muslim.uz

muslim.uz

Бугун Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларининг Фарғона вилоятига сафарлари бошланди. Муфтий ҳазратнинг сафари Фарғона вилояти Олтиариқ туманидаги “Шоҳ Толиб” жоме масжидига ташриф қилиш билан бошланди. Ушбу жоме масжидда муфтий ҳазратлари пешин намозини адо этиб, мўмин-мусулмонларга Рамазон ойи ўзининг хайру баракаси, саховати, мўл-кўл эҳсонларини шукуҳ билан юртимиз узра давом этаётганини баён қилдилар.

Шунингдек, муфтий ҳазратлари таровиҳ намозини адо этиш учун Фарғона вилояти Қўқон шаҳридаги "Дегризлик" жоме масжидига ташриф буюрдилар. Масжид жамоасини муборак Рамазон ойи билан самимий қутлаб, уларнинг ҳақига эзгу дуолар қилдилар. Ўз маърузаларида диёримиздаги барча масжидларда таровиҳ ва хатми Қуръонлар ўқилаётгани, намозхонлар масжидларда қориларнинг Қуръон ўқишларини мароқ билан эшитаётганлари, кексалар кўзларида миннатдорчилик ёши балқиганини кўриб, Яратганга шукроналар айтиш кераклигини алоҳида таъкидладилар.

Муфтий ҳазратнинг Фарғона вилоятига қилган ташрифларидан мўмин-мусулмонлар жуда ҳам мамнун бўлиб, таъсирли ва мазмунли суҳбат учун ўз ташаккурларини билдиришди.

Эслатиб ўтамиз, уламоларимизнинг Андижон вилоятидаги сафари давом этмоқда. Бугун Ўзбекистон мусулмонлари идораси раис ўрибосари Шайх Абдулазиз Мансур Марҳамат туманидаги "Имом Ал-Бухорий",  Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси маслаҳатчиси Абдулҳамид Турсунов Хўжаобод туманидаги "Етти чинор"  ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими мудири Муҳаммадназар Қаюмов Избоскан туманидаги "Аҳмадали ҳожи" масжидларида мўмин-мусулмонларни  ойлар султони – Рамазон билан муборакбод этиб, биргаликда таровиҳ намозларини одо эишди.

 

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Масжидлар бўлими

Понедельник, 05 Июнь 2017 00:00

Таровеҳ неча ракат?

Абу Салама ибн Абдурраҳмон Оиша онамиз разияллоҳу анҳодан Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Рамазонда ўқийдиган намози қандай эканлигини сўраганларида, уммул мўъминин Оиша онамиз разияллоҳу анҳо: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Рамазонда ҳам, ундан бошқасида ҳам ўн бир ракатга зиёда қилмас эдилар. Тўрт ракат ўқирдилар. Уларнинг қандай ҳам чиройлилиги, узунлигини сўрамай қўявер!... Сўнг яна тўрт ракат ўқирдилар. Уларнинг қандай ҳам чиройлилиги, узунлигини сўрамай қўявер!... Сўнг уч ракат (витр) ўқир эдилар”. – деб жавоб берганлар

Мазкур ҳадиси шарифга биноан пайғамбаримиз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам таровеҳни саккиз ракат ўқиганликлари маълум бўлмоқда.

 Жобир ибн Абдуллоҳ разияллоҳу анҳудан қилинган ривоят ҳам юқоридаги ҳадисни қувватлаб келган.  Зеро, у зот  “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Рамазон ойида бизга саккиз ракат намоз ўқиб бердилар ва витр ўқидилар. Эртаси куни биз масжидга йиғилдик, ул зоти шариф чиқади, деб ўйладик. Бас, тонг отгунча бизнинг олдимизга келмадилар. Сўнг келганларида, биз айтдикки: “Эй, Расулуллоҳ! Кеча масжидда тўпланган эдик, бизга намоз ўқиб берасиз деб умид қилган эдик”. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мен сизларга фарз бўлиб ёзилишидан қўрқдим”, – дедилар”.

Шундоқ бўлса-да, таровеҳни йигирма ракат эканлигига саҳобалар, тобеъинлар, ҳамда улардан кейинги авлодлар ва барча фиқҳий мазҳабларнинг имомлари иттифоқ қилганлар. Жумладан,  Ибн Аббос разияллоҳу анҳудан келтирилган ривоятда: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Рамазонда йигирма ракат таровеҳ ўқиганлар ва витрни ҳам ўқиганлар. Имом Байҳақий ҳам мазкур ҳадисни ривоят қилиб: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам йигирма ракатни жамоатсиз ўқир эди”, деб қўшимча қилганлар. Абу Абдураҳмон Суламийнинг ривоятида, Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу Рамазонда қориларни чақириб, улардан бирига одамларга йигирма ракат ўқиб беришни буюрган, Ҳазрати Али эса уларга витрни ўқиб берганлар.

Язид ибн Румон разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Умар ибн Хаттобнинг замонида одамлар йигирма уч ракат ила қоим бўлар эдилар”. Йигирмаси таровеҳ, учтаси витр. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу ўзларининг халифалик даврларида одамларнинг рамазон кечаларида масжидга тўплаб, таровеҳни йигирма ракат жамоат билан ўқишни жорий қилдилар. Саҳобалардан бирор киши бу ишга қарши чиқмади. Ҳатто ҳазрати Умардан кейинги ҳазрати Усмон ва ҳазрати Алийдек хулофои рошидинлар мартабасидаги зотлар ҳам бу амални тўхтатишмаган. Ваҳоланки, бу улуғлар диндаги бидъат амалларнинг рўпарасида ҳаргиз сабр қилиб турмаганлар, балки у бидъат бўлса, ўз ўрнида тўхтатардилар.  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак ҳадиси шарифларида шундай марҳамат қилгандилар: “Ўзингларга менинг суннатимни ҳамда рошид ва маҳдий бўлган (яъни, ҳидоят, тўғри йўлда юрувчи) халифаларимни суннатини лозим тутинглар, буни ақл тишларинг билан маҳкам тишлаб олинглар”. (Абу Довуд ривояти). Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мазкур кўрсатмаларига мувофиқ Мулло Али қори раҳматуллоҳи алайҳ “Мишкатул масобиҳ”нинг шарҳи “Мирқотул мафотиҳ”да саҳобалар таровеҳ намозининг йигирма ракат эканлигига ижмо қилишганлигини келтирганлар.

Юқоридаги ривоятлардан шуни хулоса қилишимиз мумкинки, таровеҳ намозининг йигирма ракатлиги кеча ёки бугун пайдо бўлган нарса эмас, балки Ҳазрати Умарнинг халифалик даврларидан бошлаб жорий қилинган суннат экан. Ўтган аждодларимиз ушбу суннатга оғишмай амал қилиб келган. Аллоҳ таоло бизларга ҳам ана шундай мустаҳкам эътиқодда бўлишимизни насиб этсин. 

Саййид Муҳйиддин махдум ўрта махсус ислом билим юрти мударриси Абдуғофур Ниязқулов

Понедельник, 05 Июнь 2017 00:00

Таомланиш одоби

Ҳамма нарсанинг одоби бўлганидек, таом емоқнинг ҳам ўзига яраша одоби бор. Ана шу одобни ўрганиб, унга амал қилиш ғоят фойдали амалдир.

Таом ейиш шартлари:

  • Таоми ҳалол бўлмоғи керак. Чунки дуо ва ибодатларнинг қабул бўлишига ҳалол луқма сабаб бўлади;
  • Ризқни Аллоҳ таолодан деб билиш;
  • Аллоҳ таоло тақсимотига рози бўлиш;
  • Модомики, еган таомининг қуввати баданида бор экан гуноҳ иш қилмаслик.

Таом ейиш одоблари:

  • Таом ейишдан олдин икки қўлини бўғимигача уч марта ювиш;
  • Таомни “Бисмиллаҳир-роҳманир-роҳим” ни айтиб бошлаш;
  • Таомни ўнг қўли билан ейиш. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом айтадилар: “Ҳар бирингиз ўнг қўли билан енг ва ўнг қўл билан ичинг ва ўнг қўл билан беринг. Чунки шайтон чап қўл билан ейди, чап қўл билан ичади ва чап қўл билан беради;
  • Таом ейишни туз билан бошлаб, туз билан тугатмоқ;
  • Нонни икки қўл билан синдирмоқ. Чунки нон улуғ неъматдир.
  • Қўл билан ейиладиган таомни уч бармоқ, яьни, бош бармоқ, кўрсаткич бармоқ ва ўрта бармоқ билан емоқ;
  • Таомни ўз олдидан емоқ;
  • Таом еган идишни яламоқ;
  • Таом егандан сўнг “Алҳамдулиллаҳ” демоқ. Расулуллоҳ алайҳиссалом таомдан сўнг ушбу дуони айтардилар: “Бизларни таомлантирган ва сув билан қондирган ҳамда бизларни мусулмонлар жумласидан қилган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин”;
  • Таомдан сўнг иккала қўлини бўғимигача уч марта ювмоқ;
  • Шериклари билан таом емоқ. Расулуллоҳ алайҳиссалом: “Жамь бўлингизлар таомларингизга-ки, Аллоҳ таоло ушбу таомга барака беради”, деб марҳамат қилганлар;
  • Таомнинг охиригача шериклари билан бирга еб турмоқ;
  • Луқмани кичик олмоқ;
  • Товоқнинг четидан олмоқ;

Шуни айтиш керакки, овқатланаётганда бош ва бошқа аьзоларни қашиламоқ, оғзида луқма билан гаплашмоқ, ёнидаги шеригининг овқатланишига қарамоқ, таомни иссиқ ҳолда емоқ, таомни айбламоқ, таомни пуфламоқ, таом юриб кетаётиб емоқ, тик туриб таом емоқ номақбул амаллардан.

Хулоса қилиб айтганда, дуо ва ибодатларнинг қабул бўлиши, комил ва оқил фарзандларнинг дунёга келиши луқмаи ҳалолга боғлиқдир.

Н.НУРМАТОВ,

Марҳамат туманидаги  «Сунна»  масжиди имом-хатиби

Аллоҳга беадад шукрлар бўлсин, муборак Рамазон ойи­ни барчамиз тинчлик-хотиржамликда ўтказиб келаётирмиз.

“Рамазон” сўзи беш ҳарфдан иборат. Унинг ҳар бир ҳарфига уламолар шундай маъно берганлар: “ро” – “раҳмат”, “мим” – “мағфират”, “зод” – “зимонун лилжаннат” (жаннатга кириш учун кафолат), “алиф” – “аманун минаннар” (дўзахдан омонлик), “нун” – “нурун миналлоҳ” (Аллоҳдан нур) маъноларини англатади. Ушбу фикрни Имом Термизий ривоят қилинган: “Рамазоннинг аввали раҳмат, ўртаси мағфират, охири дўзахдан озодлик кунларидир”, ҳадиси шарифи ҳам қувватлайди. Яъни: “ро” ҳарфи рамазоннинг аввали бўлган раҳмат кунларига, “мим” ўртадаги мағфират кунларига, “зод” ва “алиф” ҳарфлари охиридаги “дўзахдан озод бўлиш” кунларига, “нун” ҳарфи эса бутун рамазоннинг натижасида ҳосил бўладиган нурга далолат қилади.

Бу ойнинг дастлабки ўн куни – “раҳмат” даҳасида рўйи заминга Аллоҳнинг раҳмати ёғилади. Яратганнинг ўзи қодир қилганича рўза тутиб, таровеҳ намозларини адо этамиз.

Иккинчи ўн кунлиги – “мағфират” даҳасида холис ният билан рўза тутган бандаларнинг олдинги қилган гуноҳлари кечирилади, дейилган.

Охирги ўн кунлиги эса “Итқун минан-нийрон”, яна “Қадр даҳаси” ҳам дейилади. Ким Рамазон ойининг рўзасини пок ният билан тутган бўлса, у бандага Аллоҳ ваъда қилган ажр­ларини ато этгай. Рамазон ҳайити куни эса Аллоҳ таоло Рамазон рўзасини тутган, таровеҳ намозларини ўқиган, Қадр кечасини бедор ўтказган бандаларига Ўзи тайёрлаб қўйган мукофотларни кўпайтириб берадиган кундир.

Бу ойда имон-эътиқод билан қилинадиган дуолар мустажоб бўлади. Чунки муборак ойда Аллоҳ таоло бандаларига осмон эшикларини очиб, ҳар бир дуо қилгувчининг дуосини қабул қилади.

Нафс тарбиясида рўза асосий ўрин тутадиган ибодатдир. Рўза нафсни ўз ҳолига қўймай, уни маҳкам жиловлаш деганидир. Унда имон ва эътиқод бир тараф, хоҳиш-истак ва шайтон иккинчи бир тараф бўлиб кураш олиб боради. Жаннатдан қувилганидан бери шайтон инсон зотига қарши аёвсиз курашиши ҳақида Аллоҳ таоло айтади: “У (аламидан) деди: “Қасамёд этаманки, мени янглиштирганинг туфайли Сенинг Тўғри йўлинг (Ислом дини) узра улар (одамларни чалғитиш) учун ўтираман. Сўнгра уларга олдиларидан, ортларидан, ўнг томонларидан ва сўл томонларидан (чалғитиш учун) келаман. (Натижада) уларнинг аксариятини шукр қилувчи ҳолда топмайсан” (Аъроф, 16-17).

Аллоҳ таоло шайтон иғвосини рад этади: “Менинг бандаларим устидан сен учун ҳеч қандай салтанат (ҳукмронлик) йўқдир, илло сенга эргашган гумроҳларнигина (йўлдан оздира олурсан) (Ҳижр, 42).

Шайтон билан инсон ўртасидаги бу курашда рўза муҳим аҳамият касб этади. Зеро, инсон ҳаёти учун зарур бўлган таом ва сув ҳамда шаҳват – кураш майдонларидир. Буларнинг ҳар бирида ўзига яраша куч-қувват бор. Агар инсон у майл қаршисида собит тура олса ва нафсининг иғволарига учмаса, албатта, имтиҳондан ўтади ва Парвардигори ҳузурида улуғ даражага эришади.

Манбалар асосида Нўъмон АБДУЛМАЖИД тайёрлади

Понедельник, 05 Июнь 2017 00:00

Рамазондаги энг улкан мукофот

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Рўза тўсувчидир, сизлардан кимдир рўзадор бўлса – сўкмасин, шовқин-сурон, бақир-чақир қилмасин. Агар кимдир у билан сўкишмоқчи ёки уришмоқчи бўлса, у:  “Мен рўзадорман”, десин. Жоним измида бўлган Зотга қасамки, албатта, рўзадорнинг оғзидан чиқадиган ҳид Аллоҳнинг наздида мушкнинг ҳидидан кўра  хушбўйроқдир. Аллоҳ таоло: “Рўза мен учун, унинг мукофотини Ўзим бераман.  Банда таомини, ичимлигини ва шаҳватини мен учун тарк қилди”, деб марҳамат қилган. Битта яхшиликка ўн баробар оширилади”, дедилар” (Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Термизий, Имом Доримий,  Имом Абу Довуд ва Имом Насоий ривояти).

Шарҳ: “Рўза тўсувчидир”.  Ҳадиснинг араб тилидаги матнида ушбу ўринда “الصيام جنة” “ас сиёму жуннатун” дейилган. Бу ерда араб тилидагижуннатун” сўзи  тўсувчи деган маънони англатади. Ушбу сўз ҳар қандай тўсадиган нарсага  нисбатан ишлатилади. Рўза ҳам тўсувчидир, у инсонни ёмон ишлардан ва турли  гуноҳлардан сақлаб дўзахдан тўсади. Чунки рўза шаҳватлардан тийилишдир, дўзах эса шаҳватлар билан ўралган. 

Ибн Асир розияллоҳу анҳу: “жуннатун” сўзининг маъноси – рўза  рўзадорни шаҳват ва шунга ўхшаш азият берадиган нарсалардан ҳимоя қилиб туради деган маънони билдиради”, дейди.

Имом Иёз розияллоҳу анҳу айтади: “Рўза инсонни гуноҳдан, дўзахдан сақлайди”. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Жаннат инсонга  ёқмайдиган амаллар билан ўралган. Дўзах эса шаҳватлар билан ўралган” дедилар (Имом Доримий, Имом Термизий ривояти).

Яъни, жаннатга кириш осон эмас, ёқмайдиган нарсалардан мурод бу –мусибат ва ибодатлардаги қийинчиликларга сабру бардошли бўлиш ва гуноҳлардан тийилишдир.

Усмон ибн Абул Ос айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Сизнинг жангдаги қалқонингиз каби, рўза сизнинг қалқонингиздир” деганларини эшитдим (Имом Ибн Можа, Имом Насоий ривояти).

“Сизлардан кимдир рўзадор бўлса – сўкмасин, шовқин-сурон, бақир-чақир қилмасин. Агар кимдир у билан сўкишмоқчи ёқи уришмоқчи бўлса, у: “Мен рўзадорман”, десин”.    Бу жумлаларда ғоят юксак одоб-ахлоқ ҳақида сўз бормоқда. Рўзадор одам турли хилдаги беҳуда, фаҳш,  уятсиз ва номақбул сўзлардан ўзини тийиши лозим. Ғазабланмаслиги, шовқин-сурон қилмаслиги, ҳалим, ширин сўзли бўлиши керак.   Агар у билан бошқалар жанжаллашмоқчи ёки сўкишмоқчи бўлса, у вазминлик ила рўзадорлигини маълум қилади. Жанжалталаб кишига рўзанинг ҳурматидан беодобликни тарк қилишини эслатсин ва ўзи ҳам бундай ишлардан тийилсин.    

“Жоним измида бўлган Зотга қасамки, албатта рўзадорнинг оғзидан чиқадиган ҳид Аллоҳнинг наздида мушкнинг ҳидидан кўра  хушбўйроқдир”.  Ҳадиснинг араб тилидаги матнида ушбу ёқимсиз ҳидни “خلوف”, “халуф” деб аталган. Маълумки, рўзадор инсоннинг оғзида кўп вақт таом емаганидан нохуш ҳид пайдо бўлади. Рўза туфайли пайдо бўлган ўша ёқимсиз ҳид Аллоҳ таоло наздида мушку анбарнинг ҳидидан-да, ёқимли эканини Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам таъкидладилар.   

“Аллоҳ таоло: “Рўза мен учун. Ўзим унинг мукофотини бераман,  Банда таомини, ичимлигини ва шаҳватини мен учун тарк қилади”, деб марҳамат қилган”.

Бу жумлада қудсий ҳадис  ривоят қилинмоқда.  Бошқа бир ривоятда: “Аллоҳ таоло: “Одам  боласининг барча амали ўзи учун, фақат рўза мен учун ва уни мукофотини бераман”, деди”.

Рўзадор банда рўза кунларида сабру қаноатда бардавом бўлиб,   Парвардигорининг амрига бўйсиниш учун барча неъматлар: таом ва ичимликларни истеъмол қилишдан ва ўз жуфти ҳалолига (аёли) яқинлиқ қилишдан  шаҳватини тияди.

Рўзадан бошқа амалларга озгина бўлса-да, риё аралашади, яъни банда бажараётган ибодатларини бошқалар ҳам кўради. Фақат рўза бундан мустаснодир. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Рўзада риё йўқдир. Аллоҳ : фақат рўза мен учун … деган”.

Бир инсонни рўза эканини бошқалар билиши қийиндир. Шу боис Аллоҳ таоло рўзанинг мукофотини Ўзи беришини билдирди.

Имом Зуҳрий розияллоҳу анҳу айтади: “Рўзадан бошқа барча амаллар инсон  ташқи ҳаракатисиз бўлмайди, фақат рўза қалбдаги ният билан бошқалар кўзига кўринмайдиган амалдир”.

Рўза улуғ ибодат. Рўзадор куни бўйи еб-ичишдан ўзини  тияди. Айниқса, ёз фасли келган Рамазон ойида кунлар узун ва ҳаво ҳарорати иссиқ бўлиши сабабли машаққатлироқ кечади. Шунда ҳам рўзанинг ҳурматидан рўзадор ўзини назорат қилади, ҳеч ким кўрмайдиган жойларда ҳам манъ қилинган нарсалардан сақланади. Бу билан рўзадорнинг сабру бардоши синалади.

“Битта яхшиликка ўн баробар оширилади”  бошқа ривоятда бундай дейилган: “...Бир яхшиликка унинг ўн баробаридан то етти юз баробаригача кўпайтириб берилур”. Охиратда барча ибодатлар ва яхшиликларга бериладиган ажру мукофотлар ва савоблар миқдорининг қанча берилиши айтилган. Аммо фақат рўзанинг охиратдаги мукофотининг миқдори  қанчалигини ҳеч ким билмайди, буни Аллоҳ таолонинг Ўзигина билади.

Демак, Рамазон биз учун катта имконият ойидир. Билиб-билмай қилган хатою камчиликларимизни кечиришини  Аллоҳ таолодан сўрашимиз учун ғанимат фурсатдир. Шундай улуғ кунларда Аллоҳ таоло барчамизни улкан мукофотларга сазовор қилсин! 

“Умдатул Қори шарҳи Саҳиҳил Бухорий” асари асосида Ургут шаҳар бош имом-хатиби Шоди  ҲАҚБЕРДИЕВ ва “Ислом нури” газетаси махсус мухбири Абдувоҳид ЎРОЗОВ тайёрлади.

 

Видеолавҳалар

Top