muslim.uz
Фарғонада имомлар ва отинойилар учун семинар ташкил этилди
Жорий йилнинг 22 декабрь куни Фарғона вилоятининг Бувайда ва Бағдод туманида фаолият олиб бораётган имом-хатиблар, имом-ноиблари ва отинойилар учун олти кунлик иккинчи давра ўқув-семинари иш бошлади.
Семинар Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита ҳамда вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган. Машғулотлар режа асосидаги дарс жадвалига кўра тренинг, муҳокама ва савол-жавоб тарзида олиб борилади.
Ўқув машғулотлари “Диний-маърифий соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар мазмун моҳияти”, “Замонавий мусулмон жамияти ва ислом омили”, “Марказий Осиёда ёзилган тафсирлар ва уларнинг қўлёзма нусхалари”, “Мумтоз тасаввуф ва замонавий тариқатчилик”, “Фиқҳ илмига бағишланган манбалар", "Мовароуннаҳрда ёзилган усулул фиқҳ асарлари”, “Мотуридийлик таълимотида иймон масаласи” каби долзарб мавзуларда малакали мутахассислар томонидан олиб борилмоқда.
– Охирги йилларда мамлакатимизда барча соҳа қатори диний-маърифий йўналишда ҳам изчил ислоҳот ва ўзгаришлар, амалга оширилаётган ишлардан кўзланган мақсад ва моҳиятни кенг оммага етказиш, халқимизни муқаддас динимизга муҳаббат, ватанга садоқат руҳида тарбиялаш мақсадида кўп ва хўп хайрли ишлар олиб борилмоқда. Ушбу маънода диний соҳа ходимларидан катта салоҳият ва маҳорат талаб этилиши ҳам айни ҳақиқат. Ушбу ўқув-семинари ўз вақтида ташкил этилган бўлиб, айниқса, олиб борилаётган машғулотларни отинойилар диққат билан тинглаб бормоқдалар. Бу эса диний соҳа вакилларининг аҳоли ўртасида фаоллигини ошириш, халқимиз, хусусан, ёш авлодни турли ёт оқимлар таъсиридан асраш ҳамда соф Ислом таълимотларини етказишда ўз самарасини беради, – дейди вилоят бош отинойиси Ҳ.Комилова.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Теша тегмаган маълумотлар
Арслонлар ҳужуми натижасида бир йилда 100 та одам ҳалок бўлади. Аммо чивинлар сабабли бир йилда 725 мингта одам ҳаётдан кўз юмади.
*****
Иккинчи жаҳон урушининг сабабчиси бўлган Гитлер мушукдан қўрқар эди.
*****
Бола дарахтни қучоқлаб турган расми ва устидаги “Табиатни асрайлик!” ёзувли катта эълонни осиш учун ўша ердаги “ҳалақит бериб турган” катта дарахни кесдилар.
*****
Мумбай шаҳрида бир кун нафас олиш 100 та тамаки чеккан билан тенг экан.
*****
Эркак кучуклар урғочиси билан ўйнашаётган ёки ҳазиллашиб ўзаро урушаётган пайтда атайин енгилиб берар экан.
*****
Агар инсоннинг кўзини рақамли фотокамера деб фараз қилсак, унинг оладиган тасвири 576 мегапиксел бўлади.
*****
Инсон сўнгги 500 йил давомида 322 та ҳайвоннинг қирилиб кетишига сабаб бўлган.
*****
Агар Ерни Қуёш ичига жойлаштирадиган бўлсак, унга 1 миллион 300 мингта Ер сиққан бўларди.
*****
Европада баланд пошнали туфлини илк бор аёллар эмас, эркаклар кийишган.
*****
Бегемотнинг вазни 1 ярим тонна бўлишига қарамай, у инсондан тез югура олади.
*****
Креветка (майда қисқичбақа)нинг юраги бошида жойлашган экан.
*****
Фил бир кунда 136 кг овқат истеъмол қилади.
*****
Интернет маълумотлари асосида
Нозимжон Иминжонов тайёрлади
Эътирофи юксак устоз эди
Ёшларнинг илм олишига муносиб ҳисса қўшган устоз – Малика опа Нормуҳамедова 2018 йил 23 декабрь куни вафот этди.
Малика опа Нормуҳамедова 1944 йил Тошкент шаҳрида зиёли оилада таваллуд топган. 1966 йил Тошкент давлат университети ва 1997 йил Тошкент ислом институтини тамомлаган, педагогика фанлари номзоди эди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимида кўп йиллар самарали хизмат қилган устоз 1993 йил Тошкент шаҳридаги Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим юртининг ташкил этилишига улкан ҳисса қўшган. Шу билан бирга Тошкент ислом институтида аёл-қизларни ҳам таълим олиши учун жуда кўп ташаббус кўрсатган.
Устоз Малика опа 1993-2009 йилларда Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим юртида мудира вазифасида ишлаб, қизларнинг яхши таълим-тарбия олишига тинмай ҳаракат қилган. Устознинг билим юртига меҳри бўлакча бўлгани сабабли нафақага чиққандан кейин ҳам турли тадбирларда дуолари ва эзгу тилаклари билан мадраса фаолиятида ҳамнафас бўлди.
Ҳақ таоло Малика опанинг охиратларини обод айласин. Устознинг оила аъзоларига, яқинларига чуқур ҳамдардлик билдирамиз. Аллоҳ таоло устозни Ўз мағфиратига дохил қилсин, фарзанду набираларига сабру жамил бериб, сабрларига ажру мукофотлар ато этсин.
Нозима ИБРОҲИМОВА,
билим юрти мудираси
Юлдузлар ҳам бўйсунади
Бошингизни кўтариб, осмонда қум каби сочилиб кетган сайёралар ва юлдузларга боқар экансиз, шундай бир савол туғилиши мумкин: қачонлардир юлдузлар ва сайёралар тўқнашиб кетмасмикан? Физик қонунларга кўра ҳеч қандай куч таъсир доирасида бўлмаган жисмлар тартибсиз ҳаракат қилади ва ўзаро тўқнашиб кетиш эҳтимоли бор. Демак, физик қонунларга кўра сайёралар ва юлдузлар тўқнашиб кетиши мумкин. Аммо, астрономлардек фикрлайдиган бўлсак хулоса ўзгаради.
Биз осмонга боққанимизда, қайси сайёра ёки юлдуз бошқасига нисбатан Ердан қанчалик олисроқ эканини аниқлай олмаймиз. Буни яхшироқ англаб олиш учун Қуёш системасига мурожаат қиламиз. Олимларнинг таъкидлашича сайёралар ҳеч қачон Қуёшнинг тортиш зонасидан чиқиб кета олмайди. Улар доимо унчалик тўғри бўлмаган айлана шаклидаги ўз орбитаси бўйлаб ҳаракат қилади. Сайёраларнинг ҳаракат тезлиги эса улар билан Қуёш ўртасидаги масофага боғлиқ ҳолда белгиланади. Фикримизни исботлаш учун тасаввурингизга таянган ҳолда сиз билан кичкина илмий тажриба ўтказиб кўрамиз.
Ўз бошингизни Қуёш деб ва у Қуёш системасида, Қуёшнинг ўрнида жойлашган, деб фараз қилинг. У ҳолда бошингиз турли диаметрдаги бир неча айлана марказида бўлади. Бу айланалар сайёраларнинг Қуёш атрофида ҳаракатланадиган орбитасидир. Агар бошингиз марказда жойлашган бўлса, Меркурий сиздан 6 метр нарида бўлади. Унинг бошингизга нисбатан ўлчами ушбу гап охиридаги нуқтага тенгдир. (Бошингизнинг ўлчами Қуёш ўлчамига тенг эканини унутманг.) Венера — Чўлпон 11,9 метр наридаги орбита бўйлаб ҳаракатланади, унинг ўлчами “о” ҳарфига тенг. Учинчи айланада бизнинг сайёрамиз Ер жойлашган. У Венерадан бир оз каттароқ. Бошингиз билан унинг ўртасидаги масофа — 16 метр (аслида эса бу масофа, тахминан, 150 000 000 км.ни ташкил этади). Тўртинчи айланада Ердан бир оз кичикроқ Марс — Миррих жойлашган. Унинг бошингиздан узоқлиги — 25 метр. Навбатдаги сайёра — Юпитер — Муштарийдир. У — сайёралар ичида энг йириги. Бошингиз (Қуёш) билан таққослаганда, у шиша шарча катталигидадир, ўртадаги масофа футбол майдони бўйича келади. Олтинчи айланадаги сайёра Сатурн — Зухалдир. Унинг диаметри — 12 мм, Юпитерга нисбатан икки марта олисда жойлашган. Диаметри 5 мм Уран Сатурндан ҳам икки марта узоқдадир. Урандан бир оз кичик бўлган Нептун Уран билан Қуёш ўртасидаги масофанинг ярмида жойлашган. Ердан икки марта кичик бўлган Плутон эса Юпитердан 8 марта узоқда жойлашган. Уларнинг барчаси атрофингиздаги ўз орбиталари бўйлаб ҳеч бир ўзгаришсиз ҳаракат қилаётганини эсга олсангиз, уларнинг ўзаро тўқнашиб кетиш эҳтимоли деярли йўқ эканлигини англаб етасиз.
Ушбу тажрибадан хулоса қилиш мумкинки, Қуёш системасидаги, умуман бутун коинотдаги сайёралар ва юлдузлар маълум бир қоидага асосан ҳаракатланади. Олимлар эса мазкур ҳолатга қуйидагича изоҳ берган: осмон жисмларининг барчаси тартиб билан қандайдир кучга бўйсуниб ҳаракатланади. Ўша куч томонидан ўзларига тегишли вазифани бажариш учун бўйсундирилгандек, гўё. Олимлар ҳақ эди! Зеро, Аллоҳ таоло Ўз каломи бўлмиш Қуръону каримда шундай марҳамат қилади:
“...қуёш, ой, юлдузларни Ўз амрига мусаххар (муте) қилиб қўйган Аллоҳдир. Огоҳ бўлингизки, яратиш ва буюриш Унга хосдир”. (Аъроф, 54)
“У сизлар учун кеча ва кундузни, Қуёш ва Ойни бўйин сундириб қўйди. Юлдузлар ҳам Унинг амрига бўйин сундирилгандир. Албатта, бунда англайдиган кишилар учун (Унинг қудратига далолат қилувчи) аломатлар бордир”. (Наҳл, 12)
“(Юлдузлар ҳаракат қиладиган) йўллар эгаси бўлмиш осмон билан қасамёд этаманки...” (Зориёт, 7)
“На Қуёш Ойга етиши мумкин ва на тун кундан ўзувчидир. (Қуёш, Ой ва юлдузларнинг) ҳар бири (бир) фалакда сузиб юрадилар”. (Ёсин, 40)
Нафақат осмон жисмлари, сайёралар ва юлдузлар балки бутун борлиқ ва ундаги яратилганларнинг барчаси Аллоҳ таоло белгилаб берган қоидалар асосида ҳаракатланади, яшайди ва ўз вазифасини бажаради.
Холиқ ва Қодир бўлган Зотга беҳисоб ҳамд-у санолар бўлсин!
Хулоса ўзингиздан!
Саидаброр Умаров тайёрлади
Марказий Осиёнинг энг йирик масжиди 2019 йилда очилади
2019 йилда Тожикистон Республикасининг Душанбе шаҳрида Марказий Осиёдаги энг йирик масжид намозхонлар учун ўз эшикларини очади. Ҳозирги вақтда қурилиш ишларининг 70 фоизи бажарилган. Ушбу масжидда қурилиш якунлангач бир вақтнинг ўзида 120 минг намозхон ибодатни амалга ошириши мумкин.
Душанбедаги Марказий жоме масжидининг қурилиш ишлари 2009 йилда бошланган, унинг қурилиши Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон томонидан бошлаб берилган. Масжид қурилиши Қатар давлати мутахассислари билан ҳамкорликда олиб борилаётгани қайд этилган.
Маълумот учун, мажмуа 4 та ҳар бири 75 метрлик минорага эга бўлади. Мажмуада кутубхона, музей, анжуманлар хонаси ва йиғилиш, маъруза ва меҳмонларни қабул қилиш учун жой ажратилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати