muslim.uz
Шавкат Мирзиёев Ливан Президентини табриклади
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 22 ноябрь куни Ливан Республикаси Мустақиллиги куни билан мамлакат Президенти Мишел Аунни табриклади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
ЎМИ Матбуот хизмати
Ҳадис илми мактабига қабул имтиҳонлари бошланди.
Бугун, 22 ноябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги Ҳадис илми мактабига ҳужжат топширган абитуриентлар учун “Ҳадис ва мусталаҳул ҳадис”ва “Араб тили” фанлари бўйича ижодий имтиҳонлар бошланди.
Қабул имтиҳони жараёнлари Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти биносида ўтказилмоқда.
Имтиҳонлар бошланишидан олдин Қуръон тиловати ва дуо-и хайрлар қилинди. Сўнгра Ҳадис илми мактаби ректори Олимхон Юсупов кириш сўзи билан бошлаб, мактабнинг Президентимиз ташаббуслари билан ташкил этилгани, Ҳадис мактабининг мақсад ва вазифалари, талабаларга қўйилаётган юқори даражадаги талаблар ҳақида тушунтириб берди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Таълим ва кадрлар тайёрлаш бўлими мудири Салоҳиддин Шерҳонов Муфтий ҳазратларининг табрикларини абитуриентларга етказиб, қабул имтиҳонларининг тартиб-қоидаларини тушунтириб берди.
Шундан сўнг, Ўзбекистон мусулмонлари идораси қабул ҳайъати томонидан тайёрланган, махсус қопларлардаги имтиҳон материаллари абитуриентлар ва ота-оналар гувоҳлигида очилди.
Ижодий имтиҳонларга Ўзбекистон ҳалқаро ислом академияси ва Тошкент ислом институтининг тажрибали педагог-ўқитувчилари жалб қилинди.
Абитуриентларни саралаб олишда араб тилини пухта ўзлаштирган, ҳадисларни ёд олишга қобилияти бўлган, Қуръони каримни ёд олганлик каби мезонларга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Қабул жараёнлари учун Тошкент ислом институтида абитуриентлар ва уларнинг ота-оналари учун барча шарт-шароитлар яратилган.
Эслатиб ўтамиз, Ҳадис илми мактабига абитуриентларни қабул қилиш бўйича тест синовлари жорий йилнинг 23 ноябрь куни Тошкент ислом институти биносида ўтказилади.
ЎМИ Матбуот хизмати
Тавозелик фазилати
Одаб – аҳлоқ ҳақида сўз юритганимизда машҳур уламолар, “Тавозе” сўзини мулойимлик, камтарлик ва ғурурдан узоқда бўлиш деб баён қилишган.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: “Раҳмоннинг суюкли бандалари ерда камтарона юрадиган, жоҳил кимсалар (бемаъни) сўз қотганда “Саломатлик бўлсин”, деб жавоб қиладиган кишилардир”. (Фурқон сураси, 63-оят).
Тавозелик хорлик билан мутакабирлик ўртасидадир, у кибру-ҳаво ва манманликнинг зиддидир.
Расулуллоҳ саллолоҳу алайҳи вассаллам шундай марҳамат қилади: “Аллоҳ таоло менга тавозеликда бўлинглар, ҳатто бир киши бошқаси устидан фаҳрга бормасин ва бир киши иккинчи кишига зулм қилмасин”, деб ваҳий юборди. (Имом Муслим ва Имом Абу Довуд ривояти).
Аллоҳ таоло Қуръони каримда мутакабирларни шундай маломат қилиб айтди: “Мутакаббирларнинг жойлари нақадар ёмон”. (Наҳл сураси, 29-оят).
Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва саллам шундай марҳамат қиладилар: “Қалбида заррага кибри бор инсон жаннатга кирмайди”. (Имом Муслим ва Имом Абу Довуд ривояти).
Абу Исҳоқ Иброҳим ибн Шайбонинг қуйидаги сўзини, Рисолатул Қушайрия соҳиби нақл қилган: “Шараф – тавозеда, иззат-икром – тақвода ва ҳуррият қаноатдадир”.
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти талабаси
Ойбек Маърупов
Аҳмад Яссавий ва Сузук отага бағишланган китоб чоп этилди
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида “Ҳазрати Шайх Сузук ота таълимоти ва маърифатлари” мавзуида тадбир ташкил этилди. Унда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, шоир-ёзувчилар ҳамда ёшлар иштирок этди.
Мамлакатимизда халқимизнинг бой тарихий-маданий меросини асраб-авайлаш, азиз авлиё ва алломаларимиз номини абадийлаштириш, улар мангу қўним топган масканларни обод қилишга алоҳида эътибор берилаётгани таъкидланди.
ЎзАнинг хабар беришича, Давлатимиз раҳбари бир неча бор пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур туманида жойлашган «Сузук ота» мажмуасида бўлиб, мақбара ва масжидни реконструкция қилиш, атрофини ободонлаштириш бўйича тавсиялар берган эди. Ушбу ҳудудда зиёратчилар ва ҳунармандлар учун қулай шароит яратилмоқда.
Тадбирда Асқар Обидовнинг “Хожа Аҳмад Яссавий ва Сузук ота” номли китоби тақдимоти ҳам ўтказилди. Китобда Хожа Аҳмад Яссавий ва унинг шажараси, Сузук ота (Мустафоқул) ҳамда Сузук ота маҳалласи ҳунармандлари, “Сузук ота” мажмуаси ҳақида батафсил маълумотлар, ривоятлар келтирилган.
ЎМИ Матбуот хизмати
Энг катта масжид фойдаланишга топширилишига саноқли кунлар қолди
Мазкур масжиднинг қурилиши 2013 йилда бошланган эди, – дейди Истанбул масжидлари жамияти раиси Урғин Куланк. – 2013 йилда Ражаб Тоййиб Эрдуғон Бош вазирлиги пайтида жоме пойдевориниг илк ғишт қўйилган.
Маълум бўлишича, "Чомлижа" (Қолмық) жоме масжиди шу пайтгача Туркияда мавжуд бўлган масжидларнинг энг каттаси бўлади. Очилишига қизғин тайёргарлик ишлари олиб борилаётган, бутунлай замонавий янгича услубда қурилган ушбу жоме масжиднинг умумий майдони 11 минг квадрат метр бўлиб, бир вақтнинг ўзида 60 минг намозхонни сиғдира олади. Шунингдек, унга олтита баланд минора кўрк ва салобат бахш этиб туради.
Islom интернет нашрининг маълумотига кўра, масжиднинг ичидан эса исломий китоблар музейи ҳамда 3,5 минг метр квадрат майдонли фан кўргазмаси жой олади. Масжид ёнида эса бир вақтнинг ўзида 3,5 мингта автомобил учун тураржой ҳам ҳозирланмоқда.
ЎМИ Матбуот хизмати