www.muslimuz

www.muslimuz

Президент Шавкат Мирзиёев Мустақиллик байрами муносабати билан 65 нафар маҳкумга нисбатан афв эълон қилиш ҳақидаги Фармонга имзо чекди.

Фармонга биноан, 17 нафар шахснинг жазоси тўлиқ бекор қилинди, 13 нафари жазони ўташдан шартли равишда озод этилди, 20 нафар шахснинг жазоси енгилроғига алмаштирилди, 14 нафар шахснинг озодликдан маҳрум этиш тарзидаги жазо муддати қисқартирилди, 1 нафар шахс эса озодликдан маҳрум қилиш жазо чорасидан озод этилди.

Афв этилганларнинг 39 нафари тақиқланган ташкилотлардаги фаолияти учун жавобгарликка тортилган эди.

Афв этилганларнинг 1 нафари 60 ёшдан ошган шахслар, 4 нафари аёллар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

  1. Аввало, ижтимоий тармоқларга киришдан мақсадингиз шунчаки вақт ўтказиш, эрмак эмас, балки бошқаларга манфаат улашиш, улардан манфаат олиш, илмингизни ошириш, яхшиликка чорлаб, ёмонликдан қайтариш бўлсин!
  2. Ҳақни ёйинг!
  3. Ботилни ёйманг!
  4. Фаҳш, ҳаром, очиқ-сочиқ эркагу аёлларнинг расм ва видеоларини тарқатишдан, кўришдан тийилинг!
  5. Динни, уламоларни, шахсларни, халқларни камситадиган, обрў тўкишга қаратилган мақола, расм ва видеоларни пост қилиб қўйишдан, уларни тарқатишдан эҳтиёт бўлинг!
  6. Фойдасиз тортишувларга киришманг!
  7. Миш-миш айтувчи, тарқатувчи бўлманг! Маълумотларни тарқатишдан олдин текшириб, аниқлаштиринг!
  8. Пост қилиб қўяётган ҳадислар, ривоятлар ва қиссаларнинг саҳиҳлигига эътибор қилинг!
  9. Постларингиз билан одамларга илм-маърифат, яхшилик улашишга интилинг ва бу ишларнинг барчасини Аллоҳ таолонинг розилиги учун қилинг!
  10. Ёзаётган, юбораётган, улашаётган ҳар бир сўзингиз охиратда сизнинг зарарингизга эмас, фойдангизга гувоҳлик берадиган сўз бўлишига диққат қилинг!
  11. Яхшиликларга калит, ёмонликларга қулф бўлинг!
  12. Кўзингиз фаҳш, беҳаёлик каби қараш ҳаром бўлган расмлар ва видеоларга тушиб қолса, дарҳол истиғфор айтинг!
  13. Ижтимоий тармоқлардан меъёрида фойдаланинг! Ибодатни адо этиш, оиланинг нафақаси, силаи раҳм, қўшнига яхшилик қилиш каби зиммангиздаги масъулиятларингизни унутиб қўйманг!
  14. Постларга “ёқди” тугмасидан босишдан олдин бу иш иймонингизга футур етказадими ёки йўқми, аниқлаб олинг! Гуноҳ бўлган постларга “ёқди” тугмасини босиш иймонга салбий таъсир этади.
  15. Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларингизни охиратда Аллоҳ таолонинг ҳузурида, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларида хижолат бўлиб қолмайдиган тарзда юритинг!

Аллоҳ таоло бизни Динимизда кўрсатилган барча одоблар қатори интернетдан фойдаланиш одобларига ҳам амал қилувчи бандаларидан қилсин!

Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

  1. Хуфтон намозидан олдин ухламаслик ва хуфтондан кейин суҳбатлашмаслик:

Абу Барза розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хуфтондан олдинги уйқуни ва ундан кейинги суҳбатни ёқтирмасдилар” (Имом Бухорий ривояти).

Хуфтондан олдинги уйқу кечки уйқуга путур етказади. Ундан кейинги суҳбат эса бомдод намозига ухлаб қолиш хавфини келтириб чиқаради.

 

  1. Уйқуга таҳоратли ҳолда ётиш ва қуйидаги дуони ўқиш:

Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Ётоғингга келганда намозга қандай таҳорат қилсанг шундай таҳорат қил. Кейин ўнг томонингга ёт, сўнгра бундай дегин:

“Аллоҳумма асламту важҳий илайк ва фаввазту амрий илайк ва алжаъту зоҳрий илайк. Роғбатан ва роҳбатан илайк. Лаа малжаъа ва лаа манжа минка илла илайк. Аллоҳумма аманту бикитабик аллазий анзалта ва бинабиййик аллазий арсалта” (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).

“Ё, Аллоҳим! Сенга умид қилиб ва қўрқиб юзимни (ўзимни) Сенга таслим қилдим. Ишимни Сенга топширдим. Сенга суяндим. Паноҳ ва нажот фақат Ўзингдандир. Нозил қилган китобингга ва юборган набиййиннга имон келтирдим”.

 

  1. Тўшакни қоқиш ва “Бисмиллоҳ”ни айтиш:

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулулллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Қайси бирингиз ётоғига ётса, изорининг ички тарафи билан тўшагини қоқиб юборсин. Зеро, у ўзидан кейин тўшагига нима кирганини билмайди. Сўнгра бундай дейди: “Роббим! Номинг ила ётдим ва Сен ила тураман. Агар жонимни олсанг раҳм қил. Агар жонимни юборсанг (қайтарсанг) уни солиҳ бандаларингни сақлаганингдек асра” (Имом Бухорий ривояти).

 

  1. Ўнг томон билан ётиш.

 

  1. Ўнг қўлни юзининг тагига қўйиб ётиш ва ушбу зикрларни айтиш:

“Аллоҳумма бисмика амуту ва аҳя”

“Аллоҳим, исминг ила ўламан ва тириламан!”.

Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Қачонки, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам тунги ётоқларига борсалар, қўлларини юзларини тагига қўярдилар. Сўнгра: “Аллоҳим, исминг ила ўламан ва тириламан!” дердилар. Уйғонсалар:

“Алҳамду лиллаҳиллазий аҳяна баъда ма аматана ва илайҳин нушур”

“Жонимизни қабз қилгандан кейин қайта тирилтирган Аллоҳга ҳамд бўлсин. Қайта тирилиш Унинг Ўзигадир”, деб айтардилар (Имом Бухорий ривояти).

 

  1. Қоринни ерга қилиб ётмаслик:

عَنْ طِخْفَةَ الْغِفَارِيِّ ، قَالَ: أَصَابَنِي رَسُولُ اللَّهِ نَائِمًا فِي الْمَسْجِدِ عَلَى بَطْنِي فَرَكَضَنِي بِرِجْلِهِ، وَقَالَ: مَا لَكَ وَلِهَذَا النَّوْمِ. هَذِهِ نَوْمَةٌ يَكْرَهُهَا اللَّهُ، أَوْ يُبْغِضُهَا اللَّهُ

Тихфатул Ғифорий розияллоҳу анҳу айтдилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидда чалқанча ҳолатда ухлаб ётганимда кўриб қолдилар. Шунда, оёқлари билан туртиб: “Бу уйқу нимаси?! Буни Аллоҳ ёмон кўради”, дедилар» (Имом Ибн Можа ривояти).

 

  1. Уйқудан олдин Ихлос, Фалақ ва Нас сураларини тиловат қилиш:

Оиша розияллоҳу анҳо онамиздан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тунги ётоқларига борсалар, икки кафтларини бирлаштириб, уларга дам уриб – “Ихлос”, “Фалақ”, “Нас” сураларини қироат қилардилар. Сўнгра икки кафтларини баданларининг қўллари етгарлик жойларига суртардилар. Бошларидан бошлаб, сўнгра юзлари ва кетма-кет бошқа аъзоларига. Бу ишни уч марта қилардилар” (Имом Бухорий ривояти).

 

  1. Мулк сурасини тиловат қилиш.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Алиф лаам мийм” ва “Табарокаллази биядиҳил Мулку”ни қироат қилмасдан ухламас эдилар» (Имом Термизий ривояти).

 

  1. Зумар ва Исро сураларини ўқиш.

Оиша розияллоҳу анҳо онамиз ривоят қиладилар: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам “Зумар” ва “Бани Исроил” (Исро) сураларини ўқимасдан ухламасдилар» (Имом Термизий ривояти).

 

  1. Ўттиз уч марта “Субҳаналлоҳ”, ўттиз уч марта “Алҳамду лиллаҳ” ва ўттиз тўрт марта “Аллоҳу акбар”ни айтиш.

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Икки хислат бор. Ким унга амал қилса, албатта жаннатга киради. Иккиси осон, аммо унга амал қиладиган оздир.

Биринчиси, ҳар бир намоздан сўнг 10 марта тасбеҳ (Субҳаналлоҳ) айтади, 10 марта Аллоҳга ҳамд (Алҳамдулиллаҳ) айтади ва 10 марта такбир (Аллоҳу акбар) айтади. Бир кунда 150 та, тарозида эса 1500 та бўлади.

Иккинчиси, қачон ухлашга ётса, 34 марта такбир (Аллоҳу акбар), 33 марта ҳамд (Алҳамдулиллаҳ) ва 33 марта тасбеҳ (Субҳаналлоҳ) айтади. Жами 100 та, тарозида 1000 та бўлади”, дедилар.

Шунда саҳобалар розияллоҳу анҳум: “Ё Аллоҳнинг Расули! Нега осон бўлган бу амалларга амал қиладиганлар оз?” деб сўрашди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бу амални қилмоқчи бўлганнинг олдига шайтон намозда келиб, уни айтишидан олдин ҳожатини эсига солади. Уйқуга ётганида эса, уни айтишидан олдин ухлатиб қўяди”, деб жавоб бердилар (Имом Термизий, Имом Насоий ривояти).

 

  1. Таҳажжуд намозига туришни ният қилиб ётиш.

Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Ким ётоғига тунги намозга (таҳажжудга) туришни ният қилиб ётса ва тунги намозга ухлаб қолиб тонг орттирса, унга ният қилгани бўлибди. Уйқуси эса Роббиси азза ва жалладан у учун садақа бўлибди”.

 

  1. Чироқларни ўчириб, эшикларни ёпиш:

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳумо ривоят қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Идишларнинг оғзини ёпиб, эшикларни тамбалаб ва чироқларни ўчириб ётинглар, чунки сичқон пиликни тортиб юбориб, уй аҳлини ёқиб юбориши мумкин”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).

 

Даврон НУРМУҲАММАД

Вторник, 27 Август 2019 00:00

Аллоҳнинг раҳмати кенг

Биз мўминлар шундай саодатли умматмизки, Аллоҳ таоло Ўзининг раҳматини кенг қилиб, мағфират эшикларини биз учун очиб қўйган. Бунга қуйидаги оят далолат қилади. Аллоҳ таоло Ўз суюкли Пайғамбарига шундай амр қилган:

“Менинг ўз нафсларига зулм қилган бандаларимга: “Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлманглар! Албатта Аллоҳ (Ўзи хоҳлаган бандаларининг) барча гуноҳларини мағфират қилади”, деб айтинг” (Зумар, 53).

Ушбу оят маъносига кўра, банда билмай туриб бирон гуноҳ иш қилиб қўйиб, кетидан чин дилдан истиғфор айтса ва ўша ишни қайта қилмасликка қатъий қарор қилса, гарчи унинг гуноҳлари денгиз кўпигича бўлса ҳам, Аллоҳ таоло у банданинг гуноҳларини Ўз раҳмати ила кечириб юборади. Зеро, Аллоҳнинг раҳмати кенгдир.

Ибн Аббос розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Ўз нафсларига зулм қилган бандаларимга... айтинг ояти Макка мушриклари ҳақида нозил бўлган” (Ибн Жарир ва Ибн Абу Ҳотим  ривояти).

Ато ибн Ясор айтади: “Бу уч оят – “ўз нафсларига зулм қилган бандаларимга... айтинг”дан “ўзларингиз сезмаган ҳолингизда”гача (Зумар, 55) – Мадинада Ваҳший ва унинг дўстлари ҳақида нозил бўлган” (Ибн Жарир ривояти).

Абу Саиддан ривоят қилинади: “Ваҳший мусулмон бўлганида Аллоҳ таоло “улар Аллоҳ билан бирга бошқа илоҳга дуо-илтижо қилмайдилар ва Аллоҳ (ўлдиришни ҳаром қилган) бирон жонни ноҳақ ўлдирмайдилар” оятини нозил қилди. Шунда Ваҳший ва унинг ҳамроҳлари: “Биз олдин бу гуноҳларнинг ҳаммасини қилганмиз-ку?!” дейишди. Шунда Аллоҳ таоло “ўз нафсларига зулм қилган бандаларимга... айтинг” оятини нозил қилди” (Ибн Абу Ҳотим  ва Ибн Мардавайҳ ривоят қилган).

Савбон розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Дунё ва ундаги бор нарсадан кўра менга ушбу оят – ўз нафсларига зулм қилган бандаларимга... айтинг – ояти афзалдир”, деганларида, бир киши: “Эй Расулуллоҳ, қайси бир инсон ширк келтирса ҳам (Аллоҳ унинг гуноҳларини кечириб юбораверадими?)” деб сўради. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам индамадилар ва кейин: “Йўқ, фақат ширк келтирган(ларнинг гуноҳи кечирилмайди)”, деб уч марта айтдилар” (Аҳмад, Ибн Жарир, Байҳақий, Ибн Абу Ҳотим, Ибн Мардавайҳ ривояти).

Албатта, Аллоҳнинг раҳмат-мағфиратига сазовор бўлиш ўткинчи дунё ашёларига эришишдан кўра яхшироқ. Аммо бунинг учун ширк деб аталмиш иллатдан саломат бўлиб, мўмин ҳолида яшаш ва мўмин ҳолида Аллоҳнинг даргоҳига бориш керак.

Абдуллоҳ ибн Масъуд розийаллоҳу анҳу шундай деган: “Ушбу оят Қуръони каримдаги энг умидбахш оятлардан биридир”.

Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам кулишиб ўтирган бир гуруҳ саҳобалар олдига чиқиб, “нафсим қўлида бўлган Зотга қасамки, сизлар мен билган нарсаларни билганингизда, кам кулиб, кўп йиғлар эдингиз”, дедилар ва кетдилар. Шунда қавм йиғлай бошлади. Аллоҳ у зотга ваҳий қилиб, “эй Муҳаммад, бандаларимни ноумид қилма!” деди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ортларига қайтиб бордилар ва: “Хурсанд бўлинглар, яқин бўлинглар ва тўғри бўлинглар!” дедилар” (Бухорий “Ал-адабул-муфрад”да ривоят қилган).

Ибн Масъуд розийаллоҳу анҳу одамларга ваъз-насиҳат қилаётган кишини кўриб, унга: “Эй одамларга ваъз айтувчи, сен бандаларни Аллоҳнинг раҳматидан ҳеч қачон ноумид қилма”, деб “ўз нафсларига зулм қилган бандаларимга... айтинг” оятини тиловат қилди. (Байҳақий, Табароний, Ибн Жарир, Ибн Абу Ҳотим , Ибн Абу Шайба, Абд ибн Ҳумайд, Ибн Абу Дунё ривояти).

Али ибн Абу Толиб розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Одамларни Аллоҳ таолонинг раҳматидан ноумид қилмаган, уларнинг маъсиятга ботишларига рухсат бериб қўймаган, уларни Аллоҳнинг азобидан омонда қилиб қўймаган, бошқа нарсадан таъма қилиб Қуръонни ташлаб қўймаган фақиҳ ҳақиқий фақиҳдир. Зеро, илм йўқ ибодатда яхшилик йўқ, тушуниш бўлмаган илм илм эмас, тадаббур бўлмаган қироат қироат эмас” (Ибн Зурайс ва Абулқассом ибн Башир ривояти).

Зайд ибн Аслам розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, ўтган умматларда бир киши жуда кўп ибодат қиларди, ҳатто ўзига оғир ҳам қилиб қўярди. Аммо ваъз-насиҳат қилса, одамларни Аллоҳ таоло раҳматидан ноумид қиларди. У вафот этди ва: “Эй Парвардигор, мен учун Сенинг ҳузурингда нима бор?” деди. У Зот: “Жаҳаннам”, деди. Шунда банда: “Шунча қилган ибодатим ва ҳаракатларим қаерда қолди?!” деди. Шунда унга: “Сен одамларни Менинг раҳматимдан ноумид қилардинг. Бугун Мен ҳам сени раҳматимдан ноумид қилман!” дейилди” (Абдураззоқ ва Ибн Мунзир ривояти).

Абу Айюб Ансорий розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Агар сизлар гуноҳ қилмасангиз, Аллоҳ гуноҳ қиладиган бир қавмни яратади ва уларни мағфират қилади”, деб айтганларини эшитганман” (Муслим ва Ибн Абу Шайба ривояти).

Анас ибн Молик розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, агар сизлар еру осмонни тўлдириб юборадиган даражада (кўп) гуноҳ қилсаларингиз, кейин Аллоҳга истиғфор айтсангиз, У Зот (гуноҳларингизни) албатта кечиради. Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган Зотга қасамки, агар сизлар гуноҳ қилмасангиз, Аллоҳ гуноҳ қилувчи (бошқа) қавмни келтиради. Сўнг улар истиғфор айтадилар ва Аллоҳ улар(нинг гуноҳлари)ни кечириб юборади”, дедилар” (Аҳмад, Абу Яъло ва Зиё Мақдисий ривояти).

Ушбу ҳадиси шарифдан, авваламбор, Аллоҳнинг мағфирати улуғлиги ва У Зот бандаларига меҳрибон экани, иккинчидан, хато-гуноҳ ишларни қилиш инсон табиатига хослиги, шунингдек, киши бир хатога бехосдан йўл қўйганида дарров ўзини ўнглаб, хатоси учун пушаймон бўлиши ва Аллоҳга кўп истиғфор айтиши лозимлигини билиб оламиз.

Агар киши бирон маъсият ишни қилиб қўйгач, афсус-надомат чекса, Аллоҳ ана ўша бандани яхши кўради, гуноҳини тан олмай, кибр-ҳаво қилган кимсалардан эса ғазабланади. Ушбу маънодаги ҳадисни Али ибн Абу Толиб розийаллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилган:

“Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло бирон гуноҳни бехосдан содир этиб, сўнгра муттасил тавба қилувчи бандасини яхши кўради” (Аҳмад, Абу Яъло ва Байҳақий ривояти).

Демак, бизлар биринчи навбатда, Аллоҳ таолога осий бўлмасликка ҳаракат қилишимиз, агар ногаҳон шундай ҳолат юз берган тақдирда дарров Улуғ ва Меҳрибон Парвардигоримизга илтижо қилиб, хатоларимизга пушаймон бўлишимиз лозим экан. Шунда ҳам гуноҳлардан фориғ бўламиз, ҳам Аллоҳнинг розилигига эришамиз.

 

Одилхон қори Юнусхон ўғли,

Тошкент шаҳридаги “Хўжа Аламбардор” жоме масжиди имом-хатиби

 

Янги ҳижрий 1441 йил милодий 2019 йил 31 августдан бошланади. Унинг биринчи ойи Муҳаррам бўлиб, Рамазон ойидан кейин энг ҳурматли ой ҳисобланади. Ашуро куни эса Муҳаррам ойининг ўнинчи кунидир. Муҳаррам ойи ва унда рўза тутишнинг фазилати ҳақида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир қанча ҳадис ривоят қилинган. Жумладан:


"أَفْضَلُ الصِّيَامِ بَعْدَ رَمَضَانَ شَهْرُ اللهِ الْمُحَرَّمُ" (رَوَاهُ الْاِمَامُ مُسْلِمٌ عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ)
яъни: Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Рамазондан кейин рўзаларнинг афзали Аллоҳнинг ойи Муҳаррам (рўзаси)дир” (Имом Муслим ривояти). Яна бир ҳадисда шундай марҳамат қилинган:


"صِيَامُ يَوْمِ عَاشُورَاءَ إِنِّي أَحْتَسِبُ عَلَى اللَّهِ أَنْ يُكَفِّرَ السَّنَةَ الَّتِي قَبْلَهُ " (رَوَاهُ الْاَمَامُ التِّرْمِذِيُّ عَنْ أَبِي قَتَادَةَ).
яъни: Абу Қатода разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Ашуро куни рўзаси (сабабли) Аллоҳ ўтган йилги гуноҳларни кечиришини умид қиламан” (Имом Термизий ривояти).
Бундай улкан имконият Аллоҳ таолонинг биз – бандаларига қилган фазл ва марҳаматидир.


Ашуро куни (Муҳаррамнинг 10-куни)нинг рўзасини 9-куни билан қўшиб тутиш суннат амалдир. Фақат Ашуро кунининг ўзида рўза тутиш макруҳдир (“Фатвои Ҳиндия” китоби).
Ашуро кунидан аввал ҳам, кейин ҳам бир кун рўза тутиш мустаҳаб бўлади (“Фатҳул Қадир” китоби).
Ашуро куни оила аҳлига кенгчилик қилиш борасида ҳадиси шарифда шундай деганлар:
"مَنْ وَسَّعَ عَلَى عِيَالِهِ يَوْمَ عَاشُورَاءَ وَسَّعَ اللهُ عَلَيْهِ فِي سَائِرِ سَنَتِهِ (َروَاهُ الْاِمَامُ الْبَيْهَقِيُّ عَنْ عَبْدِ اللهِ ابْنِ مَسْعُودٍ).
яъни: Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Ким оила аҳлига Ашуро кунида (озиқ-овқат, кийим-кечакда ва бошқа нарсаларда) кенгчилик қилса, йилнинг қолганида Аллоҳ унга кенгчилик қилади” (Имом Байҳақий ривояти).
Имом Суфён ас-Саврий ҳазратлари: “Биз ушбу ҳадисни амалда қўллаб кўрдик ва унинг айтилганидек эканлигига гувоҳ бўлдик,” – деганлар. Суфён ибн Уяйна: “Биз буни 50-60 йил тажриба қилиб кўрдик ва фақатгина яхшилик кўрдик”, – деган.
Демак, Ашуро куни бозорлик қилиб, рўзғорини бут қилиб олса, йилнинг қолган ойлари ҳам баракали бўлиши умид қилинади. Бу йил Ашуро куни 9 сентябр душанба кунига тўғри келмоқда.
Фазилатли ойлардан бўлган Муҳаррамдаги ҳар бир лаҳзани ғанимат билайлик. Янги ҳижрий йил юртимиз, халқимиз, оиламиз учун тинчлик, хотиржамлик, хайрлик, баракали йили бўлишини Аллоҳ таоло насиб айласин!

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати.

Видеолавҳалар

Top