muslim.uz

muslim.uz

Европа Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти шафелигида 11-12 июнь кунлари Тошкент ва Самарқандда ўтказиладиган “Терроризмга олиб келувчи тажовузкор экстремизм ва радикаллашувнинг олдини олиш ва уларга қарши курашишда ёшларнинг роли” халқаро конференциясига хорижлик меҳмонлар ва экспертлар юртимизга ташриф буюра бошладилар.
Конференцияга Малайзия Қироллигидан ташриф буюрган Малайзия Ислом цивилизацияси институти директори профессор Муҳаммад Юсуф ибн Ҳожи Усмон бугун Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Шоазим Миноваров билан учрашди.
Малайзиялик меҳмонга Ўзбекистон Республикасида буюк аждодлар меросини ўрганиш, уни келажак авлодлар учун сақлаш, диний таълим соҳасини ислоҳ қилиш, соҳа учун юқори савияли мутахассислар тайёрлаш йўлида амалга оширилаётган чора-тадбирлар, шунингдек Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази фаолияти, Халқаро Имом Бухорий илмий-тадқиқот маркази, Имом Термизий илмий-тадқиқот маркази, Халқаро Ислом академиясининг мақсадлари ва вазифалари ҳақида атрофлича маълумот берилди.
Доктор Муҳаммад Юсуф Имом Бухорий, Имом Термизий, Ибн Сино, Берунийнинг исмларини жаҳон илм аҳли алоҳида эҳтиром билан тилга олишларини, ушбу буюк зотлар қолдирган мерос умуммусулмон ва умумжаҳон мероси эканини таъкидлади. "Президентингиз мамлакатингиз ҳаётидаги барча йўналишларда бир пайтнинг ўзида ислоҳотлар ўтказишга киришди ва уларни бутун жаҳон қўллаб-қувватламоқда. Мен иштирок этишим керак бўлган конференция ҳам терроризм ва маърифий ислом бир-бирига мутлақо зид эканини намойиш қилади, деб ўйлайман. Ўзим унда Васатия (исломда мўтаъдиллик) мавзусида маъруза қилмоқчиман. Айнан мўтаъдиллик маърифий исломнинг тамойилларидан биридир", деди Малайзиялик меҳмон.
Учрашув якунида Малайзия Қироллиги Ислом цивилизацияси институти ва Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ўртасида ҳамкорлик тўғрисида англашув меморандуми имзолашга келишиб олинди.



Ислом цивилизацияси маркази
Матбуот хизмати

Бугунги кунда одамлар, асосан, ёшлар фейсбук, телеграм, одноклассики, инстаграм, твиттер, вконтакте каби ижтимоий тармоқлардан фойдаланмоқдалар. Буларнинг ичида фейсбук, телеграм, твиттер ва инстаграм жуда оммалашди. Аслида ижтимоий тармоқлар илк бор 1995 йилда пайдо бўлган. Рэнди Конрад исмли шахс Classmates.com сайтини ишга туширади. Дунёнинг турли бурчакларида таълим олаётган ёшлар бир-бири билан танишиши, дўстлар ўзаро бир-бирини топиб, ҳол-аҳвол сўраб туришлари учун мазкур сайт ташкил этилган эди. Бу сайт ўша пайтда талабалар, ёшлар томонидан қизиқиш билан кутиб олинган.

Бугунги кунга келиб ижтимоий тармоқлар билан бир қаторда улардан фойдаланувчилар сони ҳам кўпайди. Бугунги кунда сайтларга кирувчи, интернетдан фойдаланувчиларнинг учдан икки қисми мазкур тармоқлардан фойдаланади. Албатта, бу тармоқларнинг фойдали ва зарарли томонлари бор. Қуйида шуларни келтириб ўтамиз.

 

Фойдалари

  1. Ижтимоий тармоқлар маълумот олишнинг энг осон ва қулай манбаидир. У журналистларга кўп ёрдам беради.

 

  1. Талабаларга, тадқиқотчиларга ва бошқа қизиқувчиларга ҳам кўп ёрдами тегяпти. Ўзларига керакли материални қайсидир давлатнинг қўлёзмалар фондидан ёки музейидан сўраш, расмини кўчириб олиш, соҳа мутахассиси билан гаплашиб, илмий хулосалар беришда қулайлик туғдиряпти.

 

  1. Фуқароларнинг журналистик маҳоратларини юзага чиқаряпти. Бир инсон ўз шаҳрида бўлган воқеани расмга олади ва уни ўз саҳифасига шарҳи билан жойлайди. Мазкур мақолани бошқаларга ҳам юборади. Юборилганлар орасида ахборот сайтлари ҳам бўлиши мумкин. Профессионал журналистлар бора олмаган жойларга ўша ерлик кишилар бориб, воқеани расм ёки видеога олиб, тармоқда эълон қилмоқдалар. Бу эса журналистларга қўл келяпти.

 

  1. Ижтимоий тармоқлар Аллоҳ таолонинг динига даъват қилиш воситаларидан бирига айланди. Диний идора ва унинг тизимидаги масжид, мадраса, илмий тадқиқот марказлари ва зиёратгоҳларнинг расмий веб-сайтлари ижтимоий тармоқларда ўз саҳифаларини очиб, ўша орқали халқимизга ва бутун дунёдаги ўзбекзабон мусулмонларга диний-маърифий маълумотларни етказиш имконига эга бўляптилар. Қолаверса, кўплаб имом домлаларимиз тармоқларда ўз саҳифаларини ташкил этиб, халқимиз маънавиятини юксалтиришга хизмат қиладиган маълумотларни тақдим этиб, динимизни соф ҳолда етказиш ишига катта ҳисса қўшмоқдалар.

 

  1. Фақирлар, боқувчисини йўқотганлар, беморларга моддий кўмак бериш мақсадида эълонлар бериш, хайрия тадбирлари ташкил этиш, ёшларни уюштириш, имконияти бор кишиларни шу ишга жалб этишда ижтимоий тармоқларнинг ўрни катта. Бунга мисол қилиб “Саховат” кўмак гуруҳини келтиришимиз мумкин.

 

  1. Маслаҳат сўраш майдони. Турли касб вакиллари ўзларига тегишли мавзуларда тармоқ фойдаланувчиларидан маслаҳат сўрайдилар ва керакли маслаҳат ва ғоялар оладилар.

 

  1. Дўстлар орттириш. Кўплаб инсонлар ушбу тармоқлар орқали ўзларига дўстлар орттирадилар. Кейинчалик ҳатто ўша дўстлар билан ҳаётда кўришиб, дўстликларини давом эттирадилар.

 

  1. Хотирани тиклаш. Ижтимоий тармоқлар хотираларни тиклаш учун ҳам қулай имкониятдир. Кўпчилик фойдаланувчилар мактаб давридаги расмларини бир-бирларига улашиб, ёшликларини эслашади, синфдошу курсдошлари билан топишишади. Ҳатто борди-келди тўхтаб қолган, бошқа юртларда яшовчи қариндошлар билан топишиш мумкин.

 

 

Зарарлари

  1. Ахлоқсизлик, фаҳш, бузуқликни тарғиб қилувчи сайтлар ва уларнинг саҳифалари кенг ёйилгани.

 

  1. Миш-миш, ёлғон, уйдирмалар, бузғунчи ғоялар, сохталаштириш, тарафкашликнинг ёйилгани. Айрим фойдаланувчилар ўз саҳифаларига сохта расмлар қўйиб олиши, маълумотларни сохталаштириши, асоси йўқ, ёлғон хабарларни тарқатиши, бир гуруҳдаги кишилар ўзларига тескари фикр билдирган тарафга (аслида барчалари мусулмонлар) нисбатан муросасиз муносабатда бўлишлари, фақат ўзларининг фикрларини ҳақ деб, бошқаларнинг фикрини менсимасликлари бунга мисол бўлади.

 

  1. Эълон қилинган айрим мақолаларда ишончли манбаларнинг йўқлиги, қайси китоб ёки сайтдан олинганлиги, ким ёзганлиги ҳақида маълумотнинг йўқлиги, бировларнинг ҳақларини поймол этиш, уларнинг ёзган мақолаларини ўзлаштириб олиб, маънавий, интеллектуал ҳуқуқларнинг бузилиши содир бўлиши.

 

  1. Ушбу тармоқларда инсоний алоқалар заифлашади, юзма-юз кўришиш бўлмагани учун ўзаро меҳр камаяди, воқеликдан узилиб қолиш юз беради, оилавий аҳилликка, эр-хотин ўртасидаги тотувликка салбий таъсир қилади. Ижтимоий тармоқларга эътиборни қаратиб, оиласига, аёлига, ота-онасига, фарзандларига вақт ажратолмаслик натижасида ўртага совуқчилик тушади.

 

  1. Тармоқлардан нотўғри фойдаланиш вақтнинг исроф бўлишига, керагидан ортиқ фойдаланиш эса, унга ўрганиб қолишга сабаб бўлади. Кейин ундай кишилар худди тамаки, спиртли ичимлик, нос ва гиёҳванд моддаларга ўрганиб қолган кимсаларга ўхшаб интернетсиз, ижтимоий тармоқларсиз туролмайдиган бўлиб қолади.

 

  1. Тармоқларга қаттиқ берилиш оқибатида намоз, Аллоҳни зикр қилиш, силаи раҳм, қўшнига яхшилик қилиш, фарзанд тарбияси, аёлига гўзал муносабатда бўлиш, ота-онага яхшилик қилиш, устозлар, беморлар ҳолидан хабар олиш, жанозада қатнашиш каби муҳим ибодат ва вазифалар қолиб кетади.

 

  1. Мақтанчоқликнинг ёйилгани. Тармоқ фойдаланувчилари кийган кийимлари, еган овқатларини ўз саҳифаларига жойлаштиришлари оқибатида мақтанчоқлик, барчанинг эътиборида, диққат марказида бўлиш хоҳиши кучайиб, камбағал, ночор аҳволда яшаётганларнинг ҳис-туйғулари эътиборга олинмайдиган кайфият юзага келади.

 

  1. Турли оқимлар ўз мафкураларини ёшлар онгига сингдириш учун ижтимоий тармоқлардан кенг кўламда фойдаланмоқдалар. Бу ҳам ёшлар, умуман, диндан, диний маърифатдан яхши хабардор бўлмаган кишиларни соф ақидадан оғиб кетишига, фиқҳий мазҳаблар борасида нотўғри фикр ва тушунчага эга бўлишига сабаб бўлмоқда.

 

  1. Аҳли илм, имом, уламо кишилар ҳақида бўҳтон уюштирувчи, уларни обрўсизлантиришга уринувчи гуруҳларнинг кўплиги. Уламолар, имом домлаларни яқиндан танимаган, улар ҳақида аниқ маълумотга эга бўлмаган кишилар мазкур бўҳтончи гуруҳларнинг таъсирига тушиб, сўзларига ишониб, улкан гуноҳ бўлган – ғийбат балосига мубтало бўлмоқдалар.

 

Аллоҳ таоло барчамизга ижтимоий тармоқлардан оқилона фойдаланишимизни насиб этсин!

 

 

mawdoo3.com сайти материаллари асосида

Нозимжон Иминжонов тайёрлади

Бугун муборак Рамазон ойининг дўзаҳдан озод бўлиш даҳасининг 24-куни. Тошкент шаҳридаги бир неча жоме масжидларда бу кеча Қуръони Карим хатмонаси яъни, Каломуллоҳнинг сўнгги суралари ўқилиб, чин ихлос ила дуолар қилинади.

Бугун 09.06.2018 санасида Тошкент шаҳридаги қуйидаги масжидларда Қуръони Карим хатмонаси бўлади:

1. “Имом Бухорий” жоме масжиди. Масжидга муфтий ҳазратлари ташриф буюрадилар.
(Манзил: Олмазор тумани, 2-Чимбой кўча, 1-уй. Телефон: +998 71 249 18 69)
Масжид имом-хатиби: Абдурашидов Садриддин
Қорилар: Ғозиев Раҳматуллоҳ Хусанбоевич, Маҳкамов Зикируллоҳ Машъалхон ўғли, Абдуллаев Мерожиддин Камолиддин ўғли, Алимов Аҳмадхон Усмонхон ўғли, Қурбонов Исмоил Абдукаримович.

2. “Ракат” жоме масжиди.
(Манзил: Яккасарой тумани А.Авлоний кўчаси, 20-уй. Тел.: +998 71 254 47 69, +90 925-55-53)
Масжид имом-хатиби: Муҳаммадиев Раббимқули
Қорилар: Хотамов Хикматжон Ҳожиқурбонович, Қулбоев Жасурбек Файзуллаевич, Боймирзаев Мухаммадаюб Акмал ўғли

3. “Абдуллоҳ ибн Масъуд” жоме масжиди.
(Учтепа тумани, "Катта қаъни" маҳалласи, Лутфий кўчаси 55а уй. Тел.:+998 71 272 91 04, +97 766-65-56.)
Масжид имом-хатиби: Мирзаев Эргашали
Қорилар: Бойхонов Фозилхон Раҳмон ўғли, Ҳакимов Шуҳрат Мирзапўлатович

4. “Ҳасанхон қори” жоме масжиди.
(Чилонзор тумани, Лутфий кўчаси 25а-уй. Тел: +998 71 278 57 84)
Масжид имом-хатиби: Маҳкамов Зикруллоҳ
Қорилар: Турсунов Аббос Аҳмадович, Хурсандмуродов Толиб Шукурулло ўғли

5. “Камолиддин Ориф ал Бухорий” жоме масжиди.
(Манзил: Юнусобод тумани, Шаҳристон мавзеси, “От-чопар 1” маҳалласи О.Зокиров кўчаси,14- уй Тел. :+998 71 212 13 24, +93 599-27-38)
Масжид имом-хатиби: Ҳафизуллаев Закариё
Қорилар: Хакимуллaев Муҳаммадсодиқ Закaриё ўғли

6. “Абу Талҳа” жоме масжиди.
(Учтепа тумани, "Абдулла Қодирий" маҳалласи, Тавалло кўчаси, 12-уй. Тел.:+998 71 228 52 49, +97 771-91-60)
Масжид имом-хатиби: Валиев Абу Бакир
Қорилар: Валиев Абубакир Муродиллаевич, Рахмонов Ойбек Мухторович.

7. “Тепамасжид” жоме масжиди.
(Манзил: Мирзо Улуғбек тумани, Ф.Хўжаев маҳалласи, Тепамасжид кўчаси 2а-уй. Тел.: +998 71 262 01 64, 262-00-61, +91 136-36-49)
Масжид имом-хатиби: Маматов Акбарали
Қорилар: Умаралиев Шерзоджон Абдулахад ўғли

Хатми Қуръондан кейинги дуолар мустажобдир. Рамазоннинг энг баракотли онларини қўлдан бой берманг азизлар.

ЎМИ Тошкент шаҳар вакиллиги Матбуот хизмати

Ҳазрат Махдумий н.м.н. «Нафаҳот ул-унс»да мундоқ битибдурларки, Ҳазрат Мавлавий анинг алқобида мундоқ битибдурким,

«яхшиликка чиқирувчи улуғ Мавлоно – жонларнинг хулосаси, чироғ, шиша, чироғдоннинг сирри, дин ва ҳақиқат қуёши, аввалги ва охиргиларга Аллоҳнинг нури». Ул дебдурки, ҳануз мактабда эрдим ва муроҳиқ бўлмайдур эрдим. Агар манга қирқ кун ўтса эрди, сийрати Муҳаммадий ишқидин манга таом орзуси бўлмас эрди. Ул Шайх Абубакр Саллабоф Табризий муридидур. Ва баъзи дебдурларки, Шайх Рукнуддин Синжосий муриди эрмишки, Шайх Авҳадуддин Кирмоний ҳам анинг муридидур. Ва баъзи дебдурларки, Бобо Камол Жандий муридидур. Бўла олурки, барчанинг хидматиға етмиш бўлғай ва тарбиятларин топмиш бўлғай. Охир ҳолида доим сафар қилур эрмиш ва қора кийиз кияр эрмиш ва ҳар мулкка борса, карвонсаройида тушар эрмиш. Дерларки, Бағдодқа етканда Шайх Авҳадуддин Кирмонийни кўрди ва деди: не иштасен? Ул деди: тошлиғ сувда ой аксин кўрадурмен. Ул деди: агар буйнунгға чибон чиқмайдур, ойни не учун осмонда кўрмайсен? Ва ул вақтки, ул Бобо Камол хидматиға етар эрди, Шайх Фахруддин Ироқий ҳам Шайх Закариё Мўлтоний амри била анда эрди. Ва ҳар фатҳу кашфеки анга юзланур эрмиш, ани назм ва ё наср либосида адо қилур ва Бобо назариға еткурур эрмиш. Ва Шайх Шамсуддин ҳеч нима зоҳир қилмас эрмиш. Бир кун Бобо дебдурки, фарзанд Шамсуддин, ул асрору ҳақойиқдинки, фарзанд Фахруддин Ироқий зоҳир қилур, санга ҳеч лойиқ бўлмас? Ул жавоб берибдурки, андин ортуқ мушоҳада бўлур, аммо бу жиҳатдинки, ул баъзи истилоҳлардин соҳибвуқуфдур, қилаолурки, аларни яхши либосда жилва бергай ва манга ул қувват йўқдур. Бобо дедиким, Ҳақ с. т. санга мусоҳибе бергайки, аввалину охирин ҳақойиқу маорифин сенинг отингга изҳор қилғай. Мавлоно Шамсуддин Қўняға етканда, Мавлоно Жалолуддин мадрасадин чиқиб, жамоате уламо анинг рикобида борадур эрдилар.

Мавлоно анинг инонин тутуб деди: ё Имом ул-муслимин, Боязид бузургракдур, ё Ҳазрат Рисолат с. а. в.? Мавлоно дебдурки, ул сўзнинг ҳайбатидин гўёки етти осмон бир-биридин айрилди ва ерга тўкулди ва менинг ботинимдин азим ўте димоғимға урди. Жавоб бердимки, Мустафо с. а. в. олам аҳлининг бузургракидурлар, Боязид не бўлғай? Пас деди: не маъноси борки, Мустафо с. а. в. дебдурки,   «(Аллоҳим), сени танишлик даражасида таниёлмадим». Ва Боязид дебдурки,

«Поко парвардигоро, шоним нақадар юксак! Мен султонлар султониман!» ҳам дебдур? Дедим: Боязид сувсизлиғи бир журъадин ултурушти, сероблиғдин дам урди, идрокининг кўзаси анинг била тўлди ва ул нур анинг уйининг равзанаси хурдида эрди. Аммо Мустафо с. а. в. истисқое азим ва сувсизлиғ устиға сувсизлиғ эрди ва муборак кўкси (1:  )    «биз сенинг қалбингни кенг – мунаввар қилиб қўймадикми?» шарҳи била ..... (10:  )   «Аллоҳнинг ери кенгдур» бўлуб эрди. Ложарам аташдин дам урди ва ҳар кун қурбат зиёдатлиғининг истидъосида эрди. Мавлоно Шамсуддин фарёд уруб йиқилди. Ва Мавлоно маркабдин тушуб шогирдлариға буюрдиким, ани кўтариб мадрасаға элттилар. Чун ўзига келди ва муборак бошин Мавлоно тизи устига қўюб эрди, андин сўнг анинг илигин тутуб равон бўлди ва уч ой муддате бир хилватда лайлан ва наҳоран висол савми била ўлтурдиларки, асло чиқмадилар. Ва кишига заҳра йўқ эрдиким, аларнинг хилватиға киргай. Ул хилватда бир кун Мавлоно Шамсуддин Мавлавий хидматидин шоҳиде тилади. Ул ўз ҳарамининг илигин тутуб мажлисқа келтурди. Ул дедики, бу менинг синглимдур, бир нозанин йигит кўнглум тилар. Филҳол фарзанди Султон Валадни олиб келди. Деди: бу менинг фарзандимдур, ҳолиё агар бир миқдор чоғир муяссар бўлса, завқе қилур эрдук. Мавлавий чиқди ва жуҳудлар маҳалласидин бир кўза чоғир еткурди. Мавлоно Шамсуддин буюрдиким, мен Мавлононинг мутоваати қуввати ва машраби вусъатин имтиҳон қиладур эрдим. Ҳар недин десалар, ортиғроқдур. Ва дебдурки вақт машойихидин сўрарбизки,   «менда Худо билан шундай лаҳзалар бўладики...» бу мустамир вақт бўлғай? Дерларки, йўқ, мустамир бўлмағай! Ва дедики, бирав Ҳазрат Муҳаммад с. а. в. умматидин бир дарвешга дедики, санга Тенгри жамъият бергай. Ул деди: ҳай-ҳай, бу дуони қилма, мундоқ дуо қилки, Тенгри жамъиятни андин айир, анга тафриқае берки, мен жамъиятда ожиз бўлубмен. Ва дебдурки, бирав дерки, сиқояда Тенгри отин тутмамак керак ва Қуръон ўқумамак керак, магар оҳиста. Дедимки, мунга не чора қилайки, ани ўзумдин айира олмон: шоҳ отдин тушмас, бечора от не қилсун? Ва баъзи дебдурларки, чун Мавлоно Шамсуддин Қўняға етти, Мавлоно хидматлари дарсиға кирди. Ва Мавлоно бир ҳавз қироғида ўлтуруб эрди ва теграсида китоблар. Ул сўрдики, бу не китоблардур? Мавлоно дедики, бу қийлу қолдур, сенинг мунунг била не ишинг бор? Мавлоно Шамсуддин илиг узатти ва ул китобларни сувга солди. Мавлоно тамом таассуф била деди: эй дарвеш, не қилдинг, алардин баъзи отамнинг фавойиди эрдики, яна топилмас. Мавлоно Шамсуддин илиг сувга уруб, бирин-бирин китобларни сувдин чиқарди ва сув ҳеч қайсиға асар қилмайдур эрди. Ва Мавлоно хидматлари айттиларки, бу не сирдур? Ул дедики, муни завқу ҳол дерлар, мунинг била сенинг не ишинг бор? Андин сўнгра ул икки бузургворнинг суҳбатлари туташти. Бу навъ нақл қилибдурларки, Мавлоно Шамсуддин қ. с. шаҳодат шарафи била дунёдин ўтубдур. Ва тарих олти юз қирқ беш экандур. Ва оз фурсатда қотилларин бирин-бирин Тенгри таоло тафзиҳлар била оламдин чиқарибдур. Ул жумладин бири Мавлононинг фарзанди Алоуддин Муҳаммад эрмишки, (46:  )   «Эй Нуҳ, у сенинг аҳлингдан эмас» доғиға мунтасиб эрмиш. Ва баъзи дебдурларки, аларнинг қабри Мавлоно Паҳлавий мадрасасида Мавлоно Бадриддинким, боний экандур, анинг ёнидадур, валлоҳу таоло аълам.

 

Алишер Навоийнинг «Насойим ул-муҳаббат мин шамойим ул-футувват» асаридан

Мусулмонлар Рамазонда саҳардан шомгача рўза тутишади. Бунинг инсон организмига таъсири қандай?

Сўнгги йилларда Рамазон шимолий яримшар минтақасида ёз ойларига тўғри келмоқда (бу йил Рамазон Британияда 16 майдан бошланиши кутилмоқда). Бу ойлар давомида кундузи узоқроқ, об-ҳаво эса иссиқроқ бўлади.

Бу эса баъзи мамлакатлар, масалан, Норвегияда одамлар келаётган Рамазонда кунига 20 соатга қадар рўза тутадилар, деганидир.

Рўза тутиш соғлиқ учун фойдалими? Қуйида 30 кун рўза тутганингизда танангизда қандай ўзгаришлар юз бериши ҳақида билиб олишингиз мумкин.Ҳар йили Ер юзидаги миллионлаб мусулмонлар Рамазоннинг бир қисми сифатида 30 кун давомида кун чиққандан то қуёш ботгунга қадар рўза тутадилар.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images Image caption Рўза пайтида организмингиз қувват учун биринчи жигарда йиғилган шакарни ишлатади

Энг қийин қисм – илк икки кун

Тиббиёт нуқтайи-назаридан сўнгги овқатдан саккиз соат ёки шунга яқинроқ вақт ўтмагунга қадар танангиз «рўзадорлик ҳолати»га кирмайди. Бу вақт атрофида ичаклар овқатдаги озиқ моддаларни сўриб олиш жараёнини якунлаётган бўлади.

Озиқ моддалар ичаклар орқали сўриб олингандан сўнг танамиз жигар ва мушакларда тўпланган глюкозадан қувват олишга ҳаракат қилади.

Рўзанинг сўнгги қисмларида, глюкоза тугагандан сўнг, танада йиғилган ёғ қувватнинг навбатдаги манбайи бўлиб хизмат қилади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images Image caption Рамазоннинг илк кунлари қийинроқ кечади, аммо организм очликка тезда кўникади

Тана ёғ билан озиқлана бошлаганда вазн ва холестерин миқдори камаяди, қандли диабетга чалиниш эҳтимоли пасаяди

Аммо қонда шакар миқдорининг тушиб кетиши ҳолсизлик ва ланжликка сабаб бўлади.

Рўза тутаётган пайтингиз бош оғриғи ва айланиши, кўнгил айнишини ҳис қилишингиз, нафасингиз сиқиши мумкин.

Бу вақтда танангиздаги очлик ҳисси ўзининг энг юқори чўққисига чиқади.

Сувсизланишдан эҳтиёт бўлинг – 3-7 кун

Танагиз рўза тутишга мослаша борган сари ёғлар чўкиб, қондаги шакарга айланади. Рўза тутиш давомида йўқотилган суюқлик миқдори ифторлик ва оғиз ёпиш орасида қайта тўлдирилиши лозим. Акс ҳолда терлаш ҳисобига тана сувсизланиб қолади.

Истеъмол қилинаётган таомларда углевод ва ёғлар каби қувват берувчи моддалар етарли даражада бўлиши зарур. Шунингдек, озиқ моддалар, жумладан, оқсиллар, тузлар ва сувнинг истеъмол қилинаётган таомдаги миқдори ўзаро мувозанатда бўлиши ҳам муҳим.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images Image caption Рўза пайти сув ичиш муҳим, айниқса, ёз ойларида

Рўза тутишга ўргана бошлайсиз – 8-15-кун

Учинчи босқичга келиб, танангиз рўза тутишга тўла ўрганиб қолгандан сўнг кайфиятингизда ҳам яхши ўзгаришлар пайдо бўла бошлайди. Кембриждаги Адденбрук касалхонасининг анестезия ва интенсив даволаш бўлими консултанти бўлиб ишловчи доктор Разин Маъруфга кўра, рўза тутишнинг бошқа афзалликлари ҳам мавжуд.

"Одатий турмуш тарзида биз юқори калорияли овқатлар тановвул қиламиз ва бу ҳол танамизнинг баъзи вазифаларни, масалан, ўзини-ўзи қайта тиклаш амалиётини адо этишида ҳалал беради".

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images Image caption Кўп калория истеъмол қилиш организмнинг инфекцияга қарши курашишини қийинлаштиради

"Рўза тутиш давомида анчайин енгиллашган тана бошқа функцияларга ўз эътиборини қаратиш имконига эга бўлади. Шундай қилиб, рўза тутиш тананинг ўзини-ўзи даволаш хусусиятлари, шунингдек, инфекцияларга қарши курашиш қобилиятига ҳам ижобий таъсир кўрсатади".

Ични тозалаш – 16-30 кун

Рамазоннинг сўнгги қисмида танангиз рўза тутишга бутунлай кўникиб бўлади. Бу вақтга келиб йўғон ичак, жигар, буйрак ва териларда тозаланиш жараёни бошланиб кетади.

"Рўза тутиш орқали ўз-ўзини тозалаб олган органлар ўзининг фаолиятини тўлиқ тиклаб олади. Хотирангиз ва диққатни жамлаш қобилиятингиз яхшиланиб, ўзингизни бардам сеза бошлайсиз", -дейди доктор Маъруф.

Доктор Маъруфга кўра, давомли очлик озишнинг яхши йўли эмас

"Танангиз қувват олишда оқсилларга қарам бўлиб қолмаслиги керак. Бу манзара тана ўзига хос 'очлик ҳолати'га кирганда ва мушаклардан қувватлана бошлаганда юзага келади ҳамда бир неча кундан бир неча ҳафтага қадар давом этади".

"Рамазон рўзаси фақат кун чиққандан ботганга қадар давом этгани сабабли бизда танамизни қувватга бой озуқалар ва ичимликлар билан тўлдириб олишга етарлича имкон бўлади. Бу мушакларни қуриб кетишдан сақлайди. Бундан ташқари вазн ташлашга ҳам ёрдам беради".

Шундай қилиб, рўза тутиш соғлиқ учун фойдалими?

Доктор Маъруф ҳа, дейди. Аммо баъзи нарсаларни эътиборга олиб қўймоқ зарур.

"Биз тановвул қилаётган таомларимизга эътиборни оширганимиз сабабли рўза тутиш соғлиқ учун фойдали. Бироқ бир ойлик рўза фойдали бўлсада, уни давомий тутиш тавсия этилмайди".

"Давомий рўза тутганда танангиз ёғни еб бўлиб, қувват олиш учун мушакларга эътибор қарата бошлайди. Бу эса яхши эмас".

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Доктор Маъруф Рамазондан ташқари пайтларда қисқа рўза ёки 5:2 форматдаги парҳез (ҳафтада икки кун рўза тутиш, қолган кунлари осон ҳазм бўладиган таомлар ейиш) тутиш ойларга чўзиладиган рўзага яхши муқобил бўлади, дейди.

"Рамазон рўзасида ҳар куни қувватга бой озуқа истеъмол қилишга эътибор бериш зарур. Шундагина танангиз ҳаёт учун муҳим бўлган мушак тўқималарини еб юбормайди".

 

Ахмен Ҳавожа Би-би-си Жаҳон хизмати

Видеолавҳалар

Top