muslimuz

muslimuz

رَبَّنَا اغْفِرْ لِي وَلِوَالِدَيَّ وَلِلْمُؤْمِنِينَ يَوْمَ يَقُومُ الْحِسَابُ

Ўқилиши: “Роббанағфир лий ва ливаалидайя ва лил муьминийна явма яқуумул ҳисааб”.

Маъноси: “Эй Роббимиз, мени, ота-онамни ва мўминларни ҳисоб қилинадиган куни мағфират айлагин” (Иброҳим сураси, 41-оят).

 
رَبِّ ارْحَمْهُمَا كَمَا رَبَّيَانِي صَغِيرًا

Ўқилиши: “Роббирҳамҳумаа камаа Роббайааний соғийро”.

Маъноси: “Роббим! Мени (улар) гўдаклик чоғимда тарбиялаганларидек, Сен ҳам уларга раҳм қилгин!” (Исро сураси, 24-оят).

Аллоҳ таолога беадад шукрлар бўлсин Ўзи бизни муборак Рамазон ойига етказиб, бу ойнинг ибодатларидан баҳраманд этмоқда. Аллоҳ ўзининг ибодатига лойиқ кўриши биз учун чексиз неъматдир. Чунки ибодат банданинг бу дунёдаги энг асосий мақсад ва вазифаларидан биридир. Инсон яратилишидан кўзланган бош ғоя ҳам шундан иборатдир. Бу ҳақда Қуръони каримда Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Мен жинлар ва инсонларни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим» (Зориёт сураси, 56-оят).

Рамазон ойи биз учун Аллоҳга яқин бўлиш, хулқимизни сайқаллаш, савобли амалларни кўпроқ қилиш, имонимизни мустаҳкамлаш каби ибодатлар учун қулай бир фурсатдир.

Қуръони каримда рўза тутиш ибодати Одам алайҳиссаломдан бошлаб то Муҳаммад алайҳиссалом давригача ўтган барча пайғамбар ва умматларга фарз қилингани таъкидланади. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: Эй, имон келтирганлар! Сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди, шояд (у сабабли) тақволи бўлсангиз” (Бақара сураси, 183-оят).

Демак, рўза банда учун шунчалик муҳим ибодатдирки Аллоҳ уни тутишликни барча умматга фарз қилди. Эҳтимол, рўзанинг фазилати бунчалик кўп бўлмаганда барча уммат учун бирдек фарз бўлмаган бўларди.

Ҳадиси қудсийда Аллоҳ таоло: “Одам боласининг ҳамма амали ўзи учун, фақат рўза Мен учундир ва унинг мукофотини Мен – Ўзим бераман”, деди (Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Насоий ва Имом Аҳмад ривоят қилишган).

Аллоҳ таоло барча солиҳ амаллар ичидан фақатгина рўзани Ўзи учун танлагани бу ибодатнинг нечоғлик улуғ эканлигига далолат қилади.

Рўза ибодати банда ва Робби ўртасидаги энг махфий ибодатлардан бири ҳамдир. Рўзадор кун давомида бир неча бор ўзи ёлғиз қолганда ейиш ёки ичишга имкони бўлса ҳам Аллоҳнинг кузатиб турганлигини ҳис қилиб, ейиш-ичишдан нафсини тияди, сабр қилади. Шунда рўзанинг асл ҳақиқати намоён бўлиб, банда Аллоҳга тобора яқин бўлиб боради.

Рўза қиёмат куни ўз эгасини шафоат қилади. Бу ҳақда Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Рўза ва Қуръон (қиёмат куни) бандани шафоат қилади. Рўза айтади: “Ё, Роббим, мен уни кундузи таом ва шаҳватлардан тўсдим, энди уни шафоат қилишим учун изн бер”. Сўнгра Қуръон айтади: “Ё, Роббим, мен уни кечаси уйқудан тўсдим. Энди уни шафоат қилишим учун изн бер”. Бас, у иккисига (бандани) шафоат қилиш имкони берилади” (Имом Аҳмад ривояти).

Дарҳақиқат, рўза ойининг фазилатлари чексиз, уни санаб адоғига етиб бўлмайди. Ҳар бир инсон ўзининг саъй-ҳаракат ва ниятига кўра бу ойнинг савобидан турлича баҳраманд бўлади. Бироқ Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги ҳадисларига кўра ҳар бир рўзадорнинг жаннатга “Райён” деб аталган эшикдан кириши ҳақдир.

Саҳл розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Жаннатда бир эшик бор. У «Райён» дейилади. Қиёмат куни ундан рўзадорлар киришади, улардан бошқа ҳеч ким ундан кирмайди. Рўзадорлар қани? дейилади. Шунда улар туришади. Улардан бошқа ҳеч ким ундан кирмайди. Улар киргач, у беркитилади. Кейин ундан ҳеч ким кирмайди, дедилар (Имом Бухорий ривояти).

Аллоҳ таоло гуноҳларимизни мағфират этиб, жаннатга “Райён” эшиги орқали киришимизни насиб этсин.

Даврон НУРМУҲАММАД

Муборак Рамазон ойининг аввали раҳмат, ўртаси мағфират, охири дўзахдан озод бўлиш кунлари деб аталади. Дарҳақиқат, Аллоҳнинг раҳматига эришган кишининг гуноҳлари кечирилади, гуноҳдан покланган киши эса, дўзахдан қутулиб, жаннатга дохил бўлади. Қолаверса, Рамазон ойининг яна бир фазилати Аллоҳ таоло бу ойга Қадр кечасини яширган.

Бу муборак кечанинг Қадр деб номланишида икки хил маъно бор:

1) унинг қадри баланд, минг ойдан афзал кеча;

2) бу кечада бандаларнинг келаси йил Қадр кечасигача бўлган тақдирлари битилади.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «АлбаттаБиз уни (Қуръонни) муборак кечада нозил қилдикДарҳақиқат, Биз огоҳлантирувчидирмиз. У (муборак кечада) барча ҳикматли ишлар ажрим қилинур» (Духон сураси, 3–4-оятлар).

Шу боис бу кечада ибодат ва дуо билан машғул бўлиш алоҳида фазилатга эга. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Ким Қадр кечасини чин ихлос ва иймон билан Аллоҳ учун бедор бўлибибодат қилсаунинг қилган аввалги барча гуноҳлари кечирилади”, деганлар (Муттафақун алайҳ).

Рамазони шариф Аллоҳ таолонинг раҳмати ва баракоти нозил бўладиган ҳамда мўминлар бир-бирларига хайру эҳсон, меҳр-мурувват кўрсатадиган ойдир.

«Набий алайҳиссалом: “Бу хайр-эҳсон улашиладиган ойдир. Рамазон ойида мўминларнинг ризқи зиёда бўлади. Кимки бу (Рамазон) ойда – рўзадорга ифторлик қилиб берса, унинг гуноҳлари кечирилади ва дўзахдан озод бўлади. Шунингдек, унга ҳам рўзадорнинг савобидан камайтирилмаган ҳолда савоб берилади”, дедилар. Шунда саҳобалар: “Ё Расулуллоҳ! Биз ҳаммамиз ҳам рўзадорга ифторлик қилиб бера олмаймиз-ку?” дейишди. У зот уларнинг ўксик кўнгилларини кўтариб: “Аллоҳ таоло бу савобни рўзадорга бир қултум сут ё бир дона хурмо, ҳеч бўлмаса, бир ҳўплам сув билан ифторлик қилиб берган кишига ҳам ато этади. Ким рўзадорнинг қорнини тўйдирса, Аллоҳ таоло унга Кавсар ҳовузидан бир қултум сув ичирадики, у то жаннатга киргунча чанқоқ нималигини билмайди…” дедилар» (Имом Байҳақий ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Рамазон ойида бирор нафл амални бажарса, фарз амални адо қилган билан тенг бўлади. Ким бу ойда бир фарз амални бажарса, етмишта фарз амални адо қилган билан тенг бўлади”, деганлар.

Шунга кўра, мўмин-мусулмонлар бу ойда кўпроқ ибодат, эзгу амалларни қилишга ошиқишлари лозим. Закот ва нафл садақаларни ҳам Рамазон ойида адо этиш жуда фазилатлидир. Умар ибн Абдулазиз раҳимаҳуллоҳ: “Намоз сенга жаннатнинг йўлини кўрсатса рўза унинг эшигига олиб боради. Садақа эса, сени ичкарига олиб киради”, деган.

Рамазон рўзасининг аҳамияти яна шундан иборатки, у туфайли биз ўз нафсимизни тарбия қиламиз, уни сабрга ўргатамиз, тоатибодатда чиниқтирамиз. Чунки рўзада учта хусусият бўлиб, ана шу хусусиятлар туфайли рўзадор мустаҳкам сабру қаноатга эга бўлади.

Биринчидан, рўза – ибодат. Тўлиқ бир ой рўза тутиш учун кишига катта сабр-тоқат керак.

Иккинчидан, рўзаси мукаммал бўлиши учун рўзадор ўзини каттаю кичик гуноҳлардан тийиб, нафсига қарши курашиши лозим. Ушбу талабларни мукаммал бажарган кишида гуноҳлардан тийилиш, яхшиликларга интилиш, муҳтожларга меҳр-мурувват кўрсатиш, Аллоҳ таолога итоат қилиш кўникмаси ҳосил бўлади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу: «Кимга сабр қилиш неъмати ато қилинган бўлса, у ҳеч қачон савобдан маҳрум қолмайди. Чунки Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Албатта, сабр қилувчиларга (охиратда) мукофотлари беҳисоб берилар”, деб марҳамат қилган», дейди.

Аллоҳ таоло улуғ фазилатларга эга бўлган, раҳмат ва мағфират ойи бўлмиш Рамазон ойини барчамизга муборак қилиб, бу ойда қиладиган ибодатларимизни мукаммал адо этишга муяссар айласин!

 

Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

раисининг биринчи ўринбосари.

 

Рамазон — чексиз неъматлар ато этувчи ва гуноҳлардан покланиш ойидир. Рамазон ойида Аллоҳ таолога дуолар ила илтижо қилиш мўминнинг муҳим ибодатларидан биридир. Рамазон ойида Аллоҳга яқинлаштирадиган ибодатларни қилганлар бандаларининг гуноҳларини Яратган албатта кечиради.

Бу ойда энг афзал ва энг самарали амаллардан бири бу дуо қилишдир. Шундай экан, Рамазон ойида имкон қадар Аллоҳ таолога дуо қилиш лозим.

Мўмин дуо қилганида бошқа фойдалар билан бирга, ўз дуоси учун катта ажр олади, чунки муборак Рамазонда Аллоҳ таоло рўза тутганларнинг ибодатларини рад этмайди. Шунинг учун бу ойда ҳар биримиз тез-тез дуолар билан Аллоҳ таолога юзланишимиз керак бўлади.

Рамазон ойининг исталган вақтида дуо қилиш мумкин ва Аллоҳ таоло уларни қабул қилади. Бироқ бу ойда ҳам шундай пайтлар борки, бу вақтда ибодатлар билан Яратганга мурожаат қилинганда дуолар қабул бўлиш эҳтимоли анча ортади:

1. Оғиз ёпиқ вақтда

Дуо кечаю кундуз ўқилиши керак, зеро, бутун Рамазон ойи айнан дуо ойидир. Бироқ, Аллоҳ таоло учун рўза тутганларнинг дуоси қабул бўлади, чунки рўза дуоси рад этилмайди.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:

“Уч кишининг дуоси қайтарилмайди: рўзадорнинг ифтор қилгунига қадар қилган дуоси, адолатли ҳукмдорнинг дуоси ва мазлумнинг дуоси”. (Имом Аҳмад, 8043; Ибн Можа, 1752; Термизий, 3598; Ибн Ҳиббон, 3428).

Имом Нававий бу ҳақда ўзининг “Ал-Мажмуъ Шарҳул Муҳаззаб” китобида шундай ёзади:

“Рўзадор рўза тутган вақтида дуо қилиши, охират ва дунёнинг муҳим ишларини Аллоҳ таолодан сўраши тавсия этилади. Ҳатто ўзидан ташқари барча яхши кўрган кишилари ва барча мусулмонлар эҳтиёжи учун ҳам сўраши мумкин. Дарҳақиқат, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Уч кишининг дуоси қайтарилмайди: рўза тутганнинг дуоси, токи у рўзасини бузмагунича…», дедилар. Бу ҳадисни Термизий ва Ибн Можа ривоят қилган ва Термизий уни ҳасан ҳадис, деган.

Ҳадисдан англашиладики, рўзадор куннинг бошидан охиригача дуо қилиши мақсадга мувофиқ, чунки одам шу вақт давомида (кундузи бутун кун давомида) рўза тутган ҳисобланади.

2. Тонг отгунга қадар

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:

«Роббимиз табарока ва таоло ҳар кеча туннинг охирги учдан бири қолганда бу дунё осмонига тушади. Сўнгра: “Ким Менга дуо қилади, Мен уни ижобат қилсам? Ким Мендан сўрайди, Мен унга сўраганини берсам? Ким Менга истиғфор айтади, Мен унинг гуноҳларини кечирсам», дейди». (Бухорий, 7494; Муслим, 758).

Бу ҳадиснинг фақат Муслим томонидан берилган шаклида:

“… ва бу тонг отгунча давом этади”, дейилган.

3. Ифторлик вақти

Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ал-Ос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганларини эшитдим:

“Албатта шундай дуо борки, агар рўзадор ифтор пайтида у билан Аллоҳга тавба қилса, рад этилмайди”. Бу ҳадисни Абдуллоҳ ибн Амрдан ривоят қилган Ибн Абу Мулайка Абдуллоҳнинг ифторлик пайтида шундай деганини эшитганлигини қўшимча қилади:

«Аллоҳим, мен Сендан ҳамма нарсани қамраб олган раҳматинг ила мени мағфират қилишингни сўрайман». (Ибн Можа, 1753; Ибн ас-Сунний, “Амал ал-явми ва ал-лайла”, 481)

Ифтор чоғида мўмин оч, ташна ва ожиз бўлиб, ўзининг нақадар ожизлигини англаб етади ва қалбида тавозеъ билан қилган дуоси қабул бўлиши эҳтимоли кўпроқ.

4. Қадр кечасида

Ҳар қандай ибодат каби, бу кечада Аллоҳ таолога дуолар билан мурожаат қилиш минг ой дуо қилиш билан баробардир. Бундай дуонинг кучини тасаввур қилиб кўринг! Бу муборак кечада фаришталар ерга тушиб, мўминларни ўраб оладилар ва уларнинг ҳар бир намозидан кейин «амин»ни такрорлайдилар.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Ё Аллоҳнинг Расули! Айтинг-чи, агар Лайлатул қадр кечаси қайси кеча эканини билсам, унда нима дейман?» дедим.

«Аллоҳим! Албатта Сен афв қилувчи ва карамлисан. Афвни яхши кўрасан. Бас, мени афв қилгин», дегин», дедилар». (Имом Аҳмад, 35497; Ибн Можа, 3850; Термизий, 3513; Ан-Насоий, “Амал ал-явми ва ал-лайла”, 876).

5. Қуръон ўқишни тугатгандан кейин

Рамазон — Қуръон ойидир. Солиҳ салафлар бу ойда Қуръон ўқишга урғу бериб, бошқа вақтларга қараганда бу ибодатга кўпроқ эътибор қаратганлар.

Шунинг учун Рамазон ойида имкон қадар тез-тез Қуръон ўқишимиз тавсия этилади ва Қуръон ўқиш (хатм) охирида биз Аллоҳ таолога ўзимиз ва оиламиз, қариндошларимиз ва дўстларимиз учун барча яхшиликларни тилаб дуолар билан мурожаат қилишимиз мумкин.

Собит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу Қуръон ўқишни тугатмоқчи бўлганларида, оила аъзоларини йиғиб, улар учун дуо қилдилар». (Табароний, «Ал-Муъжам ал-кабир», 674; Ад-Доримий, 3517).

Айни дамда мўминнинг дуоси билан Аллоҳ таолонинг раҳмати ўртасида ҳеч қандай тўсиқ йўқ. Ирбоз ибн Сария розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:

«Қуръонни тўлиқ ўқиган (хатм қилган)нинг дуоси қабул бўлади». (Табароний, “Мужм ал-кабир”, 647).

Рамазон ойида Аллоҳга таолога ибодат қилишда мўмин киши жидду жаҳд қилиши, кўпроқ дуо қилиб, сиз энг муҳим нарсаларни сўраши лозим. Албатта сўралган нарсаларнинг барчаси охиратимиз учун фойдали амаллар бўлиши лозим.

Муалло ибн Фазл айтадилар: “Солиҳ зотлар Рамазон ойи киришидан олти ой олдин Аллоҳ таолодан Рамазон ойига етказишини сўраб дуо қилар эдилар. Рамазондан кейинги беш ой мобайнида Рамазон ойида қилган ибодатлари ва солиҳ амалларини қабул қилишини илтижо қилиб сўрардилар”.

Саҳобаи киромлар Рамазон ойи кириб келиши билан жуда ҳам хурсанд бўлар ва ўзларидаги шоду хуррамликни зоҳир қилишар эди.

Зубайд Ёмий розияллоҳу анҳу саҳобаи киромларни жамлаб, Қуръон тиловат қилиш ва уни бир мартабадан кўп хатм қилиш борасида мусобақалашар эдилар.

Суфёни Саврий раҳматуллоҳи алайҳ Рамазон ойи кириши билан бошқа ишларни қуйиб, Қуръон тиловати билан машғул бўлар эдилар.

Имом Молик раҳимаҳуллоҳ Рамазон ойи кириши билан ҳадис айтиш ва илм мажлисидан узулиб, мусҳафдан Қуръон тиловатига киришардилар.

Аллома Ибн Ҳажар Ҳайтамий раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: “Имом Шофеъий раҳимаҳуллоҳ Рамазон ойида намоздан ташқари олтмишта хатм қилардилар”.

Имом Зуҳрий раҳматуллоҳи алайҳ Рамазон ойи кирса: “Албатта бу ой Қуръон тиловат қилиш ва мискинларга таом улашиш ойидир”, деб айтардилар.

Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ Рамазон ойида ҳар куни кундузи битта хатм, Рамазондан сўнг эса ҳар уч кунда хатм қилар эдилар.

Имом Нававий раҳматуллоҳи алайҳ Рамазон ойи келиши билан ўзларига вазифа қилиб олган вирдларини тўхтатиб, Қуръон тиловат қилиш билан машғул бўлардилар.

Имом Заҳабий раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Ҳаммод ибн Абу Сулаймон сахий бой киши эди. Рамазон ойида ҳар куни юз кишига ифторлик қилиб берарди. Ийд намози ўқиб бўлингандан сўнг уларнинг ҳар бирига юз дирҳамдан эҳсон берарди”.

Аллоҳ таоло бу муборак ойни барча мусулмонлар учун манфаатли қилиб, бу ойдан улкан ажр-савоблар билан чиқишимизни муяссар айласин.

Видеолавҳалар

Top