Рамазон-2019

Баъзи рўзадорларда юз берадиган хатолар

Кўпчилик рўзадорлар Аллоҳ таолонинг динини ва рўзага алоқадор ҳукмларни билмагани учун хатоларга йўл қўйишади.

  • Ифторлик дастурхонларида исрофга йўл қўйиш ҳам катта хатолардандир. Дастурхонларга кўпгина инсонларга етадиган таомлар қўйилади, уларнинг турли навлари, қимматю арзони, хўлу қуруғи ва ширинию нордони барчаси дастурхонга тортилади. Сўнгра уларнинг озгинаси ейилиб, қолгани пўчоққа ташланади. Бу эса ислом бизга олиб келган йўлга хилофдир. Аллоҳ таоло айтади: “Еб-ичинг ва исроф қилманг. Чунки У зот исроф қилувчиларни севмас” (Аъроф, 31).
  • Рамазонда бозорлар харидорларга тўлиб кетади. Уларнинг ҳар бири таому шароблардан ўнлаб оилаларга етадиган миқдорни сотиб олишади. Орамизда очликдан ўлаётган, бир бўлак нок топа олмаётган ва уйсиз қолган инсонлар бор. Аммо бу ерда баъзи оилалар исроф ва мақтанчоқлик сабабидан овқатни ҳазм қила олмаслик даражасига бормоқда. Оч қолиш орқали ошқозондаги зарарли моддаларни йўқотиш рўзанинг мақсадларидан ҳисобланади. Овқату ичимликларни исроф қилиб истеъмол қилган кишиларда бу мақсад қандай амалга ошади?
  • Кўпчилик рўзадорлар кунларини худди рўза тутмагандек уйқуда ўтказади. Уларнинг орасида куни билан ухлаб фақат намозларга уйғонадиган, сўнгра яна ухлайдиганлари бор. Улар кундузларини ғафлатда, кечаларини эса саҳарлик қилиб ўтказишади. Аллоҳ учун очлик лаззатини ва чанқоқлик таъмини тотиб яшаб кўриш рўзанинг ҳикматларидан бири ҳисобланади. Кунини ухлаб ўтказган киши эса бу ҳикматни ҳис қила олмайди.
  • Рўзадорлар орасида бекорчи ва макруҳ ўйинларни ўйнаб юрадиган инсонлар бор. Масалан, баъзилар қимор карталарини ўйнаб, баъзилар эса тўп ортидан югуриб ва турли хил вақтни зое қиладиган ўйинлар каби нарсаларни ўйнаб ўтказишади. Аллоҳ таоло айтади: “Наҳотки Бизнинг сизни яратишимиз беҳуда бўлган ва сиз Бизга қайтарилмассиз, деб ҳисобласангиз?!” (Мўминун, 115). Бошқа бир оятда эса шундай дейилади: “Ўз динларини ўйин-кулгу қилиб олган ва ҳаёти дунёга алданиб кетганларни тарк эт” (Анъом, 70).
  • Яна рўзадорлар орасида кечани беҳуда, ҳеч қандай ажр-савобсиз ўтказадиганлари бор. Улар тун қоронғусида икки ракъат намоз ўқимай ўйин-кулги билан вақтни ўтказиб юборишади.
  • Кичик бир сабаб туфайли жамоат намозларини тарк этиш рўзадорларнинг энг ёмон хатоларидан бири ҳисобланади. Бу мунофиқлик, қалб касаллиги ва руҳнинг ўлишининг аломати бўлади. Уларнинг орасида бутун Рамазон ичида Қуръон билан алоқаси бўлмаган инсонлар ҳам бор. Улар кўп ўқишади, лекин Қуръонни эмас, кўп мутолаа қилишади, аммо Аллоҳнинг каломини ўқишмайди.
  • Яна рўзадорлар орасида бу улуғ ойда ҳеч қандай саховат қилмайдиган ва бирор марта ифтор учун дастурхон ёймайдиган, эшиклари доим қулф кишилар бор. Аллоҳ таоло айтади: “Сизнинг ҳузурингиздаги нарса тугайдир. Аллоҳнинг ҳузуридаги нарса эса, боқийдир. Албатта, Биз сабр этганларни қилиб юрган амалларининг энг гўзалига бериладиган ажр ила мукофотлармиз” (Наҳл, 96). Бошқа бир оятда эса шундай марҳамат қилади: “Ўзингиз учун қилган яхшиликларни Аллоҳнинг ҳузурида топасиз. Албатта, Аллоҳ қилаётганингизни кўрувчидир” (Бақара, 110).
  • Яна рўзадорларнинг хатоларидан бири бу таровеҳ намозларини тарк этиш ва унга дангасалик қилишдир. Унинг ҳолати худди: “Менга фарзлар кифоя қилади“, деяётгандек. Қизиғи, у мол-дунёнинг озига ҳеч қачон қаноат қилмайди, зарур нарсаларга ҳирс қилгани каби уни тўлиқ эгаллашга интилади. Шоир айтади:

Кун қиёмат келсанг гар, амаллар эса оз,

Надомат айларсан, тафаккур айла бироз.

  • Яна рўзадорлар орасида аҳли оиласини турли хил таомлар пишириш учун қийин аҳволда қолдирадиган ва шу сабабдан уларни Қуръон тиловати, суннат, зикр ҳамда ибодатлардан тўсиб қўядиган инсонлар бор. Агар у зарурий нарсалар билан кифояланганда унинг аҳли оиласи Аллоҳ таолонинг ибодатидан озуқа олиш учун вақт топган бўлар эди.

 

Доктор Оиз Ал Қорний. “Рўзадор учун ўттиз дарс” китобидан

Тошкент шаҳар “Имом Термизий” жоме масжиди имом ноиби

Саидхон Махсумов таржимаси

35826 марта ўқилди

Мақолалар

Top