Рамазон-2018

Таровеҳ намозининг фазилати

Рамазон – таровиҳ ойи. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мағфиратга ноил бўлиш, ажру савобларни кўпайтириб олиш учун бу ой кечаларида ибодат билан қоим бўлишга тарғиб қилиб: “Ким Рамазон кечалари имон билан, савоб умидида қоим бўлса, ўтган гуноҳлари кечирилади”, деганлар (Имом Бухорий ва Муслим ривояти). Олимлар Рамазон кечалари қоим бўлиш таровеҳ намозини адо этишдир, деганлар. Таровеҳни масжидда жамоат бўлиб ўқиш саҳобалар давридан бошлаб, ҳозиргача мусулмонлар қилиб келган амалдир. Ҳадиси шарифда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) таровеҳ намози кишининг гуноҳлари мағфират бўлишига сабаб эканини таъкидламоқдалар. Олимлар бу ерда айтилган гуноҳлардан кичик гуноҳлар назарда тутилганини таъкидлашган.

Тунги намоз мўминлар шарафи, солиҳлар одати, обидлар унсидир. У бандани Аллоҳ таолога яқинлаштирувчи энг афзал амалдир. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: “Тунги намозни канда қилманг. У сизлардан олдин ўтган солиҳлар одати, Раббинггизга яқинлик, гуноҳларга каффорат, маъсиятлардан қайтарувчидир” (Имом Аҳмад ва Термизий ривояти).

Рамазон кечаларида қоим бўлиш Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) суннат қилган улуғ ибодат. Ойша (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинади: “Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) тунда масжидда намоз ўқидилар. У зотнинг бир қанча саҳобалари у зотга эргашиб уч кеча намоз ўқишди. Тўртинчи кеча масжидга одам сиғмай кетди. Ушбу кеча Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) масжидга чиқмадилар. Тонг отганда у зот: “Сизларнинг йиғилганларингизни кўрдим. Сизларнинг олдингизга чиқишдан мени тўсган нарса шуки, бу намоз сизларга фарз бўлиб қолишидан қўрққаним”, дедилар. Бу Рамазонда бўлган эди” (Имом Бухорий ривояти). Бу ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг умматларига шафқатлари ва саҳобаларнинг суннатга, Рамазон кечаларини ибодат билан ўтказишга ибодат қанчалик эътиборли бўлганларини кўриш мумкин.

Абу Зар (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: “Ким имом кетгунича у билан бирга намоз ўқиса, унга кечани ибодат билан ўтказганлик савоби ёзилади”” (Абу Довуд ва Термизий ривояти). Яъни ким хуфтон, таровеҳ ва витр намозларини имом билан бирга ўқиса, ўша кечани ибодатда ўтказганлик савобига эга бўлар экан. Шундай экан, бу ибодатга эътиборли бўлиш, унда давомли бўлиш кўп ажру савоб келтиради.

Хулоса қилиб айтганда, Рамазоннинг ҳар они муборак, шарафли онлардир. Шу боис, мусулмон киши имкон қадар бу ойни ғанимат билиб, рўза, Қуръони карим тиловати, таровеҳ намози, Аллоҳ таолодан дунё ва охират яхшиликларини сўраб дуо қилиш билан ўтказиши матлубдир.

45242 марта ўқилди

Мақолалар

Top