muslim.uz

muslim.uz

Среда, 18 Март 2020 00:00

ТАЪЗИЯ

Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси Тошкент шаҳридаги «Тўхтабой» жоме масжиди имом-хатиби Шарифов Зокиржон домлага падари бузрукворлари Шарифов Султонхўжа отанинг вафоти муносабати билан чуқур таъзия изҳор этади.

Аллоҳ таоло охират сафарига кузатилган марҳум отахоннинг барча солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ айлаб, Ўз мағфиратига олсин.

Ҳақ таоло марҳумнинг яқинлари, фарзанду аржумандларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларга ажру мукофотлар ато этсин.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси, уламолари, имом-домлалари ва ўқитувчи-мударрислари номидан марҳумнинг яқинларига ҳамдардлик билдирамиз.

Жаноза намози 2020 йил 18 март куни Тошкент шаҳар Яккасарой тумани "Ракат" маҳалласидаги марҳумнинг хонадонида соат 11:00 да адо этилади.

Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Куни кеча Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгашининг коронавирус (COVID-19) инфекцияси тарқалишининг олдини олиш бўйича ФАТВОСИ эълон қилинган эди. Унда бир қанча вазифалар қатори мамлакатда эпидемиологик вазият барқарорлашгунгача жума намозлари ўрнига уйда пешин намози, беш вақт намозларни ҳам уйда адо этилиши айтилди. Ушбу фатводан сўнг ижтимоий тармоқларда турли хил эътироз кўринишидаги изоҳлар пайдо бўлди.

Яратганга шукурки, юртимизда диний уламо ва раҳбарларимиз бор. Улар биз мўмин-мусулмонлар учун тегишли фатволарни қабул қилиш имкониятига эгалар. Ҳозирги вақтда бутун дунё бўйлаб кенг тарқалиб кетаётган касалликнинг халқимиз орасида ҳам ёйилиб кетишини олдини олиш мақсадида қабул қилинган ушбу фатво айни муддао экканлиги ва шариат аҳкомларига тўла мос келишини таъкидламоқчимиз. Сабаби, фатвонинг ўзида ҳам Қуръони карим оятлари, ҳадиси шариф, фиқҳ китобларидан аниқ далиллар келтирилган. Қолаверса, дунё уламоларининг фикр ва фатволари ҳамда бошқа мусулмон ўлкаларнинг тажрибаларига таянган ҳолда ушбу қарорга келинганини ҳам эслатиб ўтмоқчимиз. Ишончли далиллар асосида қабул қилинган фатвога яна қандай онг билан эътироз билдириш мумкин. Зеро, мусулмон киши Аллоҳ таоло ва Унинг расулига тўла таслим бўлиб, маъсият бўлмайдиган ўринда Пайғамбар меросхўрлари бўлган уламолар, муфтий ва халқнинг ўзидан сайланган раҳбарларга итоат этиши ва бўйинсуниши ояти каримада қуйидагича таъкидланган:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُواْ أَطِيعُواْ اللّهَ وَأَطِيعُواْ الرَّسُولَ وَأُوْلِي الأَمْرِ مِنكُمْ

яъни: “Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга итоат қилинг, пайғамбарга ва ўзингиздан бўлган ишбошиларга итоат қилинг” (Нисо сураси, 59-оят).

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким пиёз, саримсоқ пиёз ва ёввойи пиёз еган бўлса, масжидимизга асло яқин келмасин. Чунки одам болалари озор топадиган нарсалардан фаришталар ҳам озор топадилар”, (Жобир розияллоҳу анҳудан Имом Муслим ривояти) деб марҳамат қилганлар. Шариатимиз ёқимсиз ҳид билан кишиларга озор бермаслик учун масжиддан узоқлашишга буюрар экан, кишилар ва ўзининг соғлигига жиддий хавф туғдирадиган сабаб туфайли масжид ва жамоатга чиқмаслик вожиб даражасидаги амал ҳисобланади.

Ҳар бир иш Аллоҳнинг изни билан содир бўлади. Касаллик ва бошқа хатарларнинг келиши ҳам шулар жумласидан. Инсон ўзига ёки ўзгаларга зарар келтирадиган сабаблардан узоқ бўлишга буюрилган. Шундай экан, халқ орасида ваҳима, тушкинлик, норозилик кайфиятини пайдо қилишда эмас, мушкулларни аритиш, кўнгилларни шод қилиш, қийинчиликларни енгиб ўтишда бир-биримизга кўмакчи бўлайлик! Зеро, бу ҳолат ҳам ўткинчи, тез кунларда вазият яхшиланиб, ўз ўрнига қайтади. Вақтинчалик синов давридан очиқ юз ва муваффақият билан ўтиб оламиз инша Аллоҳ.

Зайниддин Эшонқулов - ЎМИ Самарқанд вилоят бош имом-хатиби 

Мирзамақсуд домла Алимов

Вторник, 17 Март 2020 00:00

Синовда ўзаро аҳил бўлайлик!

Ҳурматли юртдошлар! Ўзбекистон Мусулмонлари идораси Уламолар кенгаши томонидан ҳозирги кунда юртимизда бўлиб турган коронавирус эпидемиясидан сақланиш мақсадида фатво чиқарилди. Ушбу Фатвода жума ва беш вақт фарз намозларини масжидларда жамоат тарзида ўқишдан вақтинчалик тўхтатилгани баён қилинган.

Таъкидлаш жоизки, мазкур фатвони қабул қилиш уламолар кенгаши учун ҳам ўзига яраша масъулият юклайди. Бундай ҳолатлар афсуски, ҳаммамизни ҳам чуқур ташвишга солади. Бироқ шуни унутмаслик лозимки, динимизда ҳеч ким ўз ақли билан, ҳавои нафси билан иш тутишига рухсат йўқ. Аксинча, диний масалаларда ҳар бир ҳукм ва фатволар айнан шариъатимизнинг кўрсатмасига мувофиқ, Қуръони карим ва ҳадисларга суянган ҳолда қабул қилинади. Уламолар кенгаши ҳам мазкур фатволарни қабул қилишда динимизнинг бир қатор кўрсатмаларига суянганлар. Жумладан: Ибн Аббос разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Азонни эшитиб, унга бормаганлар учун намоз йўқдир. Узрли ҳолатлар бундан мустасно” дедилар. Шунда саҳобалар: “Эй Аллоҳнинг расули узр нима?” – деб сўрадилар. Пайғамбаримиз алайҳисалом: “Хавф ёки касалликдир”, – дедилар. (Абу Довуд ривояти.) 

Мазкур ҳадисдан келиб чиқиб Ибн Қудома раҳимаҳуллоҳ ўзларининг “Ал-Муғний” китобларида: “Жума ва жамоатни тарк қилишга қўрқув, хавф-хатар сабаб бўлади. Хавф уч турли бўлади. Инсоннинг жонига бўладиган хавф, молу мулкига нисбатан бўладиган хавф ва оиласига нисбатан бўлган хавф”, – деганлар.

Икки саҳиҳда келишича Ибн Аббос разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда, У зот ёмғирли кунда муаззинларига қарата: “Ҳаййа алассолаҳ” яъни, “Намозга келинглар”нинг ўрнига “Соллу фи буютикум” яъни, “Намозни  уйингизда ўқинг”, деб айтинг дедилар. Шунда бу гап  одамларга ёқмагандек туюлганини сездилар ва “Бу ишни мендан яхшироқ бўлган Зот қилганлар (Пайғамбаримизни назарда тутдилар). Жума намози қатъий вожиб амалдир. Мен сизларни сирпанчиқ ва лойда юриб қийналиб қолишингизни истамадим” дедилар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).   

Ибн Аббос разияллоҳу анҳумонинг мазкур ҳадисларидан келиб чиқиб, Уламолар вабо ва шунга ўхшаш инсоннинг ҳаётига хавф соладиган зарарли ҳолатларда жамоат намозини вақтинча тўхтатиб туриш мақсадга мувофиқ эканини таъкидлаганлар. Муттафақун алайҳ бўлган ҳадисда Пайғамбаримиз саллалоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Бир жойда вабо тарқалганини эшитсангиз у ерга борманглар ва сизлар яшаб турган жойда вабо тарқалган бўлса у ердан чиқманглар”.

Ушбу ҳадисдан маълум бўлишича касалликнинг тарқалишини олдини олиш ва ундан узоқ бўлиш қалбнинг таскин топишига сабаб бўлади.

 Хулоса шуки, касалликка қарши туриш, ундан ҳимояланиш, эҳтиёт чораларини кўриш шаръан талаб қилинган ишлардандир. Аксинча, сабабларни тарк қилиб, ўзини ҳалокатга қўйиш, ноўрин таваккалчилик қилиш шаръан тақиқланган ишлардандир. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда “Ўзларингизни ҳалокатга дучор қилманглар!” – деб марҳамат қилган (Бақара сураси, 195-оят).

Шариъатимиз кўрсатмаларидан келиб чиқиб дунёнинг  бир қатор давлатлари, жумладан Туркия, Малайзия, Қатар, Уммон, Марокаш, Ироқ, Фаластин, Сингапур, Кувайт, Қозоғистон, Тожикистон давлатларида ҳам жума ва жамоат намозлари вақтинча тўхтатилган. Мана шуларни инобатга олган ҳолда бизлар ҳам Ўзбекистон Мусулмонлар идораси Уламолар кенгаши томонидан қабул қилинган фатволарни амалга оширишда турли ихтилофларга берилмасдан, сабр ва матонат билан ўзаро ҳамжиҳатликда ҳамкорлик қилишимиз  мақсадга мувофиқдир. Бундай ҳолларда мусулмон киши  ҳар хил асоссиз фитна ва иғволарга берилмасдан, жойларда турли тартибсизликлар чиқармасдан, намозларимизни ўзимиз учун қулай бўлган манзилларда адо этиб боришимиз ҳар жиҳатдан ўринлидир. Буюк ва Ҳаким Зот Аллоҳ таолодан ушбу синовдан муваффақиятли ўтишимизда  ёрдам ва раҳмат сўраймиз. Аллоҳим барчаларимизни ушбу касалликдан ўз паноҳида асрасин!

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгаши

Мақолалар

Top