muslim.uz

muslim.uz

Понедельник, 04 Февраль 2019 00:00

Муаммолар ва уларнинг ечими

Ғамлар уни қийнаб қўйди. Доим ғамнок, сиқилган ҳолда юрарди. Муаммоларига бирор ечим тополмасди. Охири олимлардан бирининг олдига боришга қарор қилди. Шояд ўша олим ғамлардан чиқиш йўлини кўрсатса!

Кейин бир олимнинг олдига бориб, унга:

“Устоз, ғамларим, муаммоларим кўп, аммо ечим тополмаяпман. Йўл кўрсатинг деб сизнинг олдингизга келдим” деди. Олим унинг юзига синчиклаб назар солгач шундай деди:

“Сенга иккита савол бераман, менга жавоб беришинг керак”.

“Қандай саволлар экан?” дея сўради бояги одам. Олим ундан:

“Бу дунёга шу ғамлар билан келганмидинг?” деб сўради. Ҳалиги киши: “Йўқ” деди.

“Дунёдан кетаётганингда, шу муаммоларни ўзинг билан олиб кетасанми?” деб сўради олим. Бояги одам яна “Йўқ” деб жавоб берди.

Шунда олим “Ўзинг олиб келмаган ва сен билан бирга кетмайдиган иш ғам чекишга арзимайди. Сен нигоҳингни ерга эмас, кўпроқ осмонга қарат. Осмонга қаратиб, қўлларингни дуога оч! Аллоҳ таолодан мушкулларингни осон қилишини, ғамларингни аритишини сўра. Ана шунда сен истаган ечимга ва енгилликка эришасан” деди.

Бу гапларни эшитган одам қувониб, юраги хотиржам ва сокин ҳолда у ердан чиқди.

 

 

“Вазиятларни бошқариш санъати” китоби асосида

Нозимжон Иминжонов тайёрлади

Понедельник, 04 Февраль 2019 00:00

Бировнинг ҳаққи

ЎМИ Матбуот хизмати

Понедельник, 04 Февраль 2019 00:00

Дунёдан дам олишга етадигани кифоя қилади

Умар розияллоҳу анҳу Шомга борганларида биродарлари Абу Убайда розияллоҳу анҳуни сўрадилар. Бироздан кейин Абу Убайда розияллоҳу анҳу етиб келдилар. Икки дўст қучоқлашиб кўришдилар.

Кейин Умар розияллоҳу анҳу Абу Убайда розияллоҳу анҳуга “Бизни уйингга олиб бор” дедилар. Икковлари биргалашиб Абу Убайданинг уйига бордилар.

Умар розияллоҳу анҳу бориб, унинг уйидан ҳеч нарса топмадилар. “Матоинг қани? Ахир сен амирсан. Мен эса фақат кигиз, меш ва лаганни кўряпман. Уйингда таом борми?” деб сўрадилар. Абу Убайда розияллоҳу анҳу туриб бориб, чарм идиш ичидан нон бўлакларини олдилар. Буни кўриб Умар розияллоҳу анҳу йиғладилар.

Абу Убайда розияллоҳу анҳу “Дунёдан дам олишга етадигани кифоя қилади” дедилар. Буни эшитган Умар розияллоҳу анҳу “Эй Абу Убайда сендан бошқа ҳаммамизни дунё ўзгартириб юборибди” дедилар.

Нозимжон Иминжоновнинг "Умматнинг ишончли кишиси" номли мақоласидан

Кармана туманининг Ҳазара қишлоғида, ҳозирги Навоий вилоятининг энг қадимий масжиди бўлмиш Мавлоно Ориф Деггароний жоме масжиди жойлашган.

Масжиднинг қачон қурилганлиги тўғрисида турли маълумотлар бор.

1951 йилда яна қайта текширув ишларини олиб борган Варонина исмли тадқиқотчи Деггарон масжиди XI асрда қурилган деган сўнгги хулосани берган.

Масжид Деггарон қишлоғи ҳудудида бўлгани учун шу ном билан аталган. “Деггарон” сўзи  “қозон ясовчи” маъносини билдириб, қишлоқда қозон ясовчи ҳунармандлар истиқомат қилган.

1910 йил, 1328 ҳижрий санада Бухоро амири Абдулаҳадхон томонидан масжиднинг олди ва бир ён томонига айвон қурилган. Бу айвонлар 1980 йилларгача мавжуд бўлган.

 Хўш, масжиднинг Мавлоно Ориф Деггароний деб аталишининг сабаби нима?

Мавлоно Ориф Деггароний ҳазратлари 1313 йилда Ҳазора қишлоғининг Деггарон даҳасида туғилган. Асл касби дўкондор бўлиб, бўз тўқиш билан шуғулланган. Мавлоно Ориф ҳазратлари Саид Амир Кулолнинг энг яқин шогирдларидан бири бўлиб, улкан аллома, атоқли тарбиячи, хожагон-нақшбандия тариқати ривожига муҳим ҳисса қўшган соҳиби каромат зот бўлган.

Мавлоно Ориф XIV-асрда, тахминан 1313-1380 йиллар атрофида яшаб ўтган.  Қабрлари Деггарон масжиди яқинида бўлгани учун, масжид ҳам Мавлоно Ориф Деггароний деб аталган.

Юртмимиз мустақилликка эришгач, диёримиздаги зиёратгоҳлар, азиз авлиёларнинг қабр ва қадамжоларини обод қилиш, тарихий обидаларни таъмирлаш, уларни асл ҳолатига келтириш учун саъй-ҳаракатлар бошланди ва кўплаб улуғ манзиллар обод қилинди. Шулар қаторида 2007 йил “Мавлоно Ориф Деггароний” жоме масжиди катта зиёратгоҳ ва кўркам манзилга айлантирилди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими

Юртимизда имконияти чекланган шахслар учун шарт-шароитлар яратиш мақсадида, кўплаб амалий ишлар олиб борилмоқда. Шундай лойиҳалардан бири "Вақф" хайрия жамоат фонди томонидан амалга оширилаётган "Сурдо-онлайн" лойиҳасидир. 

Ўзбекистоннинг учта масжидида имконияти чекланган фуқаролар, эшитиш ва нутқ аъзоларида нуқсони бор кишилар учун жума маърузаси сурдо таржимони воситасида масжидда тўғридан-тўғри кўрсатилиши йўлга қўйилди. Жума намозига келган имконияти чекланган фуқаролар ўзлари учун белгиланган жойда мониторларда имом-хатибни ва унинг ёнида эса сурдо таржимон ҳаракатларини кузатиб бориш имконига эга бўлдилар.

Ушбу хайрли ишларни янада кенг кўламда олиб бориш мақсадида, февраль ойида ҳам бир қатор масжидларга сурдо онлайн дастури доирасида махсус воситалар ўрнатилиши режалаштирилган.

"Вақф" хайрия жамоат фонди IT.uz масъулияти чекланган жамияти билан ҳамкорликда Surdo Online Uzbekistan лойиҳасининг ҳомийси сифатида иш олиб бормоқда. Ушбу лойиҳани ишга туширишда кўмак кўрсатгани учун Фонд раҳбари Искандар Халиловга ташаккурнома ҳамда ҳамкорлик сертификати тақдим этилди.

Эзгулик йўлида қилинаётган ишларнинг барчаси Аллоҳ таолонинг ризолиги учун амалга оширилмоқда, бу йўлда ўз хизматларини қўшаётган инсонлардан Аллоҳ рози бўлсин!

 

"Вақф" хайрия жамоат фонди Матбуот хизмати

Видеолавҳалар

Top