muslim.uz

muslim.uz

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига қилган Мурожаатномасида 2023 йилни «Инсонга эътибор ва сифатли таълим» деб эълон қилишни таклиф этди.

Юртбошимиз янги йилга ном беришда кенг жамоатчиликнинг фикри ўрганилганини таъкидлади ва йиғилганлар ушбу таклифни қўллаб-қувватлади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Диний-маърифий ва диний эркинлик соҳаларида олиб борилаётган ислоҳотлар тарғиботи доирасида Ўзбекистоннинг Екатеринбургдаги Бош консулхонаси вакили Свердловск вилоятида жойлашган “Маҳалла” ислом диний ташкилоти раҳбариятининг таклифига биноан, кеча Свердловск вилояти Арамил шаҳридаги “Ас-Салям” масжидининг расмий очилиш маросимида иштирок этди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбирда Ўзбекистон ва Тожикистон Бош консулхонаси ходимлари, Арамил шаҳар маъмурияти раҳбарлари, Татаристон ва Бошқирдистон ваколатхоналари, Свердловск ва Челябинск вилоятлари муфтияти имомлари ҳамда Урал Давлат кончилик университети вакиллари қатнашдилар.
Янги масжиднинг расмий очилиш маросимида имом Нойил Аминов ва шаҳар маъмурияти раҳбарлари тадбир иштирокчиларини қутлаб, масжиднинг қурилиш тарихи ҳақидаги батафсил маълумотларни ўртоқлашдилар.
Свердловск вилояти муфтияти томонидан масжид қурилишида фаол иштирок этган бир гуруҳ махаллий фуқаролар, турли диаспора вакиллари қимматбаҳо совға ва ташаккурномалар билан тақдирландилар.
Тадбирда Ўзбекистон Бош консулхонаси вакили ҳам сўзга чиқиб, унинг барпо этилишига ҳисса қўшганларга ҳамда вилоят мутасаддиларига ўз миннатдорлигини билдириб, масжид раҳбарияти ва тадбир иштирокчиларини самимий табриклади.
Уралда мусулмонлар ва бошқа динлар вакиллари ўртасида тотувлик ва ҳамжиҳатликни таъминлаш, ўлкада вақтинча ва муқим яшаётган, ушбу масжидга борадиган Ўзбекистон фуқаролари, жумладан, меҳнат муҳожирларига холис диний ахборотларни етказиш, уларни турли ёт оқимлар таъсиридан сақлаш борасида олиб бораётган диний таълими ҳамда тарбиявий фаолияти учун масжид имоми Нойил Аминовга Бош консулхона номидан миннатдорлик билдирилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Инсонлар бу дунёда икки тоифага бўлинадилар:

Яхшилик қилувчилар;
Ёмонлик қилувчилар.

Ҳар бир миллат ва элатларда эзгу иш қилувчи инсонлар мақталган, эъзозланган. Ёмонлик қилувчи инсонлар эса, қораланган ва жазоланган. Яхшилик қилувчи инсонлар хурмат-эҳтиром билан эсланиши, ёмонлик қилувчи инсонлар эса, надомат-ҳақорат билан ёдга олинишига тарих гувоҳлик беради.

Aллоҳ таоло марҳамат қилади: "Ким зарра мисқолича яхшилик қилса, у(нинг мукофоти)ни кўрадир. Ва ким зарра мисқолича ёмонлик қилса, у(нинг жазоси)ни кўрадир".[1]

Aввалги муфассир уламолар “зарра мисқоли”ни “чумоли вазни”ча деб тафсир қилганлар. Ҳозирги уламолар хусусан, Муҳаммад Ротиб Нобулсий бу оятни қуйидагича тафсир қиладилар.

“Гоҳида светофорда тўхтаган вақтингизда, қаршингизда келаётган машина ҳайдовчиларини безовта қилмаслик учун чироғингизни ўчирасиз. Кўпчилик сизнинг мақсадингизни билмайди ва ҳайрон бўлади. Лекин сиз Шакур бўлган Зот ҳам буни эътиборга олмайди деб ўйламанг, У Зот албатта мукофотингизни беради.

Тунда ухлаб ётган кишиларни безовта қилмаслик учун эшикни секин очишингиз..

Ёши катталарни масжидга киришида йўл бериб кутиб туришингиз..

Йўлдан ўтаётган мушукчани босиб олмаслик учун қилган ҳаракатингиз..

Ёш болачага қилган табассумингиз..

Дуо қиладиган одами қолмаган марҳум учун дуо қилишингиз..

Суви беҳуда оқаётган жўмракни тузатиб қўйишингиз..

Йўлда турган шох-шаббани олиб қўйишингиз..

Буларнинг барчаси яхшиликдир.

“Бас ким зарра оғирлигича яхшилик қилса, ҳам у(нинг мукофоти)ни кўрадир”

Юқорида келган сўзлардан, донишманд халқимизнинг асрлар давомидаги тажрибаси ўлароқ айтилган “Нима эксанг шуни ўрасан” деган сўзи бежиз эмаслигини англашимиз мумкин.

Гоҳида яхшилик қилиш сўз билан бўлса, гоҳо амал билан бўлади. Aйрим ҳолларда моддий ёрдам билан бўлиши мумкин. Aйнан моддий ёрдам билан яхшилик қилишнинг фойдаси катта бўлади. Кам таъминланган оилаларга ёрдам бериш билан жамият ривожланади. Таълимга сарфланган маблағни эса, таъсир кучи катта бўлади.

Биргина юртимиздан чиққан улуғ бобокалонимиз Имом Бухорийнинг ҳаёти бунга яққол мисол бўла олади. У зотнинг умри давомида ҳаёт машаққатларига чидаб, илм олишдаги қийинчиликларига сабр қилиб, ҳадисларни йиғиб чиқди ва уни бошқаларга ўргатди, китобларга жам қилди ва муҳаддислар султони номига сазовор бўлди. Инсон ҳаёт кечириши учун албатта маблағ зарур, энди бутун умрини илмга бағишлаган инсонга эса, бу зарурат янада ортади. Aгар Имом Бухорий яшаган даврга назар солсак, кимдир у зотни маблағ жиҳатдан қўллаган бўлиши керак. У зотни ҳаётини синчиклаб ўрганиб чиққан тарихчилар Имом Бухорийнинг отаси бой бўлганлиги ва ўғлининг таълим олиши учун мол-давлатини мерос қолдириб кетганлигини, сафар эҳтиёжлари туғилганда бу молу давлатни илм йўлида сарфлаб, илм чўққиларини забт этганлигини баён қиладилар.

Юртимиздан яна Имом Бухорийга ўхшаган алломалар чиқиши учун авваламбор, у зотнинг отасидек, илмга ҳомийлик қилувчи ҳиммати баланд, сахий инсонлар бўлиши керак.

Aслида, яхшилик қилиш учун чегара қўйилмаган, ҳар ким ўз имкониятидан келиб чиқиб бу ишга қўл уради. Кимнингдир қилган яхшилигини оз ёки кўп деб ўлчаш тўғри эмас. Бу ишни қилувчиларнинг нияти, ихлоси ҳисобга олинади.

Зеро, Aллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Ким бир яхшилик қилса, унга ўн баробар қайтарилур”[2]. Aгар биз бир яхшилик қилсак, Aллоҳ таоло ўн баробар қилиб қайтаришга ваъда беряпти. Бу ваъда барча нуқсонлардан пок зот Aллоҳнинг ваъдаси эканлигини унутмаган ҳолда, натижасига чин қалбдан ишонишимиз лозим.

Шу ўринда Робия ал-Aдавийя (қ.с) билан бўлиб ўтган воқеани эслаб ўтсак.

“Робия ал-Aдавийя Aллоҳ таолонинг хос бандаларидан, валий қулларидан ҳисобланади. У зот Aллоҳ таолога ибодат қилар, дунё ташвишлари билан овора бўлмас эди. Чунки у ризқини Aллоҳ ўйламаган тарафдан етказишини биларди.

Одати бўйича уйида ибодат қилиб турганида у зотнинг олдига бир тиланчи келиб, у зотдан бир оз егулик сўради. У уйида қолган битта нонни тиланчига берди. У яна ўз ибодатини давом эттирди. Орадан бир таом тайёрлагудек вақт ўтмасдан, бир киши унинг олдига саккизта нонни олиб келди ва “буни фалончи бериб юборди”, деб айтди. Робия нонни саккизтаклигини кўргач, “У менга ўнта бериб юбориши керак, нима учун иккита кам” деб сўради. Нонни ҳузурига келтирган инсон унинг бу сўзидан ҳайратланди ва ноннинг ўнта эканини ўзи ва уни берган кишидан бошқа ҳеч ким билмаслигини ўйлаб, ноннинг иккитасини йўлда еб қўйганини айтди. Сўнг у Робиядан ноннинг ўнта эканини қаердан билганини сўради. Шунда, Робия ал-Aдавийя, “Сен Aллоҳ таолонинг мана бу сўзини билмайсанми деб:

“Ким бир яхшилик қилса, унга ўн баробар қайтарилур” деган оятни ўқиб берди”[3]

Бу ҳикоядан ўзимиз учун зарур бўлган кўп нарсани билиб олишимиз мумкин.

Ҳар бир қилган яхшилигимиз учун мукофот олишимиз;

Ҳеч бир яхшилик жавобсиз қолмаслиги;

Биргина қилинган яхшилик учун оятга мувофиқ Aллоҳ таоло ўн баробар қилиб қайтариши;

Буни Ўзининг суйган бандалари ҳис қилиб, доим ёрдам қўлини чўзишга тайёр эканликлари.

Ёмонликнинг чегараси бўлмаганидек, яхшиликнинг озини ҳам, кўпини ҳам чегараси йўқ. Кўп инсонларда бир хато тушунча борки, қачон маълум бир даражага етсам, кейин ёрдам бераман, деб яхшилик қилишни ортга суришади. Бу тушунча эса, инсонларни бир-бирига ёрдам қўлини чўзишдан тўсиб туради ва улар ўзлари ўйлаган даражага етишларини кутиб, ўзларини яхшилик қилишдан ман қилишади. Бундай фикр хато эканлигини янада яхшироқ англаш учун бир мисол келтираман.

Эндигина юришни ўрганаётган болани, ёки эндигина автоуловни минишни ўрганаётган инсонни кўз олдингизга келтиринг! Улар бу ишларни бажариш учун қулай фурсат кутганми?! Қачон қиммат улов бўлса, ҳайдашни ўрганаман, ёки текис, холи жой бўлса, юришни ўрганаман, деганми?! Aгар шундай деб айтишганида бу ишни уддасидан чиқа олишмаган бўларди.

Яхшилик қилиш учун қулай фурсат эмас, бор имкониятдан фойдалана олишимиз керак. Бу хусусда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва салламдан Aдий ибн Хотам розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:

“Сизлардан ким дўзаҳдан сақланишга қодир бўлса, яримта хурмони садақа қилиб бўлса ҳам, ўзини дўзаҳдан сақласин" (Имом Муслим ривояти).

Бизга Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам бор имкониятдан фойдаланиб дўзаҳдан сақланиб қолишни таълим беряптилар. Яхшилик қилишга шошилинг, зеро, яхшиликнинг мукофоти фақат яхшиликдир.

Муҳаммадамин Абдипаттаев Абдуқодир ўғли

“Имом Бухорий” номидаги
Тошкент ислом институти талабаси

[1] Залзала 7-8-оятлар

[2] “Анъом” сураси 160-оят

[3] “Анъом” сураси 160-оят

Абдипаттаев Муҳаммадамин Абдуқодир ўғли

“Имом Бухорий” номидаги

Тошкент ислом институти талабаси

Тошкент ислом институтида ёшларнинг мафкуравий иммунитетини янада ошириш, турли оқимларнинг ёт ғоялари таъсирига тушиб қолишини олдини олишга қаратилган тадбирлар доирасида Ички ишлар вазирлиги терроризм ва экстермизмга қарши курашиш бош бошқармаси масъул ходими Абдумалик Каримов “Экстремистик ва террорчи ташкилотларнинг бутунжаҳон интернет тармоғидаги тарғибот ва ёллаш фаолиятининг хусусиятлари” мавзусида маъруза билан иштирок этди.
Тадбирни ТИИ Ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича проректор Умиджон Ходжаев кириш сўзи билан очиб берди.
Бугунги кунда экстремизм ва терроризм масаласи дунёдаги энг глобал муаммога айланиб бормоқда. Уларнинг амалга ошираётган хунрезлик ва қабиҳ ишларини бутун инсоният қаттиқ қораламоқда. Янада қабиҳроқ томони шундаки, улар қилаётган ишларини дин ниқоби остида, муқаддас ислом динини асл моҳиятларини бузган ҳолатда амалга оширмоқда. Улар ўз тарғиботларини кенгайтириш учун оммавий ахборот воситалари, замонавий технологиялар, интернет каби глобал тармоқлардан максимал даражада фойдаланаётганлиги кишини ўйга толдиради. Чунки, ҳозирги кунда интернет тармоғи инсонлар, айниқса, ёшлар ҳаётининг асосий қисмига айланиб улгурган. Шу ва бошқа жиҳатларни эътиборга олиб, бу глобал муаммога қарши маънавий-маърифий кураш билан бир қаторда унинг ҳуқуқий асосларини ишлаб чиқишни талаб қилади. Бундан мақсад фуқароларимизнинг бундай нобакорлар сафига билиб-билмай қўшилиб қолишнинг олдини олишдан иборатдир.
Реал ҳаётимиздагидан кўра, виртуал ҳаётда кўпроқ одамлар билан дўст тутинамиз. Уларнинг аслида кимлиги, дўстлик таклиф қилишдан мақсади нелиги билан эса қизиқиш ҳаёлимизга ҳам келмайди. Бу эса бизнинг энг катта камчиликларимиздан биридир. Қаранг, салафи солиҳларимиз ким билан дўст бўлиш ҳақида муайян дастур тузиб қўйган эканлар.
Алқама ибн Лабид раҳматуллоҳи алайҳ ўғлига насиҳат қилиб деди:
“Эй ўғлим! Вақтики келиб дўст тутишга эҳтиёж сезганингда, тўғри келган одам билан дўст тутиниб кетавермагин! Балки, дўстинг сенга маънавий зийнат берувчи фозил бўлсин! Енгилтаклик қилганингда сени тартибга солувчи носиҳ бўлсин! Бошингга мусибат тушганда сенга далда бўлувчи мард бўлсин! Ҳақ гапни айтганингда сени тасдиқлаб, қўллагувчи содиқ бўлсин! Ёрдамига муҳтож бўлганингда ёрдамини аямайдиган саҳий бўлсин! Унга дўстона қўл чўзганингда у ҳам сенга қўл чўзувчи самимий бўлсин! Сенинг яхши ишларингга муносиб баҳо берувчи одил бўлсин! Камчиликларингни яширувчи олийжаноб бўлсин! Унинг ортидан сенга кулфат келмайдиган бўлсин! У туфайли ҳаётинг остин-устин бўлиб кетмайдиган бўлсин! Омма олдида сени хўрламайдиган бўлсин!”
Бу насиҳат ўз даври одамларига нисбатан бугунги замон одамлари учун зарурроқ, десак тўғри бўлади. Чунки илгарги одамларнинг минглаб-минглаб дўстлари, гуруҳдошлари, каналдошлари бўлмаган. Улар ўз маҳалласи, нари борса қўшни маҳалладаги танишлари билангина дўстлик риштасини боғлай олганлар холос. Биз эса бугун уйда ўтириб, сайёрамизнинг нариги нуқтасидаги одамга ўз сирларимизни очяпмиз, дардимизни айтиб ҳолимиздан шикоятлар қиляпмиз. Салафи солиҳлар ўгитларига кўра, ижтимоий тармоқлардаги «дўстларимиз»нинг кимлиги билан жидий қизиқиб қўйсак, сирларимиз айниқса, шахсий маълумотларимизни кимлар билан бўлишаётганимизга аҳамият берсак фойдадан ҳоли бўлмас экан!

 

ТИИ Матбуот хизмати

Вторник, 20 Декабрь 2022 00:00

Кечаси кўча санғишнинг зарарлари

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар одамлар ёлғизликда нималар борлигини мен билганчалик билганларида эди, бирорта ҳам отлиқ тунда ёлғиз юрмасди”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).

Ушбу ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳ алайҳи васаллам кечаси ёлғиз юришдан қайтармоқдалар. Чунки унинг бир қанча зарарлари бор, аммо одамлар уларнинг ҳаммасини ҳам англаб етмайдилар. Шу сабабли, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам инсонлар билмаган ёмонликларни билганлари учун ундан огоҳлантирмоқдалар.

Бугунги кунда ота-она назорати ва эътиборисиз қолган жуда кўплаб ёшларнинг ушбу ҳадисга амал қилмай, кечаси билан кўчаларда, кафе-бар, интернет клубларда санғиб юришлари, тонгга қадар вақтларини беҳуда ва бекорчи ишларга сарфлашлари кузатилмоқда.

Энг хавфли ва аянчли жиҳати – ярим тунда бундай кўча дайдишларнинг охир-оқибати турли жиноятлар, қотилликлар, муштушзўрликлар билан якун топмоқда. Қолаверса, турли руҳий касалликларга дучор бўлганларнинг аксарияти айнан бемаҳалда кўчада санғиб юрганлар ташкил этишини унутмаслик керак.

Шунингдек, тунни бекорчилик билан ўтказиш инсон саломатлиги учун ҳам жиддий зарар эканини таъкидлаб ўтиш лозим. Буюк Британия олимларининг 90 мингга яқин кўнгилли қатнашган, олти йил давом этган тақдиқотлари натижасига кўра соат 2200 дан 2300 гача бўлган вақт оралиғида уйқуга ётиш юрак-қон томир касалликлари хавфини сезиларли даражада камайтириши аниқланган (European Heart Journal – Digital Health, Volume 2, Issue 4, December 2021, Pages 658–666).

Демак, шариат кўрсатмасига амал қилган банда дунё ва охирати учун фойдали бўлган амалларга яқин, нохуш ва зарарли ҳолатлардан эса узоқ бўлади. Аллоҳ таоло Ўзининг розилигини топадиган солиҳ амалларда бардавом қилсин!

 

Даврон НУРМУҲАММАД

Мақолалар

Top