muslim.uz

muslim.uz

Истиқлол йилларида барча соҳаларда бўлгани каби, спорт соҳасига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Қанчадан-қанча спорт иншоотлари, футбол майдонлари, сув ҳавзалари қурилди, таъмирталаблари замонавий шароитларга асосида қайта таъмирланди. Ушбу имкониятлардан унумли фойдаланган юртимиз спортчилари нафақат республика, балки халқаро миқёсидаги мусобақаларда нуфузли ўринларни қўлга киритиб келишмоқда. Дунёнинг нуфузли спорт ареналарида мамлакатимиз байроғини виқор билан ҳилпирашига, давлат мадҳиясини баралла янграшига сабабчи бўлишмоқда. Албатта, бу қалбида ватан туйғуси бор ҳар қандай инсонга фахр, ифтихор туйғусини алангалатади.

Ёшларимизни ҳар жиҳатдан етук ва баркамол қилиб тарбиялаш мақсадида, бир неча йиллардан буён, Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги таълим муассасалари талабалари ўртасида “Баркамол авлод” спорт мусобақалари ўтказилиб келинмоқда.

Бу йилги “Баркамол авлод-2017” спорт мусобақаларининг якуний босқичи жорий йилнинг 17-18 май кунлари Қорақалпоғистон республикасида жойлашган “Муҳаммад ал-Беруний” ўрта махсус ислом билим юртида бўлиб ўтади. Бугун ушбу спорт мусобоқасининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Эслатиб ўтамиз, мусобақалар шахмат, стол тенниси, тош кўтариш ва миллий кураш йўналишлари бўйича бўлиб ўтади. Мусобақа 18 май куни ўз якунига етади.

Мусобақа тафсилотларини порталимизда кузатиб боринг. 

Таълим ва кадрлар тайёрлаш бўлими

 

 

Среда, 17 Май 2017 00:00

Рамазонга тайёрмисиз?

  1. Аллоҳдан рамазон ойига соғ-саломат етказишини ҳамда Рамазон рўзасини тутишга мушарраф этишини сўраб дуо қилинг. Чунки Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Ражаб ойи келса, Аллоҳга “Ё Аллоҳ, бизга Ражаб ва Шаъбон ойларини хайрли қилгин ва Рамазонга етказгин”, деб дуо қилар эдилар. Шунингдек, саҳобийлар ҳам муборак Рамазон ойи келмасидан олдин “Аллоҳ бизни рамазонга етказ”, деб дуо қилишга одатланганлар.
  2. Рамазон ойининг ҳар бир кунининг режасини тузинг. Рамазон – ғанимат ойдир. Унинг ҳар бир сониясидан унумли фойдаланиш лозим. Аллоҳ таоло Рамазон ойининг ҳар бир кунини бандалар савобларини кўпайтириб олишлари бошқа кунлардан кўра афзал қилган.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўта сахий зот бўлсалар-да, Рамазон кириши билан саховатлари, яхшиликлари янада ортиб кетар эди.  Абдуллоҳ ибн Аббос (розияллоҳу анҳумо) айтади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) одамларнинг энг саховатлиси эдилар. У зотнинг саховатлари Рамазон ойида – ҳар кеча Жаброил (алайҳиссалом) Қуръонни таълим бериш учун ҳузурларига тушадиган пайтларда – айниқса, зиёда бўларди. Дарҳақиқат, Аллоҳнинг расули (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) одамларга мурувват кўрсатишда шиддат билан эсаётган шамолдан-да тез эдилар” (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).

Афсуски, ҳаётимиздаги барча майда ишларни ҳам эътибордан четда қолдирмай ҳисоб-қитоб қиламиз-у, бироқ рамазон ойи режасини тузишни унутамиз. Оқибатда дунё ва охират учун фойдали бўлган яхшиликдан бепарволик сабабли маҳрум бўламиз. Зеро, охиратнинг ободлиги бу дунёни обод қилиш билан бошланади. Абадий саодатга эришиш учун ибодатларни гўзал тарзда адо этишга одатланиш лозим. Шу сабабли, мўмин-мусулмонларнинг Рамазон ойининг ҳар бир кундузию кечасини ўтказиш тартибини режалаштириб олишлари мақсадга мувофиқ.

  1. Рамазон ва унга тааллуқли бўлган масалаларни пухта ўзлаштириб олинг. Ҳар бир мўмин-мусулмон Рамазон ойи рўзасига оид бўлган масалаларни бу ой келмасидан аввал яхшилаб ўзлаштириб олиши керак. Рўзанинг барча қоидаларини тушунмай, унга кўр-кўрона амал қилиш, гўё мевасиз дарахт каби бўлади. Ислом дини – илм дини бўлиб, ҳар бир мусулмон эркак ва аёл ўзи учун фойдали ва зарарли нарсаларни билиб олиши шарт. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Бас, Агар билмайдиган бўлсангиз, зикр аҳлидан сўрангиз!» (Анбиё, 7)
  2. Рамазон рўзасини тутишга холис ният қилинг. “Ҳаво жуда иссиқ, рўза тутишга кучим етмайди” каби турли баҳоналар билан бу ойнинг фазилатларидан бебаҳра қолманг! Агар рўза тутишни холис Аллоҳ учун адо этишни ният қилсангиз, Аллоҳнинг ўзи енгиллик, барака ато этади.
  3. Рамазон ойи келаётганидан хурсанд бўлинг. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Рамазон ойи келса, бахтиёр ва хурсанд бўлиб кетар эдилар. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) “Рамазон ойи келди. Рамазон ойи Аллоҳ рўза тутишни фарз қилган раҳмат ойидир. Бу ойда жаннат эшиклари очилиб, дўзах эшиклари беркитилади”, дер эдилар. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг саҳобийлари, тобеийлар бу ой келишини интизорлик билан кутишар эди.
  4. Муборак Рамазон ойига етказгани учун Аллоҳга ҳамд айтинг. Чунки Аллоҳ сизни соғ-саломат бу ойга етказиб, ўзининг чексиз раҳмат ва марҳаматига лойиқ кўрди.

 

Даврон НУРМУҲАММАД

тайёрлади

 

Жорий йилнинг 16 май куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимидаги футбол жамоалари ўртасида 9-май “Хотира ва қадрлаш куни” муносабати билан ўтказилган футбол турнирининг финал ўйини бўлиб ўтди.

Унда Тошкент вилояти имом-хатибларидан ташкил топган “Дўстлик” жамоаси ва Тошкент шаҳри имом-хатибларидан ташкил топган “Минор” жамоалари ўзаро тўп суришди. Шиддатли кечган учрашувда “Дўстлик”  жамоаси “Минор” жамоасини 8:6 ҳисобида мағлуб этиб, турнир кубогини қўлга киритди.  

Финал учрашувида, кўплаб меҳмонлар, жамоалар мураббийлари, ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент шаҳар Бош имом-хатиби Анвар қори Турсунов ташриф буюрди.

Қуйида, ғолиб жамоалар ва турли номинациялар бўйича тақдирланганларни эълон қиламиз:

1-ўрин – “Дўстлик” жамоаси;

2-ўрин – “Минор” жамоаси;

3-ўрин – “Бухорий авлодлари” жамоаси. 

Турли номинациялар бўйича тақдирланганлар:

Энг яхши мураббий – Хайрулла Турматов  

Энг яхши дарвозабон – Умиджон Содиқов

Энг яхши ҳимоячи – Шавкат Аписов

Энг яхши ярим ҳимоячи – Ғайрат Раҳматуллаев

Энг яхши ҳужумчи – Шухрат Ходжибоев

Энг кўп тўпурар – Саидов Отабек

Энг жонкуяр мухлис –  Баҳриддин Шарипов

Эслатиб ўтамиз, навбатдаги турнир Истиқлолимизнинг 26 йиллиги муносабати билан ўтказилади. Ушбу турнирга, Тошкент шаҳридаги "Кўкалдош" ўрта махсус ислом билим юрти мезбонлик қилади. 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

ахборот хизмати

Бухоро вилоятидаги масжид имом-хатиблари, имом ноиблари ва мутаваллилари учун қисқа муддатли ўқув семинари ташкил этилди.

Ушбу семинарни  ўтказишдан  мақсад,  масжид имом-хатиблари, имом ноиблари ва мутаваллиларнинг фаолиятини такомиллаштириш ҳамда масжиднинг молиявий фаолиятини  тўғри  йўлга  қўйишдир.   

Семинарда  Вилоят адлия бошқармаси масъул ходими Жонибек Тилавов “Ўзбекистонда “Виждон  эркинлиги  ва  диний  ташкилотлар” тўғрисидаги қонунга  мувофиқ  ишни  ташкиллаштириш”; Баҳоуддин Нақшбанд  жоме масжиди ҳисобчиси  Саиджон Истатов “Молиявий тушумларни, ҳисоботларни қонунчикда белгиланган тартибда амалга ошириш ва юритиш”; ЎМИ Бухоро вилояти вакили вазифасини бажарувчи М.Нуруллаев “Масжидлардаги кадрлар бўйича ҳужжатларни меҳнат қонунчилиги ҳамда номенкулатурада  белгиланган   ҳужжатлар  асосида  юритиш”  мавзусида  маъруза   қилдилар.

Маърузачилар ҳар бир масжид молиявий ишлари юзасидан Ўзбекистон мусулмонлари идораси вакиллигига, жойлардаги Адлия бошқармаси, Давлат солиқ идораси ҳамда Статистика бошқармасига ўз вақтида ҳисобот тақдим қилиши, қонун  доирасидаги  пул  айланмаси  доир  масалалар  ҳамда  банк  тизими  орқали  ишлаш  йўл-йўриқларига  тўхталиб  ўтдилар.

 М.Нуруллаев, ЎМИ Бухоро вилояти вакили

 

Отинойилар учун ўқув семинари

Наманган вилоят ҳокимлиги ва Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Наманган вилоят вакиллиги ҳамкорлигида вилоят, шаҳар ва туман бош имом-хатибларининг хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчилари ҳамда жойлардаги отинойилар учун “Ижтимоий-маънавий муҳитни янада соғломлаштириш, диний ақидапарастликнинг олдини олиш” мавзуида ўқув семинари ўтказилди.

Унда вилоят ҳокимининг ўринбосари Ҳ.Маткаримов, вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси Ҳ.Юсупова, вилоят бош имом-хатиби А.Турсунов, вилоят бош имом-хатибининг ўринбосари О.Икрамов, Наманган муҳандислик технология институти ўқитувчиси З.Юсупов ҳамда “Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юрти етакчи ўқитувчиларининг маърузалари тингланди.

Семинарда вилоят телерадиокомпаниясида тайёрланган “Чорсудаги эътиқодфурушлар” фильми намойиш этилди.

Семинар сўнгида Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг вилоят вакилиги ва Ҳидоя ўрта махсус ислом билим юрти томонидан мавзуга доир адабиётлар кўргазмаси ташкил этилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Наманган вилоят вакиллиги

 

 

“Дунёдаги энг бой одам ким?” деган саволга “Билл Гейтс” деб жавоб бериш мумкин. Аммо бу жавоб унчалик ишончли эмас. Чунки бойлигининг ҳисобини яшириб юрганларнинг кўпчилиги бу одамдан бадавлат эканини тахмин қилиш мумкин...  Модомики, шундай экан, “компьютер қироли”нинг биринчи рақамли бой экани шартли бўлиб қолади.

Бу – масаланинг бир томони, иккинчи жиҳати шуки, бойлик ўзи нима билан ўлчанади – нарсанинг кўплиги биланми, назарнинг тўқлиги биланми?..

Руҳиятшунослар инсон яхши ютуқларга эришиб бахтиёр бўлмоғи учун ижобий фикр юритмоғи аҳамиятли дейдилар. Ҳаётда катта мувафаққиятларни қўлга киритган одамларнинг хотираларини тинглаганда уларнинг ҳам ҳаёти бошида фаровон бўлмаганини, жиддий синовларга юзлашган ҳолда қийинчиликлар қошида тушкунликка тушмасдан тиришиб-тирмашиб вазиятдан чиқиб олганига гувоҳ бўламиз. Омадли инсонлар  билан омадсизлар ўртасидаги фарқ ҳам шу ўзи. Ҳар иккиси бошида ўхшаш шароитда бўлган эса-да, улардан бир муаммоларни ҳал этиш учун Аллоҳ унга берган куч-ғайратни ишга солган, иккинчиси эса тушкунликка тушиб ҳар доим ўзининг ҳолига ачиниб, ҳолидан шикоят этиб ўзини-ўзи омадсизликка маҳкум этган. 

Парвардигорнинг тақдирига инонмаган, ўзига нисбатан ҳақсизлик қилинди дея ўйлаган кишининг ҳаёти ғавғо ичида кечади. Ҳар доим салбий ҳиссиёт таъсирида бўлгани боис ишларини тўғри ташкил қила олмайди.

Инсон ўз насибасига рози бўлса, қўлидан келадиган ишларни гўзал суратда бажарса, Аллоҳга энг гўзал шукр этган бўлади. Чунки ҳақиқий шукр Аллоҳнинг неъматининг қийматини билиб, уларни Унинг ризоси учун қўлламоқдир.

Ижобий фикрламоқ ҳаётни қадрламоқни, турли воқеа-ҳодисалар қаршисида собит тура билмоқни таъмин этади. Насибасига рози бўлмоқ кишини пишитади, қайғу-аламлардан қочишига ёрдам беради. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган бир ҳадисда Пайғамбар алайҳиссалом: “Аллоҳнинг берганига рози бўл, инсонларнинг энг бадавлати бўл!” деб марҳамат қилганлар (ИмомТермизий ривояти).

Дунёда ҳеч бир инсон йўқки, ҳар бир неъматнинг, ютуқнинг ўзиники бўлишини истамасин. Ўз нафси учун ҳар нарсанинг энг яхшисини исташи инсоннинг бошқалар насибасига чанг солишига сабаб бўлади. Аммо Парвардигори олам бандаларининг насибаларини ўзи истагандек яратган. Баъзиларга ҳусн, баъзиларга қобилият, яна бирига моддий имконият, бошқа бирига эса уни тушунадиган, қўллаб-қувватлайдиган яхши бир жуфти ҳалол ато қилган. Баъзи бандаларига катта имкониятлар эшигини очиб қўяр экан, бошқаларини торлик ва мушкулотларга дучор қилган.

 Бу тақдир сабабидан сиқилиш банданинг одобига тўғри келмайди. Чунки иймонли инсон биладики, Робби унинг тақдирини тайин қилган экан, унга бўйинсунмоқ бурчидир.
Аллоҳ таоло бандаларини турли суратда имтиҳон қилади. “Нега уни бундай имтиҳон қилдинг, мени бундай имтиҳон қилдинг” дейилмайди. Аксинча, у ўз имтиҳонидан сўралади, мен ўз имтиҳонимдан, аҳамиятлиси –  имтиҳондан ёруғ юз билан чиқмоғимдир” дейилади.

Ношукрлик – бахтсизлик сабаби. Зеро, насибасига рози бўлмаслик ва етишмовчиликдан шикоят қилиш ҳеч нарсани ўзгартирмайди, аксинча, нолиётган кимсанинг дардини икки баробар оширади. Шукр қилиш, қўлидаги неъматлар сабаби ила ижобий туйғуларга соҳиб бўлиш инсоннинг бу дунёси ва охирати учун ниҳоятда фойдалидир. Масалан, моддий бойлиги бўлмаган, аммо соғлиги яхши бўлган одам: “Шукрки, соғлигим яхши” деб қўлидан келганча меҳнат қилиб моддий қийинчиликдан қутулиб олади. 

Бунинг аксини қилиб, киши ҳар доим бошқаларга қараб, ўзини улар билан муқояса қилиб, “Нега фалон кишилар мўл-мўл харажатлар қилади-ю, мен қила олмайман? Мен ҳам улар каби харжлашни истайман!” деса ўзининг аҳволини оғирлаштиради. фарзандларининг ризқини қияди, ҳатто қарзга ботиб қолади.

“Ҳеч вақойим йўқ”, деган одамлар ҳам жуда кўп неъмат эгасидир. Агар соғлик, бўш вақт, ёшлик каби ҳеч ўйламаган неъматларимизга бажара олганимиз қадар шукр қилсак Аллоҳ таоло ризқимизни янада кенг қилиб қўяди. Бинобарин, Қуръони каримда: “Ким бир яхшилик қилса, биз унга ўша ишида яхшиликни зиёда қилурмиз. Албатта, Аллоҳ ўта мағфиратли, Шакурдир” (Шўро сурасининг 23-ояти), дея марҳамат қилингандир.

Дамин ЖУМАҚУЛ,

Журналист

Видеолавҳалар

Top