www.muslimuz

www.muslimuz

Воскресенье, 01 Август 2021 00:00

Неъматлар ҳақида сўзлаш – шукрдир

Уламоларимизнинг жанубий вилоятга ташрифлари давом этмоқда.

Бугун Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси маслаҳатчиси устоз Шарипов Салоҳиддин домла Денов туманидаги “Имом Бухорий” жоме масжидига ташриф буюрдилар. Пешин намозини адо этиб, намозхонлар билан дилдан суҳбатлашдилар.

Суҳбатда шукроналик, юртимизда сўнгги йилларда диний-маърифий соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижалари, ютуқлар, бемазҳабсизлик оқибатлари ва бошқа мавзулар осон, равон услубда баён этилди. Қилинган мавъизалар намозхонларни тўлқинлантириб юборди, уларнинг диний савия ва кўнималарининг ортишига хизмат қилмоқда.

Учрашув якунида юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги бардавом бўлишини сўраб Аллоҳ таолога дуолар қилинди.

Бундан ташқари ташриф давомида кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, эҳтиёжманд оилалар ҳолидан хабар олиш ҳам эътибордан четда қолмаяпти. Устоз Шарипов Салоҳиддин домла Денов шаҳри Боғи Нав маҳалласига ҳам ташриф буюриб, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, эҳтиёжманд ва бемори бор оилалар ҳолидан хабар олдилар. Уларга “Вақф” фондининг пул маблағлари ҳамда совғаларини топширдилар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ташаббуси билан Сурхондарё вилоятига ташриф буюрган делегация аъзоларининг навбатдаги куни ҳам самарали ҳолатда давом этмоқда.

Бугун Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари устоз Иброҳим домла Иномов Жарқўрғон туманидаги “Хўжа Мирсаид” жоме масжидига ташриф буюрди. Дастлаб пешин намозини жамоат бўлиб адо этишди, сўнгра намозхонлар билан дилдан суҳбатлашди.

Мавъизада мўмин-мусулмонларга сўнгги йилларда юртимизда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида гапириб, шукрнинг фазилатини баён этдилар. Дилдан қилинган суҳбатлар савол-жавобларга уланиб, намозхонларда катта таассурот қолдирди.

 Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

 Уламоларимизнинг Сурхондарё вилоятига ташрифлари ҳудудларга файз, кўнгилларга қувонч бағишламоқда.

Бугун қалбларга хурсандчилик киритган учрашувларнинг бири Олтинсой туманида бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон қори Ишматбеков иштирок этдилар. У ерда устоз бошчилигидаги гуруҳ, аввало, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, эҳтиёжманд ва бемори бор оилалар ҳолидан хабар олдилар. Уларга “Вақф” фондининг пул маблағлари ҳамда совғаларини топширдилар.

Албатта, халқ қалбига қулоқ солиш, инсонларнинг дард-ташвишларини тинглаш, муаммоларини ҳал қилишда амалий ёрдам бериш ажру савоби улуғ амаллардандир. Бу ҳақда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Икки хислат борки, ундан афзалроқ нарса йўқдир: Аллоҳга имон келтириш ва мусулмонларга манфаат етказиш. Икки хислат борки, ундан ёмонроқ нарса йўқ: Аллоҳга ширк келтириш ва мусулмонларга зарар келтириш”, дедилар (Ибн Ҳожар Асқалоний Мунаббиҳот асрида келтирган).

Демак, Холиқни таниб, халққа фойда келтириш инсоннинг пировард мақсади бўлиши керак экан.

Шунингдек, Ҳомиджон қори Ишматбеков “Ҳаким Термизий” жоме масжидига ҳам ташриф буюриб, масжид аҳли билан пешин намозини адо этдилар. Намоздан сўнг эса эътиқоднинг инсон ҳаётида тутган ўрни ва тавбанинг фазилатлари хусусида маъруза қилдилар.

 Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

“Оқил”  арабча сўз бўлиб, у ўзбек тилида “ақлли”, “ақл эгаси”, “фаросатли” деган маъноларни англатади. “Оқил” сўзи “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да бундай изоҳланади: “Оқил (арабча) - ақлли, фаросатли, баъмаъни”. Маълумки, ўз ақлига суяниб иш қиладиган кишини оқил киши дейилади. Оқил кишининг ўз фикри ва хулосаси бўлади. У ҳаётдаги барча ишларини фойда-ю зарарга қараб, ҳар бир нарсани ҳисоб-китоб билан бажаради.

“Доно” сўзи эса ўзбек тилига форс тилидан ўзлашган сўз ҳисобланади. У ўзбек тилида “донишманд”, “билимдон”, “ҳикматли” деган маъноларни англатади. “Доно” сўзи “Ўзбек тилининг изоҳли луғати” да: “Доно (форсча) билувчи, билимдон, донишманд” деб изоҳланади. Юқори даражада билим, тажрибага ва ҳикматга эга бўлган киши доно дейилади.

Хўш, оқил билан доно кишининг нима фарқи бор?

Оқил киши бирор ёмон вазиятга тушиб қолса, бу вазиятдан тўғри хулоса чиқариб, ақлини ишлатиб ўзини ёмон ҳолатдан қутқазади. Дононинг оқилдан фарқи шуки, доно киши ўзини билими ва тажрибасидан келиб чиқиб, ўзини  ёмон вазиятларга тушиб қолиш эҳтимоли бор жой ва ҳолатлардан асрайди.

Р. Акбаров,

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг

Қашқадарё вилояти вакиллиги ходими

 

 

 

Мақолалар

Top