muslim.uz.umi

muslim.uz.umi

-Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари ташаббуслари билан бош мукофоти Ҳаж сафари йўлланмаси бўлган “ОЛАМЛАРГА РАҲМАТ ПАЙҒАМБАР” номли сийрат танлови эълон қилинади.

-Зеро, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаламнинг гўзал одоб-аҳлоқлари ва сийратларини ўрганиш ҳар бир инсонни комилликка етаклайди.

-Танлов 3 йўналишда ўтказилади:

-Китоблар йўналиши: китоблар, рисолалар, қўлланмалар, таржима ёки табдил қилинган асарлар ва қўлёзмалар;
-Мақолалар йўналиши: мақолалар, қасидалар, монологлар, ҳикоялар, ибратли воқеалар;
-Медиа ва инновацион лойиҳалар йўналиши: мобиль иловалар, электрон дастурлар, қисқа метражли фильмлар, аудио материаллар, инфографикалар ва креатив роликлар

-Танловда 18 ёшдан катта сийратга муҳаббатли барча салоҳиятли ижодкорлар иштирок этиши мумкин.

 Танлов шартлари

-Танловда Бош мукофот ва 3 та йўналишнинг ҳар бири бўйича 1-, 2- ва 3-ўрин совриндорлари аниқланади.

-Бош мукофот – Ҳаж йўлланмаси, қолган ўринлар қимматбаҳо совғалар ва пул мукофотлари билан муносиб тақдирланади.

-Танлов учун материаллар 2023 йилнинг 8 сентябридан 30 сентябрь куни соат 24:00 га қадар қабул қилинади.

Материалларни ушбу линкдаги google формани тўлдириш ёки Ўзбекистон мусулмонлари идорасига намунадаги ариза орқали жўнатилади.

-Танловга оид савол ва маълумотларни @MuslimUzAdmin2Bot га йўллаб, жавоб олишингиз мумкин

-Танлов жараёнларини @muslimuzportal канали орқали кузатиб боринг!

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузуридаги Малака ошириш марказида Тошкент шаҳар Олмазор тумани имом-хатиблари ва отинойилари учун “Аҳоли радикаллашувининг олдини олишдаги долзарб масалалар” йўналишида малака ошириш ўқувлари давом этмоқда.

Тасдиқланган жадвал асосида дарс машғулотлари ташкил этилди. Жумладан, Дин ишлари бўйича қўмита масъул ходим А.Қамбаров “Мутаассиб гуруҳлар таъсирига тушган шахсларни реабилитация қилиш усуллари (Ўзбекистон тажрибаси)”, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази бўлим бошлиғи, ПҳД А.Аллоқулов “Мотуридий таълимоти асослари”, марказ илмий ходими И.Абдурахмонов “Жаҳолатга қарши маърифат” ғоясининг жамиятда ижтимоий муҳит барқарорлигини таъминлашдаги ўрни”, “Хадичаи Кубро” аёл-қизлар ўрта махсус ислом таълим муассасаси директори,  ПҳД Н.Ибрагимова “Аҳоли ўртасидаги бидъат ва хурофотларнинг олдини олишда отинойиларнинг ўрни” ҳамда С.Ибрагимова томонидан “Аёлларга хос фиқҳий масалалар” мавзуларида дарс машғулотлари бўлиб ўтди.

Дарслардан сўнг тингловчилар учун амалий машғулот сифатида Ўзбекистон мусулмонлари идораси “Фатво маркази”га ташриф уюштирилиб, имом-хатибларга мутахассис Ҳ.Жўрабоев томонидан “Фатво маркази”нинг ташкил этилиши, фаолият йўналишлари, “салл-сентер” ишлаш тартиби, фуқароларнинг саволларига жавоб бериш, диний-ижтимоий масалаларга доир замонавий фатволар ва мурожаат этилаётган манбалар ҳақида батафсил маълумот берилди.

Малака ошириш ўқувлари давом этмоқда.

Бугун, 8 сентябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманидаги "Тепа" жоме масжидида жамоат билан жума намозини адо этадилар.

Инша Аллоҳ, жума намозидан аввал қориларимизнинг қалбга сурур бағишловчи гўзал қироатлари ва Муфтий Шайх ҳазратларининг барчамизга манфаатли, сермазмун суҳбатларидан баҳраманд бўламиз.

Пятница, 08 Сентябрь 2023 00:00

Махдум Шоҳ Қосим Ҳанафий Нақшбандий

Етук олим, қалби уйғоқ шайх, нақшбандия тариқатининг издошларидан Махдум Шоҳ Қосим Ҳанафий Нақшбандий 1845 йили Сурхондарё вилояти Сариосиё туманидаги Сангардак қишлоғида туғилган.

Халқ орасида у зот “Махдум Шоҳ Қосим”, “До­мулло Шоҳ Қосим”, “Бобои Шоҳ Қосим”, “До­муллои калон” номлари билан машҳур бўлган.
У Денов шаҳридаги “Саййид Оталиқ” мадрасасида таҳсил олган. Кейин узоқ йиллар Бухоро мадрасаларида, жумладан, Мир Араб мадрасасида таҳсил олади. Иқтидори баланд, билимга чанқоқ, зеҳни ўткир бўлгани боис тез орада ўқувчилар орасида танилади.
У “Усулул фиқҳ” (“Фиқҳ асослари”)ни пухта ўз­­лаштирган. Илм олиш билан бирга толиби илм­ларга сабоқ ҳам бериб, моддий-маънавий ёр­дамлар кўрсатган. Мадрасани муваффақият­ли тугатгач, Сангардакка қайтади.
Сангардак ва ён-атрофдаги қишлоқлардан жуда кўп аҳли илмлар унинг ҳузурига келиб, илм олар, ўзларини қийнаган саволларга жавоб топар эди. Шогирдлари кўп бўлган. Қодирқул халифа, Домла Кароматуллоҳ, Мулло Низомиддин, Махдум Ҳабибуллоҳ, Мулло Афанди, Мулло Нурмуҳаммад кабилар шулар жумласидан.
Махдум Шоҳ Қосим Ҳанафий Нақшбандий 1926 йили 81 ёшда вафот этиб, шу қишлоқ қаб­ристонига дафн этилган.

Оятуллоҳ МУҲАММАДШАРИФ

 

Пятница, 08 Сентябрь 2023 00:00

Бўйрачининг бир бош “узуми”

Халил бўйра тўқирди. Жойнамози бўлмаган намозхонни кўрса, дарҳол бўйрадан жойнамоз тўқиб, совға қиларди.

Бир куни ажиб туш кўрди. Умуртқасидан ток новдаси ўсиб чиқиб, унда бир бош узум етилибди. Кишилар ундан қанча келиб ейишмасин, тугамас эмиш. Бу кўп бора такрорлангач, бир шайхнинг ҳузурига бориб, таъбирини сўради. Шайх ундан:

– Фарзандинг борми? – деб сўради.

– Ҳа, икки ёшли ўғлим бор, – деб жавоб берди Xалил.

– Уни Мисрдаги ал-Азҳар университетида ўқитгин. Иншоаллоҳ, яхши инсон бўлади, – деб тайинлади шайх.

Шундай ҳам бўлди. Халил ўғлини ал-Азҳарда ўқитди. Бола саккиз ёшида Қуръонни ёд олди. Мусҳафи шарифни Имом Осимдан Ҳафснинг ривояти асосида қироат қилиб, биринчи бўлиб магнит тасмасига ёздирди. Шу сабабли Аллоҳ бу меҳнатига машҳурлик ато қилди. Унинг қироати бутун дунёга ёйилди. Кейинчалик бошқа қироатларни ҳам магнит тасмасига туширди.

“Ўргатувчи” услубида ҳам Қуръонни биринчи бўлиб магнит тасмасига ёздирди.

Биринчи бўлиб Бирлашган Миллатлар Ташкилотида Қуръон ўқиди ва пешин вақтида азон чақирди.

Қуръон қироатига бағишлаб қатор асарлар битди. Унинг қарийб 55 йиллик Қуръон билан қилган сафари 1980 йил 23 ноябрда ниҳоясига етди.

Бу улуғ қироат соҳиби Маҳмуд Халил Ҳусарий раҳимаҳуллоҳдир. Биз мўмин-мусулмонларни ҳали ҳамон ўша “бир бош узум”дан баҳраманд этаётган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин!..

Манбалар асосида
Муслима МИРКОМИЛ қизи
тайёрлади.

"Ҳидоят" журналининг 2023 йил 8-сонидан олинди

Видеолавҳалар

Top