muslim.uz

muslim.uz

Четверг, 10 Январь 2019 00:00

Фаришталар уялган саҳоба

Имом Муслим раҳимаҳуллоҳ ривоят қилган ҳадисда Оиша онамиз розияллоҳу анҳо шундай деганлар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйларида ёнбошлаб ётган эдилар. Болдирлари бироз очиқ эди. Абу Бакр (розияллоҳу анҳу) киришга изн сўради. У зот унга ўша ҳолларича (ёнбошлаган ҳолларида) изн бердилар. У кириб, (ҳожатини) гапирди. Кейин Умар (розияллоҳу анҳу) киришга изн сўради. У зот ўша (ёнбошлаган) ҳолда унинг киришига изн бердилар. (У кириб, ҳожатини) гапирди. Кейин Усмон (розияллоҳу анҳу) киришга изн сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўтириб олдилар ва кийимларини тузатдилар. У чиқиб кетгач мен: “Эй Расулуллоҳ, Абу Бакр (розияллоҳу анҳу) кирди. Ўрнингиздан турмадингиз, қўзғалмадингиз, парво ҳам қилмадингиз. Кейин Умар кирган эди, унга ҳам ўрнингиздан қўзғалмадингиз, парво ҳам қилмадингиз. Сўнгра Усмон кирганда эса ўтириб олдингиз ва кийимингизни тузатдингиз?!” деган эдим, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Фаришталар ҳаё қилиб, уяладиган кишидан мен қандай уялмай?” дедилар”.  

Нозимжон Иминжонов таржима қилди

Четверг, 10 Январь 2019 00:00

Тушкунлик ва қайғунинг боши...

Бир дам бошдаги дўппини ечиб атрофга назар солинг. Биз ҳаммамиз қаергадир шошиб, нимадандир қуруқ қолгандек югуриб елиб яшаяпмиз. Ўзимизга холис ташқаридан назар солсак ҳаракатларимиз “ғалати”дек кўринади. Яъни, биз учун муҳим нарсалар қолиб, унчалик аҳамиятли бўлмаган нарсалар ортидан югурамиз. Сабабини сўраса, жўяли жавоб ўрнига бир олам баҳона-ю важ тўқиймиз. Чуқурроқ мулоҳаза ва тафаккур қилсак биз қаноатсиз бўлиб қолганлигимизни англаб етардик... мана шу биргина қаноатнинг етишмаганлиги сабаб умримиз, вақтимиз, соғлигимиз, иймонимиз қўлдан кетмоқда.

Аллоҳ таоло барча одам фарзандларини турли хил қилиб яратди ва уларнинг ризқини ҳам ҳар хил қилиб тақсимлади. Бу инсонлар учун улуғ бир имтиҳондир. Уларга берилган озми-кўпми ризқга одам боласи шукр қилиб, қаноат қиладими ёки ношукрлик қилиб Аллоҳга осий бўладими? Банда берилган ризқу-насибага шукр қилса, Аллоҳ неъматларини зиёда қилиб беришини Ўзининг каломида зикр қилган: “Яна Роббингиз эълон қилган (бу сўзлар)ни эслангиз. Қасамки, агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман…”  (Иброҳим сураси 7-оят).

Қаноат борасида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлари барчамизга ибрат ва намунадир. У зот алайҳиссалом  ўзлари ва аҳли аёлари учун оддий ва камтарона ҳаёт тарзини ихтиёр этганлар. Шундай экан хотинлар ўз эрларидан, фарзандлари эса ота-оналаридан уларнинг тоқатлари етмайдиган нарсани талаб қилмасликлари, балки шукр ва сабр билан ҳаёт кечиришлари керак. Қайси бир банда Аллоҳ  ризосини, Расулуллоҳнинг шафоатлари, охиратни ихтиёр этса, неъматни борига қаноат қилиб яшасин. Бу ҳақида Пайғамбаримиз  соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай марҳамат қиладилар: “Эҳтиёжидан ортмайдиган ризққа эга бўлиб Аллоҳнинг берган ана шу  ризққа қаноат қилиб яшайдиган мусулмон киши батаҳқиқ нажот топади” (Муслим ривояти).

Уламолар “қаноатли киши бой ва одамлардан беҳожат бўлади” дейишади. Ҳазрати Навоий эса ўзининг “Ҳайратул-аброр” достонида қаноат ҳақида шундай фикр билдиради:

Кимгaки иш бўлди қaнoaт фaни,

Билки, aни қилди қaнoaт ғaни.

Кимки қaнoaтни ўзигa кaсб қилгaн бўлсa, билки, қaнoaт уни бoй қилaди. Олтин, кумуш билaн зeбу зийнaтлaрни бoйлик дeб билмa, бaлки ҳaқиқий бoйлик қaнoaт xaзинaсидир. Қaнoaт oлтини ҳeч қaчoн йўқoлмaйди. Aнa шу oлтинни қўлгa киритиб, шу oрқaли бoйишгa ҳaрaкaт қил. Кулбaдa қaнoaт қилиб ўлтиргaн дaрвeш тaмaгир пoдшoҳдaн aфзaлдир. Чунки тaмaъ қилиш гaдoйлaрнинг ишидур. Билки, тaмaъ этгaн киши гaдoдир. Шундaй oдaм ҳaм бoрки, ўзининг ҳeч бoйлиги йўқ бўлa туриб, қилaётгaн сaрфи билaн қaнoaтлaнмaйди. Бундaй oдaм ўринсиз сaрф-xaрaжaт қилишгa ўргaнгaн кишини кўриб, ўшaнинг қилгaнини қилишни oрзу этaди. Унинг xaзинaсигa қўли етмaй туриб, ўшaнинг эҳсoн вa исрoфгaрчиликлaрини ҳaвaс қилaди. Ўзининг oддий xaшaгини сaрв билaн ёнмa-ён қўяди. Xaрoб oтини Рaxш (Рустaмнинг чoпқир oти) oрқaсидaн чoптирмoқчи бўлaди. Ўзи кийиш учун устигa пaлoс тoпa oлмaйди, лeкин бирoвлaргa нaқшли либoслaр бeргиси кeлaди. Кимнинг ўй-фикри шундaй бўлaдигaн бўлсa, oлдинлaри унинг бирoвдaн қaрз кўтaришгa зaрурaти туғилaди. Қaрз кўтaришдaн бoшқa хунaр тoпa oлмaгaч, oлaди-ю, лeкин қaйтaриб бeргaни тaнини тoпa oлмaй қoлaди. Олингaн мaблaғни у қoрa ер билaн бaрoбaр қилиб сaрфлaйди; вaъдaсининг вaқти етиб, қaрз бeргaн oдaм қaрзини қистaй бoшлaйди. Қaрз кўтaриб, сaрф қилиб сoвуриб, исрoф туфaйли ҳaммa нaрсaсидaн aжрaлaди. Шундaн кeйин у oдaмлaр oрaсидa шaрмaндa бўлиб, тeргa бoтaди ёки бoшини oлиб, бир ёққa қoчиб кeтaди. У шунчa, янa юз шунчa aлaмлaр тoртaди, лeкин булaр ҳaммaси унгa янa юз хиссa кaм. Қaнoaтни тaрк этиш уни вaтaнни тaрк этишгa oлиб кeлди; бoшигa эсa юз минг бaлoлaрни кeлтирaди. Кимки қaнoaтни мaхкaм ушлaгaн бўлсa, унинг aҳвoлидa бу xил қийинчиликлaр юз бeрмaйди. Мeҳнaт қилиб, икки чaқa пул тoпиш шoҳ инъoм қилгaн xaзинaдaн яxширoқдир. Xoтиржaмлик билaн ичилгaн қaтиқсиз угрa oш бирoвнинг миннaт билaн бeргaн ширин кулчaсидaн aфзaлрoқдир. Куни билaн қийнaлиб мaрдикoрлик қилиб, кeчaси ўз уйини мaъмур қилиш тaмaъ тoқини бaлaндгa кўтaриб, мaрдикoрликни юз бoр пaстгa уришдaн яxшидир. Йўқчиликни бўйнигa oлиб, унгa кўниккaн oдaм энг яxши oдaмдир. Қaнoaт мулкидaги сaрoйдaн жoй oлишни мўлжaллaгaн oдaм яxшилaрнинг яxшисидир.

Саидаброр Умаров тайёрлади

Четверг, 10 Январь 2019 00:00

Ширк - улкан гуноҳ

Аллоҳ таоло ҳар биримизнинг қалбимиздаги ниятларимизни билгувчи Зот. Ҳар биримиз қилган эзгу амалларимизни Аллоҳ даргоҳида ҳусни мақбул бўлишини истаймиз.

Маслаҳат сўраб келган келинчак кўринишидан саросимада эканлиги билиниб турарди. “Гапни нимадан бошлашни ҳам билмайман? Оиладагилар бирин кетин касал бўла бошлашди. Турмуш ўртоғимнинг иши ҳам юришмай қолди, шунинг учун қайнонам уйга дам солдиргани одам олиб келдилар. Оналарининг бу ишларидан ўғиллари норози бўлсалар ҳам, индамадилар.

Хонадонимизни кўздан кечирган ҳалиги одам “Хонадонингиз юк босиб кетибди, яхшилаб дам солиш керак. Қора қўчқор олиб келиб, сўйиб, қонини уйнинг дераза ромларига сурасизлар деб”, кўрсатма бериб кетди. Қайнонам қўчқор олиб келтирдилар, сўйиб, қонини ҳамма дераза ромларга суриб чиқдик. Турмуш ўртоғим ҳам, мен ҳам қаршилик қилолмадик. Аммо ўша кундан бошлаб, кўнглимиз ғаш, ибодатларимиз ҳам сустлашгандек, фарзандларим инжиқ бўлиб қоляпти”, деб келинчак гапини тугатди.

Бундай вақтда нима қилиш керак? Орамизда ҳали ҳануз ширк амалларни қиладиганлар топилади.

Ўша синглимизга “Аввало бундай ишлар шариатга хилоф эканлигини катталарга тушунтирасиз. Уйга боргандан кейин, дераза ромларига сурилган қон изларини кимёвий тозалаш воситаси билан тозалаш зарур. Қон таркибида жуда кўплаб микроб, вируслар бўлади. Ёзнинг иссиқ палласи пашша ва чивинлар кўпаядиган вақт. Қон эса бундай ҳашаротларнинг севимли озуқаси. Бу ҳолат биргина сизнинг хонадонингиз эмас, балки атрофдагиларга ҳам  ўта хавфлидир. Ҳар қандай мушкулларни бартараф этишни эса ёлғиз Аллоҳ таолодан сўралади. Ибодатларингизда маҳкам бўлинг!” деб насиҳат қилдик.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади:

“Мен жинлар ва инсонларни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим”. (Ваз-Заариёт: 56)

Шунга ўхшаш воқеани ўқиган эдим. Ибодатда, илмдан хабари бор бир йигит янги уйга кўчиб ўтгандан кейин ғайритабиий ҳолатлар ҳақида сўраш учун олимлардан бирининг олдига боради. У киши Қуръон оятларини ўқиш кераклигини айтади. Бир неча кун ўтгандан кейин йигит олимнинг олдига келади. Шунда олим “Сиз қандайдир шариатга хилоф иш қилган бўлсангиз керак. Агар ўшани эслаб, ундан тавба қилсангизгина бу нотинчлик барҳам топиши мумкин", деди. 

Шунда йигит “Бир иш қилмоқчи бўлганимда, ибодатли ўртоқларимдан бири уни шариатга зидлигини айтди. Мен, ахир бу урф-одат, отам қилган,  деб уйнинг қурилиши битиш арафасида одатимизга кўра, бир қўйни томга олиб чиқиб, уни янги қурилган бино ғиштларига қонини оқизиш учун ўша ерда сўйдик”, деди.  Шунда олим бошини қимирлатиб: “Уйингиздаги барча нотинчликларнинг сабаби шу. Энди чин дилдан Аллоҳга юзланиб тавба қилинг”, деди.

Аллоҳ таоло ҳадиси қудсийда шундай марҳамат қилади:

«Қулим менга ширк келтирмаса, ҳузуримга бир дунё гуноҳ билан келса ҳам, уни бир дунё мағфират билан қарши олгайман»  (Табароний Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилган).

Аллоҳ таоло барчаларимизни фақат Ўзигагина ибодат қиладиган, мушкулотларимизни бартараф этишини Ўзидангина сўрайдиган солиҳ бандалари қаторида қилсин. 

 

Мунира АБУБАКИРОВА

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Четверг, 10 Январь 2019 00:00

Гувоҳлар

Аллоҳ  таолога ҳамду сано, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга дуруду саломлар бўлсин.

Маълумки, инсон кўпинча ўз кўзи билан кўрган, эшитган нарсаларига гувоҳлик беради. Биз мусулмонлар ғайбга, шунингдек, Қиёматда ҳисоб- китоб қилинишимизга ҳам иймон келтирганмиз. Шу иймонимиз мустаҳкам, эътиқодимиз кучли бўлса, Аллоҳ  таолодан ҳақиқий қўрқсак, ҳеч ким йўқ жойда, ҳеч ким кўрмайдиган ўринларда ҳам ёмонлик қилишга  иймонимиз йўл қўймайди. Ўғриликдан, турли хил ёмонликлардан, фаҳш-ёлғончилик, ғийбату бўҳтонлардан қочадиган, ҳаттоки, унинг кўчасига ҳам кирмайдиган бўламиз. Бу қилаётган амалларимиз “гувоҳлар” томонидан ёзиб борилаётгани, охиратда эса жавоб бериш масъулиятидан хабардорлигимизни англаймиз.

Абдураҳмон ибн Саъсааъдан ривоят қилинади, у киши Абу Саид Худрийнинг қарамоғидаги етим фарзанди эди. Абу Саид у кишига: Эй ўғилчам, қачонки водийларда бўлсанг баланд овозда азон айтгин, чунки мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: “Уни (азонни) жин, инс, тош ва дарахт эшитиб, эшитгани ҳақида албатта гувоҳлик беради, деганларини эшитганман, деди..  

Умаййа Масжидул ҳаромда фарз намозини адо этиб,  мана бу ерда ва яна бу ерда намоз ўқиди. У намозини тугатгач, унга: “Эй Абу Умаййа нима қилаяпсан”, - дейишди. У: “Мен мана бу оятни ўқиган эдим: “яъни: “Ана ўша кунда Ер ўз хабарларини сўзлар”. Шунинг учун Қиёмат кунида  гувоҳлик бўлишини хоҳладим. У яна: “Ер унинг учун ўз устида  намоз ўқигани, зикр, тиловат  (шу кабиларни)  қилгани ҳақида гувоҳлик берган кишига яхшилик бўлсин. Аксинча, Ер ўз устида  зино қилгани, ҳаром бўлган ичимлик ичгани, ўғрилик ва шу кабиларни қилгани ҳақида гувоҳлик берилган кишиларга “вайл” бўлсин, деб айтади, деди.

Хабарларда келишига кўра, албатта, (эй инсон!) сенинг устингда еттита гувоҳлик берувчилар бордир:  улар: 

  1. Макон: Аллоҳ таоло сўзи:

  يومئذ تحدث اخبارها

яъни: “Ана ўша кунда Ер ўз хабарларини сўзлар” (Залзала, 4)

  1. Замон: Ҳар куни Кун нидо қилар экан: “Мен янги Кунман. Мана шу кунда қилинган амалларга мен гувоҳлик бераман”.
  2. Тил ҳам гувоҳлик берар экан:

  يوم تشهد عليهم السنتهم 

Яъни: “(У кун) уларнинг қилиб ўтган иш (бўҳтон)лари билан тиллари гувоҳлик берадиган кундир (“Нур” 24). 

  1. Аъзолар.  

 و تكلمنا ايديهم وتشهد ارجلهم

яъни: “Бизга уларнинг қилиб ўтган ишлари ҳақида қўллари сўзлаб, оёқлари гувоҳлик берур” (“Йасин” 65).

Ширк ва куфрда бўлган бандалар Қиёмат куни дунёда қилган қилмишларидан тониб, тиллари билан нотўғри гувоҳлик беришга ҳаракат қилишар экан.  Қўшнилари ва қариндошлари уларнинг мушрик бўлгани ҳақида гувоҳлик беришса ҳам тан олишмас экан. Аллоҳ таоло уларнинг оғизларини муҳрлаб қўйишга буюриб, қолган аъзолари уларнинг кирдикорларини бирма-бир айтиб, гувоҳлик берар экан.

  1. Икки фаришта гувоҳлик беради:

 وانّ عليكم لحافظين 

 яъни: “Ҳолбуки, сизларнинг устингизда (барча сўзингиз ва ишингизни) ёдлаб турувчи  (фаришталар) бор. (“Инфитор”,10)

Охиратда инсон ўзи қилган яхши-ёмон амалларидан сўралиши, бу дунёда қилинадиган ҳар бир иш-ҳаракати инсоннинг номаи аъмолига фаришталар томонидан ёзиб турилиши ҳақдир. 

  1. Девон - амаллар ёзиб бориладиган китоб. Аллоҳ таолонинг сўзи:

هذا كتابنا ينطق عليكم بالحقّ 

яъни:  “Мана бу ёзувимиз (номаи аъмолингиз) сизларга ҳақиқатни айтур. Дарҳақиқат, Биз сизларнинг қилиб юрган амалларингизни (ушбу номаи аъмолга) кўчириб юрар эдик (Жосия,29).  

  1. Роҳман (яъни, Аллоҳ таолонинг Ўзи). Қуръонда каримда шундай дейилган:

إلا كنّا عليكم شهودا  

яъни: “Магарам, Биз сизлар устингиздан гувоҳлик берувчидурмиз”.

Эй Одам фарзанди! Бир ўйлаб, чуқурроқ фикр қилгин! Шунча гувоҳлар яхшилик ва ёмонликларимизга гувоҳлик берадиган кун - Қиёматда ҳолимиз қандай бўларкан? Энди кўр кўзларимизни каттароқ очайлик, эрта Қиёматда тилларимиз муҳрланиб, қўлларимиз сўзлаб, оёқларимиз гувоҳлик берганида Аллоҳ таоло ҳузурида уялиб қолмайлик.

Бир авлиё зот муридларига ҳеч ким йўқ жойда товуқ сўйиб келишни буюрибди. Ҳамма муридлари овлоқ-ҳеч ким йўқ жойни топиб, товуқни сўйиб қайтибдилар. Бир муриди товуқни кўтарган ҳолда: “Ҳеч ким кўрмайдиган, ҳеч ким гувоҳлик бермайдиган жойни топа олмадим” деб  қайтиб келибди. Натижада мана шу муриди ўзининг Аллоҳ таолога бўлган тақвоси билан авлиё даражасига кўтарилган экан. Мана бу ҳолат ҳам бизлар учун ибратлидир.

Илоҳи! Барча ишларимизни авваламбор Ўзинг кўриб турганингни, қолаверса, юқорида зикр қилинган гувоҳлар ҳисоб-китоб қилиб турганини ёдда тутиб боришимизни, номаи аъмолларимиз ўнг тарафларидан бериладиган бандаларинг қаторида бўлишимизни насибу рўзи қилгин! (омийн).  

 

Зарифа Маҳкам қизи тайёрлади

 

Asia-Plus интернет нашрининг Тожикистон ҳукумати ҳузуридаги дин, анаъна, тантана ва маросимларни тартибга солиш қўмитасига таяниб маълум қилишича, тожикистонликлар асосан Покистон, Миср, Саудия Арабистони, Эрон, Ливия, Йаман ва Сурияда таълим олишга боришади. Эндиликда эса таълим масаласида қўшни мамлакатлар, жумладан Ўзбекистон билан ҳамкорликни йўлга қўйиш режалаштирилган.

Маълумот учун, Тожикистонда олий диний таълим бериш фақатгина Душанбедаги Имом Аъзам Ислом институтида йўлга қўйилган. Таълим ҳанафийлик мазҳабига асосан олиб борилади. Институт сайтида берилган маълумотга кўра, бу ерда икки факултетда беш йўналиш бўйича 1200 талаба таълим олади.

Ўқиш учун йилига 3400 сомонийдан 4800 сомонийгача тўлов тўланади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Мақолалар

Top