muslim.uz

muslim.uz

Среда, 29 Май 2019 00:00

Қадр кечаси фазилатлари

Танловга!

Қадр кечасининг ўзига хос бир қанча фазилатлари мавжуд бўлиб улар Қуқъони карим оятлари ва ҳадиси шарифларда зикр қилинган. Қуйида шу ҳақида сўз юритамиз.

  • Қуръони карим шу кечада нозил қилинган. Аллоҳ таоло айтади: «Албатта, Биз у (Қуръон)ни Лайлатул Қадрда нозил қилдик» (Қадр, 1).
  • У минг ойдан кўра яхшироқ кечадир. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: «Лайлатул Қадр минг ойдан яхшироқдир» (Қадр, 3). Имом Табарий ушбу оят тафсиридаги энг тўғри гап Қадр кечасидаги амал ушбу кеча бўлмаган минг ойда қилинган амалдан яхшироқ эканини айтганлар.
  • У муборак кечадир. Алоҳ таоло Духон сураси 3-оятида шундай марҳамат қилади: «Албатта, Биз у (Қуръон)ни муборак кечада нозил қилдик». Демак, ушбу кеча кунлар орасидаги энг муборак кеча экан.
  • Ушбу кечада жуда кўп фаришталар ерга тушади. Аллоҳ таоло бу ҳақида шундай марҳамат қилади: «Унда фаришталар ва Руҳ Роббилари изни билан барча ишлар учун тушади» (Қадр, 4). Муфассир уламоларимиз ояти каримада зикр қилинган Руҳ Жаброил алайҳиссалом эканликларини айтишган. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда шундай дейилади: «Албатта, фаришталар ўша кечада ерда майда тошлардан ҳам кўп бўлади».
  • Кейинги йилгача бўладиган ишларнинг ёзилиши. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: «Ўша (кеча)да ҳар бир ҳикматли иш ажратилиб, ҳал қилинур». Кўплаб муфассир уламолар фаришталар Аллоҳнинг амри билан кейинги йилгача бўладиган барча ишларни ёзиб қўйишини айтишган. Бу маънони Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтганликлари ривоят қилинади.
  • Уни ибодат биланбедор ўтказиш ўтган гуноҳлар кечирилишига сабаб бўлиши. Имом Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Ким Қадр кечасида (чин) иймон ва (риё қилмасдан) савоб умидида қойим бўлса унинг ўтган гуноҳлари кечирилади».
  • Дуолар ижобат бўлиши. Имом Термизий Оиша розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда У зот Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «Ё Расулуллоҳ, қайси кеча лайлатул қадр эканини билсам унда нима дейман?», деб сўрадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Аллоҳумма иннака аъвуффун, туҳиббул аъфва фаъфу аънний» (Маъноси: Аллоҳим, Cен марҳаматли Зотсан, афв этишни суясан, мени кечиргин!) дегин», дедилар. Оиша онамиз Қадр кечасида дуолар ижобат бўлишини билганлари учун ҳам ушбу кечада қандай дуо қилишни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўраб ўрганиб олмоқдалар.
  • Ушбу кеча ибодатидан маҳрум бўлиш катта жудолик экани. Ибн Можа Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Албатта, сизларга ушбу (Рамазон) ой ҳозир бўлди. Унда минг ойдан яхшироқ кеча бор. Ким ундан (яхшилиги ва ибодат қилиш) маҳрум бўлса барча яхшиликдан маҳрум бўлибди. Унинг яхшилигидан фақат маҳрум (бахтсиз, ибодат лаззатидан бебаҳра) инсонгина маҳрум бўлади». Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қадр кечасини топишга тарғиб қилар ва ўзлари ҳам охирги ўн кунликни ибодат билан ўтказар эдилар.

Демак, Қадр кечаси жуда кўплаб фазилатларга эга ва энг муборак кеча экан. Шунинг учун ҳам бу кечани бедор ўтказишга, ундаги фазилатларга эга бўлиб қолишга интилиш лозим. Аллоҳ таоло барчамизга ушбу кечанинг фазилатига эришишни насиб қилсин! 

 

Манбалар асосида

Ийсохон Яҳё тайёрлади

Мисрнинг Қоҳира шаҳрида Рамазон ойи муносабати билан оммавий ифторлик ташкил этилди, Еuronews.com. нашри.

Камбағаллар яшайдиган ҳудудда ёзилганифторлик дастурхони 70 нафар ошпаз томонидан безатилди.Ҳар йили ташкил этиладиган ушбу маросимда бу йил 2200 дан ортиқ киши қатнашди.Ушбу хайрия ишига сарфланадиган маблағ кўнгиллилар томонилан йил бўйи тўплаб борилади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Туркияда бўлиб ўтган VII халқаро Қуръон мусобақасида 68 давлатдан 128 та ҳофизи Каломуллоҳлар иштирок этди. Бу ҳақда IQNA хабар беради. Мусобақа якунига кўра мутлақ ғолиб, Индонезиялик қорига насиб этди.

"Ислом.уз" интернет нашрининг маълум қилишича мусобақада таниқли ҳакамлар иштирок этишган. Истанбулда бўлиб ўтган халқаро Қуръон мусобақаси ҳайъати аъзоларидан Ироқлик қори Али Абду Саттор ал-Хафожийнинг айтишича, иккинчи ўринни Туркия, учинчи ўринни Ливия ва тўртинчи ўринни Ироқлик ҳофизлар эгаллаган.

Эслатиб ўтамиз, Туркиянинг VII халқаро Қуръон мусобақаси ғолибларини тақдирлаш маросимига Туркия Президенти Ражаб Тоййиб Эрдуғон ташриф буюрди. Тадбир Туркиянинг энг катта масжиди «Жамлича» жоме масжидида ташкил этилиб, унда Диёнат ишлари раҳбари Али Эрбош нутқ сўзлади.

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Яқинда Самарқандда «Буюк ипак йўли чорраҳасида зиёрат туризмининг ренессанси» мавзусида халқаро конференция ўтказилди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Унда Хитой, Россия, Франция, Италия, Покистон, Жанубий Корея, Туркия, Польша, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон каби мамлакатлардан нуфузли олимлар ва туризм соҳасининг етакчи мутахассислари иштирок этди.

ЎзА мухбири уларнинг баъзилари билан суҳбатлашган.

Муҳаммад Назир Жан, қарийб 300та мадраса жамлаган Покистон Дар ул Улум Мужаддидиа мадрасалар мажмуаси вице президенти:

– Фаолиятим мобайнида дунёнинг кўплаб мамлакатларида – Туркия, Уммон, Ироқ, Сурия ва Яманда бўлганман. Самарқандда Имом ал Бухорий мақбараси, Бухорода эса Ҳазрати Нақшбанд қадамжоси бор. Покистонликлар асосан шу икки манзилни зиёрат қилиш учун келишади. Ватанимга қайтгач ўзим кўрган, зиёрат қилган масканлар ҳақида барчага сўзлаб бераман. Бу ерда эканлигимдан хурсандман. Дунёда кўплаб тарихий обидалар бор, кўплаб динлар учун муқаддас мамлакатлар кўп. Лекин, Ўзбекистон миллати, ирқи, динидан қатъи назар барча инсонларни ўзига мафтун эта олади. Жозибадор гўшалар юртингизда кўп. Ўйлашимча, Ўзбекистон ҳукумати сайёҳликни ривожлантириш борасида тўғри сиёсат олиб боряпти. Ўз мисолимда айтадиган бўлсам, бир кунда виза олдим. Ҳаётимда биринчи маротаба бундай бўлиши. Ҳеч қайси мамлакатга бу қадар осон ва тез виза олмаганман. Бошқаларга кириш визасини олиш учун бир ҳафта, ўн кун, ҳатто бир ойлаб кутган вақтларим бўлган. Бунда ҳам Карачига ёки Исломободга боришим зарур эди. Паспортимга стикер қўйдириб кейин яна ортга қайтар эдим. Ўзбекистонга келишимда эса бундай бўлмади. Шу сабабли ҳам фикримча бу юртга жуда кўплаб сайёҳлар келаверади. Самарқанддаги “Ипак йўли” туризм халқаро университети билан ҳамкорлик меморандумини имзолаганимиз натижасида эса эндиликда доимий ҳамкорлик ишларини олиб борамиз.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Среда, 29 Май 2019 00:00

Қадр кечаси аломатлари

Танловга!

Қуръони каримда қадр кечасининг минг ойдан яхшироқ эканлиги зикр қилинган. Ҳадиси шарифларда ҳам ушбу кечани топган ва уни бедор бўлиб ибодат билан ўтказган инсоннинг гуноҳлари кечирилиши марҳамат қилинган. Уламоларимиз ҳадислар ва саҳобайи киромларнинг сўзларидан хулоса қилиб қадр кечасининг бир қанча аломатлари бўлишини айтишган. Қуйида шу ҳақида сўз юритамиз.

  • Ҳавонинг мўътадил бўлиши ва шамол сокин эсиши. Ибн Хузайма Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Қадр кечаси нурли, очиқ, совуқ ҳам, иссиқ ҳам бўлмаган кечадир. Унинг тонгида Қуёш нурсиз қизил бўлиб чиқади». Бошқа ҳадисда ушбу кеча сокин бўлиб унда ёмғир ёғиши ҳам мумкинлиги айтилган. Демак, ҳаво мўътадил бўлиши, ўта иссиқ ёки ўта совуқ бўлмаслиги, шу билан биргаликда, баъзида сокин, ёмғирли кеча бўлиши қадр кечасининг аломатларидан бири экан.
  • Фаришталар тушиши сабаб қалб хотиржам бўлиши. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда шундай дейилади: «Албатта, фаришталар ўша кечада ерда майда тошлардан ҳам кўп бўлади». Ушбу кечада ерда фаришталар кўплигидан инсон бошқа кечаларда ҳис қилмаган қалб хотиржамлиги, кўнгил кенглиги ва ибодат лаззатини ҳис қилади.
  • Тонгда Қуёшнинг нурсиз бўлиши. Имом Муслим Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Қадр кечасининг тонгида Қуёш то кўтарилгунига қадар нурсиз, худди тоғора каби чиқади». Ушбу ҳадисни шарҳлаган Қози Иёз икки хил кўриниш эҳтимоли бўлиши мумкинлигини айтганлар. Биринчиси, бу аломат айни шу ҳадис айтилган вақтдаги қадр кечасига хос эканлиги ва бошқаларига хосланмагани; иккинчиси, бу ҳолат фақат қадр кечасига хос бўлиши; Баъзилар кечаси тушган фаришталар қуёш чиқаётганда самога кўтарилиб Қуёшнинг нурини тўсиши ва шу сабаб у нурсиз чиқишини айтишган. Демак, ушбу ҳолатни ҳам қадр кечаси аломати сифатида қабул қилиш мумкин экан.
  • Ушбу кечанинг саломатлик кечаси бўлиши. Аллоҳ таоло айтади: «У то тонг отгунча салом бўлиб турадир» (Қадр сураси, 5. Тафсири ҳилол). Машҳур муфассирлардан Қатода ва Ибн Зайд ушбу оятни шундай шарҳлашган «Унинг барчаси яхшилик, то тонг отгунича унда ёмонлик бўлмайди».

Аслида, юқорида биз санаб ўтган аломатлар одатда қадр кечаси ўтгандан сўнг билинади. Ҳадиси шарифларда ушбу аломатлар зикр қилинишидан мақсад эса ушбу кечани топган ва уни ибодат билан ўтказган инсонлар Аллоҳ таоло уларни ана шундай неъматга мушарраф этгани учун Унга ҳамд айтишлари ҳамда кўнгиллари хотиржам бўлиши учундир. Ушбу муборак кечани топиш учун эса уламоларимиз Рамазоннинг охирги ўн кунини ғанимат билиб, унда ибодат билан билан бедор бўлишни тавсия қилишган. Аллоҳ таоло барчамизга ушбу кечани топишни ва улкан савобларни қўлга киритишни насиб айласин!

 

Манбалар асосида

Ийсохон Яҳё тайёрлади

Видеолавҳалар

Top