muslim.uz

muslim.uz

Пятница, 24 Июль 2020 00:00

Сабр, шукр ва розилик...

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Роббимиз инсониятни тарбиякунандасидир. Эслатма олувчи ҳар қандай мусибатдан эслатма олаверади. Лекин неъматлар ичида чўмилиб яшаётган одам, ҳаммавақт ҳам у неъматларни ҳис этавермайди, кўравермайди. Аммо, неъмат заволга учраса, шикоятда унинг тенги йўқ бўлади. Бу ҳақда Аллоҳ таоло «...Албатта инсон ўта золим ва ўта ношукрдир», (Иброҳим сураси, 34-оят) дея марҳамат қилган.

Ҳақиқий мўминнинг ҳоли бало келганда сабр, неъмат етганда шукр бўлмоғи лозим. Барчамизга мана шу ҳол насиб этсин.

Ҳакийм Зотнинг синови ҳикматсиз эмаслигига заррача шубҳам йўқ. Пандемия бошланганидан бери режалаштириб юрган, аммо кундалик иш ва оила ташвишлари сабаб ўқий олмаган китобларимни ўқишга муваффақ бўлдим. Ўз ихтисосим нейрохирургияга оид клиник нейроанатомия ва физиология йўналишларидаги китобларни ўқиб, мақолалар ёзиб ақлий машқ қилиш имкони бўлди. Зотан ақл учун китобдек фойдали машқ йўқ.

Иккинчи томондан Аллоҳнинг китобига баҳоли қудрат яқинлашдим. Зотан, руҳ учун Қуръондек маънавий озуқа йўқ. Сўнгра Шайх ҳазратларининг «Усулул фиқҳ», «Мусталаҳул хадис» китобларни ўқиб чиқдим. Сўнгра... Уларни бир марта ўқиш кифоя эмаслигини англадим. Аҳли ҳадис ва фиқх уламоларимиз, шаръий илмларни йиғиб, қаймоғини бериб кетган мужтаҳид усулий фақиҳларимиз ҳар қандай таҳсинга сазовор эканлигини ўқиб, англадим.

Шу ўринда бизга ушбу мавзуларда қалам тебратиб, ўзбек тилида сербарака китоблар қилиб тақдим қилган шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари ва уларнинг яқинларига Аллоҳнинг раҳмати ва баракоти бўлсин. Ислом илмларининг сарҳади эса нақадар кенг ва чуқур уммон эканлигини англадим. Савол берилса, илмий асоссиз бир нима дейишга қўрқадиган бўлдим. Аллоҳ азза ва жалла бу хайрли қўрқувда собит қилсин... Ўрганилган илмни эса манфаатли қилсин...

Саломатлик неъмати хусусида икки оғиз 

Ушбу вирус келтириб чиқарадиган хос белгилардан бири ҳид ва таъм сезгисининг йўқолишидир. (Аслида грипп ва шунга ўхшаш бошқа юқори нафас инфекциялари ҳам бу белгини чақириши мумкин, буни аввал ҳам кўпчилик ўз жисмида ҳис қилган).Тасаввур қилинг, олдингизда ўн хил анвойи, лаззатли мевалар турса-ю улардан еб, ҳидини, таъмини сезмасангиз...

Агар билсангиз, бу ўн икки жуфт бош мия нервларидан фақат 1-жуфт нервнинг (ҳидлов нервининг) вақтинчалик ишдан чиқиши сабаблидир. Улардан қолган 11 таси ҳали Роҳманнинг марҳамати кенглигидан ишлаб турибди! Дейлик, Аллоҳ сақласин, 3-жуфт нерв (кўз мушакларини харакатлантирувчи) ишламай қолсачи, Аллоҳ таоло Қодир Зот, коронавирусга 1-жуфтни эмас, 3-жуфтни фаолиятини бузишни буюрди дейлик, бунда кўзларингиз ғилай бўлиб, жисмларни иккита кўришни бошлайди. Аллоҳ сақласин, агар 9-жуфт нерв ишдан чиқса, халқум мушакларингиз фалажланади ва овқатни юта олмайсиз. Бунда беморларни овқатлантириш учун шифохонада уларнинг бурни орқали найча ошқозонга туширилади. Бошқа чора йўқ. (Амалиётда бу каби ҳолатлар учраб туради). 

Бошқа нервлар ҳақида айтиб, бу мақолани нейроанатомия маърузасига айлантирмаслик учун шу ерда хулоса қиламан. «...Агар Аллоҳнинг неъматларини санасангиз адоғига ета олмассиз» (Иброҳим сураси, 34-оят) 

Пандемиядан жабр кўраётган, вафот топаётган юртдошларимиз ва улар орасида кўплаб тиббиёт ходимларининг борлиги ачинарли албатта. Афсуски, бу жангда ҳали ҳам қурбонлар берилмоқда. Уларни Аллоҳ раҳматига олсин. Барча беморларга Ўзи шифо берсин! Ушбу вабо тезроқ даф бўлсин! 

Пандемия бизга кўп нарсаларни ўргатди. Аллоҳнинг неъматларини англай бошладик... Аллоҳ таоло барчаларимизни шукр келтирувчи бандаларидан қилсин! Омин.

Манба: grandtalim

Дилшод Мамадалиев. 

Нейрохирург, Тошкент шаҳри. 

Пятница, 24 Июль 2020 00:00

Жаннатга етакловчи амаллар

Аллоҳ таоло инсониятни бу дунёда синов учун яратиб қўйгани ҳаммамизга маълум. Барчамиз бу синов дунёсидан яхши амаллар қилиб, савобимизни кўпайтирган ҳолида ўтишни ва келажакда абадий ҳаёт бўлмиш жаннатга киришни умид қиламиз. Келажакда ким жаннатий ёки дўзахий бўлишини ҳеч ким айта олмайди. Бу ҳақида фақат Аллоҳ ва Унинг Расули томонидан хабар қилинган бўлсагина, бунга иймон келтирамиз. Шунга кўра, барчамиз Аллоҳнинг раҳматидан умидвор бўлган ҳолда, жаннатга кириш учун яхши амалларни қилишга ҳаракат қилиб борамиз. Бунинг учун Аллоҳ ва Унинг Расулининг буйруқларига амал қилиш ва улар қайтарган нарсалардан тийилишимиз лозим бўлади. Шариъатимизда инсониятни жаннатга ва дўзахга  киришига сабаб бўлувчи хос амаллар ҳақида баён қилинган бўлиб, шу амалларни ўзимизга лозим тутсак, Аллоҳ насиб қилса жаннатга кирамиз. Шу мақсадда қуйида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам томонидан соҳибини жаннатга элтувчи хос амаллар ҳақидаги баъзи ҳадисларни баён қилиб ўтамиз.

  1. Бир кунда нафл рўза тутиш, жанозага иштирок этиш, камбағал кишига таом бериш ва беморни кўргани бориш, каби ишларни жам қилиш.

Бу ҳақида ҳадиси шарифда шундай дейилган:

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ يَوْمًا: مَنْ أَصْبَحَ مِنْكُمُ الْيَوْمَ صَائِمًا ؟ قَالَ أَبُو بَكْرٍ الصِّدِّيْقُ : أَنَا ، قَالَ : فَمَنْ تَبِعَ مِنْكُمُ الْيَوْمَ جَنَازَةً ؟ قَالَ أَبُو بَكْرٍ : أَنَا ، قَالَ : فَمَنْ أَطْعَمَ مِنْكُمُ الْيَوْمَ مِسْكِينًا ؟ قَالَ أَبُو بَكْرٍ : أَنَا، قَالَ : فَمَنْ عَادَ مِنْكُمُ الْيَوْمَ مَرِيْضًا ؟ قَالَ أَبُو بَكْرٍ : أَنَا ، قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «مَا اجْتَمَعْنَ فِيْ رَجُلٍ إِلَّا دَخَلَ الْجَنَّةَ».رَوَاهُ مُسْلِمٌ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлардан ким бугун рўзадор бўлди?”- дедилар.

Абу Бакр Сиддиқ: “Мен”, деб айтди.

У зот: “Сизлардан ким бугун жанозага иштирок этди?”- дедилар.

 Абу Бакр Сиддиқ: “Мен”, деб айтди.

У зот: “Сизлардан ким бугун мискинга таом берди?”- дедилар.

Абу Бакр Сиддиқ: “Мен”, деб айтди.

У зот: “Сизлардан ким бугун касални кўргани борди?”- дедилар.

Абу Бакр Сиддиқ: “Мен”, деб айтди.

У зот: (Шу хислатлар) бир кишида жам бўлса, у жаннатга киради”, дедилар. Муслим ривоят қилган.

Ушбу ҳадиси шарифда Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу бир кунда жам қилган тўртта солиҳ амал ҳақида, шунингдек ким шу тўрт амални бир кунда жам қилса жаннатга кириши ҳақида айтилмоқда. Бу тўрт амал солиҳ амаллардан бўлиб, агар улар бир кунда жам қилинмасдан алоҳида қилинадиган бўлса ҳам соҳибига кўп яхшиликлар олиб келади. Бу амалларнинг фазилатлари ҳадиси шарифларда баён қилинган. Улар:

 

1). Нафл рўза тутиш.

Нафл рўзанинг фазилати ҳақида ҳадиси шарифда шундай дейилган:

عَنْ أَبِي سَعِيدٍ الْخُدْرِيِّ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ: سَمِعْتُ النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: مَنْ صَامَ يَوْمًا فِي سَبِيلِ اللَّهِ بَعَّدَ اللَّهُ وَجْهَهُ عَنْ النَّارِ سَبْعِينَ خَرِيفًا. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ.

Абу Саъид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: У киши айтди: “Мен Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Ким Аллоҳ йўлида бир кун рўза тутса, Аллоҳ таоло унинг юзини дўзахдан етмиш йил узоқ қилади”, деганларини эшитганман, деди”. Бухорий ривоят қилган.

2). Жанозага бориш.

Бу амалнинг фазилати ҳақида ҳаддиси шарифда шундай дейилган:

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ: قَال: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: « مَنْ شَهِدَ الجَنَازَةَ حَتَّى يُصَلَّى عَلَيْهَا ، فَلَهُ قِيراطٌ ، وَمَنْ شَهِدَهَا حَتَّى تُدْفَنَ ، فَلَهُ قِيرَاطَانِ » قِيلَ : وَمَا القِيرَاطانِ ؟ قَالَ : « مِثْلُ الجَبَلَيْنِ العَظِيمَيْنِ » . مُتَّفَقٌ عَلَيْهِِ

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: У киши айтди:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ким жанозага намоз ўқилгунича қатнашса, унга бир қийрот (ажр) бор. Ким дафн қилингунгача жанозага қатнашса, унга икки қийрот (ажр) бор", дедилар.

"Қийрот нима?"-дейилди.

У зот: "Катта икки тоққа ўхшашдир", дедилар. Муттафақун алайҳи.

3). Мискинга таом бериш.

Бу амалнинг фазилати ҳақида ҳаддиси шарифда шундай дейилган:

عَنْ أَبِى سَعِيدٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ عَنِ النَّبِىِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: « أَيُّمَا مُسْلِمٍ كَسَا مُسْلِمًا ثَوْبًا عَلَى عُرْىٍ كَسَاهُ اللَّهُ مِنْ خُضْرِ الْجَنَّةِ وَأَيُّمَا مُسْلِمٍ أَطْعَمَ مُسْلِمًا عَلَى جُوعٍ أَطْعَمَهُ اللَّهُ مِنْ ثِمَارِ الْجَنَّةِ وَأَيُّمَا مُسْلِمٍ سَقَى مُسْلِمًا عَلَى ظَمَإٍ سَقَاهُ اللَّهُ مِنَ الرَّحِيقِ الْمَخْتُومِ ». رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ.

Абу Саъид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қайси бир мусулмон кийими йўқ мусулмоннга кийим кийдирса, Аллоҳ унга жаннатнинг яхши кийимларидан кийгизади. Қайси мусулмон қорни оч мусулмонга таом берса, Аллоҳ уни жаннат мевалари билан таомлантиради. Қайси мусулмон чанқаган мусулмонга сув берса, Аллоҳ уни раҳийқи махтум[1]дан суғоради”, дедилар. Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган.

4). Касални кўргани бориш.

 Бу амалнинг фазилати ҳақида ҳаддиси шарифда шундай дейилган:

 

عَنْ ثَوْبَانَ  رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ : عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ ، قَالَ : « إنَّ المُسْلِمَ إِذَا عَادَ أخَاهُ المُسْلِمَ ، لَمْ يَزَلْ في خُرْفَةِ الْجَنَّةِ حَتَّى يَرْجِعَ » . قِيلَ : يَا رَسولَ الله ، وَمَا خُرْفَةُ الجَنَّةِ ؟ قَالَ : « جَنَاهَا » . رَواهُ مُسْلِمٌ

Савбон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мусулмон киши мусулмон биродарини (касал ҳолида) кўргани борса, то қайтгунича жаннат хурфасида бўлади”, дедилар.

“Эй, Аллоҳнинг Расули! Жаннатнинг хурфаси нима?”-дейилди.

У зот: “Жаннатнинг мевалари”, дедилар”. Муслим ривоят қилган.

Ушбу ҳадисда “жаннат хурфаси”да, яъни, жаннат меваларида ичида бўлади”, дейилишидан, зиёратчининг кўплаб савобга эга бўлиши ирода қилинмоқда.

Демак, бу санаб ўтилган тўрт амалнинг қайси бирини қилинса ҳам эвазига кўп яхшиликлар бор экан. Ким Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуга ўхшаб, бу амалларни бир кунда жамласа, эвазига жаннатга кириш турибти.

  1. II. Тил ва жинсий аъзони ёмон ишлардан сақлаш.

Бу ҳақида ҳадиси шарифда шундай дейилган:

عَنْ أََبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ : قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ : « مَنْ وَقَاهُ اللهُ شَرَّ مَا بَيْنَ لَحْيَيْهِ ، وَشَرَّ مَا بَيْنَ رِجْلَيْهِ دَخَلَ الجَنَّةَ » . رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: У киши айтди:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ кимни икки жағи орасидаги нарсанинг ёмонлигидан ва икки оёғи орасидаги нарсанинг ёмонлигидан сақласа, у жаннатга киради”, дедилар. Термизий ривоят қилган.

Ушбу ҳадиси шарифда жуда ҳам муҳим икки нарса ҳақида айтиляпти. Яъни, инсон икки жағи орасидаги тилини ва жинсий аъзосини ҳаром ишлардан сақлайдиган бўлса, жаннатга кириши айтиляпти. Агар уларни ёмон ишлардан сақламаса, у дўзахга равона бўлади. Бу ҳақида ҳадиси шарифда шундай дейилган:

عَنْ أََبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ : سُئِلَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ عَنْ أكْثَرِ مَا يُدْخِلُ النَّاسَ الْجَنَّةَ ؟ قَالَ : « تَقْوَى اللهِ وَحُسْنُ الْخُلُقِ » ، وَسُئِلَ عَنْ أكْثَرِ مَا يُدْخِلُ النَّاسَ النَّارَ، فَقَالَ : « الفَمُ وَالفَرْجُ » . رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: У киши айтди:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам инсонларни жаннатга киритувчи энг кўпроқ нарса ҳақида сўралдилар. У зот: “Аллоҳга тақво қилиш ва чиройли хулқ”, дедилар. У зот инсонларни дўзахга киритувчи энг кўп нарса ҳақида сўралдилар. У зот: “Оғиз ва жинсий аъзо”, деб айтдилар. Термизий ривоят қилган.

Ушбу ҳадисларда айтилган ҳаром ишлардан сақлаши лозим бўлган икки аъзонинг бири, бу тилдир. Тил сабабли инсон кўплаб ҳаром амалларни содир қилиши мумкин. Буларга,  ёлғончилик, ғийбат, чақимчилик, туҳмат қилиш, бировнинг обрўсини тўкиш, фаҳш сўзлар гапириш ва шу каби бошқа ҳаром амалларни мисол қилиш мумкин. Тил бошқа гуноҳларнинг асосчиси бўлганлигидан шариъатимизда бунга эҳтиёт бўлишга тарғиб қилинган. Бу ҳақида бир ҳадиси шарифда шундай дейилган:

عَنْ  سُفْيَانَ بْنِ عَبْدِ اللهِ الثَّقَفِيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ : قُلْتُ : يَا رَسُولَ اللهِ مَا أَخْوَفُ مَا تَخَافُ عَلَيَّ ؟ قَالَ : فَأَخَذَ بِلِسَانِ نَفْسِهِ وَقَالَ : " هَذَا " . رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ.

Суфян ибн Абдуллоҳ ас-Сақофий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: У киши айтди: “Мен эй, Расулуллоҳ! Менга қўрқадиган нарсангизнинг энг қўрқинчлироғи нима?”-деб айтдим.

У зот тилларини ушлаб: “ Мана бу”, дедилар. Термизий ривоят қилган.

Ким қодир бўлса, тилини яхши ишларга одат қилдириши керак. Бу иш қўлидан келмаса, бекорчи гапларни гапиришдан сақланиши ёки жим тургани яхшидир. Бу ҳақида ҳадиси шарифда шундай дейилган:

عَنْ عَبْدِ اللَّهِ بْنِ عَمْرٍو رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: "مَنْ صَمَتَ نَجَا". رَوَاهُ اَحْمَدُ.

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: У киши айтди:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким жим турса нажот топади”, дедилар. Аҳмад ривоят қилган.

Бу ҳақида Абдулло Авлоний шундай деб шеър ёзган:

Сўйласанг сўйлагин яхши сўзлардин

Йўқса жим турмоғинг эрур яхши.

Ўйласанг яхши фикрлар ўйла

Йўқса гунг бўлмоғинг эрур яхши.

Ишласанг ишла яхши ишларни

Йўқса бекорлиғинг эрур яхши.

Ҳадисда қайтарилган яна бир иш, инсон жинсий аъзосини гуноҳ ишдан сақлашидир. Бундан зино назарда тутиляпти. Зеро, зино гуноҳи кабиралардан бўлиб, инсоннинг икки дунёда хору зор бўлишига сабабчи бўладиган амалдир. Бу ҳақида Қуръони Каримда шундай дейилган:

وَلَا تَقْرَبُوا الزِّنَا إِنَّهُ كَانَ فَاحِشَةً وَسَاءَ سَبِيلًا

Зинога яқинлашмангиз! Чунки у фаҳш ва ёмон йўлдир. (Исро, 32-оят).

Аллоҳ таоло ушбу оятда зинога яқинлашмасликка буюряпти. Зинога яқинлашмаслик учун унга олиб борадиган воситалардан ҳам сақланиш керак. Зино қилиш инсоннинг жинсий аъзоси сабабли содир бўлсада, зинога инсоннинг бошқа аъзолари орқали етиб борилади. Бунда инсоннинг бошқа аъзоларининг ҳам насибаси бўлади. Бу ҳақида ҳадиси шарифда шундай дейилган:

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ أنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ : « كُتِبَ عَلَى ابْنِ آدَمَ نَصِيبُهُ مِنَ الزِّنَا مُدْرِكُ ذَلِكَ لا مَحَالَةَ : العَيْنَانِ زِنَاهُمَا النَّظَرُ ، وَالأُذُنَانِ زِنَاهُمَا الاسْتِمَاعُ ، وَاللِّسَانُ زِناهُ الكَلاَمُ ، وَاليَدُ زِنَاهَا البَطْشُ ، وَالرِّجْلُ زِنَاهَا الخُطَا ، والقَلْبُ يَهْوَى وَيَتَمَنَّى ، وَيُصَدِّقُ ذَلِكَ الفَرْجُ أَوْ يُكَذِّبُهُ » . مُتَّفَقٌ عَلَيْهِ .

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Одам боласига зинодан насибаси ёзиб қўйилган, шубҳасиз унга етади; Икки кўз зиноси назар қилиш, икки қулоқ зиноси қулоқ солиш, тил зиноси гапириш, қўл зиноси ушлаш, оёқ зиноси қадам босишдир. Қалб хоҳлайди ва орзу қилади. Жинсий аъзо эса, шуни тасдиқ қилади ёки уни ёлғонга чиқаради”, дедилар. Муттафақун алайҳ.

Демак, инсон зинога яқинлашмаслик учун, унга олиб борувчи амаллардан ўзини сақлаши керак экан.

III. Ҳалол луқма ейиш, суннатга амал қилиш, инсонларга ёмонлик қилмаслик.

Бу ҳақида ҳадиси шарифда шундай дейилган:

عَنْ أَبُو سَعِيْدٍ الْخُدْرِيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ : قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «مَنْ أَكَلَ طَيِّبًا ، وَعَمِلَ فِيْ سُنَّةٍ ، وَأمِنَ النَّاسُ بَوَائِقَهُ ، دَخَلَ الْجَنَّةَ ، قَالَ رَجُلٌ:يَا رَسُولَ اللهِ ، إِنَّ هَذَا الْيَوْمَ فِيْ النَّاسِ كَثِيْرٌ ، قَالَ : فَسَيَكُونُ فِيْ قُرُونِ بَعْدِيْ». رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ.

Абу Саъид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: У киши айтди:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким ҳалол (таом) еса ва суннатга амал қилса ва инсонлар унинг ёмонлигидан омонда бўлишса, у жаннатга киради”- дедилар.

Бир киши: “Эй, Расулуллоҳ! Бу (шу сифатларга эга киши) (ҳозирги) кунда инсонлар орасида кўпку”, деб айтди.

У зот: “ (Бу) мендан кейинги замонларда тезда бўлади”, дедилар. Термизий ривоят қилган.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, инсонни жаннатга киришига сабаб бўладиган амаллар жуда кўп бўлиб, уларнинг ҳаммасини зикр қилишнинг иложи йўқ. Шунга кўра, юқорида уларнинг баъзиларини санаб ўтдик холос. Ким шу ҳадисларга амал қилишни ўзига одат қилиб олса, Худо хоҳласа жаннатга киради.

                                                                              

 

Мадаминов Шокиржон

ЎМИ матбуот хизмати

[1]  Раҳийқу махтум-жаннат шароби.

Четверг, 23 Июль 2020 00:00

Бизнинг бобомиз – дунё имоми!

Бу сарлавҳага ажабланманг, балки фахрланингки, чунки бунақа юксак унвон соҳиби фақат ва фақат бизнинг бобомиз Имом Бухорий рахматуллоҳи алайҳга берилган.

Чунки муҳаддис олимларнинг хизматлари гўёки – игна билан қудуқ қазишга ўхшайди. Шунинг учун улар олган унвон мана шундай машаққатли меҳнатнинг самарасидир.

Бобомизнинг бошқа унвонлари ҳам бор. Масалан: «Амирул мўминин фил ҳадис», ҳадис илмида мўъминларнинг амири. «Шайхул-ислом» – мусулмонларнинг устози, яъни дини ислом ғамида соч-соқоли оқарган устоз. Сарлавҳадаги каби «Имомуд дунё фил ҳадис», яъни дунёдаги барча мўъмин мусулмонларнинг имоми, бошлиғи деган маънодадир.

Асли исмлари – Мухаммад, «Ал-Бухорий» номи эса мусулмон оламидаги илмий тахаллусидир. Бу ном истеъдодлари яшнаб, гуркираб, улуғланган даврларидан бошлаб ислом маърифати ва маданияти билан чамбарчас боғланиб кетган ва Аллоҳ таоло у зотнинг номларини узоқ давр ҳусни зикр қилинмоқлигини насиб этиб, тенгсиз мартаба ато этган.

Бу зотга Аллоҳнинг кўрсатган яна бир марҳамати шулки, Бухорода бу зотдан кейин юз минглаб олимлар, “Ал-Бухорий” тахаллуси билан ижод қилган ва китоблар ёзган. Лекин “Ал-Бухорий” дейилса, ер юзидаги мўмин-мусулмонларнинг зеҳнига аввал Муҳаммад ибн Исмоил Ал-Бухорий бобомиз келади. Ҳолбуки тарихшунос олимлар фикрига қараганда бир даврнинг ўзида Бухоро билан Тошкент оралиғида 20 000 дан зиёд муҳаддис яшаган экан. Шундай бўлсада, бу тахаллус бошқа олимларга эмас, у зотнинг ҳақиқий исмларидан ғолиб бўлиб кетди.

Айниқса, бу зотнинг исмини ҳадис мажмуалари борасида таълиқ қилинса, дарҳол маълум ва машҳур «Ал-жомиъ ас-саҳиҳ», «ишонарли тўплам» китоби кўз олдимизга келади.

Ривоятларга кўра, у зотнинг фарзандлари бўлмасада, одамлар у зотга ҳурматан “Абу Адуллоҳ” деб чақиришган.

Асл исми Мухаммад ибн Исмоил ибн Иброҳийм ибн Муғийра ибн Бардизба бўлиб, «Бардиз» – қадимий форсчада «бўстон», «бардизба» эса бухороликлар луғатида “Деҳқон”, “Экин экувчи” деган маъноларни англатган.

Аждодлари дастлаб, оташпарастлик динида бўлсаларда, аммо Муғира исмли бобоси аждолари орасида биринчи бўлиб қалбларига Аллоҳнинг нури тушган оталаридандир. Ўша даврда Хуросоннинг волийси бўлган Ал-Яман Ал-Жуъфийнинг қўлида ислом динини қабул қилган. Шунинг учун Муғирага ва кейинги зурриётларига ҳам Жуъфий нисбати диний лақаб сифатида нисбат берилган. «Ал-Бухорий» туғилган ватанларига нисбатан айтилса, «Ал-Жуфий» диний волийсига нисбатидир.

Отаси Исмоил ўз сулоласи илм нурига юз тутганларнинг аввалгиси бўлди. Ўз замонасининг маърифатли кишиларидан бўлиб, турли илмий мажлис ва анжуманларда иштирок этдилар.

Имом Бухорийнинг замонларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини тўплашдан кўра муҳимроқ хизмат йўқ эди. Оталари Исмоил ҳам умри давомида мана шу хизматга муваффақ бўлдилар. У киши ҳаёт йўлларини фақатгина шариат ва ҳадис илмига бағишлади. Тақво ва парҳезкорликда барчага ўрнак бўлди. У зотдан фақат мақтов айтилгувчи ва чиройли зикр қилингувчи ҳислатларидан бошқа холат сезилмаган.

Илми ва ҳаракати билан муҳаддис имомларнинг улуғларини йўқлаб сафар қилар ва улардан ҳадисларни ёд олишга уринар эди. Ҳатто эшитиш йўли билан Молик ибн Анас ва Ҳаммод ибн Зайддан ҳадис ривоят қилишга эришганлар. Шайх Ҳазрат Абдуллоҳ ибн Муборак билан ҳам суҳбатдош бўлганлар. Шунингдек, ироқлик муҳаддис олимлар, у кишидан ривоят қилишган, жумладан, Аҳмад ибн Ҳафс, ҳадис ривоят қилган. Ўғли Имом Бухорий рахматуллоҳи алайҳ ўзининг «Ат-Тарих Ал-Кабир» китобида оталарининг ҳадис илмида қилган меҳнатлари ҳақидаги маълумотларни киритиб ўтган.

Ибн Ҳиббон у кишини ишончли кишилардан деб топган ва «ас-Сиқот» китобида тўртинчи табақа ровийлари билан бирга у кишидан ҳам таржима қилган.

Исмоил қанчалик илм жамлашга эришган бўлсалар, ўшанчалик ҳалолдан мол – дунё тўплашга ҳам мушарраф бўлганлар. Шогирди Аҳмад ибн Ҳафс у кишининг ўлими олдидан айтган сўзларини бундоқ ривоят қилади: «Жамланган молу дунёмда шубҳали бирор нарса аралашганини билмайман»
Илм тўплашда қанчалик эҳтиёткорлик қилган бўлсалар молу-дунё тўплашда ҳам харомдан, шубҳадан ўшанчалик сақланганлар. Бу дунёдан кетишда ҳам охиратдаги ҳисоб – китобдан қалблари хотиржам бўлиб, нафси рози бўлган ҳолда кетдилар.

Во ажабо! Аллоҳ таоло ўз солиҳ бандаларига фазлу карамини нечоғли кенг қилган! Қарангки, у зотга охиратда бериладиган мукофотидан илгари шу дунёнинг ўзидаёқ тақдирламоғи хусусидаги розилик аломатини зоҳир қилди. У киши авлиёлар гап хос қилиб берадиган неъматини ато қилиб олижаноб ўғил берди. Вафотидан бироз олдин Аллоҳ ўғил фарзанд берди. Отаси Исмоил унга исм қўяр экан: “Мен бу ўғлимга Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламнинг содиқ уммати, ҳамда исмдоши бўлсин дея “Муҳаммад” деб исм қўйдимки, қиёматда Аллоҳ Исмоил алайҳис саломни зурриёти Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам билан севинтириши каби мени ҳам шу Муҳаммад ўғлим билан кўзларимни қувонтирса” дедилар. Аллоҳ Исмоилни орзусига етказсин ва ундан рози бўлсин! Омин!

Муҳаммад ибн Исмоил ҳижрий 194 йили, шаввал ойининг 13 куни, мелодийда эса 810 йили июль ойининг 19 куни жума намози ўқилгандан сўнг, бобоси Муғира ислом динини қабул қилгандан кейин ватан тутган Бухоро шаҳрида, отаси Исмоил яшаган уйда таваллуд топдилар.

Замондоши Ал-Мустанир ибн Атиқ айтадики! Бунчалик аниқ туғилган куни ва санасини Имом Бухорийнинг ўзлари оталари Исмоил битиб қолдирган мактуб олиб ёзганлар. «Агар у киши ёзиб қолдирмаганда эди, биз бунинг бир куни тугул ҳатто санасини аниқ айтолмас эдик» деган экан.

Оталари Исмоил эса ўғли Мухаммаднинг гўдаклик чоғида вафот этган.

Лекин Аллоҳ таоло бу ёш гўдакка ҳаммадан кўра раҳмлироқ ва икромлироқ бўлди. Аллоҳ у зотга меҳрибон ва солиҳа онанинг меҳрини тақдир қилди.

Мушфиқ волида ўғлининг тарбиясида ва яхши улғайишида астойдил хизмат қилиб, узун тунлари бедор ўтказди.

Имом Бухорий ҳаётининг илк босқичидаёқ ақли тез ўсиб, илгарилаб кетди. Гўдаклигидаёқ ўзларидан катта ёшдаги ўқувчилар билан мактабга қатнаб, улар оладиган хилма хил дарсларни ўзлаштириб ола бошладилар. Чунки бу зот етук ва беқиёс заковат соҳиби бўлиб, юксак истеъдод билан илм йўлидаги қадамларни катта-катта ва тез-тез одимлар эди. Ақл-идрокининг пишиб етилиши ўз муборак ёшларига нисбатан жуда илгарилаб кетганди. Қисқа вақт ичида оммавий илмлардан тўла–тўкис олишга эришдилар. Илк мактаб ёшларидаёқ махсус мадрасаларда дарс олишга тайёр бўлдилар.У киши тўққиз ёшга етганларида Қуръони Каримни тўлалигича ёд оладилар. Ўн ёшга етар етмас ҳадис ёдлашга киришди. Вояга етгунларига қадар 10000 дан зиёд ҳадисни ёд билар эдилар.

Бу йиллар орасида Имом Бухорий ҳадис ривоятларидан тўплаб, катта миқдордаги ҳадис маълумотларини қалбига жойлаб олди.

Хомид ибн Исмоил айтадилар:»Муҳаммад ибн Исмоил билан дарс олардим. Биз ҳар бир ҳадисни ёзиб борардик. Муҳаммад эса ёзмас эди. Биз бир куни Мухаммад ибн Исмоилга: “Сен нега ёзмайсан?” деб сўрадик. У бизга: «Қани ёзган нарсаларингни кўрсатингларчи» деди. Биз кўрсатганимизда, биз ёзган ҳадисларни ва унга қўшиб яна 15000 та ҳадисни зиёда қилиб ёддан айтиб берди» деган экан.

Имом Бухорийнинг устозлари бу илмнинг қадр-қийматини яхши билишар эди. Уни илмига ишонишар, унга таянишар, кўнгилларида имом Бухорийга нисбатан ҳайбат ва салобатни ҳис қилар эди.

Хуллас! Мен Имом Бухорий ҳазратларининг ҳаётларини ва ижодларини икки бетлик мақола билан таърифлаб, тугатиб қўйиш у зотга нисбатан ҳурматсизлик деб ўйлайман. Фақатгина Имом Бухорий ҳақларида ёзилаётган бу мақолалар гўёки, катта кемага олиб борадиган кичик қайиқларга ўхшайди. Шояд! Шу мақолаларни ўқиб, ўқувчи имом Бухорийнинг ҳаётларига қизиқса ва асарларини ўқиса.

Демак биз авлодлар мана шу зотнинг қолдирган бой маънавий ҳаёт йўлини ўрганиб, у зотнинг маънавий ўгитларига қулоқ солиб, насиҳатларини ҳаётга тадбиқ қиладиган бўлсак, биз энг саодатли солиҳ ва боболарига содиқ фарзандлар бўла оламиз.

Баъзи инсонларнинг ўзидан аввал ҳиммати ўлиб қолаётган бу ёлғончи дунёда Имом Бухорийнинг ҳимматига у зотнинг умри камлик қилди десак муболаға бўлмайди. Чунки бутун умматга етарли даражада маънавий озуқани жамлаб, ғамлаб биз авлодлари қўлига топшириб кетган ягона зот – дунё имоми – Имом Бухорий бобомиздир.

Мен сўзимни Ибн Холдуннинг ушбу хитоблари билан якунлайман. Ибн Холдун: “Имом Бухорийнинг китобини шарҳлаш уммат уламолари зиммасидаги қарздир” деган экан.

А.Тошпўлатов,
Имом Бухорий номидаги
Тошкент ислом институти
“Ҳадис ва ислом тарихи фанлари”
кафедраси мудири

Аллоҳ таоло розилигини истаб қурбонлик қилиш, аслий эҳтиёжидан бошқа моли кумуш нисобига етган мусулмонларга вожибдир. Ана шундай миқдор моли бўлиб қурбонлик қилмаган одам жуда кўп манфаатлардан маҳрум бўлади. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Бас, Раббингиз учун намоз ўқинг ва (туя) сўйиб қурбонлик қилинг!» (Кавсар, 2).

Қурбонлик қилишдан мақсад банда ўзининг Аллоҳ амрига итоатини, тақвосини намоён этишдир. Аллоҳ таоло банда сўйган ҳайвоннинг гўштига ҳам, қонига ҳам муҳтож эмас: «Аллоҳга (қурбонлик) гўштлари ҳам, қонлари ҳам етиб бормас. Лекин у Зотга сизлардан тақво етар. Аллоҳ сизларни ҳидоят қилгани сабабли – У зотни улуғлашларингиз учун – уларни сизларга бўйсундириб қўйди. Эзгу иш қилувчиларга хушхабар беринг!» (Ҳаж, 37).

Банда Аллоҳга қанча ибодат қилса ҳам оз. Чунки биргина ҳидоят неъматининг шукрини қанча ибодат қилса ҳам адо этолмайди. Қурбонлик қилиш Аллоҳ таолонинг амрини адо этишга банданинг тайёр эканини кўрсатади ва тўғри йўлга ҳидоят қилгани учун Аллоҳ таолога шукр этиш бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки қурбонликни дили хурсанд ва савоб умидида қилса, у (қурбонлик) унинг учун дўзахдан парда бўлади”, дедилар (Табароний ривояти).

Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй Фотима, тур, қурбонлигингга гувоҳ бўл. Чунки қурбонлик қонининг биринчи қатраси (томчиси) томиши билан ўтган гуноҳларингиз мағфират қилинади”, дедилар.

Абу Саъид розияллоҳу анҳу айтади: «“Ё Аллоҳнинг расули, бу фақат Муҳаммад оиласи учун хосми ёки барча мусулмонлар учунми?” деб сўрадилар. У зот: “Муҳаммад оиласи ва барча мусулмонлар учун” дедилар».

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Ёш, навқирон, бақувват жониворларни қурбонлик қилинглар. Чунки улар (қиёмат куни) сирот устидаги уловларингиздир” (Талхийсул хабийр).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки қурбонлик қилишга имкони бўлиб, қурбонлик қилмаса ийдгоҳимизга келмасин”, дедилар. Бошқа бир ҳадисда эса: “Ҳар ким қурбонлик қилишга қодир бўлса-ю, қурбонлик қилмаса, вафотидан кейин мажусийлар ёки насронийлар қаторида тирилади”, дедилар.

Аллоҳ таоло барча мусулмонларга қурбонликларининг ажрини кўпайтириб берсин.

 

ЎМИ матбуот хизмати

Мақолалар

Top