muslim.uz.umi

muslim.uz.umi

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ҳазрати Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Дўзах аҳлининг жисмлари дўзахда катталаштирилади. Ҳатто қулоқ учларидан бўйинларигача бўлган масофа етти юз йиллик йўлчалик бўлади. Териларининг қалинлиги етти чиғаноқчалик бўлади. Тишлари эса Уҳуд тоғича бўлади», деганлар.

Энди мана шундай бадан ва терининг соатига етмиш марта куйиб-битиб алмашишини тасаввур қилиб олаверинг!

Дўзахнинг абадийлигига Қуръондан далиллар: 
Аллоҳ таоло Бақара сурасида қуйидагиларни айтади:

 «Йўқ! Ким ёмонлик касб қилса ва уни хатолари қуршаб олган бўлса, ана ўшалар олов соҳибларидир. Улар унда мангу қолувчидирлар» (81-оят).

Аллоҳ таоло Зухруф сурасида қуйидагиларни айтади:

«Албатта, жиноятчилар жаҳаннам азобида мангу қолувчидирлар. У улардан енгиллатилмас ва улар у(азоб)-да ноумид ҳолда қолурлар» (74-75-оятлар).

Яъни аҳли жаҳаннамдан азоб ҳеч енгиллатилмайди. Улар ўша азоб ичида ноумид бўлган ҳолларида абадий қолиб кетадилар.

Аллоҳ таоло Зухруф сурасидаги бошқа бир оятда қуйидагиларни айтади:

 «Эй Молик! Роббинг бизни битирсин!» деб нидо қилдилар. «Албатта, сиз туриб қолувчисиз», деди» (77-оят).

Яъни дўзахийлар ўзларига берилаётган азоблар оғриғи, алами ва шиддатига чидай олмай, дўзах ишларига қараб турувчи Молик исмли фариштага қараб:

«Эй Молик! Роббинг бизни битирсин!» деб нидо қилдилар».

Яъни «Роббинг бизни йўқ қилиб юборсин. Бу ҳолга чидай олмаймиз. Бундан кўра йўқ бўлиб кетганимиз яхши», дедилар. Дўзахдан қутулиш, ундан қайтиб яхши ишлар қилишга имкон бўлмаганидан, азобни енгиллатишдан умидсизликлари сабабли шундай орзу қилдилар. Бу амалга ошадиган орзуми ўзи? Бу талабга Молик нима дейди?

«Албатта, сиз туриб қолувчисиз», деди».

«Эй жаҳаннам аҳллари, бу орзу беҳуда, Роббим сизни йўқ қилиб юбормайди. Акс ҳолда сиз қилмишингиз жазосини олмай, қутулиб кетган бўласиз. Сиз албатта, жаҳаннамда ва унинг азобида абадий туриб қолишингиз керак».

Дўзахда абадий қолиш мўмин-мусулмонлардан бошқалар учундир. Мўмин-мусулмонлардан гуноҳкор бўлганлари қилган гуноҳига яраша дўзахда жазолангандан кейин жаннатга чиқариладилар. Бу ҳақда «Ақийдатут Таҳовийя»да қуйидагилар айтилган:

«Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматларидан бўлган гуноҳи кабира аҳллари, агар муваҳҳид – тавҳидга ишонган ҳолда ўлсалар, гарчи тавба қилувчи бўлмасалар ҳам, Аллоҳга У Зотни таниган ҳолларида рўбарў бўлганларидан кейин дўзахда бардавом қолмаслар. Улар Аллоҳнинг хоҳиши ва ҳукмидадирлар. Агар хоҳласа, уларни мағфират қилади ва Ўз фазли ила афв этади.

Аллоҳ Ўз китобида: «Ва ундан бошқани хоҳлаган кимса учун мағфират қилади», деган[1]. Агар хоҳласа, уларни Ўз адли ила азоблайди. Сўнгра уларни Ўз раҳмати, аҳли тоатнинг шафоати ила у ердан чиқаради. Кейин эса жаннатига юборади. Бу Аллоҳ таоло Ўз аҳли маърифатини дўст тутгани учундир. Уларни икки дунёда Ўзини инкор қилувчилар, Унинг ҳидоятидан ноумид бўлганлар ва дўстлигига сазовор бўлмаганларга ўхшатмагани учундир. Аллоҳим, эй Ислом ва Унинг аҳли дўсти, бизни Исломда собит қил, токи сенга у билан рўбарў бўлайлик».

 

«Сунний ақийдалар» китоби асосида тайёрланди

Четверг, 28 Сентябрь 2023 00:00

Умму Кулсум бинти Муҳаммад (с.а.в.)

Муҳаммаднинг қизлардан бошқа фарзанди бўлмаяпти...». Қурайш мушриклари ўзаро шундай миш-мишларни тарқатар эдилар. Уларнинг бундай гапиришларига чуқур маъно ва юксак ғоядан, илоҳий ҳикматдан бехабарликлари сабаб эди. Зеро, улар жоҳилият аҳли бўлганларини унутдилар. Улар шундай жоҳил эдиларки: «Қачон бировларига қиз (кўргани ҳақида)хушхабар берилса, ғазабга тўлиб, юзлари қорайиб кетар. Ва у (қизни) хўрлаган ҳолида олиб қолиш ёки (тириклай) тупроққа қориш (тўғрисида ўй суриб), ўзига хушхабар берилган нарсанинг(яъни, қиз кўршннинг) «ёлғон»лигидан (номус қилиб) одамлардан яшириниб олур. Огоҳ бўлингизким, улар энг ёмон ҳукм чиқарурлар» (Наҳл, 58- 59).
Улар шу каби ботил сўзлар билан овора экан, Пайғамбаримизнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) яна бир гўзал, ой юзли қизлари дунёга келди. Бундай сифатлари сабабли отаси чақалоққа Умму Гулсум деб исм қўйди.

Қиз ўсиб-улғайгач, опаси Руқайя билан бирга Абу Лаҳаб ўғилларидан бирига узатилди. Бироқ ҳар иккиси ҳам у хонадонда узоқ яшай олмадилар. Куръони каримда «ҳаммалатал ҳатоб» дея таърифланган Абу Лаҳабнинг хотини билан яшаш азобидан қутулдилар.

Қийинчиликлар ичида

Умму Гулсум ва Фотима ҳижрат қилмай, Маккада, оталари ёнида қолдилар. Опа-сингил оналари Ҳазрати Ҳадичанинг (розияллоҳу анҳо) дардларига шерик бўлдилар, оталарига мушриклар кўрсатаётган азият ва пасткашликлар азобини енгиллатишга ҳаракат қилдилар.

Умму Гулсум Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) нисбатан қилинган зулм ва исканжаларнинг, одамларни ҳақ йўлга даъват этишдаги жуда оғир машаққатларнинг гувоҳи бўлди.

Курайш мушрикларининг зўравонлиги кундан-кунга ортиб борди. Ҳатто улар Ҳошим ўғиллари ва мусулмонлар билан алоқаларни бутунлай уздилар. Қабул қилинган бу қарорни ёзиб, Каъбага осиб кўйдилар.

Умму Гулсум жуда оғир имтиҳон ва синовлардан ўтди. Отаси Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ғам-қайғу ичида... Опаси Зайнаб (розияллоҳу анҳу) эри Абул Ос билан Маккада бўлсалар ҳам, уларга ҳеч қандай ёрдам бера олмас эдилар. Яна бир опаси Руқайя (розияллоҳу анҳу) жуда узоқ ўлкада... Онаси уммул мўмнинн Ҳадича (розияллоҳу анҳу) оғир бетоб бўлиб қолдилар. Синглиси Фотима эса ҳали ёш, меҳрга, парваришга муҳтож....

Бу ҳолатда Умму Гулсум зиммасига жуда катта масъулият тушаётгн эди. Бу масъулиятни тушунгани учун, сабр этди. У сабрининг мукофотини Аллоҳдан кутарди. Кўлидан келганича отасига ёрдам қилар, онасига ҳам:

- Хафа бўлманг, онажон! Ажабланадиган ҳеч нарса йўқ, - дея тасалли берар эди.

Ҳазрати Ҳадичанинг (розияллоҳу анҳу) аҳволи жуда оғир эди. Азиз ва жалил Аллоҳга қовушадиган кунларини кута бошладилар. Орадан кўп вақт ўтмай, вафот этдилар.Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қизларини бағриларига босиб, тасалли бердилар. Умму Гулсумнинг масъулияти янада ошди. Зеро, энди у оиланинг меҳр-шафкат улашувчиси эди!

Ҳижрат

Мусулмонлар Мадинага ҳижрат килдилар. Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳам улар билан бирга эдилар. Бу ҳижрат инсоният тарихидаги Аллоҳ йўлида қилинган энг буюк ҳижрат бўлди. Хавфсизликни кўзлаб, Умму Гулсум ва Фотима(розияллоҳу анҳумо), вактинча Маккада қолдирилди.

Ҳазрати Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Мадинага келгач, уларни олиб келиш учун Зайд ибн Ҳорисани Маккага юбордилар. Опа-сингил йўлга чиқишдан олдин Ҳожунга бориб, оналарниннг қабрини зиёрат этдилар.

Ҳижратдан сўнг жуда буюк воқеаларга бой икки йил ўтди. Бу давр мобайнида Умму Гулсум (розияллоҳу анҳу) отаси ва мусулмонларнинг Бадрда эришган зафарига, қадрли опаси Руқайянинг (розияллоҳу анҳо) вафотига ҳам шоҳид бўлди.

Бир қун Ҳазрати Умар (розияллоҳу анҳу) жаҳллари чиққан ҳолда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига шикояг қилиб келди. Ҳазрати Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бунинг сабабини сўраганларида, Ҳазрати Умар Абу Бақр ва Усмонга (розияллоҳу анҳумо) қизлари Ҳафсани никоҳларига олишни таклиф этганини, бироқ улар қабул этишмаганини айтди. Расули Акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) уни тинчлантириб, хушнуд этдилар.

- Ҳафса Усмондан хайрлироғи билан, Усмон ҳам Ҳафсадан хайрлироғи билан турмуш қуради, - деб кўнглини кўтардилар.

Ҳазрати Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Ҳафсага уйландилар. Табиийки, Расули Акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Усмондан (розияллоҳу анҳу) хайрилироқ эдилар. Сўнг Ҳазрати Усмонга (розияллоҳу анҳу):

- Сени Руқайянинг синглиси Умму Гулсумга уйлантираман. Агар ўн қизим бўлиб, бири вафот этса, бошқасини сенга беришдан тараддуд этмасдим, - деб марҳамат қилдилар.

Умму Гулсум Руқайяга (розияллоҳу анҳу) берилган миққордаги маҳр билан Ҳазрати Усмонга (розияллоҳу анҳу) никоҳланди.

Ҳазрати Усмон хонадонида

Умму Гулсум Ҳазрати Усмон билан олти йил ҳаёт кечирди. Бу даврда Ислом юксалди, мусулмонлар Аллоҳнинг ёрдами билан зафар қучдилар. Ҳижратнинг олтинчи йили Зулқаъда ойида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бир минг беш юз киши билан умра қилиши учун Маккага йўл олдилар. Курайшийлар уларнинг бу истакларига қарши чиқдилар ва Маккага киришларига йўл қўймадилар.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) икки нур соҳиби, куёвлари Усмон ибн Аффонга:

- Курайшийларнинг олдига бор ва ҳеч ким билан урушиш ниятимиз йўқлигини билдир. Каъбаи шарифни тавоф қилиш учун келганимизни, қурбонликларимизни сўйиб, қайтиб кетишимизни айт, - дедилар.

Умму Гулсум мушрикларнинг эрига бирор ёмонлик қилишларидан қўрқар, уни кутар экан, тобора хавотири ортиб борарди. Зеро, Усмоннинг (розияллоҳу анҳу) кетганига анча вақт ўтган эди. Узоқ кутганларидан сўнг, Ҳазрати Усмоннинг(розияллоҳу анҳо) ўлдирилгани ҳақида ёлғон хабар тарқадди. Умму Гулсум қайғуга ботиб, йиғлади.

Шу пайт Ҳазрати Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мусулмонларни байъат қилишга даъват этдилар. "Байъат-тур ризвон" номи берилган бу байъатда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) чап қўлларини ўнг қўлларига уриб, Ҳазрати Усмон номидан ҳам байъат олдилар ва:

- У Аллоҳ ва Расули учун кетди, - дедилар.

Орадан кўп ўтмай, Ҳазрати Усмон вазифасини битириб, ҳеч қандай азият кўрмасдан қайтиб келдилар. Ҳазрати Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қурайшликлар билан Ҳудайбия сулҳини туздилар. Ҳазрати Умар ва Ҳазрати Усмон бу сулҳ шартларига рози бўлмаган муоризлар сафида эдилар.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қурбонликларни сўйиб, сочларнин олдиргач, ашоби киромнинг кўпчилиги ҳам сочларини олдирдилар. Бир қисми эса бу ишни орқага сурдилар. Ҳазрати Усмон ҳам шулардан бири эди. Умму Гулсум отасининг:

- Аллоҳ сочларини оддирганларга марҳамат этсин, - деганларни эшитиб, тараддудланиб қолди. Юзига тушкунлик аломатлари кўрина бошлади. Бироқ Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) :

- Танбаллик қилганларга ҳам марҳамат этсин», - деб сўзларини тугатганларини эшитиб, кўнгли тинчланди.

Умму Гулсумнинг вафоти

Макка фатҳидай сўнг Умму Гулсум севимли онасининг қабрини зиёрат этмоқчи бўлди. Отаси ва эри унинг бу таклифига рози бўлдилар.

Ҳижратнинг тўққизинчи йили Шаъбон ойида Умму Гулсум вафот этди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) уни севимли опаси Руқайя ёнига дафн этдилар. Ҳаётликларида бу икки мўмина Ҳазрати Усмонйинг (розияллоҳу анҳу) завжалари эдилар, вафотларидан сўнг ҳам бир жойга қўйилдилар.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) севган қизларидан ажралганлари учун қалблари ғамга, кўзлари ёшга тўлиб, кизларининт кабри тепасида Аллоҳқан уларга мағфират тиладилар.

Аллоҳ таоло Умму Гулсумдан рози бўлсин. Уни солиҳ ва хайрли қуллари орасига дохил этсин. Омин.

«Қаҳрамон мўмина аёллар» китобидан
(Тошкент, «Мовароуннаҳр», 2005) олинди.

Страница 86 из 301

Видеолавҳалар

Top