muslimuz

muslimuz

Ўзингизга доим қуйидаги саволларни беринг:

Мен кимман?

Шу жойгача қандай қилиб келдим?

Энди қаерга кетмоқчиман?

Нима мақсад билан кетмоқчиман?

Йўлимда қандай тўсиқлар учрайди? Улардан қандай ошиб ўтаман?

Сизнинг ҳозирги ҳаётингиз олдинги фикрларингизнинг ҳосиласидир! Шундоқ экан, фикрлашингизни ўзгартирсангиз, ўз оламингизни, яшаш тарзингизни бутунлай ўзгартирган бўласиз! Аллоҳ таолонинг оятини эсланг: “Албатта, то бир қавм ўзларини ўзгартирмагунларича, Аллоҳ уларнинг ҳолини ўзгартирмас” (Раъд сураси, 11-оят).

Фикрлаш ҳар бир ҳаракатнинг асосидир. Демак, фикрлашингизни ўзгартирсангиз, иш-ҳаракатларингиз ҳам ўзгаради. Агар сизда бирор ёмон одатдан қутилиш учун ҳақиқий хоҳиш бор бўлса, ундан ярим шифо топган бўласиз!

Сиз одамлар ҳақида қандай гумон қилсангиз, улар ҳам сиз ҳақингизда шундай ҳукм қилишади, натижада ташқи ҳолатингиз ички дунёйингизнинг акси бўлиб қолади.

Бутун дунё мол-мулкини йиғиб келсангиз ҳам, асло саодатни сотиб оломайсиз. Чунки саодат расталари сизнинг фикрингиз, ҳис-туйғуларингизда жойлашган. Уни фақат ўша ердан сотиб олишингиз мумкин. Шуни англаб етганингиздагина муваффақиятли ва бахтли бўласиз...

Аввало Аллоҳга, кейин ўзингизга ишонинг. Негаки, одамларнинг сизга бўлган ишончи ўзингизга бўлган ишончингиздан келиб чиқади. Салбий шахслардан имкон қадар узоқ бўлинг, чунки улар ўзингизга бўлган ишончни кетказадиган асосий омилдир!

Шуни аниқ билингки, сизни соғлом ёки касал, бахтсиз ёки бахтли, бой ёки фақир қиладиган нарса бу – ақлдир! Шунинг учун ақлингиз устидан ҳукмрон бўлишни ўрганинг.

Қоқилмаган одам муваффақиятга эришолмайди. Аслида буни қоқилиш ёки омадсизликка учраш деб номлаш ҳам хато. Буни ҳаётий тажрибалар дейиш керак. Чумчуқдан қўрққан тариқ экмас!

Муваффақият чўққисига кўтарилиш имконсиз кўринса, унга нарвон қўйиб, зинама-зина чиқинг!

Муаммолар, хатолар ҳақида ўйлаб вақтингизни кетказманг, уларга ечим топиш ҳақида ўйланг! Ҳар қайси ишда, ҳар қандай вазиятда масъулиятни ҳис қилинг!

Одамнинг хаёлида ҳар куни минглаб фикрлар айланади, уларнинг аксарияти салбий фикрлардир. Сиз ўша салбий фикрларни йўқотишга интилинг, ийжобийларини эса қалбингиз суви билан суғоринг. Яъни хаёлингизга келган ижобий фикрларни қалбингизга ўрнаштиринг! Биз инсонлар фикрларимиз ўзгаришига қараб кунига неча маротабалаб ўзгарамиз.

Фикрларингизни назорат қилинг, зеро улар гапларга айланади!

Гапларингизни назорат қилинг, зеро улар ҳаракатга айланади!

Ҳаракатларингизни назорат қилинг, зеро улар одатга айланади!

Одатингизни назорат қилинг, зеро у шахсиятга айланади!

Шахсиятингизни назорат қилинг, зеро у ҳаёт йўлингизга айланади!

 Доктор Ҳассон Шамси Пошонинг "Метин қоялар" китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Неъматуллоҳ Исомов таржимаси.

Среда, 29 Ноябрь 2023 00:00

Қурбонлик қутиси

Отам уйга пул йиғадиган қути қўйиб уни “Қурбонлик қутиси” деб номладилар. Кейин ҳар биримизни бу қутига пул йиғишда ўз ҳиссамизни қўшишга тарғиб қилдилар. Биз ҳам оиладаги ва шахсий ҳаражатларимиздан орттириб ҳар ойлик олганимизда қўлимиздан келганича қутига пул йиғишда ўз ҳиссамизни қўшиб турдик.

Қурбонлик куни яқинлашиб қолгач, отам бошчиликларида барча оила аъзоларимиз билан биргаликда қутини очдик. Қарасак, ўзимиз билмаган ҳолда талайгина маблағ тўпланибди. Йиғилган пулга қурбонлик учун қўзи сотиб олдик. Бу қурбонликнинг ўзгача таъми бор эди. Тўғри, қурбонлик қўзимиз шаръий жиҳатдан ҳар биримизнинг номимиздан ўтмаса ҳам, лекин, биз ҳар биримиз Аллоҳ учун қурбонликка ўз молимиздан бир қисмини бағишлашни ўргандик.

Доктор Абдуллоҳ Муҳаммад Абдулмуътининг

Фарзанд тарбиясида 700 та сабоқ” китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Камронбек Ислом таржимаси.

Вторник, 28 Ноябрь 2023 00:00

Чиройли ҳаёт кечирай десангиз

Чиройли ҳаёт кечирай десангиз, ёрқин келажакка эришай десангиз, баъзи ҳаётий ҳақиқатларни билишингиз лозим! Уларни доим хотирангизда сақлашингиз ҳаётингизни Аллоҳнинг изни билан идора қилишингизда ёрдам берувчи захира кучини ҳосил қилади.

Биринчи ҳақиқат: Сиз энг гўзал ҳаёт кечиришга, бошқалардан фарқли бўлган инсоний муносабатларни ўзингиз учун қарор топтиришга ҳақли шахссиз! Аллоҳ сизни яхши яшашингиз, бахтли ҳаёт кечиришингиз учун яратган, сизни сийлаган, қадрингизни кўтарган. Бу Қуръони каримнинг “Батаҳқиқ, Биз инсонни энг яхши суратда яратдик” (Тийн сураси, 4-оят) оятида намоён.

Иккинчи ҳақиқат: Хато иш сизни ёмон одам қилиб қўймайди. Муваффақиятсиз ҳаракат сизни нодонга, билмасвойга чиқармайди. Билингки, ичингиздаги ҳис-туйғуларни, фикрларни юзага чиқариш сизнинг энг катта ҳуқуқларингиздан биридир!

Учинчи ҳақиқат: Ҳозирги замонда барча марралардан ўзиб кетиш фақатгина рақобатлашишнинг ўзи билан амалга ошмайди. Рақобатга кўпчилик эриша олади. Бироқ юксак чўққиларга чиқишдаги энг кучли омил бу – ҳаётнинг барча жабҳаларида устунликка эришишдир.

Тўртинчи ҳақиқат: Қўлингизда кўп нарсаларни амалга ошириш имконияти бор. Ҳақиқий ногирон танаси ногирон киши эмас, балки ички истеъдодлар ва яширин имкониятларни идрок қилолмаслик ҳақиқий ногиронликдир!

Бешинчи ҳақиқат: Сизнинг асосий жангингиз асло-асло душманларингиз билан бўлмайди, сизга тузоқ қўядиганлар билан ҳам бўлмайди. Ҳақиқий жанг – сиз ва ҳою-ҳавасларингиз, баъзи ишларда билимсизлигингиз ўртасида бўлади. Чунки айнан шу нарсалар бир жойда қотиб қолишга, юксалмасликка асосий сабабдир. Шубҳасиз муфаққиятга эришишдаги энг муҳим меъёр – аввало ўзингизга ҳукмрон бўлишингиз ва нафзингизни эгаридан тутишингиздир. Билингки, нафсингиз истаган нарсани унга бераверсангиз, ундан қутилиш худди эмизикли болани кўкракдан чиқаришдек қийин бўлиб қолади.

Олтинчи ҳақиқат: Ҳаётингиздаги ҳеч бир нарса беш йил ўтиб ўзидан-ўзи ўзгариб қолмайди. Унинг учун аввало қабул қилиш манбаларингиз ўзгариши лозим. Бу яна асосан ўқиб-ўрганаётганларингиз, кимлар билан ҳамсуҳбат бўлаётганингизга қараб ҳам бўлади.

Еттинчи ҳақиқат: Ишнинг боши ўзингизга тақалади, хаёлингизда ўзингизни қандай тасаввур қилишингизга келиб тақалади. У ё сизни тоғнинг чўққисига олиб чиқади, ё бир кичик тепаликка кўтаради. Ўзингизни қийматли, кўп иш қилишга қодир деб кўрсангиз ҳақиқатан ҳам шундай бўлади. Аксини кўрсангиз акси бўлади!

Саккизинчи ҳақиқат: Ўзгаришнинг ҳам, ўзгармасликнинг ҳам бадали бор, ё ўзгариш учун пул тўлайсиз, ё ўзгармаслик учун пул тўлайсиз. Гап шундаки, ўзгаришнинг натижаси тез ҳосил бўлади, ўзгармасликнинг натижаси эса анча секин юзага чиқади! Оқил одам – эртага роҳатланиши учун бугун ўзини чарчатган кишидир.

Тўққизинчи ҳақиқат: Ҳаёт елдек ўтиб кетаверади, ишлар ҳам кун сайин чигаллашиб бораверади. Бахтли одамлар ҳар бир лаҳзадан завқ оладиган кишилардир. Улар шодлик лаҳзаларини асло ўтказиб юбормайдилар. Дам олишга, завқланишга вақт тополмаган одам алал-оқибат вақтини касаллик билан ўтказиши муқаррар!

Ўнинчи ҳақиқат: Оқил одам дарёдан ўтиш учун қайиқ ясайди, дарёнинг тўлқини менга зарар бермасин деб, ўзини ҳимоялаш учун тўғон қуриб ўтирмайди. Бу нодон кишининг ишидир!

Доктор Ҳассон Шамси Пошонинг "Метин қоялар" китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Неъматуллоҳ Исомов таржимаси.

Қизим боғчага борганида ҳам вазифаларини бажаришга қийналар эди. Мактабга бора бошлаганидан кейин ҳам шу ҳолат давом этди.

Бир куни қайсидир фандан икки баҳо олиб келди. Аёлим уйни бошига кўтариб қизимни уруша бошлади. Шунда мен аёлимни ёнимга чақириб, қизимиз шундоқ ҳам афсусда эканлигини, унга бақириш ортиқчалигини тушунтирдим. Кейин қизимни чақирдим. У кўз ёшларини артиб ёнимга келди. Қизимни бағримга босган кўйи: “Қизим, ҳафа бўлма, хоҳлаган баҳоингни олавер”, деб кўнглини юпатдим.

Кейин қизимни дарсдан кейин шуғулланиши учун моҳир устоз қўлига топширдим. Шундан сўнг доимо қизимнинг ўқишларидан хабардор бўлиб, вақти-вақти билан уни ўқишга қизиқтириб турдим. Қизим ҳар сафар беш баҳо олса ёки қандайдир муваффақиятга эришса, уни бағримга босиб, пешонасидан ўпиб қўяр ва “Баракаллоҳ қизалоғим, қандай баҳо олсанг ҳам мен сени яхши кўраман” дер эдим.

Ўқув йили тугаб қизим уйга онаси билан кириб келганда юзида қувонч аломатлари балқиб турар эди. Қизимнинг қўлида ўқув йили охирида энг фаол ва аълочи ўқувчиларга бериладиган мақтов ёрлиғи бор эди. Ўқув йили якуний натижаларига кўра, қизим ўқиши ва хулқида намуна бўлиши билан бирга умумий баҳолар бўйича синфида иккинчи ўринни ҳам эгаллабди.

Демак, мен тушундимки, боланинг таълими ва тарбиясига меҳр-муҳаббат ва шафқат билан ёндашиш болани муваффақиятсизлар сафидан муваффақиятлилар мартабасига кўтарар экан.

Доктор Абдуллоҳ Муҳаммад Абдулмуътининг

Фарзанд тарбиясида 700 та сабоқ” китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Камронбек Ислом таржимаси.

Вторник, 28 Ноябрь 2023 00:00

Аллоҳ ҳақида яхши гумонда бўлинг!

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидда эътикоф ўтирган эдилар. Кечаси София розияллоҳу анҳо онамиз у зотнинг зиёратларига бордилар, бироз гаплашишди, сўнг София онамиз уйларига кетмоқчи бўлдилар. Набий алайҳиссалом кузатгани турдилар.

Шунда ансорийлардан икки киши ўтиб қолди. Улар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни кўришлари билан тезлаб қолдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Шошилманг, бу аёлим Софиядир”, дедилар.

«Субҳаналлоҳ! Ё Аллоҳнинг Расули!» дейишди. Яъни сизга ҳеч қачон шубҳа қилмаймиз. Сиз Аллоҳнинг пайғамбарисиз.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, шайтон инсоннинг қон юрар жойида юради. Мен у сизнинг қалбингизга бирор нарсани ёки ёмонликни отишдан қўрқдим”, дедилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу ҳадисларидан жуда кўплаб сабоқлар олиш мумкин.

Биринчидан, одамларнинг фикрига ёмон ҳаёллар келиб турар экан. Шуни билишимиз керакки, шайтон инсонни ёмон фикрлар билан ғўзғатади. Масалан, кўча-кўйда бир аёлни бир эркак билан кетаётганини кўрсак ёки кимнингдир усти бошини кўриб нотўғри хулоса чиқаришга шошиламиз. Бир жойда бир танишингизни кўриб, дарҳол у ҳақда ёмон гумонга борманг, чунки аслида унинг нияти бутунлай бошқа бўлган бўлиши мумкин. Шуни асло унутмангки, шайтон инсонни ёмон йўлга бошлаш учун доимо васваса қилиб, ёмон фикрларга ундайди.

Иккинчидан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларини ёмон гумонга тушиб қолишдан қайтарганлар. Шунинг учун, “хотиржам бўлинг, бу менинг аёлим София” деб ҳатто саҳобаларда ёмон фикр туғилмаган бўлса ҳам, уларни турли гумонга бормасликларининг олдини олдилар.

Ҳамиша яхши фикрда бўлиш кишилар ўртасида дўстлик ва ишонч ришталарини мустаҳкамлайди. Ёмон фикр инсонлар орасида кенг тарқалган хавфли касалликдир. Ҳатто баъзан эркак киши шайтоннинг васвасаларига учиб, ўз аёлига ҳам шубҳа билан қараб, жосуслик қилади. Натижада, орада ишонч йўқолади.

Баъзилар ён-атрофидаги барча одамларга шубҳа билан қарайди. Улар нима иш қилишса, ҳаммасини таҳлил қилади. Биз ҳамиша атрофимиздаги барча нарсага яхши гумон билан қарашга одатланишимиз лозим.

Албатта, бундан бефарқ бўлиш керак деган тушунчага бормаслик керак. Бу иккиси ўртасида катта фарқ бор. Масалан, нарса сотиб олиш ва сотишда ёки бошқа муомаларда зийрак бўлиш талаб этилади. Текширмай, суриштирмай кўрганимизга ишониб кетавермаслигимиз лозим. Бундай ҳолатларда ақл-идрок яхши гумондан устун қўйилмайди.

Яхши гумон қилишда ота-боболаримиз гўзал намуна эдилар. Улар бирор мусибатга учрашса ҳамиша "бунда бир яхшилик бор" деб айтишарди. Мисол учун, бир идиш синиб қолса ёки бирор кўнгилсиз ҳолат рўй берса, ҳатто ишлари юришмаса ҳам "Инша Аллоҳ бунда бир яхшилик бор" дейишарди. Аммо биз бирор мусибатга учрасак бир зумда тушкунликка тушамиз. Бироқ ўтган улуғларимиз "Бунда яхшилик бор, Аллоҳ мендан бир ёмонликни кетказди. Ҳар бир кечикишда бир яхшилик бор" деб яхши гумонда бўлишарди. Биз ҳам ҳамиша Аллоҳ ҳақида яхши гумонда бўлишга интилишимиз керак.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ажойиб бир воқеани ривоят қилиб берганлар: “Сизлардан олдингилар ичида 99 та одамни ўлдирган бир кимса бор эди. У ер юзи аҳлининг энг билимдон кишисини суриштирди. Уни бир роҳибга далолат қилишди. У роҳибнинг олдига келди ва ўзининг 99 та жонни ўлдирганини, тавба қилишига имкон бор-йўқлигини сўради. Роҳиб: “Имкон йўқ” деб жавоб берди. Бояги кимса роҳибни ҳам ўлдирди ва саноқни 100 тага етказди. Кейин яна ер юзининг энг илмли кишисини суриштирди. Уни бир олимга далолат қилишди. У бориб, ўзининг 100 та жонни ўлдирганини, энди тавба қилишига имкон бор-йўқлигини сўради. Олим: “Имкон бор. Сен билан тавба орасини ким тўса олади?! Сен фалон ерга бор. У ерда Аллоҳ таолога ибодат қилаётган инсонлар бор. Улар билан бирга ибодат қил. Ўз еринггга қайтма. Чунки у ёмон жой экан” деб жавоб берди. Бояги кимса айтилган томонга жўнади. Ярим йўлга етганда, вафот этди. У одам хусусида раҳмат фаришталари билан азоб фаришталари тортишдилар. Раҳмат фаришталари: “Бу одам тавба қилган ҳолда қалби билан Аллоҳ таоло сари кетаётган эди” дейишди. Азоб фаришталари: “Бу одам ҳеч яхшилик қилмаган” дейишди. Шунда уларнинг ёнига бир фаришта одам суратида келди. Фаришталар уни бу ишга ҳакам қилдилар. У: “Сизлар унинг яшаган жойи билан бормоқчи бўлган жойини ўлчаб кўринглар. Бу одам қайси тарафга яқинроқ бўлса, ўша тарафга ҳукм қилинади” деди. Фаришталар ўлчаб кўрсалар, у одам бормоқчи бўлган тарафига яқин экан. Дарҳол унинг руҳини раҳмат фаришталари кўтариб олдилар”.

Аллоҳ ҳақида яхши гумонда бўлишнинг чегараси йўқ, чунки бу Аллоҳ билан мулоқотнинг бир туридир. Аллоҳ таоло ҳадиси қудсийда бундай марҳамат қилган: "Мен бандам мен ҳақимда нима гумон қилса, ўшандайман. У Мени зикр қилган чоғда, Мен у биланман".

Шундай экан, Роббингиз ҳақида яхши гумонда бўлинг. Жаннатнинг энг олийсини сўранг, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга бўлишни сўранг. Албатта, Аллоҳ таоло бу дунёда ҳам, охиратда ҳам кўплаб неъматларини беради.

Агар бирор мусибатга учрасангиз буни синов деб билинг, Аллоҳ сизнинг даражангизни кўтаришини умид қилинг. Агар бирор яхшилик етса, буни Аллоҳнинг неъмати деб билинг! Ҳамиша яхши гумон ва ниятда бўлинг.

Унутмангки! Аллоҳ таоло сизга асло ёмонликни раво кўрмайди, сизга фақат яхшиликларни хоҳлайди....

 Даврон НУРМУҲАММАД

 

Видеолавҳалар

Top