muslim.uz
Ҳожилар маҳаллада фаоллик кўрсатишмоқда
2017 йилнинг сентябрь ойида муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев Тошкентдаги Хастимом мажмуасига ташриф буюриб, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбарияти, имом-хатиблар, маҳалла фаоллари билан учрашган эдилар.
Учрашув чоғида Ҳаж масаласига ҳам тўхталиб: “Ҳажга бориб келган ҳар бир фуқаро маънавият тарғиботчиси бўлиши керак. У Худодан қўрқиши, бандасидан уялиши керак. Адолат мезони биринчи галда унда бўлиши керак, қўшниси Ватанга муҳаббат, ишга муносабат, фарзанд тарбияси масаласида энди ундан ўрнак олиши керак”, деган фикрни билдирган эдилар.
Давлатимиз раҳбари таклифларини инобатга олган ҳолда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг Ҳаж ҳақида фатвоси эълон қилинган эди. Ушбу фатвода Ҳаж зиёратини адо этиш, унга номзодларни саралаш тартиблари баён этилган эди.
Фатвода юртимиз ҳожиларини зиёратга боргунига ҳамда зиёратдан қайтгандан сўнг маҳалла равнақи, фарзандлар тарбиясида иштирок этишлари тавсия қилинган эди.
Ушбу ишлар ижроси юзасида Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз шаҳрида ҳам амалий ишлар бошлаб юборилган.
Ҳаж ва Умра зиёратини адо этиб қайтган юртдошларимизнинг жамият ҳаётидаги фаолликларини таъминлаш мақсадида, уларнинг жойлардаги ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини сақлаш ва диний вазиятни соғломлаштиришда мутасаддиларнинг фаоллигини ошириш мақсадида Шаҳрисабз туманининг барча туман-шаҳарларида аҳоли билан суҳбатлар ташкил этилиши режаси ишлаб чиқилган.
Режа асосида Шаҳрисабз шаҳридаги "Ғалаба" МФЙда ҳам ишчи гуруҳ ташкил этилиб, МФЙ раиси Г.Оққўзиева, ҳожилар ва маҳалла фаоллари иштирокида хонадонларда аҳоли билан суҳбатлар ташкил этилмоқда.
Умра зиёратини адо этган ва эндиликда Ҳаж зиёратини адо этишни мақсад қилиб қўйган бир қатор фуқаролар маҳалла ободлиги, аҳолининг турмуш тарзи фаровонлиги йўлида бош-қош бўлмоқдалар.
Шундай хайрли ишлардан бири маҳалла фаоли Рустам Раҳматов ташаббуси билан амалга оширилди. Маҳалла аҳолиси яшаш шароитлари ўрганилганида Фирдавсий кўчасида жойлашган 105 та хонадонни табиий газ билан таъминланмагани, газ қувурларини таъмирталаб бўлиб қолгани маълум бўлган. Масалани ҳал этиш учун Шаҳрисабз шаҳар ҳокими ўринбосари А.Рустамов, тадбиркорлар Х.Сатторов, С.Содиқжон, Турсунмурод Хожимурод бобо ҳомийлигида 1 километрдан ортиқ ерости газ қувури лой ва сувдан тозаланган ҳамда тармоқда тамирлаш ишлари олиб борилган. Уч миллион сўмга яқин маблағ сарфлаган ҳолда аҳоли учун зарур бўлган табиий газ етказилиши қайта тикланган.
Хулоса қилиб айтганда Президентимизнинг ташаббуслари билан йўлга қўйилган ҳожиларни саралаш ва уларнинг фаоллигини ошириш бўйича янги тизим маҳалла аҳолисининг оғирини енгил қилишда, муаммоларни бартараф этишда муҳим қадам бўлди.
Г.Оққўзиева "Ғалаба" МФЙ раиси
Нишонга урилган гаплар: “Қаттиқ шамол эсиб, бўрон бўлаётганда ёнимда турмаган кишига Қуёш чиққанда эҳтиёжим тушмайди”
Қуйида келтириладиган фикрлар, ҳикматлар ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган. Бундан ташқари саҳобаи киромлар, улуғ олимлар, Яқин Шарқ, Осиё, Европа ва Америка мутафаккирларининг бир қатор фикрлари ҳам берилган.
Кечириш осон. Лекин унутиш ва қайта ишонч билдириш — мана шу энг қийини.
Инглиз мақоли
*****
ОТАНИНГ ЎРНИНИ БИРОРТА ИНСОН БОСОЛМАЙДИ
— Отажон, менинг табассумим билан сизнинг табассумингиз орасида қандай фарқ бор?
— Ўғлим, сен хурсанд бўлганингда табассум қиласан. Мен эса сени хурсанд ҳолда кўрганимда табассум қиламан.
Қаттиқ шамол эсиб, бўрон бўлаётганда ёнимда турмаган кишига Қуёш чиққанда эҳтиёжим тушмайди.
“Сукутдаги садолар”дан
*****
Ҳасад, чақимчилик, бахиллик каби касаллликларга мубтало бўлганларга Аллоҳ таоло тезда комил шифо берсин!
*****
Бошқаларни кузатиш, уларнинг хатоларини овлаш билан мушғул бўладиган кимсаларда ўзларидаги касалликни кўргани, ўз нафсларини муолажа қилгани вақтлари бўлмайди.
“Ажойиб фикрлар”дан
Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи
Нозимжон Иминжонов
Ал Азҳар бош имоми терроризмнинг асл сабабини айтди
Ислом оламидаги энг нуфузли олий таълим муассасаларидан бири бўлган Ал Азҳар университети бош имоми, шайх Аҳмад ат-Тоййиб Миср пойтахти бўлган Қоҳира шаҳрида ўтказилган андуманда нутқ сўзлади.
Қоҳирада ташкил этилган анжуман "Ислом ва Ғарб: турли хиллик ва интеграция" шиори остида ўтказилган. Шайх Аҳмад ат-Тоййиб анжуман доирасида фикр билдириб, қуйидагиларни айтиб ўтган. "Мусулмонлар кўп ҳолларда шафқатсиз дея тарифланади, аслида эса мусулмонлар терроризм қурбонларидир. Терроризм эса дин асосида келиб чиқмайди, у дин ва аҳлоққа нисбатан глобал тизим(режим)ларнинг муносабати туфайли юзага келади". Унинг фикрларини Daily News нашри келтириб ўтган.
Унинг сўзларига кўра, Қуръони карим миллатлар ва одамлар ўртасидаги ўзаро ҳамжиҳатликнинг асоси очиқлик(бағрикенглик) эканини ўргатади.
Шайх Аҳмад ат-Тоййибнинг айтишича Ал Азҳарда ўқитиладиган замонавий Ислом мусулмонларни фикрлаш ва ҳаракатда мўтадил бўлишга, замоннинг муаммолари ва талабларига мослашувчанлик қобилиятини тарбиялашга хизмат қилади.
ЎМИ Матбуот хизмати
Шавкат Мирзиёев АҚШ савдо вазирини қабул қилди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 23 октябрь куни амалий ташриф билан мамлакатимизда бўлиб турган Америка Қўшма Штатлари савдо вазири Уилбур Россни қабул қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
«Давлат раҳбарларининг мунтазам учрашув ва мулоқотлари, жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил май ойида АҚШга расмий ташрифи икки томонлама кўп қиррали муносабатларни янада юқори даражага кўтариб, стратегик шерикликнинг янги даврини бошлаб берди.
АҚШ савдо вазирининг Ўзбекистонга илк ташрифи томонлар эришилган келишувлар ва имзоланган битимлар доирасида муносабатларни янада ривожлантириш, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтиришдан ўзаро манфаатдор ва уларнинг бу борадаги интилиши муштарак эканидан далолат беради», дейилади хабарда.
Шавкат Мирзиёев меҳмонни самимий қутлар экан, ўзаро савдо ҳажмини ошириш, АҚШ етакчи компанияларининг тўғридан-тўғри инвестициялари, илғор технологиялари ва тажрибасини жалб этган ҳолда, иқтисодиётнинг турли тармоқларида истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш, шунингдек, банк-молия соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш учун катта салоҳият мавжудлигини алоҳида таъкидлаган.
АҚШнинг жаҳонга машҳур саноат холдинглари, молия-инвестиция корпорациялари ва банклари раҳбарлари ва вакиллари иштирокида ўтган Ўзбекистонда АҚШ бизнеси ҳафталиги тадбирларининг самарали натижалари қайд этилган.
Учрашувда савдо, саноат ва юксак технологиялар, қишлоқ хўжалиги, логистика ва транспорт соҳаларида аниқ лойиҳа ва дастурларни рўёбга чиқаришда амалий ҳамкорлик масалалари кўриб чиқилган.
Ўзбекистон бозорида Америка компанияларининг фаолиятини кенгайтириш учун қулай шароитлар яратишга, жумладан, қўшма лойиҳаларни молиялаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.
Марказий Осиёда савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш хусусида фикр алмашилган.
АҚШ савдо вазири Шавкат Мирзиёевга самимий қабул учун чуқур миннатдорлик билдириб, Америка Қўшма Штатлари Президенти Дональд Трампнинг саломи ва эзгу тилакларини етказган.
Уилбур Росс, шунингдек, АҚШ Президенти Дональд Трамп геосиёсий, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликнинг барча масалаларида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга юқори даражада ишонишини таъкидлаган. Дональд Трамп Ўзбекистон раҳбари томонидан амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашини қайд этган.
Уилбур Росс Ўзбекистонда амалга оширилаётган ҳамда АҚШ бизнесида катта қизиқиш уйғотаётган, унинг Ўзбекистонда фаолият юритиши учун янги имкониятлар очаётган ислоҳотлар суръати ва миқёсини юқори баҳолаган.
Ўзбекистон билан АҚШ ўртасида кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш ва стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш йўлида барча имкониятларни ишга солишга тайёрлик билдирилган.
ЎМИ Матбуот хизмати