muslimuz

muslimuz

Аҳмад ибн Ҳанбалнинг ўғли Абдуллоҳ айтади: “Кўпинча отамнинг бундай деётганларини эшитардим: "Ё Аллоҳ, Абул Ҳайсамнинг гуноҳини мағфират қил, Абул Ҳайсамга раҳм айла". Отамдан: “Отажон, Абул Ҳайсам ким?” деб сўрадим. Дедилар: “Саҳро аҳлидан бўлган бир киши, мен уни ҳатто юзини ҳам кўрмаганман. Менга дарра уришаётган кунларнинг бирида мени қоп-қоронғи зиндонга ташлашди. Шундан кимдир мени туртиб: “Сен Аҳмад ибн Ҳанбалмисан?” деди. Мен: "Ҳа", дедим".

- Мени танияпсанми?

- Йўқ

- Мен машҳур ўғри Абул Ҳайсам бўламан, ароқхўр, қароқчи, мўминлар амирининг девонида ўн саккиз минг дарра бўлиб-бўлиб урилиши ёзилган кимсаман. Мен буларнинг ҳаммасига шайтон йўлида чидадим. Сен Аллоҳ йўлида сабр қилгин, эй Аҳмад!

Мени дарра ургани олиб чиқишди, ҳар сафар қамчи тушганда Абул Ҳайсамнинг гапини эслардим ва ичимда: “Аллоҳ йўлида сабр қил, эй Аҳмад. Ибн Ҳанбал бўлолмасанг, Абул Ҳайсам бўл!” дердим.

Эй сабрлилар имоми, Аллоҳ сизни раҳматига олсин!

Солиҳ зотлардан бўлмиш Халаф ибн Айюб намозда юзига қўнган пашшани ҳам қўли билан ҳайдамас экан. Ундан сўрашибди: “Бунга қандай чидайсиз, ғашингиз келмайдими?”.

У жавоб берибди: “Менга хабар беришарича фосиқ одамлар “сабрли экан, чидамли экан” деб мақталишлари учун дарраларга сабр қилишаркан. Мен намозда Роббим қаршисида тураман, нима, юзимга қўнган битта пашшага сабр қилолмайманми?!”

Кимдир сизга “хушхабар бор”, деса, у қандай хушхабарлигини билмасдан туриб кўнглингизга қувонч югуради. Чунки сиз ҳар қандай хушхабар яхши бўлишини биласиз!

Энди ўйланг, хушхабар берувчи зот оламлар Робби – Аллоҳ бўлса-чи?! “Сабр қилувчиларга хушхабар беринг” (Бақара сураси, 155-оят).

Бирор муаммога дуч келсангизу, ундан халос бўла олмасангиз, ечим топилавермаса, бу дегани йўл умуман очилмайди дегани эмас! Сабр қилмоқ керак, сабр! “Гўзал сабр айла! Улар айтаётган (туҳмат) гапларга Аллоҳдан ёрдам сўра!” (Юсуф сураси, 18-оят).

Бутун ер юзидан муаммоингизни ҳал этиб берадиган имкон топа олмасангиз, осмонга боқинг! Зеро, бу борлиқда Аллоҳ тақдирингизга ёзган нарсадан сизни маҳрум қила оладиган ҳеч кимса йўқ! Шундай экан, хотиржам бўлинг.

Доктор Ҳассон Шамси Пошонинг "Метин қоялар" китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Неъматуллоҳ Исомов таржимаси.

Болалар катталарга ҳар доим ҳам ичларидаги ҳис-туйғуларини ошкор қилаверишмайди. Бунга кўпинча ота-онанинг ўта қаттиққўллиги, боланинг ҳар бир ишини, ҳар бир гапини тергайвериши, танқид қилиши сабаб бўлади. Бола ўз фикрларини баён қила олмай ичида сақлайдиган, ўзига қарши ноҳақлик қилинса ҳам ичига ютадиган, тенгдошларига қўшила олмайдиган, одамови, бўшашган бўлиб қолишига афсуски, кўп ҳолларда ота-оналарнинг айнан ўзлари сабаб бўлиб қолишади.

Бундай болаларнинг ичларида ҳеч кимга айтмай сақлаган гаплари турли ҳил руҳий-жисмоний касалликларга чалинишларига олиб келади. Инсондаги қўрқоқлик, журъатсизлик хислатлари ҳам болаликдан нотўғри ёндашилган тарбия асорати ҳисобланади.

Қачон бола ўз ичидаги туйғуларини эркин ифода қила олса, қалбидаги хоҳ яхши, хоҳ салбий ҳисларни биров билан ўртоқлаша олса, шунда у бутун салбий энергиясини тўкиб ташлаган, уни узоқ вақт қийнайдиган сарқитдан халос бўлган бўлади. Ўзида чексиз роҳат туяди, бутун ички олами ила хотиржамлик лаззатини ҳис қилади.

Ёши катта одамлар бу нарсани яхши билишади. Лекин болалар ичларидаги оддий гапларни ҳам ошкор қилишга қўрқишади баъзида. Айтсам устимдан кулишади ёки танқид қилишади дея-дея охири бора-бора менинг фикрим ҳеч кимга қизиқмас, мен жамиятга кераксиз одамман дея одамови бўлиб қолишади.

Ота-она бу нарсаларни билиши, фарзандининг ичидан нима ўтаётганини ҳис қилиши, унинг ички дунёсига бефарқ бўлмаслиги, унинг ичидаги ғам-ғуссалари уни еб битиришига йўл қўйиб бермасликлари ўта муҳимдир.

Бир она ҳикоя қилади:

“Ўғлимни ғамгин ҳолда кўрсам, унга нима бўлаётганини айтишини сўрайман. “Болажоним, нима бўлди, гапир, нималарни ўйлаяпсан, нега сиқиляпсан?” деб кўнглидан кечаётган ҳисларни билишга ҳаракат қиламан. Агар ўғлим ичидаги гапларни менга айтишга ийманса ёки ўзини ноқулай сезаётганини пайқасам, унга ўзини қийнаётган муаммоларини бир қоғозга ёзиб беришини сўрайман.

Болам ичидаги нарсаларни айтиб ёки қоғозга ёзиб бўлса ҳам чиқарса, роҳат туяди, ўзида енгиллик ҳис қилади. Мен ҳам болам нимадан азоб чекаётганини билиб оламан ва унинг кичик қалбига малҳам бўлиш ҳаракатида бўламан. Агар ичидагини била олмасам, унинг дардларини ҳис қила олмасам, мен ҳам қийналаман, у ҳам. Натижада она-бола ўртасида муаммолар келиб чиқади”.

Яна бир она айтади:

“Ҳар куни дастурхон устида ўтадиган вақтимдан унумли фойдаланишга ҳаракат қиламан. Овқат устида болаларимдан бугун мактабда, ўқишларида қандай қизиқ воқеа бўлгани ёки қандай нохуш ҳодиса бўлгани ҳақида сўрайман. Бу билан мен фарзандимнинг ичидаги нарсаларни ташқарига чиқара олишлик қобилиятини шакллантира оламан. Воқеаларга болаларим қандай муносабат билдирашаётгани, уларнинг руҳий оламлари соғлом бўлиб шаклланяптими, йўқми, шуларни ҳам билиб олишимда шу усул яхши самара беради”.

Учинчи она айтади:

“Мен фарзандимга бошига бирор ташвиш тушса, қандайдир синовга йўлиқса, Аллоҳ таолога муножот қилишни ўргатганман. Яъқуб алайҳиссалом ҳам фарзандлари билан синалганларида шундай қилганларини болаларимга айтиб бераман. Яъқуб алайҳиссалом суюкли ўғиллари Юсуф алайҳиссаломдан ажралганларида “Албатта, мен дарду ҳасратимдан фақат Аллоҳнинг Ўзига шикоят қиламан” (Юсуф сураси, 86-оят) деган эдилар.

Оятдан кўриниб турибдики, инсоннинг ҳаётида рўй берадиган ҳар қандай маҳзунлик пайтида энг биринчи бўлиб топинадигани Аллоҳ таолонинг Ўзи бўлиши керак. Мана шу тушунчани доим болаларимга сингдиришга уринаман. Болаларимни ғамгин ҳолатда кўрганим заҳоти ундан нима бўлганини сўрайман. Кейин унга дарров янги таҳорат олиб икки ракат намоз ўқишни, намоздан сўнг дуо қилиб Аллоҳ таолодан муаммоларига ечим сўрашини, ғамларини кетказишини айтиб муножот қилишини айтаман, Аллоҳ билан дардлашишга ўргатаман. Албатта бу ишда болаларимга энг биринчи ўзим ўрнак бўлишга ҳаракат қиламан”.

Доктор Абдуллоҳ Муҳаммад Абдулмуътининг
"Фарзанд тарбиясида 700 та сабоқ" китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Камронбек Ислом таржимаси.

Шу йил 7 февраль куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Жалолиддин домла Ҳамроқулов, Дин ишлари бўйича қўмита бошқарма бошлиғи Муҳиддин Ҳакимов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси бўлим мудири Музаффар Камолов Андижон вилоятида фаолият кўрсатаётган туман-шаҳар бош имом-хатиблари ва имом-ноиблар билан учрашув ўтказилди.

Мулоқотда юртимизда олиб борилаётган диний ислоҳот ва эришилаётган ютуқлар, хусусан, ёшлар тарбияси, уларни замонавий хуружлардан асраб-авайлаш, Ислом дини софлигини сақлашда диний соҳа ходимларининг бурч ва вазифалари, имом-ноибларнинг фаолият самарадорлигини ошириш борасида сўз юритилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Андижон вилоят вакиллиги
Матбуот хизмати

Среда, 07 Февраль 2024 00:00

Исро ва меърож кечаси

Исро нима дегани?

“Исро” (الإسراء) Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни кечанинг бир бўлагида Маккадаги Масжидул Ҳаромдан Қуддусдаги Масжидул Ақсога сайр қилдиришидир.

Меърож нима дегани?

“Меърож” (المعراج) эса, Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни Қуддуси шарифдан юқорига, яъни, Ўзининг Ҳузурига кўтаришидир.

Исро ва меърож кечаси қачон бўлган?

Исро ва Меърож ҳодисаси юз бергани ҳақида Ислом умматида мутлақо ихтилоф йўқ. Бу ҳақда Қуръони каримда: «(Ўз) бандаси (Муҳаммад)ни, унга мўъжизаларимиздан кўрсатиш учун (Маккадаги) Масжидул Ҳаромдан (Қудсдаги) Биз атрофини баракотли қилган Масжидул Ақсога тунда сайр қилдирган Зотга тасбеҳ айтилур. Дарҳақиқат, У эшитувчи ва кўрувчидир» (Исро, 1), дейилган.

Аммо қачон содир бўлгани ҳақида турлича қарашлар бор. Муборакфурий “Ар-раҳийқул махтум” китобида “Исро ва Меърож” воқеаси қачон содир бўлгани тўғрисида айтилган қуйидаги олти хил қарашни келтирган:

  1. Исро Аллоҳ таоло у зотни нубувватга мушарраф этган йили бўлган.
  2. Пайғамбар бўлганларидан беш йил кейин бўлган.
  3. Нубувватнинг ўнинчи йили ражаб ойининг 27-кечасида бўлган.
  4. Ҳижратдан ўн олти ой олдин нубувватнинг 12-йили рамазон ойида бўлган.
  5. Ҳижратдан бир йилу икки ой олдин нубувватнинг 13-йилида муҳаррам ойида бўлган.
  6. Ҳижратдан бир йил олдин нубувватнинг 13-йилида робиъул аввал ойида бўлган.

Бу кечанинг ҳикматлари кўп. Улардан бири –

Исро ҳодисаси Ислом даъватининг энг оғир ва машаққатли даврида содир бўлди. Бу вақтда мушриклар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга кучли тазйиқ ўтказишарди. Уларнинг зулмидан ҳимоя қилувчи Абу Толиб, Хадийжа бинти Хувайлид онамиз ҳам вафот этганди.

Шундай қийин ва маҳзунли бир дамда Исро ва Меърож кечаси содир бўлди. Бу нарса у зотдаги ғам-ташвишни кетказиш, даъват йўлида собитқадам бўлиш, қалбга сурур бағишлаш учун тасалли бериш эди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам осмонга қандай қилиб кўтарилдилар?

Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилган ҳадисни Қози Иёз “Аш-шифо” китобида нақл қилган. Унда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Менга Буроқ келтирилди. У эшакдан баландроқ, хачирдан эса пастроқ ҳайвон бўлиб, югурганда туёғини кўзи етган жойга ташлаб сакрар эди. Унга миниб бир лаҳзада Байтул Муқаддасга етдим. Масжидга кириб, икки ракат намоз ўқиб чиқдим. Менга Жаброил бир идишда шароб, иккинчи идишда сут келтириб тутди. Мен сутни олган эдим, Жаброил: (Соф) фитратни танладингиз”, деди. Кейин биз осмонга кўтарилдик...”.

Набий алайҳиссалом самода қайси пайғамбарлар билан учрашдилар?

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “...Биринчи осмонда Одам алайҳиссалом билан кўришдим.

Иккинчи осмонда Исо ва Яҳё алайҳимассалом билан учрашдим.

Учинчи осмонда Юсуф алайҳиссаломни кўрдим.

Тўртинчи осмонда Идрис алайҳиссаломни,

бешинчисида Ҳорун алайҳиссаломни,

олтинчисида эса Мусо алайҳиссаломни зиёрат қилиб, дуоларини олдим.

Еттинчи осмонда Иброҳим алайҳиссаломни Байтул Маъмурга суяниб турганларини кўрдим”.

“Байтул Маъмур”дан “Сидратул мунтаҳо”га

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Байтул Маъмурга ҳар куни етмиш минг фаришта кириб, зиёрат қиладиб кетар экан. Сўнг “Сидратул мунтаҳо” дарахти ёнига келдим. Аллоҳнинг амри билан бу дарахт шундай гўзал ҳолга келган эди, уни таърифлашдан инсон тили ожиз эди”.

5 маҳал намозда 50 маҳал намознинг савоби бор...

Набий алайҳиссалом: “Аллоҳ шу ерда менинг умматимга эллик вақт намозни фарз қилди. Мен Мусо алайҳиссаломнинг ёнига тушдим ва умматимга буюрилган фарз амални айтдим.

Мусо алайҳиссалом: “Умматингиз бу амални бажаролмайди, Аллоҳдан енгиллатишини сўранг”, деб қайтарди. Мен Мусо алайҳиссалом билан Аллоҳ ўртасида бир неча марта қатнадим, ниҳоят Аллоҳ: “Эй Муҳаммад, сизнинг умматингиз учун ҳар кеча-кундузда беш вақт намозни фарз қилдим ва уни эллик вақт ўрнида қабул қиламан”, деб марҳамат қилди.

Мусо алайҳиссалом яна мени қайтарди. Мен энди Аллоҳдан ҳаё қиламан, деб беш вақт намознинг фарзлигига рози бўлдим”.

Бу кеча яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нималар берилди?

Бу кеча – беш вақт намоз фарз бўлди, Аллоҳга шерик қилмай, гуноҳларига тавба қилганларнинг кечирилиши ҳақидаги хушхабар берилди ва “Бақара” сурасининг сўнгги уч ояти нозил бўлди...

ЎМИ Матбуот хизмати

2024 йил 11 февраль куни Файсал бин Бандар бин Aбдулазиз ҳомийлигида Aр-Риёд шаҳрида Қуръони карим, Aлоқа ва ахборот технологиялари вазирлиги ва Макнун уюшмаси ҳамкорлигида ўтказилади. У Қуръони каримга хизмат қилишда замонавий технологиялар ва уларнинг сармоясини муҳокама қиладиган биринчи ихтисослаштирилган илмий форум бўлади.

Бир гуруҳ эксперт, мутахассис ва академиклар иштирокидаги форум Қуръон тиловати, ёдлаш ва қайта кўриб чиқишни осонлаштириш учун замонавий ва ривожланаётган технологиялардан фойдаланишга қаратилган. Унда рақамли Қуръон билан боғлиқ қатор муваффақиятли тажриба ва  платформалар ҳам кўриб чиқилади.

Саудиялик академикларнинг элита гуруҳи форумда блокчейн технологиялари, сунъий интеллект, интернет ва кенгайтирилган реаллик каби бир қанча ихтисослаштирилган техник йўналишлар бўйича илмий мақолалар орқали иштирок этади.  Форумда муваффақиятли рақамли Қуръон, аниқ платформалар ва уларни моделлаштириш ва фойдаланиш имкониятлари ҳам кўриб чиқилади.

 Шунингдек, форумда иштирок этувчи томонлар ўртасида Қуръон платформаларини ривожлантириш ва соҳадаги истиқболли имкониятларга сармоя киритиш бўйича бир неча қўшма меморандумлар имзоланади.

Маълумот ўрнида ўтган ҳафта мамлакат пойтахти Aр-Риёдда дунёнинг 42 давлатидан 1800 дан ортиқ дастурчи ва сунъий интеллект бўйича мутахассислар иштирокида Қуръон иловалари танлови бўлиб ўтган эди.  

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Матбуот хизмати

Видеолавҳалар

Top