muslim.uz

muslim.uz

Ўзбекистон мусулмонлари идораси ташаббуси билан ҳар йили юртимиздаги барча жоме масжидларнинг имом-хатиблари ўртасида “Йил имоми” танлови ўтказиб келинади.
Айни кунда танловнинг қуйи, яъни туман (шаҳар), вилоят босқичлари давом этмоқда. Ана шундай қизғин баҳс бугун, 13 август куни ЎМИ Қашқадарё вилояти вакиллиги тизимидаги масжидларда фаолият юритаётган имом-хатиблар ўртасида ўтказилди. “Абу Мўин Насафий” мажмуасида бўлиб ўтган билимлар беллашуви анъанага кўра, Қуръони карим тиловати билан бошланди. Танловда туман ва шаҳарларда биринчи ўринни қўлга киритган имом-хатиблар иштирок этдилар.
Кўрик танлов ҳар томонлама қизғин, самимий ва таассуротларга бой тарзда кечиб, имом-хатиблар яна бир карра билим ва маҳоратларини синовдан ўтказдилар. Танлов якунида ғолиблар аниқланиб, уларга вакиллик томонидан эсдалик ва қимматбаҳо совғалар тақдим этилди.
Маълумки, танловни ўтказишдан мақсад – бугунги тараққиёт талабларига жавоб берадиган, илмий салоҳияти юқори, касбий маҳорат соҳиби, ташаббускор, илғор фикрли, инновацион ғояларни ўзида жамлаган, замонавий ахборот технологияларидан етарлича фойдалана оладиган, энг муҳими, юртимизда диний соҳада амалга оширилаётган улкан ташаббусларни кенг халқ оммасига етказиш қобилиятига эга имом-хатибларни аниқлаш ва уларни муносиб рағбатлантиришдан иборатдир.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Понедельник, 15 Август 2022 00:00

Шариъатда дору-л-ҳарб ва дору-л- ислом

Ҳозирги замон уламолари илгари сураётган фикрга кўра барча давлатлар БМТга аъзо бўлиб, мазкур ташкилот хартиясини имзолагандан сўнг мусулмон давлатлар учун бирорта давлат дору-л-ҳарб ҳисобланмайди, балки, ҳатто мусулмонлар юрти бўлмаган диёрлар ҳам дору-л-аҳд (ўртада тинчлик ва сулҳ аҳди бўлган диёр) ҳисобланади, бинобарин, у юртларга ҳужум қилиш ёки ўша юртга борганда уларнинг қонунларини бузиш шаръан ҳаром бўлади.

Шунингдек, фуқаҳолардан бир тоифаси ҳозирги кунда аҳолисининг аксарияти мусулмон бўлган ҳар қандай мамлакатни дору-л-ислом ҳисобланишини илгари сурадилар.
Замонамиз уламоларидан Юсуф Қаразовийга кўра бугунги кунда ер юзида бирорта ҳам дору-л-ҳарб йўқ. Балки, мусулмонлар учун дунёнинг барча мамлакати, жумладан аҳолисининг аксарияти мусулмон бўлмаган диёрлар ҳам дору-д-даъва (яъни даъватни етказиш диёри) ҳисобланади.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, бугунги кунга келиб «дорул ҳарб» ёки «дорул куфр» каби тушунчалар ўз аҳамиятини йўқотган. Чунки, улар маълум марҳала ва даврга хос бўлган тушунчалар эди.

Боз устига қайсидир давлат дорул ҳарб ёхуд дорул куфр деб эътибор қилиниши учун аввал бошқа бир давлат дорул ислом деб эътибор қилиниши керак бўлади. Чунки, мазкур тушунчалар бир-бирига қарама-қарши тушунчалар сифатида вужудга келган бўлиб, бири бўлмаса бошқаси ҳам бўлмаслиги керак.

Ваҳоланки, бугун ҳаммаёқни дорул ҳарб ёки дорул куфр деб даъво қилаётганлар бирорта давлатни дорул ислом деб атамайдилар. Демакки, улар учун дунёда дорул ислом дейишга лойиқ бир давлатнинг ўзи йўқ. Агар шу мантикдан келиб чиксак, дунёда дорул ҳарб ёки дорул куфр ҳам бўлмаслиги керак. Зеро, бу тушунчалар «дорул Ислом» атамасига қарама-қарши ю нарсалар сифатида муомалага киритилган.

Юқоридагилардан биз учун энг камида шу нарса ойдинлашадики, Ўзбекистон каби аҳолисининг аксарияти мусулмон бўлган, фуқаролари бемалол ўз динларига амал қилиб юрган, йилига янги янги жомеъ масжидлар қурилаётган жойларни асло дору-л-ҳарб ёки дору-л-куфр деб аташ мумкин эмас. Балки, бундай юртлар Ислом диёри ҳисобланади.

Бинобарин, бундай мамлакатларга ҳужум уюштириш, турли террорчилик ҳаракатларини содир қилиш асло жоиз эмас (ҳолбуки, Ислом диёри бўлмаган мамлакатларга нисбатан ҳам мазкур жиноятларни амалга ошириш шаръан асло мумкин эмас), ва ундай жойдан ҳеч қаерга ҳижрат қилиш ҳам фарз эмас.

Абдураҳмонов Муҳаммадхон

"Ҳидоя" ўрта махсус ислом 
билим юрти мударриси 

Понедельник, 15 Август 2022 00:00

Шом вақти

Шом вақти. Деразадан ташқарига назар солар эканман, кўчада ёш болаларини олиб, сайрга чиққан келинларга кўзим тушади. Шом бўлгани боис кўчада чопаётган болаларнинг бир-бири билан урушиши, йиқилиб лат егани боис йиғи овозлари эшитилиб туради.

Болалик чоғларимизда бувим раҳматликнинг бот-бот қайтарадиган гаплари бўларди. “Шомда кўчага чиқманглар, жинлар кўпаядиган вақт”. Шу гаплари таъсир қилганидан бўлса керак, сал қоронғу тушиши билан уйларимизга чопар эдик.

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Идишларингиз устини ёпинглар, қопнинг оғзини боғланглар, эшикларни қулфланг, кеч кирганида болаларингизни қайтаринг. Сабаби, (бу пайтда) жинларнинг тарқалиши ва тез ҳаракатланиши бор. Ётишдан олдин чироқларни ўчиринг. Сабаби сичқон пиликни олиб, хонадон соҳибларини ёқиб юбориши мумкин” (Бухорий, Абу Довуд ва Аҳмад ривояти).

Бу ривоятда бир қанча фойдали маслаҳатлар берилмоқда. Жумладан, идишлар устини очиқ қолдирмаслик, қопнинг оғзини боғлаш ва кеч кирганда болаларни кўчага чиқармаслик ва шомдан кейин ташқари эшикни қулфлаш, ётишдан олдин шамни ўчириш таъкидланмоқда.
“Шомдан кейин кўчага чиқиб бўлмайди”, деган гап мана шу ҳадисга асосланиб айтилган бўлса, ажаб эмас. Бу гапларнинг асоси бор. Сабаби шом пайтида жинлар ер юзи бўйлаб тарқалади. Бу пайтда жинлар кўчада юрган болаларга зиён етказиб қўйиши мумкин.

Ҳозирги вақтда хасталикларнинг тури кўпайиб кетган. Аммо ҳар доим ҳам  касалликнинг келиб чиқишига асосий омил қилиб экологияни рўкач қилишимиз ноўрин.

Маҳалла келинларидан эшитиб қоламан: “Болам кечаси шайтонлаб чиқяпти, тез-тез касал бўлади”.  Энди мулоҳаза қилиб кўрайлик, ҳамма  хасталик  ҳам дори-дармон билан тузалавермагач, болаларнинг  соғлигини тиклаш учун, уларнинг руҳияти билан ҳам ҳисоблашишимиз зарур.

Шифокорлар ҳар қандай  касалликда гигиенага  жиддий эътибор беришни таъкидлашади. Ислом динида Қуръони карим, Набавий таълимотларида покликка тарғиб қилинади.  Шунинг учун ҳам  эмизикли боласи бор бўлган аёлларга доимо таҳорат билан болани эмизиш, эмизиш вақтида Қуръон оятларини ўқиш, саловатлар, тасбеҳлар айтиш тавсия этилади. Бундай амалнинг фазилатини кенгроқ тушунтирадиган бўлсак, таҳорат билан фарзандини қўлга олган аёл покиза руҳ билан боласини эмизишни бошлайди. Қуръон тиловати эса  гўдакдан шайтон ва жинларнинг таъсирини кетказади. Бундай болаларнинг уйқуси сокин, танаси соғлом,  руҳи тетик бўлади. Шундай экан ҳаётимизни Қуръони карим оятлари ва Суннати Набавий билан  нурлантиришимиз лозим. Токи фарзандларимизнинг имони мустаҳкам, ўзи саломат, эътиқоди юксак даражада бўлсин.

 

Мунира АБУБАКИРОВА

Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутахассиси

 

 

 

 

Бу воқеани заргарлик дўконларидан бирида ишлайдиган танишим ҳикоя қилиб берган эди. Ҳайит байрами куни чиройли кийинган бир йигит дўконимга хотини билан кириб келди. Уларнинг ортидан гўдак болани қўлида кўтариб олган кекса онахон кўринди. У дўкон остонасидан ичкарига бир – икки қадам киргач, ундан уёғига ўтмасдан пойгакда туриб қолди. Билсам, бу онахон мазкур йигитнинг онаси, қўлидаги бола эса унинг набираси экан.

Ҳалиги одамнинг аёли тилла ва жавоҳир буюмлар териб қўйилган ойнали пештахталар ичига гўёки шўнғиб кетиб, улардан бошини кўтаролмай қолди. Кўзига яхши кўринган ҳамма нарсани қўлига олиб, бўйнига, қўлларига тақиб кўрар, эрига ҳам “қалай” дегандек кўрсатарди. Шу тариқа, у нархига парво ҳам қилмасдан анча нарсани хариб қилиб қўйди.

Танлайдиганини танлаб бўлгач, эрига имо қилган эди, у: “неча пул бўлди?” дея олдимга югуриб келди. Ҳисобни кўриб, қўрқиб кетади деб ўйлаган эдим.

– Жами йигирма беш миллион бирюз етмиш минг, сўм бўлди...

– “бир юз етмиш минг”и қаердан келди, ака? – деди у пешонаси тиришиб... – ҳисобни тўғри қилинг...

– Ҳа-а-а, ҳалиги,.. онангиз бир юз етмиш минг сўмлик кичкина узук олгандилар...

Шу пайт кўз ўнгимда ғалати ҳодиса юз берди. Бояги одам қани ўша узук дея, харид қилинган бир талай тилла буюмлар ичидан мазкур узукни олиб, олдимга ташлади ва “кампирларга нима бор экан, тилла тақиб(!)”, деди. Бу гапдан титраб кетдим.

Онаси унинг сўзларини эшитиб қолди ва кўзлари ёшланиб, дўкондан чиқиб кетди. Дўконнинг ойнаванд деворидан уни кузата бошладим. У ўғлининг машинасига бориб, маъюс ҳолда ўтирди. Бўғзимга бир нарса қадалгандек бўлди. Унга раҳмим келди. Қаршимда гўёки, ўз онам беҳурмат қилингандек эди.

Шу пайт бояги бойваччанинг ҳоним афандиси қўлларини пахса қилиб, эрини койий кетди.

– Нима қилардиз-а шунақа қилиб?.. Уфф, шу етми турувди. Шу қиганизга энди, ўғлизга қарамай қўйсалар нима бўлади, а?!.. Ким кўтариб юради, энди болани?.. Ман кўтармиман - у ахир!!!

Субҳаналлоҳ... Анави кекса аёл қайнонамиди ўзи, ёки хизматкор?.. Ҳайратдан ёқамни ушлай дедим.

Охири, сабрим чидамасдан ҳалиги одамга танбеҳ беришга мажбур бўлдим. Жуда ҳам хунук иш қилдиз - да, биродар, – дедим. Шунча пул сарфлаганда, биттагина арзон узук нима эди,.. шунинг учун бунчалик пасткашликка бориш керакмиди? Энди, бориб, ойингизни кўнглини олинг, – дея насиҳат қилдим.

Йигит машинада ўтирган онасининг олдига бориб:

– Хоҳласангиз ўша узукни ола қолинг, ойи – и!.. деди. Онаси эса:

– Йўқ!.. ҳеч нарса керакмас, – деди. Шунчаки, ҳамма каби мен ҳам байрам сабабли хурсанд бўлишни хоҳлагандим...

Бу манзарадан кўзларимдан олдин қалбим йиғларди. Нуроний, муштипар онаизорнинг чил-чил синган дилига малҳам топишга ожиз эдим.

Бу воқеани эшитиб, менинг ҳам кўзларим ёшланди. Наҳотки, одамлар ўз ота-оналарига нисбатан бу қадар бемеҳр бўлиб кетишган бўлса!.. Ота-онани хор қилиш шунчалик бўладими? Мурғак гўдаклик чоғимиздан бошлаб то улағайиб, ўзимизни эплайдиган бўлгунимизга қадар емай едириб, киймай кийдирган, бизнинг роҳатимиз учун неча уйқуларини ҳаром қилган, бутун умрини, соғлигини бизларга бахшида қилган ота-оналаримизга ташаккуримиз, муносабатимиз шуми? Яхшиликнинг жавоби наҳот шундай бўлса?.. Ота-онасини бошидаги тож, бирисини ой, бирисини қуёш деб билган олийжаноб халқимизнинг асл қадриятлари қайларда қоляпти?..

Наҳотки, келинларимиз ҳам биттагина қайноналарини Аллоҳ учун, ёки бундай тушунча уларга бегона бўлса, ҳеч бўлмаганда ўз эрларининг ҳурмати учун кўнглини олишни, ҳурматларини жойига қўйишни ўзларига эп кўролмайдилар?!.. Агар эр ўз ота-онасига бепарво бўлса, уни тўғри йўлга солиш аёл кишидан вожиб эмасми?!..

Қайтар дунё, дейдилар. Эрта бириси кун улар ҳам ўғил уйлантириб, қайнона бўлганларида, ўзларига нисбатан шундай муомала қилинса, чидай олармиканлар?!.. Охиратдачи, охиратда ота-онасига бемеҳр ва бепарво фарзанднинг оқибати не бўларкин?!...

Ота-онага яхшилик қилиш фарз, уларни ранжитиш, дилларини оғритиш эса гуноҳи кабирадир. Ота-онани йиғлатиш, гуноҳга буюрмаган ҳолатда итоат қилмаслик, дилларини оғритиш, кексайганларида яхшилик қилмай, ёрдам бермай ташлаб қўйиш, уларга қарашдан қочиб қариялар уйига олиб бориб қўйиш, дўстни отадан, хотинни эса онадан устун қўйиш ҳам ота-онага оқ бўлиш жумласидан ҳисобланади. Аллоҳ таоло барчамизни ота-онасига яхшилик қилувчи солиҳ бандаларидан қилсин! Ҳеч кимни кексайиб қолганда меҳрга зор қилмасин!

Одилхон қори Юнусхон ўғли

Ибн Касир ўз тафсирларида тақво ҳақидаги оятларнинг тафсирида: «Тақводорлик авлодларга таъсир қилади. Аллоҳ тақводор, солиҳ одамнинг етти пуштини муҳофаза қилади» деб ёзганлар. Ҳазрати Мусо алайҳиссаломнинг тарихларида Хизр алайҳиссалом билан бирга икки етим бола яшайдиган уйнинг деворини тузатиб қўйганлари айтилган. Аллоҳ таоло иккита азиз бандасини – уларнинг бири пайғамбар, бири илми ладуний ато этилган зот – ухлаб ётган икки етимга текин мардикор қилиб қўйди. Нима учун? Бунинг ҳикмати шу эканки, ўша етимларнинг отаси солиҳ одам бўлган экан. Ибн Касир роҳимаҳуллоҳ шу оятнинг тафсирида «Ўша икки етимнинг бевосита туғдирган отаси эмас, еттинчи авлодидаги бобоси солиҳ зот бўлган» деб келтирадилар. Умуман, бир ёмонликнинг етти пуштга уриши, етти пуштини суриштириш деган истилоҳ бекорга қўлланилмайди. Авлодлар орасида етти пуштгача ўзаро алоқалар бўлади. Қайси бир суҳбатимизда инсоннинг уруғи орқали нафақат қон, суяк, тирноқ, соч каби белгилар, балки ирсий маълумотлар ҳам ўтади, деган эдик. Буни бугунги куннинг юксак тараққий этган генетика, психогенетика фани тасдиқлаб турибди. таърифлаб беряпти

Демак, бу ижобий таъсир Қуръон ва суннатнинг маҳсули, илмнинг маҳсули экан. Аммо яхшилик етти пуштга етганидек, ёмонликнинг зарари ҳам етти авлодгача бориши ҳам бор.

Ҳар бир инсон, бутун жамият ўзаро муносабатларни халқларнинг турли-туман урф одатлари, маданияти ва қадриятларини тан олган ҳолда бағрикенглик асосига қуриши зарур. Зеро, тинч-тотувлик, бағрикенглик тараққиёт гаровидир.

Аллоҳ таоло азиз ва мустақил юртимизда яшаётган барча диндорларни тинчлик, тотувлик ўзаро ҳурмат ва эътиборда истиқомат қилишларида мададкор бўлиб, Она-Ватанимизни турли бало ва офатлардан ҳифзу ҳимоясида сақласин, Аллоҳ Ўзи бизларни Ҳақ динидан айирмасин ва иймонимизни доимо ҳамроҳ қилсин!


“КАМОЛХОН ЭШОН БУВА“ МАСЖИДИ ИМОМ НОИБИ

ЗИЁВИДДИНОВ АЗИМХОН

Страница 57 из 1850

Видеолавҳалар

Top