muslim.uz

muslim.uz

Четверг, 30 Июнь 2016 00:00

30 июнь кунидаги хатмоналар

Ҳурматли порталимиз мухлислари, Яратганга шукрки, Юртимизда ҳукм сураётган тинчлик ва хотиржамлик сабабли муборак Рамазон ойи ҳам ўзгача шукуҳ билан ўтмоқда. Айниқса, кундузлари соим бўлиб Аллоҳга муқарраб бўлган инсонлар, тунлари таровиҳ намозларида ҳам иштирок этиб Аллоҳнинг каломига соме бўлишмоқда. Дуолар мустажоб бўладиган ғанимат дамларда Юртимиз ва юртдошларимиз ҳақига хайрли дуолар қилишмоқда.

Сиз азизларга 30 июнь куни пойтахтимизнинг қуйидаги масжидларида Қуръон хатмоналари якунига етишини маълум қиламиз:

  1. “Абдулҳамид ҳожи” жоме масжиди. (Манзил: Учтепа тумани, Муаллим кўчаси 2-уй.) Масжид имом-хатиби-Азимов Жамолиддин . Қори: Орзиев Раҳматуллоҳ.
  2. “Омина” жоме масжиди. (Манзил: Юнусобод тумани, Обод маҳалласи, Ўртасарой кўчаси 30 уй.) Масжид имом-хатиби-Ҳазратқулов Муҳаммадбоқий. Қорилар: Давлатов Ҳикматуллоҳ, Шодиев Юсуф.
  3. “Занги ота” жоме масжиди. (Манзил: Шайхонтоҳур тумани, "Занги ота" маҳалласи, Самарқанд дарвоза кўчаси 122 – уй.) Масжид имом-хатиби - Мирзаев Хайруллоҳ. Қорилар: Ҳакимов Шуҳрат, Ахматқулов Элёржон, Бобожонов Отабек.

Шукуҳли ва дуолар ижобат бўладиган хатмона кечасида Аллоҳ таолодан Рамазон ойи  Юртимиз учун барокатли ва хайрли бўлишини, Ватанимиз тинч, осмонимиз мусаффо, ҳаётимиз эса фаровон бўлишини сўраб дуолар қилайлик. Зеро, бу ойда қилинган дуо мустажобдир.

 

ЎМИ Тошкент шаҳар вакиллиги

Муборак Рамазон ойида Жаннатга 122 эшик

  • Ҳар бир амални фақат Аллоҳ таолонинг розилигини кўзлаб бажариш. (Ихлосли бўлиш).
  • Аллоҳ таолога тавба қилиш.
  • Янги чиққан ойни кўрганда дуо қилиш.
  • Иймон ва савоб умидида рўза тутиш.
  • Иймон ва савоб умидида кечаларини бедор ўтказиш.
  • Иймон ва савоб умидида қадр кечасида бедор бўлиш.
  • Охирги ўн кунида янада жидду жаҳд қилиш.
  • Умра қилиш.
  • Эътикофда ўтириш.
  • Рўзадорга ифторлик қилиб бериш.
  • Қуръони каримни тиловат қилиш.
  • Қуръони каримни ўрганиш ва ўргатиш.
  • Аллоҳ таолони зикр қилиш.
  • Истиғфор айтиш.
  • Таҳоратни мукаммал адо этиш.
  • Таҳорат олгандан кейин шаҳодат калимасини айтиш.
  • Доимий таҳоратли бўлиб юриш.
  • Мусвок ишлатиш.
  • Таҳорат олгандан кейин икки ракат намоз ўқиш.
  • Азон эшитандан кейин унинг дуосини ўқиб қўйиш.
  • Азон ва иқомат орасида дуо қилиш.
  • Доимий беш вақт намозни адо этиш.
  • Намозларни ўз вақтида адо этиш.
  • Хусусан бомдод ва аср намозларининг вақтига янада риоя қилиш.
  • Жума намозини доимий адо этиш.
  • Жума куни дуолар ижобат бўладиган лаҳзаларни ўрганиб, шу вақтларда дуо қилиш.
  •  Жума куни “Каҳф” сурасини ўқиш.
  • Масжидга бориш.
  • Ҳарам масжидида ва Набавий масжидида намоз ўқиш.
  • Қубо масжидида намоз ўқиш.
  • Доимо жамоат билан намоз ўқишга риоя қилиш.
  • Биринчи сафда намоз ўқишга интилиш.
  • Доимо “Зуҳо” намозини адо этиш.
  • Кундалик ўқилиб бориладиган суннат намозларини қолдирмаслик.
  • Нафл намозларни уйда адо этиш.
  • Кўп сажда қилиш.
  • Масжидда бомдод намозини ўқиб бўлгандан кейин ўз жойида қуёш чиққунча зикр қилиб ўтириш.
  • Жаноза намози ва дафн маросимига қатнашиш.
  • Ёш фарзандларни намоз ўқишга ўргатиш.
  • Ёшларни рўза тутишга ўргатиш.
  • Ҳар бир фарз намозидан кейин Аллоҳ таолони зикр қилиш.
  • Рўзадор оғиз очишини кечиктирмаслиги.
  • Оғиз очиш амалини шом намозидан аввал бажариш.
  • Агар топилса, хурмо билан оғиз очиш.
  • Доимо ифторлик дуосини ўқишга риоя қилиш.
  • Ифторлик пайтида дуо қилиш.
  • Бошқа пайтларда ҳам кўпроқ дуо қилиш.
  • Саҳарлик қилиш.
  • Овқат еб, ичимлик ичиб бўлгандан кейин Аллоҳ таолога ҳамд айтиш.
  • Закотни адо этиш.
  • Аллоҳ йўлида инфоқ-эҳсон қилиш.
  • Садақа бериш.
  • Бировларга ошкора қилмай садақа бериш.
  • Масжидлар қурилишига моддий ёки маънавий кўмак бериш.
  • Саломни кенг ёйиш ва мискину фақирларга таом едириш.
  • Йўлдан одамларга азият берадиган нарсаларни олиб ташлаш.
  • Ота-онага яхшилик қилиш ва уларга итоат этиш.
  • Аёл киши эрига итоат этиши.
  • Ҳалолдан касб қилиш.
  • Доимо аҳли-оила нафақасидан хабардор бўлиш. 
  • Етим-есирларга ва мискину бечоралар нафақасидан хабардор бўлиш.
  • Етимни ўз кафиллигига олиб, унинг нафақасига қараш.
  • Етимнинг бошидан силаб, унга меҳр-шафқат кўрсатиш.
  • Дўсту биродарларнинг эҳтиёжларини раво қилиш.
  • Аллоҳ йўлидаги дўстлардан ҳол-аҳвол сўраб кўргани бориб туриш.
  • Касалларни ҳолидан хабар олиш.
  • Қариндош-уруғлар гарчи, алоқаларни узган бўлсалар-да, улар билан борди-келди қилиш.
  •  Мусулмон кўнглини кўтариб, хурсанд қиладиган ишларни амалга ошириш.
  • Қийналиб қолган кишининг ишини енгиллатиш.
  • Заифҳол кишиларга нисбатан раҳм-шафқатли бўлиш.
  • Ўзаро низо чиққан, бир-бири билан юзкўрмас бўлиб кетган инсонларнинг орасини ислоҳ қилиш.
  • Гўзал хулқли бўлиш.
  • Ҳаёли бўлиш.
  • Ростгўй бўлиш.
  • Босиқ, кечиримли, мулойим бўлиш.
  •  Кўришганда қўл бериб саломлашиш.
  • Очиқ юзли бўлиш.
  • Савдода бағрикенг бўлиш.
  • Аллоҳ таоло ҳаром қилган нарсалардан кўзни тийиш.
  • Яхшиликка чақириб, ёмонликнинг олдини олиш.
  • Солиҳлар, яхши инсонлар билан бирга бўлиш.
  • Тил ва бошқа аъзоларни номақбул ишлардан сақлаш.
  • Пайғамбар алайҳиссалом кўп саловот айтиш.
  • Яхшилик қилиш ва эзгу ишларга далолат қилиш.
  • Инсонлар Аллоҳ таолони танишига сабабчи бўлиш.
  • Инсонларнинг айбларини беркитиш.
  • Сабрли бўлиш.
  • Бирор бир гуноҳ иш содир этганда, икки ракат намоз ўқиб тавба қилиш.
  •  Ҳайвону жонзотларга ҳам шафқатли бўлиш.
  • Инсонлардан таъма қилмаслик.
  • Кўп таҳлил (яъни, “Лаа илааҳа иллаллоҳ”) ва тасбеҳ айтиш.
  • Садақайи жория қилиш.
  • Савдо-сотиқда ростгўй бўлиш.
  • Мусулмонлар ғам-ташвишини аритиш.
  • Мусулмон ва бошқаларга зиён бермаслик.
  • Ўзгаларга ёрдам қўлини чўзиш.
  • Ота-онанинг дўстлари билан ҳам борди-келди қилиб алоқани узмаслик.
  • Ширин сўзли бўлиш.
  • Қўл остидаги ишчи-ходимларга шафқатли бўлиш.
  • Бир солиҳ амални оз-оз бўлса-да, бардавомлик ила бажариш.
  • Қўни-қўшниларга яхши муносабатда бўлиш.
  • Меҳмонларни иззат-икром қилиш.
  • Ота-онанинг ҳаққига дуо қилиш.
  • Дўсту биродарининг ҳаққига ғойибона дуо қилиш.
  • Мусулмонларнинг ҳаққига дуо қилиш ва Аллоҳ таолодан уларнинг гуноҳларини кечиришини сўраш.
  • Масжидларни тозалигига ҳисса қўшиш.
  • Турмуш ўртоғи билан яхши муносабатда бўлиш.
  • Ўз аҳли-оиласига таълим-тарбия бериш.
  • Бирор кишига жабр қилган бўлса, ундан розилик олиш ва зиммасидаги ўзгаларнинг моддий ва маънавий ҳақларини адо этиш.
  • Ёмонлик кетидан уни ювиб юборадиган яхшилик қилиш.
  • Омонатга хиёнат қилмаслик ва аҳдга вафо қилиш.
  • Каттани ҳурмат, кичикни иззат қилиш.
  • Ўзгаларнинг ғам-қайғуси ва дардига шерик бўлиш.
  • Тилни ёмон сўзлардан сақлаб фақат яхши сўзларни айтиш.
  • Мусулмонлар обрўсини сақлаш.
  • Қалбни бахиллик ва ҳасаддан пок тутиш.
  •  Инсонлар орасида адолат билан ҳукм қилиш.
  • Мусулмонларга яхши ишларда кўмаклашиш.
  • Бошига кулфат ёғилган кишига ёрдам бериш.
  • Яхшиликка чақираётган кишининг чақириғига лаббай дейиш.
  • Яхши иш қилган кишига миннатдорчилик билдириш ва муносиб мукофотлаш.
  • Шаввол ойидан олти кун рўза тутиш. 

 

Кўкалдош ўрта махсус ислом билим юрти мударриси БАРАТОВ Ғиёсиддин манбалар асосида тайёрлади

Четверг, 30 Июнь 2016 00:00

Амаллар ниятга боғлиқ (шеър)

Азизлар айтайин битта ҳикоят,
Қанча китобларда келган ривоят.

Кундуз умид билан бўлсак рўзадор.
Кечалар қиёмда турсак ҳам бедор.
Бировнинг ҳаққига қилсак хиёнат.
Бизда бўлмаса инсоф диёнат.
Бировнинг ортидан айтсак ғийбатлар.
Беэътибор ўтса қанча суҳбатлар.
Номаҳрамдан тиймас бўлсак кўзимиз.
Беихтиёр бурилса унга юзимиз.
Ёлғон аралашса битта савдода.
Молим ўтказай деб бўлсак ғавғода.
Қўрқмасдан еб қолсак биров хаққини.
Зарра озорласак инсон халқини.
Рўзадорман деб ўйлама зинҳор!
Балки бу рўзанг бўлибди бекор.

Иймон билан тутсанг рўзадир зиё.
Билсин дея тутсанг бўлади риё.
Аввал ниятинг тўғирла банда,
"Амаллар ниятга боғлиқ"-эканда.
"Мўминнинг нияти амалдан яхши",
Ҳар бир яхши ният қалбнинг нақши.

Қиёматда келтирилар бир ожиз банда.
Намои аъмоли қўйилар унда.
Амал китобида "ҳаж-умраю, саъю ҳаракот
Қўп эрур унда садақа, закот".
Бул амалларни кўриб ул ҳайрон,
Банда ўзича ўйлади шу он:
"Буларнинг ҳеч бирин қилган эмасман.
Демак, бул китоб менинг эмаскан".
Шунда Аллоҳ таоло айтади унга:
"Бул сенинг китобинг, ўқигин банда.
Сен бечора ҳолда яшардинг унда,
ва айтардинг менда мол бўлганида.
Албатта, ҳаж қилиб Каъба борардим.
Агар молим бўлса закот берардим.
Ниятда содиқлигингни билдим.
Буларнинг ҳаммасин савобин бердим".

Кўринг ҳолис ният фойдасин.
Аллоҳ билар ниятни ҳамма-ҳаммасин.
Аллоҳ қарамайди молларингизга.
Ва қарамас сурату аҳволларингизга.
Балки амаллару қалбларга қарар,
Қалбдаги яширин ҳаммасин билар.
Чин қалб билан тутинг бу ой рўзасин.
Қалбингиз танисин борлиқ Эгасин.
Рўза тутсин танада ҳар битта аъзо.
Шунда рўзанг бўлар аълодан аъло.
Гуноҳ ювиб қолинг, бу ой омонат.
Рўзаси қабулни кутади жаннат.
Жаннатга муштоқ бўлса рўзадор,
Ҳар хил гуноҳлардан сақлансин юз бор.
Жаҳаннам азобидан паноҳ тиласин.
Аҳлига доимо кулиб қарасин.
Эй ожиз Хуршид, тила офият.
Умматга тилагин кўп яхши ният.
Ниятим юртимиз тинч-омон бўлсин.
Жами мусулмонларни саломат қилсин.


                                                      Хуршид Еркабаев.

Среда, 29 Июнь 2016 00:00

Жаннатга элтувчи амаллар

Аллоҳ таоло инсониятни бу дунёда синов учун яратиб қўйгани ҳаммамизга маълум. Барчамиз бу синов дунёсидан яхши амаллар қилиб, савобимизни кўпайтирган ҳолида ўтишни ва келажакда абадий ҳаёт бўлмиш жаннатга киришни умид қиламиз. Келажакда ким жаннатий ёки дўзахий бўлишини ҳеч ким айта олмайди. Бу ҳақида фақат Аллоҳ ва Унинг Расули томонидан хабар қилинган бўлсагина, бунга иймон келтирамиз. Шунга кўра, барчамиз Аллоҳнинг раҳматидан умидвор бўлган ҳолда, жаннатга кириш учун яхши амалларни қилишга ҳаракат қилиб борамиз. Бунинг учун Аллоҳ ва Унинг Расулининг буйруқларига амал қилиш ва улар қайтарган нарсалардан тийилишимиз лозим бўлади. Шариъатимизда инсониятни жаннатга ва дўзахга  киришига сабаб бўлувчи хос амаллар ҳақида баён қилинган бўлиб, шу амалларни ўзимизга лозим тутсак, Аллоҳ насиб қилса жаннатга кирамиз. Шу мақсадда қуйида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам томонидан соҳибини жаннатга элтувчи хос амаллар ҳақидаги баъзи ҳадисларни баён қилиб ўтамиз.

  1. Бир кунда нафл рўза тутиш, жанозага иштирок этиш, камбағал кишига таом бериш ва беморни кўргани бориш, каби ишларни жам қилиш.

Бу ҳақида ҳадиси шарифда шундай дейилган:

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ يَوْمًا: مَنْ أَصْبَحَ مِنْكُمُ الْيَوْمَ صَائِمًا ؟ قَالَ أَبُو بَكْرٍ الصِّدِّيْقُ : أَنَا ، قَالَ : فَمَنْ تَبِعَ مِنْكُمُ الْيَوْمَ جَنَازَةً ؟ قَالَ أَبُو بَكْرٍ : أَنَا ، قَالَ : فَمَنْ أَطْعَمَ مِنْكُمُ الْيَوْمَ مِسْكِينًا ؟ قَالَ أَبُو بَكْرٍ : أَنَا، قَالَ : فَمَنْ عَادَ مِنْكُمُ الْيَوْمَ مَرِيْضًا ؟ قَالَ أَبُو بَكْرٍ : أَنَا ، قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «مَا اجْتَمَعْنَ فِيْ رَجُلٍ إِلَّا دَخَلَ الْجَنَّةَ».رَوَاهُ مُسْلِمٌ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлардан ким бугун рўзадор бўлди?”- дедилар.

Абу Бакр Сиддиқ: “Мен”, деб айтди.

У зот: “Сизлардан ким бугун жанозага иштирок этди?”- дедилар.

 Абу Бакр Сиддиқ: “Мен”, деб айтди.

У зот: “Сизлардан ким бугун мискинга таом берди?”- дедилар.

Абу Бакр Сиддиқ: “Мен”, деб айтди.

У зот: “Сизлардан ким бугун касални кўргани борди?”- дедилар.

Абу Бакр Сиддиқ: “Мен”, деб айтди.

У зот: (Шу хислатлар) бир кишида жам бўлса, у жаннатга киради”, дедилар. Муслим ривоят қилган.

Ушбу ҳадиси шарифда Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу бир кунда жам қилган тўртта солиҳ амал ҳақида, шунингдек ким шу тўрт амални бир кунда жам қилса жаннатга кириши ҳақида айтилмоқда. Бу тўрт амал солиҳ амаллардан бўлиб, агар улар бир кунда жам қилинмасдан алоҳида қилинадиган бўлса ҳам соҳибига кўп яхшиликлар олиб келади. Бу амалларнинг фазилатлари ҳадиси шарифларда баён қилинган. Улар:

 

1). Нафл рўза тутиш.

Нафл рўзанинг фазилати ҳақида ҳадиси шарифда шундай дейилган:

عَنْ أَبِي سَعِيدٍ الْخُدْرِيِّ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ: سَمِعْتُ النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: مَنْ صَامَ يَوْمًا فِي سَبِيلِ اللَّهِ بَعَّدَ اللَّهُ وَجْهَهُ عَنْ النَّارِ سَبْعِينَ خَرِيفًا. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ.

Абу Саъид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: У киши айтди: “Мен Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Ким Аллоҳ йўлида бир кун рўза тутса, Аллоҳ таоло унинг юзини дўзахдан етмиш йил узоқ қилади”, деганларини эшитганман, деди”. Бухорий ривоят қилган.

2). Жанозага бориш.

Бу амалнинг фазилати ҳақида ҳаддиси шарифда шундай дейилган:

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ: قَال: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: « مَنْ شَهِدَ الجَنَازَةَ حَتَّى يُصَلَّى عَلَيْهَا ، فَلَهُ قِيراطٌ ، وَمَنْ شَهِدَهَا حَتَّى تُدْفَنَ ، فَلَهُ قِيرَاطَانِ » قِيلَ : وَمَا القِيرَاطانِ ؟ قَالَ : « مِثْلُ الجَبَلَيْنِ العَظِيمَيْنِ » . مُتَّفَقٌ عَلَيْهِِ

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: У киши айтди:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ким жанозага намоз ўқилгунича қатнашса, унга бир қийрот (ажр) бор. Ким дафн қилингунгача жанозага қатнашса, унга икки қийрот (ажр) бор", дедилар.

"Қийрот нима?"-дейилди.

У зот: "Катта икки тоққа ўхшашдир", дедилар. Муттафақун алайҳи.

3). Мискинга таом бериш.

Бу амалнинг фазилати ҳақида ҳаддиси шарифда шундай дейилган:

عَنْ أَبِى سَعِيدٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ عَنِ النَّبِىِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: « أَيُّمَا مُسْلِمٍ كَسَا مُسْلِمًا ثَوْبًا عَلَى عُرْىٍ كَسَاهُ اللَّهُ مِنْ خُضْرِ الْجَنَّةِ وَأَيُّمَا مُسْلِمٍ أَطْعَمَ مُسْلِمًا عَلَى جُوعٍ أَطْعَمَهُ اللَّهُ مِنْ ثِمَارِ الْجَنَّةِ وَأَيُّمَا مُسْلِمٍ سَقَى مُسْلِمًا عَلَى ظَمَإٍ سَقَاهُ اللَّهُ مِنَ الرَّحِيقِ الْمَخْتُومِ ». رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ.

Абу Саъид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қайси бир мусулмон кийими йўқ мусулмоннга кийим кийдирса, Аллоҳ унга жаннатнинг яхши кийимларидан кийгизади. Қайси мусулмон қорни оч мусулмонга таом берса, Аллоҳ уни жаннат мевалари билан таомлантиради. Қайси мусулмон чанқаган мусулмонга сув берса, Аллоҳ уни раҳийқи махтум[1]дан суғоради”, дедилар. Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган.

4). Касални кўргани бориш.

 Бу амалнинг фазилати ҳақида ҳаддиси шарифда шундай дейилган:

 

عَنْ ثَوْبَانَ  رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ : عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ ، قَالَ : « إنَّ المُسْلِمَ إِذَا عَادَ أخَاهُ المُسْلِمَ ، لَمْ يَزَلْ في خُرْفَةِ الْجَنَّةِ حَتَّى يَرْجِعَ » . قِيلَ : يَا رَسولَ الله ، وَمَا خُرْفَةُ الجَنَّةِ ؟ قَالَ : « جَنَاهَا » . رَواهُ مُسْلِمٌ

Савбон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мусулмон киши мусулмон биродарини (касал ҳолида) кўргани борса, то қайтгунича жаннат хурфасида бўлади”, дедилар.

“Эй, Аллоҳнинг Расули! Жаннатнинг хурфаси нима?”-дейилди.

У зот: “Жаннатнинг мевалари”, дедилар”. Муслим ривоят қилган.

Ушбу ҳадисда “жаннат хурфаси”да, яъни, жаннат меваларида ичида бўлади”, дейилишидан, зиёратчининг кўплаб савобга эга бўлиши ирода қилинмоқда.

Демак, бу санаб ўтилган тўрт амалнинг қайси бирини қилинса ҳам эвазига кўп яхшиликлар бор экан. Ким Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуга ўхшаб, бу амалларни бир кунда жамласа, эвазига жаннатга кириш турибти.

  1. II. Тил ва жинсий аъзони ёмон ишлардан сақлаш.

Бу ҳақида ҳадиси шарифда шундай дейилган:

عَنْ أََبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ : قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ : « مَنْ وَقَاهُ اللهُ شَرَّ مَا بَيْنَ لَحْيَيْهِ ، وَشَرَّ مَا بَيْنَ رِجْلَيْهِ دَخَلَ الجَنَّةَ » . رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: У киши айтди:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ кимни икки жағи орасидаги нарсанинг ёмонлигидан ва икки оёғи орасидаги нарсанинг ёмонлигидан сақласа, у жаннатга киради”, дедилар. Термизий ривоят қилган.

Ушбу ҳадиси шарифда жуда ҳам муҳим икки нарса ҳақида айтиляпти. Яъни, инсон икки жағи орасидаги тилини ва жинсий аъзосини ҳаром ишлардан сақлайдиган бўлса, жаннатга кириши айтиляпти. Агар уларни ёмон ишлардан сақламаса, у дўзахга равона бўлади. Бу ҳақида ҳадиси шарифда шундай дейилган:

عَنْ أََبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ : سُئِلَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ عَنْ أكْثَرِ مَا يُدْخِلُ النَّاسَ الْجَنَّةَ ؟ قَالَ : « تَقْوَى اللهِ وَحُسْنُ الْخُلُقِ » ، وَسُئِلَ عَنْ أكْثَرِ مَا يُدْخِلُ النَّاسَ النَّارَ، فَقَالَ : « الفَمُ وَالفَرْجُ » . رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: У киши айтди:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам инсонларни жаннатга киритувчи энг кўпроқ нарса ҳақида сўралдилар. У зот: “Аллоҳга тақво қилиш ва чиройли хулқ”, дедилар. У зот инсонларни дўзахга киритувчи энг кўп нарса ҳақида сўралдилар. У зот: “Оғиз ва жинсий аъзо”, деб айтдилар. Термизий ривоят қилган.

Ушбу ҳадисларда айтилган ҳаром ишлардан сақлаши лозим бўлган икки аъзонинг бири, бу тилдир. Тил сабабли инсон кўплаб ҳаром амалларни содир қилиши мумкин. Буларга,  ёлғончилик, ғийбат, чақимчилик, туҳмат қилиш, бировнинг обрўсини тўкиш, фаҳш сўзлар гапириш ва шу каби бошқа ҳаром амалларни мисол қилиш мумкин. Тил бошқа гуноҳларнинг асосчиси бўлганлигидан шариъатимизда бунга эҳтиёт бўлишга тарғиб қилинган. Бу ҳақида бир ҳадиси шарифда шундай дейилган:

عَنْ  سُفْيَانَ بْنِ عَبْدِ اللهِ الثَّقَفِيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ : قُلْتُ : يَا رَسُولَ اللهِ مَا أَخْوَفُ مَا تَخَافُ عَلَيَّ ؟ قَالَ : فَأَخَذَ بِلِسَانِ نَفْسِهِ وَقَالَ : " هَذَا " . رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ.

Суфян ибн Абдуллоҳ ас-Сақофий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: У киши айтди: “Мен эй, Расулуллоҳ! Менга қўрқадиган нарсангизнинг энг қўрқинчлироғи нима?”-деб айтдим.

У зот тилларини ушлаб: “ Мана бу”, дедилар. Термизий ривоят қилган.

Ким қодир бўлса, тилини яхши ишларга одат қилдириши керак. Бу иш қўлидан келмаса, бекорчи гапларни гапиришдан сақланиши ёки жим тургани яхшидир. Бу ҳақида ҳадиси шарифда шундай дейилган:

عَنْ عَبْدِ اللَّهِ بْنِ عَمْرٍو رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: "مَنْ صَمَتَ نَجَا". رَوَاهُ اَحْمَدُ.

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: У киши айтди:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким жим турса нажот топади”, дедилар. Аҳмад ривоят қилган.

Бу ҳақида Абдулло Авлоний шундай деб шеър ёзган:

Сўйласанг сўйлагин яхши сўзлардин

Йўқса жим турмоғинг эрур яхши.

Ўйласанг яхши фикрлар ўйла

Йўқса гунг бўлмоғинг эрур яхши.

Ишласанг ишла яхши ишларни

Йўқса бекорлиғинг эрур яхши.

Ҳадисда қайтарилган яна бир иш, инсон жинсий аъзосини гуноҳ ишдан сақлашидир. Бундан зино назарда тутиляпти. Зеро, зино гуноҳи кабиралардан бўлиб, инсоннинг икки дунёда хору зор бўлишига сабабчи бўладиган амалдир. Бу ҳақида Қуръони Каримда шундай дейилган:

وَلَا تَقْرَبُوا الزِّنَا إِنَّهُ كَانَ فَاحِشَةً وَسَاءَ سَبِيلًا

Зинога яқинлашмангиз! Чунки у фаҳш ва ёмон йўлдир. (Исро, 32-оят).

Аллоҳ таоло ушбу оятда зинога яқинлашмасликка буюряпти. Зинога яқинлашмаслик учун унга олиб борадиган воситалардан ҳам сақланиш керак. Зино қилиш инсоннинг жинсий аъзоси сабабли содир бўлсада, зинога инсоннинг бошқа аъзолари орқали етиб борилади. Бунда инсоннинг бошқа аъзоларининг ҳам насибаси бўлади. Бу ҳақида ҳадиси шарифда шундай дейилган:

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ أنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ : « كُتِبَ عَلَى ابْنِ آدَمَ نَصِيبُهُ مِنَ الزِّنَا مُدْرِكُ ذَلِكَ لا مَحَالَةَ : العَيْنَانِ زِنَاهُمَا النَّظَرُ ، وَالأُذُنَانِ زِنَاهُمَا الاسْتِمَاعُ ، وَاللِّسَانُ زِناهُ الكَلاَمُ ، وَاليَدُ زِنَاهَا البَطْشُ ، وَالرِّجْلُ زِنَاهَا الخُطَا ، والقَلْبُ يَهْوَى وَيَتَمَنَّى ، وَيُصَدِّقُ ذَلِكَ الفَرْجُ أَوْ يُكَذِّبُهُ » . مُتَّفَقٌ عَلَيْهِ .

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Одам боласига зинодан насибаси ёзиб қўйилган, шубҳасиз унга етади; Икки кўз зиноси назар қилиш, икки қулоқ зиноси қулоқ солиш, тил зиноси гапириш, қўл зиноси ушлаш, оёқ зиноси қадам босишдир. Қалб хоҳлайди ва орзу қилади. Жинсий аъзо эса, шуни тасдиқ қилади ёки уни ёлғонга чиқаради”, дедилар. Муттафақун алайҳ.

Демак, инсон зинога яқинлашмаслик учун, унга олиб борувчи амаллардан ўзини сақлаши керак экан.

III. Ҳалол луқма ейиш, суннатга амал қилиш, инсонларга ёмонлик қилмаслик.

Бу ҳақида ҳадиси шарифда шундай дейилган:

عَنْ أَبُو سَعِيْدٍ الْخُدْرِيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ : قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «مَنْ أَكَلَ طَيِّبًا ، وَعَمِلَ فِيْ سُنَّةٍ ، وَأمِنَ النَّاسُ بَوَائِقَهُ ، دَخَلَ الْجَنَّةَ ، قَالَ رَجُلٌ:يَا رَسُولَ اللهِ ، إِنَّ هَذَا الْيَوْمَ فِيْ النَّاسِ كَثِيْرٌ ، قَالَ : فَسَيَكُونُ فِيْ قُرُونِ بَعْدِيْ». رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ.

Абу Саъид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: У киши айтди:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким ҳалол (таом) еса ва суннатга амал қилса ва инсонлар унинг ёмонлигидан омонда бўлишса, у жаннатга киради”- дедилар.

Бир киши: “Эй, Расулуллоҳ! Бу (шу сифатларга эга киши) (ҳозирги) кунда инсонлар орасида кўпку”, деб айтди.

У зот: “ (Бу) мендан кейинги замонларда тезда бўлади”, дедилар. Термизий ривоят қилган.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, инсонни жаннатга киришига сабаб бўладиган амаллар жуда кўп бўлиб, уларнинг ҳаммасини зикр қилишнинг иложи йўқ. Шунга кўра, юқорида уларнинг баъзиларини санаб ўтдик холос. Ким шу ҳадисларга амал қилишни ўзига одат қилиб олса, Худо хоҳласа жаннатга киради.

                                                                              

“Кўкалдош” Тошкент ўрта махсус ислом билим юрти мударриси Мадаминов Шокиржон

 

[1]  Раҳийқу махтум-жаннат шароби.

Мақолалар

Top