muslim.uz

muslim.uz

Бугунги глобаллашув жараёни, ирқи, миллати, дини ва урф-одатлари турлича бўлган кишиларнинг муайян манфаатлар юзасидан ҳамкор ва ҳамжиҳат бўлиши зарурлигини тақозо этмоқда. Турли дин вакилларининг бир жамиятда тинч-тотув ҳаёт кечиришлари ҳамда динлар билан боғлиқ низо ва келишмовчиликларнинг юзага келмаслиги учун диний таълимотларнинг асл моҳиятини чуқур мулоҳаза қилиш зарур. Ҳақиқий диний таълимотлар асрлар давомида инсониятни фақатгина эзгу мақсад ва ғоялар атрофида бирлаштириб, ўзаро ҳамжиҳатликка, тинчлик ва фаровонликка ундаб келаётгани барчамизга маълум. Диннинг моҳиятини тўғри англамаслик натижасида, бир динга эътиқод қилувчиларнинг бошқа дин вакилларига нисбатан тоқатсизлик, уларни камситиш ва таҳқирлаш, уларга ҳурматсизлик билан қараш каби иллатлар юзага келиши мумкин. Булар ўз навбатида, жамият кишиларининг бирдамлигига рахна солувчи зарарли оқибатларга олиб келишига сабаб бўлади.

Бир неча дин вакиллари орасидаги муомала ва муносабатларни ҳаммага маъқул бўладиган тарзда йўлга қўйиш мақсадида, “Диний бағрикенглик”, “Динлараро мулоқот”, “Толерантлик” каби бир қанча масалалар ўртага ташланди. Турли дин вакиллари билан муомала ва муносабатларни йўлга қўйишда зарур бўладиган диний тамойилларни ўрганиш мақсадида, XIX асрдан бошлаб Ғарбда “Диншунослик” соҳаси мустақил фан сифатида ўрганила бошланди (Бу фан бизнинг диёрларимизда Абу Райҳон Беруний, Ибн Сино ва бошқа буюк даҳолар давриданоқ бошланиб ҳаётга тадбиқ этилган эди). Шу зайлда, “Қиёсий диншунослик”, “Динлар тарихи”, “Дин феноменологияси”, “Дин антропологияси”, “Дин фалсафаси” каби бир қатор мустақил соҳалар юзага келди. Бу жараён бугунги кунда ҳам изчиллик билан ривожлантириб бориляпти.

Аслида, бирламчи ва соф манбалар орқали динлар тарихини илмий нуқтаи назардан ўрганилиши, улар ҳақида пайдо бўлган асоссиз ва уйдирма мулоҳазалардан ҳоли бўлиш имконини беради. Динлар тарихи, илмининг асл моҳиятидан бехабар бўлган айрим кимсаларнинг юзаки маълумотларига алданиб қолишдан сақлайди. Айниқса, ҳозирда ислом динини инсонларга ёмон кўрсатиш мақсадида пайдо бўлаётган турли оқимлар ва уларнинг ғояларидан йироқ бўлишга ёрдам беради.

Маълумки, самовий динлар ҳақида Қуръони каримнинг бир неча оятларида зикр қилинган. Ислом динидан олдинги динлар ҳақидаги оятлар мазмунини, нозил бўлиш сабабини ва уларнинг маъноларини ўрганиш, англаб етишда, Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)нинг суннат ва ҳадислари энг муҳим манба бўлиб ҳизмат қилади.

Шу ўринда, Аллоҳ таолонинг башарият учун жорий қилган динларида ўзаро алоқадорликлар мавжудлигини алоҳида қайд этиш лозим. Муҳаммад (с.а.в.) сўнгги пайғамбар қилиб юборилишлари ҳақидаги хабар, олдинги муқаддас китоблар орқали яҳудий ва насроний олимларига яхши маълум бўлган. Машҳур тарихчи олим Ибн Ҳишомнинг маълумотига кўра, Шомлик (Сурия) роҳиб Буҳайро, Хадича бинти Ҳувайлид (розияллоҳу анҳо)нинг қариндошлари Варақа ибн Навфал, улуғ саҳобалардан ҳисобланган Салмон Форсийнинг устозлари, муқаддас китоблар орқали  пайғамбар келишининг хабарини билган кишилар бўлишган. Бу эса мазкур шахсларнинг янги келадиган дин ҳақида олдинги китоблар воситасида муайян назарий билимларга эга бўлганларидан далолат беради. Шунингдек, у зотнинг келишлари ўзларидан олдинги самовий динларни  йўққа чиқариш, пайғамбарларини инкор этиш, уларга нозил бўлган китоблар ва шариъатларини рад этиш учун эмас, балки Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) уларга ҳам ишониб, тасдиқлаш, уларга ҳам самимий муносабатда бўлишга чорловчи, улар ҳақида аниқ маълумотларни хабарини берувчи, ўтган пайғамбарларнинг хатокор умматларини хатоларидан огоҳ этиб, хатоларни такрорламасликка, ношукр бўлмасликка чорловчи, яхшиликни хуш хабарини берувчи, бўлиб келгандирлар.

Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)нинг пайғамбар сифатида юборилишлари, динлар тарихида янги, ўзига хос саҳифанинг очилишига сабаб бўлганини, доктор Муҳаммад Халифа Ҳасан шундай зикр қилади: “У пайғамбарларнинг сўнггиси бўлиб, ундан кейин набий ҳам расул ҳам йўқ”. Ушбу маълумот ва шунга ўхшаш хабарларнинг ўзи динлар тарихини яна бир нодир ахборот билан бойитади ва тўлдиради. Чунки динларга оид билимларни ўрганишда, яҳудийлар Одам (а.с.)дан Мусо (а.с.)гача, насронийлар эса Одам (а.с.)дан Исо (а.с.)гача бўлган даврдаги пайғамбарларни, уларнинг ҳаётлари, уларга нозил бўлган шариатлари, тарихи, бошидан кечирган ҳодисалари ва шу кабиларни ўрганадилар. Ислом динида эса аввал айтиб ўтганимиздек, барча пайғамбарлар бирдай кўрилади. Бири бошқасидан устун тутилиши ҳисобига бошқаси камситилмайди. Ислом динида, бу эътиқод масаласи билан боғлиқ бўлиб, ислом вакилининг (мўмин-мусулмон) эътиқоди бусиз мукаммал бўлмайди. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деган:   

آَمَنَ الرَّسُولُ بِمَا أُنْزِلَ إِلَيْهِ مِنْ رَبِّهِ وَالْمُؤْمِنُونَ كُلٌّ آَمَنَ بِاللَّهِ وَمَلَائِكَتِهِ وَكُتُبِهِ وَرُسُلِهِ لَا نُفَرِّقُ بَيْنَ أَحَدٍ مِنْ رُسُلِهِ 

Яъни: “Пайғамбар (Муҳаммад) ўзига Парвардигоридан нозил қилинган нарсага (оятларга) имон келтирди ва мўминлар ҳам. (Уларнинг) ҳар бири Аллоҳга, фаришталарига, китобларига ва пайғамбарларига бирортасини ажратмасдан (ҳаммасига) имон келтирди[i].

Мазкур оятда, Пайғамбар (с.а.в.) ўзларига нозил қилинган китоб – Қуръони Каримга имон келтириши билан бирга Аллоҳ таолога, фаришталарга, Аллоҳ таоло томонидан олдин ҳам самовий китоблар (Забур, Таврот, Инжил) нозил қилинганига, башариятга огоҳлантирувчи ва ҳушхабар берувчи пайғамбарлар юборилганига имон келтиргани ва бошқа мусулмонлар ҳам бу ишда унга эргашганлари маълум бўлади. Пайғамбарларнинг биридан бошқасини (бошқаларини камситиш эвазига) устун қўймаслик, (Аллоҳ томонидан айрим пайғамбарларга берилган баъзи фазилатларни эътироф этган ҳолда) ҳаммасини бирдай Аллоҳнинг пайғамбарлари сифатида кўриш ислом манбаларида тавсия қилинган энг мўътадил ва энг маҳбуб йўлдир.

Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) умрларининг охиригача, инсонларни ана шу мавқе (эътиқодда)да бўлиб, бошқаларни ҳам шунга ундаганлари борасида суннат ва ҳадисларда кўплаб мисоллар учрайди. Хусусан, Қуръони Каримнинг “Каҳф” сурасида Мусо (а.с.) илм олиш учун ҳамроҳ бўлган солиҳ кишининг қиссаси келтирилганлиги ислом умматига маълум ва машҳурдир. Ушбу қисса нозил бўлганда, Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.): “Биродарим Мусога Аллоҳнинг раҳмати бўлсин, сабр қилганида, Аллоҳ бизга уларнинг қиссаларини айтиб берар эди. У (Мусо) ўз шериги билан турганида, ажойиботларни кўрар эди” – деб марҳамат қилганлар.

Абу Ҳурайра (р.а.)дан ривоят қилинади: “Икки киши: яҳудийлардан бир киши ва мусулмонлардан бир киши сўкишиб қолди. Шунда мусулмон: Муҳаммад (с.а.в.)ни танлаб олган зот ила қасам!” – деди. Яҳудий эса: “Мусо (а.с.)ни оламлар устидан танлаб олган зот ила қасам” – деди. Ана шу пайтда мусулмон қўлини кўтариб, яҳудийнинг юзига шапалоқ туширди. Шунда яҳудий Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳузурларига бориб, ўзи билан мусулмон орасида бўлиб ўтган иш ҳақида хабар берди. Расулуллоҳ (с.а.в.): “Мени Мусодан яхши қилманглар. Одамлар ҳушларидан кетганда биринчи бўлиб ўзига келган мен бўламан. Қарасам, Мусо Аршнинг бир томонини ушлаб турган бўлади. Билмайман, у ҳам ҳушидан кетиб мендан олдин ўзига келганми ёки истисно қилинганлардан бўлганми” – дедилар”.

Ислом дини тарихида маълум ва машҳур бўлган воқеъалардан бири бу “Исроъ ва Меърож” воқеъасидир. Ушбу кечада Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)нинг Мусо (а.с.) билан гаплашганлари ва кунлик намоз вақтлари ҳақида маслаҳатлар берганликлари ислом тарихида муҳрланган айни ҳақиқатдир.

Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) ўзларидан олдин келган барча пайғамбарларнинг шариъатлари, ислом дини шариъатига зид бўлмаса, унга амал қилганликлари ҳамда ўз умматларини ҳам унга тарғиб қилиб, ўзлари ўрнак ва намуна бўлганлари китобларда зикр қилинган. Жумладан: “Ибн Аббос (р.а.)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (с.а.в.) Мадинага ҳижрат қилиб борганларида “Ашуро” куни яҳудийларнинг рўза тутаётганларини кўриб: “Сизлар рўза тутадиган қанақа кун бу?” – деб сўрадилар. Шунда яҳудийлар: “Бу улуғ кундир! Бу кунда Аллоҳ таоло Мусо (а.с.) ва унинг қавмига нажот берди, фиръавн ва унинг қавмини ғарқ қилди. Унинг шукронасига Мусо (а.с.) рўза тутдилар, (шунга кўра) биз ҳам рўза тутмоқдамиз” - дедилар. Шунда Расулуллоҳ (с.а.в.): “Биз Мусога сиздан кўра ҳақлироқ ва  (яхшироқмиз)” - дедилар ва ўзлари рўза тутиб бошқаларни ҳам шунга буюрдилар”. Шунингдек, қуйидаги ҳадиси шарифда ҳам ушбу мазмунга уйғун маъноларни учратамиз: “Абу Ҳурайра (р.а.)дан ривоят қилинади: “Пайғамбар (с.а.в.): “Мен одамлар ичида бу дунёда ҳам, охиратда ҳам Исо ибн Марямга энг ҳақлисиман” - дедилар. Шунда: “Қандай қилиб, эй Аллоҳнинг Расули?” – дейишди. Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.): “Пайғамбарлар оға-инилардир. Оналари турлича. Динлари бир.”, дедилар”.

Мўмин-мусулмонлар ҳам бир неча асрдан буён, ҳар йили “Ашуро” кунини эъзозлаб, рўза тутиб, савобидан ва ажридан умидвор бўладилар. Шунингдек, ушбу кунда яхши ният билан рўзғор қиладилар.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ، أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ، قَالَ: "مَنْ وَسَّعَ عَلَى عِيَالِهِ وَأَهْلِهِ يَوْمَ عَاشُورَاءَ وَسَّعَ اللهُ عَلَيْهِ سَائِرَ سَنَتِهِ"

 (رواه البيهقى في شعب الإيمان)

 Абу Ҳурайра (р.а.)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (с.а.в.): “Ким Ашуро кунида аҳли-аёлига кенглик қилса, Аллоҳ таоло унга йилнинг қолганини кенг қилади” дедилар”. (Имом Байҳақий “Шуабул-иймон” китобида ривоят қилган).

Ян бир ривоятда эса,

عَنْ ابْنِ مَسْعُودٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَ سَلَّمَ: "مَنْ وَسَّعَ عَلَى عِيَالِهِ فِي النَّفَقَةِ يَوْمَ عَاشُورَاءَ وَسَّعَ اللهُ عَلَيْهِ سَائِرَ سَنَتِهِ"

 (رَوَاهُ رَزِين)

 Абдуллоҳ ибн Масъуд (р.а.)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (с.а.в.): “Ким Ашуро куни аҳли-аёлига нафақада кенгчилик қилса, Аллоҳ унга йилнинг қолганини кенг қилади” – дедилар. (Имом Розийн ривоят қилган).

Ҳадисларда бошқа динлар ҳақидаги маълумотларни назарий жиҳатдан ўрганишда, ўша динларнинг вакиллари томонидан келтирилган маълумотларни узил-кесил ёлғонга чиқармаслик, шу билан бирга фақат шунинг ўзи билангина кифояланиб қолмасликка чақирилади (“Ашуро” куни ҳақида келган ҳадис сўзимизга мисол бўлади). Чунки бошқалар томонидан келтирилган  маълумотлар  биз учун асос сифатида қараладиган манбаларда қандай баён қилингани ҳамда уларнинг Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) ва олимларимиз қандай тушунтиришганини билиш ва шунга кўра йўл тутиш муҳимдир.

Яҳудийлар билан қилинган мунозаралардан бирида, Маҳсур ибн Субҳон исмли кишининг Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)дан “Қуръон Аллоҳ томонидан нозил қилинган китоб эканига нима далил бўла олади?” – деб сўраганда, Аллоҳ таоло пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)га қуйидаги оятни нозил қилган:

أَفَلَا يَتَدَبَّرُونَ الْقُرْآَنَ وَلَوْ كَانَ مِنْ عِنْدِ غَيْرِ اللَّهِ لَوَجَدُوا فِيهِ اخْتِلَافًا كَثِيرًا

Яъни: “Қуръон (оятларининг маънолари) ҳақида (чуқурроқ) фикр юритмайдиларми?! Агар (у) Аллоҳдан ўзганинг ҳузуридан (келган) бўлса эди,  унда кўпгина қарама-қарши гапларни топган бўлур эдилар”.

Тарихчилар ва сийрат олимлари томонидан ўрганилган маълумотларга асосланиб, бўлиб ўтган мазкур илмий баҳсларда кўпинча эътиқод, нубувват, Қуръони карим ва каби каби мавзулар атрофида кечганини кўришимиз мумкин. Бу илмий баҳслар ўз ечимини топганда, ислом нақадар бағрикенг, халқпарвар ва миллатпарвар дин экани маълум бўлган.

Хулоса қилиб айтганда, шу каби кўплаб маълумотлар билан танишар эканмиз, турли динлар билан боғлиқ хабарларни илмий-назарий жиҳатдан тадқиқ этиш, ислом динининг илк давриданоқ “Қуръони карим” ва “Суннат”га таянган жараён эканининг гувоҳи бўламиз. Мана шу мустаҳкам таянч кейинги асрлардан тортиб, то бугунги кунгача, динлар тарихини ўрганишда олимларга ва башариятга асосий манба вазифасини ўтаб келмоқда.

Исомиддин АХРОРОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Тошкент шаҳар вакиллиги ходими,

“Оқилон” жоме масжиди имом-хатиби

 

 

  1. Жамоат кутубхоналари. Ислом дини тараққий этишни бошлаган дастлабки даврларда, мусулмонлар жам бўладиган, илм алмашадиган, интеллектуал баҳс ва мунозаралар олиб борадиган жойлар – масжидлар бўлган. У ерда, нафақат, намоз ўқиб ибодат қилинган, балки масжидлар – диний, фалсафий ва илмий китобларга бой кутубхона вазифасини ҳам ўтаган ва бу кутубхоналар барча учун, доимо, очиқ бўлган.
  2. Жарроҳлик анжомлари. 10 асрнинг машҳур мусулмон жарроҳи, жарроҳликнинг отаси деб, ном олган – Қосим ал-Заҳровий, бугунги кун жарроҳлигида ҳали-ҳануз ишлатилаётган кўпгина жарроҳлик анжомларини кашф этган. Скальпель (махсус пичоқ), жарроҳлик қайчилари ва игналари, шулар жумласидандир.
  3. Алгебра. Муҳаммад ал-Хоразмий дунё фанига ғоят катта хисса қўшган. У алгебра фанининг асосчиси ҳисобланади. «Алгебра» сўзининг ўзи эса унинг «Ал-китоб
    ал-мухтасар фи ҳисоб ал-жабр ва ал-муқобала» номли рисоласидан олинган.
  4. Оптика. XI аср олими Ибн Ҳайсам инсон кўзининг кўриш қобилияти ҳақидаги эски тушунчаларни янгилади. Олдинлари, кўзлар ёруғликни акс эттиради-ю, шу туфайли кўради, деган фикр илгари сурилар эди. Бироқ Ибн Ҳайсам эса буни бошқача талқин этди. Унга кўра, у кўзларнинг юзалар ва предметлар акс эттирган ёруғлик асосида кўришини исботлади.
  5. Қаҳва. Қаҳва доначалари, дастлаб, Эфиопияда етиштирилган бўлсада, лекин XV асрда Эфиопия билан савдо алоқаларини йўлга қўйган яманлик мусулмонлар ҳамма учун ёқимли бўлган қаҳва ичимлигини ихтиро қилишади. Улар қаҳва доначаларини қовуриб, сўнгра сувда қайнатар эдилар. Бу ичимликни улар узоқ вақт тетик бўлиш учун ичишарди.

 

Моҳира ЗУФАРОВА

тайёрлади.

Нусайба (розияллоҳу анҳо) эртанги кунини ўйлаб, ўзида йўқ хурсанд ва ширин хаёллар оғушида ўтирар эди. Эртага Ясрибнинг кўзга кўринган йигитларидан бири Зайд ибн Осим билан никоҳ тўйлари бўлади.

Эр-хотин бахтиёр кун кечирардилар. Бу орада Абдуллоҳ ва Ҳабиб исмли икки ўғил кўришди. Нусайба (розияллоҳу анҳо) фарзандларини жуда севар, уларни кўз қорачиғидек авайлаб-асрар эди.

Эр-хотин чексиз қувонч билан бир-бирини табриклаб иймон келтирдилар. Келгуси ҳаж мавсумида ясриблик мусулмонлар карвони билан Маккага бориб, Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га байъат этишга қарор қилдилар.

Мусъаб ҳам бир гуруҳ ясриблик мусулмонларга бош бўлиб, Маккага кириб келди. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) нинг ҳузури саодатларига кириб, салом берди ва хушхабар билан келганини айтди. Ясриб халқининг Ислом даъватини очиқ юз билан қабул қилиб, байъат этиш учун келганларини эшитган Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) нинг муборак юзларида табассум кўринди. Ясриблик мусулмонлар билан бўладиган учрашув жойи ва пайтини тайин қилдилар.

Макка шаҳри узра сукунат ҳукмрон. Бироқ ана шу осудалик ичида кўзлари уйқусиз, кўнгиллари буюк бир мулоқотнинг соғинчи билан ёнаётган инсонлар ҳам бор. Бу инсонлар ясриблик мусулмонлар эди. Улар тун қўйнида Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни кутяптилар. Ақаба тупроғининг ҳар бир зарраси бу кеча инсоният тарихида энг улуғ келишув ва буюк вафодорликнинг шоҳиди бўлади.

Кечанинг тенг ярмида Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) амакилари Аббос билан биргаликда Ақабага келдилар. Ясрибликлар Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га байъат этиб, моддий ва башарий барча имкониятларини сарф этиб, Ислом дини ва Пайғамбарини мудофа этишга сўз бердилар. Нусайба ва эри Зайд ҳам байъат этганлар орасида эди.

Ҳамма қатори эр-хотин ҳам Ясрибга қайтди. Бироқ бу сафар уларнинг қалблари қувват ва жасорат, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) нинг қалбларидан кўчиб ўтган кучли иймон билан тўла эди. Ислом нури Нусайбанинг бутун руҳини, вужудини қамраб олди.

Нусайба (розияллоҳу анҳо) Уҳуд жангида ҳамширалик вазифасини зиммасига олган эди. Жангчиларга ёрдам берар, ярадорларнинг жароҳатини боғларди. Аммо мусулмонлар ичида пайдо бўлган парокандаликни кўргач, қўлидаги мешни ташлаб, қиличга ёпишди ва жанг қила бошлади.

Пайғамбармиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам)ни қўриқлаб турган ҳалқа тобора торайиб борарди. Нусайба эри Ғозийя ва ўғли Абдуллоҳ билан биргаликда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни мардонавор ҳимоя қилиб турардилар. Кейинчалик Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Нусайба (розияллоҳу анҳо) нинг бу қаҳрамонлиги ҳақида шундай деган эдилар: “Қачон ўнгимга ёки сўлимга қарасам, мени ҳимоя этиш учун жанг қилаётган Нусайбани кўрардим”.

Ҳа, Нусайба (розияллоҳу анҳо) нинг кўрсатган қаҳрамонлиги ҳар қандай эр йигитнинг қўлидан келмасди! У сувсаганларга сув тутар, яраланганларнинг жароҳатини боғлар, мардонавор жанг қиларди. Бу иймонли аёлнинг буюк жасоратига лойиқ мукофотни фақат Жаноби Аллоҳ эҳсон ато эта олади!

Бу жангда Нусайба (розияллоҳу анҳо) турли жойларидан ўн учта жароҳат олган эди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Абдуллоҳга: “Онангнинг олдига бор ва ярасини боғла! — дедилар.

Сўнг: “Эй Нусайба оиласи! Аллоҳ сизни муборак қилсин. Сенинг онангнинг мақоми фалон-фалон кишиларнинг мақомидан устунроқдир. Аллоҳ бугун оилангизни паноҳида сақласин!”  дедилар.

Нусайба (розияллоҳу анҳо) ўзи ва оиласи ҳаққига Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) дан дуо сўради. “Ё Расулаллоҳ! Жаннатда сиз билан бирга бўлишимиз учун Аллоҳга дуо этинг”.

Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Аллоҳим! Жаннатда уларни менга дўст қил!”  дея дуо қилдилар.

Шундан сўнг Нусайба (розияллоҳу анҳо): “Ортиқ дунёда ҳар қандай алам чексам ҳам аҳамияти йўқ”, деб ҳайқирди ва янада кучли азму ирода билан мужодалани давом эттирди.

Нусайба (розияллоҳу анҳо) ўғиллари Абдуллоҳ ва Ҳабибни кўнгилларида Аллоҳ йўлидаги фидокорлик севгаси билан ўстирди. Ислом байроғининг юксалишида ихлос ва садоқат билан хизмат қилишга ўргатди.

Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) нинг вафотларидан сўнг, Нусайба (розияллоҳу анҳо) қолган умрини Пайғамбаримизни соғиниб, жаннатда у зот билан учрашадиган кунни кутиб ўтказди. Ҳаётининг охирида иймони берган буюк ҳузур ичида руҳини улуғ Раббига таслим этди.

Аллоҳ таоло ундан рози бўлсин ва уни ҳам рози қилсин

Манбалар асосида

Тошкент Ислом Институти 4-курс талабаси

Тожиддинов Абдуссомад Абдулбосит ўғли тайёрлади

Вторник, 21 Февраль 2017 00:00

Биринчи гуноҳи кабира (Ширк)

Катта ширк – Аллоҳга бирон бир нарсани шерик қилиш, тенг билиш ва у зот билан бирга тош, дарахт, қуёш каби бошқа нарсаларга ибодат қилишдир. У гуноҳи кабираларнинг энг каттасидир. Аллоҳнинг Ўзи сақласин. «Албатта, Аллоҳ Ўзига (бирон нарсанинг) шерик қилинишини кечирмас. Шундан бошқа гуноҳларни Ўзи хоҳлаган кишилар учун кечирур...» (Нисо сураси, 48).

Яъни ширкни кечирмайди. Ўзи хоҳлаган бандаларининг ширкдан бошқа гуноҳларини кечиради.

Ширк Аллоҳ таолонинг:

«...Албатта, Аллоҳ (Ўзи хоҳлаган бандаларининг) барча гуноҳларини мағфират қилур. Албатта, Унинг ўзигина мағфиратли, меҳрибондир» (Зумар сураси, 53), ояти каримасидаги «барча гуноҳлар» сирасига кирмайди.

«...Чунки ширк келтириш катта зулмдир» (Луқмон сураси, 13).

Яъни, ширк қабиҳ амал ва яққол зулмдир, бир нарсани ўз ўрнидан бошқа ўринга қўйиш, ҳаққини поймол қилишдир. Кимки яратувчи билан яралмиш – махлуқни, илоҳ билан бут-санамни баробар деб билса, шак-шубҳасиз, у ақлсиз, аҳмоқдир. «Золим» деб номланишга, ҳайвонлар қаторида саналишга лойиқдир.

«Албатта, кимда-ким Аллоҳга ширк келтирса, Аллоҳ унга жаннатни ҳаром қилур». Кимки Аллоҳдан бошқани илоҳ деб эътиқод қилса, ҳеч қачон жаннатга кирмайди, деган маъноларни уқиб олиш мумкин. Чунки жаннат Аллоҳни бир деб билувчи муваҳҳидлар маконидир.

«...унинг борар жойи дўзахдир. Зулм қилгувчилар учун бирон ёрдамчи бўлмас» (Моида сураси, 72).

Яъни, унинг учун Аллоҳнинг азобидан қутқарувчи ҳам, ёрдамчи ҳам бўлмас. Бу ҳақда кўплаб оятлар мавжуд. Кимки Аллоҳга иймон келтириб, мўмин ҳолида вафот этса, гарчи дўзахда гуноҳига яраша азобланса-да, аниқ жаннатий бўлганидек, Аллоҳга ширк келтириб мушрик ҳолида ўлган кимса, шак-шубҳасиз дўзахийдир.

Бухорий ва Муслим ривоятида келган ҳадиси набавийяда шундай дейилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Сизларга гуноҳи кабираларнинг энг катталари ҳақида хабар берайми?» деб уч бор сўрадилар. Биз: «Ҳа», дедик. «Аллоҳга ширк келтириш, ота-онага оқ бўлиш», дедилар. Суянган ҳолда эдилар, шундан сўнг ўтириб олдилар-да: «Огоҳ бўлинглар, ёлғон гапириш ва ёлғон гувоҳлик бериш», дея такрорлайвердилар. Ҳаттоки, биз қанийди, сукут қилсалар, дедик» (Муттафақун алайҳ).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳалок этувчи еттита гуноҳдан сақланинглар», дедилар-да, биринчи навбатда Аллоҳга ширк келтиришни зикр қилдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Эй Ибн Хаттоб, бор, одамларга «жаннатга фақатгина мўминлар киради», деб жар сол» (Муслим, Аҳмад ривояти).

Аллоҳ таолодан бизни Китоб ва суннатга амал қилган ҳолимизда вафот эттиришини сўраймиз. Албатта, у раҳмлиларнинг раҳмлироғидир!

Гуноҳи кабиралар. Имом Ҳофиз Шамсуддин Заҳабий

Давоми бор...

Тошкент Ислом Институти 4-курс талабаси

Тожиддинов Абдуссомад Абдулбосит ўғли

 

Мақолалар

Top