muslim.uz

muslim.uz

Понедельник, 28 Август 2017 00:00

Кўп неъматдан бенасиб қолманг!

Табиатимиз қизиқ: олдинлари ёшлар кўп гапирса ёқтирмас эдик, энди эса уларнинг гапирмаслигидан ранжиймиз. Бугун эрталаб ишга келаётиб айрим ёшларимизга, тўғриси ачиндим ҳам.

Автоуловда келаётиб бир йигитчанинг телефон ўйнаётганига кўзим тушиб қолди. ўйини ҳам қанақа ўйин денг: аллақандай ноаниқ шакллар орасида илонга ўхшаган нарса судралиб юрибди. Унда на бир манзара бор, на ақлни чархлайдиган машғулот – фақат вақтни ўлдиришга мўлжалланган қуп-қуруқ ўйин.

Унга нима учун раҳмим келди, биласизми?

Қуйлиқдан Чорсуга қараб келаётиб, аввало, чароғон қуёш шаҳримизни ёритиб, унга қанчалик чирой бахш этганини ҳис қилмади.

Шимолий вокзал ёнидаги кўприкнинг бир вақтлар кесиб ташланган қисми қайта уланиши ниҳоясига етай деб қолибди. Чорраҳага светофорлар ўрнатилибди. Шуни ҳам кўрмай ўтиб кетди.

Ҳа, дарвоқе, ўша чорраҳада бир “москвич”, бир “матиз”нинг орқасидан туртиб олган экан, шунга бошини бир кўтариб бепарвогина қараб қўйди.

Йўлда давом этдик, атрофдаги ям-яшил дарахтлар, турфа ранг гулларни томоша қилиш жуда ҳам мароқли, кўнгилга ёқади, кўзни ҳам равшан қилади. У бундан ҳам бенасиб қолди. 

Йўлнинг ўнг тарафида, “Локомотив” боғи атрофида қандайдир қурилиши бўладими, ўшанга жой тахланаётганга ўхшайди. Одамлар жавлон уриб ишлаб ётган майдонга ақалли бир бора назар ташлаб ҳам қўймади.

У биринчи қаторда ўтириб келаётган эди. Ёнидаги йўловчи “корзинка”кага тушмоқчи бўлганди у телефондан кўз узмасдан машинадан тушиб турди ва ундан кўз узмаган ҳолда жойига қайтиб чиқиб ўтирди. “Корзинка”нинг олдидаги машиналар турадиган жойни ўраш учун қизил ғиштлар келтириб қўйилибди. ўша ғишт уюмларнинг бирининг ёнига тушиб чиқди. Лекин ғиштларни кўргани йўқ.

Яна у ёнидаги одамлар билан гаплашгани ҳам йўқ. Бошқалар ҳам ундан беҳроқ: кимдир унга ўхшаб телефон ўйнаш билан овора, кимдир қулоғига наушник (эшитиш воситасими, қулоқчинми, билмадим, бу сўз ўзбекчага қандай таржима бўлади) тиқиб олиб қўшиқ эшитиб келяпти, кимдир бошқа биров билан телефонида гаплашяпти ёки ҳиринглашяпти...

Илгари одамлар машинада, автобусда бир-бири билан гаплашарди, танишиб оларди, дўстлашарди, янгиликлардан хабар топарди. Яна автоулов ойнасидан атрофни томоша қилиб хаёл суриб кетиш қандай ёқимли иш. Шундай вақтда одамнинг миясига ажойиб ғоялар келади ҳамда теварак-атрофда нималар бўлаётгани, ҳамшаҳарларимиз қандай янгиликларга қўл ураётганини ўз кўзлари билан кўради.

Шу палакат телефон одамларни ана шундай неъматлардан мосуво қилаётир.Қўл телефонлари қанчалик такомиллашса, одамларни шунчалик бегоналаштириб бораверади. Бу ҳам етмагандек, уларни беҳафсала, лоқайд кимсаларга ҳам айлантирмоқда.

Модомики, лоқайдлик иллати ёшлар орасида илдиз отса, буни миллатнинг фожиаси деб бемалол айтаверинг.

Демак, ёшларни телефонга қарам бўлиб қолишдан сақлашимиз лозим экан.

Хўп, телефондаги турли-туман ўйинларга, виртуал оламга қарамликнинг салбий оқибатини уларга қандай тушунтирамиз?

Бунинг энг ибтидоий усули уларга “телефондаги қуйруқдан олдидаги ўпка” яхши эканини исботлаб беришдир.

Қачонки, шу ишни уддалай олсак, ҳаммаси яхши бўлади, Сиз нима дейсиз, муҳтарам ватандош!

Дамин ЖУМАҚУЛ

 

Понедельник, 28 Август 2017 00:00

Мукофоти улуғ – эзгу ва хайрли иш

Истиқлол йилларида улкан ютуқларга эришилди. Раббимиз равнақимизни бардавом қилсин. Бу ютуқларнинг икки асосий сабаби бор. Биринчиси, Аллоҳ таолонинг мамлакатимиз фуқароларига бераётган инъоми бўлса, иккинчиси: юртимизда олиб борилаётган одилона ва оқилона сиёсатнинг самарасидир.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси ила юртимиздан етишиб чиққан олимлар, алломалар, фан арбоблари, рассомлар ва бошқа маърифатпарварларнинг меросини ўрганиш, улар қўним топган қадамжоларни ободонлаштириш, халқимизга улар ҳақида тўлароқ маълумот бериш ишлари амалга оширилди. Жумладан, азим пойтахтимиз Тошкент шаҳрида “Сузук ота” жоме масжиди ва зиёратгоҳ мажмуасининг қурилиши халқимизга муносиб туҳфадир.

Бугун Шайхонтоҳур туманидаги “Сузук ота” жоме масжидининг биринчи ғишти қўйилди. Бу истиқололимизнинг 26 йиллик байрами арафасида халқимизга ажойиб туҳфа бўлди.

Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг “Бақара” сурасида: “Яхшиликда мусобақалашинглар...” деб марҳамат қилган.

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ҳадисларининг бирида: “Инсонларнинг яхшиси атрофидагиларга кўп манфаати, ёрдами тегиб турганидир” деб умматларини доимо манфаатли, савобли ишларни қилиб ўзгаларга ибрат ва намуна бўлишга тарғиб қилганлар.

Хулоса ўрнида айтиш жоизки, Юртимиздаги тинчлик ва хотиржамлик улуғ неъматлардан ҳисобланади. Ана шундай бебаҳо неъматларнинг давомли бўлиши учун уларнинг шукрини қилишимиз, ҳаққини адо этишимиз талаб этилади.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Агар бандалар берилган неъматларни қадрига етсалар, шукрини қилсалар неъматларимни зиёда қилиб бераман. Агар берилган неъматларни қадрига етмаса, шукрини қилмасалар ундай кишиларни аламлик азоблар тутади” деб, ҳар бир кишини, ким, қайси соҳада ишлашидан қатъи назар Ватан хизматига камарбаста бўлиш унинг учун шарафли ва масъулиятли бурч эканининг хабарини берган.

Ана шундай эзгу ғоялар ва тавсияларга амал қилиб ҳаёт кечираётган кишиларимизнинг дунё ва охиратдаги мартабаси баланд бўлади, иншоаллоҳ.

Яратган Раббимиз юртимизни тинч, осмонимизни мусаффо айласин, истиқлолимизнинг 26 йиллиги ва Қурбон ҳайити байрамларини элимизга муборак қилсин.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Имом Ал-Бухорий мақбарасини зиёрат қилди. Бу ҳақида Президент матбуот хизматида хабар берилди. 

Давлат раҳбари мажмуа қошида очилиши мўлжалланаётган Халқаро илмий марказ қурилиши билан танишди. Ушбу марказ Имом Бухорий ва бошқа мутафаккир алломаларимизнинг мамлакатимиз ва хорижий давлатлардаги бебаҳо илмий-маънавий меросини тўплаш, ўрганиш уларни халқимиз ва жаҳон жамоатчилигига етказиш билан шуғулланади

Ш.М.Мирзиёев бу ерда ислом дини тарихи, таълимоти ёшларга энг мукаммал ўқув режа ва дастурлар асосида ўқитилиши зарурлиги, бу марказ эса аждодларимизга муносиб равишда жаҳонда ўз ўрнига эга бўлиши кераклигини таъкидлади.

Президентга мажмуа атрофида жойлашган савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчаларини реконструкция қилиш, йўл бўйида янги турар-жойлар бунёд этиш, зиёратчилар учун қўшимча қулайликлар яратиш, ободонлаштириш борасида олиб борилаётган ишлар тўғрисида маълумот берилди. 

Шавкат Мирзиёев амалга оширилиши режалаштирилаётган ишлар лойиҳаларини такомиллаштириш, ҳудуд инфратузилмасини янада ривожлантириш бўйича қурувчи ва мутасаддиларга зарур кўрсатмалар берди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Самарқанд вилоятига ташрифини Ҳазрати Хизр мажмуасидаги мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримов қабрини зиёрат қилишдан бошлади. Бу ҳақда президентнинг фейсбукдаги саҳифасида маълумот берилди.

Шавкат Мирзиёев Ислом Каримов қабрига гул қўйиб, ҳурмат бажо келтирган, қуръон тиловат қилиниб ўтганлар хотираси ёд этилган.

Давлат раҳбари шунингдек, Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов мақбарасида олиб борилаётган қурилиш ва ободонлаштириш ишлари билан танишган

Президент кўрсатмалари асосида мажмуа лойиҳаси такомиллаштирилиб, мақбара гранит ва мармар билан қопланган. Мақбара пештоқи ва унга туташ айвон миллий нақшлар асосида безатилиб, унга Қуръони Карим оятлари билан бирга Ислом Каримовнинг ҳикматли сўзлари битилган. Президент мажмуада олиб борилаётган ишларни мантиқий якунига етказиш, зиёратчиларга тегишли шароитлар яратиш, унга ёндош қабристонни обод қилиш бўйича ўз тавсияларини берган.

 

2017 йил 22 август Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимида хизмат қилаётган 4 нафар юртдошларимиз – Мир араб олий мадрасаси мудири Элов Жобир, Тошкент вилояти Зангиота тумани “Абубакир Сиддиқ” масжиди имом хатиби Абилов Юнусжон, Тошкент шаҳар Олмазор тумани “Исломобод” масжиди имом хатиби Юлдашев Абдулло ва Асака туман бош имом хатиби Парпиев Шаҳобиддин Ислом  Олам Уюшмаси таклифига асосан Ўзбекистон хожилари билан бирга Тошкентдан Мадина шаҳрига етиб бордилар.

Уларни Мадинаи мунаввара тайёрагоҳида Ислом Олами Уюшмаси ходими Бадр Ансорий кутиб олди ва шу куни Аброж Ҳаким меҳмонхонасига жойлаштирди.

Меҳмонлар икки кун давомида Мадина шаҳрида бўлиб, Масжидун Набавийда ибодатларини адо этишди ва Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак равзаларини зиёрат қилдилар.

Шунингдек Қубо масжиди, Қиблатайн масжидларига боришди ҳамда Бақеъ қабристонидаги Уҳуд жанги шаҳидларининг қабрларини зиёрат қилишди.

24 август куни вакилларимиз Мадинадан жўнаб кетишди ва шу куни Маккадаги Ислом Олами Уюшмаси қароргоҳига келдилар. Қароргоҳга бутун дунёдан 300 нафардан ортиқ вакиллар таклиф этилган бўлиб, уларнинг ораларида йирик фан арбоблари, имомлар ва мударрислар, жумладан Жазоир муфтиси Шайх Али Айя ва бошқалар бор.

Бу жойда юртимиздан ташриф бкюрган меҳмонлар юксак ҳурмат-эҳтиром билан кутиб олиндилар ва мезбонлар муборак зам зам сувини тақдим этдилар.

Эртаси куни эса имомларимиз умра ибодатларини бажардилар. Сафарнинг ташкил этилишига холис ёрдам кўрсатган юртимиз раҳбариятига, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбари, муфтий ҳазратлари У. Алимов ва бошқа ходимларга ташаккур билдириб, хақларига дуо қилишмоқда.

Ҳозирда барчалари муқаддас заминда  юрт фаровонлиги ва динимиз ривожи учун чин ихлос ила дуолар қилиб, яқинлашиб келаётган улуғ ҳаж ибодатига тайёргарлик кўрмоқдалар.

              Абдуллоҳ Парпиев,
Халқаро алоқалар бўлими ходими

 

Страница 81 из 264

Видеолавҳалар

Top