muslim.uz

muslim.uz

МОЗИЙГА НАЗАР

Буюк шахслар ҳақида тарихий далиллар билан бирга, халқ орасида турли ривоят ва афсоналар ҳам юради. Уларнинг қанчалик кўплиги ўша инсоннинг шунчалик машҳурлигидан дарак беради. Аслида, бу каби ривоятлар, афсоналар замирида ўзига хос тарихий ҳақиқат ҳам бўлади.

Бурҳониддин Марғиноний номи билан шуҳрат қозонган Абул Ҳасан Али ибн Абу Бакр ал-Фарғоний ар-Риштоний ал-Марғиноний ана шундай – фақиҳлар томонидан эътироф этилган, халқ орасида машҳур олимлардандир. Унинг насаби машҳур саҳоба Абу Бакр Сиддиқ (р.а.)га бориб тақалади. Юридик фанлар доктори А.Жузжоний ва юридик фанлар номзоди Ж.Юсупова “Бурҳониддин Марғиноний – буюк фақиҳ” асарида буни Абдулҳай Лакнавий таъкидлаганини айтган. Аллома насабининг Абу Бакр Сиддиққа бориб уланиши ҳақидаги муҳим маълумотлар Абдулҳай ибн Абдулфатҳ ал-Ҳусайний қаламига мансуб “Насабномайи Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор” (“Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор насабномаси”) асарида ҳам қайд этиб ўтилган.

Олим Фарғона диёрида туғилиб вояга етган бўлса-да, она юрти илмий салоҳиятини янада юксалтириш учун ўша даврнинг илмий марказларидан бўлган Самарқанд шаҳрида таҳсилни давом эттирди. Бу ерда у кўплаб олимлар билан учрашди, илмий мунозараларда қатнашди.

Бурҳониддин Марғиноний “Нашр ал-мазҳаб” (“Мазҳабнинг тарқалиши”), “Китоб-ат-тажнис ва-л-мазид” (“Фуқаролик ҳуқуқини тақдим этиш”), “Китоб ул-фароиз” (“Мерос ҳақида китоб”), “Мазид фи фуру' ал-ҳанафий” (“Ҳанафий мазҳабига қўшимчалар”) китобларида ижтимоий-иқтисодий муносабатлар, мулкчилик тури, шакллари (давлат ва хусусий мулкчилик), молиявий фаолият, жиноят ва жазонинг ҳуқуқий асосларини, фуқаролик ҳуқуқи назарияси ва амалиёти, қозилик муассасалари таркиби, тартиби ва жиноят ишини кўриш масалаларини батафсил ёритиб берди.

Замондошлари алломага юксак эҳтиром билан “Бурҳонуддин вал милла” – “Дин ва миллатнинг ҳужжати нисбасини берган. Таъкидлаш жоизки, тарихда камдан-кам кишиларга бундай унвон берилган.

Жалолиддин Суютий “Ал-итқон фи улум ал-қуръон” асарида Бурҳониддин Марғинонийнинг Қуръон илмида ҳам моҳирлигини айтиб ўтган.

Буюк тарихчи Шамсиддин Заҳабий алломани “Шайх ул-ҳанафийя” – “Ҳанафийлар шайхи” деб атаган ва бу билан у зотнинг ҳанафий алломалар ўртасидаги мартабасига ишора қилган. Хайриддин Зириклий эса алломани “ҳофиз, муфассир, муҳаққиқ, адиб”, деб таъриф қилган.

Улуғ фақиҳ Бурҳониддин Марғиноний ҳақида Абдулҳай Лакнавий “Ал-Фавоид ул-баҳийя фи тарожим ил-ҳанафийя” асарида бундай ёзган эди: “Бурҳониддин Марғиноний имом, фақиҳ, муҳаддис, Қуръон муфассири бўлиб, уни йод билган олим, фанларни йиғиб тартибга солувчи, закий, тадқиқотчи, художўй ва покдомон инсон, улуғ фақиҳ, адабиётчи, шоир, фан ва адабиётда унинг тенги йўқ”.

Фиқҳий-ҳуқуқий асарларнинг барчаси ўз даврида талабалар учун ўқув қўлланма сифатида хизмат қилган. Аммо Бурҳониддин Марғинонийнинг Шарқ Уйғониш давридаги энг катта хизмати “Ҳидоя” бўлиб, у даврнинг энг мураккаб ҳуқуқий масалаларини тартибга солиб берган асар эди.

Бурҳониддин Марғиноний ушбу асарни 1165-1178-йиллар оралиғида – 13 йил давомида ёзиб тугатган. Асар ихчамлиги, мукаммаллиги, ҳанафий мазҳабини бошқа суннийлик мазҳаблари билан қиёсий услубда ўрганиб, ҳар томонлама ёритгани учун ўзига хос катта назарий ва амалий аҳамият касб этганини уламолар таъкидлаган.

Маълумотларга кўра, муаллиф аввалига “Бидоят ул-мубтадий” номли катта асар ёзади. Уни Абул Ҳасан ибн Аҳмад ибн Муҳаммад Қудурийнинг “Ал-Мухтасар” (илм аҳли орасида “АлҚудурий” номи билан шуҳрат қозонган) китоби ва Муҳаммад ибн Ҳасан ашШайбонийнинг “Ал-Жоме' ас-сағир” асарига асосланиб, қисқартирилган фиқҳ китоби сифатида ёзиб, ундаги масалаларни тартибга солишда табаррук бўлсин деб, Муҳаммад ибн Ҳасан аш-Шайбоний услубидан фойдаланган эди.

Бурҳониддин Марғиноний “Бидоят ул-мубтадий” муқаддимасида бундай деб ёзади: “Ёшлик чоғларимда фиқҳ илмининг барча турларини ўз ичига қамраб олган ҳажми кичик, фойдаси кенг бир китоб бўлса, деб ўйлаб юрардим. Иттифоқан, сафар жараёнида Ал-Қудурий қаламига мансуб “Ал-мухтасар”ни энг гўзал, мўъжаз (қисқа), ажойиб китоб, деб топдим. Ўшанда замоннинг барча буюк олимлари каттакичикни “Ал-Жоме ас-сағир” китобини ўрганишга чорлар эдилар. Ўшанда ҳар иккала асарни бирлаштиришни ўз олдимга мақсад қилдим ва зарурат бўлмаса, у икки китоб чегарасидан чиқмасликка қарор қилдим ва уни “Бидоят ул-мубтадий” (“Бошловчининг бошланғич китоби”) деб атадим. Агар бу асарни шарҳлашга эришсам, уни “Кифоят ул-мунтаҳий” деб атаган бўлар эдим”.

Аллома мазкур ниятига эришиб, унга 8 жилдлик катта шарҳ ёзиб, “Кифоят ул-мунтаҳий” (“Якунловчиларни қониқтирувчи китоб”) деб атайди. Лекин муаллиф бу билан ўз олдига қўйган мақсадга эриша олмасди, негаки, саккиз жилдлик катта ҳажмли шарҳни ўқиб, унинг ичидан керакли масалаларни топиш, шундай катта китобни олиб юриш илм толиблари учун қийинчилик туғдирарди. Натижада муаллиф ўз нияти ва дўстлари маслаҳатига биноан, “Бидоят ул-мубтадий”ни қайтадан ўртача андозада шарҳлашга киришади.

573 ҳижрий, зулқаъда ойининг чоршанба куни бошланган ушбу асарни ёзиш учун ўн уч йил вақт кетди. Абдулҳай Лакнавийнинг айтишича, бу асарни аллома муттасил рўзадорлик билан ёзган. Овқат олиб келган ходимни жўнатиб, таомни шогирдларидан бири ёки бошқа бирор кишига едириб, бўш идишни қолдирар экан. Ходим таомни устознинг ўзи егандир, деб ўйлаб, идишни олиб кетар экан.

Бу ҳақда шайх Акмалиддин ҳам тўхталиб, “Аллома “Ҳидоя” асарини ёзиш муддати – ўн уч йил давомида рўзадор бўлган. Бу давр ичида бирор марта ҳам оғзини очмаган. Тақво ва парҳезларининг баракотидан китоб уламолар ўртасида мақбул бўлган”, деб айтган эди.

Бурҳониддин Марғинонийнинг “Ҳидоя” асари тўққиз асрдан буён ҳанафий мазҳаби бўйича энг муҳим ва мўътабар қўлланма сифатида барча мусулмон мамлакатлари мадрасалари ва ислом олий ўқув юртларида ўқитилмоқда. Унинг матни ва қисқартмалари устидан машҳур фақиҳлар томонидан 60 дан ортиқ шарҳ ва ҳошия ёзилган ҳамда “Ҳидоя” ҳанафий мазҳабининг тарқалиши йўлида таъсирчан омил сифатида хизмат қилиб келган.

Бурҳониддин Марғиноний “Ҳидоя” асарини ёзиш билан ҳанафий фиқҳи тараққиётига беқиёс ҳисса қўшди. Бу китобнинг ёзилиши Бурҳониддин Марғиноний нафақат фиқҳни яхши биладиган, балки унинг кенг илм соҳаларини қамраб олган қомусий олим эканидан даракдир. Чунки у мазкур асарида мусулмон оламида машҳур олимлар, хусусан, ҳанафий ва минтақада фаолият юритган фақиҳлар чиқарган фатволарни қиёсий ўрганиб, улардан ҳақиқатга яқинроқ ва амалда кўпроқ қўлланадиганларини ажратиб кўрсатиб берган.

Нодиржон АБДУЛАҲАТОВ,

тарих фанлари доктори, профессор

Манба: “Янги Ўзбекистон” газетаси 2023-йил 11-апрел, 69-сон

Муборак Рамазон ойи  Бирлашган Aраб Aмирликларида  ўзига хос тарзда ўтади. Барча ибодатда бўлиб, ўзаро ҳамжиҳат, меҳр-муҳаббатга йўғрилган бир катта оилага айланади.

Айниқса, шаҳарлар, кўчаларда байрам кайфияти ҳукм суради. Асосий кўчалар, кўприклар ва савдо марказлари муқаддас ойнинг келиши билан Рамазон шукуҳини берувчи безак билан  безатилади. Киши қаерга қарамасин қувонч ва муқаддас ойнинг муҳити ва маънавиятига мос келадиган геометрик ёруғлик шакллари ва ифорларга дуч келади.

БAAда Рамазон ойи билан боғлиқ кўплаб диний, ижтимоий, кўнгилочар ва маданий тадбирлар бўлиб ўтади. Улар одатда Шаъбон ойининг ўн бешинчи куни арафасида бошланади. Ёш болалар бу ерда ўзларининг энг яхши кийимларини кийишади, уйдан уйга кўчиб ўтишади, қўшиқлар айтишади ва шеърлар ўқишади. Қўшнилар уларни ширинликлар, таомлар ва ёнғоқлар билан кутиб олишади, совғаларни эса болалар анъанавий шакллар билан тикилган махсус матодан ясалган сумкада йиғадилар.

ЎМИ Матбуот хизмати

Среда, 12 Апрель 2023 00:00

Одам ўлдиришнинг гуноҳи

Ислом шариати одам ўлдиришни қаттиқ қоралаб ҳаром қилган ва гуноҳи кабиралар қаторига қўшган. Аллоҳ каломида марҳамат қилади :

{... وَمَا كَانَ لِمُؤۡمِنٍ أَن يَقۡتُلَ مُؤۡمِنًا إِلَّا خَطَـٔٗاۚ}

 

"Мўмин мўминни ўлдирмас. Магар билмасдан қилиши мумкин...." (Нисо сураси 92-оят)

{ وَمَن يَقۡتُلۡ مُؤۡمِنٗا مُّتَعَمِّدٗا فَجَزَآؤُهُۥ جَهَنَّمُ خَٰلِدٗا فِيهَا وَغَضِبَ ٱللَّهُ عَلَيۡهِ وَلَعَنَهُۥ وَأَعَدَّ لَهُۥ عَذَابًا عَظِيمٗا }

 

"Ким бир мўминни қасддан ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннамдир. Унда абадий қолур. Унга Аллоҳнинг ғазаби ва лаънати ёғилур. Ва Аллоҳ унга улкан азобни тайёрлагандир." (Нисо сураси 93-оят)

Мўмин кишини қасддан ўлдириш шунчалик катта жиноят ва гуноҳки, уни қул озод қилиш билан ҳам, хун тўлаш билан ҳам ювиб бўлмайди. Мўмин мўминни қасддан ўлдириши бир беайб жонга қўшиб, иймондек улуғ неъмат туфайли вужудга келган ақида қардошлигини ҳам ўлдиришдир. Шунинг учун ҳам қисқагина бир оятда бу жиноятчига бошқа ҳеч кимга тайин қилинмаган олий жазолар–жаҳаннамда абадий қолиш, Аллоҳнинг ғазабига ва лаънатига дучор бўлиш ва у зот тайёрлаб қўйган улкан азоб ваъда қилинмоқда. Пайғамбаримиз (с. а. в.) ўз ҳадисларидан бирида: «Бир мусулмоннинг ўлдирилиши Аллоҳнинг ҳузурида дунёнинг заволидан ҳам оғирроқдир», деганлар. Мазкур жазолар қасддан мўмин одамни ўлдирганнинг охиратидаги жазосидир. Аммо бошқа оят ва ҳадислардан келиб чиқиб, унга бу дунёда ҳам маълум жазолар белгиланган.

Улар хоҳласалар, қотилдан қасос олиш мақсадида уни ўлдиришни талаб қиладилар, хоҳласалар кечиб юборадилар ёки хоҳласалар кучайтирилган хун оладилар. Кучайтирилган хун эса, ўттизта ҳиққа, ўттизта жазуъа ва қирқта халуфа туялардан иборат.

Бу жазолар дунёдаги ўткинчи жазолалардир. Лекин охиратдаги жаҳаннамда тайёрлаб қўйилган жазолар муқаррардир ва абадий жазога ҳукм қилингандирлар.

Муовия розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Аллоҳ барча гуноҳларни кечириши мумкин, аммо бир киши кофир ҳолида ўлган бўлса, ёки бир киши мўминни қасддан ўлдирса, бу гуноҳларни кечирмайди» (Насоий, Ҳоким ривояти).

Ривоят қилинишича, «Кимки бир мўминнинг қатл этилишига яримта сўз билан ёрдам берса, икки кўзи орасига «Аллоҳ раҳматидан ноумид» деб ёзилган ҳолида Аллоҳга йўлиқади».

Демак мўмин банда икки дунёнинг саодатига эришмоғи учун доимо Аллоҳнинг буйруқларига итоат қилиши керак. Шайтоннинг ҳийласига учиб турли бузғунчиларнинг фитнасига алданмаслиги керак. Аллоҳ раҳмли ва меҳрибон Зотдир!

 

Шеров Шуҳрат

Мир Араб олий мадрасаси 3-босқич талабаси

Среда, 12 Апрель 2023 00:00

Бу ойнинг ҳар фурсати ғанимат

Фарғона вилояти бош имом-хатиби

Убайдуллоҳ домла Абдуллаев

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло “Одам боласининг ҳамма амали ўзи учун, фақат рўза Мен учундир ва унинг мукофотини Мен – Ўзим берурман”, деди. Рўза сақловчидир. Қачон қайси бирингиз рўзадор бўлса, фаҳшдан гапирмасин ва бақир-чақир қилмасин. Агар бирортаси у билан сўкишмоқчи бўлса, “Мен рўзадорман”, десин. Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган Зот ила қасамки, албатта, рўзадорнинг оғзининг ҳиди Аллоҳнинг наздида мушкнинг ҳидидан хушбўйроқдир. Рўзадорга икки хурсандлик бордир. Улар ила суюнгай”, дедилар.

Имом Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий ва Насаий ривоят қилганлар.

*   *   *

Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам: Баъзи рўзадорлар борки, уларга рўзаси учун очликдан ўзга нарса бўлмас. Баъзи тунда бедор бўлган борки, уларга бедорлиги учун уйқусизликдан ўзга нарса бўлмас”, дедилар.

Ибн Можа, Аҳмад ва Ҳоким ривоят қилганлар.

*   *   *

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Рамазондан бир кунни Аллоҳ берган рухсатсиз оғзи очиқ ҳолда ўтказса, умрбод рўза тутиб ўтказса ҳам, унинг қазосини адо эта олмас”, дедилар.

Имом Бухорий, Абу Довуд, Термизий ва Насаий ривоят қилганлар 

*   *   *

Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Одам боласининг ҳамма амали (савоби) кўпайтириб берилур. Бир яхшиликка унинг ўн мислидан то етти юз баробаригача. Аллоҳ азза ва жалла: “Магар рўза Мен учундир. Унинг мукофотини Мен берурман. У шаҳвати ва таомини Мен учун тарк қилур”, деди”, дедилар.

Имом Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий ва Насаий ривоят қилганлар 

*   *   *

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Ким рамазон рўзасини имон келтирган ва савоб умид қилган ҳолда тутса ҳамда кечалари қоим бўлса, унинг олдин ўтган гуноҳлари кечирилади”.

Имом Бухорий ва Муслим ривояти

*   *   *

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким ёлғон гапиришни ва унга амал қилишни қўймаса, унинг таоми ва шаробини тарк қилишига Аллоҳнинг эҳтиёжи йўқ”, дедилар

Имом Бухорий, Абу Довуд, Термизий ва Насаий ривоят қилганлар. 

*   *   *

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Умматимга рамазон ойидан бошқа умматларга берилмаган бешта хислат берилди. Рўзадорнинг оғзидаги ҳид Аллоҳ наздида мушкнинг ҳидидан яхшироқ; ифтор қилгунларича малоикалар уларнинг гуноҳларини кечиришини сўрайдилар; бу ойда шайтоннинг саркашлари боғланади; бу ойда одамлар бошқа ойларда бўлмаган ихлосларини топадилар; бу ойда ҳар куни Аллоҳ таоло жаннатни зийнатлайди ва жаннатга айтади: “Менинг бандаларимдан қийинчилик ва азиятлар кўтарилишига оз қолди. Улар сенга қараб юрадилар ва охирги кечада уларнинг гуноҳлари кечирилади”.Ё Аллоҳнинг элчиси, Лайлатул-қадр ўша кечами?” деб сўрашди. Айтдиларки: “Йўқ. Лекин амал қилувчи амалини бажарса, унинг ажри мўл-кўл берилади”.

Имом Байҳақий ривояти

*   *   *

Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилганлар: “Кимки Қадр кечасини иймон ва савоб умидида бедор ўтказса, унинг барча гуноҳлари кечирилади. Кимки Рамазон рўзасини иймон ва савоб умиди билан тутса, ўтган гуноҳлари кечирилади”.

Имом Бухорий ривояти.

*   *   *

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Уч кишининг дуоси рад этилмайди. Рўзадорнинг, то оғзини очгунича, одил подшоҳнинг, мазлумнинг. Аллоҳ уларнинг дуоларини булутлар узра кўтариб, улар учун осмон эшикларини очиб қўяди ва улуғ Парвардигор: “Иззатимга қасамки, гарчи бир муддат кейин бўлса ҳам, албатта, сенга ёрдам бераман”, дейди”, дедилар.

Аҳмад ва Термизий ривояти.

*   *   *

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Икки марта кетма-кет оғиз очмай рўза тутишдан эҳтиёт бўлинглар”, дедилар, шунда улар: “Ўзингиз тутасизку?!” дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мени Аллоҳ кечаси едириб-ичиради. Сизлар қурбингиз етадиган ишни қилишингиз лозим”, дедилар.

Имом Бухорий ривояти.

 

 

Мунира АБУБАКИРОВА,

ЎМИ Хотин-қизлар масалалари бўйича

бўлимнинг етакчи мутахассиси

Мақолалар

Top