muslimuz

muslimuz

Шоҳ Валиюллоҳ Деҳлавий “Ҳужжатуллоҳил балиғо” китобларининг “Рўза ҳукмлари” бобида бир ҳадисни келтирадилар:

"Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Агар сизлардан бирортангиз оғиз очадиган бўлса, хурмо билан оғиз очсин. Албатта у баракадир. Агар уни топа олмаса, сув билан ифторлик қилсин. Чунки у покловчидир” (Аҳмад, Доримий ривояти).

Айтаманки, инсоннинг табиати ширинликни ёқтиради, айниқса очликдан сўнг. Жигар ҳам ширинликни хушлайди. Арабларнинг ҳам табиати хурмога моил. Хурмо муносиб вақтда тановул қилингани учун, барака олиб келади" (иқтибос тугади).

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам буюрган ҳар бир ишларида ҳикмат ва фойда мужассамдир. Ушбу ифторликда хурмо тановул қилиш ҳадиси ҳам жуда кўплаб фойдани ўз ичига олади. Айниқса, тиббий жиҳатдан!

-  Оғиз очиш пайтида қорин очқаб, бадан кўп таом истаб турган ҳолатда хурмо биринчи бўлиб ошқозонга етиб борса, мияга тўқлик ҳиссини жўнатади. Натижада ҳолсизланиб турган ошқозонга енгил ва тез ҳазм бўлувчи мева жойлашади.

- Витамин А, B-1,2,3,5,6,9, C, D, K,  Калций, темир, фосфор, руҳ, натрий ва марганец сингари комплекс элементларни ўзида мужассам қилган.

- Хурмодаги калий миқдорининг юқорилиги боис асаб тизими ўзига келади.

- Очликнинг сўнгги соатларида қонда қанд миқдори кўтарилади. Натижада ҳолсизлик, дангасалик, диққатни жамлай олмаслик каби ҳолатлар авж олади. Хурмо эса қондаги қанд миқдорини пасайтиради.

- Чексиз қувват манбаи бўлиб, кун давомидаги чарчоқдан фориғ этади.

- Таркибида кўплаб фойдали элементлар ва витаминлар сабаб, саратон касаллигини бартараф этади.

- Жигар фаолиятини яхшилайди.

- Ўзи шира, глюкоза ва сахарозага бой бўлсада, қанд миқдорини кўтармайди. Аксинча,  туширади. Бир кунда тўрт донадан истеъмол қилиш тасвсия қилинади. Ортиқчаси кўплик қилади.

- Ўпка ишлашини яхшилайди.

- Анемия ва гипертонияда жуда фойдали.

- Иммунитетни кўтаради.

- Юрак фаолиятини ривожлантиради.

- Юздаги нерв толалари шол бўлишидан сақлайди.

- 1 донаси тахминан 23 калорияга эга.

- Озишни истаганлар ширинлик сифатида тановул қилсалар бўлади.

- Кислота балансини ушлаб туради.

- Ҳомиладор ва эмизикли аёлларга энг яхши озуқа манбаи ҳисобланади.

- Стресс ва тарангликни камайтиради.

Шу ва шунга ўхшаш фойдали жиҳатларни ўзида мужассам этган хурмо меваси ёшу қарига бирдай мос келади. Фақат уни ҳам меъёрида истеъмол қилиш зарур.

Ифторлик ва саҳарлик дастурхонингиздан тотли хурмо меваси аримасин!

Н.Саидакбарова тайёрлади. 

Шу йил 10 март куни “Умра – 2024” Рамазон мавсумининг илк зиёратчилари Мадинаи мунавварага етиб борди.

Даставвал 240 нафар ҳамюртимиз Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам шаҳридаги “Grand Al-Shahba” меҳмонхонасига жойлаштирилди. Улар Ўзбекистон вакиллари ва меҳмонхона масъуллари томонидан эҳтиром ила кутиб олинди. Рамазон ойи муносабати билан зиёратчиларимизга замзам суви, хурмо ва ширинликлар улашилди.

Муборак сафар давомида ҳамюртларимиз Мадина шаҳрида 3 кун, Макка шаҳрида эса 7 кун бўлиб, икки ҳарамда тоат-ибодат билан машғул бўлиш билан бирга муқаддас қадамжоларни ҳам зиёрат қилишади.

Мавсум давомида тажрибали ишчи гуруҳи ва имом-хатиблардан иборат гуруҳ раҳбарлари (элликбоши) ҳамда малакали шифокорлар ҳамюртларимизга хизмат кўрсатади.

Аллоҳ таоло умрага отланганларнинг сафарларини муборак ва хайрли қилсин, Байтуллоҳ ёнида дуо қилишни барчамизга насиб этсин! 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Понедельник, 11 Март 2024 00:00

Рамазонда қилинадиган амаллар

Рамазон бошқа ойлар каби оддий ўтиб кетмаслиги керак. Шу маънода қуйида Рамазонда қилинадиган айрим амаллар ҳақида қисқа тўхталиб ўтамиз.

Қариндош-уруғ ва бева-бечоралар ҳолидан хабар олиш.

Бу ишни йил бўйи қилиш керак. Аммо силаи раҳм ва меҳр-муравват кўрсатиш Рамазонда янада мақсадга мувофиқ. Бунда фақат моддий жиҳат асосий ўринда бўлмайди. Балки имконини топганлар моддий тарафдан, бошқалар яхши муомала, очиқ чеҳра ва табассум, икки оғиз ширин сўз билан бўлса ҳам одамлар қалбига хурсандчилик киритишлари, бева-бечоралар кўнглини тоғдек кўтаришлари мумкин.

Бу ойда имкони борлар қийналган, қаровчисини йўқотган мискин ва бечораларга моддий тарафдан ёрдам берсалар, уларнинг дуоси шарофатидан дунё ва охират ишларига барака киради. Кўпчилик Рамазонда ифторлик қилиб кимўзарга ўйнайди. Аслида ифторликнинг энг яхшиси ҳақдорларга таом бериш ва уларни либос билан таъминлашдир. Мана шуниси Аллоҳ даргоҳида ҳусни мақбул бўлади.

Гина-кудуратларга барҳам бериш.

Рамазон кишилар ўртасидаги адоват, жанжал, аразлашиш, гина-кудуратларга барҳам бериш ойидир. Сабаби дўсту ёр, ака-ука, опа-сингил, қайнона-келин ўртасида низо бўла туриб, тутилган рўзалар, қилинган хатми Қуръон ва бошқа савобли ишлар мукаммал бўлмайди. Балки ҳамма ишни орани ислоҳ қилишдан бошлаш керак. Бунда бир тараф иккинчи тарафдан ўзини паст олиб, айби бўлмаса ҳам ислоҳ таклифи билан чиқса жуда яхши бўлади. Ўзи биров билан урушмаган тақдирда ҳам қайси бир банда аразлашганлар орасини ислоҳ қилса, катта ажр ва мартабаларга эришади.

Бўйнидаги қарзларни тўлаш.

Албатта агар имконингиз бўлса, кечиктирмай дарров олинган қарзни қайтаринг. Шунда қарз берган одам ҳам хурсанд бўлади, қалбингизга хотиржамлик киради. Агар имконингиз бўла туриб, қарзни чўзиб юрсангиз катта гуноҳга қоласиз, қарз берган одамга зулм қилган, унинг ҳаққини еб юрган бўласиз.

Шу ўринда иморат қурган, бирон қурилиш қилаётган кишилар усталар ҳаққини беришни унутган ёки пайсалга солиб юрган бўлсалар, уста ҳақини беришлари лозимлигини ҳам алоҳида эслатиб ўтамиз. Хизмат қилган одам ҳақини бермай чўзиб юриш мусулмон одамга тўғри келмайдиган ишдир. Зеро, ҳадиси шарифларда тўлашга имкони бор бўла туриб қарзини пайсалга солиб юриш зулм эканлиги таъкидланади.

Қарз масаласи очилганида беихтиёр одамларнинг давлатдан қарздорлиги ёдга келади. Давлат бизга сув, газ, электр энергияси каби ҳаётий муҳим нарсаларни етказиб беради. Бунинг учун улар ҳаққини тўлаб қўйиш ҳам керак. Тўғри бу неъматларнинг яратувчиси Аллоҳ.

Бунга шак-шубҳа йўқ. Аммо оддий одам давлат ёрдамисиз ердан газ қазиб ололмайди, сувга тўғон ўрнатиб, ўз хоҳишича энергия чиқара олмайди ёки тоғдан келаётган сувни тозалаб, ўз уйигача олиб келолмайди. Бу давлатнинг иши. Бу ишлар ўз-ўзидан бўлмайди. Бунинг учун сарф-харажат қилиш, ишчиларга ойлик бериш керак. Биз тўлайдиган пуллар мана шундай ҳаражатларга кетади. Хуллас, Рамазонда давлат олдидаги қарзларимизни ҳам тўлаб қўйишимиз лозим.

Маҳаллaлар покизалигига эътибор бериш.

Маҳаллалар, кўча-кўй ва уйларимиз ободлиги, покизалиги билан Рамазоннинг файзига файз қўшилади. Сабаби поклик имондандир. Бу ишни Рамазондан бошқа вақтларда ҳам қилиш керак. Аммо Рамазонда тозаликка, покликка яна ҳам эътиборлироқ бўлиш талаб этилади. Авваллари момоларимиз Рамазондан олдин уй кўтарар қилишарди. Мана шу эзгу амални давом эттириш биз авлодлар бурчидир. Бунда эркаклар бош-қош бўлиб, аёллар билан ҳамкорликда, аҳилликда иш олиб борсалар мақсадга мувофиқ бўлади. Поклик деганда фақат уйлар поклиги эмас, балки либос, қолаверса қалб поклиги ҳам назарда тутилади.

Одилхон қори Юнусхон ўғли

 

ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Рамазон – Қуръони карим нозил бўлган ой бўлгани учун, айнан Қуръони каримни бошқа ойларга нисбатан кўпроқ ўқиш тавсия қилинади. Зеро, Қуръони карим энг улуғ, энг афзал зикрдир. Бундан ташқари тасбиҳ (Субҳааналлоҳ), таҳлил (Лаа илааҳа иллаллоҳ), истиғфор (Астағфируллоҳ), ҳамд (Алҳамдулиллаҳ), такбир (Аллоҳу акбар) ва Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтиш ҳам энг афзал зикрлар саналади. "Аллоҳ, Аллоҳ", деб юриш ҳам зикрнинг энг тилга осон кўринишидир. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Бухоро вилояти вакиллиги ташаббуси билан Бухоро шаҳар "Абу Бакр Сиддиқ" жоме масжиди имом-хатиби Ориф домла Тўқсонов гапириши ва эшитишида нуқсони бўлган ҳамюртларимиз учун маънавий-маърифий суҳбатларнинг навбатдаги сони "Рамазон ойининг фазилатлари"  мавзусида ўтказилди.

Суҳбат мобайнида Ориф домла иштирокчиларни қизиқтирган ақидавий, фиқҳий ва диний-ижтимоий мавзулардаги саволларга жавоб берди. Тадбир жараёнидаги суҳбатлар малакали сурдо таржимони  томонидан иштирокчиларга етказилди.

Яратган бу хайрли ишларни бардавом айлаб, манфаатли қилсин! 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Бухоро вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати 

Видеолавҳалар

Top