muslim.uz

muslim.uz

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 11 октябрь куни юртимизга ташриф билан келган Миср Бош имоми, Ал-Азҳар мажмуаси раҳбари шайх Аҳмад Муҳаммад Таййибни қабул қилди.

Давлатимиз раҳбари меҳмонни қутлар экан, Миср Президенти Абдулфаттоҳ ас-Сисининг шу йил 4-5 сентябрь кунлари Ўзбекистонга амалга оширган расмий ташрифи икки томонлама муносабатларимизни ривожлантириш йўлида тарихий қадам бўлганини қайд этди.

Бугунги кунда муқаддас ислом динининг бағрикенглик тамойилларини, маърифий қадриятларини тарғиб этиш, унинг инсонпарварлик моҳиятини сақлаш, диний-маънавий меросни тадқиқ этиш, турли хавф-хатарларга қарши курашиш борасида Ўзбекистон ва Мисрда катта ишлар қилинаётгани учрашувда баён этилди.

Хусусан, «Жаҳолатга қарши маърифат» билан курашиш тамойили асосида исломнинг эзгу ғояларини замондошларимизга, биринчи навбатда ёшларга етказиш мақсадида Тошкентда Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Ислом цивилизацияси маркази, Самарқандда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ташкил этилди.

Давлатимиз раҳбари Ал-Азҳар университети билан имзоланган ҳамкорлик меморандумлари диний уламолар, олимлар, малакали профессор-ўқитувчилар ва иқтидорли талабалар алмашувини йўлга қўйишда муҳим аҳамиятга эга эканлигини таъкидлади.

Ал-Азҳар ўз таркибида ислом тадқиқотлари академияси, университет, маъҳадлар, жоме масжиди, бир қанча илмий марказларни бирлаштирган йирик расмий диний мажмуа ҳисобланади.

Миср Бош имоми давлатимиз Раҳбарига самимий қабул учун чуқур миннатдорлик изҳор этар экан, Миср Президенти Абдулфаттоҳ ас-Сисининг самимий саломлари ва эзгу тилакларини етказди.

Аҳмад Таййиб Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан ҳаётнинг барча жабҳаларида амалга оширилаётган кенг миқёсли ислоҳотларни юқори баҳолади.

Ўзбекистонда ислом динининг асл моҳиятини ўрганиш ва тарғиб қилиш, диний-маънавий меросни кенг тадқиқ этиш борасида олиб борилаётган сиёсатни, БМТда илгари сурган қатор ташаббусларини тўлиқ қўллаб-қувватлашини айтди.

У ислом дини равнақига катта ҳисса қўшган Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Абу Муин Насафий, Маҳмуд Замахшарий сингари буюк уламоларимизнинг бебаҳо илмий меросини биргаликда ўрганиш муҳим эканлигини қайд этди.

Шайх Аҳмад Таййиб Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг биринчи фахрий профессори унвони берилгани ўзи учун катта шараф ва эҳтиром экани ҳамда масъулият бағишлашини билдирди.

А. Таййиб Халқаро ислом академияси таркибида Ал-Азҳар университети кафедрасини ташкил этиш, мисрлик таниқли олимларнинг юртимизда дарс бериши, Ал-Азҳар магистратурасида талаба ва ёш олимларимизнинг имтиёзли таҳсил олиши, икки давлат уламоларининг қўшма Фатво ҳайъатини тузиш ҳамда биргаликда илмий анжуманларни ва қўшима тадбирларни ўтказиш бўйича таклифларни қўллаб-қувватлади.

Юқори мартабали диний арбоб Ўзбекистон билан муносабатларни нафақат таълим ва гуманитар соҳаларда, балки барча жабҳаларда изчил ривожлантириш ва янги босқичга олиб чиқиш йўлида Миср томонининг саъй-ҳаракатлари қатъийлигига ишонч билдирди.

Манба: president.uz

Пятница, 12 Октябрь 2018 00:00

Исрофдан сақланинг

Аллоҳ таоло инсонга беҳисоб неъматлар берган, у ўзига берилган неъматларни дунё ва охират ҳаёти учун фойдали бўлган йўлда ишлатмоғи лозим. У зот Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади :

«Аллоҳ сенга ато этган нарса билан охиратингни истагин ва ва дунёдан бўлган насибангни ҳам унутмагин. Аллоҳ сенга эҳсон қилгани каби сен ҳам (одамларга) эҳсон қил! Ерда бузғунчилик қилишни истама. Чунки, Аллоҳ бузғунчиларни суймас» (Қасос сураси 77-оят).

Аллоҳ таоло бизларни риёкорлик, хўжакўрсинлик, манмансирашлик каби ножоиз ишлардан тийилиб, Ўзининг розилигини истаган ҳолда ҳаёт кечирмоғимзга буюради, ҳамда барча ишларимизни меъёрида қилмоғимизни ва ҳаддан ошмаслигимизни талаб қилади.

Қуръони Каримда:

“Шунингдек, енглар ва ичинглар, (лекин) исроф қилманглар! Зеро, У исроф қилгувчиларни севмайди”, (Аъроф сураси 31-оят) дейилган.

Бизнинг ўлкамизда исрофнинг турли хиллари мавжуд. Жумладан, «бу давлатники» деган нотўғри тушунча билан уйимизда, электр токи ва сув каби умумий истеъмол воситаларини керагидан ортиқча сарфлаймиз. Ахир бу билан биз қайсидир биродарларимизнинг ҳаққини суистеъмол қиляпмизми, ёки бу давлат, бу ватан ўзимизники эканлигини ҳали ҳам тушуниб етмадикми?.

Пайғамбар алайҳиссалом айтадилар:

«Иқтисод қилган кимса камбағал бўлмас, маслаҳат қилган пушаймон бўлмас» (Мишкотул Масобиҳ).

Исрофгарчилигимизнинг яна бир мисоли – бу тўйларимиздаги исрофгарчилик. Давлатимиз раҳбарияти томонидан 1998 йил 28 октябрда «Тўй ва маросимларни ихчамлаштириш тўғрисида»ги фармони чиқарилганига қарамай яна тўй ва маросимларимиздаги сарфларимиз камаймаяпти. Бунга нафақат жойлардаги оқсоқоллар, барчамиз бирдек ҳаракат қилиб, жиддийроқ ёндошилса яхши бўларди.

Шариатимиз мўминларни барча нарсада, хусусан, маърака маросимларда ҳам мўътадил-ўртамиёна бўлишга буюради. Қуръони Каримда Аллоҳ таоло айтади :

«Улар эҳсон қилганларида исроф ҳам, хасислик ҳам қилмаслар, (тутган йўллари) бунинг ўртасида – мўътадилдир» (Фурқон сураси 77-оят).

Исрофгарчилигимизнинг яна бир тури, бу – таъзия ва унда ўтказиладиган маросимлардир. Барчамизга маълумки, таъзия (яьни аза тутмоқ) уч кундир. Ундан кейин ўтказиладиган етти, йигирма, қирқ ва йил оши каби амаллар шариатимизда буюрилмаган. Аммо маййитнинг соҳиблари ихтиёрий равишда хайру-эҳсон (яъни худойи) қилишлари бор. Лекин ўзи ночор ёки камдаромад бўлиб, бола-чақасидан орттира олмайдиган кишига «худойи ёки эҳсон қиласан» дейишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Бинобарин, ўзлари ҳам бу ишни вазифам экан деб, бола-чақанинг ризқини қийиб худойи қилишда ва ёки қимматбаҳо қабртошлар қўйиш ва ёки айрим жойларда ўтказиладиган давра деб аталмиш ўликнинг гуноҳини сотиш каби бидъат амалларни қилишда маййитга ҳеч қандай савоб ва манфаат йўқлигини билишлари лозим, балки бу ишлар – гуноҳ устига гуноҳдир.

Сўзимиз охирида барчасига хулоса қилиб айтамизки: Агар ортиқча бойлигингиз-маблағингиз бўлса тиригу ўликка манфаати ва савоби тегсин десангиз шу маблағлар билан аввало фарзандларингизни, сўнг қавму-қариндошлар ва маҳалла-куйингиздаги ночор оила болаларини ўқитишга ёрдам беринг, билимли ва маърифатли бўлишларига сабабчи бўлинг ва ёки қишлоқ ҳудудларида бўлсангиз кўприк, йўллар каби халқнинг эхтиёжи тушадиган нарсаларга моддий ёрдам беринг.

Ана ўшанда сиз истаган савоб ва садақаи жориялар бўлиб, икки дунё саодатига эришасиз, иншааллоҳ.

Х.Худойназаров

Янгиариқ тумани “Шайх Жалолиддин Румий” масжиди  имом-хатиби

ЎМИ матбуот хизмати

Пятница, 12 Октябрь 2018 00:00

Аллоҳ севган банда бўлсам, десангиз

Аллоҳ севган банда бўлсам, десангиз чин тавба қилинг: “Албатта, Аллоҳ (шунгача билмай йўл қўйган хатоларидан) чин тавба қилувчиларни ва обдон покланиб юрувчиларни севади” (Бақара сураси, 222-оят).

Чин тавба қандай бўлади?

Чин тавба дилдан пушаймон бўлиш, тил билан мағфират сўраш, гуноҳдан воз кечиш ва унга бошқа қайтмасликка аҳд қилиш билан бўлади. 

Аллоҳ севган банда бўлсам, десангиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашинг: Айтинг (эй Муҳаммад!): “Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашингиз. Шунда Аллоҳ сизларни севади ва гуноҳларингизни мағфират этади. Аллоҳ кечирувчи ва раҳмлидир” (Оли Имрон сураси, 31-оят).

Набий алайҳиссаломга эргашиш нима дегани?

Набий алайҳиссаломга эргашиш у зот келтирган шариат кўрсатмаларига итоат этиш деганидир. 

Аллоҳ севган банда бўлсам, десангиз тақво қилинг: “Аслида эса, ким (Аллоҳ) аҳдига вафо қилса ва тақволи бўлса, албатта, Аллоҳ (бу каби) тақводорларни севади” (Оли Имрон сураси, 31-оят).

Тақво нима?

Тақво – тиканзорда яланг оёқ ўзингизни тикандан сақлаб юрганингиздек гуноҳ ва маъсиятлардан ҳам эҳтиёт, узоқ бўлишингиздир. 

Аллоҳ севган банда бўлсам, десангиз эзгулик қилинг: “Албатта, Аллоҳ эзгулик қилувчиларни севади” (Моида сураси, 13-оят).

Эзгулик нима?

Эзгулик бу яхшиликдир. Ҳар бир савобли иш – яхшилик.

Аллоҳ севган банда бўлсам, десангиз адолатли бўлинг: “Агар ҳукм қилсангиз, ўрталарида адолат билан ҳукм қилинг! Албатта, Аллоҳ одилларни севади” (Моида сураси, 42-оят). 

Аллоҳ севган банда бўлсам, десангиз ҳар бир ишни гўзал тарзда бажаринг: (Барча ишларни) чиройли қилингиз. Албатта, Аллоҳ чиройли (иш) қилувчиларни яхши кўради” (Оли Имрон сураси, 195-оят). 

Аллоҳ севган банда бўлсам, десангиз сабрли бўлинг: “Аллоҳ (эса) сабрлиларни севар” (Оли Имрон сураси, 146-оят).

Сабр нима?

- Тоат-ибодатларни адо этишда сабр.

- Гуноҳлардан тийилишда сабр.

- Мусибатга сабр. 

Аллоҳ севган банда бўлсам, десангиз таваккул қилинг: (Бирор ишга) азму қарор қилсангиз, Аллоҳга таваккул қилинг, зеро, Аллоҳ таваккул қилувчиларни севар” (Оли Имрон сураси, 159-оят). 

Аллоҳ таоло барчамизни Ўзининг муҳаббатига олиб борувчи амалларга муваффақ этсин.

 

Даврон НУРМУҲАММАД

 

Пятница, 12 Октябрь 2018 00:00

Сафар ойи – яхшилик ойи

Сафар ойи – ҳижрий-қамарий тақвим бўйича йилнинг иккинчи ойидир. Ҳар доим сафар ойи яқинлашиши билан одамлар орасида турли саволлар кўпая боради. Сафар ойида сафар қилиб бўлмасмиш. Сафар ойида тўй қилиб бўлмасмиш ва ҳоказолар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам  инсониятни жаҳолат ботқоғидан халос этиб, улар орасида тарқалган хурофотларни ислоҳ қилиш учун юборилганликлари барчамизга маълум. Илоҳий таълимотда қазою қадарга имон келтириш Ислом динимиз асосларидан биридир.  Шундай экан, инсон бошига тушадиган барча яхшилик ва ёмонликларни ҳам тақдирдан деб билиш, у бандага Аллоҳнинг иродаси билангина етади дейиш энг тўғри йўлдир. Бу ҳақда Қуръони каримда қуйидагича баён қилинган: “Сизга Аллоҳнинг изнисиз ҳеч бир мусибат етмас. Ким Аллоҳга имон келтирса, У зот унинг қалбини ҳидоятга солур. Аллоҳ ҳар бир нарсани билувчидир” (Тағобун,11).

Айрим кимсаларнинг ой, кун, жой ва одамлардан шумланиши, улардан ёмон фол очиши уларнинг нодонлигига ва Ислом таълимотидан бехабарлигига далолат қилади. Шумланишлик борасида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам муборак хадис шарифларида: “Уч нарсадан менинг умматим ҳануз қутула олмайди. Улар: хасад, бадгумонлик ва иримдир. Шу нарсалардан қутулиш йўли шуки, ҳасад қилсангиз зулмга ўтманг. Гумону шубҳа қилсангиз, уни хақиқат ҳисоб қилиб унга асосан иш тутманг. Бирор ирим қилинадиган нарсага дуч келсангиз, Аллоҳга таваккул қилиб, йўлингизда ва ишингизда давом этаверинг!”(Абу Яъло ривояти).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиздан ривоят қилган ҳадисда жоҳилият ақидасидан огоҳлантириб айтдиларки: “Эътиқод юзасидан бир касалликни иккинчи бир кишига ўтиши қатъий қилинмайди, магар Аллоҳ таоло хоҳласагина ўтади. Шариати исломияда ирим қилиш йўқ, у жоҳилият қолдиқларидан бўлиб, мусулмонлар орасида тарқалган зарарли ақидадир. Вафот этган одамнинг руҳи келиб, турли жониворлар шаклида чирқиллаб туриши ҳам йўқдир. Чунки одамлар ўйлаганидек, бойўғли сайраганида ёки ин қурганда, дарахт қуриб, уйлар вайронага айланмайди, аксинча, бойўғли қуриган дарахтларни ва вайроналарни қидириб топиб, ўша жойларгагина ин қуради. Чунки унинг емиши бўлмиш сичқон ва каламушлар, одатда, худди ана шундай ерларда бўлади. Сафар ойидан ҳам ирим қилиш, шумланиш нотўғри” (Муттафақун алайҳ).

Ҳар вақт ва ҳар бир амалда Аллоҳнинг ўзига таваккул этиш зарур. Зеро, Аллоҳ таоло Қурони каримда бундай марҳамат қилади: “…Кимки Аллоҳга таваккул қилса, бас,(Аллоҳнинг) ўзи унга кифоя қилар. Албатта, Аллоҳ ўзи(ҳохлаган) ишига етувчидирАллоҳ барча нарса учун миқдор (меъёр ва муддатни тайин) қилиб қўйгандир” (Талоқ, 3).

Ҳозирги кунда ҳам халқимиз орасида бундай бемаъни фикр ва ирим-сиримлар учраб туради. Масалан, йўлда кетаётган одам олдидан қора мушук ўтиб қолса, бир фалокат юз беради деб тушунади. Кечаси қичқирган хўрозни бехосият деб ҳисоблаб, уни сўйиб юбориш керак деб ўйлайди. Бу ишларнинг нотўғрилигини қуйидаги ҳадис исботлайди: Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Вақтики хўроз қичқирганини эшитсангиз, Аллоҳ таолонинг фазлини сўранг, чунки хўроз фариштани кўрганда қичқиради”. Вақтики эшакни ҳанграганини эшитсангиз, Аллоҳдан паноҳ тиланг, чунки эшак шайтонни кўрганда ханграйди”, деганлар.

Сафар ойидан шумланишга қарши фақат тушунтириш ишлари олиб бориш билан кифояланиб қолинмади, балки амалий ва намунали ишлар ҳам қилинди. Жоҳилият аҳлининг сафар ойидан шумланишига тамоман зид ўлароқ бу ой Исломда “Сафарул хайр” (Сафар яхшилик) деб номланди. Жоҳилият аҳлининг сафар ойида иш бошлаб бўлмайди, деган хурофотига зид ўлароқ Исломда кўпгина ишлар айнан сафар ойида бошланди. Масжиди Набавийнинг қурилиши биринчи ҳижрий сананинг айнан сафар ойида бўлди. Жоҳилият аҳлининг сафар ойида сафарга чиқиб бўлмайди, деган эътиқодига зид ўлароқ мусулмонлар худди бошқа ойлардаги каби бемалол сафарларга чиқдилар. Пайғамбар алайҳиссалом сафар ойида сафарга чиқиб Хайбарни фатҳ қилдилар. Жоҳилият аҳлининг сафар ойида никоҳланиб бўлмайди, деган сафсатасига қарши ўлароқ мусулмонлар бу ойда никоҳларини ўтказдилар. Манбаларда Имом Зуҳрийнинг ривоятлари асосида келтирилишича, Пайғамбаримиз алайҳиссалом айнан сафар ойида ўз қизлари Фотимаи Заҳрони Али розияллоҳу анҳуга никоҳлаб бердилар. Ўшанда ҳижратнинг иккинчи йили эди. Сафар ойидан шумланишни йиғиштирайлик. Билмаганларга ҳам бу ой тўғрисида ўзимиз билган исломий ҳақиқатни етказайлик.

Алҳосил, халқимиз ичида ҳанузгача бидъат-хурофот ва ирим-сиримга берилиб, сафар ойида қилинадиган хайрли ишларни бошқа ойларга кўчирадиган, бошқаларнинг фикрини чалғитиб соф Ислом таълимотидан йироқлаштириб қўяётган айрим кимсалар юқорида айтилган гаплардан ўзларига тегишли хулоса чиқариб олсалар, айни муддао бўлур эди

Халқимизда “Хайрли амаллар кечиктирилмайди”,  деган ҳикматли ибора бежиз айтилмаган.

Ҳақ таоло ҳаммамизни Ўзининг ҳидоят йўлидан боришимизни, турли бидъат ва хурофотлардан эҳтиёт бўлишимизни, Ўзи рози бўладиган солиҳ амаллар қилишимизни насиб айласин!

М.ТЎРАҚУЛОВ,

Олтинкўл тумани бош имом-хатиби      

ЎМИ матбуот хизмати

Биз Миср давлатига инсоният цивилизацияси марказларидан бири, бугунги кунда катта салоҳиятга эга давлат сифатида қараймиз. Мамлакатларимиз ва халқларимиз ўртасида қадимдан алоқалар бўлган. Мана бугун Ўзбекистон билан Миср ҳамкорлигида янги босқич, амалий ишлар бошланди.
Юртимизда меҳмон бўлиб турган Миср Бош имоми – Шайх Аҳмад ат-Тоййиб бошчилигидаги делегация Ўзбекистон халқаро ислом академиясида Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбарияти билан учрашув ўтказди.
Ўзбекистон ва Миср мамлакатлари узоқ йиллардан буён таълим соҳаси бўйича мустаҳкам асосларга эга бўлган ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириб келмоқда. Мисрнинг фахри, ислом оламининг илмий марказларидан бири – бир минг икки юз эллик йилга яқин тарихга эга бўлган ал-Азҳар мажмуаси жаҳондаги ҳам диний, ҳам дунёвий йўналишлар борасидаги етакчи олий таълим муассасасидир.
Дунёга машҳур уламолардан бири, Миср Бош имоми – Шайх Аҳмад ат-Тоййиб фалсафа ва ислом ҳуқуқи бўйича кўплаб илмий ишлар, таржималар ва мақолалар муаллифидир.
Ўзбекистон халқаро ислом академиясида бўлган мулоқот чоғида Шайх Аҳмад ат-Тоййибнинг ушбу хизматларига эҳтиром тариқасида академиянинг фахрий профессори унвони топширилди.
Бош имом раҳнамолигида Ўзбекистон ва Миср алоқаларини янада мустаҳкамлаш, икки халқни дўстона ришталар билан янада яқинлаштириш мақсадида Ўзбекистон халқаро ислом академияси ва ал-Азҳар университети ўртасида Англашув меморандумлари имзоланди.
Томонлар таълим бериш учун ал-Азҳар университетининг педагог кадрларини жалб этиш, академия ўқитувчиларининг араб тили бўйича малакасини ошириш, тренинглар ва маҳорат дарслари ташкил этиш, Ислом дини доирасидаги муаммоларни давра суҳбатлари, семинарлар ва конференциялар кўринишида илмий жиҳатдан таҳлил қилиш ва бошқа масалалар бўйича келишиб олишди.
Учрашувда сўзга чиққан Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари қуйидагиларни айтиб ўтдилар:
“Азҳари шариф бош раҳбарининг ташрифи биз учун катта шараф эканини изҳор этаман. Ўтган ойнинг аввалида Ўзбекистонга амалга оширилган Миср жумҳурияти президенти Абдулфаттоҳ Ас-Сиси жаноби олийларининг ташрифлари халқларимиз орасидаги дўстлик ва ҳамкорлик алоқалари тарихида янги саҳифа очди. Инша Аллоҳ Сизнинг ташрифингиз ҳам диёнат ва маърифат соҳаларидаги ҳамкорлигимиз йўналишида янги қадам бўлади. Сиз жаноби олийлари раҳбарлик қилаётган Азҳари Шариф университети билан ҳамкорлик қилиш жуда яхши натижалар беради. Фурсатдан фойдаланиб, ўзбекистонлик талабаларга Азҳари шарифда берилаётган илм, уларга кўрсатилаётган ғамхўрлик учун ташаккур билдирмоқчиман”, дея ўз сўзларида таъкидлаб ўтдилар.
Очиқ, дўстона ва амалий руҳда ўтган мулоқот барча масалалар юзасидан ёндашув ва қарашлар ўхшаш эканини кўрсатди. Бугунги келишувлар Ўзбекистон билан Миср ўртасидаги муносабатларни сифат ва моҳият жиҳатидан бойитиб, ўзаро манфаатли ҳамкорлигини янги, юқори босқичга кўтаришга хизмат қилишига ишонамиз.

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Видеолавҳалар

Top