www.muslimuz

www.muslimuz

2019 йил 20 ноябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан Мир Араб ўрта махсус ислом билим юртида «Миллатлараро тотувлик ва диний бағрикeнглик - тараққиёт ва барқарорликнинг муҳим омили» мавзусида республика талабалар анжумани ўтказилди.

Тадбир Баҳоуддин Нақшбанд зиёратгоҳи мажлислар залида бўлиб ўтди.

Бугунги кунда мамлакатимизда 130 дан ортиқ миллат вакиллари бир мақсад йўлида бирлашиб, яшаб келмоқдалар. Юртимиз кўп миллатли диёр, Ватанимизнинг тинч-тотувлиги, хавфсизлиги, келажак тараққиёти ва фаровонлиги турли миллатга мансуб фуқороларимизнинг маънавий юксалиш даражасига ҳамда улар ўртасидаги ўзаро тотувлик ва ҳамжиҳатликка кўп жиҳатдан боғлиқдир. Мамлакатимизда бошқа дин ва миллат вакилларининг эркинлик ва ҳуқуқларига хилоф иш қилинмайди. Ислом динида ҳам бунга мутлақо йўл қўйилмайди.

Тадбирда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита масъул ходими Б.Рустамов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Таълим ва кадрлар тайёрлаш бўлими мудири С.Шерхонов, “Баҳоуддин Нақшбанд” жоме масжиди имом-хатиби А.Раззоқов, диний таълим муассасалари ўқитувчилари ва талабалари шунингдек, Бухоро давлат университети вакиллари қатнашди.

Анжуманда “16 ноябрь – Халқаро диний бағрикенглик куни”, унинг дунё ҳамжамияти ва мамлакатимиз учун аҳамияти, бағрикенгликни таъминлаш тинчлик ҳамда бирдамлиликнинг гарови эканлиги тўғрисида мулоҳазалар билдирилди.

Тадбир давомида Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти талабаси Р.Саиджалолов “Конфессиялараро мулоқот маданияти” мавзусида, Ҳадис илми мактаби талабаси А.Узоқов “Диний бағрикенгликда мўътадиллик” мавзусида, “Ҳидоя” ўрта махсус ислом таълим муассасаси талабаси М.Абдуолимов “Диний бағрикенглик – тинчлик ва осойишталик гаровидир” мавзусида, Мир Араб ўрта махсус ислом ислом таълим муассасаси талабаси Х.Ахмадхонов “Кўп миллатли фаровон диёр” мавзусида ҳамда бошқа таълим муассасаси талабалари ўз маърузалари билан иштирок этишди.

Тадбир якунида Қуръони Карим тиловат қилиниб, давлатимиз тинчлиги, ривожи ва халқимиз фаровонлигини тилаб дуои хайр қилинди.

 

Ўзбекистон Мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

 
 

БОЛА БОШИДАН…

Баъзилар боласи ҳали икки-уч ёшга кирмай туриб, унинг тарбияси «нобоп»лигидан шикоят қилишни бошлаб юборишади. Норасида гўдакни худди катталардан талаб қилинадиган «қолип»ларга солишга, унинг одоб-ахлоқини «ўнглаш» ҳаракатларига киришилади.

Бу ҳам хато йўл. Чунки ҳали суяги қотмаган, яхши ва ёмон нималигини англамаган ёш болани ҳадеб тергайвериш, уни турли қолипларга солишга уриниш, кучи ва иқтидори етмайдиган машғулотларга мажбурлаш иродасини синдириши, руҳига салбий таъсир кўрсатиши, кейинчалик ҳамма нарсага бефарқ ва лоқайд қарайдиган қилиб қўйиши мумкин.

Буюк ватандошимиз шайхур раис Абу Али ибн Сино ёш авлод тарбиясининг ибтидоси қандай ва нималар билан бўлиши ҳақида қуйидагиларни айтган эди: «Ёш бола бошланғич таълим ва тилга доир қоидаларни ёд олганидан кейин у машғул бўлиши мумкин бўлган касб-ҳунар ва санъатга мойиллигига қараб, уни шунга йўллаймиз. Агар у котибликни хоҳласа, тил, хат ёзиш, нутқ сўзлаш ва одамлар билан муомала қилиш кабиларга далолат қиламиз. Албатта, бу ўринда, боланинг майли аҳамиятга эга» («Исломий тарбия ва унинг фалсафаси». Муҳаммад Атия, 197-бет).

Мутахассислар тавсиясига кўра, бола мактабга боргунича уни подшоҳ туйиб муомала қилинади, яъни рисоладаги барча илтимослари сўзсиз бажарилади, шўхлик ва эркаликлардан қайтарилмайди. Шундан сўнг унга аста-секин тушунтириш, катталарнинг ўзи ибрат бўлиши орқали тарбия берилади.

Тарбия бир неча томондан олиб борилади. Бола ақлан ривожланиши учун унга турли китоблар ўқиб берилади, ривоят ва ибратли ҳикоятлар сўзланади ёки ақл-заковатини ўстирадиган ўйинлар, машғулотларга жалб қилинади. Руҳий тарбиясини яхшилаш учун ҳаёт ва ўлим, яхшилик ва ёмонлик, ахлоқ ва одоб каби боқий мавзуларда содда, бола руҳиятига мос суҳбат ва тушунтириш олиб борилади. Жисмоний тарбия бериш учун эса бирор фойдали меҳнатга жалб қилиш, сузиш, мерганлик, чавандозлик каби машғулотларни ўргатиш мумкин.

Болаларга ёшлигидан бошлаб Қуръони карим қиссаларидан, пайғамбарларнинг ҳаёти ҳақида нақл қилувчи турли ривоятлардан, халқ эртаклари ва достонларидан, топишмоқлар, мақол ва маталлардан ўқиб бериш, сўзлаш ёки уларнинг ўзларига ўқитиш ҳам керак. Бу билан болаларнинг зеҳни ўсади, фикри кенгаяди, дунёқараши бойийди, хотираси кучаяди. Энг асосийси, бола эшитганларидан ибратланиб, яхши одамларга эргашишга интилади, уларнинг хулқу одобидан баҳраманд бўлади.

Ўғил-қизларининг зеҳни ўсишини, ақл-идрокли, фикрловчи бўлиб улғайишини истаган ота-оналар уларга кичиклигидан турли ибратли ҳикояларни, улуғларимизнинг ҳаёт йўллари ва фазилатлари ҳақидаги ривоятларни, рамзий маънодаги яхшиликка, чиройли ахлоқ ва одобга чорловчи эртакларни сўзлаб беришса, улар маънавиятини юксалтиришда катта тарбиявий иш қилган бўлишади. Қуйида мисрлик олим Абдуллоҳ Абдул Мутиънинг «Исломда тарбия» китобидан бир неча шингил эртакларни келтириб ўтишни лозим кўрдик.

Хўроз ва тулки. Ҳикоя қилишларича, бир хушовоз хўроз бўлган экан. Одатда у сайр қилар, қишлоқдаги кичкина уйча олдида қанотларини ёйганича офтобда тобланар экан. Туннинг маълум пайтларида вақти-вақти билан қичқириб қўяр экан.

Бир куни унинг ёнидан айёр тулки ўтиб қолибди ва унга: «Бугун жуда чиройли бўлиб кетибсан, хўрозвой, патларинг топ-тоза, тожинг ялтираб турибди, сеникидан ёқимлироқ овозни ҳеч қачон эшитмаганман, лекин сенинг овозинг қачонлардир эшитганим отанг товушидан бутунлай бошқача экан», дебди. (Бу тулки ўйлаб топган ҳийла эди). Шунда хўроз тулкига: «Э йўқ, менинг овозим ҳам отамники каби жозибадор», дебди. У шундай дегач, қанотларини қаттиқ қоқиб, кўзларини юмиб қичқиришга ҳозирланганида, тулки уни шартта тутиб олибди.

Қўлга тушган хўроз қандай қилиб тулки чангалидан қутулиш йўлини ўйлай бошлабди. Тулки унинг бўйнидан тишлаб турганида, хўроз бундай дебди: «Бу хўроз фақат менга тегишли, уни ҳеч ким билан баҳам кўрмайман», деб баланд овозда ҳаммага эълон қилиб чиқ!» Тулки жағини очиши билан хўроз ерга тушибди ва кўз очиб-юмгунча дарахтга учиб чиқиб, тулкидан қутулибди. Тулки қилиб қўйган ишидан афсусланибди ва: «Сукут қилиши керак бўлган пайтда гапирган оғизни Аллоҳ кечирсин!» дебди. Шунда хўроз: «Очиқ бўлиши керак пайтда юмилган кўзни ҳам Аллоҳ кечирсин», дебди.

Қуён ва тошбақа. Жуда қадим замонларда бир-бирларига қўшни бўлиб қуён ва тошбақа яшашган экан. Бир куни тошбақа қуёнга бундай дебди: «Мени доим секин юришда айблайсан, сен эса чопағонсан. Бугун мен сени пойга ўйнашга чақираман». Қуён эса мағрурланиб: «Хо-хо-хо, мендай чопқир қуён аранг-аранг ўрмалаб юрадиган тошбақа билан пойга ўйнарканми? Бу ҳақиқатан кулгили гап!» дебди.

Бироқ қуён тошбақани бир шарманда қилиш учун олдиндаги тепаликкача унинг билан пойга чопишга рози бўлибди. Улар мусобақани бошлашибди.

Қуён ўзининг чопқирлигини яхши билганидан, мусобақада ғолиб бўлишига қаттиқ ишонганидан, талтайиб-керилиб пойгага киришибди. Шунинг учун йўл-йўлакай ўйноқлаб, беда ва сабзи учраса, улардан еб, анча вақтини йўқотибди. Тошбақа эса жиддийлигини сақлаб, белгиланган маррага етмагунича йўлида собитқадамлик билан давом этаверибди. Қуён тошбақанинг қаерда келаётганини кўриш учун атрофига алангласа, у аллақачон тепаликка етиб борган экан. Энди қуён тошбақага етиб олишга кечикканини англабди.

Шундай қилиб, тошбақа ўзининг сабр-матонати ва тиришқоқлиги туфайли пойгада ютиб чиқибди. Қуён бўлса, чопағонлиги ва эпчиллигига ишониб мағрурлангани, вақтида ҳаракат қилмагани учун ютқазиб қўйибди.

Сичқон ва ёғ. Сичқон ошхонага кириб, қопқоқсиз шиша идиш тўла ёғ топиб олди. У думини шиша ичига солиб-чиқариб, ялади. Тўйгунича бу ишини бир неча марта такрорлади. Кейинги кечаларда ҳам бу одати билан қорнини тўйдириб юрди. Ниҳоят, бир куни идишдаги ёғ камайиб тагига тушиб қолганидан, унга сичқоннинг думи етмади. Шунда у оғзини тўлдириб сув олиб келди ва идиш тўлиб, ундаги ёғ тепага кўтарилгунича (чунки ёғ сувдан енгил) сув қуяверди. Шу йўл билан у идишдаги ҳамма ёғни ялаб, унда сувнинг ўзини қолдирди.

Бундай ибратли эртак, ривоятлар болаларнинг ақлини ўстиради, яхшиликка, эзгуликка чақиради, ёмонликлардан узоқда бўлишга ундайди, улар фикри ва онгини ривожлантиради. Болалар бирор ёмон қилиқ қилишса, енгил танбеҳ, тушунтириш воситасида бунинг ёмонлигини билдириш лозим.

Бола кичиклигида унинг тарбиясини ўз ҳолига ташлаб қўйган, онги, зеҳни, ақли, одобини шакллантириш билан шуғулланишга вақт тополмаган ёки бунга ҳафсала қилмаган ота-она фарзанди улғайгач, аччиқ надомат ҳосилини теради. Фарзандлари қалбига йўл топа олмаётган, улар билан муросалари келишмаётган ота-она аввало ўзларини уларнинг ўрнига қўйиб, шу ёшда мен қандай фикрлаган ва қандай иш тутган бўлур эдим деб, шу ҳақда бироз мулоҳаза юритиб кўришса, ҳамма нарса жойига тушади. Бунинг устига давр, замонлар орасидаги фарқни ҳам унутмаслик керак: замон ҳеч қачон бир жойда қотиб турмайди. У ўзгариб, тараққий этиб боради. Бу ҳақда ҳазрат Али (розияллоҳу анҳу): «Фарзандларингизни ўзларининг даврига мослаб тарбияланглар», деганлар. Чунки кечагина ардоқланган нарса бугун эътибордан қолиши ёки аксинча, кеча қадри бўлмаган нимадир бугун энг қимматли нарсага айланиши  мумкин.

Шу омиллар эътиборга олинмаса, «ҳозирги ёшларга қойил қолмадим, биз ўз давримизда бундоқ қилардик, бизлар мана бундоқ эдик» каби маломат ва надоматлар кўпаяверади, катталар ва болалар ўртасидаги зиддият-тўқнашувлар авжига чиқаверади.

Бола улғайиш жараёнида ҳамма нарсани асосан атрофидаги катталардан ўрганади. Улардан ибрат олиб, уларга тақлид қилиб, ҳаётий тажриба орттира боради. Энди ўзингиз қўпол ва бадхулқ бўлсангиз-у, болангизни чиройли хулқли ва одобли қилиб тарбиялайман деб ўйласангиз, хато қиласиз. Агар ўзингиз чексангиз ёки ичсангиз-у, фарзандингизни бу ёмон иллатлардан қайтараман десангиз, умидингиз ва ҳаракатларингиз пучдир. Ўзингиз ёлғон гапирувчи ёки алдоқчи экансиз, болангиздан ростгўйлик ва омонатдорлик кутиб овора бўлманг.

«Қасосли дунё, қайтар дунё» деган гаплар бор. Ўзингиз ота-онангизга ёки бошқа яқинларингизга қандай муомала-муносабат қилган бўлсангиз, буни фарзандларингиздан албатта кўрасиз. Ўз навбатида, фарзандингиз сизга қандай беодоблик қилган ёки алам ўтказган бўлса, у ҳам фарзандидан шуни албатта топади. Бу нарса занжир халқалари каби даврлар оша бир-бирига боғланиб кетаверади. Келажакда фарзандингиз ҳам сиз каби «авлодлар тўқнашуви» азобини тортиб юрмасин десангиз, ана шу салбий занжир халқаларини узиб ташлашингизга тўғри келади.

Бу борадаги ажойиб ривоятларни ҳам кўп эшитгансиз: «Бир йигит отасининг соқолидан тутамлаб ураётганига маҳалла-кўй шоҳид бўлиб, қаттиқ изтиробга тушибди, “инсон фарзанди отасини ҳам урадими”, деб қайғу чекибди. Шунда кўпни кўрган бир отахон: “Бунга ажабланмасангиз ҳам бўлади, ҳозир хўрлик кўраётган киши ёшлигида отасининг соқолидан тортиб худди ҳозиргидай урган эди.  Мана энди ўзига қайтди”, деган экан».

Яна бир ҳикоят: узоқ умр кўриб, фарзандларига малоли келиб қолган отани ўғил хотинининг маслаҳати билан шаҳар ташқарисига ташлаб келиш учун йўлга чиқибди. Чарчаб, бир дарахт соясида дам олишга тўхтаганида, отаси негадир жилмайиб қўйибди. Ўғли бунинг сабабини сўраса, «Бундан кўп йиллар муқаддам мен ҳам отамни адирга ташлаб келиш учун йўлга чиққанимда худди шу ерда тўхтаб, дам олган эдим», деб жавоб қилган экан.

Шу ўринда бир воқеани эслашга тўғри келди. Яқинда республика телеканалларидан бирида отасининг ароқхўрлигидан безиб, уни қариялар уйига ташлаб келган бир ўзбек йигитини муҳокама қилишди. Аввалига ҳамма йигитнинг қилмишини маъқуллаб, ичкиликка ружу қўйган отани танқид қилишни бошлаб юборди. Бир отахоннинг: «Ҳой биродарлар, нима деяпсизлар, динимизда фарзанд отанинг қилмишини кўпчилик муҳокамасига ташлаши у ёқда турсин, ҳатто унга овозини баландлатиб гапиришдан қайтарилган-ку, мусулмон киши отаси ҳатто мушрик бўлсаям, унга шафқат кўрсатишга буюрилган-ку!» деб  эътироз билдирганидан кейингина вазият ўзгарди.

Замондош олимларимиздан бири ёзганидай, «барча нарса асли билан боғланган ҳолда мустаҳкам бўлади, аслидан узилган ҳар бир нарса хорлик ва харобликка маҳкум. Кишининг асли ота-онасидир. Чунки унинг ўсиб-улғайиб, камолга етиши уларга боғлиқ. Ота-она­сидан узилган бирор кимсанинг толеи-бахти ҳеч қачон баланд бўлмаган ва бўлмайди ҳам. Ота-онасидан ёки уларнинг биридан узилган, ажралган кимса “оқ” деб аталади. Ота-онадан узилиш уларни ранжитишдир. Уларнинг қалбига озор етказган, норози қилган ўғил ёки қиз “оқ”дир ва қаттиқ гуноҳкордир».

 

ФАРЗАНД ТАРБИЯСИДАГИ НОЗИК НУҚТАЛАР

Фарзандларнинг келажакда гўзал ахлоқли ва чиройли тарбияли бўлишида ота-она фарзанди ҳақига қиладиган хайрли дуолар ўрни беқиёсдир. Чунки дуо ибодат мақомида. Аллоҳ таоло ҳар бир ишда Ўзидан ёрдам сўрашимизни яхши кўради. Бундан ташқари, ота-онанинг фарзанди ҳақига қилган дуоси мустажобдир. Абу Ҳурайрадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам):

“Уч кишининг дуоси қабулдир: отанинг фарзандига қилган дуоси, мазлумнинг дуоси ва мусофирнинг дуоси”, деганлар. Ота-она бундай неъмат ва имкониятдан унумли фойдаланиши ва фарзандларининг келажакда солиҳ ва тарбияли инсон бўлиб камол топишини Аллоҳдан сўраши лозим. Ҳатто пайғамбарлар ҳам яхши фарзанд сўраб дуо қилишган. Жумладан, Иброҳим сурасининг 35-оятида бундай дейилади:

وَإِذۡ قَالَ إِبۡرَٰهِيمُ رَبِّ ٱجۡعَلۡ هَٰذَا ٱلۡبَلَدَ ءَامِنٗا وَٱجۡنُبۡنِي وَبَنِيَّ أَن نَّعۡبُدَ ٱلۡأَصۡنَامَ

«(Эй Муҳаммад!) Эсланг, Иброҳим айтган эди: “ЭйРаббим! Бу шаҳарни (яъни, Маккани) тинч қилгин, мени ва авлодларимни санамларга сиғинишдан йироқ қилгин!”»

Яна Оли Имрон сурасининг 38-оятида бундай дейилади:

هُنَالِكَ دَعَا زَكَرِيَّا رَبَّهُۥۖ قَالَ رَبِّ هَبۡ لِي مِن لَّدُنكَ ذُرِّيَّةٗ طَيِّبَةًۖ إِنَّكَ سَمِيعُ ٱلدُّعَآءِ

«Ўша жойда Закариё Раббига илтижо қилиб, деди: “Раббим, менга (ҳам) ўз ҳузурингдан пок зурриёт ато эт! Дарҳақиқат, Сен дуони эшитувчидирсан”».

Ота-она фарзанди ҳақига ёмон дуо қилиб қўйишдан эҳтиёт бўлиши керак. Чунки, юқорида айтганимиздек, уларнинг фарзандлари ҳақига қилган дуолари қабулдир. Абдуллоҳ ибн Муборакдан ривоят қилинишича, унинг олдига бир ота ўз ўғлидан  шикоят қилиб келади. Шунда Абдуллоҳ ибн Муборак у отадан, сиз ўғлингиз ҳақига яхши дуо қилармидингиз ёки ёмон дуо қилармидингиз, деб сўрайди. Ота эса ёмон дуо қилишини айтади. Шунда Абдуллоҳ ибн Муборак у одамга ўғлингизни ўзингиз бузган экансиз, деб койийди. Демак, боланинг келажакда комил инсон бўлиб етишиши ёки жоҳил бўлишига ота-онанинг дуолари катта таъсир қилар экан.

Тарбия ҳақида Имом Ғаззолийнинг «Иҳёу улумуд-дин» китобида бундай дейилади: «Бола ота-она қўлида бир омонатдир. Қалби турли нақш ва расмлардан пок, нима нақш солинса, қабул қилади, нимага мойил қилинса, мойил бўлаверади. Агар яхшиликка ундалса ва ўргатилса, унинг устида ўсаверади, дунё ва охиратда саодатли бўлади, ота-онаси ҳамда одоб, таълим-тарбия берганлар барчаси савобига шерик бўлишади. Агар ёмонликка ундалса ва ҳайвон каби бўш қўйилса, ёмонликка учрайди, ҳалок бўлади ва унга қараб турган киши зиммасига гуноҳкорлик тушади».

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар: “Авлодларингизни, биринчидан:

“Аллоҳни севадиган қилиб тарбияланглар...” Чунки Аллоҳ таоло уни йўқдан бор этиб, ота-онани унинг дунёга келишига сабабчи қилди. Ва уларнинг қалбларига фарзанд меҳру муҳаббатини солди. Агар Аллоҳ таоло фарзанд муҳаббатини қалбга солмаганида, уни бағрига босмасди, раҳм-шафқат қилмасди, кўчага ташлаб кетган бўларди. Шунинг учун фарзанд Аллоҳ таолони севиб, унга шукрлар қилиши лозим.

Иккинчидан:

“Аллоҳнинг Расулини севадиган қилиб тарбияланглар”. Чунки Аллоҳ таоло Расулуллоҳни (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) халқ орасидан танлаб олиб, халққа Пайғамбар қилиб юборган. Қуръони каримнинг Анбиё сураси 107-оятида ул зотни “Биз сизни (бутун) оламларга раҳмат қилиб юборганмиз”, дейилган. Пайғамбаримиз инсонларга ота-онасидан ҳам меҳрибонроқ бўлган, дунёдаги барча яхшиликларни ўргатган зот, бутун дунё аҳлининг устози саналади.

Учинчидан:

“Аллоҳнинг Китобини севадиган қилиб тарбияланг­лар...”. Чунки бу Китоб инсониятни ҳидоятга чорлайди.

Бу учта талаб инсон фарзандига ўргатилиши лозим бўлган қоидалардан саналади.

Муҳтарам Президентимиз: “Биз фарзандларимизни дунёвий билимлар билан бир қаторда Имом Бухорий тўплаган ҳадислар, Нақшбандий таълимоти, Термизий ўгитлари, Яссавий ҳикматлари асосида тарбия қилмоқдамиз”, деганлар.

Тарбия бир неча хилга бўлинади: бадан тарбияси, руҳий тарбия, ақл ва фикр тарбияси, ахлоқий тарбия, ирода тарбияси, сўзлашув тарбияси, меҳнат тарбияси ва бошқалар.

  1. Бадан тарбиясига болани жисмонан бақувват қилиб тарбиялаш, тозалик ва покликка ўргатиш (замона тили билан айтганда – санитария-гигиена), спорт ва бадантарбия машқларига кўниктириш кабилар киради. Боласининг соғлом бўлишини орзу қилган ота-оналар улар билан кўпроқ очиқ ҳавода сайр қилишлари, сузиш, чавандозлик, кураш ўйинлари, мерганлик каби машғулотларга сафарбар қилишлари лозим.

Ислом дини инсон ҳаётининг фақат руҳий, маънавий камолотига эътибор берибгина қолмай, айни вақтда унинг жисмоний жиҳатларига ҳам жиддий эътибор қаратади. Уламолар руҳий ва моддий ҳаётни худди нарвоннинг икки зинапоясига ўхшатишади. Яъни, икки тараф баравар – тенг бўлиши учун ҳаракат қилиш лозимлиги уқтирилади. Инсоннинг эътиқоди кучли бўлиши билан бирга бадани, жисми ҳам соғ, чиниққан, ҳар қандай машаққатларга бардошли бўлмоғи лозим. Бу хусусда Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам):

عَنْ أَبِى هُريرة رضى الله عنه قال: قال رَسُولُ الله صَلَّى الله عَلَيْهِ وَ سَلَّمَ: “المؤمن القوي خير وأحب إلي الله من المؤمن الضعيف

Яъни, “Кучли мўмин киши Аллоҳ ҳузурида кучсиз мўминдан яхшироқ ва маҳбуброқдир”, деганлар (Имом Муслим ривояти).

Аввал қайд қилганимиздек, юртимиз ёшлари ўртасида спорт турлари бўйича турли мусобақалар ўтказиш анъана тусига кирган. Олий таълим муассасалари талабалари ўртасида “Универсиада”, ўрта махсус ва касб ҳунар таълими масканлари талабалари орасида “Баркамол авлод” ўйинлари ҳамда ўрта мактабларнинг ўқувчилари орасида “Умид ниҳоллари” мусобақалари ўтказилиши анъанага айлангани ва улар ёшларимизнинг соғлом вояга етишларида нечоғли аҳамиятга эга эканини кўришимиз мумкин.

  1. Руҳий тарбия вазифаси боланинг мақсади, эътиқоди, диёнати, имонини шакллантириш, унинг чин инсоний фазилатларини камол топтириш; ҳиссиётга берилувчан ва таъсирчан болаларда ҳақиқатни кўра билиш, жасурлик, матонат каби хислатларни шакллантириш, аксинча, дийдаси қаттиқ болаларнинг қалбини юмшатадиган омиллар ёрдамида уларни майин ҳиссиётли қилиб тарбиялашдан иборат. Болани руҳий тушкунликка тушишдан, қийинчиликлар олдида эсанкираб қолишдан ҳимоялашда бундай тарбиянинг аҳамияти катта.
  2. Ақл ва фикр тарбиясини яхшилаш учун боланинг фикрлаши, заковати, хотираси ва мушоҳада қобилиятини такомиллаштиришга ёрдам берувчи машғулотлар ўтказилади, унга турли ибратли эртак ва ҳикоялар сўзлаб берилади, зарур билим ва маълумотлар ёдлатилади. Одатда, болалар кичик ёшда ҳар бир кўрган нарсаси ҳақида сўрайдиган, уларни текшириб, синаб кўрадиган, тинимсиз саволлар берадиган бўлади. Бундай пайтда уларнинг саволларига эринмай, ҳафсала билан, тушунарли, содда қилиб жавоб қайтариш керак.
  3. Ахлоқий тарбия бериш учун, энг аввало, ота-она фарзандига ахлоқ ва одоб бобида ўрнак кўрсатиши, одобдан мунтазам сабоқ бериб бориши керак бўлади. Чунки одоб охират неъматларига етказувчи асосий воситалардан ҳисобланади. Бу фикр барча динларда бирдай тасдиғини топган. Қуръони каримда ҳам, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳадисларида ҳам одоб-ахлоқ масаласига алоҳида эътибор берилган.

Қуръони каримда бундай оят бор:

وَلَا تَمۡشِ فِي ٱلۡأَرۡضِ مَرَحًاۖ إِنَّكَ لَن تَخۡرِقَ ٱلۡأَرۡضَ وَلَن تَبۡلُغَ ٱلۡجِبَالَ طُولٗا

«Ер юзида кибрланиб юрма! Чунки сен (оёқларинг билан) зинҳор ерни теша олмайсан ва узунликда тоғларга ета олмайсан» (Исро, 37).

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) бир ҳадис­ларида:

عَنْ أَبِى هُريرة رضى الله عنه قال: قال رَسُولُ الله صَلَّى الله عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: “أدّبُوا أَولادَكُم وأَحْسِنُوا آدَابَهُم”

“Болаларингизга одоб беринглар ва одобларини чиройли қилинглар”, деб марҳамат қилганлар (Имом Муслим ривояти).

Киши ўғил-қизини кичик ёшдан тарбиялаб, одоб бермоғи керак. Бола маълум ёшга етгач, унга баъзи нарсаларни қабул қилдириш қийин кечади. Бунда оила раиси оила аъзоларининг баъзи айбларини кечириши керак бўлади. Заиф ва кичиклар айб қилишлари мумкин. Шунинг учун уларни қўрқитишдан кўра кечириш яхшироқдир.

Шунингдек, болаларни камситмаслик, уларнинг одоблиларини ибрат ўлароқ мисол қилиб келтириш, катталарнинг бола олдида ўзларини яхши, одобли тутишлари, сўкинмасликлари ва уришмасликлари жуда муҳимдир. Ота-она ўзлари одобсиз бўлишса, болаларини одобли қиламан деб уринишлари асло самара бермайди. «Кишининг дини дўстининг дини кабидир» ҳадисига мувофиқ, боланинг улфат ва дўстлари ким эканига алоҳида эътибор қаратиш керак.

  1. Ирода тарбиясидан мақсад фарзандингизни иродаси кучли шахс қилиб камол топтиришдир. Бунда болага ўз нафси билан курашиш, шахсий орзу ва эҳтиёжларини жиловлаш ёки зарур бўлса, улардан воз кеча олиш, ўз манфаатларини бошқалар ва жамият манфаатларидан устун қўймаслик кабилар ўргатилади. Таомилда, боланинг қайсарлик даврида (тўрт ёшдан ўн олти ёшгача) олиб бориладиган ирода тарбиясида бироз қаттиққўллик, чидам керак бўлади, аммо айни дамда у севги, меҳрибонлик, самимийликни ҳам ҳис этиб турсин.
  2. Сўзлашув тарбияси ҳам бола камолотида муҳим ўрин тутади. Одатда, ўғил-қизлар бир ярим-икки ёшдан гапира бошлашади. Уларга кичиклигидан сўзларни тўғри талаффуз қилишни, фасоҳатли гапиришни, катталарга мурожаат қилиш одобларини ўргатиш, сўкишиш ва беҳаё сўзларни ишлатишнинг ёмонлигини тушунтириш лозим. Болаларда катталарга тақлид қилиш кучли бўлгани учун улар олдида фаҳш, ҳақоратли сўзларни айтиш, сўкиниш, қўпол гапириш, маҳмадоналик каби иллатлардан тийилиш зарур. Инсон ўз фарзандини тарбия қилишда жуда эҳтиёт бўлиши лозим. Чунки, юқорида айтганимиздек, улар катталарга жуда тез тақлид қилишади. Аввало, болаларга тўғри гапирмоғимиз даркор. Энди тили чиққан вақтида фарзандимиз оғзидан чиқаётган нобоп сўзларга бефарқ бўлмасдан, бундай сўзлар яхши эмаслигини дарҳол уқтиришимиз лозим. Акс ҳолда, бир кун келиб ўша сўзлар фарзандимиз тарбиясига салбий таъсир кўрсатиши оқибатида ўзимизга нисбатан ҳам айтилиши мумкин.
  3. Меҳнат тарбияси бериш учун болага ҳалол касб билан кун кўриш ҳақида насиҳатлар қилинади, меҳнатга муҳаббат уйғотиш учун болалигидан унга турли майда юмушлар буюриб турилади. Турли касб-ҳунарлар ўргатилади, агар бунга ўзи қодир бўлмаса, бирор устозга берилади.

Бола қалбига ёшлигиданоқ имон, эътиқод уруғларини сепиш, унга Парвардигоримизни ва Пайғамбаримизни (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) танитиш ҳамда севдириш лозим. Чунки имони, диёнати, виждони бўлмаган бола жоҳил, нодон, ёвуз, жамият ва эл манфаатларини назар-писанд қилмайдиган худбин кимса бўлиб ўсади. Давлатимиз ва миллатимиз учун бундай каслар эмас, балки қалби тоза, уйғоқ, илмли ва мўмин инсонлар зарурдир. Болани шу йўсинда тарбиялаш ҳамманинг муҳим вазифаси бўлиши керак. Юртбошимиз «Биз фарзандларимизни Имом Бухорий ҳадислари, Яссавий ҳикматлари, Термизий ўгитлари, Нақшбанд таълимоти асосида тарбиялашимиз керак», деганларидек, фарзандимизни Аллоҳдан қўрқадиган, жамиятга фойда келтирадиган, халқига хизмат қиладиган диёнатли инсон этиб тарбиялашимиз  келажакда унинг комил инсон бўлиб улғайишига замин бўлади.

Ота-оналар фарзандлари билан муомала қилишда адолатли бўлишлари, бирини бошқасидан, ўғилларни қизлардан ёки аксинча, ажратмасликлари керак. Совға беришда, лутф ва меҳрибончиликлар кўрсатишда, эркалаш ва илтимосларини бажаришда барча фарзандларни тенг кўриш лозим. Чунки улар орасида совға-саломда тенглик йўқолса ёки бирини койиб, унинг ёнидаги иккинчиси мақталиб эркалатилса, ака-ука ёки опа-сингиллар орасида бир-бирига ҳасад қилиш ва кўролмаслик келиб чиқади. Тадқиқотлар натижасида болаларда ҳасад, кўролмаслик ва бировга нисбатан душманлик ҳиссини туйиш каби ёмон туйғулар шаклланишига оилада фарзандлар ўртасидаги адолатнинг йўқолиши кўпроқ таъсир кўрсатиши аниқланган. Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Аллоҳ таоло ўрталарингизда адолат қилишингизни яхши кўргани каби фарзандларингиз орасида ҳам адолат қилишингизни яхши кўради», деганлар.

Агар болаларга атаб бирор нарса олиб келсангиз, тарқатишни энг олдин қизлардан бошланг. Чунки қиз бола таъсирчан, кўнгли нозик, салга хафа бўлиб қоладиган бўлади. Пайғамбаримиздан (алайҳиссалом) бундай ҳадис бор: «Ким қиз болаларни хурсанд қилса, Аллоҳдан қўрқиб йиғлагандек бўлади, ким Аллоҳ таолодан қўрқиб йиғласа, Аллоҳ таоло унинг баданига дўзах ўтини ҳаром қилади».

Фарзандларга меҳр-шафқатли бўлиш, уларни суюб эркалаш, ҳамиша очиқ чеҳра билан мулойим муомала қилиш, зарурий эҳтиёжларини қондириш, ҳар жабҳада уларга шахсий ибрат кўрсатиш, Аллоҳ таоло берган омонат бўлмиш ўғил-қиз фарзандларни гуноҳ ва ёмон ишлардан қайтариб туриш ота-онанинг муҳим вазифаларидандир. Ҳар бир ота-она фарзандларининг турли бузуқ ақида ва ножўя оқимларга кириб қолмаслиги учун уларга Аҳли суннат вал жамоа ақидаси, Имоми Аъзам (раҳматуллоҳи алайҳ) мазҳаби таълимоти асосида тарбия беришлари зарур.

«Тарбияни қачон бошлаш керак?» деган савол азалдан ёш ота-оналарнинг бошини қотириб келади. Бу саволга эса бир ривоят билан жавоб қайтариш тўғрироқ бўлур эди. Бир киши донишманд ҳузурига келиб: «Фарзандимга неча ёшидан тарбия беришни бошлашим керак?» деб сўрабди. Донишманд: «Фарзандингиз неча ёшда?» дебди. «Икки ёшга кирди», жавоб қилибди бояги киши. Шунда донишманд: «Сиз тарбия беришда икки йилга кечикибсиз», деган экан.

Аммо болага тарбия ва одоб беришда шошқалоқлик ярамайди. Битта дарахтни парваришлаб, ҳосилга киритиш учун бир неча йил кутиш керак бўлганидай, бир фарзандни комил тарбия ва ахлоқ билан зийнатлаш учун ҳам кўп йиллар керак. Тарбия ота-онадан ва мураббий-устозлардан узоқ вақт чидам, бардош, сабр ва фидойиликни талаб этади.

Турмуш қурган эр-хотин олдида энг шарафли ва муҳим иш: фарзанд кўриш ва унга келажакда миллатига, ота-онасига, жамиятига манфаат келтирадиган қилиб, муносиб тарбия бериш  вазифалари туради. Барчамизга маълумки, бугунги кун ёшлари бизнинг меросхўрларимиз ва келажакда ҳаётнинг барча соҳаларида бошланган катта-кичик ишларимизни давом эттирувчи ўринбосарларимиздир. Ҳар бир даврнинг ўзига хос табиати ва шарофати бўлганидек, фан ва техника жадал тараққий этиб бораётган  асримизда ёшлар тарбияси ҳам алоҳида ўзига хослик касб этади.

Фарзандларимизнинг илмий савиялари, касбу ҳунарлари билан бир қаторда ахлоқий фазилатлари ҳам кўпайиб бориши зарур. Ёш авлоднинг таълим ва тарбияси тўғрисида ғамхўрлик қилиш фақат ҳукуматимизнинг ёки мактабларнинг эмас, биринчи навбатда ҳар бир ота-онанинг муқаддас бурчларидан ҳисобланади.

Ҳар бир инсон ўз фарзанди яхши, баркамол насл бўлиб етишишини орзу қилади. Катта бўлгач, жамиятда ўзига муносиб ўрин эгаллаб, Ватанига содиқ, элу халқининг хизматига тайёр, виждонли ва диёнатли бўлишини ният қилади.

Лекин ҳамма ота-онанинг ҳам ўз фарзандларига меҳр-оқибати ва тарбиявий муносабати бир хил бўлавермас экан. Айримлар бола тарбияси хусусида жуда бепарволик қилишади. Улар учун бу дунёда фақат ўз шахсий юмушлари, моддий маблағ тўплаш йўлидаги ташвишлари биринчи ўриндаги вазифа-ю, оила аъзоларининг ахлоқий тарбияси билан шуғулланиш иккинчи даражали иш кўринади.

Фарзанд тарбияси ҳақида олдинлари ҳам жуда кўп гапирилган. Лекин бугун мавзуга яна бир бор қайтиб, бу соҳада оналарнинг фарзанд тарбиясидаги бурчлари ҳақида тўхталиб ўтмоқчимиз.

Онанинг бурчларидан яна бири фарзандга меҳрибонлик кўрсатиб, уни азият берадиган турли нарсалардан сақлаган ҳолда, вақтида озиқлантириб, ювиб-тараб, тоза кийинтириб, касал бўлишига йўл қўймай, парваришлашда эринчоқлик ёки дангасалик қилмай, доимо ҳушёр ва хабардор бўлишдир. Лекин, афсуски, барча оналар ҳам ўз фарзандларига оналик меҳрини бахш этавермайдилар. Шундай аёллар ҳам бор, улар ўз болаларини бекордан-бекор болалар уйларига топшириб юборадилар.

Мусулмон одобига доир «Маънавий зиёфат» китобида келтирилган бола тарбиясидаги энг муҳим жиҳатларни эсга олсак, фойдадан холи бўлмас.

 Фарзандларга меҳрибонлик, раҳм-шафқат кўрсатинг, улар билан юмшоқ муомалада бўлинг, сабабсиз тергаманг. Тез-тез уларни қучоқлаб, бош-кўзини меҳр билан силаб туринг.

Улар билан мунтазам бирга бўлишга ҳаракат қилинг: машғулотлар ўтказинг, ўйинларига аралашиб туринг, ҳазил-мутойиба қилинг, нутқини ўстириш билан шуғулланинг.

Уларни асло қарғаманг, ёмон сўзлар билан сўкманг, ёмон дуо қилманг. Чунки бу нарсалар фасодга йўлиқтириб, оилангизга фақирлик келтиради. Аксинча, яхши дуолар қилиб, уларга имон-эътиқод, инсоф, яхшиликлар тиланади.

Боласини калтак воситасида тарбия қилишни ўйлаганлар қаттиқ адашади. Чунки фарзанд яхши сўзнинг гадоси, ёмон гапириш, калтаклаш болани оиладан, ота-онадан бездиради, холос.

Ўн ёшга етган ўғил ва қиз болалар алоҳида ётқизилади, чунки аксинча ҳолат фитнага сабаб бўлиб қолиши мумкин.

Болаларингизга уларнинг қурби етмайдиган хизмат ва топшириқларни асло бера кўрманг. Чунки буни бажара олмай, ёлғон гапиришлари, ҳийла излашлари, ҳатто ота-онага осий бўлиб қолишлари мумкин.

Ота-она қарамоғидаги болаларига ўзи еган овқатни едиради, ўзи кийган кийимларни кийдиради, нафақа ва эҳтиёжларини қондиради.

Қуйида марҳум устоз, таниқли олимларимиздан Салоҳиддин Муҳиддиннинг фарзанд тарбияси борасидаги маслаҳатларини эътиборингизга ҳавола этамиз:

«Ёш фарзандларни овқатдан олдин ва кейин қўл ювишга, овқатланишни «Бисмиллоҳ» билан бошлашга, ўнг қўл билан ейишга, еб бўлганидан сўнг Яратганга шукр айтишга одатлантиришингиз лозим. Шунингдек, ўнг қўл билан ёзиш, кийим кийганда ўнгидан бошлаш, уйга ўнг оёқ билан кириш, ҳар бир ишни «Бисмиллоҳ» билан бошлашга ҳам ўргатинг.

Болаларга тозаликка риоя қилиш, тирноқларини олиш, кийимларини тоза-пок сақлаш, таҳоратхонага кириш-чиқиш тартибларидан таълим беринг.

Фарзандларга холи ҳолда, уялтирмай, бошқалар олдида шарманда қилмай насиҳат қилишингиз лозим. Баъзан шўхлик қилиб, гапингизга қулоқ солишмаса ёки бирор ишда хато қилишса, уларни урмай-сўкмай, тушунтиришингиз зарур. Жуда иложи бўлмай қолганида икки-уч кун гаплашмай қўйсангиз, кифоя.

Иложи бўлса, болаларнинг ҳар қайсисига алоҳида-алоҳида ўрин солиш, агар имконияти бўлса, қиз ва ўғил болаларнинг хоналарини бўлак қилиб бериш уларнинг тарбиясига ижобий таъсир кўрсатади.

Ўғил-қизларингизни кўчага ифлос чиқмасликка,  ҳовли ташқарисига ва кўчаларга одамларга азият-зарар берадиган ахлат, ифлос нарсаларни ташламасликка ўргатинг.

Фарзандларингизнинг кимлар билан дўст ва ҳамсуҳбат бўлишларига эътиборли бўлинг, кўчада сабабсиз, бемақсад туриш ва юришларига, сиздан сўрамай, узоқ вақт бирор машғулот билан шуғулланишларига ёки олис жойга равона бўлишларига рухсат берманг.

Фарзандларни уйда ва кўчадаги таниш-нотаниш одамларга «Ассалому алайкум» деб салом беришга, қўни-қўшниларга яхшилик ва ёрдам кўрсатишга, азият етказмасликка, уйингизга келган меҳмонга ҳурмат кўрсатиш ва хизмат қилишга одатлантиринг.

Ўғил-қизларингизни куфр сўзлардан, бировларни ҳақорат қилишдан, беҳаё гапларни гапиришдан қайтаринг. Буларнинг ниҳоятда ёмонлигини, ярамас сўз-гаплар туфайли одам қаттиқ гуноҳкор бўлиши ва зарар кўришини мулойимлик билан тушунтиринг. Ўзингиз ҳам бу борада уларга ибрат-намуна бўлинг, чиройли ахлоқ соҳиби эканингизни исботланг.

Фарзандларни қиморнинг турли кўринишлари, қарта, ошиқ ва ўртага пул қўйиб ўйналадиган барча ўйинлардан қайтариш даркор. Қимор бўлмаса ҳам, қимматли вақтини беҳуда совурадиган, дарс тайёрлаш ва фойдали машғулотлардан айирадиган ўйинларни ҳам чеклаш лозим.

Уларнинг ахлоқсиз, беҳаё, фаҳш суратли газета-журналлар, китобларни ўқишларига, жинсий муносабатларни, шафқатсизлик, ахлоқсизлик, ёвузликларни тарғиб қиладиган филм ва томошаларни кўришларига йўл берманг.

Фарзандларингизни сигарет чекиш ва ароқ ичишдан қайтариб, бу иллатларнинг инсон соғлиғи ва иқтисодига қанчалар зарар келтиришини, кулфатга бошлашини эринмай тушунтиринг. Бунинг ўрнига мева ва ширинликлар истеъмол қилишга тарғиб этинг”.

Ўғил-қизларимизни ҳар қандай ҳолатда ҳам рост сўзлашга, ёлғонни ҳатто ҳазил тариқасида ҳам гапирмасликка, ваъдага албатта вафо қилишга ўргатишимиз лозим. Чунки ёш болалар одатда ўта таъсирчан ва тақлид қилишга ўч буладилар. Ёлғонни атрофидаги муҳитдан ўрганиб, ота-онаси ёки ака-укаларидан бирор манфаатга эришиш учун ёлғон ишлатишлари мумкин. Тўғрилик ҳар бир яхшиликнинг асоси, ёлғон эса ҳар қандай ёмонликнинг онаси ва бошланишидир. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Албатта, тўғрилик яхшиликка бошлайди. Яхшилик жаннатга бошлайди. Ёлғон ёмонликка олиб боради. Ёмонлик эса дўзахга олиб боради”, деганлар. Ўзимиз ҳам уларга бирор нарса ваъда қилсак, олиб беришимиз, борди-ю, бунинг имкони топилмай қолса, уларга тушунтириб, муддатини узайтиришимиз керак. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Ота-она фарзандини “Болам, бу ёққа кел, бир нарса бераман”, деб чақирса-ю, аммо бермаса, у ёлғончидир», деганлар. Фарзандларни ҳалол топган молимиздан едириб-ичиришимиз, судхўрлик, пора, ўғрилик, алдамчилик, зулм билан топиладиган нарсалардан эҳтиётлашимиз лозим. Зеро, бундай маблағлар билан озиқланган бола бадбахт, итоатсиз, қўрс-қўпол ва ёвуз бўлиб улғаяди. Фарзандларимизни тарбиялашда уриш, сўкиш ва қаттиқ чекловлардан олдин уларни тўғри билан нотўғрини, фойда билан зарарни ажратишга ўргатишимиз керак. Чунки биз қанчалик чекловлар қўймайлик, нима фойдаю нима бефойда эканини тушунтира билмасак, улар бу ишларни яширин ҳолда ҳам қилишлари мумкин.

 

КЕЙИНГИ МАВЗУЛАР:

 

Илму ҳунар ўргатинг;

Фарзандлик бурчи ва вазифалари;

*** Ғуслни вожиб қиладаган нарсалар ***

Қуйидаги барча ҳолларда ғусл қилиш фарз:

  1. Жимо (жинсий алоқа) бўлмаса-да, манийнинг ўрнидан шаҳват билан ажралиб вужуд ташқарисига чиқиши.
  2. Ҳашафанинг (эркаклар жинсий аъзосининг суннат қилинган қисми) тирик инсоннинг икки (олд ва орқа) йўлидан бирига кириши.
  3. (Ҳаром бўлса ҳам) ҳайвон ёки ўлик билан қилинган жинсий алоқада маний келиши.
  4. Ухламасдан аввал жинсий аъзо таранг бўлмаса-да, уйғонгач (кишининг аврат жойларида ёки ички кийимида), қуюқ сув бўлиши.
  5. Мастлик ёки ҳушидан кетганидан сўнг ўзига келгач, (ички кийимида) манийдан намлик бўлса.
  6. Ҳайз.
  7. Нифос.

Сахиҳ ҳукмга кўра, юқорида санаб ўтилган сабаблар кишининг Исломни қабул қилишидан аввал содир бўлса ҳам, мусулмон бўлганидан сўнг ғусл қилиши лозим. Яъни бир киши Исломни қабул қилмасидан аввал бу сабаблардан бирини бажарди, сўнг мусулмон бўлди. Унинг ғусл қилиши фарздир.

Майитни ювмоқ фарзи кифоядир.

 

*** Ғуслнинг ҳикматлари ***

Ер юзида ҳеч қандай дин, ҳеч қандай тузум тозаликка Ислом дини каби катта аҳамият бермаган. Қуръони каримда инсонлар пок бўлишга чақирилган кўплаб оятлар мавжуд. Тозаликнинг аҳамиятини, покланишнинг турли шаклларини, тозаликка қаттиқ риоя этган мусулмонларнинг Аллоҳ наздидаги эътибор ва даражалари ғоят кучли ва таъсирли жумлалар билан ифода қилинган ҳадислар шу қадар кўпки, мўътабар ҳадис тўпламларида уларга алоҳида бўлимлар ажратилган. Машҳур мазҳаб имомлари ҳам ушбу покланиш шакллари масаласида энг кўп баҳс юритишган. Ҳар бир мусулмоннинг қилиши ёки қилмаслиги зарур бўлган ҳаракатларини аниқлаб бериш учун буюк олимлар томонидан таълиф қилинган фиқҳ китобларида тозалик доимо дастлабки, энг катта мавзу ҳисобланади.

Исломиятда деярли ҳеч қандай ибодат ёки амал йўқки, унга тегишли бир тозалик одоби зикр қилинган бўлмасин. Таом ейсизми, аввало қўлларингизни ювишингиз керак, дастурхондан тургач, яна қўлларингизни ювасиз. Қуръони каримни қўлга олиб, ўкимоқчимисиз? Буни таҳоратсиз ё жунуб ҳолда қилсангиз, гуноҳкор бўласиз.

Ҳар куни беш вақт намозни фақат таҳоратли ҳолда ўқишингиз мумкин. Яхши мўмин бўлсангиз, хар ҳафта жума намозига бормасдан аввал, жунуб бўлмасангиз ҳам яхшилаб ювиниб оласиз.

Сафарга чиқмоқчимисиз, дарҳол таҳорат қилиб олишингиз керак. Ухламоқчи бўлсангиз, таҳоратли ҳолда ётоққа киришингиз гўзалдир. Ҳатто қўлингиздан келса, ҳеч қачон таҳоратсиз юрмаслигингиз лозим. Жунуб бўлган ҳолда масжидга кириш жоиз эмас. Жунуб ҳолда катта узр бўлсагина, шунда ҳам, таҳорат олиб, қўлларни ювиб, оғизни чайгач, овқат ейишга рухсат берилган.

Ҳажга бормоқчимисиз? Эҳромга кирмасдан аввал ғусл қилишингиз, агар иложи бўлмаса, таҳорат олишингиз зарур. Каъбани бетаҳорат тавоф қила олмайсиз, Пайғамбаримизнинг, соллаллоҳу алайҳи ва саллам, муборак қабрларини таҳоратли ҳолда зиёрат қилишингиз мумкин. Либосларингиз, таомингизни, намоз ўқийдиган жойингиз, ётоғингиз кўзга кўринган ва кўринмайдиган барча ҳаром, нажаслардан пок бўлиши Аллоҳ таолонинг турли оятлар ва такрор-такрор бандаларига эслатиб ўтган буйруқларидир. Оятда айтилганидек, "Аллоҳ таоло покдир ва пок бўлганларни севгувчидир".

Сув танқис ва ноёб бўлган саҳролар юрти Арабистон ярим оролида вужудга келган Ислом динининг салкам бир ярим минг йил аввал ҳам тозаликка бу қадар катта аҳамият бергани ҳаммани ҳайратга солувчи мўъжизадир. Ҳолбуки, Ислом келганидан юз йиллар кейин ҳам дарёлар, кўллар, денгизларга бой бўлган Оврупада ифлосликлар туфайли вабо, ичтерлама каби ўта юқумли касалликлардан одамлар қирилиб кетар эди.

Инсоният дунёга келганидан то бугунгача, Исломнинг тозаликка беназир эътибори туфайли у кириб борган мамлакатларнинг ҳеч бирида ифлослик сабабли оммавий ўлим ҳодисалари кузатилган эмас.

Ислом динида барча ибодатлар моддий ва маънавий покликка етакловчи воситалардир.

Закот мол-дунёга берилишдан, хасисликдан қалбни тозалаш билан бирга, уни Аллоҳ йўлида мол-мулкидан холис фидокорлик қилишга ўргатади.

Рўза тўйиш нималигини билмайдиган нафснинг ирода билан, қисқа муддат бўлса ҳам, жиловланиб, ифлос ва жирканч жойлардан қутулиш сари ташланган қадамдир.

Беш вақт намоз инсонни Аллоҳдан узоқлаштирувчи, қалб ва фикрни булғовчи нарсалар зангини кетказишнинг умрбоқий режасини босқичма-босқич амалга оширишга ўхшайди.

Ҳаж эса тор фикр ва ғариб туйғулар, дунёвий ҳислар иллатидан покланиш учун исломиятнинг биллурдек соф, шонли ўтмишини ёдга олиш, муборак диёрларга бориб, Байтуллоҳни тавоф этиш, Пайғамбаримизнинг, соллаллоҳу алайҳи ва саллам, равзаларини, қаҳрамон саҳобаларни зи­ёрат қилишдир. Ҳаж қалбни Аллоҳдан бошқа нарсаларга боғланиш доғидан тозловчи энг олий ибодатдир. Хулоса қилиб айтсак, Ислом тозаликни севадиганлар, зоҳири ва ботини пок бўлганларнинг динидир.

Исломда ҳеч бир ибодат кўз-кўз қилиш ёки ўзини яхши кўрсатиш, риё учун бўлмаганидек, поклик ҳам кишини бошқаларнинг пок, чиройли, деб мақташлари учун эмас.

Мўмин киши бошқаларга чиройли кўриниш учун эмас, балки нафсини таҳлил қилиш ва динимиз буюрган амрларга итоат қилиш учун покланади. У фақат зоҳиран пок кўриниб, бошқаларни алданши катта гуноҳ деб билади. Таҳоратли ва жунуб бўлмаган мўмин билан бетаҳорат, жунуб, динсиз кишини ёнма-ён қўйсинлар. Уларнинг ташқи кўринишида кат­та бир фарқ сезмайсиз. Лекин мўмин жунуб ҳолида жуда ҳам безовта ва беҳузур бўлади, ҳатто ётоғида ҳам ухлай олмайди, фақат ғусл қилганидан кейингина кўнгли тинчланади.

 

*** Жунуб бўлгач, нима учун ғусл қиламиз? ***

Жанобатнинг сабаби бўлган маний вужуднинг ҳар томонидан сизилиб келароқ ташқарига чиқади, бутун танамиз «маҳсулоти» бўлган бу нажосатдан покланиш учун вужудни батамом ювишдек ақлга моне бошқа қандай амал бўлиши мумкин? Тиббиётда аниқ исбот қилинганки, жанобатга сабаб бўладиган ҳаракатлар, ички ва ташқи аъзоларнинг жуда ҳам тезкор фаолияти, худди инсон ўз шуурини йўқотиб қўядигандек бир жунбушга келиши натижасида юз беради. Тана жуда катта куч сарфлайди, қон айланиши ва нафас олиш тезлашади. Шунинг учун ҳам маний ажралиб чиққач, инсон чарчоқ, дармонсизлик ҳис қилади. Шу боис аъзоларни аввалги мўътадил ҳолатига қайтариш, тоза ҳаво билан таъминлаш учун динимиз бошдан-оёқ ювинишни буюради. Бугун ҳам саломатлик мавзуидаги китобларда, жанобатдан сўнг ювиниш жуда фойдали экани кўп таъкидланади.

Жинсий алоқа фарзанд дунёга келишининнг бир сабабидир. Фарзанд дин ва жамият учун фойдали, ёки аксинча зарарли инсон бўлиши ҳам мумкин. Шу боис фарзандни дунёга келтириш улуғ, айни пайтда, жуда катта масъулиятдир. Фар­занд солиҳ одам бўлса, ўтиб кетган ота-онасининг амал дафтарига давомли савоб ёзилиб туриши Пайғамбаримиз, соллаллоҳу алайҳи ва саллам, ҳадисларида зикр қилинган. Бундай авлодни вояга етказиш ҳам дунёда, ҳам охиратда жуда катта бахтдир. Аммо фарзанд динга, жамиятга зарар келтирадиган бўлса, аввало, ота-онанинг кўп юраги сиқилади.

Шунинг учун ҳам жанобатдан сўнг ғусл қилган мусулмон эр-хотин Аллоҳ таолога шундай ёлвораётгандек бўладилар: "Ё Раббий, ҳозиргина кетган ҳирсий ҳолатимиздан қутулиб, сенга юзланамиз. Сенга фақат пок ҳолдагина юзлана оламиз. Агар бу қўшилиш фарзанд туғилишига сабаб бўлса, динимизга, инсониятга ва бизларга хайрли авлод бўлишини сўраймиз. Сен ҳамма нарсага Қодир Зотсан!"

Аллоҳ барчамизни зоҳиран ва ботинан пок мусулмонлардан қилсин! Омин...

 

*** Ғуслни вожиб вдпмайдиган нарсалар ***

Куйидага ҳолларда ғусл қилиш вожиб эмасдир:

  1. Мазий, яъни жинсий лаззат олмасдан, шаҳват пайтида келган қуюқ сув.
  2. Вадий, яъни бавл қилмасдан аввал ёки ундан сўнг, баъзан оғир нарса кўтарганида, келадиган оқ суюқлик. (Мазий ва вадий таҳоратни кетказса ҳам, ғусл қилиш шарт эмас. Иккаласи ҳам сийдик ҳукмидадир).
  3. Эҳтилом бўлгандек уйғонса-ю, маний чиқмаса, ички кийимда намлик кўрилмаса, ғусл қилиш шарт эмас.
  4. Инзол (эҳтилом) бўлмаган ҳолда, ҳайвонлар билан жинсий алоқа қилиш (Шофеъий мазҳабида бу ғуслни во­жиб қилади).
  5. (Жуда жирканч ва ҳаром иш бўлса ҳам, ҳукм жиҳатидан) инзол юз бермаган ҳолда ўлик билан жинсий алоқа қилиш (бундай номақбул алоқада шаҳвоний лаззат кучли бўлмаганидан инзол юз бермайди).

Аёллар билан алоқа қилинганида маний келмаса ҳам, ғусл вожиб бўлади.

  1. Инзол юз бермасдан ва қизлик иффатини бузмаган ҳолда яқинлик қилиш (чунки қизлик иффатининг бузилмаслиги жунуб бўладиган даражада жинсий алоқа содир этмаганидан далолатдир).

 

*** Ғуслнинг фарзлари ***

Ғуслнинг учта фарзи бор.

  1. Оғзни ювмоқ.
  2. Бурунни ачиштириб чаймоқ.
  3. Бутун танани ишқалаб ювмоқ.

Қуйидагилар ғуслнинг вожибларидир:

  1. Қийинчиликсиз очиладиган, суннат қилинмаган терининг ичини ювиш.
  2. Киндик чуқурчасининг ичини ювмоқ.
  3. Қулоқдаги сирға тақиладиган тешикча ичини ювиш.
  4. Эркакларнинг ўрилган сочларини ечиб ювиши, аёллар ўрилган сочнинг остита сув етказишса, кифоя.
  5. Қалин бўлса ҳам, соқол тубларини ювиш.
  6. Мўйлаб тубларини ювиш,
  7. Қошларнинг остиларини ювиш.
  8. Аёлларнинг фарж ва мақъадни, эркакларнинг эса мақъаднинг ташқи қисмини ювиши.

Изоҳ: Ғуслда аёллар ўрилган сочларини ечишлари шарт эмаслигига қуйидаги ҳадиси шариф далилдир: «Пайғамбаримизнинг, соллаллоҳу алайҳи ва саллам, завжаларидан Умму Салама, розийаллоҳу анҳо, ривоят қиладилар: «Мен Расулуллоҳдан, соллаллоҳу алайҳи ва саллам, ювинаётганимда ўрилган сочларимни ечишим лозимми, деб сўрадим. Ул зот, соллаллоҳу алайҳи ва саллам, "Бошингга уч марта сув қуйишинг, сўнгра вужудингнинг қолган жойларига сув етказиб покланишинг кифоядир", деб жавоб бердилар».

 

*** Ғуслнинг суннатлари ***

Ғуслнинг ўн иккита суннати бор.

  1. Ғуслни "Бисмиллаҳ" билан бошламоқ.
  2. Ният қилмоқ.
  3. Қўлларни ошиғи билан ювмоқ.
  4. Баданга нажосат теккан бўлса, аввал уни тозаламоқ.
  5. Авратларини ювмоқ.
  6. Ғуслдан аввал таҳорат килмоқ (худди намозга таҳорат қилгандек, аъзоларини уч мартадан ювади ва бошга масҳ тортади, фақат оёқлари остига сув тўпланадиган бўлса, оёқ ювишни ғусл охирига қолдиради).
  7. Ҳар бир аъзога уч мартадан сув қуймоқ, оқава сув ёки унинг ҳукмидаги сувда шўнғиб чўмилса, (таҳорат ва ғусл қилишга кетган муддат миқдорича сувда қолса) суннат бажарилган бўлади.
  8. Сув қуйишни бошдан бошламоқ.
  9. Сўнгра ўнг елкадан қуймоқ.
  10. Сўнгра чап елкадан қуймоқ.
  11. Биринчи қуйишда баданни ишқаламоқ.
  12. Барча аъзоларни бетўхтов, кетма-кет ювмоқ.

 

*** Ғусл одоби ва макруҳлари ***

Ғусл қилиш одоби таҳорат олиш одоби каби бўлиб, фақат ғуслда қибла томонга юзланмайди. Чунки ғуслда ав­рат жойлар очиқ бўлиши мумкин.

Изоҳ: Нопок жой бўлгани учун, яланғоч ҳолда, дуо ўқиш учун бўлса ҳам ҳаммомда гапирмаслик мустаҳабдир. Аврат жойларига қараши ҳаром бўлган кишилар кўрмайдиган пана жойда ювиниш ҳам мустаҳабдир. Пайғамбаримиз, соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Аллоҳ таоло ҳаё соҳибидир, яширинган Зотдир. Шу боис ҳаёли ва аврат жойларини яширган кишини севади. Сизлардан бир киши ювинаётганда одамлар кўрмайдиган, пана жойни танласин", мазмунидаги ҳадислари билан мазкур масалада мусулмонлар қандай ҳаракат қилишларини кўрсатиб берганлар. Аёллар ҳам бошқа аёллар орасида ювинишга мажбур бўлсалар, бошқалар кўрмайдиган пана жой топишлари зарур. Эркаклар орасида эса аёллар ювинишни бошқа қулайроқ вақтга қолдирадилар. Холи жойда ғусл учун ечинган одамнинг авратини бошқа одам кўриб қолганида, ювинаётган киши эмас, унга қараган одам гуноҳкор бўлади.

Таҳоратдаги мақруҳ ҳолатлар ғуслда ҳам мақруҳдир.

 

*** Суннат бўлган ғусл турлари ***

Тўрт амал учун ғусл қилиш суннатдир:

  1. Жума намози учун.
  2. Ҳайит намозлари учун.
  3. Ҳаж ва умра ниятида эҳромга кириш учун.
  4. Арафотда вуқуф қилиш учун.

 

*** Қуйидага ўн олти ҳолатда ғусл қилиш мустаҳабдир:

  1. Жанобат, ҳайз ва нифосдан пок ҳолда Исломни қабул қилганида.
  2. Ёши жиҳатидан, ҳукман балоғатга етганида (15 ёшга тўлган ўғиллар ва 12 ёшга тўлган қизлар эҳтилом ва ҳайз кўрмаган бўлсалар-да, ҳукман болиғ ва мукаллаф ҳисобланади).
  3. Мастлик ва телбалик боис ҳушидан кетиб, сўнг ўзига келганда.
  4. Қон олдирганидан сўнг.
  5. Майитни ювишдан олдин.
  6. Бароат (Шаъбон ойининг 15-дан 16-га ўтар) кечасини ибодат билан ўтказиш ниятида.
  7. Қадр кечасини ибодат билан ўтказиш мақсадида.
  8. Мадинаи Мунавварага кириш учун.
  9. Қурбон ҳайити куни тонгда Муздалифада туриш учун.
  10. Маккаи Мукаррамага зиёрат тавофи учун киришда.
  11. Қуёш ё ой тутилганида ўқиладиган намоз учун.
  12. Ёмғир сўраб дуо қилишга чиқиш олдидан.
  13. Бирор нарсадан қўрққанида ўқиладиган намоз учун.
  14. Кундузи (туман каби) зим-зиёликдан қўрқиб ўқиладиган намоз учун.
  15. Кечаю кундуз давом этган қаттиқ шамолдан қутулиш ниятида ўқиладиган намоз учун.
  16. Ҳар қандай гуноҳдан тавба қилиш учун.

 

Такрорлаш учун саволлар

  1. Таҳоратни таърифланг. Покланиш жоиз бўлган сувлар ҳақида гапириб беринг.
  2. Икки хил сифати бўлган суюқликлар қачон табиий сувни ўзгартирган бўлади? Сифати йўқ суюқликлар-чи?
  3. Қолдиқ сувни таърифлаб, унинг турларини, ҳар бир турнинг ҳукмларини айтиб беринг. Аксар қисми тоза бўлган сув идишлари ҳукми билан нопок ва тоза кийимларнинг аралашиб кетиши орасидаги фарқни баён қилинг.
  4. Нажас тушиб кетганида, катта қудуқ билан кичик қудуқ орасидаги фарқни айтиб беринг. Қўй ва туя қумалоғи билан қудуқ суви қандай ҳолатларда ифлос ҳисобланади?
  5. Қудуқ суви инсон нажосатидан қанча тушса ифлос бўлади? Агар сувга хачир, эшак гўнги, сўлаклари тушса, ҳукми қандай бўлади?
  6. Истинжо қачон суннат, қачон вожиб, қачон фарз бўлади? Эркак билан аёл истинжоси орасидаги фарқни айтинг, истинжода кўллаш макруҳ бўлган нарсаларни баён қилинг.
  7. Таҳоратнинг рукнлари, сабаблари, ҳукми, уни вожиб қиладиган ҳоллар, дурустлигининг шартлари ва макруҳларини тушунтириб беринг.
  8. Таҳорат қачон фарз, қачон вожиб ва қачон мустаҳаб бўлади?
  9. Таҳоратни бузадиган ва бузмайдиган нарсалардан бешта-бештасини айгиб беринг.
  10. Ғуслни вожиб қиладиган ҳамда вожиб қилмайдиган нарсаларни айтиб беринг.
  11. Ғуслнинг фарз ва суннатларини баён қилинг.
  12. Ғусл қилшп одоби, макруҳларини ва ғусл қачон суннат, қачон мустаҳаб бўлишини баён қилинг.

 

КЕЙИНГИ МАВЗУЛАР:

 

ТАЯММУМ:

Таямммумнинг сабаблари, вожиб бўлиш шартлари;

Таяммумнинг рукнлари;

Таяммумнинг суннатлари;

Сувни ахтариш;

Таяммум қилиб намоз ўқиш;

Яраси бор кишилар нима қилади?

Таяммумни бузадиган нарсалар;

Қўллари ва оёқлари кесилган кишилар.

МАСҲ БЎЛИМИ:

Маҳсига масҳ тортиш;

Маҳсига масҳ тортишнинг жоиз бўлиш шартлари;

Масҳнинг муддати;

Масҳнинг фарзи;

Масҳнинг суннатлари;

Масҳни бузувчи сабаблар;

Боғлагич (бинт), гипсга ўхшаш нарсалар ҳақида;

Такрорлаш учун саволлар;

  1. Ушбу дуони ўқиш:

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Агар бирортангиз ўз аҳлига яқинлик қилишни ирода этган пайтида:

“Бисмиллаҳи. Аллоҳумма! Жаннибнаш шайтона ва жаннибиш шайтона маа розақтана”

(Аллоҳнинг номи билан. Аллоҳим, биздан шайтонни четда қилгин, шайтонни бизни ризқлантирган нарсангдан четда қилгин) деса, албатта, агар ўшандан уларга фарзанд бериладиган бўлса, унга шайтон ҳеч қачон зарар етказа олмайди”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).

 

  1. Иффатни сақлаш, фаришталардан ҳаё қилиш.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Яланғоч бўлишдан сақланинглар. Чунки сиз билан қазои ҳожат ва эр киши ўз аҳлига қўшилган пайтдан бошқа вақтда ҳеч ажралмайдиганлар бўлади. Бас, улардан ҳаё қилинглар ва уларни икром этинглар”, дедилар (Имом Термизий ривояти).

 

  1. Аёл кишининг орқасига яқинлик қилмаслик.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким аёлининг орқасига яқинлик қилса, малъундир”, деганлар (Имом Абу Довуд ривояти).

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эркак ёки аёл кишининг орқасига яқинлик қилган кишига Аллоҳ назар қилмас”, дедилар (ИмомТермизий ривояти).

 

  1. Аёли билан қилган жинсий яқинлиги ҳақида одамларга сўзламаслик.

Абу Саъийд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қиёмат куни Аллоҳнинг наздида мартабаси энг ёмон одам аёлига яқинлик қилиб, аёли унга яқин бўлганидан кейин сирини одамларга ёйиб юрадиган кишидир”, дедилар (Имом Муслим, Имом Аҳмад ривояти).

 

Даврон НУРМУҲАММАД

19 ноябрь куни Ўзбекистон халқаро ислом академиясида “Диний бағрикенглик – тинчлик ва миллатлараро тотувлик гарови” мавзусида илмий-амалий конференция бўлиб ўтди. Мазкур конференция Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳамда Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳамкорлигида ташкил этилди.

Конференцияда республикамизда фаолият юритаётган бир қатор давлат ва жамоат ташкилотлари,  диний конфессия ва миллий маданий марказлар вакиллари иштирок этишди.

Шунингдек, анжуманда Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари М.Комилов иштирок этди ва нутқ сўзлади.

Конференциядаги маърузаларда юртимиздаги виждон эркинлигининг таъминлангани ҳамда динлараро ва миллатлараро тотувлик, ўзаро ҳамжиҳатлик ҳамда тинчлик ва осойишталикнинг гарови айнан ана шу тамойилларга бевосита боғлиқлиги алоҳида таъкидланди. Анжуман иштирокчилари Ўзбекистон ана шу улуғ қадриятни асрлар оша асраб-авайлаб, амалда қўллаб келаётганлигини эътироф этишди.

 

Дин ишлари бўйича қўмита матбуот хизмати

Видеолавҳалар

Top