muslim.uz

muslim.uz

Четверг, 08 Июнь 2017 00:00

Ишонинг бу факт!

  • 75% одам эснаш ҳақида ўқиганда ўзи ҳам эснайди, ишонмасангиз текшириб кўринг!
  • Голландияда энг баланд бўйли инсонлар истиқомат қилишади. Эркакларнинг ўртача бўйи – 192 см, аёлларники эса – 178 см.
  • Кун давомида 1 дона олма ейиш, буйракда тош пайдо бўлишини 45%га камайтиради
  • Аёлларга нисбатан эркаклар буйрагида 4 марта кўпроқ тош йиғилади.
  • Илон 3 йилгача ухлаши мумкин.
  • Ер сайёрасидаги 245 кун, Зуҳро сайёрасида 1 кунга тенг.
  • Агар сиз шамоллаб қолган бўлсангиз 10-12 дона бодом мағзидан енг. Бу аспирин истеъмол қилган билан баробардир.
  • Бир кунда онгимизда 70.000 та фикр айланади.
  • Эркаклар юраги аёлларникидан 20%га катта.
  • Исботланишича, ичимликка солинган ялпиз мия фаолияти ва концентрациясини оширади.
  • Акула 100 литр сувга тушган бир томчи қонни ҳам сезиши мумкин.
  • 1 кг оғирликдаги буюмни кўтариш учун 80 та учар шар керак бўлади.
  • Кетма-кет ичилган 100 финжон қаҳва инсон ҳаётига зомин бўлади.
  • Жирафалар суткасига 30 дақиқа ухлашади.
  • Ижтимоий тармоқларда кунига 1 миллионта селфи сурат жойлаштирилади.
  • Аксарият ўргимчакларнинг асаб тизимлари жуда нозик бўлади. Улар шунчаки қўрқувдан ҳам вафот этишлари мумкин.
  • Олимларнинг айтишича, чекиш – стрессни камайтирмайди, аксинча кўпайтиради.
  • Гренландия – чивин йўқ бўлган дунёдаги ягона мамлакат ҳисобланади.
  • Ер юзидаги 1,1 % сув ичиш учун яроқли.
  • Асалари бутун умри давомида атиги икки чой қошиқ асал тўплай олар экан.
  • Дарахтлар баландлигининг чегараси борми? Албатта, бор. Ҳеч бир дарахт 130 метрдан ортиқ ўса олмайди, чунки ундан баланд бўлган ҳолатда ердан керакли бўлган намликни олиб капилярлар орқали дарахт учига етказиб бера олмайди. Маълумки, баланд дарахтларнинг учлари доимий сув етишмаслигидан азият чекади, шу туфайли у ердаги барглар паст қисмидагига нисбатан анча майда бўлади.

Моҳира ЗУФАРОВА

 тайёрлади.

Четверг, 08 Июнь 2017 00:00

Таомланиш одоби

Ҳамма нарсанинг одоби бўлганидек, таом емоқнинг ҳам ўзига яраша одоби бор. Ана шу одобни ўрганиб, унга амал қилиш ғоят фойдали амалдир.

Таом ейиш шартлари:

  • Таоми ҳалол бўлмоғи керак. Чунки дуо ва ибодатларнинг қабул бўлишига ҳалол луқма сабаб бўлади;
  • Ризқни Аллоҳ таолодан деб билиш;
  • Аллоҳ таоло тақсимотига рози бўлиш;
  • Модомики, еган таомининг қуввати баданида бор экан гуноҳ иш қилмаслик.

Таом ейиш одоблари:

  • Таом ейишдан олдин икки қўлини бўғимигача уч марта ювиш;
  • Таомни “Бисмиллаҳир-роҳманир-роҳим” ни айтиб бошлаш;
  • Таомни ўнг қўли билан ейиш. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом айтадилар: “Ҳар бирингиз ўнг қўли билан енг ва ўнг қўл билан ичинг ва ўнг қўл билан беринг. Чунки шайтон чап қўл билан ейди, чап қўл билан ичади ва чап қўл билан беради;
  • Таом ейишни туз билан бошлаб, туз билан тугатмоқ;
  • Нонни икки қўл билан синдирмоқ. Чунки нон улуғ неъматдир.
  • Қўл билан ейиладиган таомни уч бармоқ, яьни, бош бармоқ, кўрсаткич бармоқ ва ўрта бармоқ билан емоқ;
  • Таомни ўз олдидан емоқ;
  • Таом еган идишни яламоқ;
  • Таом егандан сўнг “Алҳамдулиллаҳ” демоқ. Расулуллоҳ алайҳиссалом таомдан сўнг ушбу дуони айтардилар: “Бизларни таомлантирган ва сув билан қондирган ҳамда бизларни мусулмонлар жумласидан қилган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин”;
  • Таомдан сўнг иккала қўлини бўғимигача уч марта ювмоқ;
  • Шериклари билан таом емоқ. Расулуллоҳ алайҳиссалом: “Жамь бўлингизлар таомларингизга-ки, Аллоҳ таоло ушбу таомга барака беради”, деб марҳамат қилганлар;
  • Таомнинг охиригача шериклари билан бирга еб турмоқ;
  • Луқмани кичик олмоқ;
  • Товоқнинг четидан олмоқ;

Шуни айтиш керакки, овқатланаётганда бош ва бошқа аьзоларни қашиламоқ, оғзида луқма билан гаплашмоқ, ёнидаги шеригининг овқатланишига қарамоқ, таомни иссиқ ҳолда емоқ, таомни айбламоқ, таомни пуфламоқ, таом юриб кетаётиб емоқ, тик туриб таом емоқ номақбул амаллардан.

Хулоса қилиб айтганда, дуо ва ибодатларнинг қабул бўлиши, комил ва оқил фарзандларнинг дунёга келиши луқмаи ҳалолга боғлиқдир.

Н.НУРМАТОВ,

Марҳамат туманидаги  «Сунна»  масжиди имом-хатиби

Четверг, 08 Июнь 2017 00:00

Рўзани бузадиган омиллар

Рўзанинг бузилишига сабаб бўлувчи омиллар асосан иккига бўлиниб, бирида фақат қазо лозим бўлса, иккинчи ҳолатда эса ҳам қазо, ҳам каффорот лозим бўлади. Демак, рўзадор шу омилларни яхши билиши керак бўлади. Агар уларнинг фарқига бормаса (бандачилик билан рўзани бузувчи бирон бир ҳолатларни қилиб қўйса) бўйнига қазо лозим бўлдими ёки ҳар иккаласи  ҳам лозим бўлдими, бунинг ҳам фарқига бормайди.

Қуйидаги амаллар рўзани бузади ва фақат қазо рўза тутиш вожиб бўлади:

  • Рўза сафарга чиқиш, касаллик, ҳайз-нифос ва ақлдан озиш каби сабаблар билан бузилса;
  • Одатда тановул қилинмайдиган нарсалар, масалан, қоғоз ва лой кабилар истеъмол қилинса;
  • Тош, темир, олтин, кумуш ва бошқа қаттиқ жисмлар ютилса;
  • Мажбурият юзасидан еб-ичилса;
  • Ҳали тонг отмади, деб ўйлаб еб-ичиш ёки жинсий алоқа қилиб қўйилса-ю, аслида тонг отиб бўлган бўлса ёхуд кун ботди деган гумон билан оғизни очиб қўйса-ю, бунинг акси бўлиб чиқса;
  • Оғиз ёки бурунни чайишда эҳтиётсизлик туфайли сувни ичкарига киритиб юборса;
  • Қасдан кўнгилни айнитиш туфайли оғиздан тўлиб қайд қилса;
  • Қор ёки ёмғир оғизга тушса;
  • Тутунни қасдан ҳидласа;
  • Тишлар орасида қолган нўхат ва ундан каттароы ҳажмдаги овқат қолдиғини ютса;
  • Рўзани унутиб еб ёки ичиб қўйгач, энди рўзам очилиб кетди, деган гумон билан тановулни давом эттирса;
  • Тунда ният қилмагани учун рўзани бузса;
  • Кун ярмидан кейин сафарга чиқиб, рўзани очиб юборса;
  • Ният қилмай кун бўйи емоқ ва ичмоқлардан тийилиб юрса;
  • Қулоққа томизилган ёғ ёки сувнинг мазасини ҳалқумида сезса;
  • Бурунга дори томизса;
  • Клизма қилса;
  • Аёлини қучиш ёки ўпиш туфайли маний чиқса;.
  • Қориндаги ярага қўйилган дори ошқозонга ва бошдаги ярага қўйилган дори димоққа етса;

 Ушбу юқорида санаб ўтилган амаллардан бирини қилган киши рамазоннинг ҳурмати учун куннинг қолганини ўзини тийиш билан ўтказиши зарур бўлади ҳамда бир кунига бир кун рўза тутиб беради.

Қуйидаги амаллар рўзани бузади ҳамда қазо ва каффорат вожиб бўлади:

  • Қасдан таом ейиш ёки ичиш.
  • Узрсиз дори-дармонлар ичиш.
  • Қасдан жинсий яқинлик қилиш.
  • Оғизга тушган ёмғирни қасдан ютиш.
  • Донни чайнагандан сўнг бўлса ҳам ютиш.
  • Кунжут донини ютиш.
  • Туз истеъмол қилиш.
  • Чекиш.
  • Одатланиб қолган инсоннинг тупроқ ейиши. Агар ўрганиб қолмаган бўлса, каффорат талаб қилинмайди.

Масалан:

Туз еса, фақат қазо рўза вожиб бўлади. Аммо туз еб юриш одати бор одам бўлса, ҳам рўзани қазо қилади, ҳам каффорат беради. Туз еган рўзадорга ҳам қазо, ҳам каффорат вожиб бўлади, деган фатволар мавжуд. Бинобарин, бунда эҳтиёткорлик лозим бўлади (“Фатовойи Оламгирия”, “Хулоса”, “Шарҳи ниҳоя”).

 Бировнинг мажбур қилиши сабабли ёки рўзалиги эсида бўла туриб, эҳтиётсизлик билан (масалан таҳорат ёки ғусл қилаётганида) томоқдан сув ўтиб кетса, қазонинг ўзи вожиб, каффорат лозим эмас.

 Кундузи ухлаётган рўзадор уйқусираб, сув ичиб қўйса, рўзаси очилади. Каффоратсиз, фақат қазосини тутиб беради (“Фатовойи Оламгирия”, “Қозихон”).

“Каффорат” ҳақида тушунча

 Каффорат уч турли бўлади:

  • Қул озод қилиш. Лекин ҳозир қулчилик бекор бўлгани сабабли буни бажаришнинг иложи йўқ.
  • Кетма-кет 60 кун рўза тутиш. Бу рўзани тутишда орасини узмаслик шарт қилинади. Шунинг учун икки ҳайит ва ташриқ кунларига тўғри келиб қолмаслиги керак.
  • Инсон ўзи истеъмол қиладиган таом каби егуликлар билан 60 та мискинни овқатлантиради. Бунда каффорат бераётган шунга аҳамият бериши керакки, мискинлар орасида ота-онаси, хотини ва фарзандларига ўхшаш яқинлари бўлмаслиги лозим. Шунингдек, ҳар бир мискинга ярим соъ (тахминан 2 кг.) буғдой ёки уни бир соъ арпа ёки хурмо кабилардан ёхуд улардан бирининг қийматини бериш ҳам мумкин.

“Фахриддин ар-Розий” ўрта махсус ислом билим юрти мударриси М.КАРИМОВ тайёрлади.  

 

Аллоҳ таоло баъзи кишиларга рўзада ҳам енгиллик қилган. Бу исломнинг ҳукмларида бандаларга енгиллик ирода қилинганига далилдир. Аллоҳ таоло айнан рўза ҳақидаги оятда: “Аллоҳ сизларга енгилликни хоҳлайди ва сизларга қийинчиликни хоҳламайди” (Бақара, 185-оят) деб марҳамат қилади. Манa шунга кўра, фарз бўлишига қарамасдан, Аллоҳ таоло баъзи ўринларда бандаларига рўзасини очишга рухсат беради. Булар рамазондаги узрлилар бўлиб, “Ал-Фиқҳул ҳанафийя” китоби муаллифи уларни икки қисмга бўлган:

  1. Оғзини очиш мубоҳ ва қазоси вожиб бўлган узрлилар.
  2. Оғзини очиш вожиб ва фидя вожиб бўлган узрлилар.

Биринчи қисмга қуйидагилар киради:

1.Мусофир. Ислом дини ўз юртидан шаръий сафар масофасича узоқликдаги жойга кетган мусофирга рўза тутмасликка рухсат беради. Ўз юртидан 86 км. ва ундан кўпроқ масофада ўн тўрт кун ва ундан камроқ муддатга туришни ният қилиб чиққан киши мусофир бўлади ва бу мусофирга сафардалик пайтида рўза тутмасликка ислом шариати рухсат беради. Далил: Аллоҳ таоло: Сиздан ким бемор ёки сафарда бўлса, бас, саноғини бошқа кунларда тутади” (Бақара,185) деб марҳамат қилган.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Биз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан сафарга чиқардик. Бизнинг орамизда рўзадорлар ҳам, рўза тутмаганлар ҳам бор эди. Рўза тутганлар тутмаганларни, тутмаганлар рўза тутганларни айбламасди” (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).

   Аллоҳ таолонинг: “Агар билсангиз рўза тутмоғингиз сиз учун яхшидир” (Бақара,184-оят) деган оятига биноан, агар мусофир кишига зарар бўлмаса, рўза тутиш афзал дейдилар.

2.Бемор. Агар бемор касаллиги зиёда бўлишидан қўрқса ёки касалликдан тузалиши кечикадиган бўлса, ислом унга рўза тутмасликка рухсат беради. Лекин бу гапни мусулмон, ишончли табиблар айтган бўлиши лозим. Агар у ўзининг фикрига асосланиб, рўзасини очадиган бўлса, унга каффорат лозим бўлиб қолади. Гоҳида рўза касалликдан шифо топишига ҳам сабаб бўлади.  Бемор кишининг рўза тутмаслигига рухсат эканлигига далил, Аллоҳ таолонинг юқоридаги Сиздан ким бемор ёки сафарда бўлса, бас, саноғини бошқа кунларда тутади” (Бақара,185) деган оятидир.

3.Ҳомиладор ва эмизикли аёл. Шариатимиз бу иккисига агар ўзларига ёки фарзандларига зарар етиш хавфи бўладиган бўлса, рўза тутмасликка рухсат беради. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзига зарар етишидан қўрққан ҳомиладорга ва боласига зарар етишидан қўрққан эмизикли аёлга рўзасини очишга рухсат бердилар (Имом Насаий ва Ибн Можа ривояти).

Эмизикли аёл агар табиб буюрган бўлса, эмизикли боласини муолажасига дори ичиши учун оғзини очиши ҳам мумкин. Бу исломнинг раҳмати, унинг ҳукмларининг енгиллигига катта далилдир.

4. Ҳалок бўлишдан қўрққан киши. Рўзадор кишига жуда қаттиқ чанқоқ ёки очлик етса, ундан ҳалок бўлиб қолишидан ёки ақли ноқис бўлиб қолишидан қўрқса, рўзасини бузиб, уни қазо қилиши мумкин. Аммо, каффорат унга вожиб бўлмайди. Шунинг учун нонвой, темирчи, кончига ўхшаш оғир касб эгаларига рўзасини мукаммал қилишдан ожиз қолдирадиган даражада кўп иш қилмасликлари вожиб бўлади. Балки, булар рамазон кунларида ишларини камайтиришлари ёки имкони бўлса кечки пайтга кўчиришлари лозим бўлади.

Фатовойи Ҳиндия китобида “Нафақага муҳтож касб эгаси агар ўз касби билан шуғулланса, ўзига рўзани бузишни мубоҳ қиладиган зарар етишни билса, унга касал бўлишидан олдин рўзасини бузиши ҳаром бўлади” дейилган.

Бу узрли кишилар рамазонда оғизлари очиқ юрган пайтларида кундузлари рамазоннинг ҳурматидан ошкора таом емасликлари вожиб бўлади. Уларнинг узрлари кетгандан кейин, қуёш ботгунга қадар рўзадорга ўхшаб сақланиб турадилар. Мусофир киши муқим бўлса, бемор соғайиб қолса, ҳайз ва нифос кўрган аёллар пок бўлсалар, оғизни ғарғара қилганда билмасдан ичига сув кетиб қолган кишига ўхшаш хато сабабидан рўзаси очилган бўлса, буларнинг ҳаммаси рамазон ойининг ҳурматидан куннинг қолган қисмини емасдан рўзадорга ўхшаб ўтказишлиги вожиб бўлади.

Юқорида зикрлари ўтган кишилар бир кунга бир кун қилиб, неча кун қазо қилган бўлсалар рамазондан кейин шунча кун қазосини тутиб берадилар.

II.Қисм. Оғиз очиш вожиб ва фидяси вожиб бўлган кишилар. Бу тоифадаги кишилар доимий ожизлик ёки сурункали касалликлари сабабидан рўза тутишдан муттасил ожиз қоладиган кишилар ҳисобланади. Ёши ўтиб қолган кексалар ва бедаво дардга чалинганлар рўза тута олмасалар, булар оғизлари очиқ юраверадилар ва рамазоннинг ҳар бир кунига фитр садақаси миқдорича фидя берадилар. Булар хоҳласалар рамазоннинг бошида, хоҳласалар охирида фидя бераверадилар. Аллоҳ таоло “Уни қийналиб тутадиганлар зиммасида бир мискин таоми фидя лозимдир” (Бақара,184-оят) деган.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳу: “Бу рўза тута олмайдиган қари ва қариялар учундир. Улар ҳар бир кунларига битта мискинни таомлантирадилар”, деганлар. Буни Имом Бухорий Ибн Аббосдан ривоят қилган. Али ва Ибн Умар розияллоҳу анҳулардан ҳам ривоят қилинган. (“Ал-Фиқҳул ҳанафийя”, 437-444-бетлар).

Демак, юқоридаги ҳолатлардан холи бўлган кишилар рамазон ойини ғанимат билиб, уни рўзасини тутмоққа бел боғлашлари лозим бўлади. Чунки Аллоҳ таоло ҳадиси қудсийда: “Рўза мен учундир. Унинг мукофотини Ўзим бераман” деган. Унутмайликки, Аллоҳ энг буюк Зотдир. Буюк Зотнинг мукофоти ҳам буюк бўлади. Шундай экан, буюк зотдан буюк мукофотларни олишга шошилайлик.

“Фахриддин ар-Розий” ўрта махсус ислом билим юрти мударриси Д.ЭСОНОВ тайёрлади.

 

 

Четверг, 08 Июнь 2017 00:00

Рўза ғанимат

Ойларнинг султони муборак Рамазон ойининг ғанимат кунлари ўтиб бормоқда. Мана бугун Рамазон ойининг 10 кунидир. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам рамазонни 30 кунини учга бўлиб, биринчи ўн кунлигини Аллоҳ таолонинг бандаларига раҳмат, баракотлар ёғдирадиган кун эканини таъкидлаганлар. Шунга кўра, раҳмат ўн кунлигидан баҳра ололдикмикан? Бошларимиз узра Аллоҳ таолонинг раҳмати ёғилдимикан? Рўза тутиб, билиб-билмай яна хатоларга қўл уриб қўймадикмикан? Арзимас туюлган дунё ишлари билан овора бўлиб, сабримиз етмай ота-оналаримиз, яқинларимиз ёки корхонада бирга хизмат қилаётганларни кўнгилларини оғритиб қўймадикмикан? Аслида рўзанинг ҳикматларидан асосийси бўлган жисмимизни очлик ва ташналикдан сабрга йўллаш, руҳимизни поклаш эканини бироз унутиб қўймадикмикан?

Маълумки, ишловчи ишчи-хизматчилар ва ўқувчи талабалар бир йилда бир маротаба таътилга чиқиб, дам оладилар. Руҳан-жисман тетиклашиб яна ишга, ўқишга қайтадилар. Баданимизнинг таътили эса мана шу Рамазон рўзасидир. Ҳамма ҳам бир йиллик таътилини рисоладагидек ўтказса, яна ишга қайтганида келгуси йилгача шу кайфиятда ўтишига туртки бўлади. Ўз соғлигимизга эътиборли бўлиб, соғ-саломат бўлсак, иш унумдорлиги ўйлаганимиздан ҳам кўра яхшироқ бўлади.  

Биз ҳам Аллоҳ таолонинг биз билган-билмаган  фазлу марҳамати билан мўмин-мусулмонларга фарз бўлган Рамазон рўзаси - баданларимиз таътилини хуш кайфиятда ўтказайлик.  Инсон ички аъзолари тўхтовсиз бизлар учун тиним билмай хизмат қилиб туради. Улар ҳам шу муборак Рамазон ойида таътилга чиқадилар. Бўйнимизда жисмларимизнинг ҳаққи бор, улар ҳам дам олиш ҳуқуқига эга. Улар ҳам ортиқча еб-ичишдан, ортиқча ухлашдан ҳоли бўлсинлар. Очликда руҳият тетиклашади, дейилади. Мажбурий очлик билан фарз қилинган рўзадан ибрат олиб, очлар ва муҳтожлар ҳолини бир бора тафаккур қилайлик.

Тинч ва осуда мамлакатимизда ибодатларни эркин-эмин қилиб, хотиржамликда ўтаётган ҳар бир кунимизни ғанимат билайлик. Дунёнинг қайси бир бурчагида рўза тутиш учун егуликлари йўқ ёки бўлмаса беҳуда бўлаётган жанжал-урушлар туфайли ўз ҳаловатини йўқотиб рўза тута олмаётганлар ҳолидан ибратланайлик. Аллоҳ таолога шукрона айтиб, ихлосу эътиқод билан иккинчи бошланган мағфират ўн кунлиги қадрига етайлик.

Парвардигор гуноҳларимизни мағфират қилсин, билиб-билмай қилган гуноҳларимизни ойлар султони бўлган Рамазон шариф сабабли кечирсин. Масжидларда бўлаётган хатми Қуръонлар, истиғфор ва дуойи хайрлар шарофати билан юртимиз тинчлиги бардавом бўлсин. Оилаларимизда файзу баракотлар ёғилишига бу йилги Рамазон аввалги йиллардагидан ҳам муборакли из қолдирсин.

Инсонни бир йиллик ҳисоботи қилинадиган ва яна бир йиллик тақдирлари янгиланиб ёзиладиган  бу ой ҳар биримизнинг номаи аъмолларимизга яхшиликлар бўлиб ёзилсин. Аллоҳ таоло Рамазоннинг биринчи ўн кунлигида қилишга улгура олмаган яхши амалларимизни қолган ғанимат кунларида кўпроқ қилишга имкониятлар берсин. Дуоларимиз ижобат бўлсин. 

ЎМИ Ходимлар бўлими     

мутахассиси Зарифа Маҳкам қизи      

Видеолавҳалар

Top