muslim.uz

muslim.uz

Ҳанафий мазҳабимизда, маййитга ҳамда тирикларга ҳам Қуръон қироатининг савоби етиб боришини жоизлигини айтишган. Ҳидоя, Бадоиъ, Баҳр ва бошқа китобларда бу ҳақда айтилган. 

Шунингдек, Шофеъий мазҳаби уламолари ҳам қироатни савоби агар ўқувчи Аллоҳдан сўраса, маййитга етиб боришини айтишган.

Ибн Абу Зайд "Рисола" китобида Ибн Фарҳундан ривоят қилиб айтишларича, Моликий имомлари ҳам маййитга қироат савоби етишини нақл қилишган.

Ҳанбалий фақиҳларидан Ибн Қудома "Муғний" китобида, маййит барча қурбат бўлувчи нарсалардан манфаат олганидек Қуръон қироатидан ҳам манфаат олади. Демак инсон қандай қурбат қилса ҳам савобини маййитга бағишласа Аллоҳни изни билан манфаат олади.

Ибн Қудома Маъқал ибн Ясордан қилган ривоятларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ўликларингизга Ёсин сурасини ўқинглар", деб айтганлар.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Қуръон тиловати маййитга хоҳ у маййит қабрда бўлсин ёки ундан узоқда бўлсин, жоиздир. Аллоҳ изни билан савоби маййитга етиб боради. Хусусан қори қироати савобини маййитга бағишласа.

Маъруфхон Алоходжаев,
Наманган шаҳар Абдулқодир қори жоме масжиди имом-хатиби

Ижтимоий тармоқларда “жума табриги”, “Қуръони карим оятлари”, “Пайғамбар алайҳиссалом ҳадислари”, юртимиз уламолари ва имом-домлаларининг мавъизаларини тарқатиш гўёки мумкин эмас, деган мазмундаги асоссиз хабарлар кенг тарқатилмоқда.

Шунингдек, юртимиздаги расмий диний сайт ва ижтимоий тармоқлардаги маълумотларни мутолаа қилиш ёки улашиш жавобгарликка сабаб бўлиши ҳақида ҳам ваҳима уйғотувчи ёлғон хабарлар кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

Таъкидлаш керакки, ижтимоий тармоқларда аҳоли орасида саросимага солувчи шундай нотўғри хабарлар тарқатиш амалдаги қонунчиликка мувофиқ жавобгарлик келтириб чиқаради.

2021 йил 5 июлдаги “Ўзбекистон Республикасининг Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонунига асосан, эътиқод эркинлиги кафолатланган. Шунга кўра, фуқаролар динга эътиқод қилиш, диний расм-русумлар ва маросимларни ўтказиш ҳамда ўз динининг таълимотларини ўрганиш ҳақ-ҳуқуқига эгадир.

Шунга биноан мўмин-мусулмонлар учун зарур бўлган диний масалалар расмий электрон манбалар орқали кенг ёритиб борилмоқда. Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг расмий веб-сайтлари, масжид-мадрасалар, иқтидорли имом-хатибларнинг сайт ва ижтимоий тармоқ саҳифаларини мутолаа қилиш ҳамда улардаги маълумотларни яқинларига улашиш мумкин, жумладан, жума табрикларини ҳам тарқатишга рухсат этилган. Буларга ҳеч қандай таъқиб йўқ.

Расмий ва етакчи электрон манбалар рўйхатини ушбу ҳавола орқали тақдим этамиз:
https://taplink.cc/kanallar 

Таъкидлаш жоизки, Ислом маърифатини тарқатиш, халқимизга дину диёнатни етказиш ва ёшларни илму маърифатли қилиш зиёлилар, хусусан дин пешволарининг энг муҳим вазифасидир.

Шу мақсадда, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва унинг тизимидаги имом-домлалар томонидан Интернет оламида маънавий-маърифий йўналишларда мунтазам тарғибот-ташвиқот ишлари амалга оширилмоқда.

Айниқса, Ўзбекистон мусулмонлари идораси muslim.uz сайтида “Қуръони карим ва тажвид” https://t.me/muslimuzportal/33549, “Илм ва одобга оид ҳадислар шарҳи”, https://t.me/muslimuzportal/31555 турли ваъз-насиҳатлар https://t.me/muslimuzportal/33585. Фатво марказининг fatvo.uz каналида https://t.me/diniysavollar диний савол-жавоблар ва Муфтий ҳазратларининг @Muftiy_Nuriddin_domla https://t.me/+ZgkOZopwJwc3ZWEy каналларида эса руҳий тарбияга оид суҳбатлар мунтазам жойлаштириб борилмоқда.

Хулоса шуки, мўмин-мусулмонларимиз мана шундай расмий, ишончли ижтимоий тармоқлардаги https://taplink.cc/kanallar  диний-маърифий мазмундаги барча маълумотларни мутолаа қилишлари ҳамда яқинларига улашишлари мумкин.

Эслатма шуки, бузғунчи оқимлар ғояларини ўзига жалб этувчи мусиқий оҳанг, фотосурат ёки рамзлар орқали зимдан тарқатишга уринмоқда. Шунинг учун ҳам экстремистик ғояларни ҳар қандай шаклда ҳоҳ жума табриги бўлсин, ҳоҳ бошқача атрибут ёки сурат шаклида бўлсин, уларни тарқатиш, сақлаш ва фойдаланиш қонунан таъқиқланади. Аввалроқ тарқатиш тақиқланган экстремистик сайт ва тармоқлар рўйхати https://t.me/muslimuzportal/33478  эълон қилинган эди.

? Шундай экан, Ўзбекистон мусулмонлари идораси фуқароларни яна бир бор огоҳ ва ҳушёр бўлишга чақиради.

Муносабатни аудио шаклда тинглаш: https://t.me/mp3Muslim/3272 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Вторник, 30 Май 2023 00:00

Ҳаммолнинг камтарлиги

Бир куни Бани Аббос қавмидан бир киши ҳозирги Ироқнинг Мадаин шаҳри бозорига кириб, шунчалик кўп нарсани сотиб олдики, юкларини кўтариш учун ҳаммол қидира бошлади.

Бир мунча вақт ўтгач, шундай одамни топиб, Аллоҳ сизга раҳм қилсин, юкларимни кўтариб олинг, деди.

Шундай қилиб, улар кетар эканлар, ҳар сафар йўлда учраган бир гуруҳ одамлар ҳаммолга қараб, ассалому алайкум, эй Абу Абдуллоҳ, дердилар.

Бани Аббос қабиласидан бўлган бу киши ҳаммолни Мадаиннинг барча аҳолиси таниганидан ҳайратда эди ва навбатда учраган нуфузли одамлар ҳам уни улуғлаб, катта ҳурмат билан қарши олдилар.

Юк кўтартирувчи одам, сиз кимсиз, Аллоҳ раҳм қилсин сизга, деб ҳаммолдан сўради.

Ҳаммол, мен Аллоҳнинг бир бандасиман, деб жавоб берди.

Улар яна бир гуруҳ одамларнинг олдидан ўтаркан, дарвозабон ҳам, ассалому алайкум, эй Абу Абдуллоҳ, деди.

Шунда Бану Аббослик киши одамлардан бирининг қўлидан ушлаб, унинг кимлигини сўради.

Ҳалиги одам, бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаси ва Мадаин ҳокими Абу Абдуллоҳ Салмон Форсийдир, деб жавоб берди.

Бану Аббослик киши хижолат тортиб, Салмонга, Аллоҳ раҳм қилсин, мен сени танимабман, нарсаларимни ўзим кўтараман, деди.

Салмон, йўқ, Аллоҳга қасамки, биз юкларни уйингизгача олиб борамиз, деб жавоб берди.

ТИИ Ҳадис ва ислом тарихи фанлари кафедраси

 катта ўқитувчиси Пўлатхон Каттаев

Манба: «Сияр аълам ван нубала», 1/546, Имом Заҳабий 

Жорий йил 24-25 май кунлари Малайзия Ислом цивилизацияси институтида “Ислом цивилизациясининг буюк алломалари” мавзусидаги учинчи халқаро илмий-амалий семинар ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Семинар Ўзбекистоннинг Куала-Лумпурдаги элчихонаси, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон Халқаро ислом академияси, Имом Бухорий ва Имом Мотуридий халқаро илмий тадқиқот марказлари билан ўзаро ҳамкорликда бўлиб ўтди.
Анжуман ишида 100 дан ортиқ иштирокчи, хусусан, икки мамлакат илмий-тадқиқот марказлари ва олий таълим муассасалари вакиллари ва етакчи олимлар қатнашди.
Тадбирнинг очилиш маросимида сўзга чиққан Малайзия дин ишлар вазири Моҳд Наим бин Мохтар икки мамлакат ўртасидаги маданий-гуманитар соҳада самарали ҳамкорликни ижобий баҳолар экан, дўстона алоқаларни янада ривожлантиришдан Малайзия томони манфаатдор эканлигини алоҳида таъкидлади.
Вазир Ўзбекистон заминидан етишиб чиққан буюк аллома ва мутафаккирлар тарихда иккита Маърифий Ренессансга асос солганини алоҳида эътироф этди. “Уларнинг илмий-ижодий кашфиётлари умумбашарият тараққиёти ривожига мислсиз ҳисса қўшган. Мазкур бой меросни ўрганишга Малайзияда ҳам катта қизиқиш мавжуд. Икки мамлакат илмий-тадқиқот марказлари ўртасидаги ҳамкорлик ушбу меросимизни чуқур тадқиқ қилиш ва кенг тарғиб этишга катта ҳисса қўшаётгани қувонарли ҳолдир”, деди у.
Тадбир давомида Малайзия ва Ўзбекистон олимлари ҳамкорлигида нашр этилган “Ислом цивилизациясининг мутафаккирлари” номли китобнинг тақдимот маросими ҳам ўтказилди.
Тадбир иштирокчиларига Ўзбекистон ҳаётининг барча жабҳаларида, хусусан, диний-маърифий соҳада татбиқ этилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, ислом цивилизациясининг маънавий-интеллектуал меросини тадқиқ қилиш ва тарғиб этиш борасида республикада кейинги йилларда амалга оширилаётган тизимли чора-тадбирлар ва лойиҳаларга оид батафсил маълумот берилди.
Анжуман давомида жаҳон илм-фани ва ислом цивилизацияси ривожига беқиёс ҳисса қўшган мусулмон дунёсининг буюк алломалари ҳаёти ва илмий мероси бўйича тақдимотлар ўтказилди. Жумладан, Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Имом Термизий, Муҳаммад Ал-Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Ибн Сино каби мутафаккирларнинг мероси ҳақида атрофлича фикр юритилди.
Шунингдек, Малайзия томони вакилларининг эътиборига Ўзбекистоннинг зиёрат туризми салоҳияти, “Ўзбекистон – ислом цивилизацияси маркази” ва “Самарқанд – Янги Ўзбекистоннинг туризм дарвозаси” брендлари тўғрисидаги батафсил маълумотлар ҳавола қилинди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Тошкентда Ўзбекистон экспортчилари уюшмаси, Ислом бизнеси халқаро ассоциацияси ва Литванинг “World Halal Trust Group” ҳалол сертификат ва стандартини жорий қилувчи компанияси билан ҳамкорликда илк бор “Ўзбекистон Республикаси биринчи ҳалол форуми” бўлиб ўтди. Унда ҳалол сертификатининг имтиёзлари, ютуқлари ҳақида қизғин фикрлар билдирилди.

Таъкидланишича, аксарият тадбиркорлар ишлаб чиқараётган маҳсулоти ёки тақдим этаётган хизмати учун “Ҳалол” стандартини жорий қилиш ҳамда сертификатлаш жараёнини мураккаб деб ўйлайди.  

Ҳалол (яъни – рухсат этилган) тушунчаси – Ислом динида рухсат этилган маҳсулотлар бўлса, “Ҳалол” стандартлари эса, маҳсулотларни ислом дини талаблари бўйича ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш, сотиш ва тамғалаш жараёнларига бўлган талабларни белгилайди.  

Статистик маълумотларга кўра, “Ҳалол” стандартини жорий этиш бўйича Малайзия, Туркия, БАА, Саудия Арабистони, Қатар, Индонезия каби мамлакатлар илғор ҳисобланади.

Бугунги кунда “Halal” белгиси остида ишлаб чиқариладиган маҳсулотларга Европа Иттифоқи, АҚШ, Буюк Британия, Австралия, Канада, Хитой, Ҳиндистон, Лотин Америкаси, Янги Зеландия ва Таиландда ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Россия Федерацияси, Украина, Қозоғистон, Қирғизистон каби МДҲ мамлакатлари Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари, Эрон, Иордания, Миср, Баҳрайн каби мусулмон мамлакатларига “Halal” белгиси остида ўз маҳсулотларини экспортга чиқариб улгурган. Шунингдек, дунёда мусулмонларнинг ортгани сари “Ҳалол” стандарти талаблари асосида ишлаб чиқариладиган маҳсулотларга бўлган талаб ҳам кўпаймоқда.

Форумда ана шулар ҳақида сўз юритилди.

Шаҳноза Маматуропова,  

ЎзА

Мақолалар

Top