muslim.uz

muslim.uz

Қуйида келтириладиган фикрлар, ҳикматлар сайтлардан ва ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган.

 

Эй Роббим, хонадонларимиздан ғам, безовталик ва маҳзунликни нари қилгин! Уйимизни ва унда яшаётганларни сокинлик, сатр, муҳофаза, омонлик ва ота-оналар билан ризқлантиргин!

“Фикр дурдоналари”

*****

“Юқорига мен биринчи чиқаман” деб нарвонни талашдик. Ўзимизнинг розилигимиз билан ўртамизда душман ҳакамлик қилди. Биз талашаётган нарвонни ҳар биримизга тенг қилиб икки бўлиб берди. Натижада ҳаммамиз юқорига чиқа олмай, чуқурликда қолиб кетдик.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

  • Ожиз бўлса ҳам ўз имкониятларини ишга соладиган кишилар бор.
  • Имкониятлари бўла туриб ожизлигини рўкач қиладиган кишилар ҳам бор.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Ёзувчилардан бири эрта тонгда ишга кетаётганларни васф этиб шундай деган экан: “Гўё улар эртага қатл этиладиган кишилардек юзлари тушкун, маҳзун ҳолатда эди”.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Ҳаётларида ниманидир амалга ошира олмай, муваффақиятсизликка учраганлар доим бошқаларни йиқитишга уринадилар.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Менга, мени танимайдиган киши эмас, балки мени яхши танийдиган яқиним озор берди.

“Фикр дурдоналари”

 *****

 

 

Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи

Нозимжон Иминжонов

Бугун, 11 апрель куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Қозоғистоннинг Нур-Султон шаҳрида бўлиб ўтаётган “Маънавий ипак йўли: Ислом ва ёшлар: замонавий таҳдидлар” номли анжуманда маъруза қилдилар.
Муфтий ҳазратлари ўз маърузаларида мусулмон умматининг келажаги ёшлар тарбиясига боғлиқ экани, таълим-тарбияга катта аҳамият қаратган миллатнинг эртаси фаравон бўлиши, лекин ҳозир ёшлар орасида жиноятчилик кенг тарқалаётгани, ахлоқий тубанлашиш ортиб бораётгани ва ёшларнинг одоб-ахлоқ меъёрларидан узоқлашиши оқибатида жуда хатарли иллатлар келиб чиқаётганига алоҳида урғу қаратдилар.
Ушбу муаммоларнинг туб негизида эса ёшларнинг диний-ахлоқий тарбиядан узоқлиги ётиши, шунинг учун ҳам, дин пешволари ёшларни ахлоқий қадриятлар ва мустаҳкам эътиқод билан озиқлантириш орқали уларни мана шундай таҳдидлар домидан сақлаб қолиш зарурлигини муфтий ҳазратлари таъкидладилар.
Шунингдек, муфтий ҳазратлари Ислом ҳамжамияти олдида турган энг катта ва долзарб вазифалардан бири ёш авлодга ҳар томонлама диний ва дунёвий билимлар бериш, шу билан бир қаторда соф Ислом ахлоқи билан тарбиялаш муҳимлигини баён қилдилар.
Нур-Султон шаҳридаги анжуман давом этмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Четверг, 11 Апрель 2019 00:00

Арслондек бўлгин!

Ривоят қилишларича, бир киши ўғлини савдогарлик қилиш учун узоқ сафарга юборди. Йигит йўлда борар экан кексайиб, касал бўлиб, ҳаракатлана олмай қолган тулкини кўрди. Йигит тулкининг ёнига келиб бироз турди, ўзича: “Бу заиф ҳайвон қандай ризқ топаркин? Тез орада очликдан ўлиб қолса керак” деб ўйлади.  

Йигит шу алфозда турганда катта арслон ўлжасини тишлаганча тулки тарафга юриб кела бошлади. Тулкидан бироз нарироққа ўтирди-да, оғзида олиб келган ўлжасини ея бошлади. Қорни тўйгунича еб, ўлжанинг қолган қисмини ўша ерга ташлаб, ортга қайрилиб кетди. Тулки ўзини қўлга олиб, бир амаллаб бояги ўлжага етиб бориб, тўйгунича ўша гўштдан еди. Буни кўриб турган йигит: “Албатта, Аллоҳ таоло барча махлуқотларга ризқ беради. Шундай бўлгач, нима учун мен машаққатли сафарга чиқишим ва ўзимни қийнашим керак?” деди-да, сафарини тўхтатиб, ярим йўлдан ортга – уйига қайтди.

Уйига етиб бориб, отасига бўлиб ўтган воқеани бирма-бир сўзлаб берди. Ўғлининг сўзларини эшитган ота: “Ўғлим, мен сенинг арслонлардан қолган нарсаларни ейдиган тулки бўлишингни эмас, балки арслон бўлишингни, тулкилар эса сендан қолган нарсаларни ейишини истайман” деди.

 

“Вазиятларни бошқариш санъати” китобидан

Нозимжон Иминжонов таржимаси

 

Ақоид илмини ўрганишда ақида матнларини билиш ва уларни ўрганиш, ёдлаб олиш муҳим ҳисобланади.

Мотуридийя таълимотига оид бир қанча матнлар бўлиб, уларнинг асосийлари қуйидагилардир:

  1. I. «Фиқҳул акбар»

Имом Аъзам Абу Ҳанифа Нўмон ибн Собит роҳматуллоҳи алайҳнинг калом илмига тамал тошини қўйган «Фиқҳул акбар» китобларини у кишидан Абу Мутийь ал-Божилий роҳматуллоҳи алайҳ ривоят қилганлар. Кўп уламолар буни таъкидлайдилар. «Фиқҳул акбар»матни жуда кўп олимлар томонидан диққат билан ўрганилган. Унга кўплаб шарҳлар ёзилган. Улардан:

  1. Муҳиййиддин Муҳаммад ибн Баҳоуддин (ваф. ҳижрий 954) тасаввуф ва калом илмини жамлаб шарҳлаган, масалаларни тўлиқ баён этган, уларнинг моҳиятини яхши очиб берган ва уни «Ал-қовлул фасл» (Сўнгги сўз) деб номлаган.
  2. Мавло ибн Илёс ибн Иброҳим Сайнубий (ваф. ҳижрий 891-йил Пруссияда)жуда фойдали шарҳ ёзган.
  3. Мавло Аҳмад ибн Муҳаммад Муғнийсовий. У киши шарҳни:

«الحمد لله الذي هدانا إلى طريق السنة و الجماعة

деб бошлаб,

تم الشرح سنة 939 ه»

деб ниҳоясига еткизганлар.

  1. «Фиқҳул акбар»ни Абул Бақо Аҳмадий 918/1506-йил Рамазон ойининг 23-кунида назмга солган ва уни «Иъқдул жавҳар назму насри фиқҳил акбар» (Фиқҳул акбар насрининг назмий жавҳарлар маржони) деб номлаган.
  2. Иброҳим ибн Ҳассон Кирмиёний (ваф.1016/1608) ҳам уни шарҳлаб, назмий баён этган.
  3. Мулла Али Қори роҳматуллоҳи алайҳ бир мужаллад қилиб шарҳлаганлар. Уни «Минаҳу ровзил азҳар» (Гулзордан туҳфа) деб номлаганлар. У жуда катта ва кенг шарҳ. Ушбу китоб кўп марта нашр этилган ва бир неча тилларга таржима қилинган.
  4. Шайх Акмалуддин ҳам уни шарҳлаган ва «Иршод» (Дастур) деб номлаган.

 

  1. «Ақидатут таҳовийя»

Имом Аҳмад ибн Жаъфар Ҳанафий (ваф. 321/997) роҳматуллоҳи алайҳнинг «Ақидатут таҳовийя» номи билан машҳур бўлган китобларини ўзлари «Баянус суннати вал жамаа» (Суннат ва жамоат баёни) деб номлаганлар. Бу матн ҳам мотуридийя мазҳаби машҳур матнларидан бўлиб, узоқ йиллар давомида калом илми толибларига ёдлатиб келинади. Унга ҳам кўплаб шарҳлар битилган, чуқур ўрганилган. Ана шу шарҳлардан:

  1. Сирожуддин Ҳибатуллоҳ ибн Аҳмад ибн Маъло Туркистоний (ваф. ҳижрий 736) шарҳи.
  2. Нажмуддин Бекбарс ибн Ялнуқлож Туркий (ваф. ҳижрий 652) катта мужалладли қилиб шарҳлаб, уни «Ан-нурул лаамиʼ ва бурҳанус сатиʼ» (Порлаб турган нур ва очиқ-ойдин далил) деб номлаганлар.
  3. Садруддин Али ибн Муҳаммад ибн Иъз Азлаъий Дамашқий Ҳанафий (ваф. ҳижрий 742) шарҳи.
  4. Маҳмуд ибн Аҳмад ибн Масъуд Қубвий (ваф. ҳижрий 770) жуда меёрида шарҳлаб, уни «ал-Қолаид фи шарҳил ақоид» деб номлаганлар.
  5. Мавло Кофий Ҳасан Баснавий (ваф. 1025/1617) жуда фойдали шарҳ ёзиб, уни “Нурул яқин фи усулид дин” (Усулуд дин илмида яқин нур) деб номлаганлар.

 

III. «Ақоидун насафий»

Шайх Нажмуддин Абу Ҳафс Умар ибн Муҳаммад Насафий (ваф. ҳижрий 537) роҳматуллоҳи алайҳнинг «Ақоидун насафий» матни мўъжаз матн бўлиб, кўп уламолар унга жиддий эътибор қаратганлар. Унга бир қанча шарҳлар ёзилган. Улардан:

  1. Аллома Саъдуддин Масъуд ибн Умар Тафтазоний (ваф. ҳижрий 791) ушбу матнга шарҳ ёзиб, уни ҳижрий 768-йил Шаъбон ойида ёзиб тугаллаганлар.
  2. Рамазон ибн Муҳаммад (ваф. ҳижрий 979) бир мужалладли шарҳ ёзганлар. Бу шарҳ «Ҳошияту Рамазон афанди» (Рамазон афандининг ҳошияси) номи билан машҳур.
  3. Шайх Муҳаммад ибн Муҳаммад «ибн Ғорс Ҳанафий» номи билан машҳур (ваф. ҳижрий 932). У киши ҳам жуда фойдали шарҳ ёзиб, уни ҳижрий 887-йил Рамазон ойида ниҳоясига еткизганлар.

Аллома Тафтазоний роҳматуллоҳи алайҳ шарҳидаги ҳадисларни Жалолиддин Суютий ҳамда Мулла Али ибн Муҳаммад Қори Маккийлар тахриж қилганлар.

  1. «Бадъул амолий»

Шайхул имом Сирожиддин Али ибн Усмон Ўший Фарғоний Ҳанафий (ваф. ҳижрий 575) роҳматуллоҳи алайҳ «Бадъул амолий» (Имлолар боши)нинг муаллифи бўлиб, бу матн 66 (72!)  байтдан иборатдир. У ҳижрий 569-йили ёзиб тугалланган . Бу матннинг ҳам шарҳлари кўп бўлиб, улардан баъзилари қуйидагилардир:

  1. Муҳаммад ибн Абу Бакр Розий шарҳи. Ушбу шарҳ ҳижрий 751-йили ниҳояланган.
  2. Шайхул имом Иъззуддин Муҳаммад ибн Абу Бакр ибн Жамоа (ваф. ҳижрий 819) ҳам шарҳ ёзган.
  3. Мулла Али Қори роҳматуллоҳи алайҳ (ваф. 1014/1606) ҳам шарҳ ёзиб, уни «Зовъул маолий» деб номлаганлар.

«Бадъул амолий»нинг ўзбек тилидаги таржима ва шарҳлари

«Бадъул амолий» матнининг ҳозирги кунгача ўзбек тилида нашр қилинган таржима ва шарҳлари қуйидаги асарлардир:

  1. Шайх Абдулазиз Мансур ҳазратларининг «Ақоид матнлари» китобида «Бадъул амолий» матни сўзма-сўз таржима қилинган .
  2. «Бадъул амолий» матни Ҳумайдий исмли мударрис томонидан татар тилига таржима қилиниб, 1908-йилда “Амолий таржимаси” номи билан Қозон шаҳрида чоп этилган .
  3. Муҳаммад Зоҳид Қутқу ибн Иброҳим Бурсавийнинг «Аҳли суннат вал жамоат ақоиди» китобида «Бадъул амолий» матни шарҳланган. Шарҳ Мулла Али Қорининг «Зовъул маолий» китоби асосида бўлган. Ушбу китобни таниқли шоир Мирзо Кенжабек ўзбек тилига ўгириб, 1999-йилда чоп эттирган. У «Бадъул амолий» матнини ўзбек тилида ҳам «Л» ҳарфи билан тугаллаб, ажойиб тарзда таржима қилган.
  4. Шайх Назруллоҳхон эшон Ғарибий томонидан «Бадъул амолий» матни шеърий тарзда шарҳланган. Ушбу асар «Қасидаи Амолий шарҳи ва тавҳид манзумаси» номи билан 2008-йилда чоп этилган .

V. «Саводул аъзам»

Абул Қосим Исъҳоқ ибн Муҳаммад Қозий Ҳанафий (у киши Ҳаким Самарқандий номи билан машҳур) роҳматуллоҳи алайҳнинг «Саводул аъзам» китоблари калом илмидаги латиф, мухтасар матндир. Унда олтмиш иккита масала жамланган. Ҳаким Самарқандий 342/1018-йили вафот этганлар.

 

Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институти 4-курс талабаси

Нуриддин Муҳаммаджон

ЎМИ Матбуот хизмати

Видеолавҳалар

Top