muslim.uz

muslim.uz

Вторник, 18 Апрель 2017 00:00

Ҳазили бўлмайдиган масалалар бор

Бешинчи рошид халифа деган олий мақомга муносиб кўрилган Умар ибн Абдулазиз раҳматуллоҳи алайҳ: «Мазахдан сақланинг, у кек пайдо қилувчи аҳмоқликдир», деганлар.

Имом Абу Довуд, Термизий ва Насаий ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ёлғон гапириб, одамларни кулдирадиган кишига вайл бўлсин, вайл бўлсин, вайл бўлсин», деганлар.

Вайл нималигини биламиз. Вайл – дўзахдаги бир жарнинг, чуқурнинг номи ёки жуда ҳам ёмон ҳолат. Пайғамбаримиз алайҳиссалом ёлғон гапириб, одамларни кулдирмоқчи бўлган кишига вайл бўлсин деб уч марта айтдилар. Жанжаллашиб қолган, аразлашиб юрган одамларни яраштириш учун зарурат юзасидан бир оз ёлғонга рухсат берилган, аммо кулдириш учун ёлғон гапиришга рухсат йўқ.

Афсуски, ҳазил-мутойиба одамнинг кўнглини кўтаради, кулдиради, кайфиятини кўтаради деб, ҳаддан ошиб, ўйин-кулгига қаттиқ берилиб кетяпмиз. Натижада шариат чегарасидан чиқиб, ҳазил кетмайдиган, ҳазил сиғмайдиган ишларга ҳам енгил қараб қолиняпти, сўзнинг қадри, инсоннинг қадри, ҳаётнинг қадри тушиб кетяпти. Одамларни кулдираман деб, роль ўйнаяпман деб, саҳнада ёлғондан эр-хотин бўлаётган, ёлғондан никоҳ ўқитаётган, ёлғондан бир-бирига талоқ айтаётганлар бор. Ҳолбуки, уларнинг оиласи, эри ёки хотини бўлиши мумкин. Аммо бу никоҳлар, бу талоқлар ҳазил бўлмаслигини юқорида айтиб ўтдик. Аммо одамларни кулдириш учун ёлғон гапираётганлар, фаҳш қилаётганлар-чи?
Имом Аҳмад ривоят қилган ҳадисда ҳазиллашиб ҳам ёлғон гапирмайдиган бўлмагунча банданинг иймони комил бўлмайди дейилган.
Имом Аҳмад ва Табароний ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: «Биродаринг сенга ишониб турганда унга ёлғон гапириш, алдаш нақадар катта хиёнат!» деганлар.

Одамлар биринчи апрелни ўзларича қандай номлаб олганидан қатъи назар, ҳазил дейишадими, аҳмоқ қилиш дейишадими, бу бизга ёт нарса. Аксинча, уламоларимиз бу кунни ноўрин ҳазил, алдов, мазах куни эмас, балки ёлғонга, мазахга қарши кураш куни қилиб белгилаб олайлик деб таклиф қилишяпти. Биз мўмин-мусулмонлар бу иллатга ана шундай ёндашмоғимиз керак. Дарҳақиқат, келинг, биринчи апрелда одамларни алдаб, кейин устидан кулиб, мазах қилиш ўрнига бу кунда алдов, ёлғон ва мазахга қарши курашайлик. Шунда Роббимиз субҳанаҳу ва таоло гуноҳларимизни кечиради, иншааллоҳ.

Бу ҳикматларни билмаган бўлсак, шу куни кимгадир ноўрин ҳазил қилиб, алдаб қўйган бўлсак, тавба қилайлик, афсус-надомат чекайлик, бориб, ўша биродаримизга узр айтиб, розилигини олайлик.

Тўғри, бу гапларимиз баъзиларга ёқмаслиги, «Бу беғубор ҳазил-ку, дўстим мени тўғри тушунади, қўшилиб кулади, бунчалик ваҳима қилишнинг нима кераги бор?» дейиши мумкин. Аммо мана шу арзимасдек туюлган, беғубор бўлиб кўринган ҳазилни деб оилалар бузилиб кетяпти, эр-хотиннинг ораси бузиляпти, дўстларнинг орасига совуқчилик тушяпти. Энг ачинарлиси, бундай бўлмағур, номаъқул қилиқлар бизга ғайридин халқлардан кириб келяпти, ёшларимиз, фарзандларимиз эса бунга кўр-кўрона эргашиб, онги, дунёқараши, хулқи заҳарланяпти.

Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ,

Юнусобод тумани бош имом-хатиби

 

Вторник, 18 Апрель 2017 00:00

Чидаганга чиқарган

Каломи шарифида: “Ва ўзингиздан оиласизларни, қул ва чўриларингиздан солиҳларини никоҳлаб қўйинг, агар фақир бўлсалар Аллоҳ Ўз фазлидан бой қилур. Аллоҳ кенг ва ўта билимдон Зотдир” , деган Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар бўлсин.

Ҳадиси шарифларида: “Ким уйланса, батаҳқиқ иймонининг ярмини мукаммал қилибди. Қолган ярмида Аллоҳга тақво қилсин”, деган суюкли Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга беҳисоб солавоту дурудлар бўлсин.

Ҳар бир ота-онанинг энг интиқлиқ билан кутадиган орзуларидан бири фарзандларининг никоҳ тўйларига бош бўлиш, келган меҳмонларни хурсандчилик билан кузатиб қўйишдир. Бир қараганда, бу ишлар гўёки, хамирдан қил суғургандек осон туюлади. Шариат аҳкомларига амал қилинса, аслида ҳам шундай бўлади ўзи. Бу ҳозирги кунда баъзилар “Исломий тўй” деб ўтказаётган тўйлар дегани эмас. Номи ўзгаргани билан моҳияти ўзгариб қолмайди, балки тушуниб-тушунмасдан ислом дини аҳкомларига беписандлик қилишдир. Қолаверса, шариат аҳкомларига амал қилиш дегани ҳар ким ўзига мослаб тўн бичиб олиши дегани ҳам эмас. Бу борада никоҳ валимасига (зиёфат) тегишли бўлган барча жараёнларда олиму устозлар билан бамаслаҳат иш олиб борилиши мақсадга мувофиқ. Аксинча, бир неча йиллар давомида бидъатчилар тўқиб чиқарган ва тўқиб чиқараётган урфларга, удумларга амал қилинадиган бўлса натижа қандай бўлиши кундай аён.

Одатда никоҳ валимасидаги расмиятчилик, хўжакўрсин олди-бердилар ёки одамлар гапиришади қабилидаги мулоҳазалар учун қилинадиган сарфу харажатлар ҳар иккала қуданинг ҳам тинка-мадорини қуритиб қўяди. Лекин, халқ орасидаги “обрўни” сақлаш керак “кўпи кетиб ози қолди”, “қирқига чидаган қирқ бирига ҳам чидагин” ёки “ҳа энди тўй бир кунда ўтади-кетади-да” деган мақол ва таскин берувчи сўзлар билан ўзимизни юпатамиз. Аслида-чи, бу юпатишларимизни нафақат охиратда, балки бу дунёда ҳам сариқ чақалик фойдаси йўқ эканини ўйлаб ҳам кўрмаймиз.

Агар бирорта насиҳатгўй тўғри маслаҳат бериб ёрдам қўлини чўзадиган бўлса, насиҳатинг ўзингга сийлов, бошингга тушганида кўрамиз қандай қилишингни деб жеркиб берамиз. Ҳақиқатни оладиган бўлсак, ушбу бидъату хурофотлар ҳаммани жонига тегиб гўёки пичоқ бориб суякка тақалгандек! Аммо улардан қутулиш учун гўёки ҳеч қандай чора йўқ, нажот йўқдек!. Ўз қўлимиз билан ковлаган ўрага қулаб боряпмиз. Ўзимиз тўқиган бидъату хурофат тўрларига ўзимиз ўлжа бўлиб тушаяпмиз. Бундан ким фойда кўраяпти-ю, ким эса зарар –ўйлаб кўрмаймиз. Халқимизда: “Тарихини билмаган халқнинг келажаги йўқ”, деган ажойиб нақл бор. Демак, бу муаммоларнинг ечимини тарихдан қидириб кўриш керак. Қарийб XIV аср бурун бутун дунёни ҳозирда биз бош қотириб турган муаммолардан бир неча баробар каттароқ, кўпроқ, шиддатлироқ муаммолар гирдобидан нима қутқарди? Айтингчи,  Ислом дини эмасми!.. 

Ҳозир эса бу муаммолардан қутулиш учун барча имкониятлар, шарт-шароитлар мавжуд. Фақатгина ҳаммамиз бир тану бир жон бўлиб буни астойдил истасак бўлди. Шунда келажак авлоднинг олдида ҳам юзимиз ёруғ бўлади.

Биз “ота-боболаримиздан қолган одатда, қилмасак бўлмайди” деб мажбурланган ҳолда қилаётганимиздек, авлодларимиз қилмайдилар.

Биз “ота-боболаримиз нима учун шундай бидъатларни қилганлар ёки тўқиб чиқарганлар” деб норози кайфиятда эслаётганимиздек, эсламайдилар.

Бу ҳасратли жумлаларнинг битилишига сабаблар жуда ҳам кўп. Лекин гап чўзилиб кетмаслиги учун иккита бўлган воқеани ҳукмингизга ҳавола қилиш билан кифояланамиз.

Ҳожи акалардан бирининг айтишича: “Тошкентдаги энг обрўли икки оила никоҳ тўйигача бўлган барча расмиятчилик-у олди-бердиларни ниҳоясига етказиб никоҳ валимасини қачон ва қаерда бўлишигача ўзаро келишиб олишибди. Обрўли оилалар бўлгани учун ҳар иккала тараф ҳам шаҳримиздаги энг ҳашаматли ва катта тўйхоналардан бирини танлашибди. Тўйхона бир пайтни ўзида 700-750 та меҳмонни ўз бағрига сиғдира олар экан. Одатда шаҳримизда икки ёшни бошини қовуштириш учун керак бўладиган сарф-харажатларнинг асосий қисмини келин тараф ўз зиммасига олишга мажбур. Шунинг учун ҳам келин тараф, куёв тарафдан наҳорги ошга неча киши бўлиб келишларини сўраган. Қуда эса 200 киши атрофида бўлишини айтган. Одатдагидек эрта тонгда карнай-сурнай садолари остида ҳашаматли тўйхонага кираверишда ўнлаб “ҳассакаш”лар дарёдек оқиб келаётган меҳмонларни хурсандчилик билан кутиб олишяпти.

Тўйхонанинг олдидаги майдонда эса, бирин-кетин келаётган қуда тарафнинг меҳмонлари жамланяпти. Уларни бир жойга тўпланаётганидан тобора адади кўпайиб бораётгани маълум бўлиб қолди. Бу эса ўз ўрнида мезбон тарафни ташвишга сола бошлади. Тўғри-да, келишувга мувофиқ жой тайёрланган. Мезбоннинг ташвишлангани тўғри чиқди. Қуда тараф кўп эмас, кам эмас нақд 500 киши бўлиб келибди. Наилож, мезбон тезлик билан ўзининг тарафидан бўлган мехмонларга узр айтиб, уларнинг жойларига ҳам қудаларни ўтқазибди. Ҳурматли ўқувчи, энди тўйхонада қандай ҳолат юзага келганини бир ўзингиз тасаввур қилиб кўринг-а? Шу билан ҳаммаси якунига етса қанийди. Зиёфат якунида тўйхонанинг олдидаги майдонда қуда тарафдагиларга чопон кийдириш маросими бошланибди. Мезбон қуда тишини тишига қўйиб бу расмиятчиликни ҳам қойиллатиб адо этибди. Кейин: “Қуда, бу меҳмонларнинг кўпроқ келишини олдиндан айтиб қўймабсиз-да, шунга яраша тайёргарчилик кўриб қўярдик, хижолатпазлик бўлмас эди”, дебди. Қуда эса жавобан: “Тўй қилишни чидаганга чиқарган” деб жавоб берибди. Шунда мезбон қуда атрофда турганларга мурожаат қилиб, қўлларингизни дуога қўтаринг: “Азиз меҳмонлар берилган ош Аллоҳ йўлида эҳсон, тўй эса бекор қилинди. Омин!” дебди.

Шу ўринда ҳикоямизнинг салбий қаҳрамонига ва у кишига ўхшаганларга, бу димоғдорлик билан айтаётган сўзларингизни айтишга озгина шашқолоқлиқ қилдингиз. Агар шу бир оғиз сўзингиз ўғлингизнинг бахтига чанг солиш эканини ўйлаб кўрганингизда, манманликнинг оқибати нима билан якун топишини билганингизда, сиздан аввалгилар ҳам шунга ўхшаш сўзларни айтиб қўйиб, заҳрини узоқ йиллар тортганини билганингизда, бировнинг қалб шишасини синдирмоқ уни тиғ билан жароҳатламоқдан ёмон эканини тушунганингизда, ҳеч бўлмаса бирор зиёфатга таклиф этилганингизда мезбонга нисбатан Исломий маданият ила муомала қилишни, неча киши бўлиб бориш мумкин эканини билганингизда бундай оқибатлар бўлмас эди, деб эътиборингизга қуйидаги ҳадиси шарифни ҳавола этаман ва ибрат олурсиз деган умиддаман.

وجَاءَ رَجُلٌ يُقَالُ لَهُ أَبُو شُعَيْبٍ إِلَى غُلاَمٍ لَهُ لَحَّامٍ فَقَالَ: اصْنَعْ لِي طَعَامًا يَكْفِي خَمْسَةً فَإِنِّي رَأَيْتُ فِي وَجْهِ رَسُولِ اللهِ صلى الله عليه وآله وسلم الْجُوعَ فَصَنَعَ طَعَامًا ثُمَّ أَرْسَلَ إِلَى النَّبِيِّ صلى الله عليه وآله وسلم فَدَعَاهُ وَجُلَسَاءَهُ الَّذِينَ مَعَهُ فَلَمَّا قَامَ النَّبِيُّ صلى الله عليه وآله وسلم اتَّبَعَهُمْ رَجُلٌ لَمْ يَكُنْ مَعَهُمْ حِينَ دُعُوا فَلَمَّا انْتَهَى رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وآله وسلم إِلَى الْبَابِ قَالَ لِصَاحِبِ الْمَنْزِلِ إِنَّهُ اتَّبَعَنَا رَجُلٌ لَمْ يَكُنْ مَعَنَا حِينَ دَعَوْتَنَا فَإِنْ أَذِنْتَ لَهُ دَخَلَ قَالَ: فَقَدْ أَذِنَّا لَهُ فَلْيَدْخُلْ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَالشَّيْخَانِ.

Абу Шуъайб исмли бир киши ўзининг қассоб ходими олдига келиб:

«Менга беш кишилик таом тайёрлаб қўй, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юзларида очлик аломатини кўрдим», деди.

У таомни тайёрлади. Сўнгра Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга одам юбориб, у зотни ва бирга ўтирганларни даъват қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам туриб жўнаганларида даъват қилинган пайтларида бўлмаган бир киши ҳам уларга эргашди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эшик олдига етиб келганларида манзил соҳибига:

«Сен бизни даъват қилганингда биз билан бўлмаган киши бизга эргашиб келди. Агар изн берсанг киради», дедилар.

«Батаҳқиқ, унга изн бердик, кираверсин», деди у» (Термизий ва икки Шайх ривоят қилган).

Иккинчи воқеа: Шаҳримиздаги хонадонлардан бирида катта тантана, хурсандчилик, қўни-қўшни, таниш-билиш ҳамма эшитганлар уларни қўшалоқ келин тушираётганидан мамнун. Кўпчилик, айниқса, аёллар чуқур энтикиш билан: “Бизга ҳам шундай қўшалоқ келин тушириш насиб этсин”, деб орзу қилишган, баъзилар эса ҳадикда. Тўғри-да, ҳозирги кунда битта келинни қабул қилиб олиб кўнгилдагидек ҳаёт кечириб кетаётганларнинг ўзи камчиликни ташкил қилади, аммо бирданига иккита келиннинг машмашаси албатта ўзига яраша бўлади.

Халқимизнинг “ажойиб” бидъату хурофотларидан бири, келин туширилаётган хонадонга келин тарафдагилардан бир неча аёллар ва уйнинг ўлчамини оладиган мутахассислар келиб кетишидир. Юқорида айтганимиздек, деярли барча харажатлар келин тарафидан бўлиши етмаганидек, куёв тараф мазкур аёллар ва мутахассислар келишига бир неча хонадан иборат бўлган уйни бўм-бўш қилиб (яланғочлаб) қўйишади. Бизнинг қаҳрамонимиз эса бу ишларни қойил мақом қилиб амалга оширибди. Қўш келин тушираётгани учун “адолат” билан ҳар иккала келин тарафдагиларга бир хил шароитли, яъни чор девордан бошқа ҳеч нарсаси йўқ бир неча хонани кўрсатиб қўйибди. Ана энди томошани кўринг. Никоҳ тўйига 10-15 кун қолгунича ҳар иккала келин тарафдагилар бир неча йиллардан бери йиғиб келган сарпо-суруғ, турли уй жиҳозлари, мебеллар, гиламлар, кўрпа-тўшаклар қисқаси деворнинг бирор жойи очиқ қолмайдиган даражада қимматбаҳо парда ва гиламлар билан безатишган. Буларнинг барчасини текширадиган, кўрикдан ўтказадиган ва ҳисоб-китоби чиқариладиган кун ҳам етиб келибди.

Бундай кун шариатимизда қиёмат куни деб аталади. Халқимизнинг урфида эса “мол ёяр” куни деб аталади. Бу кунда барча нарсани одатда “бош ҳакам” қайнона ҳал қилади. Ҳайъат аъзолари эса қавму қариндош ва қўни-қўшнилардан иборат бир гуруҳ ғийбатчи аёллар. Бир овоздан катта келиннинг сепи аъло баҳога лойиқ деб топилган. Бечора кичик келинга нисбатан ҳақоратли сўзлар “гулдастаси” отилган. Эмишки, кичик келиннинг сепидаги барча нарсалар ўзимизники “импортний” ҳеч нарсаси йўқ. Бундай имтиҳондан кичик келин тарафдагилар ўта олмаганлар. Натижада эса кичик келин томон кўч-кўронини кўтариб тўйни бекор қилиб кетган. Бундан бўлажак қайнона ҳеч ташвишлангани йўқ. Чунки у кишининг хаёлларида кичкина ўғилга ҳам катта ўғилникидек бой-бадавлат хонадоннинг қизини келин қилиб олиб бериш нияти бор эди. Аммо у кишининг ҳам хаёллари пуч экани маълум бўлиб қолди.

Биринчи қуда бўлмиш яъни катта ўғилга қиз бераётган тараф иймонли одамлар экан. Агар ҳамма нарса мол-дунё билан ўлчанадиган бўлса, биз ҳам бундай оила билан қуда-анда бўлмаймиз деб, кичик келин томон қилганини қилиб кетибди.

Бундай воқеалар ҳар куни, ҳар қадамда учраши мумкин. Лекин кўпчилик қуда-анда бўлаётганлар бир-бирининг юқоридагига ўхшаган муаммоларига сабр қилишдан ўзга чораси йўқ. Гўёки ҳар тарафни ўйлайди, мулоҳаза қилади, ке, қўй, боламнинг бахтига зомин бўлмайин, деб паст кетишга мажбур бўлади. Мана шундай нотўғри фикрлар, мулоҳазаларнинг йиғиндиси эса фарзандларимизнинг бахтига чанг солиш эканини ўйлаб кўрмайди.

  “Дардни даволагандан кўра унинг олдини олмоқ осондир”, дейдилар. Бизнинг ҳикояларимиз қаҳрамонлари ўз фарзандларини айнан муқаррар фалокатдан сақлаб қолган халоскорлардир. Агарда ҳамма оталар ҳам ўз фарзандлари тўғрисида, уларнинг келажаги, оилавий ҳаёти ҳақида тўғри қарор қабул қилганида кўп нохушликларнинг олди олинар  эди. Қолаверса, бу ишлар фақат ота-оналарга тегишли эмас, балки барча мўъмин-мусулмонларга оиддир. Зеро суюклигимиз, Расулимиз, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак ҳадисларида бундай деганлар:

عن أبي سعيد الخدري رضي الله عنه قال : سمعت رسول الله صلى الله عليه وآله وسلم يقول : قَالَ: مَنْ رَأَى مِنْكُمْ مُنْكَرًا فَلْيُغَيِّرَهُ بِيَدِهِ فَإِنْ لَمْ يَسْتَطِعْ فَبِلِسَانِهِ فَإِنْ لَمْ يَسْتَطِعْ فَبِقَلْبِهِ وَذَلِكَ أَضْعَفَ اْلإِيمَانِ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلاَّ الْبُخَارِيَّ.

Абу Саъийд Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Сиздан ким бир мункар ишни кўрса, қўли билан қайтарсин, агар қодир бўлмаса, тили билан қайтарсин, агар қодир бўлмаса, дили билан қайтарсин, ана ўша энг заиф иймондир», дедилар» (Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган).

Исҳоқжон БЕГМАТОВ,

 «Тўхтабой» жоме масжиди имом-хатиби

 

 

Вторник, 18 Апрель 2017 00:00

Тўрт томондан қирқ ҳовли...

Инсоннинг кунига қўшнидек ярайдиган киши йўқ. Ота-боболаримиз бежизга “Ҳовли олма, қўшни ол” демаган. Чунки қўшни уйга қараганда жуда муҳимдир. Яна ота-боболаримиз: “Қўшни қўшнининг кулига муҳтож”, “Қўшнинг тинч – сен тинч” деганлар ва бу сўзларнинг асосларини Қуръондан олганлар.

Кишининг оила аъзоларидан сўнг энг кўп юзлашадиган, мулоқот қиладиганлари қўшниларидир. Қўшниларни эъзозлаб уларга яхшилик қилишни ўрганган киши бошқаларни ҳам ҳурматлайди, ҳеч кимга ёмонлик қилмайди. Шунинг учун фарзандларимизга доимо қўшниларга яхшилик қилиш, уларга азият етказишдан сақланиш, қўшничилик одоблари ҳақида насиҳатлар қилишимиз зарурки, токи улар қўни-қўшнинг ҳурматини  жойига қўядиган фарзандлар бўлиб улғайсинлар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Аллоҳ таолога ва қиёмат кунига иймон келтирган бўлса, қўшнисини ҳурматласин”, дедилар. Бошқа бир ҳадиси шарифда: “Кишининг ёмонликларидан қўшниси омон бўлмаса, у жаннатга кирмайди”, деганлар. Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан доимо Аллоҳ таолонинг ибодати билан машҳур, лекин қўшнилари билан яхши муомалада бўлмайдиган аёл ҳақида сўралганда у зот: “У хотинда ҳеч яхшилик йўқ. У жаҳаннамга киргувчидир”, дедилар. Юқоридаги ҳадислардан кишининг яхши амаллари мақбул бўлишида, жаннатий бўлишидек орзуси амалга ошишида яхши қўшничиликнинг аҳамияти беқиёс экани, қўшниларини норози қилган ҳолда Аллоҳ таолонинг розилигини топиш мумкин эмаслиги тушунилади.

Ҳадиси шарифларда қуйидагилар қўшничилик ҳақларидан экани айтилган: қўшни ёрдам сўраса, ёрдам бериш; қарз сўраса, қарз бериш; бемор бўлса, ҳолини сўраш, қўшнига бирор яхшилик етса табриклаш; бирор мусибат етса, таъзия билдириб, тасалли бериш; қўшни оламдан ўтса жанозасида қатнашиш; қўшни рози бўлмаса, уйининг деворини унинг уйининг деворидан баланд қилмаслик; тансиқ таомлар пиширганда қўшнига ҳам улашиш; қўшни бирор жойга кетганда уйи ва манзилидан хабардор бўлиш ва сақлаш, чақирса жавоб беришдир.

Динимиз таълимотига кўра, қўшничиликда миллат, дин ва насаб аҳамиятли эмас. Қўшни ким бўлишидан қатъи назар, уни ҳурматлаш, ҳаққини адо қилиш вожиб, унга озор етказиш ҳаромдир.

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг ўғли Абдуллоҳнинг бир яҳудий қўшниси бор эди. Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу бир куни туя сўйдилар. У киши хизматкорларига “Қўшнимизни унутма деди ва бир оз вақт ўтиб яна, “Яҳудий қўшнимизни унутмадингми?” деб сўрадилар. Хизматкор, “Тақсир ҳозиргина айтган эдингиз, унга гўшт ажратиб қўйдик, ҳозир олиб чиқиб берамиз”, деди. Уч-тўрт дақиқа ўтиб Абдуллоҳ хизматкорни чақириб, яна сўради. Шунда хизматкор: “Узр сўрайман, шу пайтгача сизга итоатсизлик қилган эмасман, биласиз. Кейин ҳам қилмайман. Нега қўшни ҳақида бунча қайғурасиз?” деб сўради. Шунда Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Жаброил алайҳиссалом менга ҳамиша қўшни ҳақида васият қилар эдики, мен яқинда қўшнига ҳам мерос берилса керак, деб ўйлардим” деганларини эшитганман”, деди.

Кишига қўшнилари берган баҳо энг энг ишончли маълумот ҳисобланади. Бир киши: “Ё Расулуллоҳ, яхшилик ё ёмонлик қилганимни қандай биламан?” деб сўради. Унга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар қўшниларингиз “яхши қилдингиз” деса, яхшилик қилган; “ёмон қилдингиз” деса, ёмонлик қилган бўласан”, дедилар.

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу айтадилар: “Кимни қўшниси, яқинлари ва йўлдоши мақтаса, унинг яхшилиги ҳақида шубҳа қилманг”.

Ҳасан Басрий розияллоҳу анҳу айтдилар: “Қўшнига азият бермаслик яхши қўшничилик эмас, яхши қўшничилик, қўшнидан етаётган баъзи азиятларга сабр қилишдир”.

Борини қўшнилар билан баҳам кўриш, қўшнида бор нарсадан тамаъ қилмаслик қўшничиликнинг чиройли бўлиши сабабларидандир. Қўшничилик чегараси ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Билингки, қирқ ҳовли қўшнидир”, деганлар. Уломаларимиз бу ҳадисни шарҳлаб: “Олди томондан қирқ ҳовли, орқа томондан қирқ ҳовли, ўнг томондан қирқ ҳовли, чап томондан қирқ ҳовли, қўшнидир” деганлар. Мусулмончиликда қўшни ҳаққи ана шундай улуғдир. Мусулмон киши бу ҳақларни тўғри тушуниб, унга амал қилиб, чиройли қўшничилик қилмоғи, меҳр оқибатли бўлмоғи лозим.

Садриддин АБДУРАШИДОВ,

Олмазор тумани бош имоми хатиби

Вторник, 18 Апрель 2017 00:00

Энг қиммат хазина

Ёйдек бўлиб қолгунча намоз ўқисангиз ҳам, ипдек бўлиб  қолгунча рўза тутсангиз ҳам, гуноҳларга тўсиқ бўладиган бир эҳсонингиз бўлмагунча Аллоҳ таоло ибодатларингизни  қабул этмас.

Али ибн Абу Толиб

***

Аллоҳ исломни илм ила зийнатлади, тарбия ила юксалтирди, тақво ила шарафлантирди.

                   Абдуллоҳ ибн Умар

 ***

Сабр – мусибатлар ичида экансиз адабга энг гўзал шаклда риоя этмоғингиздир.

Зуннун Мисрий

***

Гўзал ахлоқнинг энг кичик даражаси машаққатларга бардошли бўлмоқ, сизга ёмонлик қилганга марҳамат қилмоқ, унинг гуноҳларини сўрамоқ ва бутун инсонларга нисбатан меҳрли бўлмоқдир.

                                                                   Ибн Ата

 ***

Ойнинг кечага сабр этиши унинг юзини ойдин қилади. Гулнинг тиконга сабр этиши унга гўзал ҳид бахш этади.

Шайх ат-Тустарий

***

Болага ёмон сўз айтмоғингиз уни ака-укалари ва сиз билан айни шаклда муомала қилишга ўргатади.

Имом Шофий

***

Ихлоссиз қилинган амал юзида подшоҳнинг муҳри бўлмаган сохта пулга ўхшайди.

 Саййид Амир Кулол

 ***

Имконинг бор экан қоч ёмон улфатдан,

Ёмон аҳбоб ёмондир, энг заҳарли илондан,

Илон заҳрини санчиб, жонингдан жудо этар,

Ёмон дўстларинг эса жон ва иймонинг олар.

Холид Бағдодий

***

Аллоҳга хизмат этмоқдан бахтли бўлган кишига бутун мавжудотлар хизмат этмоқдан бахтиёрлик ҳиссини тўяди. Кимнинг кўнгли Аллоҳ ила бахтли бўлса, уни кўрган ҳар кишининг кўзи қувнайди.

Яҳё ибн Муоз

***

Бир кишининг илми уни Аллоҳ таоло ман этган нарсалардан қайтармаса, у одам катта таҳлика ичидадир.

Имом Абу Ҳанифа

***

Эй нафсим! Агар бир бола кийимингда чаён бор деса, унинг гапини эшитар-эшитмас ҳеч қандай далил ва исбот талаб қилмасдан кийимингни ечиб отасан. Олимларнинг, ҳакимларнинг, валийларнинг ва пайғамбарларнинг гапларининг сенга ўша боланинг гапича ҳам қадри йўқми?  Ёки жаҳаннам оташи, кишанлари, заққум ва темир калтаклари, йиринг ва заҳарлари, илон ва чаёнлари қисқа вақт оғриғини тортадиганинг дунё чаёнидек сенга қўрқинчли кўринмайдими?

Бу ҳолатинг асло ақл иши эмас. Агар ҳайвонлар сенинг аҳволингни англаганида устингдан кулар эди. Шоядки, шу айтганларимни англаган ва инонган бўлсанг.  У ҳолда нега ибодатларингни эртага қолдиряпсан? Ҳолбуки, ўлим сенга жуда ҳам яқин ва сен ҳеч кутмаган вақтда бўғзингдан олади.

 Имом Ғаззолий

***

Илмий мутолаа қалбнинг энг инжа ва энг сирли нуқталарини ҳаракатга келтиради, инсонда буюк туйғулар уйғотади.

Имом Шофий

 

Робия ЖЎРАҚУЛОВА тайёрлади.


 

Понедельник, 17 Апрель 2017 00:00

Имом-хатибларимиз фаолиятидан хабарлар

Шу йилнинг 13 апрель кунида Тошкент шаҳар "Ҳазрати Али" жоме масжиди имом-хатиби Салоҳиддин домла Шарифов Учтепа туманидаги "Журжоний" маҳалла фуқаролар йиғинида маҳалла аҳлига диний экстремизм номи остида бугунда жаҳонда юз бераётган фитна-фасод, бузғунчилик, вайронагарчилик ишларининг асл муддаоси, тарихдаги бу каби воқеаларнинг оқибатлари ҳақида батафсил сўзлаб, ҳар бир ватандошимиз мусаффо ислом ва унга тамоман зид бўлган гуруҳ ва оқимлар фаолияти тўғрисида тушунчага эга бўлиши лозимлигини уқтириб ўтди. 
 
*     *     *
 
Яна шу куни Тошкент шаҳар "Ракат" жоме масжидида 40 йил мобайнида имом-хатиблик вазифасини бажариб, дин ва халқ хизматида бўлган, бугунда фахрий имом сифатида жамоа ардоғида бўлган Абдуллажон домла Ҳамдамов бошчилигида масжид жамоаси, шунингдек Яккасрой тумани "Ракатбоши" маҳалласи раиси, маслаҳатчилари ҳамроҳлигида мазкур маҳаллада истиқомат қилувчи кам таъминланган, ижтимоий ёрдамга муҳтож оилалар ҳолидан хабар олинди. Салом-алик, дуои хайрлардан сўнг, уй соҳиблари билан суҳбатлар олиб боришган масжид ходимлари ўша хонадонларга зиё, Аллоҳнинг нури кириб туришига сабаб бўладиган диний-маърифий китоблар ҳадя қилишди. Домлаларимиз мезбонларни бу китоблар билан таништиришгач, баракот бўлсин деган ниятда қутиларга жойланган бир неча хил озиқ-овқат маҳсулотлари, мева-чевалар ва баҳоли қудрат пул-маблағ ҳам эҳсон қилишди.
 
 

*    *    *

12 апрель куни Тошкент шаҳар "Тўлқин Акром ўғли" жоме масжиди имом-хатиби Саҳобиддин Сатимов Олмазор туманида жойлашаган имконияти чекланган болалар учун ихтисослаштирилган 36-сонли мактаб ҳамда Юнусобод туманидаги 21-сонли Меҳрибонлик уйларига ташриф буюриб, масжид жамоаси ва ҳомийлар кўмагида таълим муасссалари учун зарурий жиҳоз-анжомлар, ҳамда болалар учун ўқув қуролларини ҳадя этди.  Имом-хатиб болаларга Аллоҳ таоло бизга инъом этган тинчлик, омонлик, юртимиз томонидан кўрсатилаётган барча ғамхўрликларининг шукронасини қилишлик учун фақат яхши ва аъло ўқишлари, билим, касб-ҳунар эгаси бўлиб, ватанимиз тараққиётига ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшишлари лозим эканлигини сўзлаб берди.
 
 
 
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент шаҳар вакиллиги Матбуот хизмати

Мақолалар

Top