muslim.uz

muslim.uz

Понедельник, 04 Июнь 2018 00:00

“Зиё” ва “Нур” орасидаги фарқ

Қуръони Карим нозил бўлган пайтда одамлар Ойнинг нури билан Қуёшнинг нурини ажрата олмас эдилар. Ёруғлик ва иссиқликни Қуёш таратишини, Ой эса Қуёшнинг зиёсини акс эттирадиган совуқ жисм эканлигини англамасдилар.

Қуръони Карим Ойни “нур” деб, Қуёшни “зиё” деб васф қилди. Дарҳақиқат, бугунги замонавий илмнинг айтишича, Қуёш ловуллаб турган ядро печкаси бўлиб, унинг ичида бирикиш реакциялари содир бўлиб, водород моддаси гелийга айланади, бунинг натижасида ҳар сонияда фазога ҳайратланарли даражада кўп миқдорда энергия тарқатар, Ерга эса бу энергиянинг озгина миқдори етиб келар, ушбу етиб келган оз миқдордаги энергия Ердаги ҳаётнинг давом этиши учун етарли ҳисобланар экан.

Ушбу Қуёш энергияси Ойга ҳам етиб боради. Ана шу пайтда Ой Ерда нурли бўлиб кўринади. Нур – ҳароратсиз ёруғлик бўлиб, бизга Ой сиртидан етиб келади. Аслида эса ўша нур Ойнинг ўзиники бўлмай, балки, Қуёшдан келган энергиянинг Ой орқали Ерга акс этишидир. Бунда Ой фақат кўзгу вазифасини ўтаб беради.

Қуръони Карим бундан ўн тўрт аср олдин бу ҳақида очиқ-ойдин гапирган:

هُوَ الَّذِي جَعَلَ الشَّمْسَ ضِيَاء وَالْقَمَرَ نُوراً وَقَدَّرَهُ مَنَازِلَ لِتَعْلَمُواْ عَدَدَ السِّنِينَ وَالْحِسَابَ مَا خَلَقَ اللّهُ ذَلِكَ إِلاَّ بِالْحَقِّ يُفَصِّلُ الآيَاتِ لِقَوْمٍ يَعْلَمُونَ

“У қуёшни зиё ва ойни нур қилган ҳамда сизлар йилларнинг ададини ва ҳисобини билишингиз учун унинг манзилларини ўлчовли қилган зотдир. Аллоҳ ўшани фақат ҳақ ила яратди. У биладиган қавмлар учун оятларини батафсил баён қилади”. (Инсон ҳаёти давомида доимий ҳис этиб турадиган мавжудотлардан бири қуёш, яна биттаси ойдир. Лекин инсон уларнинг мавжудиятига ўрганиб қолганидан кўп ҳам эътибор бермайди.) (Юнус сураси, 5-оят).

Субҳаналлоҳ!

Инсоният илм ва технология орқали яқин йиллар ичида ўрганган ҳақиқатларнинг бундан ўн тўрт аср олдин, бу ҳақиқатлар ҳақида ўйлаш башариятнинг хаёлига келмаган бир пайтда Қуръонда баралла айтилиши – Қуръон Аллоҳнинг Каломи, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Унинг охирги Расули эканликларига далолат қилади!

 

 

www.kaheel7.com сайтидан

Нозимжон Иминжонов таржимаси

 

Понедельник, 04 Июнь 2018 00:00

Маърифат нурларин тарқатиш йўлида

Юртимиздаги ҳар бир шаҳару қишлоқнинг ўзига хос фазилати бор. Биз гуллар шаҳри деб таърифлайдиган Наманган ҳам ниҳоятда хислатли шаҳарлардан саналишига унинг “гуллар шаҳри” деб аталишининг ўзи кифоя қилади. Аммо бу ерда Махдуми Аъзам, Бобораҳим Машраб, Мажзуб Намангоний, Фазлий Намангоний, Исҳоқхон тўра Ибратдек буюк зотларнинг туғилиб камол топгани унинг қадрини янада зиёда қилади.

Рамазон ойининг бошлариданоқ Фарғона водийсида хизмат сафари бўлган муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ўтган куни Наманганда бўлдилар.

Муфтий ҳазратлари водийга хизмат сафарига 19 май куни борган эдилар. Ўн кундан ортиқ Андижонда бўлиб вилоят аҳолиси билан дилдан суҳбатлар қилиб, уларга амри маъруфлар, наҳйи мункарлар қилиб бердилар. Вилоятдаги масжидлар фаолияти билан танишиб, намозхонлар билан учрашиб, улар билан дилдан суҳбат қилдилар. Шунингдек, Президентимиз ташаббуси билан рўйхатдан чиқарилган фуқаролар билан ҳам суҳбатлашиб, уларнинг қандай ишларга жойлашгани, моддий шароити, фикр-ўйлари билан қизиқдилар ва панду насиҳатлар қилдилар. Вилоятдаги имом-домлалар эса муфтий ҳазратларининг суҳбатларида қатнашиб маърифатлари янада зиёда бўлди.

– Муфтий ҳазратларининг Андижонга келганини эшитганимиздан бери йўлларига қараймиз, ниҳоят ўтган куни “Мулла Бозор Охунд” жоме масжидига келар эканлар деган хабарни эшитиб, узоқ-яқиндан ёшу қари масжидга қараб ёпирилиб келаверди. Масжиднинг ҳовлиси ҳам одамга тўлиб кетди. Муфтий ҳазратлари таровеҳ намозида муборак рамазон ойининг фазилатлари ва диний соҳада эришилаётган ютуқлар, истиқлол шукронаси мавзуларида маъруза қилиб, рамазон ойи юртимиз учун баракотли ва хайрли, она Ватанимиз тинч, осмонимиз мусаффо, ҳаётимиз эса фаровон бўлишини сўраб дуолар қилдилар, – дейди наманганлик Файзуллоҳ ота Қосимов.

Бинобарин, ана шу тинч ва осуда, тўқ ва фаровон кунларда рамазон рўзасини тутишни насиб айлаган, боз устига кунларимизни салқин қилиб қўйган Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар айтиб, бу кунларнинг шукронасини қилсак, Раббимиз Ўзининг битмас-туганмас хазинасидан ризқимизни янада кенг қилиб қўяди, иншоаллоҳ.

Юртимиз тарихига ёки бошқа ислом ўлкаларига назар солсак, бирорта диний идора раҳбари бирор вилоятда уйма-уй кириб одамлардан ҳол-аҳвол сўраб, элга, ёшларга маърифат нурларини тарқатиб ўн кунлаб юрмаганига гувоҳ бўламиз. Айниқса, рамазон ойида.

Гўзал Наманганнинг имони бақувват, илмга ташна аҳолисининг ушбу ташрифдан боши кўкларга етди. Зеро, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилиб айтганларидек, “Ҳикмат мўминнинг йўқотган нарсаси, уни қаердан топса олади”. 

Ушбу ҳадиси шарифга амал қилган Наманган аҳли муфтий ҳазратлари олиб борган илмдан баҳра олиш иштиёқида. Зотан, рамазони шарифда олинган илм, қилинган тақво, кўрсатилган хайру саховат, меҳр-мурувватнинг, берилган фитру закотнинг ўрни бўлакча бўлади, албатта.

Дамин ЖУМАҚУЛ

 

Понедельник, 04 Июнь 2018 00:00

Язид ибн Муовия

Ислом тарихида шундай инсонлар борки, уларнинг солиҳ ва фозил инсон бўлиб яшаганига уламоларнинг бари иттифоқ қилганлар. Масалан, Абу Бакр, Умарлар сингари (розияллоҳу анҳум). Шунингдек, яна шундай инсонлар борки, уларни Исломнинг ашаддий душмани, жоҳил ва фосиқ кимса эканига барча уламолар иттифоқ қилганлар. Масалан, Абу Жаҳл, Абу Лаҳаблар сингари (алайҳимуллаъна). Лекин тарих зарварақларида яна шундай инсонлар номи қолганки, уларнинг солиҳ киши ёки фосиқ киши бўлиб ўтганликлари борасида уламолар якдил фикрга эмаслар. Шулардан бири – Язид ибн Муовия.

Язид ибн Муовия (Аллоҳ уни отасидан рози бўлсин, ўзига эса Аллоҳдан ҳақли бўлгани бўлсин) – умавийлар давлатининг асосчиси Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳудан кейинги иккинчи халифадир. Унинг отаси – умавийлар давлатининг биринчи халифаси Муовия ибн Абу Суфён (розияллоҳу анҳу)[1] эди. Бобоси Абу Суфён ибн Ҳарб (розияллоҳу анҳу) жоҳилият ва ундан кейинги даврда ҳам Қурайш қавми орасида юксак мартабали шахс эди[2]. Бувиси Қурайшнинг машҳур зодагони Утба ибн Робианинг қизи, қавми орасидаги энг баобрў аёл - Ҳинд бинти Утба, аммаси Рамла (Умму Ҳабиба) – Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг рафиқалари, амакиси Язид ибн Абу Суфён (розияллоҳу анҳу) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ва уларнинг аввалги икки халифаси – Абу Бакр ва Умар (розияллоҳу анҳумо)ларнинг жанглардаги ишончли қўмондони эди.

Язид она томондан ҳам улуғ насаб эгаси бўлиб, онаси – Майсуна бинти Баҳдал[3] ақл-заковатли араб шоираларидан эди. Тоғалари эса Арабистон ярим оролидаги нуфузли Калб қабиласидан эдилар.

 Язиднинг тўлиқ исми - Язид ибн Муовия ибн Абу Суфён ибн Ҳарб ибн Умайя; куняси – Абу Холид. Усмон ибн Аффон (розияллоҳу анҳу)нинг халифалик даврида ҳижратнинг 26 йили, милодий 647 йилда Мотирун қишлоғида туғилган[4].

Имом Заҳабий ўзининг “Сияри аъламин нубало” асарида бир ривоятни келтиради: “Муовия Майсуна бинти Баҳдал Калбийяга уйланди. У Язидга ҳомиладор эканида уни талоқ қилди. Майсуна бир куни тушида ундан ой чиқиб келаётганини кўрса, унга: “Сен халифани дунёга келтирасан”, деб таъбир қилишди”[5]

Язиднинг болалиги гўзал исломий муҳитда ўтди. Аммо отаси у туғилган вақтида онасини талоқ қилгани сабабли маълум муддат тоғалари билан яшади. Тарих китобларида Муовия (розияллоҳу анҳу) нима учун хотинини талоқ қилгани ва бу даврда Язиднинг ёши нечада бўлгани ҳақида маълумотлар учрамайди. Бир қанча муддатдан сўнг отасининг буйруғи билан Дамашққа келди, бу ерда у отасининг мажлисларида қатнашиб, унинг сиёсий қарашларини ўрганди. У ака-укаларсиз, ёлғиз муҳитда катта бўлди. Язид Дамашққа келгач, отаси унга Дағфал ибн Ҳанзала Шайбоний, Убайд ибн Шарийя Журҳумий[6] каби тарбиячилар, олимлар, насабчиларни тайин қилди. Ушбу олимлар Язиднинг насаб илмини билишида катта аҳамият касб этишди. Муовия (розияллоҳу анҳу) ёшлигидан фарзандининг таълим-тарбиясини мукаммал олишига бор эътиборини қаратди ва барча шароитларни яратиб берди. У ўғлини ўзининг мажлисларида қатнашишни талаб қиларди. Шу боис Язид отасининг олдига элчи бўлиб келган араблар ҳикматини эшитарди. Бу мажлисларда луғатшунос олимлар ҳам иштирок этарди.

Язид ибн Муовия уч аёлга уйланган. Улардан маълумлари – Умму Мискин бинти Умар ибн Хаттоб, Умму Гулсум бинти Абдуллоҳ ва Фохина бинти Абу Ҳошим[7].

Баъзи уламолар унинг фарзандлари тўғрисида ихтилоф қилишган. Ибн Касир уларнинг сони чексиз, деган. Аллома Балозарий эса қуйидагиларни санаб ўтган:

  • Холид – куняси Абу Ҳошим, тўнғич ўғли, Муовия ва Абдуллоҳ исмли ўғиллари бор. Отасидан, шунингдек, Диҳядан ҳам ҳадис ривоят қилган. Кимё илми билан шуғулланган[8]. Абу Зуръа: “У ва унинг биродари қавмнинг солиҳ кишиларидан эди”, деган. Укаси Муовия вафотидан сўнг халифаликни эгалламоқчи бўлганда, Марвон унинг йўлини тўсган. Ҳижратнинг 84 ёки 85-йили вафот этган.
  • Ҳарб - унинг зурриётлари Шомда тарқалган[9].
  • Муовия – солиҳ йигит бўлган, кунялари Абу Абдурраҳмон, Абу Язид. Отасидан сўнг 40 кун мобайнида халифа бўлган, аммо касаллиги туфайли халифалик вазифалари билан шуғулланолмаган. Онаси Абу Ҳошим Утба ибн Робианинг қизи. 17 ёки 21 ёки 23 ёшида вафот этган, жаноза намозини Марвон ўқиган. Вафот этаётганда унга: “Халифа қолдирмайсизми?”, дейишса: “Мен ҳеч ҳам унинг ҳаловатидан тотмадим. Нима учун уни қайта юклайман?”, деди[10].
  • Язид - унинг ҳам зурриётлари Шомда тарқалган.
  • Саид.
  • Язид - унинг зурриётлари Басрада тарқалган.
  • Утба.
  • Ҳарб.
  • Абдурраҳмон – тақводор ва ибодатдорлардан. Савбон (розияллоҳу анҳу)дан ҳадис ривоят қилган. Ривоятларда у кишини ибодатда қаттиқ ижтиҳод қилгани айтилган[11].
  • Абдуллоҳ[12] – Язиднинг Умму Гулсум бинти Абдуллоҳдан бўлган ўғли, “Асвар” лақаби билан машҳур бўлган.
  • Абдуллоҳ Асғор.
  • Муҳаммад[13].

Язиднинг қизлари ҳақида эса маълумотлар кам бўлиб, Ибн Касир улардан бештасини санаб ўтган: Отика, Рамла, Умму Абдурраҳмон, Умму Язид, Умму Муҳаммад[14].

Язид ибн Муовиянинг ташқи кўриниши тўладан келган, сергўшт, узун сочли, узун бўйли, қорачадан келган, кўзларининг оқи оппоқ ва қораси қоп-қора, ингичка ва чиройли соқол эгаси, фасоҳатли шоир ва хотиб, сахий, шижоатли, ҳаётида ортиқча такаллуф қилмайдиган киши эди. Ибн Касир сийрат китобида Язидда карамлилик, ҳилм, фасоҳат, мулкда гўзал ўйда бўлишлик каби мақтовли хислатлар бор бўлганини санаб ўтган[15].

Язид ибн Муовия отасидан биргина ҳадис ривоят қилган:

مَنْ يُرِدِ اللهُ بِهِ خَيْرًا يُفَقِّهْهُ فِي الدِّينِ[16]

“Аллоҳ кимга яхшиликни ирода қилса, уни динда фақиҳ қилиб қўяди”. Кейинчалик ундан ўғли Холид, Абдулмалик ибн Марвонлар ривоят қилишган.

Язид ибн Муовиянинг фасоҳатли шоир бўлгани ҳақида ҳам маълумот бор. Ҳатто Марзавоний Язиднинг шеърларини тўплаб девон ҳолига келтирган.

Язид ибн Муовия милодий 683 йил 10 ноябрь, ҳижратнинг 64 йили рабиул аввал ойининг 14 куни Дамашқда 39 ёшида вафот этган. Унга жаноза намозини ўғли Муовия ўқиган[17].

Умавий ҳукмдорлар борасидаги маълумотлар орасида айнан Язид ибн Муовия ҳақидагилари бошқаларидан турли-туманлилик ва эҳтиёткорона муносабатда бўлиш билан ўзига хос хусусият касб этади. Негаки, тарихий манбаларда уни солиҳ киши  бўлганига ҳам, ашаддий фосиқ киши бўлганига ҳам далолат қилувчи хилма-хил ривоятлар келган. У мусулмон оламида шахсияти тўғрисида энг кўп муҳокама қилинган ва уламолар орасида ихтилофларга сабаб бўлган инсон саналади.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Саид (розияллоҳу анҳу) ривоят қилган ҳадисда: “Саҳобаларимдан бирортасини сўкманглар! Чунки бирортангиз Уҳуд тоғидек олтин инфоқ қилсангиз ҳам, уларнинг бир муддига ҳам, унинг ярмига ҳам ета олмайди”, деганлар. Язид ибн Муовия гарчи саҳоба бўлмаса-да, юқорида санаб ўтилгандек, саҳобийлар оиласидан. Бинобарин, Муҳаммад Анвар Бадахшоний “Ақидатут-Таҳовия” асарига ёзган талхисида шундай дейди:

“Ким Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг саҳобалари, ҳар қандай разолатдан пок аёллари, ҳар қандай қабоҳатдан пок зурриётлари ҳақида яхши гаплар айтса, мунофиқликдан халос бўлибди”[18]. Бу матнда келган “саҳобалари” сўзидан гарчи фақат уларнинг ўзлари тушунилса-да, мажозан уларнинг фарзандларини ҳам тушунишимиз лозим. Чунки фарзанд ҳар доим ўз ота-онасига нисбат берилади, унинг шаънига айтилган сўз фарзандни ўзига эмас, ота-онасига тегишли бўлади.  Яна бундан ташқари Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): "Умматим қўшинидан Қайсар шаҳрига биринчи бўлиб ғазот қилганга мағфират бордир"[19], деганлар. Ҳижратнинг 49-йили Муовия (розияллоҳу анҳу) Қустантанияга ғазот қилиш учун катта қўшин тайёрлади ва қўшинга Язидни қўмондон қилди[20]. Шу тариқа Язид ибн Муовия ҳадисда айтиб ўтилган Қайсарнинг юртига илк бор ғазот қилган инсон саналади.

Аллоҳ таоло Ўзининг Каломида мўминлар тилидан ушбу дуони келтиради: «Эй, Раббимиз! Ўзинг бизларни ва биздан илгари имон билан ўтганларни мағфират этгин ва қалбларимизда имон келтирган зотларга нисбатан гина пайдо қилмагин! Эй, Раббимиз! Албатта, Сен меҳрибон ва раҳмли зотдирсан!».  Аллоҳ таоло ушбу оятга мувофиқ ҳар биримизни аввал ўтган солиҳ ва фозил инсонларни ёмон сўзлар билан зикр қилиш ва қалбимизда уларга нисбатан адоват ва ғашлик уйғонишдан пок айласин.

Хадичаи Кубро аёл-қизлар

ўрта махсус ислом билим юрти талабаси

Рокия Юсуфий ва Саййиджамол Масайитов 

тайёрлади.

 

 

 

[1]  Ибн Асокир. Тарийху Димашқ. – Дамашқ: Дор ул-фикр, 1984. – Ж. 28. – С. 18;  Ибн Касир. Ал-бидоя ван - ниҳоя. Қоҳира: Дор ул - ҳадис, 1992.  - Ж. 8. - С. 214

[2] Ҳасанов А. А. Қадимги Арабистон ва илк Ислом: И китоб. Жоҳилия асри. –Т.: ТИУ, 2001. –Б. 153.

[3] Жалолиддин Суютий. Халифалар тарихи. - Қоҳира: Дор ул - фикрил аробий, 1946. - С. 233; Ибн Асокир. Тарийху Димашқ. – Дамашқ: Дор ул-фикр, 1984. – Ж. 28. – С. 18.

[4]  Wикипедия сайти. УРЛ: ҳттп://ру. wикипедиа.орг./wики/Язид_Муовия

[5] Имом Заҳабий. Сияри аъламин-нубало. - Лубнон-Байрут: Муассасатур рисала, 1996.  –Ж. 4.  –С.36; Ибн Асокир. Тарийху Димашқ. – Дамашқ: Дор ул-фикр, 1984. – Ж. 28. – С. 19;  Ибн Касир. Ал-бидоя ван - ниҳоя. Қоҳира: Дор ул - ҳадис, 1992.  - Ж. 8. - С. 214.

[6]Дағфал ибн Ҳанзала Шайбоний – буюк насабшунос олим, Расулуллоҳ (соллалоҳу алйҳи васаллам) вафот этган вақтларида 5 ёш бўлган. Муовия (розияллоҳу анҳу) у билан суҳбатлашиб, унинг ғоятда закийинсон эканлигини фаҳмлайди ва шу боисдан ҳам ўғлини унга шогирдликка беради.

 Убайд ибн Шарийя Журҳумий – арабларнинг машҳур муаррихларидан. Ҳижрий 67-йили вафот этган. Саҳоба бўлгани ёки бўлмагани борасида кўпгина ихтилофлар бор.

[7] Маҳмуд Шокир “Ат-тарийхул Исламий” асарида ва Муҳаммад Ҳузарий “Ад-давлатул Умавийя” асарида  фақат Умму Ҳошим ва Умму Гулсумни зикр қилганлар.

[8] Маҳмуд Шокир. Ат-тарийхул Исламий. – Байрут-Лубнан: Мактабатул Исламий, 2000. –Ж. 4. –С. 122; Имом Заҳабий. Сияри аъламин-нубало. - Лубнон-Байрут: Муассасатур рисала, 1996. –Ж. 5.  –С. 383; Ибн Касир. Ал-бидоя ван - ниҳоя. Қоҳира: Дор ул - ҳадис, 1992.  - Ж. 8. - С. 223.

[9]  Ибн Касир. Ал-бидоя ван - ниҳоя. Қоҳира: Дор ул - ҳадис, 1992.  - Ж. 5. - С. 645-646.

[10] Жалолиддин Суютий. Халифалар тарихи. - Қоҳира: Дор ул - фикрил аробий, 1946. - С. 239.

[11]  Имом Заҳабий. Сияри аъламин-нубало. - Лубнон-Байрут: Муассасатур рисала, 1996. –Ж. 6.  –С. 49.

[12]  Ибн Касир уни исмини Абдулазиз деб зикр қилади.

[13]  Маҳмуд Шокир келтирилганларга қўшимча қилиб Умар, Робеъ исмли фарзандларни ҳам санаб ўтган. Ибн Касир эса Усмон исмли ўглини ҳам қўшган ва улар сонини 15 та деган.

[14] Ибн Касир. Ал-бидоя ван - ниҳоя. Қоҳира: Дор ул - ҳадис, 1992.  - Ж. 8. - С. 224.

[15] Ўша асар. - С. 218.

[16] Ибн Ҳажар Асқалоний. Фатҳул борий бишарҳи Соҳийҳил Бухорий. – Қоҳира: Дор ур-Ройян лит-турос, 1988. – Ж. 1. –С. 197/ Имом Забийдий. Мухтасару Соҳийҳил Бухорий. – Ар-Риёд: Мактабат ул-муайяд, 1992. – С. 27.

[17] Ибн Асокир. Тарийху Димашқ. – Дамашқ: Дор ул-фикр, 1984. – Ж. 28. – С. 29/ Ибн Касир. Ал-бидоя ван - ниҳоя. Қоҳира: Дор ул - ҳадис, 1992.  - Ж. 8. - С. 223.

[18] Муҳаммад Анвар Бадахшоний. Ақидатут-Таҳовия шарҳининг талхиси. –Т.: Ҳилол-Нашр, 2015.

[19]  Муҳаммад Исмоил ал-Бухорий.  Олтин силсила - Саҳиҳул Бухорий. - Т.: Ҳилол - Нашр, 2013. - Ж. 1. - Б. 672.

[20] Имом Заҳабий. Сияри аъламин-нубало. - Лубнон-Байрут: Муассасатур рисала, 1996.  –Ж. 5.  –С. 35.

Танзанияда ҳар йили ўтказиладиган Муқаддас Қуръон ҳофизларининг халқаро мукофоти мусобақа Шарқий Африкада ва дунёда энг оммавий тарзда ўтказиладиган тадбир ҳисобланади.

Ушбу мусобақага гувоҳ бўлиш учун ҳар йили минглаб одамлар ташриф буюрадилар. 2016 йилда ушбу мусобақани кузатиш учун 60 минг мусулмон ташриф буюрган. Бу миқдордаги авомни сиғдириш учун мусобақа футбол майдонида ўтказилган эди.

2018 йилда ушбу мусобақа 31 майдан 6 ибнга қадар ўтказилиши айтилган. Маълумотларга кўра ўтган йилиги ушбу мусобақада 12 ёшли қори ғолибликни қўлга киритган эди.

У Сомали давлатидан Муҳаммад Абдуллоҳ Аден бўлиб, ғолибга 7 минг АҚШ доллари миқдоридаги мукофот пули берилган.

Ушбу мусобақа ташкилотчилари 2017 йилда янги таклиф билан чиқишди. Унга кўра, мусобақа ғолибларига келажакда илм олишлари учун ҳар ойлик стипендия ажратилиши кўзда тутилган.

Танзания давлати дунёвий давлат бўлишига ҳамда мамлакат аҳолисининг қарийб 60 фоизини насронийлар ташкил этишига қарамасдан мусулмонлар (36 фоизи) мамлакат ҳаётида муҳим ўрин тутадилар.

ЎМИ Матбуот хизмати

Понедельник, 04 Июнь 2018 00:00

08.06.2018 й. Силаи раҳмни узманг!

بسم الله الرحمن الرحيم

Силаи раҳмни узманг!

Аллоҳ таоло биз бандаларига шу қадар меҳрибонки, Ўзининг розилигини ибодат билан топишимиз билан бир қаторда, ўзаро инсонлар ўртасидаги муомалаларни чиройли ва холис қилиш билан ҳам топиш имкониятини берган.

Силаи раҳм – қариндошлик ришталарини боғлаш бўлиб, у инсоний муомалаларнинг энг афзалидир. Унинг акси бўлган қариндошлик ришталарини узиш эса, қотиур-раҳм бўлиб, у энг оғир гуноҳлардан ҳисобланади.

Аллоҳ таоло бандаларини қариндошлик ришталарини боғлаш ва мустаҳкамлашга буюриб, Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

يَسْـَٔلُونَكَ مَاذَا يُنفِقُونَ ۖ قُلْ مَآ أَنفَقْتُم مِّنْ خَيْرٍۢ فَلِلْوَٰلِدَيْنِ وَٱلْأَقْرَبِينَ وَٱلْيَتَٰمَىٰ وَٱلْمَسَٰكِينِ وَٱبْنِ ٱلسَّبِيلِ ۗ وَمَا تَفْعَلُواْ مِنْ خَيْرٍۢ فَإِنَّ ٱللَّهَ بِهِۦ عَلِيمٌ

“Сиздан (эй, Муҳаммад!) қандай эҳсон қилишни сўрайдилар. Айтинг: “Ниманики хайр-эҳсон қилсангиз, ота-она, қариндошлар, етимлар, мискинлар ва мусофирларга қилингиз! Аллоҳ ҳар қандай қилган эҳсонларингизни билиб турувчидир” (Бақара сураси 215-оят).

Қариндошлик ришталарини боғлашга бўлган эътибор нафақат бизни динимизда, балки биздан олдинги динларда ҳам бўлгандир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

وَإِذْ أَخَذْنَا مِيثَاقَ بَنِي إِسْرَائِيلَ لَا تَعْبُدُونَ إِلَّا اللَّهَ وَبِالْوَالِدَيْنِ إِحْسَانًا وَذِي الْقُرْبَىٰ وَالْيَتَامَىٰ وَالْمَسَاكِينِ وَقُولُوا لِلنَّاسِ حُسْنًا وَأَقِيمُوا الصَّلَاةَ وَآتُوا الزَّكَاةَ ثُمَّ تَوَلَّيْتُمْ إِلَّا قَلِيلًا مِّنكُمْ وَأَنتُم مُّعْرِضُونَ

яъни: “Эсланг, (Биз) Исроил авлодидан: Фақат Аллоҳгагина сиғинасиз, ота-она, қариндош, етим ва мискинларга яхшилик қиласиз, одамларга ширинсўз бўлинг, намозни баркамол ўқинг, закот беринг, - деб аҳд  олган эдик. Кейин (сиз, эй, Исроил авлоди,) озчилик қисмингиздан  бошқангиз ушбу аҳддан юз ўгирдингиз (Бақара сураси, 83-оят).

Абдуллоҳ ибн Салом розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий алайҳиссалом Мадинага келиб, илк хутбаларининг бирида: “Эй, инсонлар! Саломни орангизда ёйинглар, таом улашинглар, силаи раҳм қилинглар ва инсонлар ухлаётган вақтда кечаси бедор бўлиб намоз ўқинглар ана шунда жаннатга саломат кирасизлар”, дея марҳамат қилганлар” (Имом Бухорий ривояти).

Қариндошлик ришталарини мустаҳкамлашга ҳаракат қилиш инсонни ризқини кенг ва умрини узун бўлишига сабаб бўлади. Силаи раҳм қиладиган инсон бу дунёда кўп яхшиликларга эга бўлиш билан бирга охиратда улуғ ажру мукофотлар соҳибига айланади.

Шу билан бирга қариндошлик ришталарини узиш энг оғир гуноҳлардан ва ёмон феъллардан ҳисобланиб, тошбағирлик ва ҳиссиётсизлик деб баҳоланади. 

عَنْ عَبْدِ اللَّهِ بْنِ عَمْرٍو رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُما عَنْ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: "لَيْسَ الْوَاصِلُ بِالْمُكَافِئِ وَلَكِنْ الْوَاصِلُ الَّذِي إِذَا قَطَعَتْ رَحِمُهُ وَصَلَهَا"

(رواه البخاري)

 Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: Ҳақиқий силаи раҳм қилувчи киши қариндошлари тарафидан унга қилинган алоқага жавоб тариқасида (борди-келди) алоқа қилаётган одам эмас, балки улар тарафидан алоқа узилган пайтда уларга алоқани боғлаган одамдир (Имом Бухорий ривояти).

Демак, бир-биримизга қанчалик яхшилик ва раҳм-шафқат қилсак, Аллоҳнинг раҳмати бизларга шунчалар яқин бўлаверади.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ سَمِعْتُ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ "مَنْ سَرَّهُ أَنْ يُبْسَطَ لَهُ فِي رِزْقِهِ وَأَنْ يُنْسَأَ لَهُ فِي أَثَرِهِ فَلْيَصِلْ رَحِمَهُ"

(رواه البخاري)

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганларини эшитганман: Ким ризқи мўл-кўл қилинишини ва умри узайтирилишини истаса, силаи раҳм (қариндошлари билан алоқа) қилсин! (Имом Бухорий ривояти).

Демак, силаи раҳм қилишлик билан инсоннинг умри зиёда, моли кўп, ризқи кенг бўлади, ажали орқага сурилади, ўз аҳли ва қариндошларининг муҳаббатига сазовор бўлади.

Силаи раҳм деганда яқинлар билан яхши муносабатда бўлиш, уларнинг хурсандчиликлари билан қувониш, мусибатларига ҳамдард бўлиш, муҳтож бўлсалар уларга ёрдам бериш, уларни доимо зиёрат қилиб туриш, кўнгилларини олиш, дилларини оғритишдан сақланиш, улардан бирор ёмонлик етса ҳам кек сақламай кечириб юбориш, қалбида уларга нисбатан ҳасад ва адоват сақламасдан ўртада муҳаббат пайдо қилиш йўлида бор куч ва ғайратини сарф қилиш каби фазилатларни ўз ичига олади.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ تَعَالَى عَنْهُ أَنْ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: "مَنْ كَانَ يُؤْمِنُ بِاللهِ وَالْيَوْمِ الآخِرِ فَلْيَصِلْ رَحِمَهُ"

(رواه البخاري ومسلم)

Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам: Ким Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган бўлса, силаи раҳм қилсин, деганлар (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).

бугунги кунда тирикчилик, нафақайи рўзғор илинжида чет элларда йиллар давомида қолиб кетиб, ота-она ва фарзандларининг ҳолидан хабар олмай, ҳатто бутунлай алоқани узуб юборган юртдошларимиз ҳам йўқ эмас. фуқаҳоларимиз эр ўз турмуш ўртоғини тўрт ойдан ортиқ муддатга қаровсиз ташлаб кетиши мумкин эмаслигини айтганлар. Сийлаи раҳм энг аввало кишининг ўз оила аъзоларидан бошланади. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом умматларини силаи раҳмга чақириб, ўз яқинларидан алоқаларини узганларни охиратда оғир азоб-қийноқлар кутаётгани ҳақида огоҳлантирганлар.

عن أبي بكر رضي الله عنه أن رسول الله صلى الله عليه وسلم قال: « مَا مِنْ ذَنْبٍ أجْدَر أنْ يُعَجِّلَ اللهُ لِصَاحِبِهِ بِالْعُقُوبَةِ فِي الدُّنْيَا مَعَ مَا يُدَّخَرُ لَهُ فِي الآخِرَةِ مِنَ البَغْيِ وَقَطِيْعَةِ الرَّحْمِ»

رواه أبو داود والترمذي وابن ماجه

Абу Бакр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қариндошлик алоқасини узиш ва зулмдан кўра эгасига тез уқубат етказадиган ва қолгани охиратга сақлаб қўйиладиган гуноҳ йўқ”, деганлар” (Абу Довуд, Термизий ва ибн Можа ривоят қилган).

Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда бошқа бир ҳадисда эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Силаи раҳм қилмаган одам жаннатга кирмайди”, деганлар.

Хулоса қилиб айтганда, силаи раҳм мўминларга хос сифат бўлиб, ҳар бир мўмин-мусулмон бунга эътибор бериши муҳимдир. Хусусан, Аллоҳнинг раҳмат ва мағфирати жўшиб турган муборак Рамазон кунларида меҳр-оқибатларимизни бир-бирларимиздан дариғ тутмасак, бу ойнинг шукуҳига ҳамоханг амал қилган бўламиз. Ана шунда қариндошлар орасидаги силаи раҳмни мустаҳкамлаб, Аллоҳ ва унинг Расули севган бандалар қаторига қўшиламиз, иншааллоҳ.

Аллоҳ таоло барчаларимизни рушду ҳидоятидан адаштирмасин. Қариндошлар орасидаги силаи раҳмнинг мустаҳкам бўлишини насибу рўзи қилсин. Ўзининг розилигига олиб борадиган амалларда барчаларимизни бардавом қилсин! Юртимизнинг тинчлиги ва фаровонлигини зиёда айласин! Омин.

 

 


фитр  садақаси

Киши рўза тутар экан, гоҳида билиб билмай турли гаплар оғзидан чиқиб кетиши, баъзи ноқулай амалларни қилиб қўйиши мумкин. Ана шу ғашликларни ювиб юбориш учун фитр садақаси жорий бўлган.

Фитр садақаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги сўзлари ила собит бўлгандир: 

عَنْ عَبْدِ الله بْنِ ثَعْلَبَةَ عَن أبِيْهِ أنَّ رَسُولَ الله صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: "أَدُّوا عَنْ كُلِّ حُرٍّ وَعَبْدٍ صَغِيرٍ أَوْ كَبِيرٍ نِصْفَ صَاعٍ مِنْ بُرٍّ أَوْ صَاعًا مِنْ تَمْرٍ أَوْ صَاعًا مِنْ شَعِيرٍ" (أخْرَجَهُ الدَّارَقُطْنِي وَأحْمَد)

яъни: Абдуллоҳ ибн Саълаба отасидан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар: “Ҳар бир балоғатга етган-етмаган ҳур ва қулнинг тарафидан буғдойдан ярим соъ (2кг) ёки хурмо ва арпадан бир соъ фитр садақасини адо қилинглар” (Имом Дорақутний ва Имом Аҳмад ривояти).

Фитр садақасини фақирларга бериш ҳикматларидан бири, улар ҳам ҳайит кунини байрам кайфиятида, хурсандчилик билан, кўнгиллари тусаган баъзи таомларни тановул қилиб ўзказишлари учун кўмакдир.

Ҳанафий мазҳабимиз бўйича мусулмон киши ўзининг турар жойидан, кийимидан, уй жиҳозларидан, миниб турган уловидан, иш қуроллари ва дастгоҳларидан ташқари закот нисоби миқдорига етадиган мулкка эга бўлса, унга фитр садақаси вожиб бўлади.

Бошқаҳча қилиб айтганда фитр садақаси зарурий эҳтиёжтаридан ортиқча нисоб миқдоридаги мулкка эга бўлган мусулмонга вожибдир. Мазкур нисоб миқдоридаги мулкнинг кўпаювчи бўлиши ёки орадан бир йил ўтган бўлиши шарт эмас.

Фитр садақасининг вожиб бўлиш вақти ҳайит куни тонг отиш пайтидир. Шунинг учун, ҳайит кечаси туғилган чақалоқдан ҳам фитр садақа бериш вожиб бўлади. Ҳомила ва ҳайит кунидан олдин вафот этганлар учун фитр садақаси вожиб бўлмайди.

Фитр садақасини ҳайит кунидан аввал ёки кейин бериш жоиздир. Ҳайит намозига чиқмасдан аввал бериш мустаҳабдир. У буғдойдан ярим соъ яъни тақрибан 2 кг берилиши лозим. Ҳар йилги фитр садақасининг миқдори вилоят, шаҳар ва туманларимизнинг бозорларидаги 2 килограмм буғдой нархидан келиб чиққан ҳолда, белгиланади. (Масалан, 2018 йилда Тошкент шаҳар бозорларида  1 килограмм буғдойнинг нархи ўртача 2500 (икки ярим минг) сўм бўлса, демак 2 килограмм буғдой нархи 5000 (беш минг) сўм бўлади).

Закот ва фитр садақаси мискинниннг ҳаққи бўлиб, уларга мулк қилиб берилиши керак. Агар буларни масжид ёки болалар уйининг таъмирлаш ишларига ишлатиладиган бўлса, закот ва фитр садақаси адо бўлмайди. У жойдаги мутасаддилар тушган закот ва фитр садақасини фақир, мискинларга, етим болаларнинг эҳтиёжларига сарф қилсалар жоиз бўлади. Фитр садақасини закот берса бўладиган кишиларга берилади.

Видеолавҳалар

Top