Рамазон-2018

Осуда юртда Рамазон шукуҳи

Рамазон ойи келиши сабабли жаннат эшиклари очилиб, дўзах эшиклари беркитилар экан. Шайтонлар кишанбанд қилиниб, Аллоҳ таолонинг раҳмат фаришталари ер юзига тушар экан.  Рамазон ойининг бошқа фазилатлари ҳам кўп бўлиб, улардан яна бири рўза ўз соҳибини дўзах ўтидан асрашлигидир. Инсон рўза тутиш билан гуноҳ ишлардан ўзини сақлашга ҳаракат қилади, шу жумладан рўза инсондаги шаҳвоний ҳирсларни бўғиб туради. Рўза бизларга бу дунёда гуноҳ ишлардан сақлагувчи бир қўрғон бўлса, охиратда дўзахдан тўсиб тўсиб турувчи бир қўрғон кабидир. Шунинг учун Расули акрам саллаллоҳу алайҳи ва саллам рўза ибодатини дўзахдан асровчи восита дедилар.  

Рўза тутмоқлик фақат еб ичиш ва шаҳвоний ҳирсни жиловлаш каби моддийликдан иборат нарсалардан сақланиш эмас. Балки, рўза фарз қилинишининг асосий ҳикмати бандаларда тақво ҳосил қилиш, мусулмонларнинг маънавий-руҳий дунёсини шакллантириш эканлигини Аллоҳ таоло “Бақара” сурасининг 183-оятида маълум қилган. Инсоннинг руҳий ва маънавий дунёсини шакллантириб, унинг хулқини олийларга кўтарадиган ишлардан бири бемаъни сўзлар, ҳақорат қилиш, масхаралаш, беҳуда гап сотиш, ғийбат, бўҳтонлардан ўзини тийишдир. Рўза тутган киши эса ўзини мана шундай қабиҳ ишлардан сақлаш кераклигини Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам таъкидлаганлар. Тилни бундай беъмани нарсалардан сақламаслик рўзанинг асл моҳиятига путур етказиб, уни савобидан маҳрум бўлишга олиб келади.  

Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу ҳадисларида рўза ва унинг фазилатлари, рўзадорнинг зиммасидаги бурчлари ва унга бўлган ҳисобсиз ажр-савобларни бирма-бир баён қилдилар. Дарҳақиқат, муборак Рамазон ойи келиши билан бандаларга мана шундай фазилатлар, улкан савобу ажрлар ёғилади.

Рамазон ойларнинг саййиди, хожасидир. Унинг бошқа ойлардан фазилатли жиҳатлари бор. Улар қуйидагилар:

1) Рамазонда Қуръони карим нозил бўлди. 

У Рамазонда, хусусан, Лайлат ул-қадрда Лавҳ ул-маҳфуздан Байт ул-иззатга бир дафъада эндирилди. Кейинчалик Қуръони карим Муҳаммад Мустафо саллаллоҳу алайҳи васалламга 23 йил давомида бўлиб-бўлиб нозил этилди. Аллоҳ таоло деган:

شهر رمضان الّذي أنزل فيه القرآن هدًى للنّاس وبيّناتٍ من الهدى والفرقان

“Рамазон ойи – одамлар учун ҳидоят (манбаи) ва тўғри йўл ҳамда ажрим этувчи ҳужжатлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир”. (Бақара сураси, 185-оят).

2) Рамазон ойининг рўзаси Исломнинг бешта арконлардан биридир. 

Имом Бухорий ва Имом Муслимлар Ҳазрати Ибн Умар разияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда бундай дейилади: “Ислом бешта устун тепасига бино бўлгандир: Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигига, Муҳаммад Аллоҳнинг элчиси эканлигига гувоҳлик бериш; намозни барпо қилиш; закотни бериш; Байтуллоҳни тавоф қилиш; Рамазон рўзасини тутишдир”.

3) Рамазон ойида қилинган садақалар, хайр-эҳсонлар бошқа ойлардан кўра афзалдир. 

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари табиатан сахий эдилар, Рамазон кириши билан эса саховатлари, яхшиликлари оммавий, узлуксиз бўлиб кетар эди. Рамазон ойида қилинган яхшиликлар бошқа ойлардагидан етмиш баробар ортиқ бўлиши ҳақидаги ҳадиси шариф (Байҳақий ривоятида) ворид бўлган. Иброҳим Нахаъийдек тобиъин: “Рамазонда бир марта тасбиҳ айтиш бошқа ойларда минг марта айтишдан яхшироқдир”, деган эканлар.

4) Рамазонда минг ойдан яхшироқ бўлган бир кеча бор. 

У Лайлат ул-қадр, яъни Қадр кечасидир. Мазкур кечанинг минг ойдан яхшироқ эканлигини Аллоҳ таолонинг ўзи ҳам, Расулуллоҳ алайҳиссалом ҳам таъкидлаганлар.

5) Рамазонда бошқа ойлардан фарқли ўлароқ кечалари намоз билан қоим бўлиш суннат қилинган. 

Таровеҳ намозлари масжидларда омматан ўқилиши, жамоат бўлиб дуо қилишлар файзу футуҳини ҳеч нарса билан ўлчаб бўлмайди!

6) Рамазоннинг охирги ўн кунлигида масжидларда эътикоф ўтиришлар суннати муаккададир. 

Жаноби Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам, аҳли аёллари ва асҳоблари билан эътикоф ўтиришни канда қилмаганлар. Ҳатто ул зоти шариф умрларининг охирги йилида йигирма кун эътикоф ўтирганлари нақл қилинган. Эътикоф эса ибодатларга шўнғиш, Аллоҳга астойдил бандалик қилиш демакдир!

7) Рамазон Қуръон ойидир. 

Қуръони каримни ўқиш ва ўрганиш ойидир. Қуръон ўқишни кўпайтириш, Қуръон дарсларини зиёда қилиш бу ойда мустаҳабдир. Зотан, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам Жаброил алайҳиссалом билан Қуръон дарсларини Рамазони шарифда ҳамманинг кўз ўнгида қилар, кўпайтирар эдилар. Ўтган салафи солиҳийн, ота-боболаримиз ҳатто мадраса дарсларини, ўзларининг илмий ишларини Рамазонда тўхтатиб, фақатгина Қуръони карим билан шуғулланганлари маълум.

8) Рамазонда бошқа ойларда бўлмайдиган ифторликлар бор. 

Бу хурсандчилик, каттаю кичикнинг дили шод бўладиган бир тадбирдир. “Кимки бир рўзадорни ифтор қилдириб, қорнини тўйдирса, унинг савобидан камайтирилмасдан унга ҳам берилади”, деган маънодаги ҳадиси шариф ворид бўлган.

9) Рамазонда қилинган умра ибодати бошқа вақтда қилинганидан савоби ортиқдир. 

Рамазонда қилинган умра фарз ҳаж амали билан тенглиги айтилган ҳадис ҳам бор.

Сафватулло Қаюмов,

“Ҳидоя” ўрта махсус ислом

 билим юрти ўқитувчиси

58536 марта ўқилди

Видеолавҳалар

Top