Рамазон

Рамазон руҳ озиғи ойидир

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи ила (бошлайман).

Аллоҳ таоло бизларга рамазони шариф ойида рўза тўтишни фарз айлади.  Шу сабаб бизлар фарзни қандай шаклда адо этишни илмлари ва тақволари ила безалиб бутун дунёга дарс берган олимларимиздан ўргансак мақсадга муофиқ бўлади.

Қаранг, тириклик даҳшати шу таом нозу – немати  устида билинади. Нафс қурғур қанча ноз-неъматни ютиб юборади-ю, асло тўйдим демайди. Ақл тўйганини билур, аммо нафс ҳеч қачон. Нафс шайтоннинг улфати, унда шиддат бору жилов йўқ. Жилов ўша иблиснинг қўлида. Инсоният яратилибдики, уч унсур унга офат ташийди. Бири шайтон, иккинчиси нафс, учинчиси жоҳиллик. Ақлини таниган зот шу уч иллатдан узоқ юради. Ўзини билмаган уларнинг домига илиниб, умрининг охиригача алдовида яшайди.

Рамазон ойида пайғамбар алайҳиссалом нималар билан машғул бўлганлар. Рамазон ойи келса у зот кеча-ю кундуз савоби кўп амалларни саралаб олиб у билан машғул бўлиб амалий равишда тарғиб қилиш билан шуғулланганлар. Улуғ фазилатларни ўзларида жамлаган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бир кишига буюришдан кўра ўзлари ўша амалларда ёрқин намуна бўлиши ўзлари учун суюкли амал бўлиб кўринар эди. Ҳозирги кунимизда ҳаддан зиёд панду- насиҳатлар айтилмоқда, бироқ унинг натижаси ҳеч кўрилмайди. Нимага? Чунки ўзимиз аввал суннатни тарк қилиб инсонларга нотўғри муомала қилмоқдамиз. Муомала маданияти ҳусни – ҳулқда, одобда ва амалда яққол кўриниб туриши шарт. Сиз амалингизни бировда кўришни истасангиз аввал ўзингиз амалда кўрсатиб қўйинг. Бу Расулуллоҳ суннати ва бу дин ишидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бирор бир жойга бир саҳобани у ердаги одамларни ислоҳ қилиш учун юбормоқчи бўлсалар гўё ўзлари боргандек бўладиган муборак саҳобаларни юборганлар. У саҳоба бориши билан бутун инсонлар у кишидаги ҳислатнинг кўплигидан хайратда қолиб бутун яхшилик ва фазилатлардан маҳрум бўлганликларини сезиб қолардилар. Саҳобалардан ташқари суннатга амал қилган тобеъинлар бирор-бир кишига бир назар қилсалар уларнинг назарлари сабабидан авлиёлик даражасига эришар эканлар. Агар маъруза қилсалар инсонларни хушудан кетказиб ҳатто ўлдириб ҳам қўйганлар. Яҳё ибн Муоз Хиротда мамлакат падшоҳининг қизи илтимосига биноан 3 кун маъруза қилганда 150 да мухлис инсонлар маърузанинг таъсиридан ўлиб қолган эканлар. Ҳасанул Басрий раҳматуллоҳи алайҳ бир куни бир жанозада инсонларга гўё шу тобутнинг ичидаги одам мисолидек ибрат ва ваъз олиб жуда ҳам майинлик билан тўрт калимани айтиб йиғладилар. Кўз ёшлари бутун таналаридан оқиб ерни балчиқ қилиб ташлади. Гўё Ҳасанул Басрий раҳматуллоҳи алайҳ ўзларини билмай қолдилар. Атрофдаги кишилар бу кишининг ҳолатини кўриб йиғлаб- йиғлаб хушларидан кетиб қолдилар. Ва ҳаммалари хушларига келиб авлиёлик даражасига етиб туриб кетдилар. Демак, бизларга бир нарса маълум бўладики ҳақиқий Аллоҳнинг оятига биноан маъруза қилсак у одамни ислоҳ қилишдан ҳам кўра уни Аллоҳнинг дўстига айлантириш мумкинлиги аён бўлади. Имом ал-Ҳаким ат-Термизий, Имом Бухорий, Имом Исо Термизий ва Абу Ҳафиз Кабир раҳматуллоҳи алайҳилар агар маъруза қилсалар, ўзларининг мажлисларида 40, 120, 150 ва 200 минг одамлар жамланар экан.

Хорун ар-Рашиднинг аёллари бир куни саройнинг дарчасидан қараса одамлар бетартиб ҳолатда бир жойга йиғилаётганини кўриб сўради: Булар қаерга кетмоқда ва нимага йиғилишмоқда? Хуросондан Абдуллоҳ ибн Муборак розияллоҳу анҳу ташрифига йиғилмоқдалар деди. Шунда Хорун ар-Рашиднинг аёллари айтадилар: Хорун ар- Рашиднинг моли ва жонидан Абдуллоҳ ибн Муборак розияллоҳу анҳунинг фазилати устун бўлди, устун бўлди деб такрорлади ва Хорун ар-Рашид агар бунча инсонларни йиғаман деса аскарларининг ҳам кучи етмайди. Бир майдон одам бир ерга йиғилган ва ҳаммаси овоз етказувчи мосламасиз ҳамма бирдай эшитган ва тинглаган. Нимага шундай бўлган биласизми? Улар барча инсонларга тўлиқ етиб бориши учун қалблари билан секин-секин гапиришган. Агар қалбан гапириш бўлмаганда эди уларга бир вақтнинг ўзида ҳаммаларига бирдек етказишликнинг иложи бўлмаган бўлар эди. Абдухолиқ Ғиждувоний раҳматуллоҳи алайҳ агар маъруза қиладиган бўлса, оддий одамларни қўя туринг, 400 дан ортиқ вазирлар ва подшоҳлар келиб тинглаб ўтирарканлар. Онадан тўғилган чақалоқдек гуноҳдан пок бўлиб туриб кетар эканлар. Ўзи амал қилмаган, танасида ҳаракатлантирмаган унинг завқи шавқини тортмаган унинг сабабидан кулмаган ва унинг сабабидан йиғламаган ўзига бегона сўзни “бу–меники” деб етказган одам энг ашаддий ёлғончи ҳисобланади. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Оғзига келган ҳар нарсани гапиравериш кишининг ёлғончилигига ёрқин далилдир”.

Умар ибн Абдулазиз раҳматуллоҳи алайҳ хутба қилаётганларида мағрурланиб қолишдан қўрқсалар, хутбаларини тўхтатардилар. Ёзаётганларида ҳам мағрурланишдан хавфсирасалар, варақни йиртиб ташлардилар ва: “ Эй Парвардигор, Сендан нафсимнинг ёмонлигидан паноҳ тилайман”, дердилар. Инсонларга сўзлаш орқали ва ёзиш орқали ўзининг самимий тилакларини бажо қилаётганларида мағрурланиш ва хавфсираш ва нафсининг ёмонлиги устун келса, унга муносиб равишда муносабат қиларканлар. Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу буюк саҳобаларга маъруза қилиш учун минбарга чиқиб келдилар ва секинлик билан минбарда биргина “Аллоҳдан қўрқинглар” деб шундай йиғладиларки унинг таъсиридан барча саҳобаи киромлар йиғлаб қолдилар. Уйлаб кўрилса ҳамма ёмонлик Аллоҳдан қўрқмасликдан келиб чиқади. Бу сўзнинг ортидан биз нимани ўйлаймизу саҳобалар нимани ўйлаган бўлиши мумкин, деган савол келади. Улар зарра мисоли қалбдан ўтган гуноҳга ҳам ҳисоб борлигини ҳис қилиб йиғлашарди. Улар қанча Аллоҳга қараб юрсалар ҳам уни ўзлари учун оз амал деб билишарди. Чунки савоб амални мусобақа қилувчилар шунчалик кўп қилишардики, уларнинг олдида ўзларининг амали зарра мисоли кўринмасдан кетарди  ва у улуғ саҳоба шунча амалига мағрурланмасдан яна қаерда катта амал бўлса, уни ҳам мусобақа орқали тортиб олиши уларни сира тинч қўймасди. Бизнинг замонимизда савоб амални мусобақа қиладиган одамни микроскопда ҳам топиб-ахтариб бўлмайди. Шунинг учун ҳам одамлар ухлаб ётган одамлар мисоли мудраб юришибди. Нимага яшаётганини ва нимага намоз ўқиётгани ва нимага рўза тўтаётганига фарқ қилмасдан аҳмоқ одам мисоли ер юзида ўйнаб юришибди. Биз тезроқ уйғонишимиз керак. Агар тезроқ уйғонмасак, эртага қабрда бизни қаттиқ саволга тутганда уйғонганимизда кейин кеч бўлади. Расулуллоҳ йўлидан юриш расулуллоҳнинг суннатларидан бир қадам ҳам орқада қолмасдан юришни талаб этади. Кўнглингиз хоҳлаганда бир савобни қилиб ва кўнглингиз хоҳлаганда бир гуноҳни қилиб ўзингизни алдаб юрманг. Исломга тўлиқ кириб тўлиқ амал қилинг. Ёлғончи мусулмонни расулуллоҳ “Ёлғончилар менинг умматим эмас”, деганлар. Шунинг учун биз рамазони шариф ҳурмати билан ўзимизни озроқ нафсимизни тийиб, руҳий озуқа бериб ўзимизни ислоҳ қилайлик. Рамазондан чиққанингизда сизнинг қўлингиз ва тилингиздан бирор-бир киши озор чикмайдиган бир мусулмон бўлиб чиқинг. Аллоҳнинг тавфиқи ва ёрдами ила мавзуни ёритишга киришамиз. Аллоҳумма солли васаллим ва барик алайҳ.

Мўмин кишининг нишони булдирким, сукути фикр, назари ибрат, юргани тоат бўлур.

Илоҳиётда аввал амал, сўнг илм дейилган. 

Инсоннинг қаноти унинг илми. Яна билинки, қанот темирдан битганида ҳам учолмаса пуч ёнғоқчалик қадри йўқ. Қанот учганда синалади, қоқилганда яна куч тўплайди, сайқалланади, парвоз ҳадисини ўрганади.

Иброҳим ибн Адҳам айтади: Бир қавмга ҳукмрон бўлгандан кўра, бир нафсга ҳоким бўлмоқлик  қийинроқдир.

Инсоннинг асосий ҳаракатини белгиловчи озуқани ўз миқдорида бериш керак. Аллоҳ дилни тоблаш асносида танни ҳам тарашлаб, мисқолга гўшт қолдирмас. Одам боласи ортиқча юкни кўтариб юриши кўнглида турли майлларга рағбат уйғотади.

Расулуллоҳ (с.а.в.) марҳаматига кўра, мўмин кишида битта чучварага  лойиқ ортиқча эт қолмаслиги керак, деганлар.

Барча бузғунчилик, чалкашлик шу омонат дунё хийла-найранги, одамзотнинг тутган тутуми. Кимдир ақл таниганидан қувониб, уни тўйғазади. Кимдир ақл таниганидан фойдаланиб, нафсини семиртиради. Нафс семириб тўлишгач, ўз халоскори ҳисобланган ақлни бўғиб ўлдиради ёки ҳибсга олиб, кўз очишига имкон бермайди. Бунинг учун азизу мукаррам инсон Аллоҳдан гина қилиши керакми ёки ўзидан? Ақли соғлом зот яхшиликни ҳам, ёмонликни ҳам тақдири азал ҳукми деб билади. Ёмон одам эса, ёғ ичганида севиниб, қон кечганида замонни, қисматни лаънатлайди...

Этлари устихонга айланса-да, вужудини шижоат ва завқ-шавқ тарк этмаган кишиларга ҳавасланиб боқишимиз керакмасмикин? Бутун китоблари ва хикматлари билан бутун дунёни тўлдирган устозларнинг ҳаммалари шу сифатларни ўзларида жам айлаган. Ҳамма фазилат очлик ортидан руҳ озиқаси орқали келиб чиқади.

Катта олимлар ҳам ҳатто “Биздан андоза олманглар, гоҳо ожиз банда билиб-билмай нафснинг алдовига кўнади” - деб, нафснинг ёмонлигидан огоҳ қилиб кетганлар.

Ҳолбуки, Сахл Тустарийдек буюк зот нафсини ҳамиша хумда қамагандай сақлаган, лекин унинг ҳар хил рангда тусланувчи алдовига юрмаган, дод-фарёдига қулоқ солмаган эди.

Ҳазрати Сахл Тустарий бир ҳикматларида айтади:

– Тавба муяссар бўлмас ул кишигаким, токи тилсиз бўлмагунича; тилсиз бўла олмас, токи хилватга кирмагунича, хилватга кира олмас, токи ҳалол емагунича; ҳалол емоқ ҳосил бўлмас, токи ҳақнинг ҳаққини адо этмагунча. У ҳам ҳосил бўлмас, то вужудини пок сақламагунича, у ҳам ҳосил бўлмагай, ҳақдан иноят етмагунича! – деб ёзган эканлар. Баданда нам ва озуқа қолмасдан туриб руҳий озуқа ҳисобланган илм тингланса! Қалб кири бошдан тер бўлиб чиқиб кетади.

Ҳасанул Басрий раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: Саҳоба Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу бойлар атрофида ўралашиб юрмасди. Фарзандлари унга “Сиздан улуғлар ҳам уларнинг ҳузурига боряпти, сиз ҳам қатордан қолманг” дейишди. Ул зот: “Эй фарзандларим! Қавм бир ўликни ўраб олган бўлса, унга мен ҳам борайми?! Аллоҳга қасамки, кучим етгунича улардан қочаман”, дедилар. Фарзандлари: “Эй отажон! Унда биз очликдан ўлиб кетамиз-ку?” – дейишди. Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу уларга шундай жавоб берди:

– Эй болаларим! Семиз мунофиқ ҳолда ўлишдан кўра, оч мўминлигимча рихлатга чекинишим мен учун суюклироқдир. Туфроқ, имонни эмас, гўшт ва ёғни ейишини унутдингларми!..

Саҳоба Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу бизларга танбеҳ сифатида айтмоқдаларки ризқни Аллоҳ таоло беради, уни бошқа жойдан изламанг, ризқ сизни излаб, қувиб юради. Ризқ масаласида бойларга шикоят қилиш ўта кетган аҳмоқлик ҳисобланади. Чунки ризқни бойга ҳам Аллоҳ беради. Шу сабабдан ҳам саҳоба мана шу муборак сўзни айтди, бу эса барча илм йўлида юрган олимларга дастур бўлиши учун Хасанул Басрий раҳматуллоҳи алайҳ бизларга етказиб қўйдилар. Ҳамма одамнинг бирлашиб бир кишига менга емиш беринг дейиши, ўта кетган аҳмоқлик эканини билдирмоқда. Бу масала юзасидан жуда қаттиқ гаплар келган бунга эътибор қаратайлик:

Исо алайҳиссалом ёмон олимлар ботқоқдаги ўт кабидурки, зоҳири чиройли, ичи балчиққа тўла дебдурлар. (Ўзлари ризқни Аллоҳ беради, деб тилда айтиб, амалда инсонларга ўз ҳолини билдирган кишиларга нисбатан айтилмоқда). Ризқ масаласида олимлар бошқаларга ўрнак бўлиши айтилмоқда.

Абу Дардо розияллоҳу анҳу айтадилар:

– Билмайдиганлар ҳолини бир бора билиб, унга амал қилмайдиганлар ҳолига етти бора вой бўлсин. Ва ниҳоят, олимлик мартабасига қизиққан инсон шуни ёдидан чиқармаслиги зарурки, Расулуллоҳ (с.а.в.) марҳамат этганлари каби, “Ёмонларнинг энг ёмони – олимларнинг ёмони, яхшиларнинг энг яхшиси – олимларнинг яхшиси”. Бу ўгит олимлар виждонини белгиловчи мезондир.  Очликдан қўрқмаслик керак, унинг ортидан руҳий озуқа келади.

– Эй кеча-кундуз ғам чекувчи, ҳирс қўлида ночор киши, сен раззоққа суян, имон-эътиқодда мустаҳкам бўлиб ишонгил. Унга сабр қилиб тинчлан бироз. Фақир йўлини танла, чунки фақирлик расули акрамдан меросдир.

Таом ортидан келадиган зарарлар:

 Абу Сулаймон Дароний айтади, ҳар нарсанинг боши бор. Кўнгилнинг боши кўп емакдир. Ва ҳар ким кўп емак одат қилса беш нарсага мубтало бўлгай.

Биринчи, ибодат завқини топмагай;

Иккинчи, хотираси кесилади. Нима эшитса, дарҳол унутади;

Учинчи, шафқатсиз бўлади! Чунки, ўзи тўқдир, барча халқни тўқ деб билади;

Тўртинчи, тоат қилишга эринадиган бўлади;

Бешинчи, шаҳвати ғолиб бўлади.

 Иброҳим ибн Адҳам айтади: Мен доимо тўрт от сақлайман ва уларнинг чавандозиман. Агар Аллоҳнинг неъматига дуч келсам Шукур отига миниб, унинг олдига пешвоз чиқаман. Агар ранж-аламга юзлансам, Сабр ва Ихлос отларида кутиб оларман. Ва гуноҳга ботаётганимни сезсам, Тавба отига миниб, мақсадимга етарман. Мана шу иштибоҳларга йўл қўймасликнинг энг қисқа йўли – дунё лаззатидан юз ўгирмоқ, унинг алдамчи, беҳаё жилвасига сабр-тоқат айламоқ ва шайтонга бўйин эгмай яшамоқдир. Очиғи, бу осон эришилмайдиган саодатдир.

“Ҳар ким валийлар мартабасига восил бўлмоқ истаса, дунё ва охиратга рағбат қилмай, фақат Аллоҳ таолога қалбини бериб, ҳалол луқма есин”.

Абу Сулаймон Дароний айтади:

  • Очлик охират эшигини, тўқлик дунё эшигини очар.
  • Агар сенинг бирор ҳожатинг бўлса, ул ҳожатинг чиқмагунча ҳеч нарса емагин. Чунки, кўп емак ақлни ишлашдан тўсади. Шайтон васвасасига солади. Юкинг қанча енгил бўлса, узоқ машаққатли манзилингга етиш шунча осон бўлади.
  • Рўза сенинг ўзингга очлик, нафсингга қаҳрдир, руҳингга озуқа бўлади.
  • Очлик кўнгилни мунаввар этар, тўқлик кўнгилни қорайтирар.
  • Аллоҳни топмас, то нафсини ўлдирмагунча ва дунёдан юз ўгирмагунча
  • Гуноҳларнинг боши дунёни севмоқдир ва тоат-ибодат кўрки очликдир.

Ҳар ким Аллоҳга етишмоқни тиласа, нафсини ўлдирсин! Аллоҳ айтади: “Эй бандаларим, агар сизлар дунёда мендан уялсангизлар (гуноҳ амалларни қилишдан), мен ҳам охиратда сизлардан уяламан. Ва айбларингизни юзингизга солмайман, гуноҳларингизни номаи аъмолингиздан ўчираман”. Кўп таомларни истимол қилиш вақтида Аллоҳни кўриб тургандай ҳис қилиб, ундан уялиб турилса! Нур устига нур бўлади иншоаллоҳ. Сулаймон Даронийнинг лутфини эсласак: “Қўрқувдан йироқ қалб хароб бўлади”, - деганлар.

– Гуноҳ қилмоққа қудрат топган вақтдаги хушвақтлик гуноҳнинг ўзидан ёмонроқдир.

Иблис савдойи ёки анойи эмас, у олим, фақат унинг борлиғини кибр эгаллаган, холос. Билки, у оддий кимсаларни чалғитишдан кўп қувонмас, у тузоқни ҳақ истаганлар йўлига қўюр. Мингта оми шахсни аврагандан, битта олимни чалғитган афзал, деб билур.

– Нега?

– Чунки олимнинг адашуви – оламнинг адашуви! Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг “Мавти олим – мавти олам”, яъни олимнинг ўлими, оламнинг ўлими деган ҳадисини унутдинггизми?

Зотан, авлиёлар учун моддий неъмат маънавий зиёфат олдида ўз аҳамиятини йўқотган.

Абу Сулаймон Дароний айтади, менинг кунлик одатим нонни туз билан ер эдим. Бир куни кўза ичида ёғ бор экан, унга қўшиб егандим. Бир йилча унинг таъсирининг зараридан тоат завқини топмадим. Энди мен ажабландимки, ҳамиша нафс орзуларини берурсан, сенинг ҳолинг қандай бўлади?

Шубҳалик таомдан қўлни тортиш:

Авлиёлар саййиди, атқиёлар пешвоси Ҳорис Муҳосибий қачонки, бир шубҳалик таомга қўл узатадиган бўлса, қўлининг томирлари чиқар ва шундан билар эдиким, ул таом шубҳаликдир.

Солиҳ ибн Мусо Талҳий (раҳматуллоҳи алайҳ) отасидан ривоят қилади: “Ашъарий ўлими олдидан ибодатга шиддат билан киришди. Унга: “Ўзингизни бунча қийнаманг”, дедилар. У: “Пойгада маррага яқинлашиб қолган от ўзидаги бор кучни ишга солади. Менинг вақтим эса бундан ҳам оз қолди”, деб жавоб берди” (Ибн Асокир).  

Саҳрога сепилган уруғ кўкармайди, маърифатсиз қалбга зиё кор қилмайди,  нодон ўлса ўлар,  асло илмга бўйин эгмас...

Гоҳида инсон ожизлиги сабабли дил қулфини очиб, ичкаридаги сирни овоза қилур.

Ҳикматли қалбга даъво берувчи сўзлар билан ўз сўзимни ниҳоялаймиз вассаламу алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракатуҳу.

Аллоҳумма солли васаллим ва барик ала набиййина Муҳаммад.

Тошкент ислом институти “Ижтимоий фанлар” кабинет мудири

Урол Назар Абдулмалик Термизий тайёрлади.

 

72098 марта ўқилди

Мақолалар

Top