muslim.uz

muslim.uz

Пятница, 17 Июнь 2016 00:00

Аёллар рўзасига оид фатволар

  1. Савол: Аёл киши ҳайз кунларида рўза тутса бўладими?

Жавоб: Аёллар ҳайз ва нифос чоғида рўза тутишлари жоиз эмас. Поклангандан кейин қазоси тутиб берилади. Ойша (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинади: «Бизга ўша ҳолат етганда рўзанинг қазосини тутишга буюрилар эдик, намознинг қазосини ўқишга эса буюрилмас эдик».

Ушбу ҳадисга кўра ҳайз ва нифос кўрган аёллар рўзанинг қазосини тутадилар, лекин намознинг қазосини ўқимайдилар.

 

  1. Савол: Аёл киши рўза тутаётганда ҳайз қони келиб қолса нима қилади?

Жавоб: Аёл киши рўза тутаётганда ҳайз қони келиб қолса ўз-ўзидан рўзаси очилади ва зиммасига қазосини тутиб бериш лозим бўлади.

                                                                                                      

  1. Савол: Рўзани тўлиқ тутиш мақсадида дори истеъмол қилиб, ҳайз қонини кечиктирса бўладими?

Жавоб: Одатий қон келмагунча аёл киши пок саналади ва рўза тутиш жоиз бўлади. Қонни тўхтатиб туриш борасида шаръий қайтариқ йўқ. Бу иш аёл кишининг соғлигига зарар қилмаса жоиз, зарар қилса жоиз эмас.

 

 

  1. Савол: Рўзаси туфайли эмизикли аёлнинг сути камайса ёки тўхтаб қолса, рўзани тутмаса бўладими?

Жавоб: Агар бола сут ўрнини босадиган нарсаларни истеъмол қилаверса ёки бошқа аёлнинг сутини эмаверса, онага рўзани тўхтатиш жоиз эмас. Бундай шароит топилмаса, рўза тутишни кейинроққа қолдирса бўлади.

Ҳомиладор ёки эмизикли аёллар рўза туфайли ўз соғликлари ёки болаларининг соғлигига хавф сезсалар, рўза тутмайдилар, қазосини тутадилар. Уларга каффорат вожиб бўлмайди.

 

 

  1. Савол: Аёл киши қолдирган рўзаларини кетма-кет тутиши шартми?

Жавоб: Узри сабабли қолдирилган рўзанинг қазоси фарз бўлиб, уни имкон қадар тезроқ тутиб бериш лозим. Лекин кетма-кет бўлиши шарт эмас. Фуқаҳоларнинг кўпчилиги қазо рўзани орада қолдирмасдан, кетма-кет тутишнинг мустаҳаб эканига иттифоқ қилишган. Лекин бу нарса шарт қилинмаган.

 

Видеолавҳалар

Top