muslim.uz

muslim.uz

Айни кунларда диёримизда муборак Рамазон шукуҳи кезмоқда. Буни жойларда амалга оширилаётган хайру саховат ишлари, масжидлардаги таровеҳ ва хатми Қуръон файзи, қолаверса, Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан барча маҳаллаларида ўтказилаётган ифторлик тадбирларидан ҳам ҳис қилиш мумкин. Муборак ой муносабати билан ташкил этилаётган ифторлик тадбирлари ҳамда йўқловлар давомида ёши улуғ кексалар, имконияти чекланган,  меҳрга муҳтож кишилар ҳолидан хабар олиб, кўнгилларга шодлик улашилмоқда.

Фарғона вилоятида ҳам ушбу тадбирлар кўтаринки руҳда ўтмоқда. Ёзилаётган ифторлик дастурхони атрофида маҳалла фуқаролар йиғинларида яшовчи бир гуруҳ ёши улуғ инсонлар, фаоллар ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар аъзолари меҳмон бўлишмоқда.

Инсон қадрини улуғлаш, муҳтожларга кўмак кўрсатиш мақсадида ёзилган тўкин дастурхон атрофида жам бўлган нуронийлар юртимизга тинчлик, оилаларимизга тотувлик, рўзғоримизга қут-барака тилаб, дуо қилмоқдалар.  

Ифторлик тадбирлари ҳар бир маҳаллаларда давом этмоқда.

Фарғона вилояти вакиллиги Матбуот хизмати

 

Муборак Рамазон ойида юртимиздаги кам таъминланган ва эҳтиёжманд оилалар, ижтимоий дафтарларда рўйхатда турган хонадонлар вакиллари, фахрийлар давлат томонидан берилган йўлланма асосида Саудия Арабистонининг Макка ва Мадина шаҳарларида Умра зиёратини амалга оширмоқдалар.

Самарқанд вилоятидан ҳам 100 нафар юртдошимизга бу бахт насиб этди ва уларнинг биринчи гуруҳдаги 50 нафари қутлуғ зиёратни адо этиб юртимизга қайтиб келди.

— Кабатуллоҳни, пайғамбаримизни зиёрат қилиш ҳар бир мўмин ва муслима учун энг катта орзу ҳисобланади, – дейди Каттақўрғон тумани Мадраса маҳалласида яшовчи Сабоҳат Рўзиева. – Мен ҳам бутун умр шу ният билан яшаб келаётган эдим. Улуғ сафарга бориб келганларни зиёрат қилгани борганимда илоҳим мени ҳам шундай кунларга етказсин, деб ният қилардим. Ният қилардиму, ўзим ишонмасдим. Сабаби бу сафар учун қўлим калталик қилар, топганимиз рўзғордан ортмасди. Қолаверса, бунга шароитим ҳам йўқ эди. Қирқ йил ногирон фарзандга қарадим. Минг афсус жигарбандимнинг умри қисқа экан, яратган эгам ўзи берди, ўзи қайтариб олди. Уч нафар етимнинг бошини силадим. Балки шу азобларимга Аллоҳимнинг марҳаматидир, Президентимизнинг ғамхўрликлари туфайли 75 ёшимда давлат ҳисобидан муқаддас зиёратга бориш насиб қилди. Маҳалладан келиб, шу хабарни айтишганида, ишонмадим, кўзимдан дув-дув ёш оқди. Худди туш кўраётгандек эдим. Ҳокимларимизга раҳмат, ўзлари ҳужжатларимни тайёрлаб, кузатиб қўйишди. Мадина ва Маккани зиёрат қилиб, раҳбарларимизни дуо қилдик, юртимизга, халқимизга тинчлик-хотиржамлик сўрадик. Илоҳим, бизни қўллаганларни Аллоҳ сийласин, Президентимизнинг умрлари узоқ бўлсин.

Булунғурлик Акром отанинг ҳам куч-қувватга тўла дамлари жамоа хўжалигида ўтган. 42 йил механик, механизатор бўлиб ишлаган. 8 нафар фарзандни ҳалол меҳнат билан ўстириб, уйли-жойли қилган. Пенсияга чиққанидан кейин эса ўн йилдан ортиқ вақтдан буён Килдон қишлоғидаги масжидда хизмат қилиб келмоқда. Бу масканни обод қилишга ҳисса қўшмоқда.  

Акром ота давлат томонидан берилган Умра сафари йўлланмаси асосида олти нафар булунғурлик зиёратчилар қаторида бу улуғ амални бажариб келди. 

— Рамазон ойида Аллоҳнинг байтини зиёрат қилиб келиш имконияти Президентимизнинг биз учун жуда катта совғаси бўлди, – дейди Акром Пармонов. – Бунинг учун барчамиз туну кун яратганга шукрона айтиб, давлатимиз раҳбарларини дуо қилдик, улуғ жойларда туриб, юртимиздаги тинчликни бардавом қилишини, халқимиз омон бўлишини Аллоҳдан сўрадик. Биз учун бундай зиёратлар ушалмас орзу эди, юртбошимизнинг инсонпарвар сиёсати туфайли орзуларимиз амалга ошди. Барча юртдошларимизга шундай ибодатларни бажариш насиб қилсин.

Самарқандлик зиёратчиларнинг иккинчи гуруҳи бугун тунда юртимизга қайтиб келади.

Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА

 

Бугун, 31 март жума куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари Хоразм вилояти Урганч шаҳридаги "Охун бобо" жоме масжидида жума намозини жамоат билан адо этадилар.

 

Инша Аллоҳ, жума намозидан аввал  Муфтий ҳазратларининг файзли суҳбатларидан баҳраманд бўламиз.

 

Мўмин-мусулмонларни мазкур маърифий суҳбатни ижтимоий тармоқларимиз орқали кузатишга таклиф этамиз.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Пятница, 31 Март 2023 00:00

Ислом – мўътадил дин!

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим

Алҳамдулиллаҳи роббил аъламин. Аллоҳумма солли ала саййидина Муҳаммад ва аъла аълиҳи ва ашабиҳи ажмаъийн.

Мўътадиллик, ишларда ўрта йўлни тутиш Ислом умматига хос. Аллоҳ таоло ислом умматини бошқа умматлар ичида ўрта уммат қилган. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади:

وَكَذَلِكَ جَعَلْنَاكُمْ أُمَّةً وَسَطًا لِتَكُونُوا شُهَدَاءَ عَلَى النَّاسِ وَيَكُونَ الرَّسُولُ عَلَيْكُمْ شَهِيدًا

яъни: “Шунингдек, сизларни (мусулмонларни бошқа) одамларга (умматларга) гувоҳ бўлишингиз ва Пайғамбарнинг сизларга гувоҳ бўлиши учун “ўрта уммат” қилиб қўйдик” (Бақара сураси, 143-оят).

Ояти каримадаги “ўрта уммат”нинг маъноси адолатли, энг яхши ва турли фазилатларга эга бўлишдир. Мана шу ояти карима далолати билан Ислом уммати афзал уммат ҳисобланади. Бунга қуйидаги ояти карима ҳам далолат қилиб туради:

كُنْتُمْ خَيْرَ أُمَّةٍ أُخْرِجَتْ لِلنَّاسِ تَأْمُرُونَ بِالْمَعْرُوفِ وَتَنْهَوْنَ عَنِ الْمُنْكَرِ وَتُؤْمِنُونَ بِاللَّهِ

яъни: “Одамларга чиқарилган (маълум бўлган) умматнинг энг яхшиси бўлдингиз, (эй, мусулмонлар!) зеро, сиз амри маъруф, наҳйи мункар қиласиз ва Аллоҳга имон келтирасиз” (Оли Имрон сураси, 110-оят).

Аллоҳ таоло ўз ўрнида Аҳли сунна вал жамоа (машҳур тўрт мазҳаб эргашувчилари)ни бошқа исломий фирқалар ичида васатийлик-мўътадиллик билан ажратиб қўйди. Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дейдилар:

لَا تَزَالُ طَائِفَةٌ مِنْ أُمَّتِي ظَاهِرِينَ عَلَى الْحَقِّ، لَا يَضُرُّهُمْ مَنْ خَذَلَهُمْ، حَتَّى يَأْتِيَ أَمْرُ اللهِ وَهُمْ كَذَلِكَ

(رَوَاهُ الامام مُسْلِمٌ عَنْ ثَوْبَانَ رضِيَ اللهُ عَنْهُ)

яъни: “Умматимдан бир тоифа ҳақда зоҳир бўлган ҳолларида давом этарлар, уларни тарк қилган киши уларга зарар келтира олмас. Аллоҳнинг амри келгунича улар ўша ҳолда бўлурлар” (Имом Муслим ривоятлари).

Хулоса қилиб айтганда Аҳли сунна вал жамоа ҳам дин ишлари: эътиқод, илм, амал ва ахлоқда мўътадилдир. Соғлом фикрли инсон яхши англайдики, Ислом дини таълимотида мўътадиллик ғояси ётади ва унга эргашиш инсониятни ҳеч қачон залолатга бошламайди. Зеро, мўътадиллик бу – ҳаддан ошиш ёки сусткашликка йўл қўйиш, қаттиқ олиш ёки ўта бўш қўйиб юбориш ўртасида бўлиб, мана шу мувозанатни сақлаган киши тўғри йўлдан адашмайди.


САЛИМХОН ЖАМОЛИДДИНОВ

Мир Араб олий мадрасаси талабаси

Мақолалар

Top