muslim.uz

muslim.uz

Аллоҳ таоло Ўзининг каломида шундай марҳамат қилган:

وَلَوْلَا دَفْعُ اللَّهِ النَّاسَ بَعْضَهُمْ بِبَعْضٍ لَفَسَدَتِ الْأَرْضُ وَلَكِنَّ اللَّهَ ذُو فَضْلٍ عَلَى الْعَالَمِينَ

яъни:Агар Аллоҳ одамларнинг бирини иккинчиси билан даф этиб турмас экан, шубҳасиз, Ер фасодга (бузғунчилик ва харобага) айланган бўлур эди, лекин Аллоҳ (барча) оламларга (нисбатан) фазл эгасидир(Бақара сураси, 251-оят).

Муфассир уламолар ушбу оятни тафсир қилар эканлар Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васалламдан бир қанча ҳадисларни келтирадилар. Ибн Жарир Табарий раҳимаҳуллоҳ Ибн Умар разияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

إن الله ليدفع بالمسلم الصالح عن مائة أهل بيت من جيرانه البلاء‏

яъни: “Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло солиҳ мусулмон кишининг шарофатидан унинг юзта қўшнисини турли бало ва офатлардан асраб туради”. Жобир ибн Абудуллоҳ разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда эса, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам:

إن الله ليصلح بصلاح الرجل المسلم ولده وولد ولده وأهل دويرته ودويرات حوله،

 ولا يزالون في حفظ الله ما دام فيهم

яъни: “Албатта, Аллоҳ таоло солиҳ мусулмон кишининг шарофати ила унинг боласини, боласининг боласини, оила аҳлини, атрофидаги хонадонларнинг аҳлини саломат сақлайди. Модомики, у уларнинг орасида экан Аллоҳнинг ҳифзу ҳимоясида бўладилар”, деганлар.   

Ибн Абу Ҳотим ва Байҳақий “Шуабул Имон” китобида Агар Аллоҳ одамларнинг бирини иккинчиси билан даф этиб турмас экан...” оятининг тафсирини Ибн Аббос разияллоҳу анҳу: “Аллоҳ таоло намоз ўқийдиган кишининг шарофати билан намоз ўқимайдиганни, ҳаж қилганнинг шарофати балан ҳаж қилмаганни, закот берганнинг шарофати билан закот бермайдиганни турли бало ва офатлардан сақлаб туради”, деб тафсир қилганларини ривоят қилишган. Шунингдек, Ибн Жарир ва Абд ибн Ҳумайд раҳимаҳумаллоҳ Мужоҳид роҳимаҳуллоҳдан: Агар Аллоҳ одамларнинг бирини иккинчиси билан даф этиб турмас экан...” оятини: “Агар Аллоҳ яхши инсоннинг шарофати билан ёмон инсондан, одамларнинг ахлоқига қараб бирини бошқаси сабабидан даф этиб турмаса, ер юзи аҳолисининг ҳалокати туфайли Ер юзи харобага айланган бўлур эди”, деб тафсир қилганини ривоят қилганлар.

Абд ибн Ҳумайд раҳимаҳуллоҳ Қатода разияллоҳу анҳудан ривоят қилади, у киши: Агар Аллоҳ одамларнинг бирини иккинчиси билан даф этиб турмас экан...” оятига: “Аллоҳ таоло мўминга кофир туфайли бало юборади, кофирни мўмин туфайли балолардан асрайди”, деб маъно берган.

Ал-Халлол “Кароматул авлиё” китобида Алий ибн Абу Толиб разияллоҳу анҳудан: “Албатта, Аллоҳ таоло бир қишлоқни унда яшайдиган еттита мўмин туфайли балолардан асрайди”, деганларини ривоят қилган. Шунингдек, Иброҳим ан-Нахаъийдан: “Ҳеч бир шаҳар ёки қишлоқ йўқки, албатта, унда Аллоҳ таоло улар туфайли балоларни даф этиб турадиган кишилар бўлади”, деганларини ривоят қилган.

Ибн Абид Дунё “Китабул авлиё”да Абуз Заноддан ривоят қиладилар, у киши шундай деганлар: “Пайғамбарлар Ернинг устунлари (тутқичи) эдилар. Улар кетгач Аллоҳ таоло уларнинг ўрнига Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматидан қирқ кишини ўринбосар қилиб қўйди. Уларни “Абдоллар” деб аталади. Улардан бири вафот этса, Аллоҳ унинг ўрнига бошқасини пайдо қилади. Ана улар Ернинг устунларидир. Улардан ўттизтасининг қалби Иброҳим алайҳиссаломнинг яқиний имонига баробардир. Улар бу фазилатга намозларининг кўплиги ёки рўзаларининг кўплиги билан эришмадилар. Балки, тақво, яхши ният, саломат қалб ва барча мусулмонларга насиҳат қилиш билан етишганлар”.

 

ЎМИ фатво бўлими мудири

Ҳ.Ишматбеков

 

 

Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васалламнинг зуҳдлари дунёнинг фонийлигини, унинг тезда ўтиб кетишини, озуқаси озлигини ва умрининг қисқалигини билган кишининг зуҳди эди.

Охиратнинг боқийлигини, Аллоҳ таоло унда валийларига доимий неъматларини тайёрлаб қўйганлигини, буюк ажр борлиги ва унда абадий қолиш борлигини билган кишининг зуҳди эди.

Росулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламга дунёдан фойдаланиш кенг қилиб қўйилган бўлсада, мабодо тоғларни тилло ва кумуш бўлишини хоҳлаганларида, улар тилло ва кумуш бўлиши мумкин бўлсада, дунёдан нафас тўхтаб қолмаслиги учун етарли бўлган, ташвишу оғирликларни кетказадиган миқдордан бошқасини рад этдилар, зуҳд ва камсуқумликни афзал кўрдилар

У зот гоҳида оч юрар, ойлаб уйларида қозон осилмас, баъзи кунлар давомида очликни қондирадиган даражада хурмо ҳам топилмай, оч юрар эдилар.

У зот ҳеч бир вақт кетма-кет уч кунгача арпанинг унидан бўлган нондан қорнилари тўймаган. Кўпинча сутнинг ўзи билан кифояланар, токи Аллоҳга йўлиққунларича бир кун тўқ ва бир кун оч бўлар эдилар.

У зот бўйранинг устида ётар эдилар ва ёнбошларида бўйранинг изи қолар эди. Очликдан қорниларига тош боғлаб олар ва кўпинча саҳобалар у зотнинг юзларидан очликларини билиб олишар эдилар.

У зотнинг уйлари лойдан, ичи тор ва шифти паст эди. Бир куни совутларини гаровга қўйиб, бир яҳудийдан ўттиз соъ арпа олиб турдилар. Кўпинча кўйлак ва изор билан кифояланар эдилар. Ҳеч бир вақт таомни пешхон (овқатланиш столи)да емаганлар. Кўпинча саҳобалар Росулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламга таом юборар эдилар. Буларнинг барчаси нафсларини дунё кирларидан асраш, динини ҳимоя қилиш ва Роббисининг ҳузуридаги ажрнинг комил бўлиб қолишлиги ҳамда Мавлосининг “Ва тезда Роббинг сенга ато қиладир ва сен рози бўлурсан” (Зуҳо сураси 5-оят) деган ваъдаси у зотга рўёбга чиқиши учун эди.

У зот молларни шу қадар тақсимлаб берар эдиларки, ҳатто ўзларига бир дирҳам қолмас эди. Туя, мол ва қўйларни саҳобалар ва бошқаларга шу даражада бўлиб берар эдиларки, ўзларида на туя, на мол ва на қўй қолар эди. Росулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Агар менда Тиҳома чуқурларининг дарахтлари мислича мол дунёим бўлганида уни тақсимлаб берар эдим. Сўнг сизлар мени бахил, ёлғончи ва қўрқоқ, иродасиз деб билмасдиларингиз”.

Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васаллам қаср бино қилмадилар, мол-дунё йиғмадилар, у зотнинг хазиналари ҳам, меваси ейиладиган боғлари ҳам бўлмаган. У зот ўзларидан сўнг боғ ва экинзор ҳам қолдирмадилар. У зот дедилар: “Биз мерос қолдирмаймиз, бизнинг қолдирган нарсамиз садақадир”. (Бухорий ривояти 3093-ҳадис). У зот доимо сўзлари ва амаллари билан мусулмонларни дунёда зуҳдга ҳамда охиратга тайёрланиш ва бунинг учун амал қилишга даъват этар эдилар.

У зотга подшоҳлик билан бирга расул бўлиш ёки оддий инсон бўлиб расул бўлиш ихтиёри берилганда, у зот оддий инсон бўлиб расул бўлишни ихтиёр қилганлар.

У зот алайҳиссаломнинг дунёдаги зуҳдларининг яна бир кўриниши, ул зоти бобаракотнинг сахийликларидир. Ҳеч қачон сўровчини қайтармас ва тўсмас эдилар. Дунё Аллоҳ таолонинг наздида чивиннинг қанотичалик арзимас ва баробар эмас, деганлар. Ҳадисда: “Дунёда ғариб ёки бир онлик ўтиб кетувчи каби бўл”, деганлар. (Бухорий ривояти 6416-ҳадис)

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам зуҳд борасида яна шундай марҳамат қилганлар: "Дунёда зоҳид бўл, Аллоҳ сени яхши кўради. Инсонлар ҳузурида зоҳид бўл, инсонлар сени яхши кўришади".

                                                                       

 

Манбалар асосида Юнусобод тумани

“Кулол-Қўрғон” жомеъ масжиди имом-хатиби

Абдураҳмонов Яҳё тайёрлади

“Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” муносабати билан “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юртида турли хил тадбирлар мунтазам равишда белгиланган режа асосида ташкил этилмоқда.

“Кўкалдош”  ўрта  махсус ислом билим юрти ўқитувчи ва талабалари иштирокида Ватанимизда рўй бераётган ижобий ўзгаришлар билан яқиндан танишиш ҳамда  ёшларда она Ватанга муҳаббат  ва ғурур туйғуларини уйғотиш   мақсадида  Тошкент шаҳрида шаҳримиз қиёфасига кўрк бўлиб қўшилаётган “Тошкент сити” қурилиш комплексига саёҳат уюштирилди. Барчамизга маълумки, Тошкент шаҳрида қурилаётган “Тошкент сити” қурилиш мажмуаси барчанинг нигоҳида. Ушбу жойда амалга оширилаётган улкан  бунёдкорлик ишлари, замонавий технологиялар асосида олиб борилаётган қурилиш жараёнлари ва янги лойиҳалар билан яқиндан танишишди. Қурилиш комплекси вакили ўқитувчи ва талабаларга қурилишда олиб борилаётган ишлар, маҳаллий ва хорижий мутахассисларнинг фаолиятлари ҳақида маълумотлар берди. Бу жойдаги жамиятимиз ободлиги йўлида ўз ҳиссаларини қўшаётган ҳар бир касб эгаларини кўриб барчанинг кўнглида она Ватанга ва уни обод этишга бўлган қизиқишлари янада шаклланди.  Талабалар ушбу саёҳатдан катта таассуротлар билан қайтдилар.

Шунингдек талабаларнинг бўш вақтларини мазмунли ва мароқли ўтказиш мақсадида “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти талабалари  Ўзбек Миллий академик театрига бордилар. Миллий театрнинг саҳна усталари томонидан маҳорат билан ижро этилган драматик асарларни жонли равишда саҳнада кўриш томошабин талабалар онгида бутунлай бошқача тасаввур уйғотди. Айниқса, Мирзо Улуғбек ролининг Ўзбекистон Халқ артисти Эркин Комилов томонидан талқин этилиши томошабинлар таҳсинига сазовор бўлди. “Мирзо Улуғбек” драмасини саҳнада томоша қилиш билим юрти талабаларига Темурийлар даврини эслатди.

“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юртида маънавий ва маърифий руҳдаги бундай тадбирларнинг тез-тез ўтказилиб туриши талабаларнинг ўтмиш тарихимизни яхшироқ ўрганиши, ҳозирги ойдин ҳаётимизга шукроналик  ҳамда буюк келажагимизга ишонч туйғуларининг шаклланишига асос бўлиб хизмат қилмоқда.

 

 

“Кўкалдош” ўрта махсус

ислом билим юрти мудири

З.Мирсадиков

“Бошимдан ўтган бу воқеа кўпчиликка ибрат бўлар, деб ўйладим”, - аёлнинг кўзлари изтиробга тўла, қалби эса маҳзун эди.

Аёл ўғлини уйлантириш учун қариндошлари, таниш-билишларидан қизи борларини суриштира бошлади. Ўғли энди институтни битирди, шунинг учун ҳам ёшроқ қизни келин қилиш истаги бор эди. Узоқ қариндошида  кўрса ҳавас қилгудек қиз борлигини эшитиб, синглисини олиб совчиликка борди. Қизнинг оиладагилари уларни илиқ кутиб олди. Икки томонни нияти бир жойдан чиқиб, учрашув кунини тайин қилишди. Учрашувдан ўғли фаромуш бўлиб келди. Онасига қизга кўнгли бўлмаётганини, бошқа жойга боришни айтганида, онаси: “Қиз ҳали ёш, ҳаяжонланган, суриштириб келдим, ҳамма мақтаяпти”, деб ўғлига таскин берди.

Тез орада тўй ҳам бўлиб ўтди. Ҳамма кўрса ҳавас қилгудек тўй бўлди. Ҳамманинг оғзида тўйга келган машҳур хонандалару, бир столга қанча харажат қилингани ҳақида сўзлашишар эди.

Тўйдан бир ҳафта ўтар-ўтмас, йигит онасига қиз ўзини ғалати тутаётганини айтганида, янги уйга кўника олмаётган бўлса керак, деб эътибор беришмади. Аммо келиннинг қайнота олдида ҳам келинларга хос бўлмаган гапларни гапириши, кўп хаёл суриши аёлни ўйлантириб қўйди. Аммо охирги сафарги келинининг аҳволи аёлни буткул ақлдан оздираёзди. Ҳаммомга кириб кетган келин 4 соатда ҳам чиқавермагач, хавотир олиб, аёл секин эшикни тақиллатади. Ичкаридан келин: “Мени тинч қўйинглар, мен икки йўл ўртасида турибман. Ўзимни ўлдиришга ўткирроқ нарса топа олмаяпман”, деб айтганида, аёлнинг кўз олди қоронғулашиб кетди. Эшикни амаллаб очиб, келинни ётоғига олиб киришди. Бу ҳолат тез-тез такрорлана бошлади.

Ота-онасини чақиртиришганда, ҳаммаси равшан бўлди. Қиз ёшлигида йиқилиб, боши лат еган экан. Ўзини билмай қолиш ҳолатлари ёшлигида бўлиб турган. Мактабга чиққач, қиз ўзини яхши тута бошлаган. “Турмуш қурса, яхши бўлиб кетади”, “Битта туғиб олса, хасталигидан нишон қолмайди”, дегувчиларнинг маслаҳатига кириб, қизини ёш узатишга рози бўлган. Лекин қиз балоғатга етган бўлсада, ҳали турмуш қуриш ёшига етмаган эди. Шунинг учун ФҲДЁдан битта фарзандлик бўлгандан кейин ўтишади, деган ўй билан шифокорлар кўригидан ҳам ўтишмаган эди. Бўлаётган жами кўнгилсизликлар айнан тиббий кўрикдан ўтмаганликнинг салбий оқибатлари эди.

Ота-онаси қизини  мол-ҳоли  билан ўша куниёқ уйига олиб кетишибди.

Аёл боши гарангсиганча ўтириб қолди. Орзу-ҳавасга берилиш, ўйламасдан иш қилиш, шошма-шошарлик айнан мана шундай кўнгилсизликларга олиб келишини кеч тушинди.

Шу ерда бир нарсага ойдинлик киритишни лозим деб топдик.  Уйланаётган йигит, албатта, қиз томонни, турмушга чиқаётган қизнинг яқинлари  йигит томонни суриштиришади. Суриштиришга борилганда айрим қўшнилар “Йигит нобоп бола, тўғрисини айтсам, қўшнимга хиёнат қилган бўламан”, деб келганларга ёлғон гувоҳлик бериб юборадилар. Қизни ҳам суриштириб боришса, “Қиз енгил табиат, ярим кечада келади. Бу тўғрисида гапирсанг балога қоласан”, деб қизни мақтаб юборишади. Ахир ёлғон гувоҳлик бериш гуноҳлигини ҳамма билиши керак.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади:

 “Эй, имон келтирганлар! Адолатда барқарор туриб, ўзларинг ёки ота-оналаринг ва қариндошларинг зарарига бўлсада, Аллоҳ учун (тўғри) гувоҳлик берингиз! У (гувоҳлик берилувчи) бой бўладими, камбағал бўладими, Аллоҳ у иккисига (огоҳлик жиҳатидан) яқинроқдир. Бас, адолатли бўлишингиз учун ҳавойи нафсга берилиб кетмангиз! Агар (тилларингизни) бурсангиз ёки (гувоҳликдан) бош тортсангиз, албатта, Аллоҳ қилаётган ишларингиздан хабардордир” (Нисо сураси, 135-оят).

Абдураҳмон ибн Абу Бакр отаси розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида эдик, шунда ул зот: “Гуноҳларнинг энг катталари ҳақида сизларга хабар берайми? деб уч марта айтдилар, кейин дедилар: “Аллоҳга ширк келтириш, ота-онага оқ бўлиш”... Ёнбошлаган ҳолда эдилар, ўтириб олдиларда: “Огоҳ бўлинглар, ёлғон гапириш ва ёлғон гувоҳлик бериш” деб такрорлайвердилар, ҳаттоки биз: “Қанийди тўхтасалар эди”, деб қолдик” (Имом Бухорий).
Бошқа бир воқеа ҳам айнан тўйдан олдин шифокорлар кўригидан ўтмаганлик учун икки оила пароканда бўлиб кетгани, бир оиланинг гулдек қизи руҳий хаста бўлиб қолганлиги ҳақида.

Не-не орзу умидлар билан қизини бошқа хонадонга келинлик либосида олиб борган она қудаларини ўзига тўқ эканлигидан кўнгли тўлди.  “Қариндошларимнинг олдида юзим ёруғ бўлди, қуданг борми, деса бор дегудек”, деб ширин орзулар билан уйга қайтди. Кейинроқ қизи билан гаплашганда қизининг кўзлари маъюслигини кўриб, суриштирганида, қиз тинчлигини айтиб, суҳбатни қисқа қилди. Аммо онанинг кўнгли тинчимади.  Қизи узоқ куттириб келар, келганда ҳам паришон ҳолда кетарди.

Она катта ўғлини олиб, қизиникига кириб борганида қизининг юзи  зарбдан кўкариб, оёқ-қўллари қалтираб ўтирган ҳолатига дуч келди. Маълум бўлишича куёв гиёҳванд экан, онанинг дард-дунёси қоронғу бўлиб, қизини уйига олиб келди.

Қизининг ой куни етмасдан, туғилган  гўдак ногирон эди, нобуд бўлди. Қизи эса руҳий тушкунликка тушиб қолиб, паришонхотир бўлиб қолган эди.

ФҲДЁ ва шифокорлар кўригидан ўтмасликнинг салбий оқибатлари борасида яна талайгина воқеаларни келтириш мумкин.

Ота-она ўз фарзандини бахтли бўлишини истайди, аммо фарзандининг бахтини ўзининг орзу ҳаваслари тарозусида ўлчайдиганлар ҳам бор. Ўғил-қизларимизнинг балоғатга етиши бу уларнинг турмушга тайёрлигини билдирмайди. Балоғат ёши – никоҳ ёши эмас. Буни ҳар биримиз яхши англаб етишимиз даркор. Ўғилдир, қиздир - уларга аввало яхши таълим, тарбия беришни олий мақсад деб билишимиз лозим. Янги оила қураётган ёшларимизнинг ҳаёт деб аталмиш йўлнинг илк қадамларида қоқилмасликлари учун касбу-ҳунарга ўргатишимиз зарурдир. Зеро, фарзанд Аллоҳ таолонинг олий неъматларидан биридир.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади:

“Сўнгра ана ўша кунда (қиёматда), албатта, (сизларга ато этилган барча) неъматлар тўғрисида сўроқ қилинурсиз!” (Такосур сураси, 8-оят).

Аллоҳ таоло барчамизга  фарзандлар камолини кўриб, бахтидан қувониб, шукроналар айтиб юришимизни насиб этсин.

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутахассиси

Мунира АБУБАКИРОВА

ЎМИ Матбуот хизмати

Видеолавҳалар

Top