muslim.uz

muslim.uz

Кўп миқдорда газли ичимликларни ва мевали шарбатларни истеъмол қилиш мия фаолиятининг ёмонлашишига олиб келиши мумкин. “Alzheimer's & Dementia” журналида чоп этилган мақолада юқорида айтиб ўтилган ичимликлар мия ҳажмининг кичрайишига ва хотиранинг қисман сусайишига олиб келиши баён этилган.

Олимлар таркибида шакар бўлган ичимликлар истеъмолининг соғлиққа зарари мавзусида олиб борган таҳлил тадқиқотларни ўтказиш жараёнида  ушбу хулосага келишди.

 “Бизнинг тажрибамиз таркибида шакар мавжуд бўлган ичимликлар мия ҳажмига ва хотирага салбий таъсир кўрсатишини аниқлади”, деди Бостон (АҚШ) университети неврологи Мэттью Пас. 

Моҳира ЗУФАРОВА

Халқаро алоқалар бўлими ходимаси тайёрлади.

 Чехиядаги “Yoni” фирмаси мисвок ишлаб чиқаришни йўлга қўйди.  У мисвокларни тиш парвариши йўлидаги “инқилоб” деб атади. Ишлаб чиқарувчининг айтишига кўра, Raw toothbrush номли мисвоклар тишларни минераллар билан тўйинтиради, кариеснинг олдини олади ва тишларни оқартиради.

Эслатиб ўтамиз, мусулмонлар бир неча асрлардан буён мисвокдан унумли фойдаланиб келмоқдалар, мисвок ишлатиш суннат амаллардан биридир. Чехия компанияси тарғиб этаётган мисвок фойдаларини мусулмонларга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундан XIV аср олдин хабарини берганлар.                                                    

Халқаро алоқалар бўлими

 

Шу йилнинг 20-30 апрель кунлари Бирлашган Араб Амирликларининг Шаржа (аш-Шориқа) шаҳридаги “Қосимия” университети томонидан “Қуръони карим ва суннати набавия” муассасаси билан ҳамкорликда Қуръони карим ва суннати набавия мусобақаси ўтказилади.

Мусобақада Форс кўрфазида Ҳамкорлик кенгашига аъзо давлатлар, Саудия Арабистони Подшоҳлигидаги “Ал-Жавф” университети, Ўмон султонлигидаги  “Султон Қобус” университети ва Кувайт шаҳридаги “Ал-Кувайт” университети ҳамда БААдаги 24 та университет талабаларидан иборат 300 дан ортиқ қори йигит ва қория қизлар иштирок этмоқда.

Мусобақа қуйидаги 5 йўналишда ўтказилади:

  1. Қуръони каримнинг 30 порасини тажвид қоидаси билан тўлиқ ёддан ўқиш.
  2. Қуръони каримнинг 20 порасини тажвид қоидаси билан тўлиқ ёддан ўқиш.
  3. Қуръони каримнинг 10 порасини тажвид қоидаси билан тўлиқ ёддан ўқиш.
  4. Қуръони каримнинг 5 порасини тажвид қоидаси билан тўлиқ ёддан ўқиш.
  5. Суннати набавия йўналишида ҳадиси шарифларни ёддан айтиб бериш.

Ғолиблар пул мукофотлари билан тақдирланади. “Қосимия” университети ректори Доктор Рашшод Солим мусобақанинг дастлабки давраси университет талабалари иштирокида, сўнгра БААдаги университет талабалари, сўнгги давралари эса БАА билан Форс кўрфазидаги Ҳамкорлик кенгаши давлатларидаги олийгоҳ талабалари ўртасида бўлиб ўтишини таъкидлаб, мусобақани ўтказишдан талаба ёшларни Қуръони карим ва ҳадиси шарифларни ёдлашда мусобақалашишга қизиқтириш ҳамда  “Қосимия” университети билан бошқа араб давлатларидаги университетлар ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик муносабатларини орттириш мақсад қилинганини маълум қилди.

Халқаро алоқалар бўлими ходими

Илёсхон АҲМЕДОВ

тайёрлади

Пятница, 21 Апрель 2017 00:00

Аҳолидан ҳол сўралди

2017 йилнинг “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилиниши муносабати билан барча соҳаларда бўлгани каби Самарқанд вилояти имом хатиблари ҳам аҳолидан ҳол сўраш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида муҳим ва самарали ишларни амалга оширмоқдалар. Имом домлаларимиз маҳалла раислари, маслаҳатчилар, маҳалла нозирлари билан ҳамкорликда маҳаллаларда хонадонларга кириб, аҳоли билан бевосита суҳбат ўтказмоқдалар.

17-18 апрель кунлари Республикадан ташриф буюрган ишчи гуруҳи ҳамда вилоят имом хатиблари жойларда истиқомат қилаётган кам таъминланганлар, ижтимоий кўмакка муҳтожлар, ёлғиз кексалар, беморлар, боқувчисини йўқотган оилаларга кириб, уларнинг яшаш тарзи билан яқиндан танишмоқдалар. Мавжуд муаммоларини ҳал этишга кўмаклашиш мақсадида мутасадди ташкилотлар  ҳамкорлигида тизимли ишларни амалга оширмоқдалар. Жумладан:

Республика ишчи гуруҳи билан биргаликда Ургут тумани имом хатиблари 31та гуруҳга бўлинган ҳолда 700дан ошиқ хонадонга, Самарқанд шаҳри имом хатиблари 7та ишчи гуруҳга бўлинган ҳолда 170дан ортиқ хонадонга, Каттақўрғон шаҳри имом хатибларидан иборат 3 та ишчи гуруҳ томонидан 100га яқин хонадонга ташриф буюрилиб, хонадон аҳллари  билан суҳбатлар ўтказдилар. Уларнинг дардига шерик бўлиб, муаммоларини ҳал қилиш чоралари кўрилди ва албатта бу ишлар маҳаллий ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда амалга оширилди. Мулоқотлар давомида ижтимоий кўмакка муҳтожлар билан суҳбат ўтказишга алоҳида эътибор қаратилган бўлиб, уларга давлатимиз тарафидан берилаётган имтиёзлардан фойдаланиш бўйича таклифлар берилиб, имкониятлар яратишга ҳаракат қилинди.

Бундан ташқари, вилоят вакилининг хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси Н.Темирова “Аёллар маслаҳат марказлари” фаолиятини ўрганиш ва мавжуд шарт-шароитларини яхшилаш бўйича тузулган ишчи гуруҳи таркибида шу кунгача 150га яқин ижтимоий оғир аҳволдаги аёллар ва уларнинг оила аъзолари билан суҳбат ўтказди. Ушбу аёлларни жамият орасига олиб кириш, доимий иш билан таъминлаш борасида маҳаллий ҳамкор ташкилотлар билан мувофиқлашган ҳолда ишлар йўлга қўйилган.

Шунингдек, вилоят имом хатиблари махсус ишчи гуруҳлар таркибида жойларда аҳоли муаммоларини ўрганиш ва уларга амалий ёрдамлар кўрсатиш учун фуқароларнинг хонадонларига бориб суҳбат ўтказиб келмоқдалар.

Суҳбатлар асносида асосий эътибор мазкур фуқароларнинг муаммоларини ўрганиш ва уларни бартараф этишга қаратилмоқда. 

ЎМИ Самарқанд вилояти вакили З.Эшонқулов

Пятница, 21 Апрель 2017 00:00

Меҳр-муҳаббат қўрғони

Оила...  Бу сўз замирида кенг маъно, порлоқ келажак, тинч-тотув ҳаёт ва ўзаро меҳр-муҳаббат ётади. Оила бу жамиятимиз келажаги, соғлом турмуш ва энг асосийси катта масъулият бўлиб, ҳар бир инсон бу тушунча билан  ҳаётида учрашади, йўлиқади. Оила нафақат икки инсонни бирлаштиради, балки шу жуфт билан таскин топади, саодатга эришади. Ёлғиз ҳолда инсон ўз саодатини ҳис қила олмайди.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай дейди:

“Аллоҳ сизлар учун ўзларингиздан жуфтлар яратиб, жуфтларингиздан сизлар учун ўғиллар ва набиралар пайдо қилди...” (Наҳл,72)

Ана шундай жуфтлик саналган эркак ва аёлнинг илоҳий никоҳ ришталари туфайли бир хонадонда, бир оилада аҳил-тотув яшашлари, насл давомийлигини таъминлаб, умргузаронлик қилишлари хақиқатдан Яратганнинг улуғ санъати ва ҳикматига далолатдпр.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом бу борада ривоят қилган ҳадисларнинг бирида: “Эй йигитлар, сизлардан қай бирингиз оила қуришга қурби етса, уйлансин. Уйланиш номаҳрамларга кўз ташлашдан, зинокорликдан асрайди. Қурби етмаган киши рўза тутсин, токи унга тўсиқ бўлсин”,  дейилган.

Бошқа ҳадисда эса: “Тўртта яхши иш бор, улар пайғамбарлар суннатидан саналади: ҳаё, хушбўйлик, мисвок тутиш ва уйланишдир” деб марҳамат қилинади. Ислом таълимотига кўра, оила Яратганнинг розилигини топиш,  Пайғамбаримиз алайҳиссалом ахлоқлари, исломий одоб билан зийнатланиш ва пок йўл билан инсоният наслини давом эттириш мақсадида қурилади. Шунинг учун динимиз оилани никоҳ асосида қуришга алоҳида аҳамият беради ва никоҳни инсоний алоқаларнинг энг муҳими сифатида юксак қадрлайди. Зеро, оила катта жамиятнинг кичик бир бўлаги ҳисобланади.

Оила жамиятнинг ажралмас бир бўлаги бўлиб, у қатьий қонун-қоидаларга бўйсунади. Насл бардавом бўлиши, жамиятнинг таназзулга учрамаслиги учун Аллоҳ таоло оилани ўз ҳимоясига олган. Оила таназзулининг олдини олиш мақсадида зино қатьий ҳаром қилинди.

Жамиятнинг келажаги порлоқ, катта имкониятларга эга бўлиши учун, аввало, унинг ажралмас негизи-оилаларнинг маънан соғломлиги талаб қилинади.

Оиланинг бир устуни бўлган аёл шу масканнинг қўриқчиси, оила”шоҳ”ига “вазир”ҳисобланади. Шу жиҳатда Ислом дини ҳеч бир дин бермаган эьтиборини беради, уни эъзозлайди, чиройли муомалада бўлишга чақиради, ҳуқуқларини ҳимоя қилади.

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)дан ривоят қилган ҳадисда бундай марҳамат қилинади: “Сизларнинг яхшиларингиз аҳли аёлига яхши муомалада бўлганларингиздир. Мен ҳаммангиздан кўра аҳлига яхшироқ муомала қилувчингизман” (Имом Термизий).

Мана шундай оят ва ҳадислар орқали Ислом илк даврданоқ аёлларнинг оиладаги ҳақ-ҳуқуқларини тиклаш, ҳурматини жойига қўйиш билан уларнинг жамиятдаги мавқеини юксалтирган. Аёл кишига комил инсон ва чиройли муомалага муносиб шахс сифатида эьтибор қаратган.

Энг аввало, аёлларга чиройли муомала кўрсатиш, ширинсўз бўлиш ва ҳар томонлама яхшилик қилиш лозим. Иккинчидан, гарчи уларнинг феьл-атворларида бирор ҳаракат ёқмаган тақдирда ҳам қўполлик қилмасдан, ширинсўзлик билан камчиликларини айтиш, уни тузатишга кўмаклашиш керак бўлади. Чунки ҳар нарсада Аллоҳ таолонинг биз билмаган, ақлимизга келмаган ҳикматлари бор. Аёлларнинг хулқларида бир эмас, бир неча яхшилик борлиги маълум. Оила саранжом-саришталиги, кийим-кечак ва уйларнинг озодалиги, таом тайёрлаш борасидаги хизматлари ва энг муҳими, тўғри тарбия берилган, кўзлар қувончи бўлмиш солиҳ фарзандни вояга етказишлари шундай яхшиликлар сирасига киради.

Ислом дини муҳаббат, раҳмат, меҳр-шафқат каби хислатлар оиланинг таянчи эканини айтади. Бу таянчлардан бирига арзимас нарса туфайли дарз кетмаслиги зарур. Ҳадисда: “Агар бирон нохушлик бўлса, унинг замирида кўп яхшиликлар бўлиши мумкин”, деб бежиз айтилмаган.

Шу сабабли оилада меҳр-муҳаббат, тинчлик, тотувлик, ўзаро ишонч хукмрон бўлишга эру хотин бирдек  ҳаракат қилмоқлари лозим. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) ўз ҳадисларида “Хотинларнинг яхшиси агар қарасанг, сени хурсанд қиладигани; буюрсанг, сенга итоат этгани; йўқлигингда ўз нафсини ва молингни  муҳофаза қиладиганидир”, деб яхши аёлларни сифатлаганлар. Шу ҳадисдан келиб чиқиб аёллар оилани барқарор бўлишда, уларни муҳофаза қилишда жонбозлик кўрсатишлари, ўз турмуш ўртоқларига итоаткор бўлишлари лозим. Ҳар бир жамиятни асоси оила экан,  уни ўрни, мустаҳкамлиги  ҳар бир оила вакилига юклатилган чиройли бурчдир. Оилани  асраб авайлаш, ҳимоя қилиш шу юртдаги ҳар бир инсон учун ҳам фарз ҳам қарздир.

Хадичаи Кубро аёл-қизлар билим

юрти ўқитувчиси Нурмуҳамедова Ирода

Мақолалар

Top