи раҳм ва оқибат янада тикланди. Етказганига шукр!

Барча ватандошларимизни Рамазон билан чин қалбдан табриклайман!

 

Саидаброр Умаров суҳбатлашди

 

Ўзбекистон Мусулмонлари идорасининг

Тошкент шаҳар вакиллиги матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси ўз мустақиллигини қўлга киритгандан сўнг ҳукуматимиз томонидан миллий ва диний қадриятларимизни қайта тиклаш ҳамда маънавиятимизни юксалтиришга улкан эътибор қаратила бошланди. Хусусан, тарихий обидаларимиз, муқаддас қадамжолар ва буюк алломаларимизнинг мақбараларини қайта тиклаш ва уларни обод қилиш борасида бир қатор самарали ишлар амалга оширилди. Шунингдек миллий ва диний байрамларимиз, урф-одатларимиз кенг тарзда нишонланиб, бу ёруғ кунларни кўрмасдан дунёдан ўтган, ўз Ватанининг тинчлиги йўлида жон фидо қилган II-жаҳон уруши қатнашчиларини хотирлаш мақсадида Республикамизда 9 май - Хотира ва қадрлаш куни деб белгиланди.

Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) ўзларининг муборак ҳадиси шарифларида марҳамат қилиб айтдилар: ”Сизлардан вафот топиб кетганларни тирикликда қилган яхши амалларини ёдга олиб туринглар”.

Ҳақиқатан ҳам, ўтганларни хотирлаш савобли ва хайрли амаллардандир. Тарихга бир назар соладиган бўлсак, 1941-1945 йилларда қонхўр фашизмга қаратилган шиддатли жангларда қанчадан-қанча ота-боболаримиз ўз юртининг тинчлиги учун мардларча курашиб, жон фидо қилдилар. Бу ёруғ кунларни кўриш эса уларнинг аксариятига насиб этмади. Улар тинчлик ва истиқлол неъматига мушарраф бўлиш бахтидан бенасиб ҳолда армон билан, кўзда ёш билан дунёдан ўтдилар.

Ўзининг кўп йиллик кўхна тарихини ҳамда ота-боболарининг шу юрт учун чеккан  жабру-жафоларини  унутмаган халқимиз ҳар йили 9 май - Хотира ва қадрлаш кунини муносиб тарзда кутиб олади. Ўтганларимиз руҳи-покларига Қуръон тиловатлари ва хайрли дуолар қилинади. Барҳаёт бўлганларини эса ҳолларидан хабар олинади, моддий ва маънавий кўмак берилади.

Жорий йил ҳам муҳтарам Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг ташаббуслари билан “Хотира ва қадрлаш куни” га тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга қаратилган самарали ишлар амалга оширилди. Жумладан, бугун 9 май - Хотира ва қадрлаш куни ва ғалабанинг 75 йиллик байрами муносабати билан пойтахтимизнинг Олмазор туманида янгидан бунёд этилган кўркам “Ғалаба боғи” нинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Ушбу “Ғалаба боғи” нинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев иштирок этди ва нутқ сўзлади. Президентимиз ўз нутқи давомида ушбу “Ғалаба боғи” нинг янгидан бунёд этилишига тўхталиб, ушбу боғ том маънода бугунги тинч ва осойишта кунлар учун жон фидо қилган аждодларнинг хотирасини ёд этиш ҳамда юртимиз файзи бўлиб юрган кекса ёшдаги уруш фахрийларимизни эъзозлаш каби олийжаноб қадриятларимизнинг давомийлигини таъминлайдиган гўзал бир маскан сифатида эътироф этди.

Шунингдек боғ ҳудудида “Матонат мадҳияси” номли ёдгорлик мажмуаси мавжуд бўлиб, Президентимиз ушбу мажмуани ҳам кўздан кечирди ва она Ватан тинчлиги йўлида жон фидо қилган мард ўғлонлар хеч қачон унутилмаслигини яна бир бор таъкидлаб ўтди.

Мухтасар қилиб айтадиган бўлсак, Ватан барчамиз учун муқаддасдир. Юрт тинчлиги йўлида ҳалок бўлган ота-боболаримизни хотирлаб, уларни ёдга олиш эса ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиздир.

 

Аброр АЛИМОВ,

Тошкент шаҳар“Ҳувайдо”

жоме масжиди имом-хатиби

Аввало, барчани катта байрам – фашизм устидан қозонилган Ғалабанинг 75 йиллиги муносабати билан самимий табриклаб, мамлакатларимизнинг жасоратли фахрийларига, дўст халқларимизга соғлик-омонлик ва фаровонлик тилаймиз.
Урушда елкама-елка курашган ва фронт ортида фидокорона меҳнат қилган ота-боболаримизнинг мардлиги ва қаҳрамонлиги авлодларнинг миннатдор хотирасида абадий қолади.
Иккинчи жаҳон урушида собиқ Совет Иттифоқи давлатлари фуқаролари қаҳрамонлик, жасорат, садоқат намойиш этдилар. Урушнинг энг оғир йилларида инсонпарварлик кўрсатдилар. Бунинг энг ёрқин далили сифатида босиб олинган ҳудудлардан тинч аҳолини Ўрта Осиё мамлакатлари, хусусан Ўзбекистонга эвакуация қилинишини кўриш мумкин.
Мамлакатимизда 1999 йилдан буён ҳар йили 9 май – Хотира ва қадрлаш куни сифатида кенг нишонланаётгани ғалабага муносиб ҳисса қўшган ота-боболарни эъзозлаш, уларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш, урушда тинчлик учун жон фидо этганлар хотирасини мангу билишда алоҳида аҳамият касб этмоқда. Бу кун ўтганлар хотирланадиган, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ёдга олинадиган, дориламон кунларга етиб, қарилик гаштини сураётган қариялар қадрланадиган кунга айланди.
Жорий йилнинг 30 март куни Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди. Унга кўра, шу йил фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 75 йиллиги нишонланмоқда. Жумладан, ўтганларимиз руҳи-покларига Қуръон тиловатлари ва хайрли дуолар қилинади. Барҳаёт бўлганларини эса ҳолларидан хабар олинади, моддий ва маънавий кўмак берилади.
Ҳазрати Пайғамбаримиз алайҳиссалом ўзларининг муборак ҳадиси шарифларида марҳамат қилиб айтдилар: “Сизлардан вафот топиб кетганларни тирикликда қилган яхши амалларини ёдга олиб туринглар”.
Ҳақиқатан ҳам, ўтганларни хотирлаш савобли ва хайрли амаллардандир. 1941-1945 йилларда фашизмга қаратилган шиддатли жангларда қанчадан-қанча ота-боболаримиз ўз юртининг тинчлиги учун мардларча курашиб, жон фидо қилдилар. Бу ёруғ кунларни кўриш эса уларнинг аксариятига насиб этмади.
Инсоният тарихидаги энг даҳшатли қирғинбарот урушда 1,5 миллион нафар ўзбекистонлик фуқаро фронт¬га кетиб, жангларда бевосита иштирок этгани, уларнинг ярим миллиони жанггоҳлардан қайтмагани, яна қанчалаб инсонлар майиб-мажруҳ, ногирон бўлиб келгани, минглаб аёллар бева, болалар етимга айланганини эсласак ҳали ҳам даҳшатга тушамиз.
Фронт ортида қолган юрт¬дошларимиз эса, тунларни кунларга улаб, оч-наҳор бўлса-да, ўта оғир, заҳматли меҳнати билан ғалабага, тинчликка салмоқли улуш қўшди. Халқимизга хос бағрикенглик, меҳр-оқибат, саховат, эзгулик сингари юксак инсоний хислатлар уруш йилларида яна бир бор яққол намоён бўлди.
Дарҳақиқат, бугун ота-боболаримизни эъзозлаш, Ватан учун жонини фидо қилган азиз инсонларнинг руҳи покларини шод этиш эзгу амаллардан. Зеро, улар орзу қилган ҳур замонлар биз авлодларга насиб этди.
Бугун ҳар биримиз тинчлигимизни сақлаш, она-Ватанимиз сарҳадлари дахлсизлигини таъминлашда жонини тиккан азиз инсонлар олдида қарздормиз. Ҳар доим уларга эҳтиром кўрсатиш динимиз амридир.

Иброҳимжон ИНОМОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари

Видеолавҳалар

Top