muslim.uz

muslim.uz

Арабистон матбуотида ўтган асрларда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) масжидларида ишлатилган электр лампа сурати қўйилди. Лампадаги ёзувга кўра ярим оролга электр ўтказилган йили, яъни 112 йил аввал ушбу лампа Масжидул Ҳаромга қўйилган.

Демак, биринчи бўлиб электр лампалари Масжидул Ҳаромда ҳижрий 1326 йилдан бери ишлатилар экан. Унга қадар масжидларда мой лампалар ишлатилган.

1970–1975 йилларда масжид ҳудудида кенгайтириш ишлари олиб борилган. Шу даврда махсус электростанция қурилган.  Ўша пайтда Масжидул Ҳаром ҳудудига 2,5 минг дона электр лампа ўрнатилган.  

Халқаро алоқалар бўлими  

Пятница, 17 Июнь 2016 00:00

Ислом маркази

Швейцариянинг Фрибур шаҳрида “Ислом ва жамият” номли ислом маркази ташкил этилди. Ушбу марказ Фрибург университетининг диншунослик факультетига қарашлидир.

Унда Ислом дини билан боғлиқ дарс, баҳс, мунозара ва анжуманлар ўтказилиши режалаштирилмоқда. Университет ректори Астрид Эпини.

 “Марказ барчани бирлашиш, фикр алмашишга чақириш ва имомлар малакасини ошириш учун айни муддао бўлганини таъкидлади.

 

                                                      Халқаро алоқалар бўлими  

Пятница, 17 Июнь 2016 00:00

Тақво қилиб яшаш яхши фазилат

Исломда олижаноб ахлоқнинг энг муҳим тушунчалари таърифланиб, инсониятни уларга амал қилиш сари ундалади. Булар: эҳсон, кечиримли бўлиш, сабр-тоқат, ростгўйлик, ширинсўзлик, ота-онани, ўзидан катта ёшдагиларни ҳурмат қилиш, ор-номус, садоқат ва бошқалардир. Мусулмонлар бир-бирларини яхшилик ва олижаноб ахлоққа чақиришлари, ножўя ишлардан қайтаришлари Аллоҳ тарафидан фарз қилинган. Ислом ахлоқининг асосида ҳалоллик ва тақво ётади. Кимки жисмоний ва маънавий пок бўлса, ундай кимса ахлоқсизлик йўлига кирмайди.

 “Тақво” сўзи араб тилида “сақланмоқ”, “эҳтиёт бўлмоқ” маъноларини англатади. У “виқоя” сўзидан олинган бўлиб, озор ва зарар берадиган нарсадан тўсишни англатади. Аллоҳдан тақво қилиш деганда, инсон Аллоҳнинг жазосидан қўрққан нарсасида гуноҳдан сақланиши, эҳтиёт бўлиши тушунилади. Али ибн Абу Толиб (розияллоҳу анҳу): “Тақво – Аллоҳдан қўрқиш, Қуръон кўрсатмасида яшаш, озига рози бўлиш ва охиратига тайёргарлик кўриш”[1], – деган экан.

Тақво бу Аллоҳга итоатда бўлиб, осий бўлмаслик, доим Унинг зикрида бўлиб, унутмаслик ва Унга шукр қилиб, ношукрлик қилмасликдир. Амалларини ҳар бир вақтда махфий ва очиқчасига бажариш, чақириғига “лаббай” деб жавоб бериш билан тақво қилинади. Зеро, Аллоҳ таоло бундай дейди: “Эй имон келтирганлар! Аллоҳга ҳақиқий тақво ила тақво қилинг. Ва фақат мусулмон ҳолингиздагина бу дунёдан ўтинг[2]. Яъни, ҳар доим мусулмон ҳолида имон билан, тақводор бўлиб, умр ўтказиш лозим экан. Абу Зарр (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “...Ишингни махфий ва очиқчасига қилишингда Аллоҳдан тақво қилгин”, – дедилар”[3].

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Бир-бирингизга ҳасад қилмангиз, сунъий равишда молнинг нархини оширмангиз, ўзаро нафрат-адоватда бўлмангиз, бир-бирларингизга терс ўгирилиб кетмангиз. Ҳеч бирингиз бошқа бировнинг савдоси устидан савдо қилмангиз. Эй Аллоҳнинг қуллари, ўзаро биродар бўлингиз. Мусулмон-мусулмоннинг биродаридир: У биродарига зулм қилмайди, уни алдамайди ва пастга урмайди. Тақво мана бу ерда! – Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шундай деб уч марта кўкракларига ишора қилдилар. – Кишининг ёмонлигига унинг мусулмон биродарини пастга уриши кифоядир. Мусулмоннинг қони, моли ва обрў-номуси бошқа бир мусулмон учун ҳаромдир”, – дедилар”[4].

Инсонлар фақат тақво билан бир-бирларидан ортиқдирлар. Инсон Парвардигори наздида шахси ёки мол-давлати, ҳусн-чирой, насл-насаб, шакл-шамойил, ёки териларининг ранги билан эмас, фақат тақвоси ва тоат-ибодати билангина ҳурматли бўлади. “Албатта, сизларнинг Аллоҳ наздидаги энг ҳурматлиларингиз  тақводорроғингиздир. Албатта, Аллоҳ Билгувчи ва Огоҳдир”[5].

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан сўрадилар:

Энг мукаррам инсон ким?

– Аллоҳ таолодан энг кўп тақво қиладиган банда! – деб жавоб бердилар.

Банданинг қай даражада тақводорлиги ҳам ёлғиз Аллоҳга аён. Аллоҳнинг кузатувчанлигини ҳис қилиш зоҳирий амаллар таъсирида эмас, қалбдаги Аллоҳдан қўрқув ҳисси билан ҳосил бўлади. Аллоҳ таоло инсоннинг қалбига назар солади, яъни, бандасига қалбидаги яхшилик ёки ёмонликка яраша жазо-мукофот беради. Қанча-қанча бадавлат, бообрў, келишган одамлар борки, қалблари ҳувиллаб ётибди. Ҳеч нарсаси йўқ, хокисор инсонлар борки, қалблари тақвога тўла. Шунинг учун ҳам бировни камситиш улкан гуноҳ саналади.

Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) марҳамат қиладилар: “...Одамларни жаннатга энг кўп киритадиган нарса нима? Аллоҳдан тақво қилиш ва ҳусни хулқликдир”[6].

Тақвонинг самаралари сифатида қуйидагиларни кўрсатиш мумкин:

Аллоҳ таоло тақводор банда билан бирга бўлади.

Албатта, Аллоҳ тақво қилганлар ва гўзал ишлар қилганлар биландир[7].  Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ва Абу Бакр (розияллоҳу анҳу) Мадинага ҳижрат қилаётганларида Жабали Сур ғорига бекинишганларида мушриклар уларни қидириб шу ғор ёнигача келишди. Лекин ғорнинг оғзига қарагани эринишди. Шунда Абу Бакр (розияллоҳу анҳу) йиғлади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Нимага йиғлаяпсиз”, деганларида, Абу Бакр: “Агар оёқларини остига қарашганларида бизни кўрардилар-а!?” деди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Эй, Абу Бакр! Учинчи шериги Аллоҳ бўлган икки киши ҳақида нима дейсиз!” дедилар. Яъни, учинчи шеригимиз Аллоҳ бўлса, агар улар қарашганда ҳам кўришмасди. Чунки ўртада тақво бор эди.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Икки одам Аллоҳ йўлида шерик бўлиб бирор иш қилса, бир-бирига хиёнат қилмаса, Аллоҳдан тақво қилишса, учинчи шериги Аллоҳ бўлади. Агар бири иккинчисига хиёнат қилишни бошласа, учинчи шериги бўлган Аллоҳ чиқиб кетади”, – дедилар.

Аллоҳ тақводорларни яхши кўради.

Йўқ! Балки ким аҳдига вафо қилса ва тақводор бўлса. Бас, Аллоҳ тақводорларни хуш кўради[8]. Агар Аллоҳ бандасини яхши кўрса, ҳеч нарсага зориқтириб қўймайди. Аллоҳнинг бандасига бўлган меҳричалик бошқа меҳр берувчи йўқ. Аллоҳ яхши кўрганини хор қилиб қўймайди. Бунга биздан тақволи бўлишимиз кифоя экан.

Аллоҳ – тақводорларнинг дўсти.  

... Аллоҳ мўминларнинг валийсидир[9]. Дўстингиз Аллоҳ бўлса, қандай яхши бўлади. Нима сўрасангиз, беради. Нима қилсангиз, бирга бўлади.

Аллоҳ тақводорларнинг ишларини енгил қилиб қўяди.

... Ким Аллоҳга тақво қилса, У Зот унинг ишида осонлик қилиб беради[10].

Аллоҳ тақводорларнинг гуноҳларини кечиради ва савоб ишларинининг ажрини зиёда қилади.

Ким Аллоҳга тақво қилса, унинг гуноҳларини кечирур ва ажрини кўпайтириб берур[11]. Гуноҳларни кечирар деб ташлаб қўйиш бўлмайди, албатта, тақво бўлиши керак экан. Агар мўмин киши катта гуноҳларни қилишдан тақво қилса, Аллоҳ таоло кичик гуноҳларни кечирар экан.

Аллоҳ таоло тақводор бандани ғам-қайғу ва қўрқувдан саломат сақлайди.

“Эй Одам болалари, агар сизларга ўзингиздан бўлган Пайғамбарлар келиб, оятларимни сўзлаганда, бас, ким тақво қилса ва яхши амал қилса, уларга хавф йўқдир ва улар хафа ҳам бўлмаслар”[12]. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ҳадисларида келади: “Ким барча ғамини Аллоҳни рози қилиш ғамига алмаштириб олса, қолган ғамларининг ҳаммасини Аллоҳ Ўзининг зиммасига олишини ваъда берган”.

Тақводорларнинг солиҳ амалларини қабул қилади.

Уларга Одамнинг икки ўғли хабарини ҳақ ила тиловат қилиб бер. Икковлари қурбонлик қилганларида, бирларидан қабул қилинди, бошқасидан қабул қилинмади. У: “Албатта, мен сени ўлдиражакман”, деди. Бириси: “Албатта, Аллоҳ тақводорлардангина қабул қиладир[13]. Қобил ва Ҳобил садақа қилишди, Аллоҳ Ҳобилнинг садақасини қабул қилди, Қобилникини қабул қилмади. Чунки Ҳобил Аллоҳдан тақво қилиб энг яхши кўрган молини садақа қилган эди.

Тақводорларга барака ёғилади ва ризқи кенг бўлади.

Агар қишлоқлар аҳллари имон келтирганларида ва тақво қилганларида эди, Биз, албатта, уларга осмону ердан баракотларни очиб қўяр эдик. Лекин улар ёлғонга чиқардилар, бас, уларни қилган касблари туфайли тутдик[14]. Инсон учун осмон ва заминдан баракот эшиклари очилиши учун биргина шарт кифоя, яъни, у имонли ва тақволи бўлиши лозим экан. Ана ўшанда инсонга осмону заминдан баракотлар эшиги очиб қўйилади. Чунки имон инсонни баракотли ҳаёт йўлига бошлайди. Тақво эса,  инсонни фаровон ҳаёт йўлига солади. Имон билан тақво бир-бирига чамбарчас боғлиқ бўлганидек, баракот ҳам уларга боғлиқдир. Бу ҳақиқатга каттаю кичик ҳар бир соҳада гувоҳ бўлиши мумкин. “...Ким Аллоҳга тақво қилса, У Зот унинг йўлини очиб қўюр. Ва унга ўзи ўйламаган тарафдан ризқ берур...[15]

Аллоҳ тақводор бандани душманларининг макр-ҳийлаларидан сақлайди.

Сизга яхшилик етса, уларга ёмон бўлар. Сизларга мусибат етса, улар хурсанд бўларлар. Агар сабр ва тақво қилсангиз, уларнинг макри сизга ҳеч зарар қилмас. Албатта, Аллоҳ қилаётган ишларини иҳота қилгувчидир[16]. Оғир кунларда “ҳамма нарса Аллоҳдан” деб сабр билан тақво қилинса, ҳеч бир душманнинг макри зиён етказмас экан.

Аллоҳ тақводорларга илм беради, яъни ўргатади.

Аллоҳга тақво қилинг. Ва Аллоҳ сизга илм беради. Аллоҳ ҳар бир нарсани билувчи Зотдир[17]. Тақво қилсак, Аллоҳ бизга ҳамма йўлни ўргатар экан.

Жаҳаннамдан нажотга чиқаради.

Сиздан унга яқинлашувчи бўлмаган ҳеч ким йўқ. Бу Раббинг ҳузуридаги кескин ҳукмдир. Сўнгра тақво қилганларга нажот берамиз ва золимларни унда тиз чўккан ҳолларида қолдирамиз[18]. Мўминлар жаҳаннамга, хусусан, сиротдан ўтаётганларида яқинлашадилар, бироқ, тушмай ўтиб кетадилар. Кофирлар эса, яқинлашиб, жаҳаннам атрофида тиз чўкиб ўтирадилар ва гуноҳларига мос равишда кетма-кет дўзахга ташланадилар.

Жаннат берилади.

Албатта, тақводорларга ютуқ бордир: боғ-роғлар, узумзорлар бордир. Ва янги бўйи етган бир хил ёшдаги қизлар бордир. Ва тўлдирилган қадаҳлар бордир. У ерда бекорчи гапларни ҳам, ёлғон гапларни ҳам эшитмаслар. Раббингдан мукофот, совға ҳисобидандир[19].

Ўша охират диёрини Биз ер юзида такаббурлик ва бузғунчиликни истамайдиганлар учун қилурмиз. Оқибат тақводорларникидир[20]. Охират диёри ер юзида такаббурлик ва бузғунчилик қилмаганлар, уларни ер юзида бўлишини истамайдиганларга берилар экан. Тақводор бўлган кишининг оқибати яхши бўлар экан.

Одамларни қийнайдиган бир мавзу бор, яъни, ортида қолаётган фарзандларининг келажаги ҳақида. Бунинг ҳам давоси тақво қилиб яшаш экан. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Фарзандларининг келажагини ўйлаган ота бўлса, тақво қилсин!”, – дедилар. Хизр ва Мусо (алайҳиссалом) ўртасидаги сафарларини эсласак, Аллоҳ таоло бундай дейди: “Бас, юриб кетдилар. То бир шаҳар аҳолисига келганларида, унинг аҳлидан таом сўрадилар. Улар икковларини зиёфат қилишдан бош тортдилар. Икковлари у ерда йиқилиб кетай деб турган бир деворни кўришди. Бас, уни турғизиб қўйди. У (Мусо): “Агар хоҳласанг, бунинг учун ҳақ олар эдинг”, деди[21] яъни, уларга таом бериб меҳмон қилишни хоҳламаган қавмнинг йиқилишга яқин бўлган бир деворини тикка қилиб қўйишади. Сабри етмаган Мусо (алайҳиссалом) бу тиккалаб қўйган деворнинг ҳақини талаб қилайлик, деди. Хизрнинг тили билан Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилди: “Деворга келсак, у шаҳардаги икки етим боланики бўлиб, унинг остида икковларининг хазинаси бор эди. Уларнинг оталари солиҳ одам эди. Бас, Раббинг икковларининг вояга етишини ва хазиналарини чиқариб олишини ирода қилди. Бу Аллоҳнинг раҳмати ила бўлди...”[22].  Ота-онаси яхши, тақводор одам бўлганлари учун Аллоҳ таоло буюрди, деворни тикка қилиб қўйишди. Бу дунёдан ўтиб кетишини билиб турган ота-она фарзандларининг келажагини ғам қиладиган бўлса, фақат тақво қилса, улардан кейин нима бўлишига ташвиш қилишмаса ҳам бўлар экан.

Хулоса қиладиган бўлсак, яхши умр кечиришни, ризқимиз сероб, кўнглимиз хотиржам ва охиратимиз обод бўлишини истасак, Аллоҳдан тақво қилиб яшашимиз зарур экан.

 

Манбашунослик бўлими мутахассиси Қ. Маҳмудов

 

[1] Муҳаммад Салобий. Сийрати амири-л-муъминийн. Али ибн Абу Толиб (розияллоҳу анҳу). 2005 – Б.396.

[2] Оли Имрон сураси, 102-оят мазмуни.

[3] Муснад Аҳмад ибн Ҳанбал. Аҳмад ибн Ҳанбал. – Ж.5. Оламу-л-кутуб.  Байрут, 1998. – Б. 181.

[4] Муслим ибн Ҳажжож. Саҳиҳи Муслим. – Ж.8. – Байрут. Дору-л-офоқи-л-жадида. – Б.10.

[5] Ҳужурот сураси, 13-оят мазмуни.

[6] Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил. Ал-адабу-л-муфрад. Байрут. Дору-л-башоири-л-исломия, 1989. – Б.108.

[7] Наҳл сураси, 128-оят мазмуни.

[8] Оли Имрон сураси, 76-оят мазмуни.

[9] Оли Имрон сураси, 68-оят мазмуни.

[10] Талоқ сураси, 4-оят мазмуни.

[11] Талоқ сураси, 5-оят мазмуни.

[12] Аъроф сураси, 35-оят мазмуни.

[13] Моида сураси, 27-оят мазмуни.

[14] Аъроф сураси, 96-оят мазмуни.

[15] Талоқ сураси, 2–3-оятлар мазмуни.

[16] Оли Имрон сураси, 120-оят мазмуни.

[17] Бақара сураси, 282-оят мазмуни.

[18] Марям сураси, 71–72-оятлар мазмуни.

[19] Наба сураси, 31–35-оятлар мазмуни.

[20] Қасос сураси, 83-оят мазмуни.

[21] Каҳф сураси, 77-оят мазмуни.

[22] Каҳф сураси, 82-оят мазмуни.

«Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги Қонуннинг 1998 йилдаги янги таҳрирининг 5-моддасида: «Давлат диний конфессиялар ўртасидаги тинчлик ва тотувликни қўллаб-қувватлайди. Бир диний конфессиядаги диндорларни бошқасига киритишга қаратилган хатти-ҳаракат (прозелетизм), шунингдек, бошқа ҳар қандай миссионерлик ҳаракати ман этилади», дейилган. Демак, диний конфессиялар ўртасида турли хил нохушликларни келтириб чиқармаслик, бир дин вакили томонидан бошқа динларни камситилишини олдини олиш мақсадида ҳукуматимиз томонидан миссионерлик фаолияти билан шуғулланиш тақиқлаб қўйилган. Ҳозирда республикамизда фаолият кўрсатаётган турли хил ташкилотлар ниқоби остида иш олиб бораётган миссионерларнинг мақсади нима? Сиртдан қўй оғзидан чўп олмайдиган бўлиб кўринган бу миссионерлар аслида кўпни кўрган ишбилармон, илонни ёғини ялаган уддабуронлардир. Улар, аввало, вазиятни, кишиларни, амалдорларни, уларга чиқиш йўлларини яхшилаб  ўрганадилар. Кейин эса аста-секин инсоний ёрдам, тиббий хизмат, хайру эхсонга ўхшаш нарсалардан гап очадилар. Кўлидан иш келадиганларга совғалар улашадилар. Аста-секин у ер-бу ердан одамларни тўплаш бошланади, оддий суҳбат, чой ичиш, видеофильм кўриш, кичкинагина совға ва совғага қўшиб суҳбатдошнинг она тилидаги миссионерликни тарғиб қилувчи китоб беришади. Қарабсизки, етти пушти мусулмон бўлиб келган бир шахс миссионерларнинг қурбонига айланади.

Бир пайт қарайсизки, ўзимиздан чиққан ўлжалар ўзимизни бузишга жон-жаҳди билан уринади. Миссионерлар эса бундай хатти-ҳаракатлардан жуда ҳам хурсандлар.

Уларнинг асл мақсади динга киритиш эмас, балки мусулмонларни диндан чиқаришдир. Миссионерлик фаолияти билан шуғулланаётган кишилар умуман тарафдорларининг ахлоқини яхшилаш билан шуғулланмайдилар. Аксинча, улар хулқни бузадиган ишларни ёйишади. Турли хил ўйинлар, «дискотекалар» ташкил қилишади, ресторанлар очиб, тунги кўнгилхушликлар уюштиришади.

Таассуфки, ҳозирги кунда диёримиздаги айрим ҳудудларда мусулмон фарзандларимизни бошқа динларга оғдириш, яъни миссионерлик ҳаракатлари учраб турибди. Соф ақида нима эканидан бехабар, хақ билан ноҳақликни англаб етмаган баъзи одамлар ўз динларидан кечиб кетишлари жуда ачинарлидир. Бу эса жамиятнинг бошланғич бўғини ҳисобланмиш оилада ҳар хил низолар келиб чиқишига сабаб бўлмокда. Уларнинг ўз эътиқодларидан юз ўгиришларининг биринчи сабаби ислом ақидасини яхши билмасликлари бўлса, иккинчиси миссионерлар томонидан турли хил кўринишдаги моддий рағбатлантиришлардир. Маълумотларга қараганда, ҳозирги кунда Осиё давлатларининг бир нечтаси ва Африка қитъасининг аксар давлатларида миссионерлик ҳаракатлари кенг авж олган.

Сўзимнинг интиҳосида шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, юқорида айтганимиздек, миссионерларнинг «ғамхўрлиги»га алданиб, уларнинг тузоғига илинган кимсалар аслида исломий ҳаётдан анча йироқ, унинг ҳаётбахш таълимотидан бехабар кишилардир. Акс ҳолда, улар минг йиллар давомида ота-боболари асраб-авайлаб келган муқаддас динини арзимас нарсага, дунё матосига сотмаган, бундай нодонлик ва жаҳолатга йўл қўймаган бўлар эдилар.

Жаҳонгир ҲОТАМОВ,

Самарқанд шаҳар “Хўжа Абдумўмин

жоме масжиди имом-хатиби

Пятница, 17 Июнь 2016 00:00

Кўз рўзаси

Бизларга кўз неъматини берган Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар бўлсин. Кўзни ҳаромдан сақлашни таълим берган зот Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га салавот ва саломлар бўлсин.

Баъзилар кўзнинг ҳам рўзаси бўладими, деб ажабланадилар. Ҳа азизлар, кўзнинг ҳам ўзига хос ва мос рўзаси бор. Кўзни ҳаромдан тийиш, фаҳшдан юмиш, қайтарилган нарсалардан сақлаш, унинг рўзасидир. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

(Эй, Муҳаммад!) Мўминларга айтинг, кўзларини (номаҳрам аёллардан) қуйи тутсинлар ва авратларини (зинодан) сақласинлар! Мана шу улар учун энг тоза (йўл)дир. Албатта, Аллоҳ улар қилаётган (сир) синоатларидан хабардордир” (Нур, 30).

Муфассирлар ушбу оятни: “Эй Муҳаммад мўминларга айтингки, авратларини зинодан сақлаб, қараш ҳалол бўлмаган жойлардан кўз юмсинлар, унга назар солишни ёмон кўрсинлар. Мана шу комил имон далилидир”, деб тафсир қилганлар.  

Эркак маҳрамларининг боши, бўйин ва бўйин атрофи, болдири ва тўпиқларига қараш билан гуноҳкор бўлмайди. Бегона аёлнинг эса, юзи, кафти ва оёқларига кўзнинг ногоҳ тушишининг зарари йўқ.

Эркак кишининг бошқа эркак кишига нисбатан аврати киндик остидан тиззасининг тагигача бўлган қисмидир. Бу аврат қисмини эркакка ҳам аёлга ҳам кўрсатиши ҳалол эмас. Бу ҳақида Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Эркак бошқа эркакнинг авратига, аёл бошқа аёлнинг авратига қарамайди. Шунингдек, икки эркак яланғоч ҳолда, икки аёл яланғоч ҳолда бир тўшакка ўраниши мумкин эмас”, дедилар (Имом Муслим ривояти).

Қуръони каримда марҳамат қилинади:

“Мўминаларга ҳам айтинг, кўзларини (номаҳрам эркаклардан) қуйи тутсинлар ва авратларини (зинодан) сақласинлар!..” (Нур, 31).

Ушбу оят тафсирида: “Эркак бегона аёлга қараши мумкин бўлмаганидек, аёллар ҳам номаҳрам одамга қараши ҳалол эмас”, дейилган. Аёл киши маҳрамларининг ҳам, бегона эркакларнинг ҳам киндиги остидан тиззасининг тагигача бўлган аъзоларига қараши ҳаромдир. Аёл эркак кишини кўриб шаҳватланса, ундан кўзини юмиши фарздир. Аёл киши аъзоларининг маҳрамига кўрсатиши мумкин бўлган, яъни боши, бўйин ва бўйин атрофи ҳамда тиззасидан пастки қисмига бошқа аёлнинг кўзи тушишининг зарари йўқ. Шундан бошқа аъзоларини бошқа аёл кишига кўрсатиши мумкин эмас. Чунки бу ишдан Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қайтарганлар.

Кўз қалб буйруғини бажарувчи ижрочи ва руҳнинг эшигидир. Кўздан қалбга хайриятлар ва яхшиликлар кириши мумкин. Шунингдек, уни азобланишига сабаб бўлувчи нарсалар ҳам кириши мумкин. Инсон кўзини ҳаромдан тиймаса, ибодати кетади, таот-ҳаловати йўқолади, имон ва ишонч таъмини билмайди, қаттиқ гуноҳкор бўлади, кўзининг нури кетади ва зеҳни ўлади. Ким кўзини фаҳш ва ёмон нарсалардан юмса, Аллоҳ таоло унга имон ҳаловатини беради, инсон уни кўксида ҳис этади.

  Кўзини ҳаромдан юмган мўмин қудрати буюк зот Аллоҳ таолога тоат, У зотнинг бандага берган бир неъматига эришиш, дунё ва охиратда азизлик, қалб саломатлиги, роҳати, хотиржамлиги ва фараҳи каби фойдаларига эришади. Шу билан бир қаторда банда фитна, бало ва хатолардан омонда бўлади. Аллоҳ таоло илм-маърифат ва тавфиқ бериб, тўғри йўлни кўрсатиши инсонга берилган буюк неъматдир.

Рўзада инсон оч бўлади. Очлик кўзни бўйсундиришнинг асосий омили бўлиб, уни хатодан сақлайди ва назар шаҳватини заифлаштиради. Шу билан бир қаторда кўз нурини зиёда қилади. Баъзилар таом ва ичимликдан тийилиш билан рўза тутади-ю, кўзи билан рўза тутмайди, яъни ҳаром жойлардан кўзни юммайдилар. Бу рўзанинг ҳақиқатини ва асл моҳиятини билмайдиган одамнинг рўзасидир.

Таом ва ичимликдан тийилганимиздек, ҳаром жойлардан кўзларимизни юмиш билан ҳам рўза тутайлик. Шоят қалбларимиз саломат бўлиб, руҳларимиз роҳатланиб “Аллоҳ буюкдир” деб нидо қилса. Аллоҳ таолонинг раҳмати, баракаси ва розилигини умид қилиб, кўз рўзасини тутишлик барчамизга насиб қилсин. 

 

Баҳриддин ПАРПИЕВ

Видеолавҳалар

Top