muslim.uz

muslim.uz

Вторник, 17 Январь 2017 00:00

Масжидда дунё гапи

 رَوَى عَبْدُ اللَّهِ بْنُ مَسْعُودٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ عَنْ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أَنَّهُ قَالَ " يأتي في آخر الزمان أناس من أمتي يأتون المساجد يقعدون فيها حلقاً ذكرهم الدنيا وحب الدنيا لا تجالسوهم ، فليس لله بهم حاجة " .

Абдуллоҳ ибн Масуьд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Охир замонда шундай умматимдан бўлган бир қавм келадики, масжидларда халқа қилиб ўтиришади. Дунё сўзларини гапирадилар, чунки улар дунёни яхши кўрадилар. Улар билан ўтирманглар! Чунки Аллоҳ улардан беҳожатдир” дедилар.

عن ابن عباس قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ -صلى الله عليه وسلم- :« الكلام في المسجد يأكل الحسنات كما تأكل النار الحطب ».

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Масжидда гапирилган дунёвий гап (қадам босиб келган) савоб амалларини барчасини ейди, олов ўтинни егани каби” дедилар.

عَنْ أَبِى هُرَيْرَةَ عَنِ النَّبِىِّ -صلى الله عليه وسلم- قَالَ « إِنَّ لِلْمُنَافِقِينَ عَلاَمَاتٍ يُعْرَفُونَ بِهَا تَحِيَّتُهُمْ لَعْنَةٌ وَطَعَامُهُمْ نُهْبَةٌ وَغَنِيمَتُهُمْ غُلُولٌ وَلاَ يَقْرَبُونَ الْمَسَاجِدَ إِلاَّ هَجْراً وَلاَ يَأْتُونَ الصَّلاَةَ إِلاَّ دَبْراً مُسْتَكْبِرِينَ لاَ يَأْلَفُونَ وَلاَ يُؤْلَفُونَ خُشُبٌ بِاللَّيْلِ صُخُبٌ بِالنَّهَارِ ».

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мунофиқларнинг бир нечта белгилари борки ўшалар билан таниладилар: саломлари лаънатга хос, таомлари бировни норози қилиб тортиб олинган, тўдалаб қўйган ғаниматлари ҳаромдан, масжидга келсаларда фақат бир намозхонни ғийбат қилиш учун ёки масжидагиларни сўкиш учун ва беҳаё сўзларни айтишлик учун келадилар. Намозни кечиктириб кибрланиб ўқийдилар. Уларнинг дўсти ҳам йўқ, биров билан дўстлашмайдилар ҳам. Хуфтонда тахтадай қотиб ухлаб қоладилар, бомдодда эса бақир-чақир қилиб баҳслашиб турадилар” дедилар.

عن ابن مسعود قال: قال رسول اللّه صلى الله عليه وسلم: " قال الله عز وجل في بعض الكتب: إن بيوتي في أرضي المساجد وإن زواري فيها عمارها فطوبى لعبد تطهر في بيته ثم زارني في بيتي فحق على المزور أن يكرم زائره "

Абдуллоҳ ибн Масуьд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло баъзи (нозил қилган) китобларида шундай сўзларни деди: “Масжидлар ердаги менинг уйларимдир. Ундаги мени зиёратчиларим эса, масжидга 5 вақт намоз учун келувчиларидир. Бахт бўлсин шундай бандагаки, уйидан чиройли хушбўйланиб чиқади-да, менинг уйимга Мени зиёрат қилиш учун келади. Энди мезбоннинг бўйнидаги ҳақ шуки, ўз меҳмонини икром қилишлигидир”

Мавлоно Жалолиддин Румий дейдилар:

Агар Хожа шавад аз банда розий,

Ба у ёр ҳаст истиқболи мозий.

Шавад ай банда гар мавло баозор,

Ҳамма дар ҳар ду олам аз ту безор.

 

Агар Ҳудо бандадан рози бўлса,

Келажакда унга дўст бўлгай.

Гар Ҳудо бандадан бўлса норози,

Икки оламда ҳамма сендан безор.

 

Аллоҳ таоло бизларни масжидга савоб умидида бориб гуноҳлар орттириб қайтишимиздан ўзи асрасин.

Тошкент ислом институти 4-курс талабаси

Тожиддинов Абдуссомад Абдулбосит ўғли

Дунёга машҳур 50 ёшли хонанда Жанет Жексон ва унинг турмуш ўртоғи қатарлик миллиардер Вассам ал-Ман январ ойининг бошида ўғил фарзандли бўлишган эди.

Яқинда Жанет Жексон ва Вассам ал-Ман ўз фарзандларига атаб ақиқа маросимини ўтказишди. Ушбу ақиқа маросими, гўдакнинг отаси Вассам ал-Ман бошчилигида ўтказилди.

Маълумот учун, Жанет Жексон ва Вассам ал-Ман ўз фарзандига Исо деб исм қўйишди.

Илҳом Маърупов

тайёрлади.

 

Саудия Арабистонида ўтказилган Ислом тараққиёт банкининг 316-йиғилиши доирасида Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ)га аъзо давлатларнинг бир қатор мамлакатларидаги лойиҳаларни молиялаштирган 853 миллион доллар миқдорда маблағ ажратиш тасдиқланди. 

 Гвинея Республикасида йўл қурилиши лойиҳаси учун 208 млн. БАА да қуёш энергетикаси лойиҳасининг учинчи босқичини амалга ошириш учун 170 млн. Баҳрайнда альюмин заводи учун 105 млн. Марокашда қишлоқ тараққиёти лойиҳаси учун 94 млн. Сенегалда безгак касаллигига қарши кураш учун 92,3 млн. Тогода йўл қурилиши учун 91,5 млн. Жибутида давлат шифохонаси қурилиши учун 60 млн. Чадда қуёш энергетикасини ривожлантириш учун 8 млн ва бошқа шу каби лойиҳаларга йўналтирилиши кўзда тутилган. 

 Маълумот ўрнида, Ислом тараққиёт банки ҳижрий 1395 йили Шаввол ойининг 15-санасида, милодий 1975 йилнинг 20 октябрида Саудия Арабистонида ташкил топган бўлиб, бош мақсади – Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар иқтисодиётини ривожлантиришга кўмаклашиш, ижтимоий муаммоларни ҳал этиш, шунингдек аъзо давлатлар ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлашдан иборатдир.  

ОАВ манбалари асосида

Зоиржон СОДИҚОВ

тайёрлади

Эътиқод борасида ёшлар онгини тўғри шакллантириш ва жамият маънавиятини бузғунчи ақидалардан ҳимоялаш доимо энг долзарб вазифалардан бўлиб келган. Албатта бунда ота-оналар асосий ўрин тутади. Афсуски, айрим ота-оналар бола тарбиясида  бепарволик қиладилар. Улар шахсий юмушлари, кўча-куйдаги улфатлари, моддий маблағ тўплашни биринчи ўриндаги вазифаю, оила аъзоларининг ахлоқий ва маърифий тарбиялари билан шуғулланишни иккинчи даражали иш ўрнига қўйишади.

Ўтган асрдаги мутафаккир олимимиз Абдулла Авлоний таъбири билан айтганда, “Тарбия биз учун ё ҳаёт – ё мамот, ё нажот – ё ҳалокат,  ё саодат – ё фалокат масаласидир”. Расулуллоҳ (саллоллоҳу алайҳи ва саллам) умрларининг охирида ўзларидан кейин залолат йўлидан борадиган етмиш иккита фирқа пайдо бўлишидан огоҳлантирган эдилар. Бу сўзлар ўтган ўн тўрт аср давомида тасдиғини топди. Ана шу фирқа ва оқимларнинг айримлари Исломнинг илк асрларида юзага келган бўлса, ХХ ва ХХ1 асрларда ҳизбут-таҳрир, нурчилар, салафийлар, жиҳодчилар, такфирчилар ва ҳижратчилар каби ўнлаб адашган оқим ва йўналишлар пайдо бўлиб, дунёда бузғунчилик, турли низо ва қонли тўқнашувлар келиб чиқишига сабаб бўлмоқда.

Сўнгги вақтларда ёшларимизни турли ёт ғоялар билан эътиқодини бузиб йўлдан уришга қаратилган ҳаракатларни гувоҳи бўлмоқдамиз. Айниқса, гўёки барча мусулмонлар ҳозир қуролли тўқнашувлар кетаётган мамлакатларга “ҳижрат” қилишлари ва қўлида қурол билан “жиҳод” қилишлари фарз эмиш. Бундай сохта даъволарнинг пуч эканини тасдиқлаш ва аҳолини хусусан, ёшларни улардан асраш мақсадида ушбу тушунчаларга изоҳ бериб ўтсак. Юртини, ота-онани ташлаб, ўзга элларда сарсон-саргардон юриш, ўзи каби манқурт шахслар билан бирлашиб, киндик қони тўкилган юртига қарши қурол кўтариш ислом таълимотига зид иш ҳисобланади.

“Ҳижрат” сўзи луғатда бирор нарсадан ажраш, шариатда эса, Муҳаммад (саллоллоҳу алайҳи ва салам)нинг Маккани тарк этиб, Мадинага боришига қиёсан қўлланилиб, диний экстремизм оқим етакчилари тинч давлатда яшаб келаётган ёшларни хориждаги жангариларнинг лагерларига жўнатиб, “ҳижрат қилмаган диндан чиқади, ҳижрат учун мусулмонга ота-онанинг рухсати шарт эмас”, каби сохта иддаолар билан алдамоқда.

“Ҳижрат” ҳақида Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда: Расулуллоҳ (саллоллоҳу алайҳи ва салам) “Қўли ва тили билан ўзгаларга озор бермаган киши мусулмондир. Аллоҳ таоло ман этган нарсалардан қайтган киши Худо йўлида ҳижрат қилган кишидир”, деганлар. Ибн Умар (разияллоҳу анҳу)дан ривоят қилган ҳадисда эса Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳузурларига бир киши келиб: “Эй, Аллоҳнинг Расули, мен ота-онамни йиғлаган ҳолда ташлаб, ҳижрат қилиш учун сизнинг ҳузурингизга келдим”, деди. У зот эса, “Ота-онанг олдига қайтиб, уларни қандай йиғлатган бўлсанг, шундай кулдиргин”, деб жавоб бердилар (Абу Довуд ривояти).

Пайғамбар Муҳаммад (с.а.в.) ва у зотдан кейин мусулмон давлатларини бошқарган хулафои рошидинлар ўзга юртларда яшаётган мусулмонларни ҳеч қачон мусулмон давлати ҳудудига кўчиб келишларига даъват қилмаган ва уларнинг ўз юртларида яшашини рад этмаганлар.

Юқоридаги далиллардан мусулмонлар учун кенг имкониятлар очиб берилган юртимиздан “ҳижрат” қилинмаслиги ҳақидаги қатъий хулоса чиқади.

“Жиҳод” сўзи араб тилидан таржима қилинганда “ғайрат қилмоқ”, “ҳаракат қилмоқ”, “интилмоқ”, “зўр бермоқ”, “бор кучини сарфламоқ”, “курашмоқ”, “меҳнат қилмоқ” каби маъноларни ифодалайди.  Ислом тарихини чуқур ўрганган мутахассис олимлар, тарихда юз берган ҳар қандай жиҳод, фақатгина, мудофаа мақсадида олиб борилганини таъкидлайдилар. Бу борада замонамиз уламолари бундай дейдилар: “Агар “жиҳод” ислом давлатини қуриш учун ёки инсонларни динга киришга мажбурлаш учун жорий этилганида эди, Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг ўзлари бу борада намуна кўрсатган бўлур эдилар. Яъни, у зот биринчи бўлиб Маккадаги мушрикларнинг катталари билан урушган ислом давлатини барпо этиш учун жиҳод эълон қилган бўлардилар. Бироқ Пайғамбаримиз (с.а.в.) бундай йўл тутмадилар. Аксинча, мусулмон жамияти тинч йўл билан, табиий равишда юзага келгач, душман мусулмонлар яшаб турган юртига бостириб келганда ёки бостириб келиши аниқ бўлганда мусулмонларнинг ҳимояси учун жиҳодга чиққанлар. Барча Ислом уламолари бу ердаги жиҳод мудофаа учун бўлганлигини таъкидлашади.

Бугунги кунда диёримизда нафақат, мусулмонлар, балки бошқа дин вакиллари ҳам эмин-эркинликда ҳаёт кечирмоқдалар. Мусулмонлар ислом арконларини бажариш имконига эга бўлса, Рамазон ва Қурбон ҳайитлари дам олиш куни, деб белгилаб қўйилган бўлса, ҳар йили минглаб ватандошларимиз муқаддас ҳаж ва умра зиёратларини амалга оширишда давлат ўзи бош бўлиб турган бўлса, бундай диёрдан, ўзи туғилиб ўсган Ватанидан қандай қилиб ҳижрат қилиш мумкин?! Ватанни ҳимоя қилиш нақадар улуғ савоб, ҳар бир мусулмоннинг зиммасидаги фарзи ҳисобланса, унга ҳиёнат қилиш, қурол билан бостириб келиш шу қадар катта гуноҳ, энг олий жазога лойиқ жиноят ҳисобланади.

 “Жиҳод” сўзи луғатда киши ўзининг бор имкониятини ишга солиб, бирор ишни бажаришга ҳаракат қилиши маъносини англатади. Мисол, шаръий масалаларни ечишда бор имконини ишга солиб ҳаракат қилган йирик олимлар “мужтаҳид” деб аталган. Улар шаръий илмларда “жиҳод” қилишган. Алоҳида таъкидлаб айтиш лозимки, “жиҳод” сўзи луғатда уруш маъносини англатмайди. Асосан, уруш маъносини англатиш учун араб тилида қитол сўзи ишлатилади.

Ислом дини таълимотининг истилоҳида жиҳод асосан уч хилдир:

Биринчиси – нафс билан курашиш, яъни нафснинг измига юриб, гуноҳ ва жиноий ишларга қўл урмаслик.

Иккинчиси – шайтон билан курашиш, яъни шайтоннинг васвасаларига учиб, ҳаром ва таъқиқланган ишларга қўл уришдан сақланиш.

Учинчиси – босқинчилар билан жанг қилишдир.

Пайғамбаримиз (саллоллоҳу алайҳи ва салам) ота-онанинг хизматини қилиб, розиликларини олиш ҳам жиҳод турларидан эканини таъкидлаганлар. Уламолар саводсизлик, қашшоқлик, айрим юқумли оғир касалликларга қарши жонбозлик курашишни ҳам жиҳод турларидан, деб ҳисоблаганлар. Мазкур мисоллардан хулоса қиладиган бўлсак, инсоният манфаати йўлида, ахлоқимизни яхшилаш йўлида қиладиган саъй-ҳаракатларимиз ҳам жиҳоднинг савобларига тенг солиҳ амаллардан эканини англашимиз мумкин.

Ҳозир эса бузғунчи тоифалар ўзлари илгари сураётган ёвуз мақсадга эришиш учун янги “жиҳод” турларини ўйлаб топишган. Улар “жиҳод – муқаддас уруш” деган тушунчани тарғиб қилиб, айбсиз одамларнинг ноҳақ қони тўкилишига сабабчи бўлишмоқда. Машҳур уламо, марҳум Муҳаммад Саид Рамазон Бутий бундай бузғунчи тоифаларнинг қилмишини қоралаб бундай дейди: “Улар бир вақтнинг ўзида бирор айби йўқ мусулмонларни кечаси бўғизлаб кетишни “шариат рухсат берган иш”, дейдилар. Улар оддий йўловчилар тўла самолётни ичидаги айбсиз инсонлар билан қўшиб портлатиб юборишни ҳам “шариатда бориш”, дейдилар. Ҳар ким кўзларини юмиб, Расулуллоҳ (с.а.в.) бугун орамизда юрибдилар, деб хаёл қилсин. Ул зот шундай разил ишларга рози бўлармидилар?”.

Аллоҳ таоло ватанимиз тинчлигини, осмонимиз мусаффолиги ва сарҳадларимиз дахлсизлигини сақлаб, эътиқодимизни соғлом, ақидамизни тўғри қилсин. 

Аминжон Исмоилов,

Сирдарё вилояти Сирдарё тумани бош имом-хатиби

 (Жума мавъизалари асосида тайёрланди).

Понедельник, 16 Январь 2017 00:00

Йил сарҳисоби – келажак самараси

Тошкент вилояти маънавият ва маърифат маркази мажлислар залида Тошкент вилояти имом-хатибларининг 2016 йил якунлари таҳлили ва 2017 йил режаларига бағишланган умумий йиғилиши бўлиб ўтди. Тошкент вилоят бош имом-хатиби раислигида ўтган йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита бўлим бошлиғи Муҳаммадбобур Йўлдошев, Ўзбекистон мусулмонлари идораси бўлим мудири Муҳаммадназар Қаюмовлар иштирок этдилар.

Кун татибидаги масалалар юзасидан Ўзбекистон мусулмонлари идорасиининг вилоят вакили Х.Турматов ўз ахборотида ютуқлар ва камчиликлар ҳақида батафсил тўхталиб ўтди.

Шундан сўнг Янгийўл, Оҳангарон, Қибрай, Зангиота, Паркент, Бўстонлиқ, Чиноз, Бекобод туманлари бош имом-хатибларининг ҳисоботлари тингланди. Иш фаолияти давомида йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш юзасидан фикр-мулоҳаза ва таклифлар билдирилди.

Сўзга чиққанлар янги 2017 йилда ҳар бир имом-хатиб иш фаолияти самарадорлигини ошириш, меҳнат-интизомига қатъий риоя этиш,  турли тадбирлардаги маърузалар таъсирчанлигини янада кучайтириш, ёшлар тарбиясига алоҳида урғу бериш, фаолиятга оид чиқарилган буйруқлар ижросини ўз вақтида таъминлаш, ёнғин хавфсизлиги қоидаларига тўлиқ амал қилиш бўйича келгусида қилинадиган ишлар юзасидан зарурий тавсия ва кўрсатмалар бериб ўтишди.

Йиғилиш сўнгида 2017 йилда амалга ошириладиган чора-тадбирлар режаси белгилаб олинди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг

Тошкент вилояти вакиллиги

Мақолалар

Top